Туташ тақдирлар
1989 йил. Учта қизнинг тўнғичи Дилбар ширин орзулар билан турмушга чиқди. Бир йил ўтиб қиз фарзанди – Дилшода туғилди. Турмуш ўртоғи аввалига қўрс феълли бўлсада, Дилбар билан қизини кўп хафа қилмас эди. Сўнг қайнона, қайнисингиллар аралашуви билан арзимаган баҳона билан эридан калтак ейдиган бўлди. Энг алам қилагани, Дилбарга қўшиб Дилшодани ҳам жазолашадиган бўлишди: гоҳ овқат бермай она-болани оч қилдиришар, гоҳ совуқда юпун ташқарига чиқариб, уйга киргизишмасди. Айби – “лалайган, овқатни ширин қилмайсан, уйни тоза тутмайсан”, каби иддаолар эди. “Масаллиқ етарли бўлса овқатни ширин қилишни ёш болаям эплайди”, деб эридан роса тепки еди. 3 ёшга тўлиб қолган қизи Дилшода ҳам юрак олдириб қўйган эди. 1993 йилнинг қишида онаси ўзини поезд остига ташлаганини элас-элас ҳотирлайди.
2012 йил. Калтаклар остидаги қийноқларга чидай олмаган ва ўзини ўлдирган онаси туфайли эркак зотидан безиллаб қолган Дилшодани 22 ёшида мажбурлаб турмушга беришди. Афсуски, тақдири онасига ўхшаш экан. У янги оилада ўзига нисбатан бўлаётган адолатсизлик ва хўрликларни раҳматли онасининг бошига тушган кунлар билан солиштириб, кечалари юм-юм йиғлаб чиқар эди. Барибир бўлмади, беш ойлик ёш келинчак қарнидаги ҳомиласи билан онасининг тақдирини такрорлади – ўз жонига қасд қилди.
Муаммо борми ёки бўлиб келганми?
Бугун аксарият ўзбек нашрларини варақлаб, электрон сайтларга кўз югуртирсангиз, авваллари кузатилмаган бир тандемга гувоҳ бўласиз. Сариқ матбуот ҳам, расмий ОАВ ҳам фавқулодда фаоллик билан аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусини дадил ёритишда давом этяптилар. Кунора эмас, ҳар куни қўша-қўша бири-биридан вахимали хабарлар нашр саҳифаларию, компьютер мониторларини эгаллаб олган.
Оилавий-маиший зўравонлик – оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзоси ёки аъзоларининг мунтазам давом этиб келувчи, такрорланиб турувчи зўравонлигидир ва у асосан оила ичида рўй беради. Жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик каби кўринишларда намоён бўлиши мумкин.
Савол туғилади: аёлларга нисбатан зўравонлик охирги 2-3 йилда авж олдими ёки бу аввалдан мавжуд эдими?
– Муаммо ўтган асрнинг турғунлик йилларидан бери авжида, – дейди Uzanalytics.com сайтига адвокат Зайнура Толипова. – Фақат жамиятнинг иқтисодий даражасига қараб кўрсаткич ўсиб ёки камайиб туради, холос. Яна бир нарса, бу – матбуот эркинлаша бошлагани, мавзуни ёритишдан қўрқмайдиган нашрларнинг шаклланаётганига ҳам боғлиқ жараён. Матбуот сукут сақлаган 3-4 йил аввал ҳам, 10-15 йил аввал ҳам бу ҳол давом этган, фақат оммага етказилмаган. Афсуски, унинг туб илдизлари жамият ва турмуш даражасига бориб тақалади.
Айтганимиздек, бугун мамлакат юқори даражаги расмийлари томонидан ҳам муаммо эътироф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳақида сўз юритиб, фуқароларни бундай иллатга бефарқ бўлмаслик ва унга чек қўйишга чақирди.
