Сурат манбаси: proforientator.ru
Бошқарув социологиясида ҳокимиятга ишонч – институционал ишонч феномени деб аталади. Унда ҳокимият ва аҳоли орасидаги ўзаро ҳамкорлик элементлари жамланган бўлиб, ҳокимиятга ишонч даражаси ижро ҳокимияти органларининг юқори мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг биринчи кўрсаткичидир.
Сўнгги йилларда аҳолининг ҳокимиятга бўлган ишончи мавзуси халқаро тадқиқотларда кўпроқ аҳамият касб этмоқда. Бунинг сабаби оддий – аҳоли ёки алоҳида ижтимоий гуруҳларнинг ҳокимиятга ишончи даражаси ўсиши ватанпарварлик, ўз мамлакати манфаати йўлида меҳнат қилиш, иқтисодий жиҳатдан эса – ялпи ички маҳсулот ўсиши шаклида катта самара бериши мумкин.
Хўш, ҳокимиятга ишонч даражаси қандай ўлчанади? Давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда қайси омил ёки кўрсаткичлар устувор ҳисобланади? Сўнгги бир неча йил ичидаги ҳукуматга ишонч даражаси кўрсаткичлари динамикасини қандай баҳолаш мумкин? Фуқароларнинг ҳокимиятга ишончини ошириш учун давлат қандай механизмлардан фойдаланиши керак?
Аҳолининг ҳокимиятга ишончи мавзусидаги шу ва бошқа саволлар билан UzAnalytics таҳририяти Ўзбекистон Миллий университети доценти, социология фанлари доктори Азамат Сеитовга мурожаат қилди.
Ушбу суҳбатни аудиоподкаст ва матн шаклида эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ҳокимиятга ишонч даражаси давлат аппарати легитимлигининг муҳим омили ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич қандай ўлчанади, бунинг учун бирор индикатор борми? Агар бўлса, у қандай таркибий қисмлардан иборат? Баҳолаш мезонлари айнан қайсилар?
Ушбу мавзуни кўтарганингиз нафақат одамни хурсанд қилади, балки бироз оптимизм ҳам беради. Бу шуни англатадики, Ўзбекистоннинг реал сиёсий кун тартибида аҳолининг ҳокимиятга ҳақиқий ишонч даражаси масаласи турибди. Бу ҳам муҳим. Яъни, мамлакатни демократлаштириш давом этмоқда ва Худо хоҳласа, бу жараён ортга қайтмайди.
Ўзингиз қаранг, сиёсий ҳаёт феномени сифатида аҳолининг ишончи демократик мамлакатларда фақат ХХ асрнинг иккинчи ярмига келибгина тадқиқотлар объектига айланди. Айнан ўша вақтда – Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ҳукуматларнинг назоратсиз фаолияти инсониятни жисмонан йўқ қилиб юбориш бўсағасига олиб келганини тушуниб етишди.
Яна бир мисол, қўшнимиз – Қирғизистон. Бу ерда сиёсий режим ва ҳокимият элитаси кутилмаганда ва тез-тез алмашиб кетяпти, сиёсий ҳокимиятнинг табиати ва легитимлик чегаралари масалалари кўтарилмоқда. Мана, энди Қозоғистон. Ушбу давлатнинг молиявий қўллаб-қувватлаши ёрдамида у ҳокимиятнинг барқарорлиги намунаси сифатида дунёда реклама қилинар эди. Аслида эса ижтимоий портлаш намунаси бўлиб чиқди.
Ўзим эслайман. Турли форумларда кўплаб хорижий экспертлар Қирғизистонни “демократия ороли” деб, Қозоғистонни эса “маърифатли авторитаризм” деб мисол қилиб келтирардилар. Буларнинг барчасидан кўриниб турибдики, жамият ичидаги реал жараёнлар таҳлили қандайдир мода ёки кўз-кўз қилиш учун қилинадиган нарса эмас, балки ислоҳотлар самарасига асосий баҳоловчи – ўша суверен мамлакат аҳолиси томонидан танқидий баҳо берилишига қаратилган тизимли меҳнат бўлмоғи керак.
