Сўнгги икки йил ичида Истамбул, Нью-Йорк, Санкт-Петербург ва Стокгольмда юз берган террорчилик ҳаракатларида Марказий Осиё фуқаролари иштирок этган. Марказий Осиёликлар содир этган терактларнинг аксарияти минтақа ташқарисида юз берган бир пайтда, жорий йилнинг август ойида Тожикистоннинг жанубида тўрт нафар сайёҳ Ислом давлати байроғи остидаги террорчилик ҳужуми қурбонига айланди. Бу, Ислом давлати жавобгарликни ўз бўйнига олган илк ҳужумдир. Шундан буён Марказий Осиёни ислом экстремизми манбаи ва терроризмни экспорт қилувчи минтақа деб аташади. Сурия ва Ироқдан қайтиб келаётган ёлланма жангарилар, Афғонистондан минтақага кириб жойлашаётган жангчилар ҳамда маҳаллий террорчилар минтақа учун катта хавф туғдирмоқда. Бироқ, бу ердаги реал террорчилик хавфини белгилаш мураккаб. Чунки Марказий Осиё республикалари ҳукумати бу вазиятдан шахсий ҳокимиятни янада мустаҳкамлаш мақсадларида фойдаланишмоқда.
Эдвард Лемоннинг “Марказий Осиё ва минтақа ташқариси: Россия, Туркия, Европа ва АҚШда терроризм хавфи” мавзуидаги тақдимоти Марказий Осиёда 2014 йилдан бошлаб олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар давомида йиғилган маълумотларга асосланади.
Тақдимот стенограммаси Марказий Осиё Дастурида, Дж. Вашингтон университети, 2018 й, 27 сентябрь.
Тақдимотдаги нутқнинг видеоси
Менинг охирги тадқиқотим “Марказий Осиёда ва ундан ташқаридаги, масалан, Марказий Осиё жамиятлари ўртасида мавжуд бўлган террорчилик таҳдидларини қандай баҳолаш мумкин?” мавзусига бағишланади. Бугунги тақдимотда ҳам айнан шу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан. 2018 йилнинг июлида беш нафар тожикистонлик ёшлар Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД) «Амак» медиа-агентлиги томонидан тайёрланган видео мурожаат билан чиқдилар. Улар ушбу видео мурожаатда бузилган рус тилида ИШИД етакчиси Ал-Боғдодийга содиқ эканликларини эълон қиладилар, Тожикистон ҳукуматини танқид остига олиб, мамлакат ҳудудида террорчилик ҳаракати содир этиш режалари борлигини маълум қиладилар. Бир неча кундан сўнг улар иккита машинада швейцариялик, нидерландиялик ва АҚШлик сайёҳатчи-велосипедчиларни уриб юборадилар. Ушбу ҳалокат ва пичоқ билан етказилган жароҳатлар оқибатида тўрт нафар сайёҳ ҳалок бўлади.
Бу Марказий Осиё учун муҳим воқеага айланганининг камида икки сабаби бор. Биринчидан, минтақада ғарб сайёҳларига биринчи марта бундай ҳужум уюштирилди. Илгари Ўзбекистон Ислом ҳаракати 1999-2000 йиллардаги фаолияти давомида одамларни асирга олган эди. 2004 йилда Ўзбекистондаги Исроил ва АҚШ элчихоналарида ҳужум содир этилган. Тожикистондаги фуқаролар урушида ҳам одамлар ўлдирилган ва асирга олинганлар. Бироқ ғарб сайёҳларига нисбатан бундай зўравонлик илк маротаба содир этилди. Иккинчидан, бу теракт бевосита ИШИДга алоқадор бўлди. Ҳужум содир этилгандан кейин икки кун ўтгач, эълон қилинган видеода ИШИД аъзолари ва теракт ижрочилари ўртасида муайян алоқа бўлгани ўз-ўзидан аён бўлди.
Тақдимотимнинг биринчи қисмида нима учун буларнинг бари умумқабул қилинган чегаралардан чиқиб, шу пайтгача Марказий Осиёда содир бўлган террорчилик ҳужумларининг асосий йўналишларига қарши бораётгани ҳақида айтиб бераман.
Шунингдек, Марказий Осиё фуқаролари уларнинг халқаро терроризм билан алоқалари мавжудлиги учун дунё матбуотига ҳам тушдилар. Чапда 2017 йил октябрда Хэллоуин байрами куни Нью-Йорк шаҳрида теракт содир этган Сайфулло Соиповнинг фотосуратини кўришингиз мумкин. Жаҳон савдо маркази яқинида содир этилган мазкур теракт оқибатида 8 нафар киши қурбон бўлди. Ўнгда 2017 йил апрель ойида Санкт-Петербургдаги метрода теракт амалга оширган ва 14 нафар кишининг ўлимига сабабчи бўлган Акбар Жалоловнинг фотосуратини кўришингиз мумкин.
Пастда – ўзбекистонлик Абдуқодир Машариповнинг фотосурати жойлашган. У 2017 йил 1 январь куни Истамбулдаги «Reina» тунги клубида босқинчилик содир этган.
Слайднинг юқори қисмида – асли ўзбекистонлик бўлган, 2017 йил апрелда Стокгольмда теракт содир этган Раҳмат Оқиловнинг фотосуратини кўрамиз. Пастдан чап тарафдагиси – 2015 йил май ойида ИШИД га ўтгани билан ҳамманинг эътиборини тортган Тожикистоннинг собиқ ОМОН (махсус топшириқлар бажарувчи милиция отряди) етакчиси Гулмурод Халимовнинг фотосурати.
Ҳар сафар теракт содир этилганидан сўнг ҳамма минтақанинг “терроризмни экспорт қилувчи ҳудуд”, “экстремизм ўчоғи”га айланиб бораётгани, айнан шу ерда янги ёлланма аскарлар ва террорчилар тарбияланаётгани ҳамда минтақа глобал хавфга айланиб бораётгани ҳақида гапира бошлади.
