Марфуа Тўхтахўжаева анчадан буён Марказий Осиёдаги аёллар муаммолари билан шуғулланиб келмоқда. У Ўзбекистон ва Марказий Осиё хотин-қизлари ҳақидаги қатор мақола ва изланишлар муаллифидир. Унинг мақолалари Ўзбекистон ва хорижда кенг танилган.
Рус тилидаги оригинал: CAA Network, Ноябрь 27, 2016
1991 йилда Марфуа Ўзбекистонда илк Аёллар ресурс марказини очди. 2005 йил май ойида Андижонда фожеа юз беради ва расмий ҳокимият халқаро ҳамжамият танқидига учрайди. Шундан сўнг кўпгина нодавлат ташкилотлар ёпила бошлайди. Ушбу жараён аёллар марказига ҳам ўз таъсирини кўрсатади ва 2005 йил ёзда ҳокимият босими билан марказ ҳам ёпилади. “Ниятимиз – мамлакатимиз ҳаётини ижобий томонга ўзгартириш эди ва бизга юртимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам фаол аёллар керак эди. Ўзимиз ҳам ўқирдик, бошқаларга ҳам таълим берардик. Марказимизнинг асосий мақсади – аёлларга уларнинг ҳуқуқлари тўғрисида маърифат бериш ва аёллар ўртасида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш ҳисобланган. Бизни аёлларнинг одатда безатиб кўрсатиладиган ҳаёти эмас, уларнинг ҳақиқий, реал ҳаёти қизиқтирарди. Бу борада бизга Покистон ва Ҳиндистондаги ана шундай ресурс марказлар тажрибаси жуда ас қотди”, – дейди Марфуа.
Марфуа Тўхтахўжаева совет аёлининг мусулмон аёлига айланиши жараёнлари тўғрисида интервьюда сўзлаб берди.
1990 йил аёли
Аёллар Совет даврида Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлашдан фойдаланиш имконига, ижтимоий ҳимояга эга бўлдилар, турли соҳаларда касбий фаолият билан шуғуллана бошладилар. Натижада, аёллар аҳволи солиштирма даромад даражаси бўйича бошқа мамлакатларга нисбатан юқори бўлган ва ҳозирча шундайлигича қолмоқда.
Бироқ 1990-йилларда аёлларимиз, ўз нозик елкаларига орқалаши лозим бўлган мислсиз қийинчиликларга дуч келишди. Улар бозорга чиқишган, савдогарлик билан шуғулланишган, оддий малакасиз юмушларларни бажариб, ишсиз эрларини ҳам боқишган. Аёллар меҳнатдан бош тортмаган, шу боис, уларнинг бир қисми фоҳишалик билан ҳам шуғулланган.
1990 йилларнинг бошида совет даврига оид барча нарсани инкор этиш жараёни бошланди. Танқидлар, энг аввало аёллар бошига келиб тушди. Аксарият сиёсатчи ва ёзувчилар бу борада анъанавийлик ва ислом динини халоскор ғоя сифатида қарашди. Ўзбек жамияти ўзгара бошлади, шу билан бирга қадриятлар ўзгарди. Ҳозирги кунда биз кўчаларда ҳижобдаги аёлларни кўп учратамиз, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, кўп хотинлик каби муаммоларга дуч келдик. Айни пайтда, уйдаги зўравонликлар ва аёллар ўртасида тобора ўсиб бораётган ишсизлик ҳақида гапирмай қўйдик.
Ислом ва аёллар
“Ислом ва аёллар” – бугунги кун расмий ва оппозиция матбуотидаги оммабоп мавзулардан ҳисобланади. Муаллифлар аёллар ва ёшлар муаммолари, жиноятчиликнинг ошишини фақат аёлнинг озодликка чиқиш жараёни: унга эркаклар билан тенг ҳуқуқлиликни тақдим этилиши билан боғлашади. Аёлларни азалий мажбуриятларга қайтариш мавзуси гўёки миллат келажаги ҳақида қайғураётган ёзувчиларни томонидан баралла гапирила бошланди. Маърифат арбоблари ҳам, собиқ коммунистлар ҳам шу ҳақда мулоҳаза қилмоқдалар.
