Халқимизда бахтли онларни оила, қариндош-уруғ, маҳалла, яқин инсонлар даврасида “тўй” бериб нишонлаш қадим замонлардан қолган урф-одатдир. Шу билан бирга “тўй” этноснинг маданияти, урф-одати, қариндош уруғчилик ва қўшничилик муносабати, менталитети, диний қарашлари ва тасаввурлари, анъанавий маросимларини ўзида мужассам этган воқеликдир.
Муаллиф:
Мирзоҳид Асқаров
Фанлар Академияси Тарих Институти докторанти
Таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда аксарият юртдошларимиз ушбу маросимни исломий урф-одатлар, ўзбекона камтарлик ва андиша, оиланинг реал иқтисодий ҳолати ва бозор иқтисодиётига мос равишда нишонлаш ўрнига, маҳалла, қўни-қўшни, қон-қариндош қаршисида “ҳеч кимдан кам бўлмаган” (керак бўлса ортиғи билан, лекин асло кам эмас) қабилида нишонлашга тобора кўникиб бораётганлари ачинарли ҳақиқатдир. Бу трансформация сабабларини аниқлаш ва таҳлил этиш бугунги кунда долзарб масалалардан бирига айланди.
Тўй: ўтмишга назар
Тарихий манбаларда сақланиб қолган маълумотларга қараганда “тўй” – атамаси туркий сўз бўлиб, “той” ёки “қурултой” шаклида мўғуллар ва чиғатой хонлари даврида ҳам кенг қўлланилган. XIV асрда Мовароуннаҳр ҳудудига саёҳат қилган араб сайёҳи Ибн Баттута эсдаликларига асосан “той” – бу ҳар йили ўтказиладиган йиғин (қурултой) бўлиб, унда Чингизхон авлодлари, амирлар ва туркий беклар, обрўли аёллар ва лашкарбоши иштирок этган[1]. Якунланган муддати 1864 йил 5 май (хижрий 1280 й.) бўлган “Таворихи хоразмшохийа” тарихий асарида учрайдиган маълумотга кўра, вазир Хасан-Мурод қушбегининг ўғли Мухаммад Юсуфбек хоннинг қизига уйланган бўлиб, зиёфат – той (тўй) бир неча кун ва тун давом этган[2]. Тадқиқ этилган аксарият маълумотлар асосида, “тўй” – қадим замонлардан бери доимо катта жамоа, юқори мартабали зодагонлар, катта ҳажмдаги йиғин, чекланмаган миқдордаги зиёфат ва дабдаба билан узвий боғлиқ бўлган одатлиги аниқланди. Ҳукмдорлар, амирлар, хонзода ёки вазирлар, зодагон ва давлат амалдорлари томонидан никоҳ-тўй (фотиҳа, унаштирув), суннат-туй, ғалаба ва турли бошқа байрамларни нишонлаши доимо бир неча кунлик, баъзан эса бир неча ойлик давомий зиёфатларга айланиб кетганлиги – тарихий ҳақиқатдир. Юртимизга турли даврларда ташриф буюрган саёҳатчи, элчи ёки савдогарлар ҳам саёҳат эсдалик/кундаликларида бу ҳодисани алоҳида қайд этиб ўтишган.
Ўз вақтида Россия империяси ва Совет иттифоқи даврида ҳам бизнинг ҳудудимиз турли соҳа тадқиқотчилари томонидан катта эътибор билан ўрганилган бўлиб, улар орасида турли дунёвий ва диний маросим ва урф-одатлар, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, ижтимоий муносабатларга таъсири, маросим учун сарфланадиган ҳаражатлар мақсади ва миқдори тўғрисидаги қимматли маълумотларни учратиш мумкин. Масалан, Фарғона водийсининг Наманган вилоятида бир неча йил давомида истиқомат қилган В.П. Наливкин, тўй (никох-тўй ёки суннат-тўй) ва мотам маросимлари катта миқдордаги маблағни талаб қилиши, уларни ўтказиш жуда дабдабали маросимга айланиб кетиши ҳақида тўхталиб ўтган. Шунингдек, баъзи журъатгуй инсонлар томонидан тўй ва мотам маросимларини, худойи ва зиёратгохлардаги зиёфатларни камтарона, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказишга даъват этилгани, маҳаллий халқ эса, ўз навбатида, бу даъватга енгил нафас олган ҳолда (катта ҳаражатлардан воз кечилгани сабабли – М. А.) қабул қилганини ёзиб ўтган[3].
