Муаллиф: Руслан Изимов
Ўзбекистон Қорақалпоғистондаги инқирозни кутмаган эди. Мамлакат сўнгги йилларда президент Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотлар жараёнида жипслашгандай ва бир қарашда жамиятда розилик ва давлат ҳокимиятига ишонч бордай эди. Лекин ундай бўлиб чиқмади.
Gazeta.uz интернет нашридаги рукнида эксперт Юрий Сарахунян мана бундай деб ёзган эди: “Ўзбекистон раҳбарияти сўнгги йилларда аҳолини қабул қинаётган қарорлар ва уларни пиар қилиш бўйича хабардор қилиш борасида олға силжишга эришгани шубҳасиз. Бироқ булар барчаси коммуникация – мулоқот стратегиясининг ўрнини эгалламаслиги, аксинча, бир қисми бўлиши лозим эди. Фақат хабардор қилиш ва пиарга асосланган ҳолда самарали мулоқотни барпо этиб бўлмайди. Ижтимоий кайфиятни нозик ҳис қилиш, ижтимоий фикрни шакллантириш устида тинмай ишлаш ва уни чуқур таҳлил қилган ҳолда қарорлар қабул қилиш керак бўлади”.
Чиндан ҳам ахборот соҳасидаги кўплаб олға силжишларга қарамай, Ўзбекистонда нималар юз бераётгани ҳақида жуда оз нарса биламиз. Ислоҳотлар аслида қайси вазифаларни бажаришга йўналтирилган? Иқтисодиёт ўсиши ва бир ҳовуч бизнесменлар синфининг ишларини юргизишгами, маданиятни тиклашгами ёки жамиятни чин маънода ислоҳ қилишгами? Баъзи кишилар қайд этишича, Ўзбекистон ислоҳот сари олинган йўналиш жадаллигини бироз камайтирди, бунга ҳануз ҳокимиятда қолаётган консерватив сиёсатчилар тутаётган мавқе ҳам сабаб бўлмоқда. Уларга кўра, кўплаб ўзгаришлар минтақада хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ортиб бораётгани сабабли арзимас пардоз-андоздан иборат бўлиб қолади. Ҳатто Каримов даврида бўлгани каби ташқи ва ички сиёсат юргизишда фақат хавфсизликка устувор аҳамият берилиши билан боғлиқ хатарлар ҳам мавжуд.
Шунга қарамай, Мирзиёев маъмурияти ҳозирча ислоҳотларни амалга ошириш йўналишида ҳаракатини давом эттирмоқда. Қорақалпоғистондаги инқирознинг кескин босқичидан ўтиб бўлинди, ҳокимиятдаги лавозимларга янги тайинловлар амалга оширилди ва сабоқлар чиқарилди. Ўзбекистон Афғонистон билан фаол музокаралар олиб бормоқда, қўшнилари, жумладан, Жанубий Осиё мамлакатларини минтақавий ҳамкорлик лойиҳаларига жалб этмоқда – бундан кўзланган мақсад бирга ривожланиш, барқарорлик ва тинчликдир.
Чин маънодаги янгиланиш ва ўзбек ренессанси учун нима қилиш керак?
Шу каби масалаларни бугун биз билан ўзбекистонлик халқаро муносабатлар борасидаги эксперт Юрий Саруханян муҳокама қилади.
Юрий Саруханян – халқаро муносабатлар соҳасида эксперт, “Серия пеналти” телеграм-канали муаллифи (https://t.me/powerofanalytics)
Сиз билан Қорақалпоғистондаги вазиятни бироз муҳокама қилмоқчи эдик. Ушбу республикадаги воқеаларнинг кескин босқичи ўтиб бўлгани тушунарли. Билишимизча, Ўзбекистон конституциясининг Қорақалпоғистон мақомига бағишланган суверен – эгамен республика экани ҳақидаги моддаси ўзгаришсиз қоладиган бўлди. Аммо айни чоқда сизнинг жамиятда мулоқот узилиб қолгани тўғрисидаги мақолангиз шов-шув бўлиб кетди. Унда келтирилган далил нимадан иборат эди? Энди орадан бироз вақт ўтгандан сўнг унга нимани қўшган бўлар эдингиз?
Шов-шув деганда нимани назарда тутяпсиз? Бу менга мақоланинг шов-шув бўлгани сабаби айнан нимада эканини тушуниб олишимда ёрдам беради, чунки мен ўша мақолада ноодатий бирор нарса ҳақида ёзганим йўқ. Шунинг учун тушунтириб берсангиз…
Хўп, албатта. Мен ўша мақола ўта оммабоп бўлганини айтяпман. Экспертлар ҳамжамиятида ўша мақола жуда кўп марта кўчириб босилди, уни кўпчилик ўқиди. Умуман олганда, ҳеч бир ғайритабиий нарса ҳақида ёзилгани йўқ, аммо шу билан бирга, сиз мақолада тилга олиб ўтган муаммо, айниқса, ҳокимият билан жамият ўртасидаги мулоқот муаммоси Марказий Осиёдаги жамиятларимиз учун жуда долзарб.