Ўрта Осиёда анъанавий гендер тақсимотига оид тасаввурга кўра, эркак – боқувчи, аёл хотин ва уй бекаси бўлиши керак. Ушбу меъёрий тақсимот шундайлигича сақланиб келмоқда, ҳеч ким аёллар бажарадиган уй юмушларини уларнинг зиммасидан олганича йўқ.
Матбуотда чиқиш қилган эркаклар аёлнинг ислом жамиятидаги ўрнини унинг табиати каби юксак баҳолайдилар ва шунинг ўзига ҳақиқий тенг ҳуқуқлилик деб қарайдилар.
Ўзбек жамиятида аёллар ўртасидаги диний тартиб ва анъаналар отин ёки отин ойи томонидан тарғиб этилади. Улар ўзига хос мавқе ва обрўга эга. Туркистонда инқилобга қадар барча хотин-қизлар тадбирлари отинлар иштирокида ўтказилган. Диний таълим оилада ўқитилган. Совет даврига келиб дин таъқиқлангани сабабли, фақат 80-йилларнинг охирига келиб отинлар ҳақида очиқ гапирола бошланди.
Бугунги кунда уларнинг сони кўпчиликни такшил этади. Улар нафақат диний мактабларни тугатган ёш хотин-қизлар бўлибгина қолмай, ҳаётида маълум воқеа (қариндошлари қандайдир касалликка ёки мусибатга учраса) содир бўлганидан сўнг, ўзларининг шу иш билан шуғулланишлари тушларида аён бўлганини даъво қилган аёллар ҳамдир. Бунга ўхшаш ҳолатлар кўп учрайди.
Аёллар турли тадбирларга суҳбатни олиб бориш, инсонларларни бир-бири билан боғлаш учун кўпинча отинларни таклиф этишади. Дин эркинлиги бизда давлат томонидан кафолатланган, аёллар мана шу эркинликдан фойдаланмоқдалар. Бизга фақат анъаналаштириш ва жамиятда дин даражасининг ошганини қайд этиш қолган холос.
Кўп хотинлик ҳақида
Анъанавий жамиятда ёлғиз эркаклар, айниқса ёлғиз аёллар ва ажрашганларга нисбатан салбий қараш мавжуд. Советлаштириш фуқаролик қонунларини берган бўлсада, СССР, айниқса Марказий Осиёдаги фуқаролик жамияти сохталигича қолди.
Бунинг асосий сабабларидан бири – мамлакатда ёзилган қонунлар яхши ижро этилмас, инсонни ҳимоя қилолмас, фақат анъанавий меъёрлардан умид қилиш қолганди холос. Урф-одатларга риоя қилиш жамоатчилик фикри асосида таъминланарди. Ўз-ўзича оиладан бош тортиш – бу ажрашиш кўринишида бўладими, ёлғизлик шаклидами – анъанавий жамият тартибларига зид келади. Айни пайтда, кўп хотинлик анъанавий жамият нуқтаи назаридан сабабли, демакки кўнишга арзийдиган ҳолатдир.
Кўп хотинликнинг қайта тикланиши учун эркаклар билан бирга аёллар ҳам бирдек жавобгардир. Бугунги кунда маънавиятнинг сусайиб, ахлоқий меъёрларнинг ўзгариши кузатилмоқда. Кўпчилик аёллар ҳам ўз ҳаётини фақат моддий жиҳатдан устун эркаклар билан боғлашга интилмоқдалар. Булар фақат пул ва юксак мансабни афзал билган ёш қизлар ва иккинчи хотинлардир.
Ҳеч ким кўп хотинликка қарши чиқмайди. Ҳеч кимнинг “Нима учун иккинчи хотинга уйландинг?” деган саволни беришга журъати етмайди. Бундай инсонларга нисбатан нафақат қонун, айни дамда жамият томонидан ҳам қандайдир бефарқ қаралади.
