Азиза Умарова SmartGov consulting компаниясининг ижрочи директори, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимида, давлат бошқаруви соҳасида ўн йиллик иш тажрибасига эга. Азиза Умарова карьерасини Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастурининг самарали бошқарув соҳасига доир лойиҳаларига раҳбарлик лавозимидан бошлаган, сўнгра ўз фаолиятини Сингапурда БМТ Тараққиёт дастурининг Давлат бошқаруви бўйича глобал марказида давом эттирган. Азиза Умарова Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, UNFPA эксперти, шунингдек Сингапурдаги Govinsider медиа ресурсининг Евроосиё бўйича таклиф этилган муҳаррири ва колумнисти ҳисобланади. Азиза Умарова Буюк Британия St Andrews Университети, Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университети битирувчиси, Хитой, Австрия ва Сингапурда яшаган ва меҳнат фаолиятини амалга оширган. UzAnalytics.com Азиза Умаровага бир неча саволлар билан мурожаат этди.
2019 йил Ўзбекистонда фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинди. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз: Ўзбекистонда ижтимоий тадбиркорлик қандай ривожланиши мумкин?
– Мамлакатимизда гарчи 2000 йилларнинг ўрталарида (ёрдамга муҳтож аёлларга кўмак беришга қаратилган) хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти жуда қийин бўлган, улар бутунлай ёпила бошлаган ёки ижтимоий корхона – МЧЖ сифатида қайта рўйхатдан ўтказила бошлаган шароитда ижтимоий тадбиркорликда бироз силжиш кузатилган бўлсада, ҳали ривожланмаган.
Ижтимоий тадбиркорлик мақсадларининг ўзи ҳар хил. Биринчидан, бу ижтимоий таъсир кўрсатиш, яъни корхона фаолияти мавжуд ижтимоий муамммоларни енгиллаштиришга қаратилган бўлмоғи керак. Айтайлик, аҳолининг заиф қатламини қайта ўқитиш, иш ўринларини яратиш, ижтимоий хизматларни ташкил этиш ва ҳоказо. Иккинчидан, корхона молиявий жиҳатдан барқарор бўлиши, яъни ижтимоий муаммоларни ўз фаолияти орқали олинадиган даромадлар орқали ҳал этиши керак. Ва албатта, кенг миқёсли бўлиши, яъни ўз тажрибасини бошқа ҳудудларда ҳам такрорлаши лозим. Ижтимоий тадбиркорлик – тадбиркорлик ёндашуви ҳисобига анъанавий хайр-саховатда ажралиб туради, чунки у ижтимоий самарадорлигидан ташқари, пул топишга ҳам йўналтирилган бўлади. Мисол тариқасида, Korzinka дўконларида эко-сумкаларни жорий этиш бўйича ғоямни кўрсатишим мумкин. Улар сўнгги тўрт йилда нафақат целлофан пакетлар сонини қисқартиришга, шунингдек, кам таъминланган аёллар меҳнат қиладиган Шаҳрисабздаги ижтимоий корхона учун иш ўринлари яратишга ҳам ёрдам бермоқда.
Давлат сармоядорлардан кўпинча ижтимоий лойиҳаларга инвестиция киритишни сўрайди. Бизнес буни қабул қилсада, бунга мажбурият деб қарайди. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
– Менимча, яхшини ёмондан ажратиш керак. Давлат бюджети даромадларни ресурслар (айтайлик, газ, пахта, уран, олтин ва шу кабилар)ни сотиш орқали тўплаб боради, бироқ, фуқаролар ва бизнесменлар тўлайдиган солиқлардан тушадиган даромадалар ҳам бор. Умуман олганда, ижтимоий ҳаражатларни қоплаш учун шуларнинг ўзи кифоя қилиши керак. Тўғри, мамлакатимиздаги демографик шароитни, аҳоли сонининг мунтазам ошиб боришини ҳисобга олганда, бу вазифа йил сайин мураккаблашиб бормоқда. Бироқ, масалани кескин ҳал этиш учун барибир, биринчи навбатда бюджет даромадлари ва ҳаражатлари ошкоралигини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, бутун дунёда ишбилармонлик этикасининг интеграл муҳим қисми сифатида бизнеснинг корпоратив ижтимоий жавобгарлиги амалда қўлланмоқда. Масалан, BP, Shell, Chevron ва бошқа кўплаб компаниялар нефть ишлаб чиқариладиган жойларда маҳаллий ҳамжамиятларни ривожлантиришмоқда. Мазкур шартларни сармоядорлар билан шартномалар тузиш пайтида келишиб олиш керак. Бунда бюджет маблағларини параллель равишда ҳисобдан чиқаришдан қочиш учун ушбу лойиҳаларнинг ошкоралигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда давлат ижтимоий мақсадлар учун маблағларни қай йўсинда сарфлаяпти?
