Асосий мақсади Тожикистон ёшларининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўлган “TajRupt” нодавлат ташкилоти асосчиси ва раиси Азизжон Азимий 2018 йили “Форбс” журналининг “30 ёшгача бўлган 30 кишиси” рўйхати”га киргани билан фахрланса арзийди. Стэнфорд университетининг Knight-Hennessy стипендияси эгаси бўлган 22 яшар Азимий айни пайтда Стэнфорд олий бизнес мактабида бизнес маъмуриятчилиги, Ҳарвард университетининг Кеннеди мактабида эса давлат сиёсати бўйича магистрликка ўқимоқда. Азизжон CAAN’га берган интервьюсида Тожикистоннинг таълим тизими тўғрисидаги айрим фикрларини баҳам кўрди.
Aзимий: “TajRupt”га ташкилот сифатида 2017 йилда асос солинди. У асосий эътиборни Тожикистонда ёшларга давлат таълим тизимида етарлича эътибор берилмайдиган танқидий фикрлашга қаратди. Бу ишни Қўшма Штатларга ўрта мактаб ва университетда ўқишга келмасимдан бурун шахсий вазифа қилиб олган эдим.
Синфдан ташқари “БМТ модели” лойиҳасида қатнашганим ва сиёсий фанлар соҳасида олган академик тажрибам шарофати билан танқидий фикрлаш ҳаётий малака сифатида энг муҳим аҳамият касб этди. Шунинг учун Тожикистон ёшларига махсус ишлаб чиқилган ўқув дастури ёрдамида танқидий фикрлаш кўникмасини ўргатиш жамият олдидаги қарзимни қайтаришнинг ўзимга мос усули бўлиб кўринди.
“TajRupt” ўқув дастури дарсдан ташқари ўқитиш ҳисобланиб, 10 ҳафта давом этади ва ҳафтасига уч марта ҳар бири 75 дақиқадан ўтказиладиган интерфаол машғулотлардан иборат. Ўқув дастури мақсади ўқувчиларга маълумот бериш ва уларни фуқаролик таълими орқали ижтимоий ишларга жалб қилишдан иборат. “TajRupt” ўқувчиси бўлган киши 10 ҳафталик ўқув дастури доирасида давлат сиёсати, фалсафа, бозорлар фаолияти, ОАВ, технологиялар, глобаллашув ва халқаро муносабатлар, жинсий тенгҳуқуқлилик ва етакчилик сингари кенг қамровли концепцияларни ўрганади. Ўқув дастури муайян мавзуларнинг таркиби ва доирасига мос равишда ўзаро тафовутли учта даражага бўлинади.
Яқинда ўқув дастурига ҳафталик мавзу тадқиқотлари киритилди. Масалан, жаҳоннинг жорий ишлари бағишланган ҳафта давомида ўқувчилар Грета Тунбергнинг иқлим ўзгариши бўйича аҳоли хабардорлигини оширишга оид фаолияти билан танишди. Бундан ташқари, иккинчи ҳафтада сиёсий фалсафа дарслари чоғида ўқувчилар Жона Ролзнинг «Жоҳиллик пардалари» концепцияси билан танишиб, бойларни солиққа тортиш муаммосини муҳокама қилди. Бундай ёндашув ўқувчиларга реал ҳаётда қўллаш мумкин бўлган назарий концепцияларни амалий мисоллар билан боғлаш имконини беради. Ҳарвард маркази ўқув воситаларига асосланган фаол ўқитиш методологиясини қабул қилдик. Айни воситалар ўқувчиларни синфдаги доимий машғулотларга интерфаол тарзда жалб қилишга хизмат қилади. Биз “Canvas” тизимидан фойдаланиб, ўқитишни бошқарув тизими сифатида курсимиз материалларини ҳам рақамлаштирдик. Ўқувчиларнинг ўқув дастурига қарашларида ўзгариш бор-йўқлигини кузатиб бориш учун ҳар ҳафта уларнинг концепциялар ва муҳокамалар ҳақидаги фикрлари билан “Canvas” тизими ёрдамида қизиқамиз.