Ўртада узилиш борлиги нуқтаи назаридан буни жуда долзарб деб ўйлайман – бу – биринчидан. Қорақалпоғистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш жараёнида юз берган воқеалар таҳлили бўйича мавқеим шундан иборатки, мен айни инқирозни ҳудудий яхлитлик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи билан боғлиқ муаммо сифатида олиб қарамаганман. Ушбу икки масаланинг қайси бири устунлигига оид баҳслар халқаро муносабатларнинг абадий бошоғриғидир. Мен инқирозга фақат ва фақат ички сиёсий хато, қарорлар қабул қилиш жараёнидаги хато ва шунга кўра, жамият билан мулоқот қилишдаги хато сифатида қараганман.
Ижозат берсангиз, тафсилотларни баён қилсам. 2016 йилга қадар Ўзбекистондаги жамият билан мулоқотга оид вазият ҳам, аҳолига ахборот бериб туришнинг аҳволи ҳам жуда ёмон эди, яъни ОАВ фаол бўлмаган. Умуман, ҳамма маълумотлари тақчил матбуот хабарномаларини кўчириб босиш билан шуғулланган. Давлат идоралари журналист билан алоқага чиқмаган ва жуда ёпиқ бўлган. Умуман, кимдандир қандай изоҳ олиш жуда катта бошоғриқ эди.
2016 йилдан бошлаб бундай услуб жиндай ўзгарди, яъни ҳукумат ахборот сиёсатидаги ўзгаришлар маъносида анча олға силжишга эришди. Энди ҳамма нарса фаоллашди. Давлат идоралари боғланиб, изоҳ ва ҳк. бераётгани сабаб ОАВ анча жонланди. Ҳукумат эса бу ишни олға силжитиш, яъни пиар масаласида жуда фаол бўлиб қолди. Аммо айнан мулоқот билан боғлиқ улан муаммолар бор, чунки бизда мулоқотга фақат ва фақат ахборот бериш ва бирор нарсани олға суриш сифатида қаралади. Лекин, билишимча, мулоқот биринчи навбатда икки томонлама ҳаракатдир, яъни ҳукумат ва сиёсий кучлар жамиятга ўз ғояларини “сотиш”га ёки исботлашга ҳаракат қилади. Айнан шу стратегия, айнан шу қарор тўғридир. Зикр этилган мулоқот наф бериши учун оддий ахборот сиёсати ва бирор нарсани олға суриш етарли эмас, чунки мулоқот ҳар қандай қарор муҳокамага олиб чиқилишидан олдин қилинадиган ишдир. Яъниким, дастлаб сиз жамият билан мулоқот қиласиз, унга ниманидир тушунтириб, айнан шу нарса тўғри эканини исботлаб берасиз. Жамият аъзоларининг у ҳақдаги фикр-мулоҳазаларини эшитиб, қабул қилинажак қарорларга ўзгартиришлар киритасиз, шундан сўнг иш расмий босқичга чиқади. Фикримча, айнан шу масала, яъни тузатишлар борасида Қорақалпоғистонда хато юз берган. Шунинг учун Қорақалпоғистондаги инқироз йўқ жойдан пайдо бўлган ноодатий бир нарса эмас. Бу – Ўзбекистондаги жамоатчилик билан самарасиз мулоқот сабаб юзага келаётган турли инқирозлар занжирининг бир ҳалқаси, холос. Бундан олдин бу одамларнинг уйларини ноқонуний бузиб ташлаш, қандайдир тадбирлар ўтказиш олдидан жониворларни йўқ қилиш, қайсидир ҳолатларда иш бермайдиган қонунларни қабул қилиш тарзида юз бериб келаётган эди. Энди эса Қорақалпоғистонда самарали мулоқот йўқлиги сабаб бўлган яна бир инқироз юз бериб турибди. Иш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қиладиган аниқ бир халққа бориб тақалгани учун ёрқин рангларда кўзга ташланди.
Адашмасам, иккинчи саволингиз мақолани ўзгартиришим ёки унга у-бу нарса қўшишим ёки қўшмаслигим ҳақида бўлди. Мақолада айтган гапларимга ҳеч нарса қўша олмайман. Фақат томонлар ўзини босиб олиши зарурлигига эътибор қаратмоқчиман. Лекин мен буни мақоламда тилга олиб ўтган эдим. Ушбу медиа-маконда ҳудудий яхлитлик хусусида ташвишга тушиб қолган кишилар ҳам пайдо бўлди ва улар ушбу моддани (конституциядаги) улкан таҳдид деб ҳисоблайди. Мен бир нарсани тушунмаяпман, 30 йил таҳдид бўлмай келган моддани қўққисдан айрим медиа-арбоблар, бунга қарши курашиш керак деб ҳисоблаб, қорақалпоқларни бўлгинчиликда айблашга тушиб кетди. Айнан шу нарса нариги томон, яъни қорақалпоқларга ҳам тегишли. Ажралиб чиқишга ва Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқишга йўналтирилган бошқа қандайдир ҳаракатларга даъватлар яхшиликка олиб бормайди. Хулоса шуки, томонлар дўқ-пўписа, тинмай дўқ қилишни, унинг олов пуркашини камайтириб, бу инқироздан қандай чиқиш, ундан эсон-омон ўтиб олиб, яшашни давом эттиришни ўйлаши керак.