Маҳаллий зиё вакиллари, жадидлар, диний муассаса ҳодимлари, маҳалла оқсоқоллари томонидан халқ орасида доимий равишда тўйлар ва бошқа кундалик маросимларни ўтказишда “исрофгарчилик”ка йўл қўймаслик масалаласида олиб борилган давра суҳбатларига қарамай, XX асрнинг иккинчи ярмида ҳам бу жараён ҳамон давом этарди. 1962 – йилда чоп этилган “Народы Средней Азии и Казахстана” (Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари) туркумидаги тўпламда ҳам ўзбек жамиятида тўй ва мотам маросим ва урф-одатлари ўтказиш тартиби тўғрисида маълумотлар келтирилган. Масалан: “Ҳозирги кунда ҳам никоҳ-туйи зиёфат ташкил этиш, келин ота-онаси, ака-укалари ва қариндошларига совға-саломлар бериш билан боғлиқ катта ҳаражатларга эгадир. Келиннинг оиласи сеп беришга катта сарф қилади. Одатда сепга бир неча тўплам кийим, гилам ва бошқа майда махсулотлар бериларди, аммо ҳозир, асосан шаҳар ҳудудларида, унинг ўрнига: шкаф, шифоньер, стол, стул, кровать ва бошқа маҳсулотлар юборилган”[4]. Тўпламдаги “суннат-туйи” ўтказилиши билан боғлиқ маълумотлар ҳам диққатга сазовордир. Хусусан: “Ўзбек оиласида ўта муҳим воқеа бу, шубҳасиз, ўғил фарзандни суннат қилиш маросимидир. Бу маросимни нишонлаш халққа катта туй-зиёфат бериш мажбурияти билан узвий боғлиқдир. Суннат-тўй ўтказилгандан сўнг, аксарият оилалар йиллар давомида қарз гирдобида қолиб кетишган”[5].
XX асрнинг 80-90 йилларида Марказий Осиё халқлари тарихи ва этнографияси билан шуғулланган таниқли тадқиқотчи-олимлардан
Г.П. Снесарев, О.А. Сухарева, С.П. Поляков, К. Шониёзов, В.Н. Басилов,
С.Н. Абашин ва бошқалар ҳам ўз тадқиқотларида ўзбек/тожик/туркман/қирғиз халқларида туй/мотам маросимларини ташкил этиш жараёни юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишган.
Мисол учун, О.А. Сухарева, С.П. Поляков ва С.Н. Абашин ўзбеклар томонидан тўй маросимларини ўтказиш учун қилинаётган сарф-ҳаражатларни “рационаллик/иррационаллик” призмаси ёрдамида изоҳлашга ҳаракат қилиб кўришган. Рационаллик – “онгли равишда ёки тушунган ҳолатда” маъносини англатса, иррационаллик – “онгни инкор этган ҳолда ёки тушунарсиз равишда” деб таржима қилинади. Бу ҳақида О.А. Сухарева шундай ёзади: “Бугунги кунда тизимли равишда давом этиб келаётган маросимларга жуда кўп миқдорда пул сарфланиши, нафақат оила, балки бутун жамиятнинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда, шу сабабли, бу сарфлар – иррационалдир (яъни тушунарсиз)”[6]. Юқоридаги фикрни С.П. Поляков ҳам кўллаб қуватлаб ёзишича: “Оила бюджетидаги сарф-ҳаражатларни шартли равишда иккига ажратишимиз мумкин – рационал сарфлар ва иррационал сарфлар. Биринчисига (рационал сарфга) – кундалик харжлар, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқалар киритилса, иккинчисига (иррационал сарфга) – маросим ва урф-одатларни дабдаба билан ўтказиш учун сарф қилинадиган катта харжлар киради”[7]. Тадқиқотчилар томонидан билдирилган муносабат ўринли бўлишига қарамай, улар учун тушунарсиз (иррационал) бўлган ҳолат ўзбекчилик учун нормал, онгли равишда англаб етилган, рационал қабул қилиниши мумкин. С.Н. Абашин ҳам шу каби хулосага келган[8]. Энг ачинарлиси, “Шу урф-одат ўзи нима учун?” деган саволга, тўй қилаётганларнинг ўзи ҳам жавоб топа олмайди. Ёки “Ушбу маросимнинг ислом дини билан нима алоқаси бор?” деб сўрасангиз, шубҳасиз: “Ҳамма шуни бажармоқда, бизни нима камимиз бор”, деган жавобни оласиз. Яъни, кўр-кўрона тўй қилиш ҳали ҳам давом этмоқда.
