Муаллиф
Дилмира МАТЯҚУБОВА
Бугунги кунда Тошкентда рўй бераётган шаҳарсозлик ва режалаштириш лойиҳаларини ноёб ва такрорланмас дейиш қийин. Бу каби улкан режалаштириш ишлари кўплаб шаҳарларда содир бўлган ва бўлмоқда. “Ватандошларни жиддий ташвишга солаётган нарсалар аниқ белгилаб қўйилган қоидалар ва босқичма-босқич жараёнлар, ватандошларнинг мулкий ҳуқуқи таъминланиши ҳамда бу ўзгаришларнинг шаффофлиги ва қонунийлиги масаласидир,” ‒ дейди Тошкент шаҳар хокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмонов[i].
Унга кўра, Тошкент шаҳарсозлигида Сингапур тажрибаси ижтимоий-маданий, географик, ҳуқуқий ва бошқа жиҳатлардаги фарқлар сабабли қўллаш учун ноқулай, аммо Москва тажрибаси кўл келади, чунки бу икки шаҳар ўртасида умумий ўхшашликлар кўп: инфратузилмаларнинг эскиргани, Совет даврида шаҳарларга оид ҳукумат қарорларининг кўпчилиги марказлашган ҳолда чиқарилгани ва бюрократия, мутахассислар етишмовчилиги, режали иқтисодиёт, коррупция даражаси юқорилиги ва шаффофлик йўқлиги ва ҳк.
Абдураҳмоновнинг фикрича, Тошкент шаҳар қайта қурилишига тегишли маълумотлар очиқлиги борасида Москава тажрибасидан ҳам ўрнак олиши керак. Яъни Москва мэрияси вебсайтида қурилиш жойлари ҳақида маълумотлар онлайн режимдаги, шунингдек, фойдаланувчиларга ихтиёрий равишда қўшиш ва олиб ташлаш имконини берадиган интерактив лойиҳа мавжуд.
Ўзбекистонда бир қатор меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар базасини яратиш ва шаҳарсозлик ҳақида қонун ишлаб чиқилиши лозим. Бу Москва тажрибасида бор. У ерда, тахминан, олти ой ичида бузиладиган уйлар аҳолиси қандай қилиб ва қаерга жойлаштирилиши, нима учун лойиҳа зарурлиги ҳамда инвесторлар ва молиялаштириш масалаларига оид асосий ҳуқуқий база яратилган. Ҳукумат, аҳоли ва инвесторлар орасидаги мувозанатнинг зарурлигини ҳисобга оладиган ҳамда омма учун шаҳар бош режасининг очиқ шаклда мавжудлигини таъминлайдиган ривожланиш режаси тасдиқланган, у 2025 йилга қадар амал қилади.
Тошкентда эса амал оширилаётган қайта қуриш лойиҳалари сабаб уйлари бузилаётган ватандошларнинг манфаатлари, афсуски, ҳимоя қилинмаяпти. Кўп ҳолларда бузилиш жараёни қонунда белгилаб қўйилган муддатдан олдин амалга оширилаётганини кузатиш мумкин. Бу ҳам етмагандай,, “Tashkent City” каби улкан шаҳарсозлик лойиҳаси пойтахтнинг тарихий қисми маҳаллаларидаги уйлар бузилишига сабаб бўлди. Асрлар давомида у ерда яшаб келаётган ва бир неча авлодларни вояга етказган маҳалла аҳолиси учун бу жуда ғамгин ва ачинарли ҳолатдир. Бундан ташқари, уларга уйларини бўшатиш учун қисқа муддат берилди. “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ерни олиб қўйиш билан боғлиқ жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 4-моддасига кўра, ватандошларга олти ой муддат ичида хабар берилиши айтилганига қарамай, маҳалла аҳолисига айрим ҳолларда 10 кун муддат берилган[ii].
Бу борада Тошкент ҳокимлиги ҳукумат ва аҳоли орасида ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш ва шаҳарсозликни маҳаллий аҳоли билан келишган ҳолда амалга ошириш учун ўз ёндашувини ўзгартириши, яъни интеграцион ёки инклюзив шаҳарсозлик муҳитини яратиш учун бир неча омилларни кўриб чиқиши зарур. Шулардан бири бошқа шаҳарлар тажрибасини ўрганишдир.