Ўқувчилар ўқув дастурининг ҳар бир босқичидан ўтгандан сўнг бирлашиб, биз ижтимоий таъсир кўрсатиш лойиҳалари деб атайдиган нарсани амалга ошириши керак. Булар камида 10 кишига ижобий таъсир кўрсатиши, ўқувчилардан жамиятда ўзгаришлар қила оладиган ҳақиқий раҳбарларни тарбиялашга қаратилган кичик ташаббуслардир. Шу пайтгача бундай лойиҳалар мактаб ва университетлардаги синфдан ташқари машғулотлар ўтказиш учун БМТ модели бўйича клублар, мунозара тўгараклари, жинслараро тенглик бўйича уюшмалар, шунингдек, рақамли ташаббуслар, жумладан, таълим вебсайтлари, жамоат ишлари ва кўнгиллиликни ташкил қилишдан иборат эди. Ижтимоий таъсир кўрсатиш (social impact) даври бир ойгача давом этади. Лойиҳаларни амалга ошириш ва уларнинг барқарорлиги мактаб маъмурияти ва ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда баҳоланади.
Бугунги кунда юзлаб битирувчиларни қамраб олган ўқув дастурининг олтита итерациясини[1] муваффақиятли бажардик. Танқидий фикрлаш соҳасида учта муайян натижа бор, уларга эришишни кўникмаларни эгаллаш деб ҳисоблаш мумкин: эътироз билдира олиш ҳамда манба ва тахминларни аниқлаш, факт ва исботлардан фойдаланиш ҳамда турли нуқтаи назарларни излаш. Таъсиримизни баҳолаш учун ўқувчилар ўртасида бошланғич ва якуний сўровлар ўтказамиз. Шу пайтгача олинган натижаларга кўра, деярли барча битирувчилар жинсий тенгҳуқуқлиликни яхшилаб тушуниб олиш ёки кундалик ҳаётдан ОАВлар учун муқобил ахборот манбалари ахтариш борасида янги дунёқарашга эга бўлди
− Нега сиз Тожикистон ёшларига қўшимча таълим курсларини таклиф этишга қарор қилдингиз? Курсларни ўқитишда қайси тилдан фойдаланасиз?
− Биз энди “TajRupt”ни ижтимоий сафарбарлик маркази деб ҳисоблаяпмиз. Унинг шарофати билан кам даромадли оилалардан бўлган ўқувчилар бир вақтда инглиз тилини ўрганади ва танқидий фикрлаш малакасини орттиради. Бу уларнинг таҳлим олиш ва ишга жойлашиш имкониятини яхшилайди.
Биз жойларда ишлаб, Тожикистон ёшлари ўртасида синфдан ташқари тадбирларга талаб ортаётганини тушундик. Ушбу тадбирлар орасида энг “оммабопи” инглиз тили сабоқлари ёки нодавлат таълим марказларидаги муҳокамалар экан. Ушбу марказларнинг кўпчилигида тижорат тузилмалари бор ва пул тўланади. Ўша пулни кам даромадли оилаларнинг фарзандлари топиши қийин. Бундай вазият бизга ўз моделимиздан фойдаланиш учун ажойиб имконият берди.