Дарҳақиқат, халқимиз орасида ўғил фарзандли бўлиш – жуда катта хурсандчилик ва тўй билан қарши олинади. Бунинг сабаби, ўғил фарзанд оиланинг меросхўри, ота ишларининг (касбининг) давомчиси, оила ва жамиятнинг ҳимоячиси, маҳалла ва юртнинг ўғлони сифатида баҳоланиб келинади. Оилада ўғил туғилдими, чорбоғда мевали дарахтлар ва тераклар сони ортади, қўшимча иморатлар солиш бошланади, қўрада хисори қўйлар, новвослар боқилади. Чунки, ҳа демай, тўйлар бошланади. Тўй-тўновимизнинг хили шунчалар кўпки, ўзбек хонадонининг боши тўйдан чиқмайди, деб бежиз ёзмаган академик А. Асқаров[9]. Тўй давомида амалга ошириладиган урф-одатлар ва маросимлар тартиби, қатнашчилари, тўй давомида ёзиладиган зиёфат турлари ва тартиби таснифи, тўй давомида кийиладиган маросимий кийим-кечаклар ва совға-саломлар таърифи, тўй ёрдамида амалга ошириладиган ижтимоий ҳамкорлик ва муносабатлар, ҳудудлар бўйича умумий ва фарқли жиҳатлари таҳлили, тўй-зиёфат беришнинг иқтисодий томонлари ва унинг оила бюджетига таъсири ва бошқа кўплаб масалалар турли даражада
Н.П. Лобачева, Н.А. Кисляков, Г.П. Снесарев, Е.М. Пещерева,
О.А. Сухарева, М.А. Хамиджанова, В.П. Басилов, С.Н. Абашин,
К. Шониёзов, И. Жабборов, А. Асқаров ва бошқалар тадқиқотларида ёритилган[10].
Маълумки, ўғил бола ҳаётида “суннат-тўй” (хатна-тўй ёки ўғил-тўй) муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки, мусулмон дунёсида қадим замонлардан бери сақланган одатга кўра ўғил бола, фақатгина суннатдан сўнг тўла қонли исломий деб ҳисоблана бошланади[11]. Суннат-тўйнинг аҳамияти тўғрисида
В.Н. Басилов шундай ёзган: “Ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қирғизлар, қорақалпоқларда суннат маросими – никоҳ-тўйиданда аҳамиятлироқ асосий оилавий маросимдир”[12]. Суннат-тўйни нишонлаш ҳам оиладан катта сарфларни талаб қилади, уни нишонлаш жуда оғир ижтимоий талофатларга олиб келади[13]. Шуни тўғри англаб олган оилаларда суннат-тўйи оилавий байрам сифатида, кичик даврада нишонланиб келинмоқда. Ўз ўрнида, диний муассасалар ҳам катта сарфларни ноўрин ва фойдасиз сарф деб ҳисоблайди[14].
