Муаллиф: Собир Қурбонов, мустақил иқтисодчи
Дунёда гендер тенглигини таъминлашда улкан олға силжишлар бўлаётганига қарамай, кўплаб қашшоқ мамлакатларда қиз болалар ҳали ҳам таълим, айниқса, ўрта таълимдан мосуволигича қолмоқда, сўнгги йилларда айрим мамлакатларда уларнинг таълим олиши қисқариб бормоқда. Бунинг бир қатор сабаблари бор, улар сирасига ижтимоий, маданий ва диний омиллар, тобора ортиб бораётган қашшоқлик, оилалар қизларининг таълим харажатларини қоплай олмаслиги, кўникма ва билим олишга имконият йўқлиги, келгусида қиз болалар ва аёлларнинг муносиб иш топа олмаслиги, эрта никоҳ, мактаб ва уйларда сув ва санитария билан боғлиқ ёмон аҳвол ва б. киради.
2018 йил бошида Жаҳон банки таълим ва гендер масалаларига бағишланган қизиқарли ҳисоботлардан бирини эълон қилди, у “M issed Opportunities: The High Cost of Not Educating Girls” (“Бой берилган имкониятлар: қизларни ўқитмаганлик учун тўланадиган катта товон пули”) деб аталади.
Ҳисоботда қизиқарли фактлар келтирилади:
- Глобал миқёсда ҳар ўн қиз боланинг тўққиз нафари бошланғич таълим, тўртдан уч нафари эса ўрта таълим (тахминан, 9 йиллик ўқиш) олади. Кам даромадли мамлакатларда қизларнинг 2/3 қисми бошланғич мактабда ўқийди, фақат ҳар уч қиздан бири ўрта мактабнинг қуйи босқичини (тугалланмаган ўрта таълим) тугатади.
- Ўрта мактабни тугатаётган қизларнинг тайёргарлиги яхши, аксарият ҳолларда бошқалардан соғлом бўлади, ҳаётда муваффақиятларга эришади, фарзандлари кам бўлади, касалликка кам чалинади, ўлим кам хавф туғдиради, аксарият ҳолларда муваффақиятларга ҳам эришади. Бундан ташқари, ўрта маълумот олган қизларнинг катта ёшлилар сифатида иш кучи бозорида иштирок этиш эҳтимоли катта, баланд ижтимоий мақомга эга бўлади, шунингдек, уй ва жамиятда қарорлар қабул қилади.
- Иш ҳақи ва ҳаёт даражаси: агар дунёда ҳар бир қиз 12 йиллик сифатли таълим олганида эди, жаҳонда аёллар умрбўйи оладиган маош ҳозирги 15 триллион АҚШ долларидан 30 триллион долларга етар эди. Бошланғич таълим олган аёллар умуман маълумоти йўқ аёлларга нисбатан 14-20 фоиз кўпроқ пул топади, ўрта маълумотлилари эса деярли икки баробар ортиқ маош олади.
- Эрта никоҳ ва эрта туғиш: қизларнинг умумий ўрта таълим олиши эрта никоҳга (18 ёшгача никоҳдан ўтиш) барҳам бериши мумкин ва аёлларнинг эрта туғиш хавфини (18 ёшгача биринчи фарзандли бўлиш) 75 фоиз камайтиради.
- Туғилиш ва аҳоли сонининг ортиши: қизлар учун умумий ўрта таълим туғилиш суръати юқори бўлган мамлакатларда аҳоли сони ўсишини 30 фоиз камайтириши ҳамда ушбу миамлакатларда контрацептивлардан (ҳомиладорликнинг олдини олиш воситалари) фойдаланишни 25 фоиз ошириш мумкин. Айни ҳол глобал миқёсдаги аҳоли ўсишини 0,3 фоиз қисқартиришга ёрдам бериши ҳам мумкин.
- Саломатлик, овқатланиш ва фаровонлик: ривожланаётган мамлакатларда қиз болалар учун умумий ўрта таълим аёлларнинг ОИТВ/ОИТС ҳақидаги билимини ошириши ва уларга ўз саломатлиги хусусида қарор қабул қилиш имкониятини бериши мумкин. Бу уларнинг руҳий фаровонлик ҳиссини яхшилаши, эрларининг зўравонлиги хавфини ва беш ёшгача бўлган болалар ўлими ва тўйиб овқатланмаслик ҳолатларини камайтириши мумкин.