Ҳатто қонуний – легитим асосга эга бўла туриб, аммо ўз мамлакатида омма томонидан қўллаб-қувватланмаган, дунё державаларидан бирортаси билан чиқиша олмай қолганда кам сонли, бироқ ташқаридан молиялаштирилган ва ёрдам берилган намойишчиларга қарши ҳеч нарса қила олмаган ҳукуматларга дунёда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Легитим зўравонлик ҳуқуқига эга бўлиш ҳам бундай ҳукумат узоқ муддат барқарор туришини англатмайди.
Ағдарилган ҳокимият ўрнига келган янги ҳокимият уюшган гуруҳнинг норозилигидан тўла фойдаланади ва уни инқилобдан кейин янги элитани қўллаб-қувватлаш тўлқинига айлантиришга интилади. Бироқ, кўришимиз мумкинки, омма норозилигининг трансформацияси моделлари ўртасидаги ўхшашликка қарамасдан, комплекс сабаблар ўз ифодаланишига кўра турлича хусусиятларга эга бўлади. Шу сабабдан, ҳокимиятнинг легитимлик даражаси билан унга ишонч даражаси орасида тўғридан-тўғри боғлиқлик ўрнатиш қийин. Яъни, назариячиларни хафа қиладиган, амалиётчиларни хурсанд қиладиган бир гапни айтсам, баҳолашнинг универсал шкаласи мавжуд эмас, ҳар бир сиёсий тизим эса ўзига хосдир.
Хўш, буни аниқлаб олдик.
Энди бир жиҳатни тушуниб олишимиз керакки, легитимликнинг асосида бошқарув жараёнида амалга оширилаётган мақсадлар ва қадриятлар, шунингдек, ҳукумат институтларини ташкил қилишда фойдаланилаётган тартиб-таомилларнинг муайян ҳудуддаги муайян жамиятнинг кўплаб аъзолари томонидан маъқулланиши ётади.
Бунда, кўрамизки, легитимлик аҳоли томонидан ўша ҳокимиятни, унинг бошқариш ҳуқуқларини тан олишни англатади. Яъни, назарияга кўра, легитим ҳокимият омма томонидан қабул қилинади, у, бизнинг мисолимизда – халқ бундай ҳокимиятга бўйсунишга рози бўлади, уни адолатли, кучга эга деб, мавжуд тартибни эса мамлакат учун энг мақбул деб билади.
Мана шу ерда ушбу тушунчадан энг муҳим саволлар келиб чиқади:
а) Омма ҳокимиятни ихтиёрий қабул қиляптими ёки унга мажбуран сингдириляптими?
б) Агар мажбуран сингдирилаётган бўлса, омма бунга қанча вақт чидашга тайёр?
в) Ҳокимият ҳақиқатан ҳам адолатли ва обрўга эгами?
г) Қандай омиллар ёки кучлар аҳолининг ҳокимият адолатли ва обрўга эгалигига, мавжуд тартибот эса энг яхшиси эканлигига бўлган ишончини пучга чиқариши мумкин?
Ушбу саволларга объектив, яъни текшириб кўриш мумкин бўлган жавобларни олишни истасак, баҳолашлар сиёсий элитанинг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқараётган амалдаги ҳукумат институтларини таҳлил қилишдан келиб чиқиши лозим.
Кейингиси. Сиёсий ҳокимиятнинг легитимлиги масаласи айни пайтда ижтимоий тартиботнинг легитимлигини, яъни унинг кўпчилик аҳоли томонидан қабул қилиниши ва маъқулланишига ҳам дахл қилади. Бунда ижтимоий тартиботни маъқуллаш ва тан олиш ҳам очиқ-ойдин, ҳам латент шаклда ифодаланиши мумкин. Очиқ-ойдан тан олиш, масалан, сайловларда овоз бериш каби умумий характердаги ва қўллаб-қувватлаш акциялари сингари бошқача кўринишдаги турли-туман жамоавий хатти-ҳаракатларда ифодаланади.
