Ўзбекистонликларнинг аксарияти ҳарам ҳақида маълумотларни энг аввало ўз халқи тарихидан оладилар. Зеро, ўтмишда кўплаб хотин ва канизакларга эга бўлиш маҳаллий ҳукмдорлар учун одатий ҳол эди. Баъзи хотинларнинг саройдаги мавқеи жуда баланд бўлиб, сиёсий қарорлар қабул қилишда ҳам қатнашганлар. Мисол учун Амир Темурнинг катта хотини, Чиғатой улуси хони — Қозонхоннинг қизи Сарoй Мулк хoним (Бибихоним)ни олайлик. Маълумотларга қараганда, Бибихоним Темурнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири бўлган. У ҳукмроннинг набираси – шаҳзода Мирзо Улуғбекка ҳам тарбия берган аёл эди.
Муаллиф
Зайнаб Муҳаммад-Дўст
Халқаро лойиҳалар бўйича мухаррир, UzAnalytics
Бундан ташқари, ўқувчиларимиз ҳарамлар ва унинг аёллари ҳақида романтик тарзда тасвирланган инглиз ёки рус тилидаги фильмлар ва китоблардан ҳам ўрганиши мумкин. Шундай бўлса-да, биз ҳарам нима эканини қанчалик яхши биламиз? Бу шарҳ дунё матбуотида ҳарам ва ҳарамдаги аёллар билан боғлиқ баъзи мақолаларга назар ташлаб, шу мавзуга оид баҳсларни ўрганиш имконини беради.
Ҳарам тасвири – содда, аммо драматик
Бир неча йил олдин Ўзбекистонда “Муҳташам юз йиллик” номли турк сериали кўпчиликнинг эътиборини қозонган. Телесериал оддий канизакнинг ҳокимият учун курашда ғолиб чиқиб, Ҳуррам Султон номи билан машҳур маликага айланишини драматик ва ўта қизиқарли сюжет асосида тасвирлагани учун ҳам кўплаб мамлакатларда севиб томоша қилинди. Аммо режиссёрлар тарихий фактларни юзаки тасвирлаб, бу камчиликни драматик таъсирни янада ошириш мақсадида чиройли либосу декорацияларга урғу бериш билан ёпишга урингани учун ҳам танқидга учради.
Қизиғи шундаки, бу тасвир бизнинг ҳарам ҳақидаги умумий тушунчалаларимизга зид эмас. Биз “ҳарам” сўзи нимани англатишини биламиз, қолгани эса хаёлот кучига боғлиқ. Шу билан бирга, сериaлнинг режиссерларини ёки умуман олиб одамларни айблаш тўғрими? Қолаверса, ҳарам ҳаёти “шахсий” ҳаётнинг бир қисми бўлган. Ҳарамда яшаган аёллар ҳаёти қандай кечгани ҳақида сўзловчи манбалар жуда кам. Бу Усмонийлар, Буюк Мўғуллар империяси ва ўзимизнинг хонликларимизга ҳам бирдек тааллуқли. Шунга қарамай, эҳтиросли тарихчи ва мутахассислар ўтмишни ўрганиб, баъзида ўз кашфиётлари натижаларини кенг оммага тақдим этмоқдалар. Эҳтимол, уларнинг бу кузатувлари ҳарам билан боғлиқ баъзи афсоналарни йўққа чиқариш, ушбу тарихий масалага аниқлик кириш имконини берар…
«Ҳар бир уй ҳужалигининг хусусий қисми», аммо «мактаб» ҳам эмас
Берлиндаги Озод университети (Free University of Berlin) Ислом маданияти санъати тарихи профессори Венди Шоу, Al Jazeera учун ёзган мақоласида ҳарам биз ўйлаган нарса эмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, “ҳарам ҳар бир уйнинг қисми бўлиб, хусусий ва умумий жойни ажратадиган, эркаклар кутиб олинадиган меҳмонхонадан фарқ қиладиган ичкари жой ҳисобланган”.
Эътиборли жиҳати шундаки, профессор ушбу мақоласида ҳарам ҳақидаги икки янглиш талқинни танқидий таҳлил қилади. 2016 йилда ёзилган мақолада у нафақат Ғарб муаллифларини илҳомлантираётган Ориентализмга (шарқшунослик) қарши, балки “Туркиянинг президентлик риторикасида катта ўрин тута бошлаган Усмонийлар империясини идеаллаштириш” доирасида ҳам ҳарамни кўкларга кўтариш ҳаракатига қарши эканини билдиради. Бу мақола Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг рафиқаси Эмине Эрдўғоннинг сўзларига жавоб эди. 2016-чи йилда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан сўзга чиқган Туркиянинг биринчи хоними, Усмонийлар салтанати давридаги ҳарам Туркия тарихида ижобий роль ўйнаганини таъкидлаган. Сўзларига кўра, “ҳарамлар аёллар учун мактаб вазифасини ўтаган, бунда улар таълим олганлар, ҳаётга тайёргарлик кўрган ва саҳоват ишлари билан шуғулланганлар”.