Менинг бугунги тақдимотим қатор нашрлардан олинган маълумотларни қисман ўз ичига олади. Russia Matters (Гарвард университети Джон Кеннеди номидаги Мактаби бошқармасининг Илм-фан ва халқаро ишлар бўйича Белфер маркази интернет-сайти)да нашрга тайёрланаётган ҳисобот ана шулардан биридир. Унда Марказий Осиёдан ташқарида яшайдиган минтақа фуқаролари туғдирадиган хавфлар тадқиқ этилади. Менинг Марказий Осиёнинг ўзидаги таҳдидларга оид шахсий ҳисоботим Вудро Вильсон номидаги Халқаро илмий марказнинг Дж.Кеннан номидаги «Kennan Cable» Институти навбатдаги нашрлар тўпламига киритилади. Юқоридаги икки ҳисобот ҳам бир неча ҳафта ичида эълон қилинади, деган умиддаман.
Учинчидан, тақдимотимнинг минтақа ичидаги терроризм ва экстремизм сабаблари ҳақида сўзлаб берган бир қисми қатор нашрларда, хусусан яқинда Колумбия университетининг Гарриман Институти «Harriman» журналида чоп этилди. Мен яқин кунларгача докторантура тадқиқотларимни шу университетда олиб борганман.
Ҳозир эса, илмий журналда Анна Матвеева ва Антонио Гуистозининг яқинда эълон қилинган мақоласидаги танқидига жавоб бермоқчи эдим. Анна Матвеева ва Антонио Гуистози Марказий Осиёдаги террорчилик таҳдидлари даражасига танқидий қараганимиз учун олимлар, жумладан мени ҳам танқид қилади. Улар кўпроқ махсус хизматлар, ҳокимият ва фуқаролик жамияти органлари вакиллари билан бўлган интервью жараёнида олинган маълумотларга асосланган ҳолда, қуйидагиларни маълум қилишди “Хавф биз ўйлагандан ҳам кўра каттароқдир. Бу хавф реал бўлиб, унга эътибор бермаслик мумкин эмас”. Улар шу тариқа, ушбу таҳдид давлат томонидан инсонларни бошқариш воситаси сифатида фойдаланилмоқда, деб баён этадиган менинг изланишларим ва бошқа тадқиқотчиларнинг ишларини танқид қилишмоқда. Ўйлайманки, таҳдид ҳатто манипуляция воситаси сифатида ишлатилаётган тақдирда ҳам, бу хавф мавжуд эмас деган маънони билдирмайди. Менимча, баъзи танқидчилар айнан шу жойда бизни нотўғри тушунганлар.
Бир неча йил олдин Дэвид Монтгомери ва Джон Хизершоу Чатем-Хаус даги ўз мақолаларида Марказий Осиёда ислом хавфи – бир уйдирма, деб ёзган эдилар. Бироқ бу ушбу хавф умуман мавжуд эмас, дегани эмаску. Минтақадаги сиёсий зўравонлик инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келди. Лекин, айни пайтда, террорчилик ҳаракатлари таҳдидлари қай тарзда бошқарилаётганига эътибор қаратмаслик ҳам мумкин эмас.
Шундай қилиб, мен буларнинг барини асос қилиб олган ҳолда, минтақада сўнгги 10 йил ичида, яъни 2008 йилдан 2018 йилгача содир этилган террорчилик ҳужумларини таҳлил қилдим. Дастлаб мен Мэриленд университети томонидан терроризм ва терроризмга қарши кураш воситаларини ўрганиш бўйича эълон қилинган START маълумотлар базасидан фойдаланишни режалаштирдим. Мазкур базага кўра, 1970 йилдан буён дунё миқёсидаги террорчилик ҳужумларининг фақат 0,001% игина Марказий Осиёга тўғри келади. Кейин эса, мазкур маълумотлар базасида сақланаётган барча ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам аслида терактлар эмаслигини тушундим. Базага айрим маълумотларни киритганлар, баъзиларини эса, йўқ.
Шунда ўзим маълумот тўплашга қарор қилдим. Бугун бу ишларнинг натижаси тақдим этилади.
Марказий Осиёдан ёлланма аскар сифатида Сурия ва Ироққа кетган фуқаролар сони 2 минг нафардан 4 минг нафаргача ўзгариб турибди. Бу рақамлар минтақа умумий аҳолисининг 0,0001% ни ташкил этади. Мен терроризм деганда, террорчилик гуруҳлари деб ҳисобланган нодавлат субъектлар томонидан амалга оширилган ҳаракатларни ўз ичига олувчи кенг кўламли ҳодисани назарда тутаман.
Мен терроризмга қарши кураш операциялари ҳақида гапирганим йўқ, мен терроризмга алоқаси бўлмаган гуруҳларни ҳам киритса бўладиган турли тузилмалар рўйхатидаги ҳужум ва зўравонликларни назарда тутаяпман (масалан, 2012 йил июлда Хорогда маҳаллий командир Толиб Аембеков тарафдорлари томонидан МХДҚ (ГКНБ – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси) раҳбарининг ўлдирилиши ҳамда 2012 йил августда Олма-Отада содир этилган ва ҳукумат келиб чиқиши номаълум бўлган диний экстремистик ташкилотни айблаган 12 кишининг ўлдирилиши).
Мен терроризмнинг бундай кенг таърифини асос қилиб олган ҳолда, минтақада 2008 йилдан буён фақат 18 та террорчилик ҳаракати содир этилганини аниқлай олдим.
Бундай терактлар 2011 йилда Остона шаҳрида юз берган ва графикада терактларнинг бир қисми Қозоғистон ва Тожикистонда ҳам содир бўлганини кўриш мумкин. Хорог, Помирдаги зўравонликлар, 2010 йил Камаробда амалга оширилган ва оқибатда 25 нафар тожик аскари ҳалок бўлган воқеа ана шундай терактларга тааллуқли. Буларнинг бари Тожикистон ҳукуматининг 2015 йилда собиқ мудофаа вазири томонидан ҳокимиятни ағдаришга бўлган ҳаракатлари деб атаган низонинг бир қисми бўлди. Шубҳасиз, яқинда Тожикистоннинг жанубидаги Данғара ҳудудида уюштирилган босқинчиликлар ҳам шунга тегишлидир. Минтақа бўйича турли ҳужумлар содир этилди, бироқ уларнинг умумий сони 18 тани ташкил этади.