Ижтимоий ва сиёсий тартиботни яширин тан олиш кўпинча норозилик намойишларининг мавжуд эмаслигида, шунингдек, сиёсий институтлар фаолият юритишига оммавий равишда жалб этилишда (сайловлар, сиёсий партиялар, маҳаллий ўзини бошқариш ва ҳоказо) намоён бўлади.
Айнан шу жойда социологлар ижтимоий фикр сўровларини ўтказар эканлар, хулқ-атвор даражасига чиқмайдиган, оммавий баҳолашлар, қоидалар ва қадриятлар билан боғлиқ бўлган жиҳатни юзага чиқаришга ҳам интиладилар. Тўғри, легитимликнинг институционал механизмлари, шубҳасиз, муҳим. Улар орасида энг муҳими сайловлардир. Чунки бу механизмлар ҳокимиятнинг жамият томонидан тан олиниш жараёнини ташкиллаштириш ва расмийлаштириш имконини беради. Бироқ, легитимлик асосида барибир жамоатчилик наздида ҳокимиятга, унинг институтлари ва ташувчиларига, қолаверса, ушбу институтлар қўллаётган амалиётлар ва технологияларга нисбатан шаклланган муносабатлар каби социомаданий феноменлар ётади.
Яна бир муҳим ўзгариш – бу коммуникацияларнинг электрон ва виртуал воситалари ривожланишидир. Бунда ишонч ёки ишончсизлик билдириш жараёнининг ўзи анча-мунча осонлашади. Осонлашади, деганимиз – Сиз кимгадир “лайк” ёки “дизлайк” қўя оласиз, илмийроқ тилда айтсак, ҳокимиятга ишончнинг “маълумот-рақамли таҳлили” даври етиб келди. Сайловлар тартиб-таомиллари ҳам рақамли технологияларга боғлиқ бўлиб қолди. Улар сиёсат ва, умуман, ижтимоий жараёнларнинг муҳим омилига айланди.
Мана, бизнинг мамлакатимизда “экзит-поллар” ўтказиш тақиқланган. Чунки уларни осонгина ижтимоий тарангликни юзага келтириш учун манипуляция воситасига айлантириш мумкин. Яъни биз сайловларни жамият томонидан кузатиш инструментлари устидан мониторинг қилиш нақадар муҳим эканлигини кўряпмиз. Бошқача қилиб айтганда, легитимлик даражасини баҳолаш мезонлари у қадар осон масала эмас.
Хулоса қилиш мумкинки, ахборот-коммуникация соҳасидаги инновациялар туфайли ижтимоий тармоқлар иштирокчиларининг вазиятдан келиб чиқувчи характерига эга бўлган, қисқа муддатли тармоқлар вужудга келиши мумкин. Одамлар нафақат горизонтал даражада, балки вертикал бўйлаб – ҳокимият органлари билан ҳам тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконига эга бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистонда фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларни рақамлаштириш маъмурий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир.
Кейинги йилларда жуда кўплаб давлат хизматлари янги рақамли форматга ўтказилди. Давлат органлари ва идоралари ўртасида “Электрон ҳукумат” тизими орқали ахборот ҳамкорлиги кўрсаткичи 2018 йилда 25 миллионтани ташкил қилган бўлса, 2021 якунлари бўйича бу рақам 1,4 миллиарддан ошган. 23 та давлат органининг 146 та хизматлари ва 120 та ахборот тизими мазкур порталга интеграция қилиб бўлинган. Давлат хизматлари сони эса 300 тага етди.
Яъни “электрон демократия” технологиялари Ўзбекистон фуқаросига бошқарув фаолиятига реал вақт режимида қўшилишга ёрдам беради. Истиқболда биз электрон тизимларнинг мансабдор шахсдан ҳақиқатда узилганлигига аҳолининг ишонч даражасини баҳолаш билан шуғулланишимиз керак бўлади. Масалан, сир эмаски, ҳатто болалар боғчасига навбатга қўйишда ҳам баъзи уддабурон амалдорлар ўз таниш-билишларини ишга солишга уриниб кўришяпти. Бир сўз билан айтганда, давлат ўзида мавжуд бўлган электрон тизимларининг шаффофлигини оширган ҳолда, уларни доимий равишда такомиллаштириб бориши керак.
