2019 йил январидан президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” доирасидани ташаббуси билан “Юксалиш” нодавлат ташкилоти иш бошлади. Ташкилот вебсайтида унинг мақсади “барча фуқаролар, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар, бизнес ҳамжамияти, академик доира вакилларини амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофида ихтиёрийлик асосида бирлаштириш” экани айтилади (Yumh.uz).
Муаллиф
Севара Хамидова, мустақил тадқиқотчи,
Ланкастер университети ва Женева халқаро ва тараққиёт тадқиқотлари институтининг битирувчиси.
Ташкилот мамлакат учинчи секторидаги янги иштирокчи бўлишига қарамай, фаолиятининг икки ойи мобайнида фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун бир қанча ташаббусларни илгари сурди. Улар орасида АҚШ Халқаро ривожланиш агентлигининг (ЮСАИД) “Шериклик йўлидаги инновациялар” дастуридаги иштирокини алоҳида қайд этиш жоиз. “Юксалиш” ушбу лойиҳа доирасида Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш уюшмаси АРГО билан бирга ННТлар, давлат идоралари ва бизнес ҳамжамияти ўртасидаги мулоқотни яхшилиш йўлида ҳамкорлик қилади. Ўзбекистондаги лойиҳадан кўп нарса кутилмоқда: масалан, лойиҳанинг ишга туширилиши биланоқ янги коворкинг маркази очилди, лойиҳа ходимлари берган маълумотга кўра, унда жамоатчилик кенгашлари ва ННТлар тадбирлар ўтказиши, марказ ресурсларидан фойдаланиши, шунингдек, жамоат ташкилотларининг барқарорлик веб-академияси орқали билимини ошириши мумкин. Фаоллар ва ННТлар ўтказаётган тадбирларни рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш механизми ишлаб чиқилгани йўқ, лекин бунақа тадбирларга рухсат бериш ва уларни назорат қилиш йўлидаги бюрократик тўсиқларни Адлия вазирлиги билан келишувсиз енгиб ўтиш даргумон.
Ташкилот янги бўлгани сабабли фаолиятига ҳаққоний баҳо беришга ҳали эрта. “Юксалиш”нинг ижобий янгилиги чет элларда ишлаётган ватандош экспертларни жалб қилиш, шунингдек, минтақа мамлакатларида (ҳозирча фақат Қозоғистондаги) фуқаролик жамияти қуриш моделларини ўрганишдан иборат. Албатта, кимдир “сеҳрли тепки” вазифасини бажариши ҳамда мавжуд, аммо фалаж бўлиб қолган Ўзбекистон ННТлар миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ўрнида маҳаллий жамоат ташкилотларини бирлаштирувчи янги тузилма яратиши керак эди.
Шу ўринда вақти келиб “Юксалиш” Қозоғистоннинг АРГО ташкилоти тажрибасини ўрганиб, ассоциацияни сиқиб чиқаради ва унинг вазифаларини зиммасига олади деган фикр бехосдан хаёлдга келади. ЎзННТМА 12 йиллик фаолияти давомида барча давлат рўйхатидан ўтган жамоат ташкилотлари фаолиятини ва уларнинг грант маблағлари келиб тушадиган ҳисоб рақамларини назорат қилиш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун маблағларни тақсимлаш вазифасини бажариб келди. Gazeta.uz сайти берган маълумотга кўра, 2018 йили ассоциация грант маблағларидан самарасиз фойдалангани ва тақсимлагани учун кескин танқидга учради ва шундан сўнг унинг раҳбарияти алмашди. 2019 йилда ЎзННТМАнинг www.ngo.uz вебсайти ишламай қолди, ўзи эса фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳеч қандай ташаббус кўрсатаётгани йўқ. Айни ҳол “Юксалиш” ЎзННТМАнинг янгиланган ва умидбахш шакли деган фикр уйғотади.
