Муаллиф: Руслан Изимов
Россияда меҳнат қилаётган марказий осиёлик кўп миллионлик мигрантлар турли тадқиқотчилар ўрганишдан чарчамаётган ҳодисадир. Улар энг заиф гуруҳ бўлишига, дунё иқтисодиётидаги ҳар қандай тебранишга, Россияга қарши қўлланаётган санкцияларга, пандемияга, полиция ўзбошимчалиги ва зўравонлигига қарамай, энг барқарор ва мослашувчан ишчилардир. Мигрантлар ҳар қандай инқироздан олдинги ҳолатига қайтади, ишини, пул жўнатишини давом эттиради, оиласи ва жамиятини қўллаб-қувватлайверади.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 2 миллиондан ошиқ ватандоши, шунингдек, Қирғизистон билан Тожикистоннинг ҳар биридан 1 миллион нафардан киши Россияда меҳнат мигрантлари бўлиб турибди. Мигрантларнинг пул кўчирмалари Қирғизистон билан Тожикистон ЯИМнинг тақрибан 30 фоизини ташкил қилади. Меҳнат миграцияси Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари учун нормал ҳолатга айланди, миллионлаб янги иш жойлари ташкил қилиш қўлидан келмайдиган амалдорлар меҳнат мигрантларини ўз ҳисоб-китобларига ва бюджетнинг даромад қисмига қўшмоқда. Лекин бу меҳнат миграцияси йирик ижтимоий муаммо бўлмай қолишини англатмайди.
Россиянинг миграция майдонидаги бугунги вазият қандай? Россиядаги меҳнат миграцияси Туркиядагидан нимаси билан фарқ қилади? Нега меҳнат мигрантлари тадқиқотчиларни ҳайратга солишда давом этмоқда? Умуман, марказий осиёлик мигрантлар тақдири қайси омилларга боғлиқ?
Ушбу саволларга мигрантлар масаласи бўйича мутахассис, Лунд университети тадқиқотчиси Шерзод Эралиев жавоб беради.
Шерзод Эралиев – Ҳелсинки университети ва айни пайтда Лунд университети постдокторантураси тадқиқотчиси. Асосан, Марказий Осиёдаги, кенгроқ маънода Евроосиё маконидаги миграция масалалари билан шуғулланади.
Мигрантларнинг пул кўчирмалари Марказий Осиёдаги валюта тушумларининг асосий қисмини ташкил қилади. Келинг, ўзимиз, Марказий Осиёдаги мамлакатларимиз учун мигрантларнинг пул жўнатмалари миқёсини аниқлашдан бошлайлик. Масалан, статистика бўйича Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан қанча аҳоли бошқа мамлакатларга чиқиб кетмоқда ҳамда мигрантлар пул кўчирмаларининг ушбу мамлакатлар бюджетидаги улуши қанча?
Миграцион меҳнатнинг 3 та асосий мамлакатини дарров белгилаб олиш мумкин: Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон. Ушбу ҳар бир мамлакатнинг қанча ватандоши меҳнат миграциясида экани ҳақида аниқ маълумот йўқ, чунки ҳар бир мигрантларни қабул қилувчи ва жўнатувчи мамлакатнинг статистика усули бир-биридан кескин фарқ қилади. Нафақат турли мамлакатларда, ҳатто Россиянинг ўзидаги алоҳида идораларининг ҳам ҳисоб-китоб усуллари бир-биридан тафовутли. Оқибатда биз турли ва ҳатто бир-бирига зид бўлган рақамларга дуч келамиз. Шунга қарамай, миграция миқёсини тушуниб олиш учун мигрантларни қабул қилувчи асосий мамлакат бўлмиш Россияда улар қанча эканини мисол тариқасида олиш мумкин. Бу ерда Ўзбекистон ватандошлари энг кўп экани шубҳасиз. Камида 2 миллион ўзбекистонлик Россия Федерациясида меҳнат қилмоқда. Тожикистонлик мигрантлар сони 1 миллиондан ошиқ, Қирғизистондан эса 600 – 700 минг киши Россияда пул ишлаб топгани юрибди. Лекин юқорида қайд этганимдек, бу – экспертлар ҳамжамияти у ёки бу тарзда таянаётган шартли маълумотлар. Агар мигрантлар сони аҳоли жон бошига олинса, яъни бир миллион аҳолига қанча мигрант тўғри келиши ҳисобланса, ушбу мамлакатларнинг умумий аҳоли сонига нисбатан тожиклар ва қирғизлар миграцияда кўп эканини назарда тутиш лозим бўлади.
Энди пул жўнатмаларини кўздан кечирайлик. 2020 йилги энг янги маълумотларни оламиз, чунки йилги барча мамлакатларнинг 2021 маълумотларини бемалол олиб бўлмайди – улар очиқ эмас. 2020 йилда Ўзбекистонга 6 млрд доллардан кўпроқ пул келди. Бу мамлакат ЯИМнинг тақрибан ўндан бир қисмига тенг. Яъниким, пул кўчирмалари ушбу мамлакатда ишсизлик оқибатлари ва камбағалликни камайтиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Бу 6 млрд доллардан Россия ҳиссасига 4,3 млрд доллар тўғри келди, яъни пулнинг чорак қисмидан кўпроғи Россия эмас, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Исроил ва бошқа мамлакатлардан келиб тушмоқда. Бу Россиядан ташқари номи зикр этилган мамлакатларда анча-мунча Ўзбекистон ватандошлари борлигини кўрсатади.