Тўй – замонавий талқинда
Бугунги кунда ер куррасининг барча мамлакатларида кечаётган глобаллашув жараёни жаҳон халқлари учун умумий этикет, умумий феъл-атвор, умумий менталитетни шаклланишига олиб келмоқда. Бунга сабаб сифатида жаҳон ахборот воситаларида Ғарб ахлоқий нормаларининг доимий тарғиботи ва “реклама”сини кўрсатишимиз мумкин. Глобаллашув туфайли Ўзбекистон бир томондан иқтисодий жиҳатдан жаҳон ҳамжамияти таркибига кириб борса (бу ижобий ҳол), иккинчи томондан, ўзбек халқига хос қадриятлар, маросим ва урф-одатлар секин-аста йўқолиб боришига сабаб бўлмоқда.
Дарҳақиқат, оилавий маросимлар ва урф-одатлар Марказий Осиё халқлари учун, шу жумладан ўзбеклар учун, жуда аҳамиятли ва муҳим ижтимоий ҳодисадир. Унинг илдизлари узоқ замонларга бориб тақалади ва бу анъана, маросим ва урф-одатлар халқимизни бирлаштирувчи энг яхши сифатлардан бири ҳисобланади. Аммо, ачинарлиси, биз орзу-ҳавас билан йиллаб тайёргарлик кўрган, энг гўзал урф-одатларимизни, аксар ҳолларда, оила иқтисодиётидан келиб чиққан тарзда эмас, балки “майли тўй яхши ўтсин, қолгани бир гап бўлар” ёки “кўчада, биродарлар орасида шарманда бўлмасам бўлди, қолганини бир илож қиламиз” қабилида ўтказиб келиш ҳамон давом этмоқда. Бу жараённи тушуниб етиш, тўғри англаш учун “ўзбекчилик” тушунчаси туб моҳиятини таҳлил қила олиш зарур, деб ҳисоблайди академик А. Асқаров. Ўз фикрни давом эттириб, ўзбек қийинчилик билан бўлса ҳам топган пулига тўй қилиб, элга бепул дастурхон солади, бу билан ўзига руҳан қувват бағишлайди, роҳатланади, бу-ўзбекчилик, – деб ёзади[15].
Шубҳасиз, академик А. Асқаров томонидан билдирилган фикрлар ўринлидир. Шу билан бирга, бу жиҳатнинг яна бир тадқиқотчилар учун долзарб, айни дамда ўзига жалб этувчи томони шундаки, ҳеч қайси замонавий иқтисодий, ижтимоий, дунёвий ёки диний тамойиллар ўзбек оилалари томонидан тўй маросимлари учун иррационал сарфларни тўлиқ моҳиятан тушунтириб бера ололмаяпти. Агарда тушунтириб бера олса ҳам, унинг мазмунини, фаннинг мураккаб тилида, ташқи олам учун тўлиқ ифодалаб бериш жуда мураккаб вазифадир. Бу муаммонинг нақадар муҳимлиги, унга катта эътибор қаратиш зарурлиги Ўзбекистон Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан ҳам бир неча маротаба таъкидлаб ўтилди[16].
Маълумки, ўзбек халқи ўтмиши ҳақида ҳикоя этувчи 40 дан ортиқ достонларимиз мавжуд. Бахшилар томонидан ижро этиб келинаётган достонларда халқимизнинг бой маданияти, урф-одатлари, маросимлари билан биргаликда ватанга муҳаббат, мардлик, биродарлик, дўстлик, ростгўйлик ва тўғрисўзлик, бурч ва масъулият каби инсоний фазилатлар мадҳ этилади[17]. Достон – халқ ижтимоий-маънавий ҳаётини ўзида мужассам этган муҳим тарихий-этнографик манба бўлиб, йиллар давомида оғиздан-оғизга ўтган, уларнинг мазмуни эса турли сиёсий-иқтисодий факторларга қараб қисман трансформацияга учраган. Бироқ, бизнинг тадқиқотимиз учун муҳим концептуал жиҳат шундан иборат-ки, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Равшан” каби аксарият достонларимиз якунида доимо бош қаҳрамон ўз севимли ёри билан “Қирқ кун ва қирқ тун” давом этадиган “тўй” қилади ва халққа зиёфат беради[18]. Бир қарашда оддий ҳол, барча достон, эртак, асотир ёки шу каби жанрдаги асар қаҳрамонлари, одатий сценарий бўйича, якунда бахтга эришади. Аммо, унда халқимизнинг қадим замонлардан бери сақланиб келаётган, катта зиёфатлар билан халққа тўй бериш жиҳати юзага чиқади. Таҳлил натижаси шуни кўрсатадики, достонлар қанчалик қадимий тарихга эга бўлса, катта тўй-зиёфат қилиш урф-одати ҳам шунчалик қадимийдир илдизга эгадир. Шу жиҳатдан, ушбу одатлар – менталитетга узоқ йиллар давомида сингиб кетган, шу сабабли, бугунги кунда “йиллаб халқнинг қон-қонига сингган урф-одат”ни дунёвий, диний томондан тартибга солиш катта қийинчиликларга олиб келмоқда.