Тўпланган маълумотлар 2008 йилдан буён террорчилик ҳужумлари оқибатида 142 нафар киши ҳалок бўлганини кўрсатди. Қурбон бўлганларнинг аксарияти мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бўлган. Ҳали айтиб ўтганимдек, босқинчиликлар пайтида ҳалок бўлган фуқаролар сони номутаносиб бўлиб, бу ҳам Тожикистонда яқинда содир этилган босқинчилик умумий картинада яққол кўриниб қолаётганини исботлайди. Ҳалок бўлган 142 нафар фуқаронинг 49 нафари террорчилик гуруҳларининг аъзолари бўлган. 23 нафар тинч аҳоли тасодифан ўлдирилган (июль ойида Тожикистон жанубида ўлдирилган тўрт нафар фуқаро бундан мустасно). Кўпинча одамлар ўзлари билмаган ҳолда, террорчиларнинг йўлига чиқиб қолганлари учун қурбон бўлганлар. Террорчилар уларни атайдан ўлдиришга ҳаракат қилгани ҳақида далиллар йўқ ҳисоб. Террорчилик ҳужумларининг ярми минтақадаги энг ривожланган мамлакат бўлмиш Қозоғистонга тўғри келмоқда. Уларнинг қолган ярми Тожикистонда содир этилган.
Мазкур ҳужумларда ўзига хос қандай умумий жиҳатлар бор? Сўнгги 10 йил ичида содир этилган 18 та босқинчиликда қандай бош мавзу кузатилади?
Аввал айтиб ўтганимдек, уларнинг деярли барчаси куч тузилмалари, махсус хизматлар, милиция ва ҳарбий кучларга қаратилган эди. Назаримда, ушбу ҳужумларни қайсидир маънода мамлакат билан боғлаш мумкин бўлган икки йўналиш мавжуд. Яъни Тожикистон билан бўлган ҳолатда, 2015 йил Душанбе ва Вахдатда ҳамда 2009 ва 2011 йилларда Хорог, Помир ва Рашт водийсида юз берган зўравонлик ҳодисалари мамлакатда фуқаролик уруши охирида йўлга қўйилган тинчликпарвар фаолият билан шуғулланувчи фуқароларни жалб қилган. Бироқ кейинчалик, бу одамлар Джон Хизершоу ва Парвиз Мулложонов “низоларни авторитар тартибга солиш” деб атаган жараёнда иштирок этиш ҳисобига, давлат ичидаги ўз ўринларини топширадилар. Улар давлат одами ҳисобланганлар ва бундан фойда олганлар. Масалан, турли ноқонуний даромадлардан фойдаланиш сингари. Кейин улар бўшатилади ва улар турли жанжаллар чиқара бошлайдилар, бу эса, мамлакатда сиёсий зўравонликни келтириб чиқаради.
Қозоғистондаги босқинчиликлар уларда полиция ва махсус хизматларга қасди бўлган фуқаролар қатнашгани билан ажралиб туради. Маълум қилишларича, 2016 йил Олма-Ота шаҳрида 3 нафар полиция ходими ва 1 нафар оддий фуқарони отиб ўлдирган Руслан Кулекбоев қамоқда ўтирган пайтида радикал бўлган. У мазкур босқинчилик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари у ва унинг акаларини қийноққа солгани учун улардан диний маънода ўч олиш ҳаракати бўлганини қайд этган.
Иккинчидан, харитада кўрсатилганидек, аксарият ҳужумлар чекка қишлоқларда содир этилган. Улар асосан, Қозоғистоннинг ғарбий қисми – Оқтоба ва Атирау; Тараз (2011 йилда юз берган оммавий қирғин) сингари жойларда юз берган. Тожикистонда эса, Помир, Рашт водийси, оппозиция билан боғлиқ бўлган вилоятларда амалга оширилган. Назарий жиҳатдан олганда, бу ерда марказ ва ҳамда чекка ҳудудлар ўртасидаги муносабатлар ва мамлакатдаги иқтисодий ривожланишнинг номутаносиб даражаси билан боғлиқлик кўзга ташланади.
Марказий Осиёда сўнгги 10 йил ичида юз берган босқинчиликларга хос бўлган учинчи жиҳат шундан иборатки, айрим ҳужумлар трансмиллий жиҳод ҳаракатлари билан қандайдир боғлиқ бўлган бўлсада, минтақада амалга оширилган аксарият ҳужумлар ва босқинчиларнинг кўпчилиги трансмиллий ислом ҳаракатлари билан алоқадор бўлган. Айрим ҳужумларни радикалларнинг ўзлари ишлаб чиққанлар (масалан, Олма-Отада Кулембековнинг ҳукумат вакилларига уюштирган ҳужуми). Қатор босқинчиликларни амалга оширган ҳамда 2011 йил декабрда Таразда 7 нафар кишини отиб ўлдирган Максат Кариевнинг ҳаракатини ҳам шунга киритиш мумкин.
Бошқа бир қанча босқинчиликлар жиҳодчилар тарғиботидан руҳланган шахслар томонидан содир этилган. Расмий маълумотларга қараганда, улар ташқи гуруҳлардан ҳеч қандай тўғридан-тўғри буйруқ олмаганлар. Қозоғистон ҳукумати муайян воқеаларнинг бир-бирига тўғри келиб қолиши ушбу ҳужумларнинг содир этилишига олиб келганини маълум қилган.
2016 йил июнда Оқтобадаги отишмада бир неча жангарилар ёки террорчилар иккита қурол-яроғ дўконини талон-тарож қилган ва жами 16 нафар киши ҳарбий базага ҳужум қилган. Мамлакат раҳбари Назарбоев уларни бундай босқинчиликларни содир этишга ИШИД ундаганини маълум қилган. Бироқ бунга нисбатан ҳеч қандай далиллар бўлмаганди.
Тўртинчи фарқли жиҳат шуки, юқоридаги барча ҳужумлар бир марталик, қисқа муддатли ва деярли ташкиллаштирилмаган бўлган. Деярли барча ҳолатларда босқинчилар муайян талаб қўймаган. Улар ўз мақсадларини очиқ айтмаганлар. Агар қандайдир мақсадлари бўлган тақдирда ҳам, бу мақсадлар ноаниқ бўлган. Масалан, 2018 йил июлда Тожикистонда юз берган тажовузкорликда ана шундай ҳолат юз берганди. Гарчи биз, ҳар бир босқинчиликдан сўнг янги воқеа содир бўлди ва бундай ҳолатлар қайта-қайта юз бераверади деб гапирсакда, барибир террорчилик босқинчиликлари сонининг кескин ошмаганининг гувоҳи бўламиз.