Мавзуни давом эттириб айтмоқчиманки, Ўзбекистондак бир қатор амалдорлар ишдан бўшатилди. Янги амалдорлар тайинланганини экспертлар ҳамжамияти қизғин муҳокама қилмоқда. Баъзи кишилар қайд этишича, Ўзбекистон ислоҳот сари олинган йўналиш жадаллигини бироз камайтирди, бунга ҳануз ҳокимиятда қолаётган консерватив сиёсатчилар тутаётган мавқе ҳам сабаб бўлмоқда. Мирзиёевнинг ислоҳотлар йўли ҳақида озроқ сўзлаб берсангиз. Бу йўлни ёқтирмайдиганлар борми? Умуман, ушбу йўлни қандай тавсифлаш мумкин?
Мен умумлаштиришни ва ислоҳотлар йўли ҳақида умумий тарзда гапиришни ёқтирмайман. Бунинг маъноси шуки, менга ислоҳотларнинг баъзи жиҳатлари маъқул. Гап айнан қайси ислоҳотлар ҳақида кетмоқда? Агар давлат бошқаруви тизими ислоҳати ҳақида гапирмоқчи бўлсак, у бошлангани ҳам йўқ, яъни Ўзбекистон – ҳали-ҳамон суперпрезидентлик республикаси. Бу ерда ҳокимият ўта марказлашган. Ҳудудий жиҳатдан эмас, қарор қабул қилиш жараёни ўта марказлашган – юқоридан пастга қараб (top-down approach – “юқоридан пастга қараб” ёндашуви). Бу – классик ёндашув. Сиёсий муҳитдаги рақобат ҳалигача кўзга ташлангани йўқ, яъни сиёсий партиялар бир-бири билан ҳокимиятни эгаллаш учун курашмайди. Ҳаммаси юқорида қабул қилинган аллақандай умумий стратегияни бажариш йўлида фаолият кўрсатади. Усул бутунлай ўзгариб кетди, эҳтимол хулқ-атвор усули, ОАВ услуби ва оқибатларга муносабат билдириш усули ўзгаргандир. Масалан, Қорақалпоғистонда инқироз юзага келганда, у Андижон воқеалари билан таққосланганини ўзингиз ҳам кўрдингиз. У ерга армия киритилади ва ҳамма нарса оғир оқибатларга олиб келади, деган хавотир бор эди. Нукусга президент бориб келди. Яъниким, қайсидир ўринларда – мен буни ҳар доим айтаман – босқич туси ўзгарди, ташқи кўриниш ўзгарди. Аммо тизим ҳамон эскича турибди. Уни ҳали узоқ ислоҳ қилиш зарур бўлади. Бу ишни бошлаш учун сиёсий ирода зарур. Иккинчи навбатда авлодлар алмашуви лозим, чунки авлодлар алмашгандан сўнг Ўзбекистон аниқ ислоҳотлар йўлига ўтса ажаб эмас.
Умуман, мен аввалбошдан газак олдириб юборилган нарсалар бўйича ижобий ўзгаришлар бор, деб ҳисоблайман. Дейлик, ташқи иқтисодий фаолиятнинг энг либерал тизими бўлмиш конвертацияни ёки мамлакатдан ташқарига чиқиш учун ҳар 2 йилда янгиланиши керак бўлган чиқиш визасини олайлик. Энди чет эл паспорти жорий этилди. Маиший ҳаётни қайсидир йўсинда енгиллаштирадиган нарсалар йўлга қўйилди. У шифтга етиб бўлди. Сўз эркинлигига келсак, бу ҳақда қаттиқ мунозаралар бўляпти. Менимча, 2017 йилда унинг чорчўпи аниқ белгилаб олинган эди. Негадир Ўзбекистонда сўз эркинлигининг авж палласини бошидан кечираётгандай бўлиб кўринган эди, чунки 2017 йилга қадар чорчўп ўртасида бўшлиқ бор эди ва у тўла бошлади. Шунга кўра, у тўла бошлаши билан матбуот жонланаётгандай ҳиссиёт уйғотди. Матбуот чиндан ҳам фаоллашди. Давлат идоралари жонланмоқда. Сўз эркинлиги жонланиб, чорчўпга тиралиб қолгач, ҳамма ундан ташқарига чиқиб бўлмаётганини ҳис қилди. Бинобарин, ҳамма янги ҳолатда яшай бошламоқда.
Сиёсий ислоҳот деган нарса ҳали дурустроқ бошлангани йўқ. Унга 2026 йилдан сўнг киришилса, ажаб эмас. Бу ерда истаганча фол очиш мумкин, аммо бундай ислоҳот кўп, жумладан, ички омилларга боғлиқ. Шунинг учун мен ислоҳотлар йўлидаги одимлар сустлашиб қолди, деб айта олмайман. Фақат у шифтга етиб бўлди. Энди сиёсий тизим янги қадамни қўйиши даркор. Биринчи навбатда мана шу кейинги қадамни босишдан қўрқмаслик лозим. Аммо у кейинги қадамни қўйиш-қўймаслиги ҳозирча номаълум.
Ички сиёсат муҳокамасидан ташқи сиёсат муҳокамасига ўтаётиб, Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг ислоҳот йўлларини таққослаш мавзусини озроқ муҳокама қилсак, демоқчиман. Негадир кўплаб таҳлилчилар Мирзиёв Ўзбекистонини Иккинчи Қозоғистон деб атаб, Мирзиёев ва унинг маъмурияти капитализм ва ишбилармонлар синфига таянган ҳолда бундай маърифий авторитаризм йўлини танлаётганини назарда тутган ҳолда унда иккиламчиликни [Қозоғистонга тақлид қилишни] кўрмоқда. Бу ҳақда сиз нима дейсиз?
