Ўзбекистонда ҳадис илмини янада ривожлантиришга старт берилди. Ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш орқали диний таълимни тўғри йўлга қўйиш вазифалари белгиланди. “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори бунинг учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
Uzanalytics.com мухбири “Ҳадис илми мактаби” фаолияти ташкил этилаётгани муносабати билан Ўзбекистонда хадисшунослик бўйича ягона фан доктори, профессор, исломшунос олим Убайдулла Уватовга бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.
Убайдулла УВАТОВ – тарих фанлари доктори (2003 йил), профессор. Илмий иши мавзуси: “Мовароуннаҳр ва Ҳуросон олимларининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий)”. 40 дан ортиқ китоб, 400 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Имом ат-Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот Маркази директори.
– “Ҳадис илми мактаби” нима учун аввалроқ эмас, айни ҳозирга келиб ташкил бўлмоқда? Бунга қандай эҳтиёжлар бор эди?
– Ислом дини таълимотида асосий манба бу Аллоҳнинг Каломи – Қуръони Карим. Ундан кейин турадигани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари. Қуръони Карим услуб ва тил жиҳатидан жуда мураккаб тарзда нозил бўлган, уни ҳар қандай одам бирдан ўқиб, тушуниши қийин. Ҳадислар эса осон ва енгил тарзда ифодаланган. Пайғамбаримиз келгусида умматлари нафақат араб миллатига мансуб, балки дунёнинг барча миллат вакиллари бўлиши эҳтимоли туфайли уни содда ва қисқа тарзда етказишни истаганлар. Масалан, “Ватанни севиш иймондандир” ёки “Бешикдан қабргача илм изла”. Кўряпсизми, содда, қисқа ва чуқур мазмун-моҳиятли. Ҳадис илми Аллоҳ ҳузурида илмларнинг энг улуғи, шарафлиси ва буюк даражалисидир. У билан шуғулланиш орқали Аллоҳ таоло Каломининг муродлари англанади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволлари, шамоиллари, тасарруф ва одоблари, шунингдек ислом аҳкомлари ўрганилади. Ҳадис илмини ўрганиш кишида ҳалимлик, олийжаноблик ва ҳакимлик каби олий хулқларни пайдо қилади ва ўзида бор яхши сифатларни тарбиялайди. Ҳадислар ислом олами халқларининг барча тилларига таржима қилинган, шу жумладан ўзбек тилига ҳам.
Уни ўрганишга қизиқиш азалдан жуда кучли бўлган. Бежиз юртимиз ислом оламининг кўплаб йирик ва буюк муҳаддис алломалар – аждодларимиз Ватани саналмайди. Дастлаб VIII аср охирида Кеш, яъни Шаҳрисабзда таваллуд топган аллома Абду ибн Ҳумайд ал Кешший асосан Ҳадис илми билан шуғулланганлар. У киши юртимиздан чиққан йирик ҳадисшунос олим ҳисобланади. Хатто Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Доримий каби муҳаддислар ҳам Кешга бориб бу кишидан сабоқ олганлари ҳақида манбаларда маълумотлар бор. Абду ибн Ҳумайд ал Кешший томонидан яратилган энг йирик ва машҳур китоб бу “Сунан” ҳадислар тўпламидир. Китобда жамланган ҳадислар кўплаб алломалар учун дарслик вазифасини ўтаган.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк ҳадисшунослар Имом Бухорий ҳазратлари, Имом Доримий ҳазратлари ва бошқаларнинг ислом оламидаги мавқелари жуда баланд. Уларнинг асарлари ҳамон ўрганилади, тадқиқотлар олиб борилади. Юртимизда ҳам уларнинг бой меросини ўрганиш, тарғиб қилиш ишлари доимий эътиборда. Энг аниқ, энг ишончли манбалар асосида кўплаб асарлар яратган, илмий асосларда ҳадисларни тўплаган йирик аллома Имом ал-Бухорий ҳазратларининг 1250 йиллик таваллудлари кенг нишонланди, асарлари тўлиқ ўзбек тилига таржима қилинди, мажмуалари барпо этилиб, зиёратгоҳга айлантирилди. У киши ҳадисларни жамлаш, ёзиш, ўрганиш ишлари билан шуғулланувчилар учун “Ҳадис илмининг шартлари”ни (“Имом Бухорийнинг шартлари” ҳам дейилади) ишлаб чиққанлар. Бир нечта банддан иборат бу шартларнинг асосийси, Ҳадисларни ҳикоя қилувчи киши – манбанинг силсиласи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга узлуксиз боғлиқ бўлиши лозим. Бухорий ҳазратлари манбалари, келиб чиқиши ишончли ва аниқ бўлмаса, қандайдир шубҳа уйғотса, бундай ҳадислардан воз кечганлар. У киши жамлаган “Саҳиҳ Бухорий” асари 7 мингдан ортиқ Ҳадис – Пайғамбаримиз айтган сўзлардан таркиб топган бўлиб, ислом таълимотида Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда туради.