- Қарор қабул қилиш: қиз болалар учун умумий ўрта таълим оилада қарор қабул қилишга қодир аёллар улушини 10 фоиз, фарзандлари туғилишини қайддан ўтказиш эҳтимолини 20 фоиз кўпайтиришга кўмаклашиши мумкин.
- Ижтимоий капитал ва муассасалар: қизлар учун умумий ўрта таълим уларнинг ижтимоий ҳаётга аралашуви, ўзларига зарур бўлган ишончли дўстлар орттириш имконини бериши мумкин.
Болаларнинг таълим олиши иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатади?
Жаҳон банки ҳисоботида қиз болаларнинг таълим жараёни ва тизимидан маҳрум қилиниши нимага ва қандай таъсир кўрсатиши бир қанча мамлакатлардан олинган маълумотлар таҳлили асосида ва 50 дан ошиқ турли кўрсаткичлардан фойдаланган ҳолда батафсил тушунтириб берилади. Бунга туғилишнинг умумий кўрсаткичлари, аёлларнинг маоши, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими кўрсаткичлари, ривожланишнинг кечикиши ва умумий хулқ-атвор мисол бўлади. Ҳисоботда, шунингдек, қиз болалар таълим олмаслигининг айрим потенциал оқибатларидан келиб чиқувчи пул ва иқтисодий чиқимлар ҳам ҳисоблаб чиқилади.
Камида 4 та асосий фойда ва харажатни концептуал жиҳатдан кўриб чиқиш мумкин: (i) кўпроқ даромад олиш; (ii) аҳоли сони камайиши эвазига кўпроқ фаровонликка эришиш; (iii) бюджетни (ёки ҳаражатларни) тежаш ва (iv) бошқа имтиёзлар. Бунга юқорида эслаб ўтилган ижтимоий ва фаровонлик мақоми қисмида эслатиб ўтилган ва шахсий идрок қилинадиган имтиёзлар ҳам киради. Айни тадқиқотда пул харажатлари фақат иккита дастлабки тоифа – аёллар учун катталар ҳаётидаги кўпроқ маош ҳамда аҳоли сонининг камайиши ҳисобига фаровонликнинг нисбатан юқори даражаси – нуқтаи назаридан баҳоланади. Бюджет ва харажатларни тежаш ҳақида шуни айтиш керакки, тадқиқотда қайд этилишича, қизлар (ва ўғил болалар) учун сифатли таълим олиш имкониятларини яратиб бериш албатта бюджет тежалишига олиб келади, чунки бошланғич хизматлар ва нафақалар аҳолининг кам қисмига берилади. Ниҳоят, қизларни ўқитиш нафақат алоҳида шахслар ва рўзғорлар, қолаверса, мамлакатлар ва бутун дунё учун ҳам оқибатларга сабаб бўлади. Қиз болаларни ўқитиш кўпроқ даромад олиш ва аҳоли сонининг камроқ ўсишини таъминлаш йўли билан ҳаёт даражасини юксалтириш орқали қашшоқлик миқёсини камайтиришга сабаб бўлади. Бндан ташқари, пастроқ ижтимоий-иқтисодий аҳволдаги қиз болалар ва аёллар таълим олишдан маҳрум этилаётгани сабабли қиз болаларни таълим тизимига жалб қилиш умумий фаровонлик ошишига ёрдам беради. Умумий фаровонлик аҳоли паст қатламларининг 40 фоизи учун даромадларнинг яхшироқ ўсиш суръатига эришиш деб белгиланади.
Нега қизлар таълим жараёни ва тизимидан маҳрум бўлмоқда?
Масалан, Ҳиндистоннинг Гургаон шаҳрида бошланғич мактаблардаги қиз болаларнинг ўғил болаларга нисбати 881/1000 дан 840/1000 га қисқариб кетди. Бунга асосий сабаб қилиб, қишлоқлардаги ижтимоий мактабларда электр қувватининг доимий тарзда узиб қўйилиши, мактабларда сув ва санитария ҳолатининг, айниқса, қизлар учун ўта ёмон аҳволда экани, уларнинг аҳволи, меҳнат бозорида ўзини иш билан таъминлаш ва кам ҳақ тўладиган касаначиликдан ташқари имкониятлар йўқлигини ҳисобга олиб, таълим олишида маъни кўрмаётган жамият ва оиланинг босими кўрсатилмоқда.