2020 йилда Қирғизистонга 2,3 млрд доллар, Тожикистонга эса 2,5 млрд доллардан кўпроқ пул кўчирмалари келиб тушди. Бу пулнинг мутлақ кўпчилиги Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келади. Қирғизистон билан Тожикистон иқтисодиётида пул кўчирмалари улуши анча баланд. Турли ташкилотлар турлича маълумотларни тақдим этмоқда. Лекин мигрантлар ватанига Қирғизистон билан Тожикистон ЯИМнинг 27 – 30 фоизига тенг пул жўнатмоқда. Бу – жуда катта фоиз. Иккала мамлакат ҳам пул кўчирмаларига қарам мамлакатларнинг дастлабки ўнталигига киради. Айни кўчирмалар кўплаб оилаларга омон қолиш, яшаш, овқатланиш, кўчмас мулк сотиб олиш, фарзандлар ўқиши ёки ижтимоий жиҳатдан муҳим оилавий тадбирлар – тўйлар ўтказишдай энг зарур эҳтиёжларини қоплаш имконини бермоқда.
Миграция оммавий ҳодисага ва Марказий Осиё жамиятларининг ажралмас бўлагига айланган сўнгги 10 – 15 йил олинадиган бўлса, пул энг кўп жўнатилган давр 2013 йилга тўғри келди. Масалан, ўша йили Ўзбекистонга 7,5 млрд доллар, Тожикистонга эса 4 млрд долларга яқин валюта юборилди. Бу пул энг кўп жўнатилган йил бўлган эди. Мамлакатлар ўша вақтдан бери айни кўрсаткичларга чиқа олгани йўқ. Назаримда, бунинг 2 та сабаби бор. Биринчидан, ўша пайтда Россия рублининг қадри анча баланд бўлган, яъни 2014 йилгача бўлган пул қадри назарда тутилмоқда. Ўша чоқда бир АҚШ доллари қиймати 30 рубл атрофида ёки ундан ҳам камроқ эди. 2014 йилда Қрим босиб олиниши ва шундан сўнг Россияга қарши санкциялар жорий этилиши билан бу мамлакат иқтисодиёти ривожланиши сустлашиб қолди ва бу биринчи навбатда мигрантлар силласини қуритди. Кейинги йилларда пул кўчирмалари ҳажми ҳам, шунга кўра, мигрантлар сони ҳам аста-секин орта борди. Бошимизга пандемия тушганда, ўша ҳажм 2013 йилдагисига яқинлашиб қолган эди. Пандемиянинг илк ойларида – 2020 йилнинг март, апрел ва майида – пул кўчирмалари ҳажми кескин тушиб кетди. Аммо ўша йил ёзи охирига бориб, жўнатмалар ҳажми олдинги даражага қайта бошлади.
Раҳмат. Сиз Марказий Осиё мамлакатлари учун миграция масалалари миқёсини, меҳнат мигрантларига ватанларига қанча пул жўнатаётганини ва бу пул мамлакатларимиз учун қанчалик муҳим эканини кўрсатиб бердингиз. “Политическая экономика незападных миграционных режимов, трудовые мигранты из Центральной Азии в России и Турции” (“Ғарбники бўлмаган миграция режимларининг сиёсий иқтисодиёти, Россия ва Туркиядаги Марказий Осиёдан борган меҳнат мигрантлари” деб аталган сўнгги китобингизда марказий осиёлик мигрантлар учун муҳим манзилларни ўзаро таққослагансиз. Бу тадқиқот қандай пайдо бўлди? Китобда қандай хулосаларга келгансиз?
Муҳим саволингиз учун ташаккур. Биринчи навбатда айтишим шарт бўлган гап шуки, биз бу китобни Лунд университетида изланишлар олиб бораётган ҳамкасбим Рустам Ўринбоев билан бирга ёздик. Китоб ва тадқиқот ғояси қандай туғилган эди? 2010-йиллар бошида юз берган мигрантларга қарши кайфиятлар тўлқинида 2012 – 2015 йилларда Россия Федерациясида миграцияга оид қонунчилик талаблари кучайтирилгандан сўнг – эсингизда бўлса, бу ва яна “чўзилувчан” (резина) квартиралари (“90 – 180” қоидаси) ҳақидаги қонун, Россия қонунчилигини арзимаган тарзда бузганларнинг ҳам мамлакатга киритилмаслиги тўғрисидаги қонун) – Россия ҳокимияти давлат қонунларини бузди, деб ҳисобланган мигрантларни мамлакатдан кўплаб чиқариб юбора бошлади. Марказий Осиё мамлакатларидан бир неча юз минглаб ватандошлар қонунбузарлиги қанчалик жиддийлигига қараб, 3 йилдан 10 йилгача Россияга киритилмайдиган бўлди. Қизиғи шундаки, иқтисодий аҳвол ёмонлашаётгани сабабли Россия ўша пайтда миграция учун унчалик жозибали мамлакат бўлмай қолган эди. Россиядан ҳайдаб юборилган кишилар эса миграция учун бошқа муқобил йўлларни қидиришга тушди, чунки ватанида ҳам иш йўқ эди. Бу ҳолатда кўпчилиги учун визасиз кириш мумкинлиги ва иқтисодий ўсиш нисбатан баландлиги сабаб Қозоғистон билан Туркия муқобил бўлиб туюлди. Нисбатан деяётганимнинг сабаби мигрантларнинг асл ватанига нисбатан Туркия ва Қозоғистон иқтисодиёти яхшироқ ривожланган эди. 2014 – 2015 йиллардан сўнг Туркияда марказий осиёлик мигрантлар, хусусан, ўзбек мигрантлари сони анча-мунча ошди. Биз биринчи марта Туркияда жойига чиқиб, ҳамкасбим Рустам Ўринбоев билан тадқиқот ўтказганимизда, Туркиядаги мигрантлардан кўпчилигининг Россияда ишлаш тажрибаси борлигига гувоҳ бўлганмиз, яъни