Маълумки, мазкур йилнинг 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.
Санжар Саидов
Сиёсатшунос
Мазкур фармонга кўра Ўзбекистонда фуқаролик жамияти, унинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар белгилаб қўйилган. Шулардан келиб чиқиб, биз Ўзбекистонда ўтган 27 йил давомида фуқаролик жамиятини шаклланиши борасида эришилган натижаларини таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.
Фуқаролик жамияти бу…
Бугунги кунда, ҳар бир давлат жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиши ва ўз халқига муносиб турмуш даражасини таъминлаши учун энг аввало демократик бошқарув тизими, иқтисодий барқарорлик, мамлакатда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг таъминланиши, фуқаролик жамияти институтларининг ривожи, аҳолининг ижтимоий-сиёсий маданияти, фуқаролик позициясининг юқорилиги каби кўплаб омиллар асос бўлиб хизмат қилади. Шу ўринда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш ҳар бир мамлакат учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Фуқаролик жамияти энг аввало ижтимоий муносабатлар жараёнида ўз аксини топиб, мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Фуқаролик жамиятида ижтимоий ҳаётга ва унинг доимо тараққий этиб боришига жуда катта аҳамият берилади. Унинг асосий мақсади инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини, барча ҳаётий орзу-мақсадлари шу жамиятдаги сиёсий ташкилотлар, ижтимоий институт, гуруҳ, оила ва бошқа жамоат бирлашмалари орқали амалга оширилишини таъминлашдир. Бу сиёсий ташкилотлар, ижтимоий институтлар ва гуруҳлар ҳар бир инсонга ўзи яшаётган жамиятда ҳокимиятнинг манбаи эканлигини, ҳуқуқ ва эркинликлари, қобилияти ва ҳаракати, обрўси юксак қадрият эканлигини тушунтиришга ёрдам берадилар. Инсонлар ушбу ташкилот ва бирлашмалар орқали ўзларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий, маданий ва бошқа мақсадларини амалга оширадилар.
Фуқаролик жамияти бозор иқтисодиёти ва демократик ҳуқуқий давлат шароитидагина давлат тасарруфида бўлмаган ташкилотлар, уюшмалар, эркин ва тенг ҳуқуқли индивидларнинг ўзаро плюрализмига асосланган муносабатлар уйғунлигидан ташкил топади[1].
Фуқаролик жамиятининг бирламчи асоси бу энг аввало шахс бўлиб, ва ундан кейин унинг томонидан асос солинган ижтимоий институтлар ҳисобланади. Ҳар бир шахс оила аъзоси, жамоат бирлашмаси иштирокчиси ёки ижтимоий институт фаоли сифатида фуқаролик жамияти ичидаги ҳуқуқий муносабатлар жараёнида иштирок этади. Шунинг билан бирга, инсонлар умумий муаммоларини биргаликда ҳал қилиши, жамиятнинг барча соҳаларида ўзларининг талаб ва манфаатларини ҳимоя қилишида фуқаролик жамиятининг муҳим ва ажралмас элементи ҳисобланган фуқаролик жамияти институтлари асосий рол ўйнайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра «Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади»[2].
Фуқаролик жамияти мезонлари
Маълумки, бугунги кунда дунё бўйича фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожланишини илмий-назарий ҳамда амалий тадқиқотлар асосида таҳлил қилиш кучайиб бормоқда. Шу ўринда, фуқаролик жамияти ривожланиш даражасини ўлчаш омили эмпирик тадқиқотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Замонавий сиёсий-ҳуқуқий фанларда ҳар бир мамлакат мисолида фуқаролик жамияти ва демократиянинг ривожланиш даражасини аниқловчи кўплаб мезон – индикаторлар[3] ишлаб чиқилган бўлиб, улар тадқиқотлар давомида самарали қўлланилиб келинади.
Маълумки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ҳам ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларда кўплаб ўзгаришлар содир бўлмоқда. Жамиятимизда шаклланаётган янги иқтисодий тизим билан бир қаторда, фуқароларимизнинг сиёсий тафаккурида ҳам юксалиш кузатилмоқда. У янги йўналиш ва компонентлар билан бойиб бормоқда. Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида қуйидаги мезон (индикатор)ларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилдик:
Биринчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритиши учун қонунчилик асосларининг яратилиши
Мазкур соҳага қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар жумласига «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги (1991 й.), «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги (1999 й.), «Жамоат фондлари тўғрисида»ги (2003 й.), «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги (2014 й.), «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги (2018 й.) қонунларни санаб ўтишимиз мумкин.
Шунингдек, мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотлари сон жаҳатдан ҳам ўсиб бормоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд ҳамда 30 та халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотларининг филиал ва ваколатхоналари фаолият юритмоқда[4].
Қуйидаги жадваллар асосида Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ривожланиш тенденциялари, уларнинг классификацияси ва жамиятнинг турли ижтимоий соҳалар кесимидаги фаолияти статистик таҳлил қилинган.