Биз халқаро ташкилотлардан грант олишга интилиб, дарсларимиз бепул бўлишига қарор қилдик. Бу ўқувчиларни қамраб олиш имкониятимизни чеклаб қўйди (ўрта ҳисобда 10 ҳафталик сессияда 50-60 ўқувчи қатнашади). Бошқа тарафдан, биз олдин пуллик ресурслардан фойдаланиш имконига эга бўлмаган ўқувчиларнинг дарсдан ташқари машғулотларда қатнашишини кўпайтиришга ҳаракат қилдик. Кейинчалик бу ёшларни ўқитишимиз йўлидаги стратегик жиҳатдан устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Ўқувчиларнинг ўқув дастурига қизиқишини янада рағбатлантириш учун инглиз тилини синфда асосий мулоқот тили қилишга қарор бердик. Инглиз тили дарсларига талаб кўплиги сабабли ушбу қарор инглиз тилини яхшироқ эгаллашга иштиёқманд маҳаллий талабалар ва ўқувчиларнинг “TajRupt”га эътиборини кучайтирди. Шу тариқа инглиз тилини билиш ва ундан дарсларда фойдаланиш ўқув дастурининг турли босқичларига қараб бир-биридан фарқ қилади. Дарсликлар инглиз тилида тузилаётган бўлса, синфлардаги муҳокамалар вақтида кўпинча тожик ва рус тиллари қўлланади, чунки ўқувчилар инглиз тилини ўрта даражадан паст билади.
Дастуримиз энди ишга тушган пайтлар инглиз тилини билишни шарт қилиб қўйганимиз оқибатида ўқувчиларимизнинг кўпчилиги ўзига тўқ оилалардан бўлиб қолди, чунки улар мактабдан сўнг инглиз тили сабоқлари олиш имконига эга эди. Шундан сўнг ўқишга қабул қилаётганда талабаларнинг молиявий аҳволини омил сифатида ҳисобга оладиган бўлдик ва кўпроқ кам даромадли оилалардан бўлган ўқувчиларни жалб қила бошладик. Лекин бу “TajRupt” дастурларида ўқийдиган ўқувчиларнинг инглиз тилини билиш даражаси нисбатан пастлигини англатар эди. Биз кенгроқ миқёсда “TajRupt”ни ижтимоий сафарбарлик маркази сифатида кўряпмиз. Унинг ёрдами билан кам даромадли оилаларнинг фарзандлари инглиз тилини ўрганади ҳамда бу уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятларини яхшилайди.
− Курсларингизга маҳаллий ҳокимият идораларининг муносабати қандай? Билишимча, Тожикистонда мактаб ва университетлар билан ишлаш, умуман олганда, ҳар қандай таълим дастурини амалга ошириш жуда мушкул.
− Тожикистонда бюрократия – жуда мураккаб жараён, деб қаралади. Шунинг учун биз аввалбошданоқ маҳаллий ҳокимият билан зарур шериклик муносабатлари ўрнатишга ҳамда Адлия вазирлигида жамоат ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш, шунингдек, лицензия олиб, Таълим ва илм-фан вазирлиги (ТИФВ) билан ҳамкорлик меморандуми имзолаш орқали мавжуд талабларни бажариш учун барча ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳаракат қилдик. Яқинда Хўжандда жойлашган ТИФВ қошидаги Иқтидорли талабалар маркази билан ҳамкорлик қилдик. Улар билан ҳамкорлигимиз натижасида ўқитаётган талабаларимиз ўртасида фанларни яхши ўзлаштираётганлар сони ошишига эришдик, айни пайтда ўқувчиларимизнинг деярли ярми физикадан рус тилигача турли фанлар бўйича олимпиадалар ғолиблари бўлди. Маҳаллий давлат мактабларининг энг яхши ўқувчилари “TajRupt”га қабул қилинади. Бунда кам даромадли оилаларнинг фарзандларига устувор аҳамият берилади. Бундан ташқари, ҳукуматнинг мактабларда инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш бўйича ташаббусидан ҳам фойдаландик ва шу тариқа ТИВФ билан ҳамкорлигимизни ҳам мустаҳкамлаб олдик.
− Сиз сунъий интеллектни тадқиқ қилиш бўйича янги лойиҳани ишга туширишга тайёргарлик кўряпсиз. Ушбу ташаббус ҳақида сўзлаб берсангиз. Мамлакатингизда юксак технологияли лойиҳаларни амалга ошира оладиган маълумотли мутахассислар борми? Мамлакатдаги таълим тизими, шунингдек, тожик ёшларининг билим даражаси ва таълим потенциалини қандай баҳолайсиз?
