Ярим соатда пишадиган палов ҳақида эшитганмисиз?
Баҳриддин Чустийнинг технологияси билан тайёрланадиган палов мижоз дастурхонида 30 дақиқада ҳозир бўлади. 35 ёшли ошпаз ва ресторатор моҳир пазанда бўлиши билан бирга ўзбек миллий таомлари тарғиботчиси ҳамдир. У рекордлар ўрнатиш ва ресторанлар очиш билан чекланиб қолмай, ошпазликда ҳам инқилоб амалга ошириш ниятида.
Тошкент шаҳрининг Ибн Сино даҳасига борсангиз, йўл бўйидаги “Chustiy. The Uzbek Culinary” деб номланган бинога кўзингиз тушади. Ичкариси ғала-ғовур – ўнта қозон атрофида ошпазлар куймаланиб ётади. Бироқ Баҳриддин Чустийнинг овози ҳамманикидан баланд. Қозонлар атрофида юриб, палов тайёрлашнинг ҳар бир босқичини назорат қилади.
“Чустий” чойхонаси – ёш рестораторнинг янги бренди. Унга “чойхона” сўзи ёқмайди – бу ерни пазандалик уйи деб атаган маъқул эмиш.
Ушбу масканнинг ўзига хос “ташриф қоғози” – ярим соатда тайёрланадиган палов. Мижозлар бу ерга айнан ўша паловни истаб келади. Бунинг ўзига яраши сабаби бор – Чустий паловни ток баргига ўралган гўшт ва бутун лимон солиб пиширади. Ҳеч шунақа палов еганмисиз? Албатта, йўқ.
Хўрандаларни чақириш усули ҳам антиқа: барча мижозлар ижтимоий тармоқлар, асосан, Facebook орқали таклиф этилади.
Чустий ошпазлиги баробарида ўзига хос ресторатор ҳамдир:
‒ Мен ошпаздан кўра, ресторатор ва ўзбек таомлари тарғиботчисиман.
Чустдан Тошкентга
Ошпазлик Баҳриддинга ота мерос эмас. Отаси ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб, онаси эса болалар боғчасида ишлаган.
Чустий – унинг тахаллуси ва Баҳриддин Нажмиддинов уни туғилиб ўсган Чуст шаҳри (Наманган вилояти) номидан олинган.
Оиласи 1998 йили Тошкентга кўчиб келиб, новвойхона очган эди. Баҳриддин илк маротаба ошпазликни пойтахтда ўрганди. Нажмиддиновларнинг оилавий новвойхонасида яхна ичимликлар қаторида чебурек ҳам сотилар эди.
Баҳриддин оиладаги олти фарзанднинг тўнғичи бўлгани учун 2002 йили отаси вафот этгач, ўқишни ташлашга мажбур бўлди. Оилани боқиш энди унинг зиммасига тушди. Ўрта мактабни тугата олмади.
Етти кишилик рўзғорни тебратиш учун Москвага иш излаб кетди. 2011 йил бошида эса Туркиянинг Анталия шаҳрига кўчиб ўтди ва ўша ердаги бир ўзбек ошхонасига ошпаз бўлиб ишга жойлашди.
Ўша пайтлар у Oshxona.uz сайтини очиб, ўзбек пазандалик санъати тўғрисида блог – иентернет-кундалик юрита бошлади.
− Шундан сўнг интернетда машҳурлаша бошладим. 2013 йили Ўзбекистонга қайтдим ва Чустда илк ресторанимни ишга туширдим. Кейинчалик дўстлар ва ишбилармон ҳамкорлар билан бирга Тошкентда яна иккита ресторан очишга муваффақ бўлдим, − дейди у.
Чустий 2017 йили кўплаб фотосуратлар билан бойитилган, миллий таомлар рецептларидан иборат “Қуёшнинг 365 куни” китобини чоп эттирди. Шу йили китоб инглиз тилига ҳам таржима қилиниб, нашр этилди ва Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ташкил этган тантанали тадбирда тақдимоти ўтказилди. Ўша йили у Гиннеснинг “Рекордлар китоби” вакиллари иштирокида 8 тонналик ош дамлади.
Олий мақсад сари
Баҳриддиннинг телефони тинмайди. Бу сафар грузияликлар телефон қилмоқда. У ерда манти-хинкали ошпазлик фестивалини ўтказиш режалаштирилибди. Ғоя ташаббускори бўлган ўзбек ошпази ва ресторатори шу ҳафта грузинларга ўзбек мантиларини пишириб бериш учун Тбилисига боради.
Чустий ўз олдига катта мақсад қўйган – ўзбек таомларини француз ва итальян таомлари каби жаҳон брендига айлантирмоқчи.