Келинг, энди ҳокимиятга ишончни баҳолаш мезонлари ва индикаторлари масаласига ўтсак.
Юқоридаги гапларни эшитиб, ҳокимиятга ишонч даражасини объектив баҳолаш имконсиз, деган таассурот уйғониши мумкин. Бу фикрларнинг барчасидан аудитория чиқарадиган хулоса битта – социологлар тўплайдиган эмпирик маълумотларни таҳлил қилиш, асосийси, уларни бир томондан, ҳукуматга, иккинчи томондан эса аҳолига етказиш нақадар мураккаб.
Бироқ, бу умидсизликка тушиш учун сабаб бўла оладими? Албатта, йўқ. Социологлар бугунги кунда ушбу методологик “қопқон”дан чиқишинг йўлини ҳокимият легитимлиги кўрсаткичларини фуқароларнинг ҳукумат институтлари фаолиятидан қаноатланганлиги мезони орқали, юқорида айтиб ўтилган фикрларни инобатга олган ҳолда баҳолашда кўрмоқдалар. Шу сабабдан, социологик маълумотлар ҳокимият тузилмаларига бўлган ишонч билан уларнинг фаолиятидан қониқиш кўрсаткичлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик мавжудлигини, демакки, ҳокимиятнинг легитимлигини аниқлаш имконини беради.
Бунда ишонч феноменининг кўп қиррали эканлиги, унга бир тарафлама, фақат битта кўрсаткич ёрдамида ёндашиб бўлмаслиги инобатга олинади. Яъни ишонч жамиятда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларда юз бераётган турли хил жараёнларга бериладиган баҳолар жамланмаси бўлиб, ҳукуматнинг ўз зиммасига юкланган функцияларни бажариш фаолиятидан аҳолининг қониқишини ифодалайди. Дунё амалиётида ҳозирги кунда ҳукуматга ишончнинг базавий кўрсаткичлари сифатида қуйидагилар кўрсатилади:
- ижтимоий-иқтисодий мезонлар (статистика);
- ишончнинг экспериментал ва социологик ўлчовлари;
- аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётга жалб этилганлиги ва ундаги иштироки
- фуқаролик жамиятининг ривожланиш шакллари.
Тушуниб турганингиздек, бундай ўлчовларни аниқ деб бўлмайди. Чунки социологлар мавҳум ёки нисбий шаклда мавжуд бўлган омма онги категорияси сифатидаги ишонч ҳисси билан боғлиқ ҳодисани соддалаштирилган тарзда кодификация қила олмайдилар. Аниқроғи, уни ўлчаб бўлмайди.
Яна бир марта таъкидлаб ўтмоқчиманки, шундайгина кўчириб олиб, Ўзбекистонда қўллаш мумкин бўлган ишлаб турган хорижий модель йўқ. Шу боисдан, давлат тузилмалари буюртмаси билан ўтказилаётган анкетали аҳоли сўровномалари – ўзини ўзи алдаш. Чунки уларда бирор-бир методологик танқид ифодаланмайди. Бундай сўровномалар билан биз ажойиб халқаро рейтингларни намоён қилиб келган Қозоғистон тушган қопқонга тушамиз. 2021 йил 29 декабрда, яъни январда юз берган воқеаларидан бир ҳафта аввал Қозоғистон ОАВда ушбу мамлакат 2021 йилда аҳолининг бахтлилик индекси бўйича дунёдаги энг кучли бешликка, шунингдек, барқарорлик бўйича дунёдаги ТОП давлатлар қаторига киргани тўғрисида хабарлар тарқатилганди. Бунга на кулишингни биласан, на йиғлашингни.