Умуман олганда, мен мамлакатларни бир-бирига таққослашни ёқтирмайман. Эсингизда бўлса керак, минтақамизда “иккинчи Сингапур”, “янги Швейцария” деган гаплар ҳеч қачон одамлар тилидан тушмайди. Бунақа қолипларни жиним суймайди, чунки ҳар бир мамлакатнинг ички тузилмаси, ички контексти ва ўз ривожланиш тажрибаси бор. Менинг Қозоғистонда қандай ўзгаришлар қилингани, Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти қандай ислоҳотлар ўтказаётганини таққослагим келмайди, чунки даврлар турлича, яъни Қозоғистон биринчи президенти билан жуда узоқ яшади ва у мамлакатни ривожлантиришнинг ўзига хос йўлидан борди. Энди Қозоғистонда ворис тайинланди – келинг, шундай деб атайлик – ва кейинчалик бу элиталарнинг қарама-қаршилигига айланиб кетди. Биз ҳозир фақат президент Мирзиёев ваколатлари тугайдиган 2026 йилга қараб кетяпмиз. Менимча, ўша пайтда Ўзбекистон қайси модел бўйича ривожланаётгани ойдинлашади.
Капитализм ва маърифий авторитаризмга умид боғлашга келсак, мен бунақа атамаларни унчалик ёқтирмайман. Билишимча, авторитаризм – маърифий бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, барибир авторитаризм. Ҳа, бизда бизнесга, бизнесни ривожлантиришга таянилмоқда. Лекин мен бу ўринда тўғридан-тўғри таққослашга қийналаман, чунки Қозоғистонда нималар юз бергани, ўша авторитаризм қандай барпо этилгани хусусида тўлиқ маълумотга эга эмасман, шунинг учун бевосита таққослаш жуда қийин бўлади.
Мирзиёев ҳокимиятга минтақавий интеграцияга аниқ даъвати билан келди. Умуман олганда, Тўқаев ҳам ташқи сиёсатдаги ана шу нарративни танлади. Сизнингча, Марказий Осиёда ғоялар рақобати мавжудми? Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида қандай муносабатлар ривожланмоқда?
Шу ўринда озроқ тузатиш китирмоқчиман. Мирзиёев ҳеч қачон интеграция ҳақида гапирмайди. У ҳокимиятга келганда, унинг олдида Марказий Осиё [етакчилари] қандайдир умумий муаммоларни муҳокама қилишга йиғилиш учун қўшнилар билан гаплашиши масаласи турган эди. 2018 йилги машҳур Наврўз саммитида ҳамкорлик интеграцияга эмас, мулоқотни йўлга қўйишга қаратилгани ҳақида аниқ сигнал берилди. Мен Марказий Осиё ҳақидаги бўлғуси мулоқот чоғида тушунарли бўлиши учун суҳюбатимиз бошидаёқ эслатма бериб ўтган эдим. Минтақадаги интеграцияга қарши эмасман, аммо мақсад қўйилиб, амалга оширилиши мумкин бўлмаган ва бунинг учун асос бўлмаган жараёнга мутлақо қаршиман. Назаримда, яқин йилларда минтақа мамлакатлари интеграцияси деган гапни бутунлай эсдан чиқариб, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур бўлади. Шуни эслатиб ўтмоқчиман, чунки бизда ҳамкорлик билан интеграция ҳамиша чалкаштириб келинади. Шу сабаб гапирилаётган гап билан юз бераётган иш ўртасида катта тафовут кўзга ташланиб туради.
Минтақага эътибор қаратилганига келсак, чиндан у Марказий Осиёга йўналтирилган эди. Бу чиндан ҳам изчил амалга оширилмоқда. Биз Қирғизистон ва Тожикистон билан мулоқотни нормал ҳолатга келтирдик. Маълумки, узоқ вақт Тожикистон билан мулоқот узилиб қолган эди. У жуда оғир бўлган. 2017 йили Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтган саммит чоғида Назарбоев, Мирзиёев ва Раҳмон бир кичик диванда ўтириб олиб, нималарнидир хушчақчақ муҳокама қилаётгани акс этган суратни сиз ҳам кўрган бўлсангиз керак. Шартли қилиб айтадиган бўлсак, бу минтақадаги янги мулоқат рамзи бўлган эди.
Минтақага ёндашувга келсак, менимча, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида рақобат йўқ, бўлиши ҳам керак эмас. Бизни бироз ажратиб турадиган нарса Қозоғистоннинг ЕОИИга аъзолигидир. Назарбоев мана шу Евроосиё бирдамлиги ғояси асосчиларидан биридир. Ўзбекистон эса мўлжални Марказий Осиёнинг беш мамлакати томон олган. Бизнинг ягона заиф жойимиз Афғонистондир, чунки 90-йилларда, Афғонистон – Марказий Осиёнинг бир бўлаги, деган ғоя оммалашган эди, менимча, бу мутлақо асоссиз. 2017 йилда Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий жараёнларга жалб этишга ҳаракат қилишга урингач, афғон мавзусининг янги босқичи бошланди. Яхши ҳамки, ҳозирча ҳамма нарса Афғонистон – қўшнимиз, унга нисбатан алоҳида мавқени ишлаб чиқиш, шунга кўра, унга лойиҳаларда қатнашишига ёрдам бериш керак, деган тўхтамда қолинди. Мен Тўқаев билан Мирзиёев ўртасида мамлакатлар ҳис қилаётганидан ташқари минтақамиз бўйича қандайдир жиддий келишмовчилик бор деб ўйламайман, яъни Қозоғистон ўзини кўпроқ Евроосиё мамлакати, Ўзбекистон эса Марказий Осиё мамлакати деб ҳис қилади. Бунинг сабаби жуғрофияда. Биз Марказий Осиё марказида жойлашганмиз, Қозоғистон эса ўзини Евроосиё макони марказида кўради.