айрим мигрантлар Россия Федерациясига киришга бўлган тақиқ муддати тугашини кутиб, Туркияда ишлаётган экан. Биз улардан тез-тез ҳам интервю олганимизда, ҳам норасмий суҳбат қурганимизда, ўзининг Россия билан Туркиядаги миграция тажрибасини солиштиришга тушиб кетар эди. Бу бизга қизиқ туюлди ва ушбу 2 та мамлакатдаги миграция режимининг таққослама тадқиқотини ўтказишга қарор қилдик. Боз устига, Россия билан Туркиянинг тавсифи ўхшаш: кккала мамлакат ҳам нисбатан яқинда иш кучини импорт қиладиган бўлган, яъни яқинда мигрантларни жалб қила бошлаган эди. Улар 2000-йиллар бошида иқтисодиёти жадал ривожлангани сабаб яқин атрофдаги мамлакатлар учун оҳанрабога айланди. Иккинчидан, иккала мамлакатда ҳам кўланка иқтисодиёти устунлик қилади, кўплаб мигрантлар у ерларда иш берувчи билан расмий меҳнат шартномалари тузилмайдиган норасмий ишларда ишлайди. Учинчидан, Туркияда ҳам, Россияда ҳам коррупция кенг тарқалган ҳодисага айланиб бўлган, инсон ҳуқуқи, айниқса, мигрантлар ҳуқуқи тез-тез бузилиб туради, меҳнат муносабатларини тартибга солиб турувчи қонунчиликка ҳар доим ҳам риоя этилмайди, айниқса, чет эл ватандошларига нисбатан бу қонунлар тез-тез бузилиб туради. Лекин шунга қарамай, принципиал тафовутлар ҳам бор. Биринчидан, бу мигрантлар меҳнати бозори тузилмасига тегишли. Туркияда аёллар, яъни касал ёки бола қаровчи, уй хизматкори, кийим-кечак дўкони сотувчиси, шунингдек, бутун Истанбул бўйлаб тарқаб кетган яширин тўқимачилик цехлари ишчилари сингари мигрант аёллар меҳнатига талаб катта. Албатта, Туркияда эркакларга ҳам иш топилади, улар ўшанақа тўқимачилик цехларида, кичик заводларда, юк ташиш соҳасида, қаҳвахоналарда, кичик меҳмонхоналарда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши мумкин. Россияда эса қирғизистонлик мигрантларни истисно қилганда, бунга бутунлай тескари вазиятни кўриш мумкин. Қирғизистонни ҳисобга олмаса, Марказий Осиё миграцияси, асосан, эркаклардан иборат. Биламизки, улар фаолиятининг асосий соҳаси қурилиш, жамоат транспортидан иборат. Сўнгги пайтларда мигрантлар ишлайдиган соҳалар бирин-сирин қамайиб боряпти. Масалан, Туркияда қурилиш жуда авж бўлган пайтда бу соҳада на ўзбеклар ва на туркманлар оммавий тарзда ишлаган. Афтидан, бу соҳада Туркиянинг ички меҳнат мигрантлари меҳнат қилади. Аммо Россия ҳақида бундай дейиш қийин – у ерда қурилиш соҳасида ишлайдиган ишчиларнинг асосий фоизи марказий осиёликлардир. Яна бир жиҳат маошлар миқдори билан боғлиқ. Туркиядаги кўплаб меҳнат мигрантлари у ердаги пулнинг тобора қадрсизланиб бораётганидан шикоят қилиб, Россияда маошлари анча кўп бўлганини айтар эди. Биз ҳам Туркиядаги пул қадрсизланиши сабаб маошлар Россиядаги маошлардан анча кам эканини кузатяпмиз. Тадқиқотларга киришишдан аввал марказий осиёлик мигрантлар Туркия аҳолисининг аксарияти мусулмон экани ва турк тили Марказий Осиёнинг туркий тиллари: туркман, ўзбек ва қирғиз тилларига жуда яқин бўлгани учун Россиядан кўра Туркияни маъқул кўради, деб ўйлаган эдик. Ҳамма нарса биз ўйлаганчалик эмас экан. Масалан, Туркиядаги маош камлигини ҳисобга олмаганда, унинг кўзга яққол ташланиб турган афзалликларига қарамай, Россияни нисбатан жозибали қиладиган бошқа ҳолатлар ҳам бор. Мигрантлар Туркиядаги меҳнат шароити анча оғирлигини, иш кунлари кўпроқ давом этишини, яна иш берувчиларнинг ишчиларга муносабати ёмонлигини қайд этди. Бу ердагилар россиялик иш берувчилар афзалроқ экани ҳақида гапирар эди. Бошқа тарафдан, ўзимиз Туркияда, хусусан, Истанбулда мулоқот қилган респондентлар шаҳарда ҳеч бир ҳужжатсиз бемалол бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юришини айтар эди. Мигрантлар, ҳужжатларида чатоқликлар бўлса, Россия шаҳарларида, айниқса, Москва ва Санкт-Петербургда жамоат жойларга, полиция патруллик қилаётган гўшаларга боришдан тийилади. Биламизки, бу Россияда ишлаётган меҳнат мигрантларимиз тез-тез дуч келиб турадиган ҳолдир. Албатта, Туркияда ҳам ушбу мамлакатда бўлиб туриши ҳужжатлаштирилмаган мигрантларни аниқлаш учун рейдлар ўказилади. Лекин, биринчидан, рейдлар Россиядагига нисбатан кам ўтказилади, деди респондентларимиз. Ҳатто полиция ходими бирор кишини тўхтатган тақдирда ҳам, у ёки бир гуруҳ кишилар, ўзбек ёки туркман, ёки қирғиз эканини эшитгача, одатда уларни қўйиб юборган. Айтишларича, бу мигрантларнинг ўзини ҳис қилишидаги муҳим жиҳатдир.