− “TajRupt” ўқув дастурининг бир неча итерацияларини ишга туширгандан сўнг илм-фан, техника, инженерия ва математикага (STEM) қизиқувчи ёшларнинг анча-мунча демографик гуруҳи борлигини тушундик. Бу бизни қизиқтириб қолди, чунки бошида асосан ижтимоий фанларга ихтисослашган ўқувчиларни жалб этишга ҳаракат қилган эдик. Кейинги тадқиқотлардан маълум бўлишича, ушбу тамойил Тожикистоннинг давлат таълим тизимига хос бўлиб, унда асосий эътибор STEM фанлари бўйича назарий билимларга қаратилар экан. Бу барча пост-совет мамлакатларига хос, барча ўқувчилар ўрта мактабда бир неча йил давомида физикадан ахборот технологияларигача бўлган фанларни ўқишга мажбур.
Масалан, тожикистонлик ўқувчилар 2018 йилги Халқаро математика олимпиадаси – дунёдаги етакчи математика олимпиадаси – иштирокчиси бўлган мамлакатлар рейтингида умумий балл бўйича 60 фоизликлар орасида бўлди. Тожикистонлик ўқувчиларнинг халқаро мусобақалардаги муваффақиятлари тўғрисидаги хабарлар мунтазам эълон қилиб борилмоқда. Бинобарин, маҳаллий ёшларнинг STEM бўйича салоҳияти кундай равшан. Бироқ маҳаллий ўқувчилар билан суҳбатларимиз чоғида давлат таълими тизимида мавжуд назарияга ёпишиб олиш тамойили кўникмалар шаклланишига халақит бераётганини аниқладик. Натижада STEM бўйича истеъдодли ўқувчилар ўрта мактабларда кучли назарий кўникмаларга эга бўлади, бироқ бу билимлар амалда қўлланмайди.
Сўнгра STEM бўйича олий таълим аҳволи таҳлилига киришдик. Тожикистондаги асосий муаммо олий ўқув юртларига қабул қилиш даражаси пастлигидир, чунки тегишли ёш гуруҳига мансуб камсонли талабалар университетларда ўқийди. Университетларнинг асосий заиф жиҳати тадқиқот потенциалининг пастлигидир, ваҳоланки, ушбу потенциал жаҳондаги етакчи STEM институтлари учун муҳими ҳаётий аҳамиятга эга. Осиё тараққиёт банки Тожикистон олий таълим тизимини баҳолагани маҳаллий университетларнинг STEM соҳасида тадқиқот потенциали йўқлигини ҳамда ўқитувчилар ва талабалар ўртасида тадқиқот натижаларини чекловчи бир неча тўсиқлардан бири эканини кўрсатди.
Ниҳоят, Тожикистоннинг фундаментал даражадаги жайдари муаммоси ишга жойлашиш имконияти йўқлигидир. Маълумки, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг деярли 1/3 қисми чет элларда меҳнат қилаётган тожик мигрантларнинг пул жўнатмаларидан иборат. Шу тариқа, STEM фанлари соҳаларидаги энг истеъдодли ўқувчилар ўқиш ва ишлашни чет элларда давом эттиришни афзал билади ва бу мамлакатдан ақлли кишилар чиқиб кетишига сабаб бўлади. Ахборот технологияларининг (АТ) маҳаллий сектори етарли даражада ривожланмаётгани боис ушбу соҳада фақат дастурлашнинг веб-дизайн сингари бошланғич кўникмалари бўйича иш ўринлари таклиф этилмоқда.
Хуллас, таҳлимиз кўплаб муаммоларни очиб ташлади ва улар технологиялар асрида Тожикистоннинг рақобатдаги устунлигини таъминлаш йўлидаги имкониятларга айлантирилиши мумкин. Бугун тожикистонлик ўқувчининг STEM соҳасида қобилияти бўлса, ўрта мактабда амалиёт эмас, назарияга кўпроқ эътибор қаратади, оқибатда у университетдаги ўқиши пайтида амалий тадқиқотлар ўтказиш учун чекланган имкониятга эга бўлади.