Шу ўринда рақобат барча мамлакатлар ўртасида борлигини тан олишимиз керак. Негадир минтақамизда рақобатга бир-бирига қарама-қарши мавқелардан туриб қараш ва бу ҳатто енгиб бўлмайдиган зиддиятларни, жумладан, иқтисодий зиддиятларни келтириб чиқаради, деган қараш мавжуд. Эсингизда бўлса, 2018 ёки 2019 йили ОАВда Ўзбекистон Қозоғистондаги инвесторларни ўз томонига оғдириб олади, деган мавзу бир неча ой ёки ярим йил қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Лекин кўплаб иқтисодчи экспертлар Ўзбекистон Қозоғистондан ўзига оғдириб олиши мумкин бўлган умумий соҳалар йўқлигини айтди. Боз устига, Қозоғистон бизнесга 90-йилларда кириб, ўша ерда мустаҳкам ўрнашиб олган, яъни бизнес ўша ерда ишлаяпти ва бундан кейин ҳам ишлайди. Ўзбекистон эса ўзига яқин бўлган соҳаларда иш олиб боради. Шунинг учун рақобатни бирга айрим нарсаларни ўйлаб топиш, амалга ошириб ва муросали қарорларга келиш сифатида қабул қилиш керак. Айтиб ўтганимдек, Қозоғистонни жиндай бошқа томонга тортадиган ягона тўсиқ унинг ЕОИИ билан КХШТга аъзолиги бўлса керак. Ўзбекистон ҳозирча ўша ташкилотларга аъзо бўлмагунча бундай мажбуриятлардан озод, яъни унинг мавқеи бироз бошқача бўлиши турган гап.
Қолган бошқа масалаларда, пандемия даврида кўрганимиздек ёки Қирғизистондаги давлат тўнтариши вақтида Мирзиёев билан Тўқаев ҳар доим бир-бири билан қўнғироқлашиб турди. Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида юз берган ҳарбий тўқнашувлар вақтида ҳам шундай бўлган эди. Улар иккаласи ҳам Қозоғистон билан Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг етакчи мамлакатлари эканини тушунади. Қолаверса, улар ушбу етакчилик юкини кўтариб юришга ва нималардир қилишга интилмоқда. Бундан қандай натижа чиқишини олдиндан айта олмаймиз, чунки бу минтақавий мулоқот тикланганига орадан, бор-йўғи, 5 йил вақт ўтди.
Гапингизга қўшиламан.
Бизнинг туташ нуқталаримиз, ўзаро манфаатли лойиҳаларимиз ва ҳамкорлик йўналишларимиз зиддиятларга нисбатан жуда кўп. Ҳозир ишга туширилаётган чегарабўйи савдо маркази лойиҳаси ҳам икки томонлама савдо-сотиқ кучайишига умид беради, у минтақавий савдо-сотиқ даражасига чиқиб, ушбу Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасидаги марказ иккинчи Қўрғасга (Хитой билан Қозоғистон ўртасидаги бож тўловларисиз савдо маркази) айланиши мумкин.
Аммо айни чоқда айрим рақобатлашувчи ёки, айтайлик, қандайдир муқобил лойиҳалар ҳам бор. Масалан, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган темирйўл лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. У Ўзбекистонда қандай баҳоланмоқда? Унинг амалга ошириш истиқболи қанчалик аниқ?
Адашмасам, бу лойиҳа ўн йиллардан бери муҳокама қилиниб келмоқда. Фақат ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, деб қайта-қайта ахборот тарқатган матбуот хабарномаларига қарамай, иш жойидан бир одам ҳам қўзғалгани йўқ. Менимча, Қозоғистон бу масалада қандайдир рақобатни ҳис қилишига ҳожат йўқ. Мен ҳатто буни муҳокама қилишни ҳам бемаъни иш деб биламан, чунки нима барпо қилишимиз ва келгусида ҳаракатларимизни мувофиқлаштириб олишимиз нуқтаи назаридан ўн йилдан ошиқ вақтдан бери ҳеч қандай олға силжиш бўлаётгани йўқ. Шунинг учун бу ҳақда фақат тегишли учрашувлар ўтаётганда, тегишли матбуот хабарномаси тарқатилганда эсланмоқда, холос. Ҳукумат даражасида доимий тарзда қандайдир ишлар қилинаётгани шубҳасиз. Лекин барибир матбуот хабарномаларидан нарига ўтилмаяпти. Шунинг учун буни қайсидир тарзда муҳокама қилиш нораво деб ҳисоблайман. Биз ҳозир қачон амалга ошиши номаълум узоқ истиқбол ҳақида гапиряпмиз.