Аслида, 1998 йилдан 2008 йилгача содир этилган террорчилик ҳужумлари сони шу тарзда кўриб чиқилса, улардаги қурбонлар сони деярли ўхшаш бўлади. Ўшанда қурбонлар сони 145 нафар бўлган бўлса, ҳозирги ҳолатда уларнинг сони 142 нафарни ташкил этди. Террорчилик хавфининг кўпайиши кузатилмаган. Шунингдек, СССР давридаги турли мутахассисларнинг террорчилик хавфига оид мантиқий мулоҳазалари билан танишадиган бўлсак ҳам, бу мавзу ҳақида 30 ёки 40 йилдан буён гапирилмоқда. Илгари Совет Иттифоқининг қулашига сабабчи бўлиши мумкин деган суфийлик иттифоқлари ёки суфийликнинг турли ноқонуний тузилмалари ҳақидаги фикр маълум қилинган эди. Шубҳасиз, бу фикрлар ўз исботини топмади. Менимча, мамлакатдаги таҳдиднинг реал даражасини баҳолаш учун масалага реал ёндошиш талаб этилади.
Марказий Осиёга ёлланма аскарларнинг қайтиши ва террорчиларнинг Афғонистондан кириб келиш таҳдидларини минтақадаги бошқа таҳдидлар қаторига киритиш мумкин. Биз кузатаётган картина тўлиқ эмас. Мумкин бўлган энг юқори баҳо ҳақида гапирадиган бўлсак, рўпарамизда ҳар бир мамлакат бўйича ҳисоб-китоблар берилган. Энг юқори баҳо ҳуккумат томонидан тақдим этилган, рақамлар The Soufan Group сингари гуруҳлар томонидан олинган рақамлар ҳисобига шакллаантирилади. Шу тариқа бизнингча, Сурия ва Ироққа жанг қилиш учун кетган одамлар сони 2300…4300 тани ташкил этади.
Воқеалар ривожи қандай? Халифалик ўз фаолиятини сусайтирган шароитда энди бу одамлар нима қилади?
Уларнинг кўпчилиги учун бу тажриба энг охиргиси бўлди, чунки улар ўлдирилди. Бу ўз-ўзидан маълум. Чунки Ислом давлати келтирган рақамлар Тожикистон фуқароларининг Ислом давлатига асосан ўзини-ўзи ўлдирувчи террорчи сифатида кўчиб борганини кўрсатмоқда. Ҳукумат маълумотларига кўра, уларнинг камида 800 нафари ўлдирилган. Шу тарзда, иккинчи сценарийни ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонлик 300 нафар фуқаронинг минтақага қайтгани ҳисобга олинса (уларнинг айримларига айблов қўйилди, баъзилари амнистия бўйича авф этилди), тахминан 1000-3000 нафар фуқаро ёки Ироқда қолган ёки бошқа жойларга кўчиб ўтган.
Уларнинг қанчаси қамоқда, асосан Ироқ қамоқхоналарида ўтиргани номаълум. Бу масала юзасидан менда аниқ рақамлар йўқ.
Учинчи сценарийни бошқа мамлакат мисолида кўриш мумкин. Биз қатор далилларни топдик ва уларни Вера Миронова текшириб чиқади. Бу далиллар ҳисоботдаги бошқа бобнинг бир қисми бўлади. Уни мен Гарвард университети Белфер маркази билан ҳамкорликда тайёрлаяпман. Вера ўзининг Украинага ташрифи давомида рус тилида сўзашувчи собиқ ёлланма аскарлардан интервью олган. Уларнинг айримлари мазкур суҳбатдан сўнг бошқа жанг қилишни исташмаган: жангарилар жуда чарчаганлар ҳамда Сурия ва Ироқда юз берган воқеаларни кўриб, умидсизликка тушганлар. Баъзилари эса, кейинги жангда ўзини синаб кўриш ёки Европада навбатдаги ҳужумни уюштириш пайти келишини кутишмоқда. Табиийки, бу бошқа бир сценарий бўлади.
Тўртинчи сценарий – ёлланма аскарларнинг бошқа низоларда иштирок этиши. Масалан, келиб чиқиши афғонистонлик бўлган араблар ўз кўникмаларини амалда қўллаш мақсадида турли жангари ҳаракатларда қатнашиб юрганлар. Марказий Осиё жангчиларининг Афғонистонга қараб силжишига нималарни далил қилиб кўрсатишимиз мумкин? Булар – мамлакатларнинг қўшничилиги ва тил яқинлиги бўлиб, бу Марказий Осиёни собиқ ёлланма аскарлар ва янги рекрутерлар учун мантиқий белгилаш пунктига айлантиради. Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги умумий чегара 2300 километрни ташкил этади.
ОАВ да кўпинча ана шу ҳақда гапирилади. Мен Афғонистон бўйича эксперт эмасман, шунинг учун бу борадаги тафсилотлар тўғрисида тўхталиб ўтирмайман. Лекин назарий жиҳатдан, Ислом давлати сўнгги 4 йил ичида Афғонистонга кириб борганини маълум қилган. Унинг таъсири Толибонлар ҳаракатига эмас, асосан Марказий Осиё фуқароларига қаратилган, чунки Ислом давлати очиқ мафкурани ҳамда шимолга, яъни совет давридан кейинги Марказий Осиёга томон силжиб бориш истагини тарғиб қилади. Ислом давлати Афғонистондаги иштирокини маълум қилганидан сўнг Нангархар вилоятидан пастда, Покистон билан чегарага, юқори Бадахшонга Тожикистон билан чегарага ва сўнгги маълумотларга қараганда, Джаузджан вилоятига томон силжиган. Шундай бўлсада, августда эълон қилинган ҳисоботларда келтирилишича, Джаузджаннинг Туркманистон билан чегарада жойлашган бир қисми ХПИД томонидан йўқотилган.
