Фархор (Пархар) қишлоғи Тожикистонинг жанубида, яъни Афғонистон чегарасидан беш километр нарида жойлашган. Совет Тожикистони даврида бу ер кўп миллатли ва мақташга арзугулик жой бўлган. Ахолисини кўп қисми асосан Қозоғистондан кўчиб келган корейслардан иборат эди. Совет хўжалиги раҳбарларидан бири уддабурон инсон бўлиб, собиқ СССРнинг энг жанубий бурчагида ушбу ҳудудда намунали хўжалик ташкил этган. Бугунги кунда корейслардан фақат кекса бир аёл қолган. Лекин аҳолиси бугунги кунда ҳам кўп миллатли – тожиклар, ўзбеклар, қозоқлардан иборат. Фархор олдинги иқтисодий салоҳиятини йўқотган бўлсада, ўзининг чегара билмас гўзал ишқий ҳикояси билан фахрланса арзийди.
“Гўзал қиз, мен сен билан умримнинг охиригача бирга бўламан ”
Фархор туманида ёз ойлари жуда иссиқ, ҳаво ҳарорати +50 даражагача етади, жазирамага ўрганмаган инсон эрта саҳар соат еттида кўчада юра олмайди. Туман марказидан 15 километр нарида мўъжазгина Сурхоб қишлоғи жойлашган. Бу ерда на сув, на касалхона бор, электр чироғини доимий равишда ўчирилиши одатий ҳолга айланган. Бу ер Подмосковьедан тубдан фарқ қилишига қарамай, соҳибжамол Александра беш йил аввал ўз ватанидан кечиб турмуш ўртоғи Барот кетидан қишлоққа кўчиб келган.
Александра Барот билан танишганда 19 ёшда эди, Барот эса 25 ёшни қаршилаганди. Фархор қишлоғидан бўлган бу навқирон йигит Подмосковьеда кўплаб бошқа марказий осиёликлар сингари “меҳнат муҳожири” сифатида меҳнат қиларди. Барот рус тилида яхши сўзлашарди, чунки қишлоғида рус мактабини тугатганди.
Барот Александранинг қўлини сўраганда, «икковининг келажаги бормикан, ахир қайлиғи маҳаллий эмас, балким у бу ерга доимий яшаш истагида келмагандир», деган саволлар ёш қизни ўйлантиради. Александра Ўрта Осиёлик эркаклар ҳақида оз бўлсада маълумотга эга эди. Унга кўра, осиёликларнинг Россияда ҳам, ўз ватанида ҳам хотини бўлади. Уйдаги аёли асосан ойиси ва қариндошлари учун хизмат қилади.
«Мен унга рус эмаслигини, унинг ўзбеклигини, бир кун келиб барибир она юртига қайтиб кетишини айтганман. Мени пуч ниятлар билан ишонтирмаслиги ва беъмани муносабатларни хушламаслигимни айтганимда, у: «Гўзал қиз, мен сен билан умримнинг охиригача бирга бўламан», – деган.
Миллатлараро аҳамиятга молик муҳаббат
Барот ва Александра 17 йилдан буён бирга.
«Турмуш ўртоғимнинг ота-онасини туб аҳоли «хола» ва «тагои» деб аташади (тожик тилидан таржима қилинганда, она томондан «хола» ва «тоға» деган маъноларни англатади). Мен қишлоқда эрининг онасини «апа» (яъни, она), отасини «ата» (ота) деб чақирган биринчи келин бўлганман. Бу ноодатий эди».
Кўплаб ўзбеклар ва қозоқлар ҳам истиқомат қиладиган Фархорда тожик тили – мулоқот тили ҳисобланади. Александра тожик тилида бемалол сўзлаша олади. Ўзидан кичиклар билан рус тилида гаплашади, чунки аксарият туб аҳоли қишлоқдаги ягона рус мактабида таҳсил олган. Жорий йилда Александра қўни-қўшниларини ҳурмат қилиб, улар билан бирга Рамазон ойида рўза тутишга қарор қилган.
Фарзандлар
Александра эрта саҳарда уйғонгач, бу ернинг одатига кўра, мўъжазгина уйининг ҳовличасини супуради, нок, олча, анор парваришланаётган кичикроқ боғига кўз югуртиради ва албатта вақтининг кўп қисмини фарзандларига ажратади.
Фарзандлардан олтита, ҳаммаси мала сочли. Тўнғичи Таня, саккизинчи синфни тугатди, Юля, Руслан ва Валя Россияда туғилди. Мавлуда ва Мадина Фархорда. Мадина августнинг охирида бир ёшга тўлади ва у ҳозир оддий тожик миллий бешиги «гахвор»да ухлаяпти.
Қишлоқда ҳамма нарса аста-секин эскириб нурай бошлаяпти. Санитар ҳолат ҳам яхши эмас. Собиқ СССРнинг бошқа кўплаб чекка ҳудудларида ҳам ҳудди шу ҳолатни кузатиш мумкин, шу боис Александра нолимайди. Унинг айтишича, ўзи ҳам шундай бўлишини тахмин қилган.
Қайтиб кетиш учун келишган
Подмосковьеда 12 йиллик истиқоматдан кейин Баротнинг касаллиги туфайли уйга қайтишга тўғри келади. Россияда унинг фуқаролиги йўқ эди, даволаниш ҳам қийин ва қимматга тушарди. Тожикистонда Барот шифо топди.
Лекин оила орқага қайтишга шошилмасди. Оиланинг саккиз нафар аъзосига кетадиган транспорт ҳаражатлари кам чиқим эмасди. Иккинчидан, ҳужжатларни ҳам янгилаш зарур. Яна қаерга ҳам шошишарди – бу вақт оралиғида Александранинг Россияда яқинлари қолмаганди. Ота-онаси вафот этган, опа-укалари ҳам ўз турмуши билан овора.
Оила қайтиш ҳақида ўйлай бошлайди. Ягона сабаб – Баротни 17 йил илгари она ватанини тарк этишга мажбур қилган ишсизликдир. Барот – оиланинг ягона боқувчиси ҳисобланади, нима иш тўғри келса бажаради, ишдан қочмайди. Қўни-қўшниларининг асбоб-ускуналарини таъмирлайди, молга қарайди, қурилиш ва таъмирлаш ишларига ёрдамлашади. Бироқ бу катта оилани боқиш учун камлик қилади, албатта.
Барот ва Александра яқин орада пул ишлаш учун Россияга кетишни режалаштирмоқда. Олдин ўзлари оёққа туриб,кейин фарзандларини ҳам олиб кетишади. Фархорда уларга қараб турадиган одам топилади – қариндошлар болаларга қарашдан ҳеч қачон бош тортмайди ва ҳамиша уларни ўз фарзандларидай тарбиялашади. Айнан шу боис, Александра Шарқ ва маҳаллий урф-одатларни ёқтиради – бу ерда ҳамиша суяниш мумкин бўлган инсонни топиш мумкин.