Қонун кўп хотинликни таъқиқлайди. Бир хўжаликда иккинчи хотин бўлишига йўл қўйилмаслиги айтилган. Шуни ҳам бошқача талқин қилиш мумкин: хўжалик бошқа бўлса, бунинг иложини қилса бўлади.
Менимча, бу эркаклар ғурурининг намойиши холос – мана мен қандай бой, кучлиман, менга ҳамма нарса рухсат этилган, нафақат битта хотинни, иккита, учтасини ҳам боқа оламан, деб ўйлашади. Бироқ бизда бу масалага худди бефарқдек қараш мавжуд. Кўп хотинлик мавзуси замонавий Ўзбекистонда на журналистлар, на олимлар ва на тадқиқотчилар томонидан ёритилади.
Домла ўқиган никоҳ ва қонуний никоҳ – мутлақо ҳар хил тушунчалардир. Бироқ кўп хотинлик ҳанузгача давом этмоқда. Ҳамма ҳам оилали бўлишни ҳоҳлайди. Шу боис ҳам бугунги кунда ажрашган аёл бўлиш иккинчи хотин бўлишга нисбатан ёмонроқдир. Чунки жамиятда “ёлғиз аёл” тушунчасига қараганда, кўп хотинлик юқори баҳоланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, 126 модда:
Кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш – энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан чеклаш ёҳуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар
Эрта никоҳлар Ўзбекистон ҳокимиятини жиддий хавотирга солмоқда. Ҳатто мамлакат раҳбарлари ҳам бу ҳақда гапиришмоқда. Ўтган йили марҳум Президент Ислом Каримов Ўзбекистон телевидениесида чиқиш қилиб, ота-оналарга 19-20 ёшга тўлмаган қизларини турмушга бермасликка мурожаат қилганди. Эрта никоҳлар бўйича тарғибот ишлари фуқароларнинг яшаш жойларидаги ОАВ томонидан ҳам олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, мамлакат аҳолиси эрта никоҳларнинг ножуя таъсирини кўрмаяпти.
Совет ҳокимияти Ўзбекистондаги қадимий урф-одатлар ва оилавий муносабатларга қаррши курашди. Шаҳарларда қариндошлар ўртасида никоҳлар деярли қайд этилмаган, бироқ қишлоқларда бу анъаналар сақланиб қолганди. Совет давридан сўнг қадимий оилавий никоҳ анъаналари қайта тикланди. Натижада, жамиятда эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар сони кўпайди, шунингдек уйда аёлларга нисбатан кўрсатиладиган зўравонлик ҳолатлари ҳам қайд этилди.
Эрта никоҳларнинг тарқалиши – бу эски оилавий анъаналарнинг қайтиши ва ўзбек жамиятида диний тартиблар қарор топиши маҳсулидир. Кўпчилик, қиз қанча ёш бўлса, ундан яхши хотинни тарбиялаш шунча осон бўлади, деб ҳисоблайди Бунинг учун энг муносиб ёш – 16-17 ёш саналади. Энг муҳими, келинни куёвнинг уйга олиб келиш, қолган тарбиявий ишлар билан қайнона шуғулланади.
Эрта никоҳлар дин пешволари томонидан махфий маъқулланади. Чунки, ўзбек оилаларидаги ҳеч бир уйланиш никоҳ ўқитишсиз бўлмайди. Юртимиз дунёвий, фуқаролик никоҳи эса, қонуний саналсада, диний вакилларнинг мана шу эрта никоҳларни ўқиши туфайли ҳам, бундай никоҳлар ҳали ҳам мавжуд.