Яна бир жиҳат бор – Россияда жойига чиқиб ўтказган тадқиқотларимиз, асосан, 2019 йил охирига қадар ўтказилгани сабабли биз пандемия бошлангандан сўнг Россияга бора олмадик, жойига чиқиб қилинадиган асосий тадқиқотларни Туркияга ўтказдик. Бунга пандемия авжига чиққан 2020 йил ҳам киради, яъни биз 2020 йил июли охирида ҳам, августда ҳам, ноябрда ҳам, декабрда ҳам тадқиқотлар ўтказдик. Биз кузатиб аниқлаган ҳолат шу бўлдики, бирор кишининг Туркиядаги миграция тажрибаси қанчалик кўп бўлса, у Россияга боришдан кўра Туркияни, ушбу мамлакатда кўпроқ қолишни афзал билар экан. Аксинча, яқинда Туркияга келган кишилар эса миграция тажрибасидан келиб чиқиб, Россияни соғинар, тез-тез иккала мамлакатдаги шароитни солиштирар, маош камлигидан шикоят қилар, бу ерда бошлиқ ўта талабчанлигидан нолир эди. Биз мигрантлар ҳаётини бир неча йил кузатиб, одамнинг мойилликлари у янги жойда танишлар орттириши, янги воқеликка кўникиши, бу мамлакатда ҳаётнинг ўзига хосликларини ўзлаштириб олиши, маоши аста-секин кўтарила бориши ва ҳк. сабаб ҳам ўзгаришини, ўша кишилар Туркияни кўпроқ афзал била бошлашини билиб олдик. Умуман олганда, бу китобда иккала мамлакатнинг миграция тизимларини ўрганишга ҳаракат қилдик. Балки рус тилида “незападные миграционные режимы” (“Ғарбники бўлмаган миграция режимлари”) ибораси унчалик яхши жарангламас, лекин шунга қарамай, биз Россия билан Туркиянинг миграция тизимларини улар конунчилиги, сиёсати призмаси орқали эмас, мигрантларнинг ҳаётий тажрибаси, улар бу тизимни қандай кўриши ва ушбу тизимда қандай яшаётгани, айни тизим бўйлаб қандай ҳаракат қилиши призмаси орқали ўрганишга ҳаракат қилдик. Умуман, назаримда, қизиқ тадқиқот бўлди ва фурсатдан фойдаланиб, китоб линтернетда очиқ эканини, уни кўчириб олиб, ўқиб кўриш мумкинлигини айтиб ўтмоқчиман. Фақат тадқиқот – тинглиз тилида.
Мен ҳам ўтказган тадқиқотингизни жуда қизиқ ва фойдали деб ўйлайман, чунки айнан марказий осиёлик мигрантларнинг Туркиядаги аҳволини тадқиқ қилувчи илмий ишлар жуда кам. Барчамиз танишлардан, қариндошлардан кимдир Туркияга кетаётганини эшитамиз. Улар ўша ерда қандай ишламоқда, у ердаги мкҳнат шароити қандай? Бу ҳақда жуда кам гапирилади. Келинг, Туркия мавзусини давом эттирамиз. Сизда Марказий Осиёдан Туркияга бораётган меҳнат мигрантлари кейинчалик ушбу мамлакатда доимий яшаш учун қолгани, яъни яшаш рухсатномасини, кейинчалик эса ватандошлигини олганига оид маълумотлар борми?
Ватандошларнинг бир неча тоифаси борлигини айтмоқчиман. Масалан, айрим кишиларнинг уй сотиб олиш ёки тўй қилиш учун етарли пул йиғишдай аниқ режаси бор. Одамлар режа тузади ва муайян муддатда фалон миқдорда пул ишлаб олиши мумкин. Шундан сўнг улар ўрганиб қолиши мумкин. Шундан сўнг кимдир чиндан ҳам уйига қайтиб келади ёки ўша ёқда қолаверади, чунки харажат бор, пул эса ҳар доим керак. Ҳар доим рўзғорнинг бир ками бўлади, уни тўлдириш лозим ва улар ишини давом эттираверади. Қизиғи шундаки, улардан қайси биридир яшаш рухсатномасини олишга ҳаракат қилади, чунки Туркияда бунинг иложи бор. Барча мамлакатларда бўлгани каби бу ернинг ҳам қонунларини бузмаслик даркор, вассалом.