1-жадвал.[5]
2-жадвал.[6]
3.-жадвал.[7]
Иккинчидан, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти ривожланишининг иқтисодий ва ташкилий кафолатларини шаклланиши
Мазкур соҳада 2008 йилда қабул қилинган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбилари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори аҳамиятга эгадир. Шу асосида Парламент ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг ташкил этилиши ҳамда Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилиши ўзига хос ижобий ҳодиса бўлди дейишимиз мумкин.
4-жадвал.[8]
Учунчидан, оммавий ахборот воситаларининг очиқлиги ва самарали фаолиятининг тобора кенгайиб бориши
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, шу билан бирга, уларнинг онги, дунёқараши ва сиёсий маданиятини юксалтириш, фуқаролик позициясини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўринга эга бўлади.
Мазкур соҳада ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга келиб, мамлакатда 1 минг 500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда[9]. Улар мулк шакли, йўналиши, ахборот узатиш воситаларига кўра турличадир. Лекин, шунга қарамай Ўзбекистонда кўпчилик ОАВлари ҳалигача расмиятчилик асосида фаолият юргизади. Уларда мустақил фикрнинг дифицити ва ноплюралистик кайфият устуворлик қилиб келмоқда.
Сўнги икки йил ичида ҳукумат томонидан халқаро ОАВлари билан алоқани тиклаш ва ҳамкорлик ўрнатиш борасида айрим қадамлар ташланди. Масалан, The Wall Street Journal корреспондентларига мамлакатга киришга рухсат берилиши, 2017 йил июнь ойида Тошкентда ЕХҲТ билан ҳамкорликда медиафорум ташкил этилиши, “Америка овози” радиоси муҳбирининг аккредитациядан ўтиши, “ВВС” ва “Озодлик” радиоканаллари билан музокаралар бўлиб ўтиши шулар жумласидандир.
Лекин шундай бўлсада, Ўзбекистон миллий медиа макони ҳали-ҳамон кучсизлигича қолмоқда, танқидий материаллар фақатгина ижтимоий-иқтисодий соҳалар кесимида учраб туради. Шунинг учун ҳам World Press Freedom Index рейтингида Ўзбекистон қуйи поғаналарни эгаллаб келади.
Тўртинчидан, фуқаролик жамиятининг энг асосий бўғинларидан бири ҳисобланган – ўзини ўзи бошқариш тизимининг янада такомиллашуви
Мустақиллик йилларида ўзини ўзи бошқарув – маҳаллалар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга эътибор қаратилди. Бу институтнинг мамлакат сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётининг ажралмас бўғини сифатида шакллантириш, унинг учун зарур моддий ва молиявий шарт-шароитлар яратилди. Бугунги кунда, республикада маҳаллалар сони 10 минга яқинни ташкил этмоқда.
5-жадвал.[10]
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, маҳалла фуқаролар йиғинларини Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг том маънодаги таянчи бўлишига тўсқинлик қилаётган омиллардан бири – бу уларнинг ташкилий функцияларининг самарали йўлга қўйилмаганидир. Масалан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчилари бевосита маҳалла фуқаролари томонидан сайланиши белгилаб қўйилган[11] бўлсада, аммо уларнинг сайлов жараёнларига туман (шаҳар) ҳокимиятларининг бевосита аралашуви кузатилади. Амалда эса бу фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар аҳолининг манфаатларига хизмат қилиш, ҳудуддаги ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ва фуқароларни қийнаётган муаммоларни давлат органларига етказиш ўрнига, ҳокимиятнинг вазифалари ва «юқоридан» келадиган топшириқларни бажариш билан чекланиб қолишига олиб келади. Мазкур ҳолатда шуни таъкидлаш лозимки, айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари маҳалла аҳолисидан маънавий жиҳатдан йироқлашган ва аслида давлат аппаратининг бир қисмига айланиб қолган.
Муаммолар
Илмий изланиш ва таҳлиллар натижасида айрим омилларни алоҳида таъкидлаш мумкинки, бугунги кунда, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида айрим камчилик ва муаммолар мавжуд. Булар жумласига:
1) Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини молиялаштириш масаласи ҳануз долзарблигича қолмоқда. Парламент ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратиладиган маблағлар мамлакатда ННТларнинг миқдор ва сифат жиҳатдан ўсишига номутаносиб ҳолатда қолиб келмоқда. Кейинги пайтларда Фонд томонидан ННТларга ажратилаётган молиявий маблағ ва ёрдамнинг ҳаддан ташқари марказлашуви ва монополлашуви ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини молиялаштириш масаласида дунёнинг ривожланган мамлакатларида кенг қўлланиладиган аъзолик бадаллари, хайрия ёрдамларининг етарли даражада эмаслиги, умуман олганда маҳаллий ННТларда самарали фандрейзинг стратегиясининг мавжуд эмалгини ҳам эътироф қилишимиз лозим.
6-жадвал.[12]
Юқоридаги жадвалдан кўриниб турибдики, Ўзбекистондаги ННТларнинг биринчи рақамли муаммоси молиялаштиришнинг йўқлиги дея белгиланган. Ундан кейинги позицияларни эса, кадрлар етишмовчилиги, ўзаро секторлараро ижтимой алоқаларнинг сустлиги масалалари қайд этиб ўтилади.