ХПИД – Хорасан провинцияси Ислом давлатининг қудрати кўпчилик томонидан муҳокама қилинмоқда. Афғонистон ҳукумати бу ердаги аскарлар сонини 3000 та, Россия ОАВ лари 10000 та ва ундан юқори деб кўрсатмоқда. Мамлакат қудратини аниқлаш жуда мураккаб.
Афғонистон ҳукуматининг фикрича, 2017 йилнинг биринчи ярим йилида 100 нафар ёлланма аскар ХПИД сафларига кириш истагида мамлакатга кўчиб келган. Тайёрланган ҳисоботлар ва видеода ўзбекистонлик ёлланма аскарларнинг курашни давом эттириш мақсадида Суриядан Афғонистонга кўчиб ўтгани айтилади. Шунингдек, Тожикистон фуқароларининг ҳам у ерга ўтгани ҳақида далиллар бор. Улар Туркия билан чегаралар ёпиқ бўлгани боис, Сурия ва Ироққа ўта олмаганлар. Афғонистонга эса, Эрон-Афғонистон чегараси орқали кирганлар.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, ўнлаб ана шундай инсонлар ҳақида гапирди. Сўнгги йилда ОАВда тожиклар у ёки бу йўллар орқали Афғонистонга кўчиб кирган 9 та ҳолат тўғрисида айтиб ўтилди. Одамларнинг Сурия ва Ироқдан Афғонистонга кўчиб ўтиш ҳоллари кузатилмоқда. Одамлар Сурия ва Ироққа эмас, Афғонистонга кўчиб ўтишмоқда. Бироқ, ушбу маълумотлар Ислом давлатига 2014-2015 йилларда ёлланган аскарлар сони билан таққосланганда, бу рақамлар унчалик ҳам катта эмаслиги аён бўлади.
Чегара ҳудудларидаги зўравонлик ҳолатлари сони кўпайган. Ушбу маълумотлар Тожикистон чегара хизмати томонидан тақдим этилган ахборотларга асосланади. Слайдда 2011 йилда нохуш ҳодисалар сони 14 тани ташкил этгани, ўтган йилда эса улар энг юқори чўққига – 31 тага етгани яққол кўринади. Бундай кескин ўзгариш Толибонларнинг Ислом давлатига ҳаракат қилиши билан боғлиқ. Улар иштирокининг кучайиб бориши Тожикистон чегараларига қадар етиб келди. Буларнинг бари 2014 йилда АҚШнинг Афғонистон ҳудудида ўз кучлари сонини қисқартириши билан боғлиқ эди.
Мазкур тўқнашувларнинг аксарияти гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ. Бир нечта қуролли ҳужумлар содир этилган. Бунга зид бўлган ахборотларда Марказий Осиёда содир этилган ҳужумлар ва нохуш ҳодисаларда ҳам шундай воқеалар юз бергани айтилади. Ҳукумат кўпинча журналистлар ва мустақил кузатувчиларнинг воқеа жойида бўлиб, ҳодиса бўйича ўз фикрини баён қилиш имконини бермайди. Минтақадаги террорчиликни ўрганишнинг азалий мураккаблиги ҳам ана шундан иборат. Минтақада террорчилик таҳдидининг 3 та жиҳати ана шундай кўринишда. Уларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлган таҳдидни кўрсатмоқда ва агар биз маълумотларни таққослайдиган бўлсак, айрим субъектлар бу таҳдидни маълум даражада бўрттирган.
Минтақадан ташқаридаги таҳдид ҳақида нима дея оласиз?
Россияда кўплаб йирик Марказий Осиё жамиятлари мавжуд бўлиб, мазкур жамиятларнинг номаълум миқдордаги вакиллари (2 миллиондан 4 миллион нафаргача, 3 миллиондан 5 миллион нафаргача) меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Айрим ҳолларда улар иккита фуқароликка ёки доимий яшаш гувоҳномасига эга бўладилар. Яна Туркияда ҳам йирик жамиятлар мавжуд. У ерда 100 мингдан 200 минг нафаргача, АҚШда тахминан 250 минг нафар, Европа бўйича эса 100 минг нафар Марказий Осиё фуқаролари истиқомат қилади.
Дастлабки слайдларнинг бирида уларнинг баъзилари бир неча террорчилик ҳужумларига жалб қилингани кўрсатилган эди. Аслида, 2017 йилдан буён юз берган барча босқинчиликлар оқибатида қурбон бўлганлар сони Марказий Осиёда сўнгги ўн йил ичида содир этилган террорчилик ҳужумларида ҳалок бўлган фуқаролардан кўра кўпроқдир. Шу боис ҳам, назарий жиҳатдан минтақа ташқарисидаги таҳдид анча каттароқдир.
Ҳужумлар келиб чиқиши Марказий Осиёлик бўлган ва хорижда истиқомат қилаётган икки нафар фуқаро томонидан амалга оширилди. Уларнинг баъзилари террорчилик ташкилотлари, асосан Ислом давлати томонидан тўғридан-тўғри буйруқ олганидан сўнг иш кўрганлар. Швед ҳокимиятларининг маълум қилишича, 2017 йил апрелда Стокгольмда одамларни уриб юборган Раҳмат Оқилов террорчилик актини содир этгунга қадар Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги камида 30 нафар ёлланма аскарлар билан алоқада бўлганини қайд этган. У мулоқот қилиб турган исломий ёлланма аскарлардан бири Тожикистон фуқароси бўлган. Айнан у Оқиловни теракт содир этишга тайёрлаган. Биз шу тариқа, Ислом давлати ёки бошқа террорчилик ташкилотлари билан боғланиб турган маълум шахслар бўлганининг гувоҳи бўламиз.
Шунингдек, Сайфулло Соипов сингари ўзлари радикал бўлган инсонлар ҳам бўлган. Улар жиҳодчиларнинг таъсири остига тушиб қолганлар. Бироқ бизга маълум бўлган далиллар шуни кўрсатдики, улар террорчилик ташкилотларининг издошлари ва тарафдорлари билан на телефонда, на он-лайн бўйича боғланиб турганлар. Аввал айтиб ўтганимдек, бу каби тарқоқ ҳужумларнинг қурбонлари бутун минтақа қурбонлари сонидан ошиши мумкин.