Бундан ташқари, у келгусида меҳнат бозорида иш топиши қийин бўлади. Ушбу уч соҳа Марказий Осиёдаги сунъий интеллект бўйича илк тадқиқот маркази бўлмиш “TajRupt.Ai”нинг таянч пунктлари бўлди. “TajRupt.Ai” ушбу соҳалардаги муаммоларни бирваракайига қуйидаги усуллар билан ҳал этишга интилмоқда.
- Таълим: STEM соҳаларида истеъдодли бўлган катта синф ўқувчилари “TajRupt” ўқув режасига ўхшаш мактабдан ташқари форматда информатика бўйича таълим тайёргарлигини ўтайди. Компьютер фанлари соҳасида ишлаш тажрибаси бор талабалар сунъий интеллект асослари ва маълумотлар фанига ўқитилади.
- Амалий тадқиқотлар: компьютер фанлари бўйича ҳам бакалавриат, ҳам магистратура даражасида таълим олаётган университет талабалари таълим ва соғлиқни сақлаш сингари ижтимоий соҳаларда сунъий интеллектни қўллаш бўйича махсус тадқиқотлар ўтказиши мумкин. Машина ёрдамида ўқитиш ва теран ўқитиш воситаларига амалий тадқиқотлар пайтида устувор аҳамият берилади.
- Тадбиркорлик: талабалар маҳсулотларини тижоратлаштириш учун инкубатор ва устозлик ресурслари орқали технологик тадбиркорлик дастури бўйича ўқитилади. Фаолиятнинг муайян соҳаларидан бири глобал компанияларга дастурлаш соҳасида аутсорсинг хизмати кўрсатадиган маҳаллий корхоналар тузишдан иборат бўлади. Шарқий Европа мамлакатлари сўнгги йигирма йил мобайнида АТ аутсорсинги марказлари сифатида муваффақият қозонгани бунга мисолдир.
Ташкилотимиз фаолиятида сунъий интеллектга (СИ) устувор аҳамият бераётганимиз сабаби кейинги ўнйилликларда ушбу соҳадаги ўсиш потенциали жуда катта экани билан боғлиқ. “McKinsey Global Institute” ўтказган тадқиқотдан маълум бўлишича, СИни жорий қилиш кўпайиб бораётгани 2030 йилга бориб триллионлаб доллар қўшимча иқтисодий самара бериши мумкин экан. Яқин келгусида СИ бўйича юксак малакали истеъдодларга талаб таклифдан анча юқори бўлиши кутилмоқда, бу Тожикистон сингари ривожланаётган мамлакатлар учун СИ бўйича минтақа маркази бўлиш имконини бериши мумкин.
Шу билан бирга СИни қабул қилиш глобал тенгсизликни кучайтириб юбориши билан боғлиқ сезиларли хавф ҳам мавжуд, чунки иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар тадқиқот имкониятлари ва инфратузилма нуқтаи назаридан энг яхши базага эга бўлгани сабабли қўшилган қийматнинг асосий қисмини эгаллаб олади. Шу тариқа “TajRupt.AI”нинг вазифаси технология соҳасини сунъий интеллектга таянган ҳолда ривожлантириш йўли билан Тожикистоннинг иқтисодий ўсишини тезлаштиришдан иборат. Ушбу юксак мақсад мамлакатнинг кейинги ўнйилликдаги тараққиёти траекториясини ижобий томонга ўзгартириб юбориши мумкин. Юқоридаги таълим, амалий тадқиқотлар ва тадбиркорликни қамраб олувчи уч томонлама ёндашув Тожикистондаги истеъдодли STEM талабаларига потенциали чегараларини очиб юбориш билан уйида туриб порлоқ келажак сари йўлини белгилаб олиш имконини беради.