Аммо яна бир тоифа одамлар Туркияни транзит, яъни бошқа мамлакатга кетиш учун оралиқ мамлакат деб билади. Туркия Европада транзит мамлакат сифатида машҳур, Яқин Шарқ, Шимолий Африка мигрантлари бу мамлакат орқали Европага ўтиб кетишга ҳаракат қилади. Улар кўпинча Европада узоқроқ вақт қолиш учун Туркияда тўхтаб ўтади. Марказий осиёлик мигрантларимиз орасида ҳам Европага боришни истаган кишиларни кузатдик, чунки Туркияда Европа Иттифоқи ҳудудига кирмоқчи бўлган кишиларга денгиздан ўтказиб қўйиш ёки Европа мамлакатлари консулликлари учун турли ҳужжатларни тайёрлаб бериш сингари хизматлар кўрсатадиган норасмий инфратузилма бор. Биз марказий осиёликлар ҳам Европага боришни истаган ҳолатларни кўрдик, улар ҳам Туркияни оралиқ мамлакат деб билган. Айримлари бунинг уддасидан чиққан бўлса, бошқаларининг қўлидан келмади бу иш, чунки улар ёлғонга, инсофсиз воситачиларнинг ёлғонларига чув тушиб қолди, аммо шунга қарамай, Туркияга бориб ишлаётган кўплаб марказий осиёликларнинг шу ишга қизиқаётгани кўриш мумкин.
Келинг, энди Марказий Осиёга қайтамиз. Сизнингча, Евроосиё иқтисодий иттифоқи механизми Россияда меҳнат мигрантлари режимини қанчалик енгиллаштиради?
Мен Евроосиё иқтисодий иттифоқи механизми меҳнат мигрантларининг Россияда бўлиб туриш режимини унчалик енгиллаштирмайди, демоқчиман. Ҳа, ЕОИИ аъзоси бўлган қирғизистонлик мигрантлар Россияда меҳнат қилмоқчи бўлса, бунинг учун патент, яъни ишлаш учун рухсатнома расмийлаштириши шарт эмас. Қирғизистон ватандошлари Россияга кириб келгандан сўнг 30 кун давомида миграция идоралари рўйхатидан ўтишдан ҳам озод этилган. Адашмасам, яна қирғиз муассасалари берган таълим дипломлари Россия ҳудудида ушбу мамлакат дипломлари билан тенг тан олинади. Аммо имтиёзлар шу билан тугайди. Умуман олганда, Марказий Осиёдан борган барча мигрантлар – мен бу ерда Россиядаги турли мигрантлар билан мулоқот тажрибамдан келиб чиқиб гапиряпман – деярли бир хил муаммоларга дуч келади. Яъниким, қирғизлар ҳам, тожиклар ҳам, ўзбеклар ҳам маошлари тўланмаслиги, уларга нисбатан меҳнат қонунчилиги бузилиши, полициянинг ўзбошимчалигидан зиён кўради. Ҳатто 2021 йил охирида Россияда жорий этилган янги қонун-қоидаларга кўра, бу ерга ишлаш учун кираётган чет эл ватандошлари, жумладан, қирғизистонликлар ҳам 30 кун давомида тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Бу, назаримда, қирғизистонликларнинг ЕОИИда бўлиб туриши билан боғлиқ имтиёзларни бир тийин қилади. Айни ҳолат қирғизистонликларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда, у ҳолда бизга ЕОИИ нега керак, бу ташкилотга аъзолик нега керак, деб баралла айтмоқда…
Ўтган йил охирида Россияда кучга кирган янги қонунга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ватандошлари ҳар сафар чегарани кесиб ўтганда, дактилоскопия қайдидан ўтиб, суратга тушиши ва тиббий маълумотнома олиши мажбурийдир. Лекин айни чоқда бу қоидалар Беларус ватандошларига нисбатан қўлланмайди, ваҳолонки, Беларус ҳам Қирғизистон сингари ЕОИИ аъзосидир. Умуман олганда, иккаласи ҳам – постсовет мамлакати. Яъниким, Россия ҳокимиятининг миграция сиёсати – қандай қилиб юмшоқроқ айтсам экан – тобора ирқий кўриниш олмоқда. Сизнингча, бу тамойил (тенденция) сўнгги воқеалар муносабати билан кучайиб кетадими?