Ижтимоий урбанистика: Медельин
Тошкент Колумбия тажрибасидан ўрнак олса арзийди. Медельин шаҳри 1990 йиллар бошида дунёдаги энг хавфли шаҳардан энг инновацион, қулай ва чиройли шаҳарга айланди. Бунга эришиш учун маҳаллий ҳукумат ва аҳоли бирдамлиги асосий роль ўйнаган эди. Шаҳар мэри Сержио Фажардо ташаббуси билан “ижтимоий шаҳарсозлик” ёки “ижтимоий урбанистика”, яъни social urbanism концепцияси илгари сурилди. “Бизнинг энг гўзал биноларимиз энг камбағал ҳудудларда бўлиши керак,”[iii] дея таъкидлаган эди ўшанда Фажардо. Натижада кўплаб шаҳарсозлик лойиҳалари умумий режага бирлаштирилиб, имконияти чекланган гуруҳлар учун янги ва сифатли ҳаёт яратилди. Шаҳар жамоатчилик институтлари ҳукумат билан бирлашиб, “ижтимоий урбанистика” ғоясини амалга оширишга дадил бел боғлаб, қашшоқлик, гиёҳвандлик каби ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганган ҳолда, уларни бартараф этишга эришди. Ижтимоий интеграция ва тенгликка эришиш лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири эди. Бунинг учун шаҳар маҳаллаларини жонлантиришга қаратилган кўп мақсадли кутубхоналар, мактаблар ва ўқув марказлари, соғлиқни сақлаш ва санъат муассасаларига сармоя киритишга алоҳида эътибор қаратилди. Дизайн ва лойиҳалашнинг барча босқичларида ватандошлар иштироки ва жамоавий бюджетлаштириш йўлга қўйилди. Натижада шаҳар аҳолиси амалга оширилган лойиҳалардан ва ўз шаҳридан фахрланадиган бўлди.
Бундан ташқари, Медельин тажрибасида шаҳарсозлик лойиҳаларни амалга оширишда шаҳар аҳолиси фаол қатнашди. Яъни у ерда яшовчи барча шаҳарликлар лойиҳага ҳиссасини қўшиш учун астойдил ҳаракат қилди. Барча шаҳарсозлар, рассомлар, меъморлар, талабалар ва мэрия вакиллари иштирокида ушбу шаҳар бугун такрорланмас жозибага эга бўлди. Бу ерда, ҳукумат сиёсати, маҳаллий ҳокимият очиқлиги, жараёнлар шаффофлиги ва аҳолининг фаоллиги муҳим роль ўйнади. Уларсиз шаҳарнинг бугунги ривожланган ва инновацион ҳолатга эришиши қийин бўлиши тайин эди.
Шаҳарни янгилаш режаси ижтимоий грантларга йўналтирилган фаровонлик эмас, балки ривожланиш ёндашувини кўзлаган, яъни ушбу ривожланиш ёндашуви одамларга, жойларга, иш ўринлари яратишга, ижтимоий-маиший объектлар ва инфратузилмаларга инвестиция киритишга қаратилган эди. Натижада Медельин 2013 йилда “дунёдаги энг инновацион шаҳар” нуфузига эга бўлди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Тошкент шаҳарсозлик борасида юқоридаги ёки бошқа ривожланган шаҳарлар тажрибасидан ўрганиши мумкин. Бунинг учун, авваламбор, ҳокимлик шаҳарсозликка ёндашувини ўзгартириши ва уни марказлаштиришдан қочиб, маҳаллийлаштириши зарур. Чунки маҳаллий ҳокимият аҳоли билан яқин муносабатда бўлиб, бирдамликда иш юритсагина, интеграцион шаҳарсозлик ёки ижтимоий урбанистика сари қадам ташланишига умид қилса бўлади. Бундан ташқари, режалаштириш жараёни борасида шаффофликка эришиш ҳамда аҳолини тўлиқ ва аниқ маълумотлар билан таъминлаш ва унинг лойиҳаларда иштирок этиши ва ушбу мавзуда фикр билдиришига имкон яратилиши зарур. Бу ўз ўрнида шаҳарликларнинг уни янгилаш жараёнида иштирок этиш ва фуқаролик фаоллигига бўлган иштиёқини оширади.
[i]“Какие уроки может извлечь Ташкент из программы реновации Москвы” GazetaUz, Февраль 2019. https://www.gazeta.uz/ru/2019/02/21/renovation-lessons/
[ii] “Ўзбекистонда миллий брендинг, ижтимоий синфлар ва маданий мерос” Дилмира Матякубова, Cabar.Asia, Апрель, 2019 https://analytics.cabar.asia/en/nation-branding-social-classes-and-cultural-heritage-in-uzbekistan/#_edn2
[iii] “Шаҳар трансформацияси учун Медельиннинг ижтимоий шаҳарсозлик модели,” https://mg.co.za/article/2014-05-15-citys-social-urbanism-offers-a-model