Қайд этиш жоизки, “TajRupt” “TajRupt.AI”ни яратиш учун Ислом тараққиёт банки Илм-фан, технологиялар ва инновациялар жамғармасининг глобал грантини ютиб олди. Танлов ўтган йили ўтказилган ва унда минглаб даъвогарлар орасидан 32 та ғолиб қатнашган эди. Биз жорий йил ёзида “TajRupt.AI” операцияларининг расман ишга туширилишини сабрсизлик билан кутяпмиз.
− Тожиклар, асосан, “шеърият миллати” деб аталади ва мен шеърият билан гуманитар фанларнинг фойдаси ҳақидаги баҳсларни кузатганман. Шу масалада фикрингизни билиш мен учун қизиқ.
− Анъаналарни сақлаш ва уларни ҳурмат қилиш билан замонавий инновацияларни ривожлантириш ўртасида соғлом мувозанат бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Айни пайтда тебраниш капгири биринчиси томонга ўтганга ўхшайди. Муаммо STEM фанларини мактабларда ўқитиш миқдорида эмас, сифатидадир. Маданий тантана ва байрамлар талабалар техник ютуқларни намойиш эта оладиган лойиҳа кўргазмалари билан ҳамқадам бўлиши лозим. Гап бу ўринда давлат маълимининг мақсади нима деган асосий саволга бориб тақалмоқда. Агар биз давлат таълими ўқувчиларни жамиятнинг замонавий талабларига мос келадиган асосий билимлар билан қуроллантириш керак деган позицияни қабул қилсак, бошланғич мактабдан бошлаб фанларини ўқитиш сифатини оширишимиз шарт.
− Собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидан Арманистон ва Беларусда янги технологик стартапларга эътибор қаратилиб, уларни ривожлантириш учун шароит яратилмоқда. Эстонияни гапирмаса ҳам бўлади. Қозоғистон билан Қирғизистонда ушбу соҳада ҳукуматлар ташаббус кўрсатганини ҳам эшитдим. Тожикистон ёшларнинг талабларини қондириш масаласида катта иқтисодий имкониятларга эга бўлмагани боис сиз технологик стартаплар ҳам кишилар, ҳам мамлакат бюджети учун иш ўринлари яратишнинг муҳим муқобили ва юксак даромад манбаси бўлиши мумкин, деб ўйлайсизми?
− “TajRupt” Тожикистондаги технология саноатининг янгилик яратувчиси сифатида мисол тариқасида Украина тажрибасига мурожаат этамиз. Номинал ялпи ички маҳсулоти 2017 йилда 112 миллиард доллар бўлган мамлакатнинг АТ маҳсулотлари экспорти 3,6 миллиард доллар деб баҳоланди – ҳайратомуз улуш. Дастлаб Украина бошқа соҳалар билан солиштирганда нархлар паст бўлгани учун бутун дунёдаги АТ-хизматлар аутсорсинги учун жозибали жойга айланди. Биз Украинадаги Тожикистонда ҳам эришса бўладиган тадрижни намуна сифатида олиб қараётганимиз сабаби ушбу мамлакатнинг АТ соҳасида рўй берган кескин ривожланиши тарихини ўрганишдан иборатдир. 2000 йиллар бошида ва ўрталарида Украинанинг ахборот технологиялари соҳаси куртак ҳолатида бўлган пайтлар у ердаги институционал шароитлар ҳозирги Тожикистондагига ўхшаш эди: солиқ юкининг оғирлиги, ҳаддан зиёд бошқарув, бюрократиянинг самарасизлиги ва ялпи коррупция. Албатта, Украинада аҳоли кўп ва таълим инфратузилмаси нисбатан яхши. Аммо институционал шароитлар мақбул эмас эди. Шунга қарамасдан, мамлакат рақамлаштириш соҳасида кескин бурилишга эришди, бунга асосан хусусий секторнинг ташаббуси сабаб бўлди. Украинанинг АТ-хизматларига бўлган талаб ортиб бориши табиий равишда ушбу хизматлар нархини йиллар давомида ошириб борди ва бу ҳол Тожикистон сингари қўшни мамлакатлар учун нархларнинг потенциал афзаллигини яратади, чунки бизнинг АТ саноатимиз айни пайтда тетапоя қадамлар қўймоқда. Тожикистон глобал рақамлаштириш даврида тадбиркорлик орқали Украинанинг АТ соҳасидаги ютуқларини такрорлаш билан минтақадаги АТ-хизматлар марказига айланиши ва солиштирма нархлар борасидаги афзалигига кўра глобал миқёсда рақобатлашиши мумкин.