Халқимизда ўз йигит-қизларимизни бегонага бермаслик анъанаси мавжуд. Эрта никоҳга қарши тарғибот ишларини ушбу урф-одатдан хабардор бўлган ва таъсирчан ёшларга нисбатан қўллаш жоиз. Ёшлар қариндошлар ўртасидаги никоҳга рози бўлмаслиги ва ўз танловига таяниши лозим. Қариндошлик алоқаларини мана шундай никоҳлар билан эмас, ўзаро ҳурмат, саломатликка бўлган алоҳида эътибор билан мустаҳкамлаш даркор.
Аёллар ҳаракатига нима тўсқинлик қиляпти
Аксарият аёллар менталитетимиз сабабли ҳали бозор иқтисодиётига тўла мослашмаган. Тижорат тузилмаларида совет даврида раҳбарлик тажрибасига эга бўлган, таниш-билишлари бор, бошқарув, молияга оид билимлардан хабардор бўлган, ўзгаришларни тез ҳис қила биладиганлар меҳнат қилишади. Ижтимоий фаол фуқаролар янги шароитларга тез мослаша оладилир. Бахтга қарши, кўпчилик аҳоли давлатдан умид қилиб яшайди. Қисқа вақтда ижтимоий сусткашлик ва тайёрга айёрликка барҳам бериб бўлмайди. Бунинг учун йиллар керак бўлади.
Аёллар жамиятнинг суст қисмилигича қолмоқда. Жамиятнинг табақаланиши бугун ҳақиқатга айланмоқда, аёллар ҳозирги кунда бойлиги, ижтимоий-маданий қизиқишлари, миллати, диний ва сиёсий қарашларига қараб бўлинган. Бироқ олдинги қўрқув, нуфузли шахсларга қарамлик бу бўлинишни ҳали жамоат ташкилотлари ва ҳаракатлар кўринишида расмийлаштириш имконини бермайди.
Ижтимоий муаммолар аёлни манфаатлар ҳимояси йўлида бирлашишга ундаши лозим.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда нодавлат ташкилотларга нисбатан ишончсизлик туйғуси мавжуд. Давлат бошқариш мумкин бўлган сохта нодавлат ташкилотлар тузмоқда. одатда бундай нодавлат ташкилотлар соғлиқни сақлаш, болалар ҳимояси соҳасига оид ташкилотлардир. Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича нодавлат ташкилотлар тузиш, қонунчиликни ўзгартириш ҳолатлари деярли рўйхатга олинмаган. Бундай нодавлат ташкилотлар ғарбий грант маблағлари ҳисобидан ишлайди ва уларни назорат қилиб бўлмайди, деган қараш мавжуд.
Яна бир муаммо – аёллар ўртасида фаол феминистлар ва етакчиларнинг мавжуд эмаслиги. Кўнгилли аёллар ҳаракати йўқ.
Аёлларнинг турли ижтимоий гуруҳлари манфаатларини ҳимоя қилувчи муқобил аёллар ташкилотлари янги типдаги етакчилар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтаган бўларди. Ҳозирча эса, бошқарувнинг барча босқичларида эркаклар устунлиги, аёллар, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқларининг камситилиши ачинарли ҳолатлигича қолмоқда.
Марфуа Тўхтахўжаева – Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти бўйича архитектор, фан номзоди. 1991-2005 йилларда Тошкентда Ўзбекистондаги илк нодавлат ташкилотлардан бири бўлган Аёллар Ресурс Маркази асосчиси ва раиси бўлган. 1996-2001 йилларда Тошкентдаги “Voice of Amerika” радиостаанцияси мухбири сифатида фаолият юритган. Марфуа Тўхтахўжаева “Амазонка қизлари: Марказий Осиё овозлари” (1991 й), “Коммунизм шиорлари ва ислом қонунлари ўртасида” (2000 й), “Ўтмишдан толиққанлар” (2001 й), “ХХ аср Ўзбекистон аёллари нигоҳида” (2008 й) китоблари муаллифи. Китоблар рус ва ўзбек тилларида нашр этилган. Айримлари инглиз тилига таржима қилинган.
Photo credit: Shutterstock.com