Марказий Осиёда маҳаллий жамоаларнинг роли ҳақида илм соҳаси вакиллари орасида ҳар турли фикрлар мавжуд. Баъзи илмий адабиёт нашрларида ўзбек маҳалласи аҳоли манфаатларининг маҳаллий ҳукумат олдидаги вакили сифатида тасвирланган. Бошқа бир гуруҳ академиклар эса маҳаллани ҳукумат томонидан бошқариладиган, давлат дастурларини амалга оширишга кўмаклашадиган муассаса эканлигини таъкидлаб ўтишган.
Тсукуба Университетининг Ижтимоий фанлар факультети ходими, тадқиқотчи академик Тимур Дадабаев Ўзбекистондаги маҳаллаларнинг Совет даври ва мустақилликдан сўнгги даврдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида илмий изланиш олиб борган.
Дадабаевнинг фикрига кўра, Совет Иттифоқи ҳукумати ўз мафкуравий фикрларини тақдим этишда ва анъанавий турмуш тарзига ўзгартириш киритишда ҳукумат тарафдорларини маҳалла тузилмаларидан фойдаланишга сафарбар қилганди. Хусусан, 1920 йил бошларида маҳаллий чойхоналар Совет ҳукумати мақсадлари ҳақида тушунчага эга бўлган “қизил чойхона”ларга айланиши лозим бўлганди. Ҳар битта “қизил” чойхонада турли тилдаги китоб ва журналлардан ташкил топган ўқиш бурчаклари ташкил этиш назарда тутилганди.
Бир неча йиллардан сўнг, Совет Иттифоқи коммунистик партияси бош котиби Н.Хрущев кампанияси ёрдамида маҳаллаларга қўшимча ваколатлар берилганди. Аммо Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши 1961 йилда маҳалла қўмиталари вазифаларини белгилаб берувчи қонун қабул қилган бўлса-да, у қонун маҳаллаларни фақат чекланган ижтимоий роль билан таъминлаганди. Турар-жой кварталларини бошқариш ва улар устидан назорат ўрнатиш мақсадида, Совет маъмурияти ҳар шаҳарда Совет иттифоқи ва ижроия қўмиталарини ташкил этган ва маҳаллалар ушбу қўмиталарнинг тасарруфига ўтказилган.
Шунингдек, Совет ҳукумати маҳаллаларнинг ижтимоий ролини чеклаб, улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келган. Бироқ, маҳалла формати ҳалқ томонидан якдил қўллаб-қувватланганлиги сабабли ҳукумат бу маҳаллий тузилмани йўқ қилишни маъқул топмаган. Бунинг ўрнига маҳаллалардан динга қарши пропаганда юритишда, социалистик тадбирларни ташвиқот қилиш ва Совет Иттифоқи миллий фаолиятини қўллаб-қувватлашда фойдаланди. Энг муҳими, маҳаллалар фуқаролар орасида мафкуравий ташаббусларга оид тушунча ва идрокни тарқатиш ва назорат қилишга хизмат қилиши мумкин бўлган муассаса сифатида кўрилган.
Совет ҳукумати маҳалла муассасасига чуқур аҳамият бермаганлиги туфайли, уларга кам молиявий ёрдам кўрсатилганди. Шунга қарамасдан, маҳалла аҳолисининг ҳар бир тумандаги фаолияти ушбу жамоалар ташаббусларида иштирок этишга иштиёқи баланд бўлган ҳалқнинг ихтиёрий истаклари орқали амалга оширилганди. Шу билан бирга, Совет даври маҳаллалари, ахлоқий ва диний қадриятларга асосланган маълумот алмашуви ва ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш маданиятининг норасмий биродарлик тармоғи бўлиб қолганди.