Масаланинг диний томондан тартибга солишга ҳаракатни В.П. Наливкин қуйидаги фикри билан изоҳлашга ҳаракат қилган: “Ҳалқ бутун оилавий ва қонуний ҳаётини, ислом динини қабул қилганига қарамай, шариатни маслаҳатларини инкор қилган равишда, аввалгидек одатларга кўра яшаб келмоқда. Мусулмон қонунлари билан мос келмайдиган бу – “одат”лар йиллар давомидан авлоддан-авлодга оғзаки тарзда ўтиб келган бўлиб, аслида “одат” қадимда, туркий-мўғуллар ҳали исломни қабул қилмаган (язычник) бўлган даврда пайдо бўлгандир”[19]. Юқоридаги берилган фикрларга хулоса сифатида, йиллар давомида бошқа ҳудудлар орқали кириб, халқимиз орасида ҳозирги кунда ҳам яшашда давом этаётган, глобаллашув ҳамда кенг қулочли интеграция сабабли пайдо бўлган баъзи чет “одат”лар, динимиз ва маънавиятимиз билан мутлақо боғлиқ эмас. Уларни “умрини узайтириш” – миллатимизнинг бой ва мураккаб тарихи, маънавий-ахлоқий ва фалсафий дунёқараши, ўзаро ижтимоий муносабатлари, иқтисодий ўсиш ва собит динига салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, доимий иқтисодий барқарорлик ва ривож, кучли ижтимоий ҳимоя, ёш авлоднинг таълим-тарбиясига доимий эътибор, тарихий ва маданий меросимизни қадрлаш, диний қадриятларимизни ҳурмат қилиш ва асраш, маънавий тарбияни мустаҳкамлаш, миллатимиз ҳақиқий урф-одат ва маросимларини сақлаб қолиш туфайли Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзига хос ўрнига ва эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Бугунги ёшларимиз қалбида, онгида, тафаккурида муқаддас миллий ғурурни, Ватан туйғусини, инсонга, унинг оиласини, хонадони ва маҳалласини, киндик қони тўкилган азиз жой-она Ватанни қалбдан севишни англатиш керак. Буларнинг ҳамма ва ҳаммаси ўзбек миллий менталитетининг мазмун ва моҳиятини ташкил этади. Буларнинг ёрқин натижаси сифатида, мамлакатимизда ўз менталитетимиз, динимиз, қадимий урф-одатларимизга хос ва мос равишда ўтказилиб келинаётган тўй (никоҳ-тўй, суннат-тўй ёки хатна -тўй, бешик-тўй) ларни мисол қилишимиз мумкин. Ёшларимиз келажакка ишонч билан қараган ҳолда янги “муқаддас оила”ларни барпо этмоқда.