Агар биз Тожикистонда технология соҳасини яратишга ёрдам бермоқчи бўлсак, телекоммуникация соҳасида ҳаддан зиёд бошқарувни бекор қилиш мутлақ зарурат ҳисобланади.
Бу ишни амалга ошириш учун ҳукумат солиқ юкини камайтириш орқали тадбиркорларга Тожикистонда корхоналар очишни рағбатлантириши зарур. PwC ташкилотининг ҳар йили бутун дунёдаги солиқ ставкаларини ўрганиш натижалари Тожикистондаги корхоналарга солинадиган солиқ юки ўта юқори ва ҳозирги кунда 67 фоиздан ошиқ эканини кўрсатди. Бу маҳаллий тадбиркорларни солиқ ставкалари пастроқ бўлган мамлакатлар тадбиркорлари билан солиштирганда ноқулай рақобат аҳволига тушириб қўяди. Бинобарин, АТ саноати – ва умуман корпоратив сектор – учун солиқ имтиёзлари бериш тадбиркорликни оммавий тарзда рағбатлантиришга сабаб бўлади ва пировардида давлат бюджетига фойда олиб келади. Мен бу ўринда корпоратив солиқларни кескин камайтиришни таклиф қилмаётганимни алоҳида қайд этишим лозим. Фақат солиқ ставкалари оқилона тарзда камайтирилиши кераклигини айтмоқчиман. PwC ташкилотининг ўша ҳисоб-китобида корпорациялар тўлайдиган глобал ўртача солиқ ва бадаллар миқдори 40 фоиз эканини кўрсатилган.
− Интернетнинг кириб бориш ва компьютерлардан фойдаланиш даражаси, интернет тезлиги паст, аммо унинг нархлари баланд бўлган мамлакатда бу борада нима ишлар қилиниши керак деб ўйлайсиз?
− Агар биз Тожикистонда технология соҳасини яратишга ёрдам бермоқчи бўлсак, телекоммуникация соҳасида ҳаддан зиёд бошқарувни бекор қилиш мутлақ зарурат ҳисобланади. Хусусий сектор рақобати сабаб интернетдан фойдаланиш нархини камайтириш назарий жиҳатдан интернет кириб боришини кўпайтириш йўналишидаги табиий олға силжиш ҳисобланади. Қозоғистон ва Қирғизистон сингари қўшни мамлакатларда айнан шу ҳол рўй берди ва улар бутун дунёдаги интернет тарифлари энг паст мамлакатлар қаторига кирди. Тожикистондаги тамойил эса ‒ бутунлай бунинг тескариси.
Яқинда интернет учун энг тўлов даражасини ўрнатиш тўғрисидаги қарор жамоатчилик норозилиги ва ўша қарорнинг бекор қилинишига сабаб бўлди. У кучида қолганида нафақат техник соҳа, қолаверса, оддий истеъмолчилар учун ҳам бошга битган бало бўлиши турган гап эди. Бу ерда ислоҳот мантиғи жуда оддий – ҳаддан зиёд бошқарувни бекор қилиш хусусий сектор рақобатига сабаб бўлиши мумкин ва бу ўз навбатида интернетдан фойдаланиш харажатларини камайишига олиб келади. Пировардида хусусий сектор олаётган фойда, шунинг баробарида мамлакат бюджетига тушумлар ортади.
[1] Итерация (ингл. iteration) – такрор, бирор ҳаракатни такрорлаш.