Мен сизга бу саволни шу кунларда амалга оширилаётган сафарнит эътиборга олган ҳолда бердим. ХХР ташқи ишлар вазири Ван И Тошкентга ташриф буюрди ва энди Қирғизистон билан Тожикистонга сафар қилишни режалаштиряпти. Мен ушбу сафарлар чорчўпида балки зикр этилган лойиҳалар муҳокама қилингандир, деб ўйладим.
Балки нимадир муҳокама қилингандир ҳам. Бунақа пайтда ахборот ёпиқ бўлишини, бунақа тадбир ҳақида ОАВ “ушбу лойиҳа бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди” қабилида бир оғиз гап билан чекланишини яхши биласиз.
Бугун Афғонистондан хавфсизликка бўлаётган таҳдидлар ҳақида кўп гапириляпти. Масалан, Тошкентда “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келганининг бир йиллиги арафасида Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу тадбир якунлари бўйича қандай натижаларга эришилгани хусусида ўқувчиларимизга сўзлаб берсангиз.
Айтишим мумкинки, биринчидан, Афғонистон ҳар доим Ўзбекистон кун тартибидаги марказий масалалагича қолмоқда. 90-йиллардан бошлаб, Ислом Каримов ушбу муаммога биринчи бўлиб эътибор қарата бошлаган. 6 + 2 ташаббуси, 1999 йилда Тошкентда бўлиб ўтган учрашув, Каримов 2008 йили НАТО саммити чоғида илгари сурган 6 + 3 ташаббусидан хабарингиз бўлса керак. Афсуски, бу ташаббусларнинг ҳеч қайсиси амалга ошмай қолиб кетди. Қайсидир вақтга келиб, айнан афғон кун тартибидаги масалаларнинг сиёсий қисми орқага чекинди, чунки, келинг, бор ҳақиқатни тан олайлик, Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон муаммосини ҳал этиш учун на етарли сиёсий ресруслари, на сиёсий вазни бор. Афғонистон муаммоси – жуда мураккаб. Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг шу масалани яна кўтарди, яъни биз қайтадан жаҳон ҳамжамияти эътиборини афғон муаммосига қарата бошладик. 2017 йилда Самарқандда Афғонистон бўйича катта конференция бўлиб ўтди. “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келиши арафасида яна бир конференция ўтказилди, афсуски, у Ашраф Ғани ҳукумати йиқилишидан бир ойдан камроқ вақт олдин ниҳоясига етди. Ҳозир бу конференцияларнинг вазифаси ҳам, мақсади ҳам, асосан, Ўзбекистоннинг обрўсини кўтаришдир, бу мамлакат айни музокаралар учун майдон бўла олиши, жаҳон ҳамжамияти эътиборини торта олишга тайёр эканини англатади. Аммо тушуниб олишимиз керакки, қандайдир сиёсий оқибатларга бошқа мамлакатлар сабабчи бўлади, Афғонистон бўйича қарор, қандайдир асосий ечимлар Марказий Осиёда қабул қилинмайди, яъни у ерда халқаро миқёсдаги бошқа таъсир кучи катта акторлар: АҚШ, Хитой, қисман Эрон билан Ҳиндистон иш кўрмоқда. Айни пайтда Россия ушбу жараёнга фаол қўшилишни истамоқда. Ўзбекистон ўтказаётган учрашувлар барча томонларни бир жойга йиғиш ва музокаралар ўтказиш учун самарали майдон сифатида кўзга ташланмоқда. Сўнгги учрашувга келсак, мен муҳим бир жиҳатни эслатиб ўтмоқчиман. Назаримда, бу Тошкентнинг Афғонистон муваққат ҳукумати террористик ташкилотлар билан барча алоқаларни узиш ва инсон ҳақлари, хусусан, қизларнинг таълим тизимидан баҳраманд бўлишига оид барча зиммасига олган мажбуриятларни бажариш даъвати билан чиққани бўлди. Бу Тошкентнинг энг юқори даражадаги даъвати бўлди. Буни президент ҳам, Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари бўлган Абдулазиз Комилов ҳам айтди. Бундай аниқ гаплар биринчи марта янгради.
Мунозарага келсак, яна бир ижобий жиҳатлардан бири Тошкентда турли-туман гуруҳларнинг йиғилгани бўлди. Конференцияда Ғарб мамлакатлари ҳам, Россия ва Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари ҳам иштирок этди. Улар қандай талабларни қўйганини кўрган бўлсангиз керак. Ҳамма фикр алмашиб, ҳозирча тарқалди. Энди бундан буёнги қарорлар қабул қилинади. Тушунишим бўйича, парда ортида музокаралар чоғида барча масалалар ҳал этилади.