Шу пайтгача “Юксалиш”нинг қанақа ваколати борлиги ва фуқаролик жамиятини қайта тиклаш бўйича кейинги режаси мавҳум бўлиб қолаётгани кўп танқид қилинмоқда. Ташкилот қайси йўналишни ўзи учун устувор қилиб белгилагани ҳалигача тушунарсиз, чунки вазифалар кўлами кенг бўлиб, инновацияни ҳам, ёшлар масалалари бўйича тадқиқотлар ўтказишни ҳам, давлат идоралари қошидаги жамоатчилик кенгашларини ривожлантиришни ҳам, нодавлат ташкилотларига кўмаклашишни ҳам ва Ўзбекистондаги инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни ҳам қамраб олади. Нодавлат ташкилотлари барқарорлиги бўйича грантлар ажратиш дастурини ишга тушириш режалаштирилаётгани маълум, бироқ ташкилот бу ишни “қандай қилиб” ва “қачон” амалга оширажагини ошкор қилаётгани йўқ.
Бундан ташқари, ташкилот тузилмаси мустақил жамоат ташкилотидан кўра сиёсий партия тузилмасини эслатади. Ташкилот раиси депутат ва Тараққиёт стратегияси марказининг собиқ раиси Акмал Бурхонов экани фикримизни тасдиқлайди. “Юксалиш” фаолияти Тараққиёт стратегияси маркази билан бевосита боғлиқ. Ҳозирча улар фаолиятида қандай тафовут борлиги ҳам аниқ эмас. Ташкилот раҳбарлари таркиби – марказий аппаратнинг камида чорак қисми бир пайтлар Гулнора Каримовага тегишли бўлган “Келажак овози” ёшлар ҳаракати ҳамда Маданият ва санъат фонди форумининг собиқ ходимларидан иборат.
Шу тариқа “Юксалиш” ЎзННТМАнинг янги кўриниши бўлиб қолмасдан, “Форум фонди”нинг раҳбар кадрларини ўз ичига олган ташкилот ҳамдир. Бу – яхши, чунки раҳбар ходимларнинг давлат ташкилотлари ва хусусий сектор билан кўпйиллик мулоқот қилиш тажрибаси борлиги сабаб тизимнинг заиф томонларини ўрганиш ва учта сектор ўртасида ҳамкорлик қилишни янгитдан ўргатишга ҳожат қолмайди. Айни чоқда “Юксалиш”нинг фақат “аҳолининг сара қатламлари”: “олтин ёшлар”, бой иш одамлари ва сиёсатчиларни бирлаштирадиган ва ўшаларнинг манфаатига хизмат қиладиган ташкилотга айланиб қолиш хавфи ҳам йўқ эмас. “Форум фонди” ва унинг шўъбалари худди шундай ташкилот эди.
“Юксалиш” вазифаларини зиммасига олган бошқа тузилма ҳам мавжудлигини эслаб ўтиш жоиз. Унутилаёзган ва иш беришини исботлай олмаган бу ташкилотнинг номи Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтидир (ФЖШМҚМИ). ФЖШМҚМИнинг вазифаси “халқ билан бевосита мулоқотни кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошиши ва уларнинг давлатни ислоҳ қилишдаги ролини кучайтириш…” эди (Nimfogo.uz). Бошқа мақсадлар қатори айни мақсадни “Юксалиш” ҳам ўз олдига қўйган. Шу ўринда бир савол туғилади: “Юксалиш” маҳаллий ННТлар учун “катта оға” ролини бажариш билан бир қаторда учинчи сектор вазифаларини бирлаштирган ҳамда фуқаролик жамияти фаолиятини назорат қилувчи ва ўз тамойилларини бошқаларга тиқиштирувчи янги ГОНГО-тузилмага айланиб қолмайдими?
Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалдаги эски ва бир оз унутилган трендсеттер – тамойил қўзғовчи тузилмалар ўрнида пайдо бўлаётган янги тузилмаларга “Юксалиш” баробарида яна иккита ташкилотни қўшиш мумкин. Булар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашидир. Бироқ учинчи сектордаги ислоҳотларни амалга ошириш айнан “Юксалиш” зиммасига юкланган кўринади.
Пировардида таъкидлаш жоизки, “Юксалиш” ташкил этилиши билан Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини тиклашнинг янги босқичи бошланди. Бу Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти фаоллари ва watch dog-ташкилотлар зиммасига ушбу ташкилотнинг бир вақтлар ЎзННТМА и ФЖШМҚМИ бўлгани сингари сунъий равишда ташкил этилган қаттиқ ва жазоловчи органга айланиб қолмаслигини кузатиб боришдай улкан масъулият юклайди.