Мавзуни яхшироқ тушунтириш учун муаллиф Ориентализмга, шунингдек, 18-асрда Антуан Галлард томонидан “Минг бир кеча”нинг таржима қилинишига кенгроқ тўхталиб, у ҳарам ҳақидаги шаҳвоний тасаввурларни озиқлантирган деган фикрни илгари суради. Муаллиф буни Ғарбий Eвропа рассомларининг чизган суратларда ҳам кўришимизни ҳам айтиб ўтади. Аслида, Европаликларнинг ҳарам ҳақидаги тасаввурлари ҳақиқатдан анча йироқ бўлиб, “ҳарам хотинлар, болалар ва қуллар яшаган оддий уй” бўлган, дейди Шоу. Муаллифнинг фикрича, бу ерда иерархия ҳукм сурган: канизакларнинг мавқеи босқичма-босқич кўтарилган, улар бу иерархиянинг чўққисига чиққанларида, ҳарамни якка бир шахснинг завқи учун эмас, балки фарзанд кўришга йўналтириб бошқаришга мойил бўлганлар. Профессорнинг фикрича, бугунги кунда фақат “Исломий Давлат” каби террористик гуруҳлар аъзоларигина ҳарамни тизгинсиз қўшилиш жойи сифатида тушунадилар ва аёл-қуллардан иборат ҳарамни урушда қўлга киритган ўлжаси сифатида кўрадилар”[1].
Айни пайтда профессор ҳарамни мактабга тенглаштирган Эмине Эрдоғаннинг фикрига ҳам қўшилмайди. Муаллифнинг фикрича: “Бирон бир ҳарамда, ҳатто Усмонийлар ҳарамида берилган таълимни мактабга тенглаштириб бўлмайди… Мактаблар замонавий муассасалардир”. Олим мактаблар замонавий Туркиянинг асосини ташкил этишини таъкидлаб, Усмонийлар тарафдорлари томонидан ўша пайтдаги ҳарамни идеаллаштириш яхши оқибатларга олиб келмайди, дейди. Унинг назарида, келажакни ўтмишдан излаш хавфлидир. Чунки бу, биринчи навбатда, Туркиянинг замонавий ва тенг ҳуқуқли демократик давлатчилиги асосларини заифлаштиради.
Мўғуллар сирлари ва Жанубий Осиёдаги “зенана”
Ҳарам Жанубий Осиёда ҳам кенг тарқалган. «Аёлларга тегишли» деган маънони англатган «зенана» Жанубий Осиёдаги ҳинд ёки мусулмон оиласидаги аёлларга тегишли бўлган уйнинг бир қисми эди. Меҳмонлар ва эркаклар учун қурилган ташқи хоналар эса “мардана” деб аталган. Муғўл ҳарамлари ҳашаматли бўлиб, кенг ҳовлилар, ҳовузлар, фавворалар ва боғлардан иборат эди. Олимлар таъкидлашича, уларни бошқaриш мураккаб бир иш эди. Аёлларнинг роллари ҳам турли ҳил бўлган.
Ушбу тарихга оид сўнгги тадқиқотлардан бири Айра Мухоти томонидан ёзилган “Қуёшнинг қизлари” (Daughters of the Sun) китобида ифодаланган. Scroll.in газетасида ёзилишича, бу китоб “Бобур ва унинг ворисларининг мардона тарихини қайта ёзмоқда”. Суҳбатда муаллиф “аёллар Ҳиндистонда Мўғул ҳукмронлигининг ўрнатилишида мислсиз ўрин тутган, унинг хавфсизлиги ва улуғворлигига катта ҳисса қўшганлигини айтди”, дейди. Мақолага кўра, онаси ва синглилари бўлмаганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳеч бир жиддий натижага эришолмаган бўлар эди.
The Hindu газетасидаги суҳбатда Мухоти подшоҳ занонадаги аёлларнинг аксарияти билан яқинлик қилмаганини таъкидлайди. Профессор Венди Шоу каби у ҳам ҳарамнинг инглиз тарихчилари томонидан тақдим этилган суратлардан анча йироқ эканини айтади. “Ҳарамда қариндошлар, бошқа олийнасаб эркакларнинг хотинлари, хизматкорлар ва ёрдамчилар яшаган… Aёллар жуда кўп эди, лекин уларнинг барчаси подшоҳ учун жинсий ҳамроҳ бўлмаган”, дейди у.