Назаримда, бу Россия Федерацияси ҳокимият идораларининг ўз аҳолисига ноқонуний миграцияга қарши курашаётганини кўрсатишга бўлган биринчи уриниши эмас. Биламизки, Россияда аҳоли ҳукумат сиёсатидан норози бўлганда, одамлар мигрантлар жуда кўпайиб кетди, улар маҳаллий аҳолидан ишни тортиб олмоқда ёки маҳаллий қонун-қоидалар, маданиятга риоя этмаяпти деб, ҳокимиятни танқид қилишга ўтганда, давлат бу муаммони тез-тез чет элликларнинг мамлакатда бўлиб туриш қоидаларини қаттиқлаштириш билан ҳал этишга уринади. Бундан мақсад ҳокимият чиндан ҳам бу маммони ҳал этиш учун курашаётгани ва уни ҳал этишга уринаётгани кўрсатишдир. Аммо Россияда миграция сиёсати доирасида олдинги жорий этилган янги қонун-қоидалардан ҳам биламизки, бир тарафдан, давлат чиндан ҳам бу ерга келаётганларни рўйхатга олишни енгиллатишга ёки чет элликларнинг Россия Федерациясида бўлиб туришини осонлаштиришга ҳаракат қилади. Лекин бошқа тарафдан, бу ҳар доим ҳам ушбу қоидалар жорий этилаётган пайт эълон қилинган натижаларга олиб келмайди. Ҳар сафар чегарани кесиб ўтаётгандаги сиз тилга олган дактилоскопия қайди, суратга олиш ва тиббий маълумотнома олишни техник жиҳатдан қандай амалга оширишни мен ҳозирча тасаввур ҳам қила олмаяпман. Бундан ташқари, бунга давлатнинг қанча вақт, инсон ва молиявий ресурслари сарф бўлиб кетади. Яъниким, чегарачи чегарани кесиб ўтаётган кишини текшириши, бунга дактилоскопия қайди, суратга олиш ва ҳк.ни ҳам қўшадиган бўлсак, барчаси қанча вақт олишини бир тасаввур қилиб кўринг. Бунга қанча вақт кетади? Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор – айнан кимни шу йўл билан қайддан ўтказишмоқчи? Марказий Осиёнинг ҳар уч мамлакати: Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ватандошлариними? Ўша чегарани кесиб ўтаётган киши Россияга ишлагани келаётганини қандай аниқлаш мумкин? У ҳолда Қирғизистон аъзоси бўлган ЕОИИ қаерда қолади? ЕОИИнинг асосий қоидаларидан бири, жумладан, меҳнатнинг ҳам эркин ҳаракатланиши-ку. Лекин мен ҳозирча техник жиҳатдан бунинг иложи йўқлигини кўряпман. Ҳозир уруш бўлаётгани, айни дамда давлат билан жамиятнинг эътибори Украинадаги вазият, уларнинг Ғарб билан тасаввурдаги қарама-қаршилиги билан банд экани ҳисобга олинса, менимча, давлат бу ишни амалга оширишни яна қанчадир муддат орқага суради.
Келинг, миграция мавзусига тегишли энг долзарб масалалардан бирини муҳокама қиламиз. Аксарият экспертлар фикрича, Россия Украинадаги урушининг очиқ-равшан ва муқаррар оқибатларидан бири меҳнат мигрантларининг Россиядан чиқиб кетиши бўлади. Биз бугун ушбу жараён қандай бўлишини башорат қилишимиз мумкинми, мигрантлар уйига қайтишга мажбур бўладими ёки уларнинг бир қисми Россиядаги ишини сақлаб қола оладими?
Мен бу саволингизга жавоб беришдан олдин бироз чекиниш қилмоқчиман. Россия биринчи марта 2014 йили Қримни босиб олгандан сўнг Ғарб мамлакатлари унга қарши санкциялар жорий этгач, мамлакат иқтисодиёти ўша санкциялар таъсирини бирдан ҳис қилди ва ўша таъсир биринчи навбатда мигрантларга зарба бўлди. Бир тарафдан, рублнинг қадри кескин тушиб кетди ва табиийки, бу доллардаги пул кўчирмалари миқдори камайишига сабаб бўлди. Бошқа тарафдан, иқтисодий таназзул кейинги йилларда марказий осиёлик мигрантларнинг Россиядаги сони камайишига олиб келди. Аммо орадан икки йил ўтиб, мигрантлар сони ҳам, пул кўчирмалари миқдори ҳам қайтадан орта бошлади. 2008 – 2009 йиллардаги глобал буҳрон вақтида ҳам, 2020 йилдаги сўнгги пандемия даврида ҳам худди шу нарса юз берди. Халқаро институтлар, жумладан, Жаҳон банки, ХВЖ ва БМТ турли тузилмаларининг энг нохуш башоратларига қарамай, пул кўчирмалари миқдори чиндан ҳам тушди, лекин шундай бўлса-да, улар миқдори, дейлик, Тожикистонда бир оз пасайди, холос. Ўзбекистонда эса пул кўчирмалари ҳажми ўтган йил билан солиштирганда, бир оз ортди ҳам. Ҳа, Россиядан пул кўчирмалари камайди, бироқ бошқа мамлакатлардан Ўзбекистонга келаётган пул кескин тарзда, 2 – 3 баробар ортгани сабабли кўчирмалар ҳажми олдинги йил даражасида сақланиб қолди. Мен буни нима учун айтяпман? Биз бу ерда даврийликни ва барқарорликни кўряпмиз. Айтмоқчиманки, сўнгги 10 – 15 йилни оладиган бўлсак, даврийлик кўзга ташланади: инқироз юз беради ва пул кўчирмалари миқдори, шунга кўра, мигрантлар сони камайиб кетади, орадан бироз вақт ўтгач, яна улар кўтарилади, яна бошқа – иқтисодийми, сўнггисига ўхшаш эпидемия билан боғлиқми – инқироз юз беради ва бу даража ўз-ўзидан пасаяди. Шунинг учун Украинадаги ҳозирги урушга қайтадиган бўлсак, бу ўринда бир неча омилни ҳисобга олиш керак. Биринчидан, Россияга қарши ҳозир қўлланаётган санкциялар жуда кучли. Бироқ иқтисодиёт, кўпчилик кутганидек, санкциялар таъсирини бирдан сезмайди. Албатта, бу соҳасига боғлиқ, лекин шунга қарамай, умуман, Россия иқтисодиёти, масалан, ОАВ ўйлаганидек, қулаб тушмади. Назаримда, санкциялар таъсири бирдан эмас, узоқ муддатда сезилади. Шундай бўлса-да, халқаро молия институтлари уруш оқибатида Марказий Осиё мамлакатларига пул жўнатмалари миқдори кескин камайиб кетишини башорат қилган эди. Қўлимиздаги март ва апрелга тегишли маълумотларга кўра, ўтган йил билан таққослаганда, Қирғизистонга жўнатмалар 20 фоиз пасайган, Тожикистонда ҳам камайиб кетиши керак эди. Лекин апрел маълумотларида кўряпмизки, кўчирмалар ўтган йил даражасига қайтмоқда. Шунинг учун айрим мигрантлар ишсиз қолгани учун ватанига қайтади. Эҳтимол улар бошқа мамлакатларга, айтиб ўтганимиздек, Туркияга йўл олар. Ёки улар ватанида бошқа муқобил жой бўлмагани учун камроқ пул топади. Қолаверса, Туркия иқтисодиёти ҳам оғир даврни бошидан кечирмоқда. Менимча, кўпчилик ватандошларимиз Россияда меҳнат мигрантлигича қолаверади.
Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, қизиқ бир воқеани гапириб бермоқчиман. Мен апрел бошида Тошкентдан учиб кетишим олдидан аэропортда тасодифан Сочига учаётган рейслар йўловчилар ёнма-ён туриб қолдим. Ўша рейс билан учувчилар сони тахминан 300 киши бўлиб, уларнинг 280 нафари меҳнатга қобил ёшдаги эркаклар , яъни деярли барчаси мигрантларнинг оммавий тарзда ватанига қайтиб келиши ҳақидаги башоратларга қарамай, Россияга кетаётган меҳнат мигрантлари эди. Яна ўзбекистонлик мигрантлар ва улар оила аъзолари билан шахсий суҳбатлар – мен асли ўзбекистонликман, буни суҳбатимиз бошида айтсам бўлар экан – тасдиқлашича, ишини йўқотиб, уйига қайтаётганлар ҳам, миграциянигн бошқа муқобил йўлларини қидираётганлар ҳам бор, аммо ҳозирча оммавий қайтишни кўраётганимиз йўқ. Кўп нарса Украинадаги уруш ва Россиянинг Ғарб билан қарама-қаршилигига боғлиқ.
Узоқ муддатда Россия иқтисодиёти инқироз сабаб маълум миқдордаги мигрантларни сиқиб чиқарса ажаб эмас, чунки бу инқироз жуда кучли бўлади. Бу таназзул узоқ вақт давомида сезилиб туради. Шу сабаб Россия иқтисодиёти барибир қайсидир миқдордаги мигрантларни сиқиб чиқариши муқаррар. Лекин бу қисқа вақт оралиғида юз бермайди, шунинг учун ҳозирча кўп миқдорда ёки оммавий тарзда мигрантлар уйига қайтишини кўраётганим йўқ. Балки адашаётгандирман, лекин бу – шахсий фикрим.
Ҳа, бу – қизиқ. Агар сиз эслаб ўтган турли оммавий ахборот воситалари ёки ҳатто экспертлар баҳолари билан танишилса, мигрантлар оммавий тарзда чиқиб кетади, пул жўнатмалари ҳажми қисқаради, қабилидаги кўплаб тушкун башоратларга дуч келади одам, лекин шунга қарамай, ҳозирча вазият кескин ўзгариб кетаётгани йўқ. Аммо вазият муайян тарзда ёмонлашишини кутяпмиз. Марказий Осиё мамлакатларининг ўзидаги шароит яхшиланиши мигрантлар муаммоси ҳал бўлишининг энг мақбул йўли бўлса ажаб эмас. Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари мигрантларни қўллаш учун қандай сиёсат юритмоқда, қандай чоралар кўрилмоқда? Агар шундай дастурлар бўлса, улар ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.
Мен экспертлар даражасида Қирғизистон билан Тожикистондаги вазиятни шарҳлай олмайман, аммо Ўзбекистон ҳақида бир-икки оғиз гапириб беришим мумкин, чунк ўзим ўзбекистонликман ва у ердаги воқеалар ривожини доимий тарзда кузатиб бораман. Биламизки, Ўзбекистоннинг миграция сиёсати 2016 йилгача бўлган ва ундан кейинги даврга бўлинади, чунки зикр этилган сана президентлар алмашган даврга тўғри келади. Ўзбекистоннинг олдинги президенти мигрантларни “миллатни шарманда қилаётган ишёқмаслар” деб атаганидан ҳам ҳокимиятнинг мигрантларга нисбатан сиёсати қанақа бўлганини билиб олса бўлади. Айтиш мумкинки, Ўзбекистонннинг ҳозирги ҳукумати меҳнат мигрантларига шароит яратиб беришга ҳаракат қилиб, бундай сиёсатни бутунлай ўзгартириб юборди, яъни давлат расман аҳолининг барча эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган иш ўринларини ярата олмаслигини тан олди. Назаримда, шундан келиб чиқиб, у қўшни мамлакатлар каби меҳнат миграциясига қулай шароит яратиб беришга ҳаракат қилмоқда. Олдин бошқа бир жойда гапириб ўтганимдек, ҳатто Ўзбекистон ЯИМ ва иқтисодиёти, дейлик, 10 фоиз ва ундан юқори суръат билан ўсган тақдирда ҳам ҳозирги шароитда барча аҳолини иш билан таъминлаб бера олмайди. Бу гап Қирғизистон билан Тожикистонга ҳам тегишли. Ўзбекистон аҳолиси энг кўп мамлакат бўлгани учун ҳар йили 600 – 700 минг йигит-қиз меҳнат бозорига чиқишини тасаввур қилиб кўринг. Ҳатто пенсияга чиқаётган аҳоли ва бошқа омиллар ҳисобга олинган тақдирда ҳам, йилига ярим миллиондан кам бўлмаган иш ўрни ташкил этилиши керак. ЯИМ 60 млрд долларга яқин бўлган Ўзбекистонда бунинг иложи йўқ. Буни тан олишимиз шарт. Шунинг учун ҳокимият миграцияни нормал ва ишсизлик оқибатларини юмшатувчи