2006 йилда Жаҳон Банки Институти мамлакатларни ривожлантиришда уларнинг хориждаги диаспоралари тармоғи ва ушбу диаспоралар кўникмаларининг роли тўғрисида китоб нашр этдилар – Diaspora Networks and the International Migration of Skills: How Countries Can Draw on their Talent Abroad. Муаллифлар бу борада махсус экспериментал лойиҳаларни ишлаб чиқиб, уларни Сальвадор, Аргентина, Арманистон, Чили, Мексика ва Жанубий Африкада синовдан ўтказдилар.
Муаллифлар ушбу жараёнда “экспатриантлар” (“кўчиб юрадиган профессионаллар”) нинг ўз мамлакатлари фойдаси учун маҳорати ва кўникмаларидан қай тарзда фойдаланиши ҳақида кўп нарса ўргандилар.
Қисқача шарҳ
Ривожланаётган мамлакатлар янги билимларни қандай ўзлаштира оладилар? Бунинг учун улар иш юритишнинг янги усулларини ўрганишлари зарур. Бу эса ишлаб чиқариш усуллари, бозорлар ва ресурслар ҳақида турли маълумотларни топиш ва тўплаш қобилияти бўлишини ва уларни ривожлантиришни назарда тутади. Чунки тараққиёт таълимни, таълим эса изланишни талаб этади. Ривожланиш ҳамиша ички иқтисодиётнинг ташқи олам билан қай даражада алоқадорлигига боғлиқлиқдир. Чунки ҳатто энг кучли иқтисодиётга эга мамлакатлар ҳам якка ўзлари барча замонавий билимлар ва ғояларни пайдо қилолмайдилар.
Истеъдодларнинг халқаро сафарбарлиги ва унинг сезиларли даражада намоён бўлиши – ақллиларнинг чиқиб кетиши (одатда инсон капиталининг кам ривожланган мамлакатлардан яхши ривожланган мамлакатларга чиқиб кетиши сифатида белгиланади) таълим ва тараққиётда марказий ўрин тутади. Мазкур нашр кўникмаларнинг халқаро сафарбарлигига оид иккита далилга асосланади. Биринчидан, у ривожланаётган мамлакатлардан ривожланган мамлакатларга кўчиб кетган (университет дипломига эга бўлган) юқори малакали экспатриантларнинг катта-катта ҳамжамиятлари мавжудлигини эътироф этади. 2000 йилда Филиппин ривожланаётган мамлакатлар орасида юқори малакали мутахассислари кўп даромад оладиган мамлакатларга энг кўп кўчиб ўтган давлат бўлган. Кейинги ўринларда Ҳиндистон, Мексика ва Хитой туради. Китобнинг асосини ташкил этувчи иккинчи ҳақиқат, малакали экспатриантлар ўз мамлакатларининг тараққиёти учун ҳам муҳим манба бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Маълумки, 1985-2000 йиллар мобайнида Хитойга киритиладиган хорижий сармоянинг 70 жоизгача бўлган қисми тўғридан-тўғри ўз ватанидан кўчиб кетган хитойликларнинг улушига тўғри келади.
Экспатриантлар ўз ватани ривожи учун сармоядор сифатида ҳисса қўшиши ва молиявий ёрдам беришлари шарт эмас. Улар хорижда эгаллаган билимларини тарқатган ҳолда ҳамда ривожланган мамлакатларнинг технологик инновациялари ва инвестициявий капиталидан фойдаланишни енгиллаштирган ҳолда бозорлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали ўз юртлари ва ривожланган мамлакатлар ўртасида боғловчи бўғинга айланиб борадилар. Диаспораларнинг обрўли аъзолари давлат-хусусий шерикчилик мулоқоти бўйича ташаббуслар киритиши, ислоҳотлар ва янги лойиҳаларни илгари суриши мумкин.