2) Сўнги икки йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан ННТлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қанча амалий ишлар олиб борилди. …Аммо ана шундай муҳим саъй-ҳаракатларга қарамасдан, аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида бу ташкилотларнинг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Улар фақат номига йиғилишлар ўтказиш билан машғул бўлиб қолмоқда[13].
3) Бугунги кунда, турли даражада фаолият олиб борувчи ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз профессионализми ва компетенциясини ошириб бориши, ўзининг ташкилий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаши, бир сўз билан айтганда, жамиятда ўз легитимлигини таъминлаши бугунги куннинг долзарб масаласидан бириди.
Хулоса
Фуқаролик жамиятининг мазмун-моҳияти, унинг ижтимоий-сиёсий шароитларда фаолияти тўғрисидаги турли хил илмий қарашлар таҳлилини умумлаштирган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, фуқаролик жамияти бу давлат томонидан тўғридан-тўғри тартибга солинмайдиган ва бошқарилмайдиган эркин фуқаролар, жамоат ташкилотлари ва кўнгиллилар уюшмаларининг ўзаро самарали ижтимоий алоқалари тизимидан ташкил топади. Фуқаролик жамияти ўзининг коммуникацияларини, мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий соҳаларига тегишли принциплардан фарқ қиладиган, ўзига хос қонуниятлар – тенглик, бирдамлик, очиқлик, ўзаро ҳурмат, ишонч асосида шакллантирилади.
Шунинг билан бирга, фуқаролик жамиятининг етуклик даражасини асосий кўрсаткичи бу ижтимоий ташкилотларнинг сони эмас, балки фуқароларнинг мазкур ташкилотларга жалб этилганлиги, яъни мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий барқарорликни белгилаб берадиган фуқаролик жамиятининг ижтимоий базаси ташкил этади.
Фуқаролик жамияти мавзусига бўлган эътиборнинг кучайишига қаратилган ички ва ташқи шароитларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, бу борадаги ўзбек модели кўп жиҳатдан давлат бош ислоҳотчилигига ва патерналистик характерга асосланади. Айнан ҳокимият жамиятда ижтимоий фаолликни каналлаштиради ва уни ННТлар формати орқали ижтимоий йўналтирилган ҳаракатга трансформациясини амалга ошириб боради. Бу эса ўз навбатида демократия ва фуқаролик жамиятини фақатгина декоратив кўринишда пайдо бўлишига олиб келади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, «фуқаролик жамияти» категорияси қачонки шахс ва жамият тафаккурида ижтимоий қадриятга айлангандагина, том маънодаги кучли фуқаролик жамияти қурилишига асос бўлиши мумкин.
[1] Қирғизбоев М. Фуқаролик жамияти: генезиси, шаклланиши ва ривожланиши. Т., Ўзбекистон, 2010. Б.247.
[2] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. XIII боб, 56-модда. Т., 2016 й.
[3] Индикатор (индекс) – бу бутун тизим ҳақида хулоса чиқаришга имкон берадиган маълумотлар фрагменти ҳисобланиб, даврийлик жиҳатидан ижтимоий-сиёсий тараққиётни белгилаб берувчи омил дея таърифлашимиз мумкин. Ҳар битта индикаторнинг динамикаси ўзига хос ёндашувга асосланиши лозим. Шунинг билан бирга, жамиятдаги мавжуд вазиятни «бир нигоҳ» билан баҳолашда индикаторларнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта.
[4] Нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар соҳасида амалга оширилган ишлар. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги маълумотномаси. URL: http://www.minjust.uz/uz/activity/nnosphere/89267/?print=Y.
[5] Жадвал Ўзбекистон Республикаси Адлия вазарлиги маълумотлари асосида шакллантирилган. URL:http://www.minjust.uz.
[6] Республика жамоат ташкилотларини ўрганишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги расмий статистик маълумотномасидан фойдаланилди. URL: http://www.minjust.uz/ru/interactive/nnt/389/3144.
[7] Салихов Э.Т. Материалы международной научно-практической конференции «Роль институтов гражданского общества в охране и реализации трудовых прав граждан». 25 мая 2012 г. Ташкент.
[8] Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси. URL:http://www.fundngo.uz/uz/publications/item/224-fu-arolik-zhamiyatini-shakllanishida-nodavlat-tashkilotlarining-rni.html.
[9] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси. 22.12.2017. www.Uza.uz – Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.
[10] Ўзбекистон Республикасида фуқаролар йиғинларининг ҳудудлар кесимидаги статистик жадвали Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республикаси кенгашининг расмий маълумоти асосида тузилган. [Электрон манба] URL: https://mahallakengashi.uz (Мурожаат қилинган сана: 21.01.2018).
[11] Ўзбекистон Республикаси «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлови тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддаси. 22.04.2013. www.lex.uz – Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси.
[12] Жадвал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг расмий веб-сайтида ўтказилган ижтимоий сўров асосида шакллантирилган. URL: http://www.fundngo.uz.
[13] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 22.12.2017. Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти: URL: http://prezident.uz/uz/lists/view/1371.