ҳодиса сифатида қабул қила бошлади. Ҳозир ҳукумат сўнгги 2 – 3 йилда қабул қилаётган қарорлардан келиб чиқиб фикр юритилса, давлат Ўзбекистон ватандошлари, яъни бўлғуси меҳнат мигрантларини бошқа мамлакатларга ишга жўнатишдан олдин улар қандайдир касб-ҳунар ва тил кўникмаларини эгаллашига асосий эътибор қаратмоқда, яъни мигрантларни муайян касб-ҳунарга ўқитадиган мономарказлар очилмоқда. Бундан кўзланган мақсад мигрантларнинг имкон қадар муайян бир касби йўқлиги боис ёрдамчи бўлиб ишлашини камайтириш, кўпроқ маош олишга даъвогарлик қилиш учун қандайдир профессионал кўникмаларга эга бўлишига эришишдир. Давлат ана шуни кўзламоқда. Иккинчи йўналиш мигрантлар учун Россияга муқобил бўлган меҳнат бозорларини қидиришдан иборат. Бу Шарқий Осиё мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея, Форс кўрфази, Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатларидир. Бундай сиёсатни қўшни мамлакатлар: Қирғизистон билан Тожикистон ҳам юритаётганига ишончим комил. Мен атай иқтисодий ривожланиш мавзусига тегмаяпман. Марказий Осиё мамлакатларининг ўзида янги иш жойлари яратиш ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзилмоқда ва гапирилмоқда. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда иқтисодиёт яхши ривожланган тақдирда ҳам – аслида улар иқтисодиёти у қадар жадал ривожланаётгани йўқ – ҳозирги урушни ҳисобга олсак, бу мамлакатлар барибир қайсидир миқдорда, қайсидир фоиз меҳнатга лаёқатли аҳолини миграцияга юборишга мажбур бўлади. Айтмоқчиманки, миграция – муқаррар. Ўзбекистон ҳукумати аҳоли энг зич яшайдиган ва асосий иш кучи етказиб берувчи мамлакат сифатида бу ҳодиса муқаррарлигини тушунгани ҳамда мигрантлар, дейлик, қандайдир профессионал кўникмаларга эга бўлиб, шартли 20 – 40 минг рубл олиши ёки 30 минг рублга ишламай, Европа мамлакатлари, Жанубий Корея ёки бошқа бирор ривожланган мамлакатда 1000 доллар ишлаб топиши учун учун нималардир қилаётгани муҳим.
Шерзод, жуда қизиқ гапларни айтдингиз. Келинг, уларни бироз тўлдирсам. Бугун суҳбатимиз давомида Қозоғистон ҳақида ҳеч нарса демадик. Бу тўғри, чунки Қозоғистонни Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирсак, бу мамлакатда меҳнат мигрантлари йўқ ҳисоби. Шу билан бирга, бугунги кунда Қозоғистон Россиядан мигрантларни қабул қилаётган қизиқ жараёнга гувоҳ бўляпмиз. Сизнингча, Россиядаги вазият сабаб Қозоғистондаги меҳнат мигрантлари сони нафақат Россия, қолаверса, Марказий Осиё мамлакатлари ватандошлари ҳисобига ўзгариши мумкинми?
Қозоғистон нафақат мана шу инқироз вақтида, қолаверса, ундан олдин ҳам мигрантлар учун мўлжал ва транзит мамлакат бўлган. Яъниким, Қозоғистон ҳозирги инқироздан ҳам, пандемиядан ҳам олдин жуда кўп мигрантларни қабул қилган. Бу кейинги йилларда ҳам давом этади. Россияда юз бераётган воқеалар сабаб Қозоғистондаги миграция ҳодисаси, гарчи у ерга россиялик мигрантлар келиб ишлаётган бўлса ҳам, кескин ўзгаришларга юз тутди, деб ўйламайман, Россиялик мигрантлар деб бемалол гапиравериш мумкин. Ўзбекистонда Россиядан ишлашга келганларни тортиниб-суртиниб “релокантлар” деб аташмоқда. Кимдир, улар Россиядаги биз мигрантлар каби мигрантлардир, деб атамоқда. Умуман олганда, кўп нарса Россиядаги воқеалар бундан буён қандай ривожланишига боғлиқ. Россияга нима бўлади? Назаримда, ҳозир Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда бўлиб турган кишилар бу мамлакатларда қанча яшаб, қанча ишлашини ўзи ҳам билмайди. Вазият тинчланиши билан улар яна ортига қайтиб кетади ёки кўпроқ ушланиб қолиши мумкин. Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Бу Россиядаги воқеалар қай йўсинда ривожланишига боғлиқ. Лекин дастлабки фикримга қайтиб, бу соҳада кескин ўзгаришлар бўлади, деб айтмаган бўлар эдим.
Шерзод, қизиқарли ва кўп маълумот берувчи суҳбатингиз учун раҳмат.