Хориждан юбориладиган пул ўтказмалари эмас, балки сиёсий экспертиза ҳамда бошқарувга оид ва маркетинг билими диаспоралар тармоқларининг энг муҳим ресурсларидан ҳисобланади. Ривожланиш нуқтаи назаридан қараганда ҳам, мигрантлар қашшоқликка қарши курашнинг муҳим воситаси ҳисоблансада, уларнинг жўнатмалари ва бошқа пул ўтказмалари ривожланишга у қадар катта таъсир кўрсатмайди.
Нима учун диаспоралар ривожланаётган мамлакатларни техник-ноу-хау ва инвестициявий капитал билан боғлайдиган энг мақбул кўприк ҳисобланишига доир қўшимча изоҳлар бор. Диаспоралар, ҳеч бўлмаганда, мультимиллий фирмаларга қарганда, ривожланаётган мамлакатлар учун афзал ҳисобланадилар, чунки улар ички ўйинчилар ва ташқи компаниялар ўртасидаги муносабатларни ўз ичига олади. Автоном мультимиллий фирмалар ўз манфаатларига эга бегона жосуслар деб қаралаётган бир пайтда, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлган майда халқлар уларни қабул қилган мамлакатдан кўра, ўз этник бирлашмаларига кўпроқ содиқликни намойиш этадилар.
Албатта, ҳақиқат жуда мураккаб ва диаспораларнинг ижобий роли кўплаб омилларга боғлиқ. Уларнинг ички ва жаҳон иқтисодиётга таъсир кўрсатиши глобал ишлаб чиқариш анадазалари ва занжирлар, диаспора аъзоларининг ўсиш имкониятлари, иқтисодий фаолияти ва стратегияларига боғлиқ. Диаспоралар миллий тараққиётнинг кўзгуларидир. Уларда миграцияга сабаб бўладиган миллий инқироз омиллари ва миграцияни жалб қиладиган жаҳон иқтисодий омилларини акс этади.
Диаспоралар аъзоларининг халқаро даражадаги бошқарув кўникмаларига эгалиги уларнинг муваффақиятини таъминлайди. Уларнинг кам сонли қисми фақатгина ўз юртларида мана шундай кўникмалар бўйича ўқитилади. Бундан ташқари бошқарув билимлари кенгайтирилган сиёсий таълим билан тўлдирилади. Бу диаспора аъзоларининг ўз уйлари ва уларни қабул қилаётган маданият ўртасидаги тафовутни осон енгишига ёрдам беради. Биринчи авлод иммигрантлари қоидага кўра, уларни қабул қилган мамлакатда унчалик кўзга ташланмайдилар. Ушбу иммигрантлар уларнинг этник мансублиги камчилик бўлиши мумкинлигини билишади. Оммавий савдо компания раҳбари бўлишни мақсад қилган жиззаки ва келажаги бор инсонлар бундай тўсиқларга дуч келиши ва уларни енгиб ўтишга тайёр туриши лозим. Ана шундай иммигрантларнинг муваффақияти уларни қабул қилаётган мамлакатда уларни ўз бирлашмаларининг намунаси ва ифодачисига айлантиради, ушбу иммигрантларни қабул қилган давлатнинг эътироф этиши эса, уларнинг ўз уйларида улар ҳақидаги фикрларига янги маъно беради.
Бунга Чилини мисол қилиб кўрсатиш мумкин: 1997 йилда Чилининг генетик олими ва биотехнологиялар бўйича АҚШнинг Нью-Джерси штатида жойлашган компания раҳбари Рамон Гарсиа Чили жамғармасига ушбу мамлакатда қишлоқ хўжалиги соҳасида новаторлик технологияларидан фойдаланишни ўрганиш бўйича қўшма бизнес ташкил қилишни таклиф қилади. Томонлар касалликка чидамли бўлган узумни генетик жиҳатдан ўзгартиришга қодир бўлган қўшма корхона ташкил қиладилар. Гарсианинг Чили иқтисодиётига оид билимлари, АҚШда олган таълим-тажрибасисиз бунга эришиш имконсиз эди. Бу мисол, шунингдек, катта таъсир кўрсатиш учун битта одам ҳам етарли эканини ҳамда ўн нафар ана шундай олим Арманистон ёки Чили сингари кичик мамлакатларнинг бутун бошли тармоқларини ўзгартира олишларини ҳам кўрсатади.