– Мамлакатимизда давлатнинг ижтимоий мақсадлар учун маблағ сарфлаши бироз парадоксал хусусиятга эга. Масалан, собиқ СССР республикаларида субсидиялаштириладиган давлат мусиқа мактабларини сақлаб қолишга интилган ва бунинг уддасидан чиққан бошқа бир давлатни учратмадим. Бунинг учун ҳали 90-йиллардаёқ давлат бюджетидан шошилинч маблағ сарфланди. Бизда эса, ҳалигача ҳар бир туман марказида мусиқа мактаблари бўлиши билан бирга уларни Санъат мактабларига айлантириб ҳам юборишган. Ушбу муассасаларни янги мусиқа асбоблари билан таъминлаш бўйича махсус дастурлар эълон қилинди, уларда таъмирлаш ишлари мунтазам йўлга қўйилган. Бу жуда қиммат бўлсада, лекин айни ишлар амалга оширилмоқда. Эҳтимол, инсон капиталининг кучига ишонишгани учун бўлса керак. Шундай бўлсада, Ўзбекистонда (90 йиллардан буён ўзгармайдиган) олий таълим муассасаларига кириш учун белгиланган қатъий квоталар ҳамда хусусий олий ўқув юртларининг тақиқланиши шароитида мамлакат ўтган йилга қадар жаҳонда аҳолини олий таълим билан қамраб олиш бўйича энг паст кўрсатгичлардан бирига эга бўлган (Жаҳон Банкининг сўнгги маълумотларига кўра, 9.5%), худди Африка давлатлари сингари паст. Шу билан бирга, қўшни мамлакатлардагидан анча паст кўрсатгичлар қайд этилган. Статистика – ўжар бўлади. Яъни, мусиқий таълим бериш ва айни пайтда, олий таълим бермаслик, бошқача айтганда, бир-бирини инкор қиладиган нарсалардир.
Келинг, яна статистикага мурожаат қилсак. Жаҳонда ногиронлик бўйича энг паст кўрсатгичлардан бири мамлакатимизда қайд этилган. Бу рақам Ер юзидаги умумий аҳолининг ўртача 10 фоизи, Германия сингари бой ижтимоий йўналтирилган мамлакатлар (welfare state)да 15 фоизгача бўлгани ҳолда, юртимизда 2 фоиздан кам деб келтирилади. Сиз ҳамма соғлом, деб ўйламасангиз керак? Бу ерда гап давлатнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти халқаро стандартларидан ўтмасдан ҳамда пенсия ва нафақалар учун тўланадиган маблағни тежаш мақсадида экспертиза ўтказиш ва қайта тасдиқлаш тартибини мураккаблаштираётгани ҳақида боряпти. Инсон ҳаётий фаолиятининг ишлаши ва чегараланганлиги бўйича халқаро таснифлаш одам организмининг функциялари ва тузилиши билан бирга унинг ижтимоий фаоллик лаёқати ва жамият ҳаётида иштирок этишини ҳам эътиборга олади.
Ижтимоий соҳада муаммолар талайгина. Уларни ҳал этиш учун нимадандир бошлаш керак. Ишончим комилки, бизга ижтимоий ҳимоя бўйича камчиликларни тўлдирадиган ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқадиган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, етимлар, қийин аҳволда қолган оилалар ҳақида маълумот тўплайдиган, профессионал ижтимоий фаолият ва ижтимоий ходимларнинг жорий этилишини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган жуда керак.
Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун бизнес шароит етилдими? Муваффақиятли лойиҳалардан мисоллар келтира оласизми?
– Агарда бизнес ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун жалб этиладиган бўлса, буни ошкора амалга ошириш лозим. Бу борада бир неча мисоллар келтираман.
Хайрия фаолияти деганда, “холис” (беғараз ёки имтиёзли шароитларда) ёрдам кўрсатиш, ижтимоий-фойдали фаолият назарда тутилади. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига хайрия масаласи бўйича солиққа тортиш жараёнига янада қулай шароитлар яратадиган, шу билан аҳолини (юридик ва жисмоний шахсларни) мамлакатдаги ижтимоий масалаларга кўпроқ эътибор қаратишга ундайдиган қоидалар қўшишни кўриб чиқишни таклиф этиш муҳим, деб ҳисоблайман. Бу муҳим қадам мамлакатда хайрия маданиятини шакллантирган ҳолда, ўзаро ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос рағбатлатириш усули бўлади.