Бу билан боғлиқ яна бир сўнгги масала шундан иборатки, Марказий Осиёда террорчилик таҳдидини баҳолаш зарурати туғилганда, биз мазкур мақсадга эришиш учун бир нечта йўллар борлигини ҳисобга олишимиз зарур. Террорчилик таҳдидини баҳолаш ҳеч қачон аниқ фан бўла олмайди. Менимча, мазкур масала бўйича бизда балки, етарлича билимлар йўқлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Бироқ таҳдид қандай бўлиши мумкинлиги ва унинг қай тарзда ривожланишини тушуниб, ифодалаб бериш учун биз тарихий маълумотлардан фойдаланишимиз ҳамда минтақада нима ўзгарганлигини кузатишимиз мумкин. Ва биз радикаллашув омиллари ва экстремистларни ёллаш масаласини ҳисобга олишимиз мумкин. Бу ҳақда мен тақдимотимнинг охирида сўзлаб бераман.
Террорчилик ташкилотида ҳар кимнинг ўз йўли бўлган. Ўзига оғдириб олишнинг стандарт изоҳлари мазкур жараённи тўла қамраб ололмайди. Менимча, ушбу жамиятларнинг аъзоси бўлган ва ўзи яшаб турган жойда босқинчилик содир этмоқчи бўлган фуқароларнинг тажрибасини тушуниб олиш муҳимдир. Марказий Осиёда қолган ёки Россияда меҳнат мигранти бўлган ҳолда, Сурия ёки Ироққа кетишга қарор қилган ана шундай фуқаролар бу жараёнга турли йўллар орқали кириб келишади. Уларнинг ҳар бири ҳар хил мажбуриятларни ўз зиммаларига оладилар, маълум ишни ҳам турлича режалаштирадилар. Улар билан ишлаганда, мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиш зарур. Биз мазкур масалаларни юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда, кўриб чиқамиз.
Мен, Ноа Такер, Эмиль Насритдинов Буюк Британия мудофаа тадқиқотлари Қироллик институти – Лондондаги илмий-тадқиқот маркази гуруҳи билан бирга тадқиқот ўтказдик. Радикаллашув жараёни ҳақида тўпланган барча маълумотлар таҳлили қашшоқлик, билимсизлик ва энг муҳими диний жиҳатдан юксак даража бўлиш ҳам унчалик катта аҳамият касб этмаслигини кўрсатди. Шунда, янги аскарлар ҳақидаги ҳисоботлар қўлимизга тушиб қолди. Маълум бўлишича, ёлланишга мойил бўлган инсонлар олий маълумотли ёки ўрта қатламга тегишли фуқаролардан бўлган. Уларнинг ҳаммаси ҳам қашшоқ, содда ва билимсиз бўлмаган.
Ўйлашимча, тадқиқот доирасида тўплаган маълумотлардан кўриниб турибдики, баъзан ҳар бир алоҳида ҳолатларда бир-бирига мутлақо мос келмайдиган далиллар умумлаштирилган.
Биринчидан, биз тўплаган даллилар шуни кўрсатдики, янги аскарларнинг баъзиларигина тегишли диний тайёргарликдан ўтган. Биз гувоҳи бўлган нарса Оливье Руанинг Ислом давлатида европалик жиҳодчилар ва рекрутерлар бўйича олиб борган кузатувларига, яъни мафкура энг муҳим роль ўйнайдиган исломнинг радикаллашуви эмас, радикализмнинг исломлашувига жуда ўхшаб кетади.
Аксарият ҳолларда бундай жиҳодчиларнинг диний тарбияси бўлмайди ёки керакли диний тайёргарликдан ўтмаган бўладилар. Улар ўзлари учун исломни қайтадан кашф этадилар, такфирнинг соддалаштирилган баёнини жуда тез ўзлаштирадилар. Унга кўра, ҳаётда яхши ва ёмон йигитлар бор ва ёмон йигитларни ўлдириш керак. Жиҳодчиларнинг диний билимларининг йўқлиги ҳамда исломнинг асл моҳиятини тушуниб етмаганлари уларни бу каби содда ҳикояларга тез ишонувчан ва берилувчан қилади. Бу бизнинг хулосаларимиздан биридир. Уларнинг баъзиларигина ҳақиқатан ҳам диний таълим олганлар холос. Аксарият диний масалаларда улар асосий жиҳатларни эътиборга олганлар, сўнгра эса, радикализмга тез берилиб кетганлар.
Тадқиқотдан олинган навбатдаги хулоса дуч келинган шахсий адолатсизликлар билан боғлиқ. Бу унинг ҳукумат, полиция ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан бевосита мулоқоти давомида унга нисбатан қилинган адолатсизлик ёки бошқа нарса, бунинг аҳамияти йўқ. Менимча, Ноа Такер Қозоғистон ёки Қирғизистонда ўтказилган фокус-гуруҳларда айнан шундай ҳолат билан тўқнаш келган. Полиция ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан мулоқотдан кейинги тўпланган бундай салбий муносабат, ўйлайманки, шундан сўнг кимнингдир экстремистик гуруҳларга қўшилишга қарор қилаётганини тушуниб етиш учун муҳим саналади.
Эҳтимол, коррупция, умуман бошқарув ва\ёки минтақа ичидаги давлат бошқаруви тизимидан ўз манфаатида йўлида фойдаланиш билан боғлиқ тажриба муҳим саналар. Лекин гап фақат минтақада бошқарувга нисбатан бўлган муносабат ҳақида бормаяпти. Биз тўплаган одамларнинг профиллари шуни кўрсатдики, терроризмга алоқадор бўлганларнинг кўпчилиги учун ўзларининг шахсий омадсизликлари муҳим аҳамият касб этган. Иш бўйича уларнинг омади чопмаган; Кейин улар Россияга ишлаш учун кетганлар, у ерда ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. Уларнинг оиласи бузилиб кетган; улар шахсий ва ижтимоий муаммоларга дуч келганлар. Буларнинг барчаси уларни ўзига оғдириб олишга мойилроқ қилиб қўйган.