Бундай алоқаларни қай тарзда бошлаш ва ушлаб туриш (қўллаб-қувватлаш) мумкин? Қандай қилиб самарали диаспоралар тармоғини шакллантириш мумкин ва қай тарзда «ақллиларнинг чиқиб кетиши» жараёнини «ақллиларнинг қайтиб келишига» қайтарса бўлади?
Яхши ташкиллаштирилган ва ривожланиб бораётган Хитой ва Ҳиндистон диаспоралари бунга мисол бўла олади. Хитой диаспорасининг муваффақияти анча ривожланган ва чет элда бойлик орттирган иммигрант оилаларнинг анъанавий инвестициявий хатти-ҳаракатлари билан чекланиб қолмаяпти. Ҳиндистон диаспорасининг муваффақияти кўп жиҳатдан етказиб бериш занжирини ташкиллаштиришда рўй берган яқиндаги ўзгаришлар ҳамда Ҳиндистоннинг асосий капиталига инвестициялар киритишга нисбатан трансмиллий инновацион тармоқларнинг пайдо бўлишига боғлиқдир. Айни пайтда, арман диаспоралари улкан институционал салоҳиятга эга бўлишига қарамай, Арманистонни, ақалли, унинг салоҳиятини ривожлантиришга жиддий ҳисса қўша олмадилар. Диаспоралар ва Арманистондаги совет давридан кейинги синфлар ўртасидаги келишмовчиликлар чет элдаги саҳий арманларнинг хайрихоҳлиги билан бирлашган ҳолда, ҳукуматнинг диаспоралар билан яқин ҳамкорлик қилиш истаги йўқлиги оқибатида мамлакатни ривожлантиришга тўсқинлик қилди. Арманистон тажрибаси шуни кўрсатадики, сиёсий контекст ҳам иқтисодий шароитлар сингари шундай эътиборни талаб этади.
Муаллифлар Силикон водийси ва тиббиёт туризми тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда диаспора аъзолари, юқори малакали мигрантлар ва экспатриантларнинг кўникмаларидан уларнинг ўз ватанлари тараққиёти йўлида қандай фойдаланиш мумкинлиги бўйича қизиқарли андазалардан деб билишади. Масалан, АҚШлик IT-муҳандислар ва сармоядорларнинг билими ва капитали асосида Исроил ва Ҳиндистонда Силикон водийнинг муқобили сифатида самарали, жадал ривожланаётган ва иқтисодий арзон IT-саноат марказлари, дастурий таъминот ва технологиялар яратилди. Бунда диаспоралар тармоқларини жалб қилган, уларга кафолат берган, мазкур марказлар учун қулай шароитлар яратган қабул қилувчи мамлакатларнинг кўмаги катта бўлди. АҚШдаги тиббиёт мактаблари битирувчиларининг аксарияти ҳиндистонлик эканини ҳисобга олган ҳолда, Ҳиндистон ҳукумати мамлакатда тиббиёт туризм тизимини яратиш мақсадида олий маълумотли тиббиёт мутахассисларининг бир қисмини ўз ватанларига қайтара олди ва улар учун керакли шарт-шароитлар яратди. Мазкур марказлар ўзининг юқори сифатлилиги ва қулай нарх-навоси билан дунёга машҳурдир.