Лекин кўплаб мамлакатларда – ҳатто бундай ҳисоботларда акс этмаса ҳам – ота-оналарнинг қизларини ўқитмаслиги сабаблари ҳақидаги сўровларга берган жавобларидан маълум бўлишича, ижтимоий меъёрлар ва жинс вакилларининг роли қиз болаларнинг мактабда қолиш эҳтимолига таъсир кўрсатади. Масалан, тадқиқотда тахмин қилинишича, Нигер билан боғлиқ ҳолатда қиз болаларнинг аксарияти бошланғич таълим олгандан сўнг ўқишни давом эттира олмаслигига қуйидаги нарсалар сабаб бўлади:
1. Ўқиш натижаларининг ёмонлиги ва нархи. Қишлоқ мактабларида ўқитиш сифати шунчалик ёмон, ресурслар шунчалик тақчилки, кўплаб болалар бошланғич мактабни етарли таълим ола олмай битиради. Мактаблар ўқитгани учун ҳақ олмайди, бироқ ота-оналар кўриб-билиб турган ёмон натижалар мактаб формаси нархи, ҳар хил йиғимлар, транспорт, тушлик ва бошқа харажатлар, колаверса, қизларининг иш топа олмаслиги хавфига арзимаслигидан шикоят қилади.
2. Имтиҳонлардан олинган ёмон натижалар. Битирувчилар фақат ўрта мактабни битираётиб, имтиҳон топшириши мумкин. Мабодо имтиҳонлардан ўта олмаса, ўқишни давом эттира билмайди. Ота-оналар қизлари имтиҳон топшира олмаса, улар турмушга чиқиши учун куёв танлашдан бошқа имконияти кам эканини айтади.
3. Яқин атрофда ўрта мактабларнинг йўқлиги. Камдан-кам қишлоқ жамоатларида ўзининг ўрта мактаби бор. Ота-оналар фарзандларини яқин атрофдаги шаҳарларга ўқишга юбориши, улов, яшаш ва овқатланиш харажатларини қоплаши керак. Болалар қариндошлари билан қолади, ота-оналар эса қизларини қаровсиз қолдиргиси келмайди.
4. Ўсмир ёшида эрга теккан қизларни таълим олишдан мажбуран маҳрум қилиш. Қиз бола турмушга чиқиши билан мактабдан кетиши аниқ. Эрлар ўсмир ёшидаги хотинларининг, айниқса, улар хусусий мактабга ўқишга кириши керак бўлса, таълим олишини қўллаб-қувватлашга қизиқмайди ҳисоб. Улар бундай ўқиш харажатларини кўтара олмайди. Аксинча, айрим ота-оналар қизларига никоҳдан ўтиши учун мактаб рухсат бермаслиги олдидаги қўрқувдан шикоят қилади.
5. Айрим оилалар қизларини ҳеч қачон мактабга бермайди, бунга қисман сабаб шуки, ота-оналарнинг ўзида ҳам таълим олиш имконияти йўқ. Баъзи ҳолларда ўқитувчилар ёши ўтиб қолган деб ҳисобланадиган болаларни бошланғич мактабга олишдан бош тортиши мумкин.
6. Илк қиз фарзандларга ота-оналар ва талабларнинг таъсири. Оила аъзолари ота-оналарнинг қизларини ўқитиш зарурлиги ҳақидаги фикрига таъсир кўрсатиши ва бу ҳар доим ҳам ижобий бўлмаслиги мумкин. Қизларни ўқитиш бўйича қабул қилинадиган қарорлар рўзғор таркиби ва бошқа фарзандларнинг фаолиятига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Катта қиз фарзандларнинг мактабда ўқиш имконияти паст, чунки улар кун давомида оналарига ёрдам бериши керак.