Маҳалла табиатининг ўзгариши
Мустақилликдан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати маҳаллаларнинг жамиятни фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлашдаги ролини алоҳида таъкидлаб, уларни рағбанлантиришга киришди. Маҳаллаларга этник ва исломий қадриятларни тарғиб қилиш учун хизмат қила оладиган муассаса сифатида алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг қайта тикланиши нафақат президент ва ҳукумат, балки миллат зиёлилари томонидан ҳам қўллаб-қувватланганди. Шу шаклда ҳукумат норасмий ҳолатга эга бўлиб келган маҳаллаларни ўз бюджети, ходимлари ва вазифаларига эга бўлган қисман “расмий” бошқарув қўмиталарига айлантирди. Шу жумладан, ҳукумат нафақат қўмиталар, балки, жамоаларни кузатиб бориш ва террористик фаолият билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар ҳақида давлат идораларига баёнот бериш мақсадида маҳалла посбонлари бирликларини ташкил этди. Бу тизимнинг аҳамияти 1999 йилда Тошкентда содир бўлган илк террористик портлашдан сўнг кучайди.
Илгари норасмий тарзда фаолият юритган маҳаллалар “расмий” мавқега эга бўлиб, ҳукумат идораларининг маъмурий қаноти остига олинди. Бунинг натижасида, Совет сиёсати остида анча заифлашган маҳалла маданиятига бўлган илиқ муносабат янада ёмонлашди. Фуқаролар янги маҳаллаларни катта оила тузилмалари сифатида эмас, балки, ҳукумат муассасалари сифатида кўра бошлашди.
“Биздан пастги қаватда бир кекса аёл яшайди. Унинг яшаш шароити оғир ва у иқтисодий қийинчиликни бошдан кечирмоқда. Биз қўлимиздан келганча ёрдам қилдик. Аммо маҳалла қўмитасини бу ҳақда бирор чора кўришга ва аёлнинг аҳволини яхшилашга уринганини кўрмадик.”[iii] – дейди Тошкент маҳалласи фуқароси.
Илмий изланиш давомида Дадабаев билан суҳбатда бўлган маҳаллада яшовчиларнинг фикр билдиришича, ҳукумат ташкилотлари назоратига олингандан сўнг маҳалланинг асл табиати ўзгарган. Илгари инсонпарварлик юзасидан бир-бирига кўмаклашиб, маҳалла оқсоқолларини маҳаллада ҳурматга сазовор шахслар орасидан оммавий келишув асосида тайинлаб, катта бир оила сингари иноқ ҳаёт кечирилган. Бугунги, “расмий” маҳалла ҳаёти эса олдинги норасмий, Совет даври маҳаллий хаётидан фарқ қилишини ва уларнинг аҳолини эмас, балки, ҳукумат идораларини фармойиш ва истакларини бажаришга йўналтирилганлиги таъкидланган.
“1960-70 йилларда маҳаллалар яшаш учун яхши жойлар эди. Бироқ замонавий маҳаллалар фойдасиз. Қўмитада бўлимлар ва лавозимлар ташкил этилган бўлса-да, улар орасида бир-бирига боғлиқлик йўқ. Илгари маҳалла биз ҳурмат қилган шахслар томонидан бошқариларди.”[iv] – дейди Андижон шаҳридаги маҳаллаларнинг бирида яшовчи фуқаро.
Шу билан бирга, маҳалла тизимини қўллаб-қувватламайдиган, уларни ҳукумат идоралари сифатида бошқарилишини маъқул кўрадиган баъзи фикрлар ҳам мавжуд. Маҳаллий жамоа ҳаёти ҳақида бундай салбий фикрларга сабаб маҳаллаларга янги вазифалар юкланиб, улар ва ҳукумат идоралари ўртасидаги ролларни бўлинишида аниқлик йўқлигидир. Шунингдек, маҳалла қўмитаси ходимлари томонидан порахўрликка йўл қўйилишидир. Маҳалла қўмиталари ходимлари маоши жуда кам миқдорда бўлиб, бу уларни бошқа йўллар билан тирикчилик қилишга ундайди.