Етук диаспоралар: Хитой ва Ҳиндистонни Арманистон билан таққослаганда
Урушдан кейинги Хитой диаспораси тарихи унинг географик жиҳатдан ҳаракатчанлиги ва иқтисодиётининг диверсификацияси билан боғлиқдир: биринчи навбатда, савдо ва ишлаб чиқариш, кейин эса юқори технологияли ва молиявий тармоқлар бўйича ишлайдиган Гонконг (Хитой), Индонезия, Малайзия, Филиппин, Сингапур, Тайвань (Хитой), Таиланд ва Хитой қитъасининг ўзини оилавий фирмалар орқали боғловчи “бамбук тармоғи”нинг яратилишидир. Кўплаб қочоқлар учун 1949 йилги коммунистлар ғалабасидан кейинги йиллар муваффақиятли давр бўлди. Одатда кийим-бошидан бошқа ҳеч вақоси бўлмаган содда, уддабурон тадбиркорлар заводларда иш бошлаган ҳолда, улкан бойлик орттириш даражасигача етлар. Улар ўз корхоналарини чет элда барпо этишлари орқали ўз ишлаб чиқаришлари ва алоқаларини географик жиҳатдан кенгайтира бошлаганлар. Худди Ротшильдлар оиласи ўз ўғилларини Франкфуртдан Парижга, Лондондан Неаполгача ўқишга юборгани каби хитойлик интернационалистлар ҳам турли истиқболли жойларда фирмалар ташкил этиш мақсадида ўз оила аъзоларини хориждан четга юбора бошлаганлар. Янги фирмалар асосчисининг капитали ва ижтимоий тармоқларга таянган ҳолда фаолият юритган. Вақт ўтиши билан оилавий фирмалар уларнинг асосчисининг тўғридан тўғри, бироқ яширин назорати остида турли тармоқлар ва мамлакатларда кўплаб майда ва ўртача фирмалар билан иш кўрган ҳолда аста-секин сулолаларга айланиб борган. Ривожланмаган молиявий бозорлар ва заиф ҳуқуқий институтларга эга кенг географик ҳудудда хорижда бўлган хитойликларнинг оилавий ва этник содиқлиги мустаҳкамлигича қолади (баъзи жамоатчилик қоидаларини бузганлар рўйхатига тушиб қолиш хавфи остида). Тез орада океан ортидаги хитойликлар турли соҳаларда энг муҳим позицияларни эгалладилар.
1978 йилда Дэн Сяпиннинг очик эшиклар сиёсати бошланиши билан Хитой яккалик ва автаркиядан воз кечади, натижада хорижий сармоядорларни очиқ қабул қила бошлайди. Мамлакатга географик жиҳатдан яқинлиги ва тарихий алоқалари мавжудлиги туфайли Гонконг (Хитой) ва Тайвань (Хитой) дан пул оқими кириб кела бошлайди. Хитойга киришга интилаётган мультимиллий фирмалар учун Хитой диаспорасининг муҳим аъзолари билан шерик бўлиши шаффоф бўлмаган сиёсий муҳитда навигация учун энг керакли восита эди.