“Зўравонликка чек қўяйлик! Аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳар қандай жамият учун инсон ҳуқуқини поймол қилиш билан боғлиқ булган жуда жиддий муаммо саналади”, дея бонг уришга ҳаракат қилади аёллар етакчиси.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан. Бу бутун жаҳонда мавжуд бўлган ўта долзарб муаммолигини исботловчи статистик маълумотдир.
Зўравонлик иллати ҳақида узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади ва бугун бу тўғрисида очиқ гапирилмоқда.
“Кундалик ҳаётимизда аёллар қанчалик бу турдаги муаммо билан тўқнашмоқда? Афсуски, бу борадаги саволга жавоблар қувонарли эмас, – дея фикрида давом этади Т.Норбоева. – Бугун эса ушбу муаммо билан курашишнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида “Маиший зўравонликнинг олдини олиш ҳақидаги” Қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо буни ўзгартириш вақти келди”.
Маълум бўлишича, бунинг учун Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси “1146” “Ишонч телефони”ни ишга туширган. “Ишонч телефон”лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларимизга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради. Ва энг асосийси, бунда аёлнинг хоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади. Зарур ҳолларда, жабрдийда аёллар Ижтимоий мослашув марказларига (шелтер-бошпана) жойлаштирилади.
“Фурсатдан фойдаланиб, агар Сиз атрофингиздаги ана шундай аёллар тақдиридан хабардор бўлсангиз, бефарқ бўлмаслигингизни сўраймиз, бизга мурожаат қилинг ва биз биргаликда муаммонинг ечимини топамиз”, дея мурожаатини якунлайди Танзила Норбоева.
Расмийлар муносабати
Жамиятдаги вазият шу даражага етдики, муаммога Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам бефарқ қараб тура олмасдан, муносабат билдирди. Мамлакат хотин-қизларига расмий мурожаатда шундай сатрларни ўқиш мумкин:
“Оилавий зўравонликни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди, чунки у инсоннинг асосий ҳуқуқларига (ҳаёти, соғлиги, шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги) дахл қилади. Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан эмас, руҳий, ахлоқий, иқтисодий ва маиший босим кўринишларида намоён бўлиши ва оиланинг ҳар қандай аъзосига нисбатан қўлланиши мумкин. Ҳақоратлаш, мажбурлаш, зўрлаш, иқтисодий чекловлар қўйиш, мунтазам руҳий қийноққа солиш каби ҳолатлар ҳам зўравонлик сифатида баҳоланади. Қонун фуқароларни зўравонликнинг ҳар қандай туридан ҳимоялайди”.
Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонунлар – 2016” деб номланган ҳисоботида айтилишича, ҳозирда дунёдаги 46 мамлакатда оилавий зўравонликни тақиқловчи қонунлар йўқ. Улар орасида МДҲ ҳудудидаги уч мамлакат – Россия, Арманистон ва Ўзбекистон ҳам бор. 2017 йилда Арманистон оилавий зўравонликка қарши қонун лойиҳасини қабул қилди ва рўйхатдан чиқди. Ўзбекистон ҳам ҳадемай бу рўйхатдан чиқади!
– Мустақил кузатувларга кўра, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан энг кўп қўлланиладиган зўравонлик тури бу – оиладаги зўравонлик, – дейди “Истиқболли авлод” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилоти раҳбари Назифа Камалова central.asia-news.com нашрига интервьюсида. – Оиладаги зўравонликни аниқлаш айниқса қийин, чунки у инсон ҳуқуқлари муаммоси сифатида тан олиниши қийин бўлган яширин ҳолатларни ўз ичига олади. Сабаб эса анъанавий, яъни миллий муҳитда эскирган қарашлар ва тушунчаларнинг мавжудлиги.
Шунингдек мавзу буйича:
Кыргызстан обогнал страны Центральной Азии в суммарном рейтинге Women, Business and The Law 2018
Женщины как агенты перемен в Центральной Азии
“Будь здоровой, не стыдись!” О сексуальном здоровье и половом просвещении в Центральной Азии (цифры)
Быть женщиной в Таджикистане. Сказ о матерях, сестрах, дочерях (фотографии)
Оилавий зўравонлик сабаблари нимада?