Ўрта таълим ва туғилиш
Таҳлилдан иккита хулоса келиб чиқади. Биринчи хулоса шуки, ўрта таълим олиш барча мамлакатларда умумий туғилишга потенциал таъсир кўрсатади. Бошланғич таълим эса, статистика маълумотларига кўра, мамлакатларнинг фақат 1/3 қисмида у ёки бу даражада потенциал таъсир кучига эга. Иккинчи хулосага шуки, модомики, потенциал таъсир статистик жиҳатдан аҳамиятга эга экан, у бошланғич даражага нисбатан иккиламчи ўрта таълимда кўпроқдир. Бошқача айтганда, умумий бошланғич таълимни таъминлаб бериш туғилиш даражаси юқори бўлган мамлакатларда демографик ўтишни тезлаштириш учун етарли бўлади. Аммо қиз болаларга ўрта таълим мактабини тугатишга имкон бериш потенциал таъсир кучини ошириши эҳтимолдан холи эмас. Аслида бутун ҳаёт давомида бошланғич ва ўрта таълимнинг туғилишга потенциал таъсири ўртасида тафовут янада каттароқдир. Бу қиз болалар ўрта мактабни тугатса, эрта ёшда никоҳдан ўтиши даргумон. Ўрта таълим олаётган қизлар учун эрта никоҳдан ўтиш ҳолатларини бартараф қилиш билан билвосита потенциал натижалардан умид қилса бўлади. Масалан, 18 ёшдан эмас, 13 ёшдан эрга тегиш 18 та мамлакатнинг барчасида умумий туғилишнинг статистика жиҳатидан анча-мунча ортишига олиб келади, айни дамда ўртача потенциал таъсир турли мамлакатларда аёлнинг бутун умри давомида фарзандлари сони 26,3 фоиз ортишига сабаб бўлади.
Аёлларга иқтисодий имконият берадиган дастурлар таълим олиш имкониятларини яхшилаш ва никоҳни кечиктириш тадбирлари қаторида таълимга киритиладиган сармояни қиз болалар ва оилалари учун жозибалироқ қилади. Қиз болалар ва аёллар учун таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятларини яхшилаш анча-мунча харажатларни келтириб чиқариши мумкин, бироқ қизлар учун таълим олиш даражасини ошириш бюджетни тежаш ва мамлакат тараққиётига ёрдам ҳам бериши мумкин.
Пировардида шуни қайд этиш лозимки, қиз болалариннг ўқишига йўл бермасликнинг потенциал салбий оқибатлари ҳам жиддий, ҳам кенг қамровли бўлиши, фақат даромадларнинг ўсиши ва аҳоли сонининг камайиши кесимидагина триллионлаб долларлик зарар келтириши мумкин. Ниҳоят, муҳим хулоса шуки, қиз болаларни умумий ўрта таълим билан таъминлашнинг ўзи етарли эмас. Ўрта ва олий таълим даражасидаги фойда бошланғич даражадагисидан анча кўп. Текширилган дастурлар ва сиёсатга сармоя ётқизиш қиз болаларнинг ишончли келажагини таъминлаш ва мамлакатларга ривожланиш салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятини беришда муҳим аҳамият касб этади. Бунинг улкан иқтисодий маъноси бор.
Марказий Осиёдаги аҳвол қандай?
Ушбу тадқиқот Марказий Осиёда қиз болаларнинг таълимдан маҳрум этилишининг аниқ сабаблари ва таҳлилини қамраб олмаса-да, айни мавзудаги бошқа бир қанча тадқиқотлар қиз болаларни таълим олишдан маҳрум этишнинг, айниқса, ўрта даражадаги ўта хавфли тамойили мавжудлигини кўрсатмоқда. Масалан, ЮНИСЕФ ва БМТнинг Тожикистон ва Қирғизистонда оолиб борган тадқиқотлари натижасига кўра, қиз болаларни бошланғич таълим билан қамраб олиш деярли 100 фоиз (95-98 фоиз) бўлгани ҳолда ўрта мактабни ўртача 65 – 75 фоиз қизлар битириб чиқади, айрим узоқ қишлоқ туманларида эса ҳатто бу кўрсаткич 50 фоиздан ҳам кам.
Аксарият эркаклар иш излаб бошқа мамлакатларга кетаётгани сабабли аҳолининг қолаётган қисми, айниқса, қиз болалар мутлақо саводсиз, тайёрланмаган ҳолда, меҳнат бозорида ҳеч қандай кўникмасиз қолиб кетмоқда. Бу ҳам етмагандай, эрта оила қургани учун кўп фарзанд туғиб, уларни тарбиялаш ва қорнини тўйдиришга қурби етмаяпти. Бу бутун бошли авлодлар ривожланиши учун қулай шароит йўқлиги сабаб, уларнинг маргиналлашуви ва қашшоқлигига олиб келмоқда.