Саволингизга қайтиб, Ўзбекистонда ҳукуматга аҳолининг ишончи индикаторларини татбиқ этишда ҳисобга олиниши зарур бўлган бир қатор таклифларни билдирмоқчиман.
Биринчидан, тадқиқотчиларимиз нафақат ижтимоий-иқтисодий мезонларни статистик ўлчаш, балки уларни очиқ режимда турли соҳа мутахассислари ўртасида “фокус-гуруҳлар” каби социологиянинг сифатли усулларидан фойдаланган ҳолда муҳокама қилиш билан банд бўлмоғи зарур. Биринчидан, тадқиқотчиларимиз нафақат ижтимоий-иқтисодий мезонларни статистик ўлчаш, балки уларни очиқ режимда турли соҳа мутахассислари ўртасида “фокус-гуруҳлар” каби социологиянинг сифатли усулларидан фойдаланган ҳолда муҳокама қилиш билан банд бўлмоғи зарур. Шу билан бирга, аҳолининг узоқ соғлом умр кўриш, таълим олиш, одамлар учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш ва мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этиш имкониятларини баҳолаган ҳолда, ҳар бир маҳалланинг бундай индексларга доир кўп қиррали рақамли моделини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Яъни, биз Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ғояси атрофида ижтимоий жипслашиш шарти сифатида инсон капитали тоифасига ўтишимиз зарур. Бу эса мамлакатнинг сиёсий барқарорлигига эришиш, уни сақлаб қолиш ва иқтисодий тараққиётнинг шартидир. Бунда, индексларга “маҳаллий жамиятнинг маънавий ҳолати”, “мамлакат ичидаги сиёсий вазият”, “молиявий вазиятнинг ўзгариши бўйича кутилмалар” ва “сўмга пул сифатида қараш” каби кўрсаткичларни қўшиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Аёнки, турли мезонларнинг аниқ мазмуни билан уларни бойитиш керак бўлади. Аммо бу давлат вакиллари ва мустақил экспертлар иштирокидаги очиқ “давра суҳбатлари”нинг алоҳида мавзусидир.
Иккинчидан, аҳолининг ҳукуматга ишончини ўлчашнинг экспериментал усулларидан фойдаланиш, яъни дала тажрибаси шароитида, масалан, маҳалланинг танлаб олинган аҳолисини инқирозли вазиятларнинг баъзи фаразий шароитларига қўйиш орқали янги усулларни қўллаш. Мана шу ерда давлатни қизиқтирадиган бир қатор мезонларни синаб кўриш мумкин.
Шу нуқтаи назардан яна бир бор таъкидлаймизки, у ёки бу даражада олинган ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни асослилиги ва тўғрилиги жиҳатидан социологик тадқиқотлар (сўровлар) натижалари билан таққослаб кўриш керак.
Учинчидан, ижтимоий тармоқларда ёшларнинг фуқаролик фаоллиги ва сиёсий иштироки ривожланиши бўйича маълумотлар таҳлилини йўлга қўйиш. Турли сўровларга кўра, ёшларда сиёсий жараёнларга, дейлик, офлайн режимда қизиқиш сезилмаслиги, улар сиёсий ҳаётда пассив иштирок этишлари ва умуман, бефарқлиги қайд этилади. Бироқ, аслида, бу уларда аҳолининг айрим гуруҳлари ва уларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан нафрат шаклланиб бориб, сиёсий онгининг яширин радикаллашувини англатиши мумкин. Кўриниб турибдики, вақти-соати етгач, у ёки бу гуруҳга, масалан, бошқа дин вакилларига нисбатан шаклланган нафрат аста-секинлик билан саҳналаштирилган сценарий асосида амалдаги ҳукуматга қарши қўзғаб юборилиши мумкин.