Норасмий ҳолга эга бўлган эски, Совет даври маҳаллалари одамлар ташвишлари ва муаммоларига кўпроқ ғамхўрлик кўрсатган бўлса, “расмий” маҳаллалар маҳаллий хукумат идоралари сифатида фаолият юритишгани айтиб ўтилди. Маҳалла аҳолиси олдинги норасмий, ўзига хос табиатга эга бўлган маҳалла маданиятини қўмсаб, унинг ижобий томонларини эслашади. Фуқаролар хотирасида ўтмишдаги норасмий маҳаллалар ижобий таассурот қолдирганлигига сабаб, у маҳаллаларда бирдамлик ва жамоа ҳаётида яқинлик бўлгани ва маҳаллалар хукумат тайинлаган ходимлар эмас, фуқаролар ҳурмат қилган шахслар томонидан бошқарилганидир. Бугунги “расмий” маҳаллалар ҳақида салбий муносабатга сабаб эса, бу муассасаларни хукуматнинг давлат бошқаруви мақсадларини амалга ошириш учун маълумот алмашувчи вазифасини бажаришга уринишларини акс эттиришидир.
Совет даври норасмий маҳаллалари ҳукуматдан алоҳида фаолият юритган ва нисбатан мустақил бошқарувга эга бўлгани сабабли ўз анъаналарини сақлаб қолишга эришганди. Мустақилликдан сўнг маҳаллаларни “расмийлаштириш” орқали, ҳукумат бу жамоалардан муаммоларни маҳаллий даражада ҳал қилинишида фойдаланишга уринмоқда. Бироқ, ҳукумат ва маҳаллалар муносабатларида ошкоралик ва аниқлик йўқ бўлиб, бу муассасалар маъмурий идоралар сифатида фаолият кўрсатувчи органларга айланиб қолган. Ушбу қўмиталар фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органлари ҳисобланиб, фуқаролар ҳуқуқларини кафолатлашга уринишади. Аммо ҳукуматнинг маҳалла сайловлари, сиёсатни ишлаб чиқиши ва умумий фаолиятига аралашуви аҳоли томонидан маҳалланинг фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органлари эмас, балки, давлат субпудратчи органи сифатида кўрилишига олиб келади.
Ўзбек маҳаллалари асрлар давомида турли бошқарув тизимлари остида ўзига хослигини сақлаб қолишга эришган тарихий аҳамиятга эга маскандир. Бугунги кунда аҳоли маҳалла ҳақида турли фикр ва мулоҳазаларга эга. Кўпчиликнинг таъкидлашича, маҳалланинг расмийлаштирилиши унинг азалдан сақланиб келган, ихтиёрий ҳаракатларга асосланган анъанавий роли, обрўси ва аҳамиятини йўқотишга олиб келиши мумкин. Маҳаллалар табиатининг ўзгаришига қарамасдан, бугунги кунда кўпчилик жойларда бир-бирига кўмаклашиш, биргаликда байрамларни нишонлашни уюштириш ва турмуш тадбирларида қўшниларга ёрдам қилишда қатнашиш маданияти ҳали ҳам сақланиб қолган.
Манба: Мақола Тсукуба Университетининг Ижтимоий фанлар факультети ходими, академик Тимур Дадабаевнинг Ўзбекистондаги маҳаллаларнинг Совет даври ва мустақилликдан сўнгги даврдаги ўрни ва аҳамияти ҳақидаги илмий мақоласи таҳлилига асосланиб тайёрланди («Community life, memory and a changing nature of mahalla identity in Uzbekistan»).
[i] Ташкент: исчезающий «старый город» http://www.fergana.info/details.php?image_id=1427
[ii] “Бу лойиҳа эски шаҳарни тамомила йўқ қилади”. Архитекторлар, тарихчилар ва кинематографларнинг “Тошкент Сити” ҳақидаги фикрлари, Фарғона, http://fergana.mobi/uz/articles/1950
[iii] Тимур Дадабаев. «Community life, memory and a changing nature of mahalla identity in Uzbekistan» 2013. Faculty of Social Sciences and Humanities, University of Tsukuba, Ibaraki, Japan.
[iv] Ibid.
[v] Ташкент: исчезающий «старый город» http://www.fergana.info/details.php?image_id=1427