Бажарилиши лозим бўлган вазифа: янги солиқ кодексига хайрия терминларини киритиш ва имтиёзларни кўрсатиш
Кўпчилик юридик шахслар ўз фаолиятларининг муайян ривожланиш палласида хайрия босқичига дуч келадилар. Агар бу фаолият тури инсонлардан маълум расмийлаштиришни талаб этмаса, қонун ташкилотларга нисбатан қатъийроқ. Ҳар қандай фаолият бухгалтерия ёки солиқ ҳисоб-китобида акс этиши лозим.
Францияда чегирмалар компания тўлайдиган солиқлардан 0,5% ошмаслиги керак. Италияда солиққа тортиладиган фойданинг – 2%, Бразилияда – 4%, Мексикада – 7%, Ҳиндистон, Нидерландия, Жанубий Корея, Испания ва АҚШда – 10%, Хитойда – 12%, Германия ва Швейцарияда – 20%, Японияда – 40%, Канадада – 75% чегирмалар бор, Буюк Британияда чекловлар йўқ.
Хайрия фаолияти қандай мақсадларга йўналтирилиши мумкин?
-Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, жумладан кам таъминланганларнинг моддий аҳволини яхшилаш, ишсизлар, ногиронлар ёки, жисмоний ёҳуд интеллектуал хусусиятлари, турли шароитларга кўра, ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустақил тарзда амалга оширолмайдиган бошқа шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш;
-Аҳолини табиий офатлар, экологик, саноат ёки бошқа ҳалокатлар оқибатларини енгиб ўтишга, табиий офатлар, экологик, саноат ёки бошқа ҳалокатлар, ижтимоий миллий, диний низолар натижасида жабр кўрганлар, репрессия қурбонлари, қочоқлар, мажбуран кўчириб келинганларга ёрдам кўрсатишга тайёрлаш;
-халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ижтиоий, миллий, диний низоларни бартараф этиш;
– болалик, оналик ва оталикни ҳимоя қилишга кўмаклашиш;
-фан, таълим, маданият, санъат, маърифат, шахснинг маънавий камолоти каби соҳалардаги фаолиятга кўмаклашиш;
– фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фуқароларнинг руҳий-психологик ҳолатини яхшилаш каби соҳалардаги фаолиятга кўмаклашиш;
– атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш;
– тарихий, маданий аҳамиятга молик бўлган ёки табиий муҳофаза этиладиган бинолар, объектлар ва ҳудудлар, ибодатхоналар, мозорларни муҳофаза қилиш ва керакли тарзда сақлаш;
– аҳолини фавқулодда ҳолатларга тайёрлаш, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда ҳолатлардан ҳимоя қилиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид билимларни тарғиб этиш;
– етим болалар, ота-она парваришисиз, назоратсиз қолган, ҳаётда оғир аҳволга тушган болаларни ижтимоий реабилитация қилиш;
– аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий билим бериш;
-ихтиёрий (кўнгиллилар) фаолиятга кўмаклашиш;
– вояга етмаганларнинг назоратсиз қолиши ва улар ўртасида содир бўладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш фаолиятида иштирок этиш;
– болаларнинг илмий-техник, бадиий ижодкорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш;
– болалар ва ёшлар ҳаракатлари, болалар ва ёшлар ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга эга ташаббуслари, лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
– ижтимоий рекламани яратиш ва (ёки) тарқатиш фаолиятига кўмаклашиш;
– фуқаролар ижтимоий хавфли хулқ шаклларининг олдини олишга кўмаклашиш.
Хайрияни амалга оширувчи (жисмоний ёки юридик шахс)ни рағбатлантириш унга айрим солиқ имтиёзлари, кўпинча солиққа тортилаётган даромадни амалга оширилган эҳсон миқдорида камайтириш имконияти кўринишида тақдим этилади.
Фойда солиғи – хайр-эҳсон қилувчи (жисмоний ёки юридик шахс)ни қўшимча рағбатлантириш бўлиб, бунда унга айрим солиқ имтиёзлари, кўпинча солиққа тортилаётган даромадни амалга оширилган эҳсон миқдорида камайтириш имконияти тақдим этилади.
ҚҚС – Қўшимча қиймат солиғидан озод қилиш. Айниқса, хайрия фаолияти доирасида беғараз берилган товарлар (бажарилган ишлар, хизматлар) қўшимча қиймат солиғига тортилмайди.
Бундан ташқари, Марказий Европа мамлакатлари (Венгрия, Словакия ва ҳоказо) да бюджет тизимига тўланадиган барча солиқларнинг 1 фоизи солиқ тўловчининг ҳоҳишига кўра, у устувор деб ҳисоблаган соҳалар бўйича хайрияга йўналтирилиши мумкин. Масалан, уйсизларга ёрдам кўрсатиш, қишлоқ жойларида саводсизликка қарши кураш, ногиронлиги бўлган инсонларга кўмаклашиш ва ҳоказо кўринишида.