Руҳшунос Шохиста Калонова Uzanalytics.com сайтига шундай дейди:
– Ҳар бир оилавий зўравонликнинг ўзига яраша сабаблари бор. Аммо уларга олиб келувчи омиллар қатор умумийликка эга. Ўзбекистон шароитида оилавий зўравонликни характерловчи қуйидаги асосий хусусиятлар фарқланади: зўравоннинг жисмонан кучлилиги (кўпинча эркакнинг аёлга, ота-онанинг фарзандга нисбатан зўравонлиги), зўравонликнинг бир шахсга нисбатан кўпчилик бўлиб содир этилиши (учинчи шахсларнинг аралашуви), жабрланган шахснинг муаммо билан ёлғиз қолиши (ҳуқуқий саводсизлик, ижтимоий ёлғизлик) ва жабрланган шахсга ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш механизмининг заифлиги.
Оилавий зўравонликка барҳам бериш қийинлигининг сабабларини мушоҳада қилганда, менталитетга хос хусусиятларни эътибордан қочирмаслик лозим. Ўзбек оилаларида шахсий ҳаёт, оилавий сир – муқаддас ва халқимиз бу маънода анча консерватив ҳисобланади, яъни кўпчилик ҳолатларда оиладаги зўравонлик оиладан ташқарига чиқмайди.
Ўзбек оилалари одатда кўп аъзолик, яъни нафақат эр ва хотин, балки уларнинг қариндошлари ҳам муносабатлар занжирида муҳим роль ўйнайди. Қайнона, қайнота ва бошқа қариндошларнинг оиладаги келинга зулм қилиши, унинг сўзсиз бўйсунишини, ҳеч қандай имтиёзлар талаб қилмаслигини исташи ёки ота-онанинг фарзандга, келинларнинг бетоб қайнона ёки қайнотага босим ўтказиши каби ҳолатлар кузатилади. Афсуски, ана шу вазиятлар аксар ҳолларда жавбрланувчининг ўз жонига қасд қилишига ёки охирги, критик нуқтага етиб боргунча зулмга бардош бериб, жиддий тан жароҳатлари, руҳий зарбалар олишига, соғлиғини тикланмас даражада йўқотишига сабаб бўлади.
Ачинарлиси кўпинча жабрланувчининг ўзи мурожаат қилмайди ёки ишни жавобгарни жазолашгача олиб бормай, даъвосини қайтариб олади. Жазоланмаган жиноятлар эса такрорланиши сир эмас.
Зўравонлардан зўр бу – қонун!
Яна бир савол юзага чиқади: зўравонларга жавобгарлик борми? Нега улар жазодан қўрқишмайди? Бу саволга муаммони ўрганиш билан шуғулланиб келаётган гендер муаммолари буйича таниқли мутахассис Марфуа Тўхтахўжаева Uzanalytics.com сайтига жавоб беради.
“Биринчидан, Ўзбекистонда эркак оила бошлиғи ва асосий боқувчиси, деган эскича қараш анча ривожланган. Иккинчидан, аксарият аёллар етарли маълумотга эга эмас ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайди. Яна бир олмил, бу – хотин-қизлар орасида ишсизлик даражасининг юқорилиги. Уларни турмуш ўртоқлари, яъни эр моддий таъминлайди. Шунинг учун эр ва қайнона тазйиқига чидашга маҳкумдирлар.