Хулоса
Юқорида кўтарилган муаммолар ва уларнинг самарали ечими борасида қуйидаги хулоса ҳамда таклифларни бериб ўтиш лозим деб ҳисоблайман. Аввало, халқимизнинг кўп йиллар давомида шаклланиб келган муқаддас анъана, маросим, урф-одат ва ибратли удумларини сақлаб қолиш ва асраш бугинги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Чунки, ҳозирги информацион технологиялар замонида, юз бераётган глобаллашув жараёни халқимиз ҳаётига таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Аммо, ушбу таъсирлар орасида ижобийлари билан бир қаторда, салбий таъсирлар ҳам кириб келган ва уларни имкон қадар камайтириш, миллий анъаналаримиз ўрнини фақатгина “ғарб”га хос маданият эгаллашига тўғри ҳамда самарали курашни ташкил қилиш зарурдир.
Яна бир муҳим жиҳатлардан бири шуки, тўй/мотам/зиёрат маросимларини ким учундир “кўз-кўз” ёки “ким ўзарга” қилиш эмас, балки, барча тадбирларимизда кенг жамоатчилик билан уюшган ҳолда, оила, маҳалла, жамият фикр ва таклифларини ҳисобга олиб, ортиқча исрофгарчиликсиз ўтказиш кераклигини ёшлар онгига сингдириш муҳимдир. “Миллионлаб пул сарфланган тўй бахт келтирадими?” деган саволга ҳар биримиз тўғри жавоб топишга ўрганишимиз зарур.
Миллий маросимлар ва удумларни “оила бюджети” ва “бозор иқтисодиёти”га мос равишда ўтказиш, шу билан, оиланинг келажаги ва истиқболига салбий таъсирларни олдини олиш кераклиги барча онлайн ахборот воситаларида тушунтиришларни ташкил этиш долзарбдир. Чунки бу маросимлар “хўжа кўрсинга” ёки “ким ўзар” учун эмас, балки миллий ўзлигимизни сақлаб қолиш учун ўтказилишини унутмасилик керак.
Халқимизнинг ҳаётга, жамиятга, табиатга ва шароитга муносабати кўп минг йиллар давомида унга яратувчилик, меҳр-шафқат, мулоҳазалик ва осойишталик ато этган, ҳар бир кескин шароитда ҳам мулоқотдошига, каттага ҳурмат, кичикка иззат, муросаю-мадора, андишаю-мулоҳазага ўрин ва вақт топиш шароитида унинг менталитети шаклланган ва сайқал топган. Якуний фикр ўрнида, XX аср бошларида А. Қодирий томонидан ёзилган “Бахтсиз куёв” драмасидаги бош қаҳрамон – Солиҳнинг “катта тўй” қилиши, тўйни ўтказиш учун катта миқдорда қарз олгани, қарзни ўз вақтида тўлай олмай ёш келин-куёвнинг фожеали ҳалок бўлгани – биз учун ибрат бўлиши кераклигини ёдда сақлашимиз даркор. Тарих – ўтмишда йўл қўйилган баъзи хато ва камчиликлар кўзгуси, улардан тўғри хулоса чиқариш ҳамда уларни такрорланишидан эҳтиётланиш, оиламиз, жамиятимиз, миллатимиз, юртимиз келажагини янада порлоқ бўлиши учун муҳимдир.
[1] Бартольд В.В. Сочинения. Том V. – М.: Наука, 1968. – С. 162-163.
[2] Бартольд В.В. Сочинения. Том VIII. – М.: Наука, 1973. – С. 575.
[3] Абашин С.Н. Вопреки “здравому смыслу”? (К вопросу о “рациональности /иррациональности ритуальных расходов в Средней Азии) // Вестник Евразии. – М., 1999. № 1-2 (6-7). – С. 220; Яна қаранг: Наливкин В.П. Туземцы раньше и теперь. – Ташкент, 1913. – С. 115.
[4] Народы Средней Азии и Казахстана. Том. I. – М.: Издательство АН СССР, 1962. – С. 328.
[5] Народы Средней Азии и Казахстана. Том. I. – М.: Издательство АН СССР, 1962. – С. 328-329.
[6] Абашин С.Н. Вопреки “здравому смыслу”? (К вопросу о “рациональности /иррациональности ритуальных расходов в Средней Азии) // Вестник Евразии. – М., 1999. № 1-2 (6-7). – С. 221; Яна қаранг: Сухарева О.А. Квартальная община позднефеодального города Бухары (в связи с историей кварталов). – М., 1976. – С. 32.