Хитой диаспорасининг мамлакат тараққиёти йўлидаги ҳаракати бошланади ва у узоқ вақт ишлаб чиқаришдаги инвестициялар билан қўллаб-қувватлаб турилади. Ҳинд диаспорасининг мамлакат ривожидаги ҳиссаси бундан фарқли ўлароқ хизмат кўрсатиш соҳасида ички ва хорижий фирмаларни ўзаро боғлашдан бошланган. Ҳиндистон тажрибаси шуни кўрсатдики, етказиб бериш занжирларини қайта ташкил қилиш жараёнида пайдо бўлган бизнеснинг янги андазалари иқтисодий таълим ишлаб чиқариш фаолияти орқали эмас, хизмат кўрсатиш орқали амалга оширилади ҳамда инвестициялар ускуналар ва заводга эмас, балки таълимга киритилади деган янги тараққиёт андазаларининг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Ҳиндистон хизмат кўрсатишда аутсорсинг янада юқори қўшимча қийматга эга хизматларни ривожлантиришга асос бўлиши мумкинлигини намойиш этди. Дастурий таъминот бўйича ҳинд саноатининг пайдо бўлиши маълум маънода бошқа бир мамлакатнинг қўлидан келмайдиган қулай бир ҳолат бўлди. Бироқ бу сиёсатнинг таъсир қилиши мумкин бўлган тизимли шароитлар натижасида пайдо бўлган кутилган ҳолат эди. Ҳиндистон ҳукуматининг олий таълим, хусусан, илмий таълимга эътибор қаратиши 2000 йилларда Интернет ва телекоммуникацияларнинг ривожланиши Ғарбда олимлар, муҳандислар ва техникларга талаб катта экани тўғрисида шов-шувлар тарқаган пайтда кўплаб сонли мана шундай мутахассисларнинг етишиб чиқишига сабаб бўлди. 1970—1980-йилларда АҚШга кўчиб келган ҳинд экспатриантларининг аксарияти Американинг технологик компанияларида энг муҳим ижрочилар ва юқори лавозимдаги шахсларга айланганидан сўнг АҚШда дастурчиларга бўлган талаб ошди. Мазкур раҳбарлар Ҳиндистонга аутсорсинг бўйича иш беришда ҳал қилувчи вазифани бажардилар. Улар жуда сабр-тоқатли ҳомийлардан эдилар. Чунки ҳинд фирмалари сифат ва хизмат кўрсатиш бўйича АҚШ талабларини қондиришни энди ўрганишаётганди.
Турли тафофутларга қарамай, Хитой ва Ҳинд диаспораларининг ўз юртлари тараққиётига бўлган муносабатлари ўхшашдир. Ўтказилган сўнгги сўровларга кўра, ҳар иккала диаспора ҳам она ватанларига сармоя киритиш, амалга оширса бўладиган ислоҳотлар ва ўз юртларидаги амалдорлар билан амалий имкониятларни музокара қилиш ҳамда мамлакатларига доимий яшаш учун қайтиш имкониятлари каби масалалар бўйича бир хил фикрдадирлар. Иккала диаспора ҳам ўз мамлакатлари учун натижаси ижобий бўлган, гўёки осмондан тушган инъом бўлдилар.
Арманистон тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳатто обрўли, кўникма ва капиталга эга бўлган диаспора ҳам ўз юрти тарққиётига ижобий таъсир кўрсатолмас экан. 1990-йилларнинг бошларида СССР қулаганидан сўнг, Арманистонда бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича истиқболли имкониятлар мавжуд эди. Чунки ушбу мамлакат Совет иттифоқидаги билими кучли ва саноатлашган республикалардан бири эди. Саноатнинг юқори технологиялари тўпланган тармоқлари, ривожланган инфратузилма ва ишчи кучига эга, ўз истеъдодлари билан машҳур “Совет Иттифоқининг силикон водийси” ўтиш давридан тез ўтади, деб ҳисобланганди. 1990 йилда қарийб 3,5 млн аҳолиси бўлган Арманистон АҚШда 1 млн дан ортиқ, Европа, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасида истиқомат қиладиган камида 1 млн нафар диаспора ҳомийлигига эга эди. Бу диаспоралар ҳам иқтисодий, ҳам касбий жиҳатдан муваффақият қозонган, шунингдек, сиёсий ва ижтимоий томондан яхши мавқега эга эдилар. Бундан ташқари, ишониш мумкин бўлган, ғоятда обрўли 1,5 миллион нафар россиялик арман ҳам бор эди. Қорабоғдаги ҳудудий низо ва 1988 йилги зилзила бутун дунёдаги арманларни миллий ўзликни ҳимоя қилиш ва миллий жипсликни илгари суриш шиори остига тўплади. Бироқ, кейинги йилларда диаспоралар тармоғининг қизиқиши ва сармояларига қарамасдан, Арманистон ҳукумати ушбу диаспоралари аъзоларига ўз режимига бўлган таҳдид солувчилар ва рақобатчилар сифатида қаради. Давлат ва амалдорлар энг сердаромад бизнес бўлган импортдан юқори фойда олишларига қарамай, кўпчилик аҳоли ишлаб чиқариш ўрнини импорт билан алмаштиришга йўналтирилган инвестициялар оқимига қарши чиқди. Шундай қилиб, қабул қилувчи ҳукуматнинг адовати диаспораларнинг ўз юртларига сармоя киритишга бўлган кўплаб ҳаракатларига шу тариқа чек қўйди.