Экстремистларни ёллаш жараёни айни авжида бўлган пайтлар – 2015 йил бошлари Москвада яшаганимда тожикистонлик меҳнат мигрантлари билан мулоқотда бўлганман. Бу танишларим йил бошида футбол бўйича жаҳон чемпионати арафасида “Спартак” стадиони қурилишида ишлар эдилар. Улар менга Насим исмли шахс ҳақида сўзлаб бергандилар. Унинг ҳаёти Марказий Осиёдан ёлланган бошқа кўпчилик аксар мигратнтлар ҳаётининг ўзгинасидир. Насим Москвага 2013 йилда келган… дўстларининг гапларига қараганда, у ақлли, рус тилида гаплаша оладиган йигит бўлган, яхши ишга жойлашмоқчи бўлгану, бунинг уддасидан чиқмаган. Кейин у қурилишга ишга киради. 2014 йилда Насим Тожикистонга қайтади ва қишлоғидаги бир қизга уйланади. Тақдири ўхшамайди ва унинг оиласи бузилади. У борган сари атрофдаги ҳамма нарсага нисбатан шавқатсиз ва дарғазаб инсонга айланиб боради. Шунда ректутерлар пайдо бўлишади ва уларнинг гап-сўзлари унга ёқимли бўлиб туюлади.
Насим илгари ҳеч қачон намоз ўқимаган ва диний мавзуларда гапирмаган, лекин энди у жиҳод ҳақида гапира бошлайди. Кейин у йўқолиб қолди ва бир куни биз унинг Сурияга кетганини эшитдик. Унинг ҳаёти диний тарбияси бўлмаган, ҳаётда омадсизлик ва адолатсизликка дуч келган ва охир оқибатда экстремистлар ўзига оғдириб олган йигитлар ҳаётининг ўзгинаси.
Менимча, нафақат ҳаракатланувчи (push), балки шунингдек, ўзига тортувчи (pull) омиллар ҳам борлигини унутмаслик керак. Марказий Осиёнинг адолатсизликка, омадсизликка учраган аҳолиси учун Ислом давлати сингари гуруҳларнинг ваъдалари, ғоялари умид бағишлайди. Экстремистик гуруҳлар уларга кўп нарса: муҳим мавқе, ўз орзуларини рўёбга чиқариш имконияти кабиларни ваъда қиладилар. Ҳамжихатликда, ойлик маош олиб яшайдиган, ижтимоий таъминот тизимининг бир қисми ҳисобланувчи сифатида талқин қилинган, ҳаёти саргузаштларга бой, гўёки биродарлик туйғулари кучли жиҳодчиларнинг қаҳрамонона образи Насимга ўхшаган одамлар учун жозибадор бўлиб туюлади.
Тадқиқот жараёнида олинган навбатдаги хулоса шундан иборатки, Ноа ҳам, мен ҳам алоқалар ва ўзаро мулоқотлар муҳим аҳамиятга эга экан. Бу бизнинг радикаллашув бўйича олиб борган тадқиқотларимиз давомидаги умумий хулосамиз ва бир қанча тасодифлардан биридир. Биз Марказий Осиёда инсонларни ижтимоий тармоқлар орқали ўзига оғдириб олган кўплаб ҳолатларга дуч келдик. Экстремистик гуруҳларга ёлланган одамлар билан шахсан таниш бўлган фуқароларнинг ҳолати бундан мустасно. Қозоғистон ва Тожикистонда бутун қишлоқлар, оилалар ёлланган ҳолатларни ҳам учратдик, бунинг боиси – улар орасидан кимдир ёлловчилар таъсири остига тушиб қолган.
Тўртинчи хулоса – миграциянинг ўзи сабаб ёки ўзгарувчан бўлмайди. Кўпчилик одамларнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё аҳолисининг аксарияти меҳнат мигранти бўлган чоғида ёлланиб олган ва тўплаган далилларимиз ҳам шу сабаб аён бўлди. Лекин Эмилнинг Қирғизистонда олиб борган тадқиқотлари ҳамиша ҳам шундай бўлавермаслигини кўрсатди. Миграциянинг ўзи сабаб бўлолмайди. Менимча, Россиядаги меҳнат миграцияси тажрибаси одамларнинг қай тарзда ёлланганини яхшироқ тушунтириб бериши мумкин, чунки ёлловчи тармоқлар учун Россиянинг Москва каби йирик шаҳар ва вилоятларида бўлиш қулай саналади. Бироқ буларнинг барчаси ҳам асл сабабни тушунтириб беролмайди. Аслида, радикаллашув мунтазам эмас, жўшқин ва трансмиллий жараёндир. Ёлланган одам миграциядан олдин таъсирчан бўлганми ёки кейинми, бунга жавоб бериш қийин. Кўпинча ҳаёт давомида тўпланган тажриба инсонларни ёлланишга мойил қилиб қўяди.
Бугунги тақдимотдан сўнг қандай хулосалар қилиш мумкин?
Биринчидан, Совет Иттифоқи қулаб, мамлакатлар мустақилликка эришганидан кейин Марказий Осиёда террорчилик хавфи нисбатан кам бўлган. Аввал айтиб ўтганимдек, сўнгги 10 йил ичида 18 та террорчилик ҳаракати амалга оширилиб, уларда 142 нафар киши қурбон бўлган. Бу масалага янада кенгроқ қарайдиган бўлсак, шу даврнинг ўзида фақатгина Қирғизистонда йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 11 минг нафардан одам ҳалок бўлган. Бу минтақадаги террорчилик ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган қурбонлар сонидан қарийб юз баравар кўп дегани. Ўйлайманки, буларнинг барчаси биз муҳокама қилаётган таҳдид даражасини иккинчи ўринга туширади.
Олдин ҳам айтиб ўтганимдек, таҳдид масаласига жиддий ёндошиш зарур ва бу билан сиёсатчилар шуғулланиши лозим. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, айрим тузилмалар ўз мақсадлари йўлида таҳдид даражасини бошқариб турадилар ва уни бўрттириб кўрсатадилар. Минтақада террорчилик деб ҳисобланган террорчилик ҳаракатлари ёки босқинчиликлар содир этилганда, маълум бўлишича, ҳақиқатда мазкур ҳаракатларнинг аксарияти халқаро ёки трансмиллий исломий ҳаракатлар билан эмас, жойлардаги сиёсий ўзгаришлар ва маҳаллий сиёсий кураш билан боғлиқ бўлиб чиқмоқда.