Айтиш лозимки, аёллар томонидан эркакларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳам мавжуд. Улар кўпинча эркакларни жиноятга ундайдилар. Масалан, эркакларни ўзлари учун қимматбаҳо уй-жой, машина, тилла буюмлар ҳарид қилишга мажбурлашади…
Қонунлар албатта керак, аммо маърифат йўқ жойда улар ишламайди. Зўравонлик иллат экани ҳақида жамоатчилик мунтазам бонг уриши, нашрлар тўхтовсиз ёзиши, ТВ доим кўрсатиши зарур”.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда зўравонликка нисбатан, яъни туҳмат, ҳақорат қилиш, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш, енгил тан жароҳати етказиш ҳамда майда безорилик содир этганлик учун энг кам иш ҳақининг бир бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда маъмурий жарималар солишга ва ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш жазолари кўзда тутилган.
Ҳар қандай зўравонликка жавобгарлик жиноятнинг ўзига мутаносиб бўлиши қонунчилигимизда қатъий белгиланган. Жиноят кодексида ҳам зўравонликка нисбатан, яъни қасддан баданга енгил шикаст етказиш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, қийнаш ва жабрланувчига доимий равишда руҳий босим ўтказиб, уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима, икки юз қирқ соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари, бир йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ва бир йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Муаммо бор! Ечим-чи?
Маиший зўравонлик нима? Маиший зўравонлик – бир инсон ўз умр йўлдошини тотал назорат остига олиб, ўзаро муносабатларда тўлиқ ҳукмронлик қилишга уриниши. Бу жисмоний ва ахлоқий устидан кулиш ҳолатларида ёки молиявий ҳолатини суистеъмол қилишда намоён бўлиши мумкин. Жисмоний зўравонлик жисмоний жароҳатларга олиб келади ва баъзи ҳолатларда ҳаёт учун хавф туғдиради.
Яқинда таниқли журналист Наталья Кучерявая kun.uz интернет сайтида “Оилавий зўравонлик: Ноҳақлик ва тўлиқ назорат” номли мақоласини эълон қилди. Қуйидаги иқтибосда муаллиф асосан муаммонинг ечимини топиш йўллари ҳақида мушоҳада юритган.
“Маиший зўравонликка қарши қандай курашиш мумкин? Бунга қарши ёлғиз курашиб бўлмайди. Қўрқиб яшовчи, руҳий жиҳатдан эзилган зўравонлик қурбони аниқ ва “шафқатсиз” қарорлар қабул қилиш ҳолатида бўлмайди. Бу ерда нафақат яқинларнинг, балки давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Зеро зўравонлик, энг аввало, шахсга қарши жиноят, шахсий эркинлик ҳуқуқларининг бузилишидир.
Бутун дунёда бу каби жиноятлар профилактикаси бўйича катта тажриба, махсус қонунчилик меъёрлари ва бундай кишиларни реабилитация қилишга доир стандартлар мавжуд. Ўзбекистонда ҳам бу нормалар ривожланмоқда. Мамлакатимизда бундай зўравонлик тушунчаси биринчи марта қонун доирасида белгиланади. Қонун ҳимоя механизмлари, тақиқлар, чора-тадбирлар, процессуал кафолат кабиларни татбиқ қилишга йўналтирилади.
Халқ орасида кўп қўлланувчи “урадими, демак – севади” деган тушунчага умуман ўрин бўлмаслиги керак. Психологларнинг фикрича, бир марта қўл кўтардими, бу ҳолат яна такрорланиш эҳтимоли юқори. Зўравонликка имкон бериш керак эмас. Калтак ва ҳақоратлардан азият чекаётган аёл “Сабр қил!” эмас, “Биз сенга ёрдам берамиз!” деган гапни эшитгиси келади. Ҳатто баъзи сабабларга кўра ёрдамдан воз кечаётган аёл ҳам ёрдамга муҳтож бўлади”
Занжирларни узамиз…
Ҳуқуқини билган инсон ўзининг қонун ҳимоясида эканини яхши ҳис этади ва ундан вақтида фойдалана олади. Зўравонликка тоқат қилманг. Йўқ денг ва чора кўринг. Зеро, инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун. Акса ҳолда Дилбар ва Дилшодалар дуч келаётган азоб-уқубат, камситилиш, хўрлик, таҳқир занжирлари ҳеч қачон узилмайди.