Диаспора ўз аъзоларини элитанинг суиистеъмол қилишидан ҳимоя қилмаслиги ҳам муаммони янада чуқурлаштирди. Диаспора ҳукумат обрўсини ўйлаб ҳам оммавий танқидни чеклашга ҳаракат қилган. Арманистондаги режим маълум даражада диаспоралар ҳомийлигига муҳтож бўлган пайтда, у бу устунликдан мамлакат ривожи йўлида янада фаол бўлиш учун фойдаланмади. Аксинча, диспора уларнинг ишлаб чиқариш инвестицияларини кенгайтиришга бўлган уринишларини чекловчи режимга молиявий ва сиёсий ёрдам кўрсатди. Диаспоранинг ҳомийлиги ички элитага нисбатан босимни камайтиради ва шу йўл билан келгуси ислоҳотлар, айниқса, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўлидаги ўзгаришлар учун талабни туширади, бошқарувчи элита эса қашшоқлик ва юқори малакали кадрларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига қарамай, ўзларининг яшаб қолиши учун зарур ислоҳотларни кечиктиришни таъминлайдиган қўшимча манбаларга эга бўлади.
Китоб муаллифларининг фикрича, муваффақиятли диаспоралар тармоқлари қуйидаги учта асосий хусусиятни бирлаширади:
- Диаспоралар тармоқлари кучли (иродали) инсонларни бирлаштиради;
- Диаспоралар аъзолари ҳам бевосита ( ўз юртида лойиҳаларни амалга оширади), ҳам билвосита роль ўйнайдилар (ўз мамлакатида лойиҳалар ишлаб чиқиш учун кўприклар ва боғловчи тармоқлар сифатида иштирок этадилар);
- Одатда муваффақиятли ташаббуслар диаспораларнинг ўз юртларини аниқ лойиҳаларни амалга ошириш, муайян натижаларга қандай жалб қилиш мумкин, деган мунозаралардан ўтадилар.
Умуман олганда, мазкур китобда кўрсатилганидек, диаспораларнинг ўз юртларини ривожлантиришдаги салоҳияти юқоридир. Муваффақиятсизлик учраш ҳамда умидсизликка тушиш каби хавфлар ҳам шунча. Хитой, Ҳиндистон ва Шотландиядаги ҳар битта муваффақиятли ҳикоя учун ўз юртлари ривожига ҳисса қўшишга ҳаркат қилган, бироқ бу йўлда жиддий муваффақиятсизликларга учраган Аргентина, Арманистон ва Колумбиядаги диаспоралар ҳикоялари ҳам топилади. Бошқа мамлакатлар (масалан, Россия ва Украина)да юксак малакали мигрантлар сони кўп бўлишига қарамасдан диаспоралар тармоғи пайдо бўлмади ҳам. Улар ҳатто она ватанлари билан алоқа қилишга ҳаракат қилишмайди.
Kuznetsov, Yevgeny. 2006. Diaspora Networks and the International Migration of Skills : How Countries Can Draw on their Talent Abroad. WBI Development Studies. Washington, DC: World Bank. © World Bank. https://openknowledge.worldbank.org/handle/10986/7008 License: CC BY 3.0 IGO.