Ижтимоий тармоқларни таҳлил қилишда фуқароларда сиёсий маданият ва сиёсий онгнинг ривожланмаганлигига қарши курашиш, натижада инқилоблар кўринишидаги инқироз ҳодисаларига нисбатан ижтимоий қўрқувгача етиб борувчи салбий муносабатнинг шаклланишига, шунингдек, ҳокимиятга бўлган сиёсий ишонч даражасини ошириш учун ундаги асосий тенденцияларни таҳлил қилиш зарур.
Масалан, маълумотларни таҳлил қилишда сайловларда иштирок этиш, тегишли веб-сайтларда қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш, жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида қатнашиш, сиёсий партиялар ва бошқа ижтимоий гуруҳлар (дин, жинс, касбий машғулотлар ва бошқа йўналишлар бўйича)га аъзолик, волонтёрлик, жамоатчилик назорати ва бошқаларга нисбатан шаклланган муносабат сингари фуқаролик фаоллигининг турли шаклларини кузатиш мумкин. Ёшларнинг ушбу рақамли кўринишда юзага чиқишини қайд қилиш ва ҳисоблаш мумкин, яъни унинг ёрдамида ёшлар фуқаролик жамиятини қай даражада тушунишини, демакки, ҳокимиятга бўлган ишонч даражасини баҳолаш мумкин.
Тўртинчидан, “Халқ билан мулоқот” тизимининг қанчалик самарали эканлигини аҳоли томонидан тушуниш, муайян ҳокимият органи ва ўша маҳалла аҳолиси ўртасида ўзаро алоқанинг ривожланганлик даражаси, одамларнинг манфаатлари, жамоатчилик фикрини инобатга олиш, ҳокимият органларининг очиқлиги ва шаффофлиги, уларнинг жамоатчилик наздида шаклланган образи. Бу ерда “фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги” каби тоифани рақамлар тилига ўгириш лозим, чунки баъзида оммавий ахборот воситаларида, масалан, “Фуқаролар мурожаатларининг 72 фоизи ижобий ҳал этилди, қолганлари назоратга олинди”, деган иборани ўқиб қоламиз. Айнан шу “ижобий ҳал қилинди” деган кўрсаткич биргаликда мезонларга қўшилиши керак. Бу, айниқса, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига тааллуқлидир, чунки оддийгина нафақа бериш билан уларнинг муаммолари ҳал бўлиб қолмайди.
Шу жойда биз жамоатчилик билан ишлашнинг классик моделига эга бўламиз. У расмий ахборотни аҳолига етказишда ОАВни ишга солишнигина эмас, балки худди ўша Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг ҳукумат қарорларини тушунтириш, турли ижтимоий гуруҳларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳамда позициясини аниқлаш орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри муносабатга киришиш қобилиятини ҳам англатади.
Мазкур саволга ўзимнинг бироз чўзилиб кетган жавобимни якунлар эканман, қайд этишни истардимки, ҳукуматга ишончни ўлчаш ва баҳолаш унинг турли эмпирик ифодалари йиғиндисини ўзида мужассам этмоғи лозим. Улар эса ўз навбатида бир-бирини тўлдирувчи натижаларга айланиши керак. Бу кўрсаткичлардан фойдаланиб, ҳудудлар, бизнинг мисолимизда маҳаллалар кесимида турли давр оралиқлари бўйича ишонч даражасини қиёсий таҳлил қилиш асосида мамлакат раҳбариятини ахборот билан таъминлаш зарур. Шунда бизнинг ягона интеграл кўрсаткичимиздан нафақат амалга олиб борилаётган ишларга тузатишлар киритиш, балки Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим мафкуравий таркибий қисми сифатида жамиятдаги сиёсий ишонч даражасини баҳолашда ҳам фойдаланиш мумкин.
2016 йил охирида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига сайлангач, жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг деярли барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотларни бошлаб юборди. Ислоҳотлар суръати ҳалигача пасайгани йўқ. Натижада Ўзбекистон аҳолисининг давлат раҳбарига ишончи сезиларли ошди ва юқори даражада қолмоқда. Буни 2021 йил кузида бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижалари ҳам тасдиқлайди.