“Қаҳрамон аёллар” (Heroines: Powerful Indian Women of Myth & History) деб номланган бошқа китобида эса Мухоти ҳарамдаги қудратли аёлларни мисол қилиб келтиради. Масалан, у форс тилидан инглиз тилига 1907 йили таржима қилинган Гулбадан бегимнинг отаси Бобур ва акаси Ҳумоюннинг таржимаи ҳолини эслайди. Бошқа мисол – Жаҳанара бегимнинг сўфийлар ҳақида ёзган иккита китоби. Муаллифнинг фикрига кўра, Мўғул аёллари олий маълумотли бўлган – улар ҳукмдорларга маслаҳат берган ва чет элликлар билан савдо-сотиқ қилган. Мухотининг айтишича, Бобур уларни бобоси Темур меросининг рамзи сифатида кўрган ва уларнинг оқила бўлишини ва шеърлар битишини истаган.
Шунга қарамай, Мухотининг тадқиқоти ҳарам ёки аёллар мақомини идеаллаштирмайди. Муаллиф Бобурнинг Самарқанддан қочиши ва опаси Хонзода бегимнинг Шайбонийхонга ўлжа сифатида қолдирилиши ҳақида ҳам ёзади[2]. Китобда Хонзода Бегим Шайбонийхон билан 10 йилча бирга қолиб, кейинчалик Бобур хонадонига қайтиб, Ҳумоюн ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон Подшоҳ-бегимга айлангани тилга олинади.
Мухотининг тадқиқотлари Бобурийлар ўзларининг ғайридин хотинлари таъсири остида бўлганини ҳам кўрсатади. Бу ерда Бобурийлар ва Усмонийларнинг турк ёки мусулмон бўлмаган оналари ва аёллари таъсирига тушишида ўхшашликни кўриш мумкин. Мисол учун, китобда тарихчи Абд-ал-Қадер Бадаунийнинг Акбар ҳақидаги асари тилга олинади (Бадауний уни яширинча ёзган ва бу таржимаи ҳол фақат Жаҳонгир ҳукмронлиги даврида чоп этилган). Бадаунийга кўра, Ражпут хотинларининг Акбарга таъсири мусулмон ҳукмдорнинг гўштни камроқ истеъмол қилиб, ҳинд маросимларига ҳурмат кўрсатиши учун етарли бўлган.
Миш-мишларга қарши фактлар
Ҳарам ва ҳарамдаги аёллар ҳаёти ҳақидаги жиддий манбалар чуқур ўрганилса, ҳарам тушунчаси нотўғри ва жўн талқин қилинмайди. Бундай талқинларни Ориентализмга яқин фикрларда, исломий ёки Исломга қарши нуқтаи назарларда ҳам кўриш мумкин. Оммавий ахборот воситаларини манипуляция қилиш мумкин бўлган, тарихий ҳақиқат ҳиссиётлар таъсирида инкор этилаётган дунёда, фактлар ва ҳақиқатга таяниш ғоят муҳим. Олимлар ва журналистларнинг таҳлилий мақолаларига ҳамда ёзувчиларнинг ҳар томонлама пухта ёзилган ишларига тез-тез мурожаат қилиш тарихий ҳодисаларни нотўғри ёки содда талқин қилишнинг олдини олади. Бу нафақат ҳарам масаласига, балки бошқа қизиқарли мавзуларга ҳам тегишлидир.
[1] Маълумки, бу террорист гурух аъзолари аёлларни ўлжа сифатида қул қилиб, бозорда сотган ёки таҳқирлаган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси “Исломий давлат” Ироқда хатто ёш болалардан худкуш ясаб, уларни ўғирлаб, сексуал қулликда сақлаганини таъкидлайди.
[2]Ҳарамдаги хотинлар урушлар пайтида ўлжа сифатида кўрилган – уларнинг юқори мақоми ҳам уларни уруш азоларидан қутқаролмаган. Бобурнинг бобоси Амир Темур Усмонийлар ҳукмдори Боязидни Анқара жангида мағлубиятга учратиб, унинг ҳарамидаги барча аёлларни, жумладан, Боязиднинг севимли хотини Оливера Деспинани қўлга киритди. Покистонлик тарихшунос Хуррам Али Шафиқнинг мақоласида келтирилишича, “Деспина яланғоч бўлиб байрамда хизмат қилиши керак эди, Боязид эса ушбу ғалаба байрамида “меҳмон” сифатида буни томоша қилишга мажбур этилди. Деспина кейинроқ Боязидга қайтариб берилди, аммо Боязид кўп ўтмай қайғудан вафот этди. Усмонийлар бу оғир травмадан ўзига келолмадилар ва бу сулоланинг подшоҳлари ҳеч қачон турмуш қурмадилар. Келажакда ҳеч қайси душман “Усмоний маликани” таҳқирламаслиги учун Усмонийлар тахти меросхўрлари канизаклардан туғилган”.