Мен афғон мавзусида гапираётиб, Ўзбекистон айнан иқтисодий, инфратузилма ва гуманитар лойиҳаларга асосий эътиборни қаратгани маъқул деб биламан. Мана шу масалаларда Ўзбекистоннинг таъсир кўрсатиш ва вазиятга таъсир қилиш имконияти мавжуд. Ўзбекистон Афғонистонга электр қуввати етказиб бериш, кўприклар, мактаблар ва ҳк. қуриш бўйича кўп ишларни бажармоқда. Сиёсий мавзуга келсак, бу ўринда обрў-эътибор орттириш ва ўз ҳудудини ҳамма йиғиладиган музокаралар майдончасига айлантириш билан барибир ҳеч қандай қарор қабул қилинмаслиги ўртасидаги аниқ чегарани белгилаб олиш жуда муҳим. Шунинг учун сиёсий нуқтаи назардан мувозанатланган стратегияни амалга оширган маъқул ва у Тошкент ёки Ўзбекистоннинг исталган шаҳрида ўтказилган бундай учрашувларни фақат ҳамма йиғилиб, суратга тушиб, тарқаб кетадиган протокол тадбирига айлантириб қўймаслиги зарур. Агар бундай учрашувлар жуда кўп ўтказилса, маълум бир вақт келиб, Ўзбекистон обрўсига зарар етказа бошлайди.
Умуман олганда, Ўзбекистон ташқи сиёсатида жанубий йўналиш устунлик қила бошлади. Ҳокимият транспорт йўллари танқислиги, логистика муаммоларини ҳал этишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Уни амалга ошириш қанчалик ҳақиқатга яқин? Ҳозир сиз транспорт, логистика, энергетика ва ҳк. соҳалардаги аниқ лойиҳаларга эътибор қаратиш зарурлигини айтиб ўтдингиз. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш эҳтимоли қандай?
Ҳамма нарса Афғонистон ичидаги воқеалар қай тарзда ривожланишига бориб тақалади. Яъниким, бу лойиҳалар ишлаб чиқилганда, Ашраф Ғани ҳукумати шартли равишда айтсак, ўша лойиҳани амалга оширадиган ишчиларга, унда иштирок этадиган компанияларга, темирйўлдан фойдаланиш жараёнига, транспорт маршрутларига хавфсизлик кафолатини бера олмас эди. У қоғозда кафолат бериши мумкин бўлгандир, аммо амалда буни таъминлаб бера олмас эди. Энди ҳамма нарса Афғонистондаги вазият қанчалик тез барқарорлашувига боғлиқ. Ҳамма нарса шу масалага бориб тақалади. Афғонистон ҳукумати олдинги ҳукуматлар билан, Ғарб билан, Шарқ билан ва истаган томон билан ҳисоб-китоб қилиб олишга киришиб кетадиган эмас, мамлакатни ривожлантириш билан шуғулланадиган, халқаро ҳамжамият тан олган ҳақиқий ҳукуматга айланиши керак. Афғонистон ҳукумати бутун мамлакат ҳудудида уни ҳақиқий давлатга айлантириши керак, Ашраф Ғани ҳукумати давридагига ўхшаб фақат Кобулдан чиқмай ўтириб, ҳокимияти Кобулдан ташқарига таъсир қилмайдиган бўлса, бу лойиҳаларни амалга ошириш амри маҳол бўлиб қолаверади. Бу Ўзбекистон учун жуда муҳим. Аммо, фикримча, токи Афғонистонда тинчлик қарор топмас экан, ҳеч бир глобал нарсани ўзгартириб бўлмайди, нари борса, лойиҳалар қоғозда лойиҳалигича қолиб кетаверади. Энг ёмони лойиҳалар ишга тушгандан сўнг бирор фалокат юз беришидир.
Ҳа, афсуски, Афғонистонни бошдан-оёқ толиблар назорат қилаётганига қарамай, бу мамлакатдаги аҳволни ҳалигача олдиндан башорат қилиб бўлмайди.
Суҳбатимизни тугатаётиб, Қорақалпоғистон ва у ерда юз берган воқеалар Ўзбекистон келажагигша қандай таъсир кўрсатади, деган савол бермоқчи эдим. Сизнингча, Қорақалпоғистондаги воқеаларда сўнг Ўзбекистон олдида қандай хатарлар бор? Ўзбекистон маъмурияти ислоҳотлар йўлини оғишмай давом эттира оладими? Умуман, экспертлар ҳамжамияти вакили сифатида Ўзбекистон ҳукуматига қандай амалий тавсиялар берасиз?
Вазият кескинлашуви олди олиниб, тез орада бартараф қилингани ҳаммамиз учун яхши бўлди, чунки исталган мамлакатдаги исталган масала бўйича уни ҳал этишдаги исталган имиллаш норозиликларни келтириб чиқаради ва у исталган вазиятда ташқи омиллар аралашувига сабаб бўлади. Кимнингдир аралашуви барча постсовет мамлакатларида катта қўрқув уйғотади. Ташқи акторлар ҳақида гапирганда, Ғарбни назарда тутишимиз шарт эмас. Жон-жон деб аралашиши мумкин бўлган кўплаб бошқа ташқи омиллар бор. Можарони бартараф қилишнинг уддасидан чиқилди. Энди кескинлик даражасини камайтириш зарур. Бу – биринчидан. Иккинчидан, жазолайман деб ҳаддан ошиш керак эмас, чунки Қорақалпоғистонда жамият конституцияга тузатишлар киритиш лойиҳасидан норози эканини адолатли тарзда билдирди. Албатта, бундан фойдаланиб қолишга уринганлар ҳам бўлди. Шунинг учун юз берган воқеаларни тергов қилишда норозилик билдирган кишилардан бундан фойдаланиб қолмоқчи бўлган кишиларни – улар қорақалпоғистонликлар ёки қўшни мамлакатлар ватандошлари бўлишидан қатъи назар – аниқ ажратиб олиш шарт. Учинчидан, кенг қамроли бўлса ҳам, ўтиш жараёнини бошидан кечираётган ҳар қандай ҳукумат, эртами-кечми, инқирозлар билан юзма-юз келиши табиий. Бу иқтисодий ёки хавфсизлик билан боғлиқ инқироз бўлиши мумкин. Айни буҳрон бурилиш нуқтаси бўлади, яъни ё ҳукумат илгари ўзи учун яхши, шинам ва қулай бўлган орқага, қулайлик муҳитига қайтади, ёки айни пайтда бутун бошли тизим ўзгараётгани сабабли ниманидир эплай олмай қолдик, лекин биз йўлимизни давом эттирамиз ва эълон қилган ишларимизни бажарамиз, деб олдинга қадам ташлашдан тайсалламайди.