– Бундай мактаб бошқа ислом давлатларида ҳам мавжудми?
– Эрон ва Араб давлатларида, ислом дини кенг тарқалган мамлакатларда йирик ўқув мадрасалари ҳамда университетлар фаолият олиб борида. Уларнинг таркибида эса “Ҳадисшунослик” факультетлари бор. Аммо ҳадислар мукаммал, батафсил, чуқур ўргатилади. Бизда ташкил этилаётган мактаб ўзига хос, фақат ҳадисларга ихтисослашган.
– Мактаб фаолият бошлаши учун маҳаллий мутахассислар миқдори ва улардаги малака сифати етарли бўладими?
– Тошкент ислом акадиемияси, Имом Бухорий номидаги ислом институти ва ўқув мадрасаларида илмли, салоҳиятли ҳадисшунослик фани бўйича етук муаллимларимиз, мунаққидларимиз фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг орасида шу мавзуда номзодлик ишини ёқлаб, илмий даражага эришган бир нечта тадқиқотчилар ҳам бор. Ҳозир ана шу мутахассислардан таркиб топган махсус комиссия талабалар орасида танлов ўтказишмоқда. Мактаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади. Мактабда ўқиш муддати беш йил ва у кундузги таълим шаклида олиб борилади. “Ҳадис илми мактаби”да ўқиш истагида бўлган талабгорлар мамлакатимизда фаолият юритаётган 10 дан ортиқ мадрасалардан бирининг битирувчиси бўлишлари, ҳадис илми ва араб тилини билишлари, ёд олиш қобилиятлари ривожланган бўлиши шарт. Имом Бухорий ҳам барча ҳадисларни ёддан айтиб бера олганлари тарихдан маълум. Шу талаблар асосида дастлаб энг иқтидорли ва салоиҳиятли 10 нафар талаба янги мактаб учун танлаб олинади.
– Янги мактаб ташкил бўлиши ҳадисшунослик фанига қандай ижобий таъсир кўрсатади?
– Юқорида айтганимдек, ҳадисларни чуқур билишимиз, ўрганишимиз керак. Ҳадисларда гап кўп. Янги мактаб ҳаётимиздаги ана шу кемтикни тўлдиришга хизмат қилади. Талабаларга дарс ўтиш учун хориждан ҳам таниқли ва машҳур мутахассислар жалб этилиши ҳукумат қарорида кўрсатиб ўтилган. Яна ҳужжатга мурожаат қилсак, ҳадисшуносликда ижобий ўзгаришлар қандай бўлиши кўпроқ ойдинлашади. Ислом динининг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ўрганиш, ижтимоий, ахлоқий масалалар ҳамда ёшлар тарбиясига доир манбаларни кенг ёритиш ва тарғиб қилиш орқали “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида фаолият олиб бориш кабилар “Ҳадис илми мактаби”нинг асосий вазифалари этиб белгилангани бизни жуда қувонтиради.
Бундан ташқари, ҳадис илми асосларини чуқур эгаллаган, унга оид тадқиқотлар билан яқиндан танишган ва соҳадаги замонавий муаммоларни ҳал қила оладиган, шунингдек, бу борада илмий изланишлар олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш ҳам устувор вазифалар қаторида туради. Унинг талаба ва мунаққидлари Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий ва юртимиздан етишиб чиққан бошқа муҳаддис алломалар меросини ҳар томонлама ўрганадилар ва улар асосида илмий-тадқиқотлар олиб борадилар.
Ҳадис илми мактабида Қуръон карим, фиқҳ, ақоид, тафсир, ислом тарихи, араб тили ва бошқа фанлар бўйича чуқур билимлар берилиши билан бир қаторда, ҳадис ва унга оид илмлар ўргатилади. Жумладан, “Ҳадис”, “Мусталаҳул ҳадис” (Ҳадис истилоҳлари), “Ҳадис ва шарҳ, “Аҳкомул-ҳадис” (Ҳукм олинадиган ҳадислар шарҳи), “Жарҳ ва таъдил” (Ровийларни ҳолатлари тўғрисидаги фан), “Тахриж ва диросатул асонид” (Ҳадис иснодларини чиқариш ва ўрганиш), “Илалул ҳадис” (Ҳадис иллатлари ва уни заиф қилувчи сабаблар) каби мутахассислик фанлари ўқитилади.
Мир Араб мадрасаси Мадраса биносини милодий 1530–1536 (ҳижрий 936–942) йилларда шайх Мир Араб қурдирган. Мир Араб мадрасаси узоқ йиллар ислом йўналишида таълим берувчи СССРдаги ягона муассаса бўлган. Россия муфтийлар Кенгаши раиси Равиль Гайнутдин, Озарбайжон муфтийси Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон муфтийси Ратбек Нысанбайулы, Ўзбекистон муфтийси Эшон Бобохон, Чеченистон Республикаси Президенти Аҳмад Қодиров ва бошқа кўплаб машҳур дин ва сиёсат арбоблари унинг битирувчилари бўлишган.