[7] Абашин С.Н. Вопреки “здравому смыслу”? (К вопросу о “рациональности /иррациональности ритуальных расходов в Средней Азии) // Вестник Евразии. – М., 1999. № 1-2 (6-7). – С. 221; Яна қаранг: Поляков С.П. Традиционализм в современном среднеазиатском обществе. – М., 1989. – С. 64-65.
[8] Абашин С.Н. Вопреки “здравому смыслу”? (К вопросу о “рациональности /иррациональности ритуальных расходов в Средней Азии) // Вестник Евразии. – М., 1999. № 1-2 (6-7). – С. 220-238.
[9] Асқаров А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. – Т., 2015.
[10] Лобачева Н.П. Свадебный обряд хорезмских узбеков // Краткие сообщения Института этнографии АН СССР. Вып. XXXIV. – М.,1960; Яна қаранг: Кисляков Н.А. Очерки по изучению семьи и брака у народов Средней Азии и Казахстана. – Л., 1969. – С. 12-13; Яна қаранг: Снесарев Г.П. К вопросу о происхождении празднества суннат-туй в его среднеазиатском варианте // Занятия и быт народов Средней Азии. – Л., 1971. – С. 271-272; Яна қаранг: Пещерева Е.М. Свадьба в ремесленных кругах Каратага // Семья и семейные обряды у народов Средней Азии и Казахствана. – М.,1978. – С. 185; Яна қаранг: Сухарева О.А. Квартальная община позднефеодального города Бухары (в связи с историей кварталов). – М., 1976. – С. 32-33; Яна қаранг: Хамиджанова М.А. Туи хатна – обрезание у таджиков верхнего Зеравшана // История и этнография народов Средней Азии. – Душанбе, 1981. – С. 103-104; Яна қаранг: Басилов В.Н. Суннат-той в Ферганском кишлаке // Этнографическое обозрение, 1996. № 3. – С. 99-100; Яна қаранг: Шаниязов К. Узбеки-карлуки. – Т., 1964. – С. 138-139; Яна қаранг: Джаббаров И. Узбеки. – Т.: Шарқ, 2007. – С. 167-168, 244-248.
[11] Узбеки. Отв. ред. З.Х. Арифханова, С.Н. Абашин, Д.А. Алимова. – М.: Наука, 2011. – С. 381.
[12] Басилов В.Н. Суннат-той в Ферганском кишлаке // Этнографическое обозрение, 1996. № 3. – С. 99-100; Яна қаранг: Узбеки. Отв. ред. З.Х. Арифханова, С.Н. Абашин, Д.А. Алимова. – М.: Наука, 2011. – С. 381-382.
[13] Джаббаров И. Узбеки. – Т.: Шарқ, 2007. – С. 167-168; Яна қаранг: Узбеки. Отв. ред. З.Х. Арифханова, С.Н. Абашин, Д.А. Алимова. – М.: Наука, 2011. – С. 388.
[14] Узбеки. Отв. ред. З.Х. Арифханова, С.Н. Абашин, Д.А. Алимова. – М.: Наука, 2011. – С. 388.
[15] Асқаров А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. – Т., 2015.
[16] Онлайн ресурс: http://kun.uz/news/2017/08/03 (фойдаланилган вақт 07.12.18.)
[17] Джаббаров И. Узбеки. – Т.: Шарқ, 2007. – С. 244-248.
[18] Адабиёт. Биринчи қисм. Умумий ўрта таълим мактабларининг 8-синфи учун дарслик-мажмуа. –Т.: Ғ.Ғулом, 2014. – Б. 9-39; Яна қаранг: Адабиёт. Умумий ўрта таълим мактабларининг 7-синфи учун дарслик-мажмуа. –Т.: Шарқ, 2013. – Б. 126-158.
[19] Джаббаров И. Узбеки. – Т.: Шарқ, 2007. – С. 185..