Энг муҳими, ҳокимият институтларини ривожлантириш зарур – мен буни ҳар доим айтиб келаман. Яъниким, Ўзбекистонда қарорлар қабул қиладиган, кейин ўша қабул қилинган қарорлар ва уларнинг оқибатлари ва ҳк. учун жавобгар шахсларни топадиган шахслар эмас, аксинча, ишлайдиган, қарорлар қабул қиладиган, ўша қарорлар учун жавобгар бўладиган институтлар пайдо бўлиши шарт. Ўзбекистон сиёсий тизими шахссизлантирилиши (деперсонализация) керак, яъни биз шартли равишда АҚШ, Франция ва Германия деб гапирганда, бирор шахсни назарда тутмаймиз-ку. Бунақа ҳолларда кўпроқ тизимлар: АҚШ, Франция, Италия ва Германиянинг сиёсий тизими эсга олинади. Эътибор қилинг, биз мамлакатларимиз ҳақида гапирганда, ҳар доим муайян одамлар хусусида сўзлаймиз: Каримов, Ўзбекистони, Назарбоев Қозоғистони, Тўқаев Қозоғистони, Мирзиёев Ўзбекистони дегандай. Ҳар доим ҳокимият тепасида турган одам ҳақида гўё ҳамма нарсани у қилаётгандай гапирамиз. Аслида ҳам шундай. Лекин бундан фақат Ўзбекистон эмас, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари воз кечиши шарт. Бундан воз кечиш учун эса Марказий Осиё мамлакатларида ҳокимиятнинг алмашув механизми ишга туширилиши, тизим уни ким бошқараётганидан қатъий назар ишлаши, олдинга ҳаракат қилиши, ватандошлар мансабдар одам келиши, у кетиши, ўрнига янгиси келишини англаб етиши лозим. Ўша пайтда одамлар сиёсий элита ва сиёсий тизимдаги ҳокимиятга келган кишилар келган бўлса, эрта бир кун вақти келиб кетишини тушуниб етади. Улар барқарорлик, бошланган ишларни охирига етказиш ва ҳк. ҳақида гапириб, баҳона қидирмайдиган бўлади, яъни дастурларни тизим амалга ошириши, одамлар эса ўша амалга оширишни мувофиқлаштириб турса бўлди – олам гулистон. Мен мана шу тавсияларни бермоқчиман, фикримча, бу барча постсовет макони мамлакатлари учун долзарб.
Минтақа ҳақида бир-икки оғиз сўзни қўшимча қилмоқчиман. Биз сиз билан бу мавзу ҳақида гапириб ҳам ўтдик. Минтақамиз учун ҳозир кўриб турганимиз қуруқ гапдан иборат ҳамкорликдан ҳақиқий ҳамкорликка ўтиш муҳим. 2005 – 2016 йиллардаги ҳолатдан сўнг ҳозир юз бераётоган воқеалар жуда салмоқли. Биз сиз билан рақобат, турли лойиҳалар ҳақида гапирган эдик. Қуруқ гаплардан иборат ҳамкорликдан қандайдир лойиҳаларни бажаришга асосланган амалий ҳамкорликка ўтиш зарур. Мамлакатларимиз минтақада қандайдир лойиҳани кимдир ташқаридан келиб амалга ошираётганда, бир-биримизни рақиблар деб қабул қилмаслигимизни тушуниши даркор. Қайсидир йўл қайси мамлакатдан ўтиши кераклиги ҳақидаги баҳслар эсингизда бордир. Ҳамма уни ўз ҳудудидан ўтказишни истайди. Биз бунақа лойиҳаларга ягона бешлик сифатида ёндашишимиз, тушадиган фойдани тақсимлашимиз, уларни амалга ошириш чоғидаги ролларни бўлишиб олишимиз ва лойиҳаларни бирга амалга оширишимиз керак. Шундагина енгиб ўтиб бўлмас зиддият юбўлиб кўринган рақобат масаласи, мамлакатлар орасидаги у ёки бу лойиҳа ва минтақага бўлган у ёки бу тарздаги қарашга оид қарама-қаршиликлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Ва минтақа ҳамкорликнинг амалийроқ режимига ўтади ва шахссизлантирилади, чунки 3 – 4 мамлакатни боғлайдиган шартли темирйўл ҳокимиятга турган шахсга боғлиқ бўлмайди. Агар мана шу шахссизлантириш амалга ошадиган бўлса, ҳокимият алмашуви вақтида ўша лойиҳани ҳеч ким тўхтатиб қўя олмайди.