Масалан, БМТнинг “Таълим индекси”га (таълимнинг ўрта ва кутилаёт ган йилларини баҳолаш) кўра, Тожикистон 187 та мамлакат орасида таълим кўрсаткичлари бўйича 133-ўринни эгаллайди, бу собиқ совет республикалари ўртасидаги энг паст кўрсаткичдир. (Қирғизистон 125-ўринда, Туркманистон 103-ўринда, Ўзбекистон 116- ўринда, Қозоғистон 70- ўринда, Россия эса 57-ўринда экан.)
Ўқиш соҳасида ўғил болалар билан қиз болалар ўртасидаги гендер тафовути ортиб бораётгани алоҳида ташвиш уйғотади. Тожикистонда бошланғич ва ўрта таълим олиш мажбурийлигига қарамай, кам даромадли оилаларнинг фарзандлари, айниқса, қиз болалар кўпинча зарур бўлган 9 йиллик ўқишни битирмасдан бурун мактабга бормай қўяди. ЮНЕСКО маълумотларида айтилиишча, тафовутлар 5-синфдан бошлаб сезила бошлайди, ўша пайтда қиз болаларнинг тахминан 10 фоизи мактабга бормай қўяди, ўғил болаларнинг ушбу кўрсаткичи эса 2 фоизга тенг бўлади. Гарчи бу ҳар жойда ҳар хил бўлса-да, айни тафовут ўрта мактабнинг юқори босқичида (16 ёшдан бошлаб) ортиб оради, 48 фоиз қиз болалар ва 30 фоиз ўғил болалар мактабга қатнамай қўяди.
Жувонлар дарсларга қатнаш ўрнига оилага қараши, бола боқиши ва кекса қариндошларини парвариш қилиши керак. Эркакларнинг бошқа мамлакатлар қаторида асосан Россияга меҳнат миграциясига кетиб қолаётгани ҳам аёлларнинг аҳволини ёмонлаштирди, улар энди катта қизларидан ёрдам олишга мажбур, улар эса оналари ишлаши учун кўмаклашиши керак, кичик қизлар эса ука ва сингилларига қарайди.
Албатта, камбағаллик қиз болаларнинг мактабда ўқиш имкониятини камайтиради. Гарчи бошланғич ва ўрта таълим бепул бўлса-да, ўқитувчиларнинг маоши пастлиги, молиявий ресурслар етишмаслиги ота-оналарни фарзандлари мактабда рўйхатга олиниши учун пора беришга мажбур қилмоқда. Ўқувчиларни форма кийиш ва бунинг учун пул тўлашга мажбур қилувчи талаб қашшоқ оилаларнинг фарзандлари учун қўшимча молиявий чеклов бўлмоқда. Ушбу муаммолар мактаб ва ундан уйга уловда қатнаш ўта қиммат бўлган узоқ ва тоғли туманлардаги оилалар аҳволини янада танг қилмоқда.
Ушбу чекловлар оқибатида ота-оналар одатда қизлари ўрнига ўғилларининг таълим олишига устувор аҳамият беради. Дарҳақиқат, қиз болалар ва жувонлар оиланинг “ягона” муваққат аъзолари бўлади – улар никоҳдан ўтгандан сўнг эрларнинг оиласи билан яшайди. Шунинг учун ота-оналарнинг қизлари таълимига сармоя солишга бўлган рағбати камайиб кетади.
Хулоса ўз-ўзидан маълум. Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари иқтисодиётни ривожлантириш, улкан минтақавий транспорт ва энергетика лойиҳалари, хавфсизлик ва ташқи таҳдидларга барҳам бериш каби масалаларни устувор деб билади, аммо қиз болалар ва аёлларнинг таълим олишига долзарб масала сифатида қаралмайди. Эҳтимол, ҳозирги кунда бу муаммо сифатида очиқ кўзга ташланмаётгандир, чунки катта ёшли авлод, жумладан, аёллар меҳнат бозорида фаол, қолаверса, шаҳарлик аёллар ҳам ўқиган. Аммо муаммога беписанд қараш келгусида улкан ижтимоий, иқтисодий харажатлар, демографик муаммолар, ёшлар ўртасида можаролар келиб чиқиш, айниқса, қиз болалар ва аёлларнинг маргиналлашуви, меҳнат бозоридан ва жамият ҳаётидан четга чиқиб қолиш ва оилада овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келиши мумкин. Аёллар ва қиз болалар, айниқса, таълим соҳасида тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиши керак. Ахир, озирги харажатлар ва саъй-ҳаракатлар келгуси авлодлар учун туғилаётган таҳдид ва йўқотишларга мутаносиб эмас.