Масалан, сўнгги бир неча йилда Афғонистон чегарасида одамларнинг кўчиши кузатилди. Бу шунингдек, шимолий Афғонистон ҳудудида қуролланган бандалар тўдаси иштирокининг кучайиши билан бир вақтда содир бўлган. Шундай бўлсада, ўшандан буён Афғонистонда Марказий Осиёга жанггариларнинг оммавий бостириб кирганини кўрмадик. Марказий Осиёда таҳдид нисбатан чегараланганлигича қолди.
Менинг назаримда, минтақада терроризм ва ташкиллаштирилган зўравонликка ҳамроҳлик қилувчи энг катта хавф ва таҳдид июль ойида Тожикистонда содир этилган ҳужумга ўхшаш бўлган ҳужумлар остига яширинган. Яна, Марказий Осиё ёки чет элда шахсий учрашув пайтида бўладими ёки он-лайн тарзидами “ақл киргизилган” ва келажакда оддий қурол: пичоқ, транспорт воситалари ёки ўқ отиш қуроллари (буларнинг барчасини топиш осон) ёрдамида ҳужумлар содир этишни режалаштираётган радикаллар ҳам хавф туғдиради. Улар халқаро чегараларни кесиб ўтмагани боис махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уларни қўлга олиш ва минтақада содир бўлиши мумкин бўлган бундай ҳужумларни огоҳлантиришга қийналадилар. Кўпинча бундай босқинчиликлар режалаштирилмайди ва мувофиқлаштирилмайди ҳам. Бу каби ҳужумларни бартараф этиш мушкул бўлиб, келажакда улар ҳам кам бўлсада, ўзига яраша хавф туғдирадилар.
Этник тўқнашувлар туфайли юзага келадиган зўравонлик, шарқий Тожикистоннинг Тоғли Бадахшонида содир этилган, ҳукумат Афғонистон чегарасидан гиёҳванд моддаларни яширинча олиб ўтиш билан боғлиқ фаолиятда муҳим роль ўйнаётган собиқ командирлар устидан назоратни қўлга олишга ҳаракат қилаётган ҳолатга ўхшаш бўлган маҳаллий сиёсий кураш билан боғлиқ зўравонликлар оммавий талафотларни келтириб чиқаради. (или Этник тўқнашувлар туфайли юзага келадиган зўравонлик, шарқий Тожикистоннинг Тоғли Бадахшонида юз берган ҳолатга ўхшаш маҳаллий сиёсий кураш билан боғлиқ зўравонликлар оммавий талафотларни келтириб чиқаради. Бунда ҳукумат Афғонистон чегарасидан гиёҳванд моддаларни яширинча олиб ўтиш билан боғлиқ фаолиятда муҳим роль ўйнаётган собиқ командирлар устидан назоратни қўлга олишга уринмоқда). Ҳукумат маҳаллий оппозиция гуруҳларини жазолашга интилган ҳолатлар кўпинча Марказий Осиёда кучли зўравонликларни келтириб чиқарган. Менимча айнан маҳаллий сиёсий кураш минтақадаги зўравонликнинг сабаби ҳисобланади.
Шунингдек, юқорида айтиб ўтилганидек, минтақадаги авторитар бошқарув ҳам унинг барқарорлигига таҳдид солмоқда. Ноа Такер ва унинг ҳамкасбларининг “Озод Европа” радиоси учун тайёрлаган тадқиқоти ҳамда Эмиль Насритдиновнинг изланишлари ҳам шуни тасдиқлайди. Марказий Осиёда қуролли экстремизмга қарши кураш мавзусига бағишланган аксарият фокус-гуруҳлар ва сўровларда шу нарса қайд этилмоқдаки, коррупция, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича бўлган салбий тажриба ҳамда маҳаллий ҳокимиятларга мослашган муайян репрессиячиларнинг роли айрим инсонларнинг экстремистик гуруҳларга қўшилишига асосий сабаблардан бўлмоқда. Менимча, кўп ҳолларда минтақадаги авторитар ҳукуматларнинг ҳаракатлари туфайли зўравонлик ва талафотлар содир бўлмоқда. Уларнинг репрессив амалиётчилари сўнгги 27 йиллик мустақиллик даврида минглаб инсонларнинг қурбон бўлишига сабабчи бўлдилар. Бу ҳатто террорчилик ҳужумлари оқибатида қурбон бўлганлар сонидан ҳам анча кўпдир. Назаримда, ана шу жиҳатга кўпроқ эътибор қаратиш зарур.
Хулоса якунида ўз диққат-эътиборимизни ўзгартиришимиз кераклигини қўшимча қилмоқчиман.
Нима учун биз асосий эътиборимизни Марказий Осиёнинг қатор террорчилик гуруҳларига қўшилиб, 142 нафар инсонларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган ҳужумларни содир этган 0,005% фуқароларига қаратяпмиз? Нима учун Марказий Осиёнинг 99,995% аҳолиси қийинчиликларга қарамасадан, экстремистларнинг “ширин сўзларига” берилмай қатъий турибди, деган бунданда қизиқ савол берилиши мумкин бўлган бир пайтда, биз бунга эътибор қаратяпмиз. Менимча, қуролли экстремизмга қарши янада самарали ҳаракат қилиш айнан шунда жойлашган.
Аслида биз, радикализмга етакловчи омилларга эътибор қаратиш ўрнига, жамиятнинг радикаллашув ва сабабларга нисбатан барақарор туриш омилларига кўпроқ диққатимизни тўплашимиз, алоҳида ҳамжамиятлар қандай қилиб барқарорлик механизмини яратгани, уларнинг давлат ва ташқи таъсирлардан мустақил бўлишига нима ёрдам бераётганини ўрганишимиз зарур. Буларнинг барчаси салбий таъсирлар, жумладан инсонларни ёллаш, радикаллашув ва низолар масалаларини нейтраллаштириши мумкин. Ўйлайманки, асосий эътиборимизни шу пайтгача диққатимиз марказида бўлган 0,005% фуқароларга эмас, 99,995% инсонларга қаратишимиз керак. Эътиборингиз учун ташаккур.
Барча фотосуратлар ва маълумотлар – Эдвард Лемонга тегишли