Бироқ аҳолининг давлат раҳбарига ишончи билан бутун давлат аппаратига, жумладан, жойларда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларига бўлган ишончи бир хил эмас. Халқнинг мамлакат раҳбарига бўлган ишончи билан маҳаллий ҳокимият органларига бўлган ишончи ўртасидаги тафовутни қандай баҳолаган бўлардингиз?
Кейинги жавобларда мен сўзимни қисқа қиламан, чунки энди катта назарий блокдан ўзимнинг эксперт хулосаларимга ўтаман. Шуни эътиборга олинг. Яна бу менинг шахсий фикрим эканлигини ва таҳририятнинг ҳам, мен ҳамкорлик қилаётган ёки ишлаётган ташкилотларнинг ҳам позициясини акс эттирмаслиги мумкинлигини ҳам.
Асосий гапдан бошлайман – бўшлиқ бор, бу шубҳасиз. Узоққа бормайлик, Президент қандай қарор қабул қилмасин, биринчи келадиган ўй – маҳаллий ҳокимият бунинг уддасидан чиқармикан? Масалан, яқинда Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Ўзбекистон социологлари” гуруҳида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш лойиҳаси бошлангани, кейинчалик бу тажриба бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши ҳақида маълумот жойлаштиргандим. Нима бўлди деб ўйлайсиз? Тўппа-тўғри. “У мактаб ўқувчиларига етиб бормайди, борса ҳам, фақат бир қисми ўқувчиларга тегади”, деган мазмундаги шарҳлар тўлиб кетди. Ишончим комилки, сиз ҳам шундай деб ўйлагансиз. Бу ишонч ўртасидаги бўшлиқ белгиси эмасми? Ҳамма соҳада шу аҳвол.
Шу боис, айтишимиз мумкинки, сиз ўз саволингизда Шарқ менталитетидаги барча давлатларга хос бўлган битта умумий сиёсий тенденцияни мутлақо тўғри пайқадингиз. Бу аҳолида шаклланган ҳақиқий ислоҳотларни фақат “юқоридан туриб” амалга ошириш мумкин деган стереотип. Ўзингиз қаранг, ижтимоий тармоқларда ҳар қандай ноҳақлик кўринишлари мавжуд бўлса, ҳамма бевосита миллат етакчиси билан боғланиш муҳим деб билади, хатоларни фақат Президент тузатиши мумкинлигига ишонади. Ижтимоий тармоқларда Давлат раҳбарининг маҳалласига келиб, ички йўлларни тузатиб бериши ёки болалар боғчаси қуриб беришини сўраётганлар ҳақидаку гапирмай қўя қолай.
Тушунаман, ушбу фикрнинг асосида менталитет билан бирга бу ишлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятнинг қўлидан келишига шунчаки ишонмаслик ётибди. Атайин қилмаслик, коррупцион ҳолатларга аралашиб қолиш ҳақидаги фикрларни бу ерга қўшмадим ҳали.
Аммо вазиятни ҳаммамиз ўзимиз тузатишимиз керакку? “Ҳаққини талаб қилиш” деб аталади бу. Бир ўзим ҳеч нарса қила олмайман, деган стереотипларни четга суришимиз лозим. Давлатимизда тегишли механизмлар мавжуд, Президентимиз ва парламент уларни яратиб берган, энди уларни ишлатиш керак. Очиқ муҳокамага қўйилган қонунлар лойиҳалари жамоатчилик томонидан шунча кам эътиборга тушиши ҳам диққатга сазовор. Поезд кетиб бўлгандан кейин эса жамоатчилик парламент бизнинг фикрларимиз билан ҳисоблашмаяпти, дея норози бўлади. Чунки аҳолида мазкур қонунлар устидан Президент ёки унинг Администрацияси қараб туради, деган стереотип шаклланиб қолган. Аммо халқ ўз фикрини ифодаламаса, улар қаердан ҳам билсин?
Мана шу фикрлар ёрдамида биз тадқиқотчилар, масалан, социологлар жамиятда “ҳукуматга ишонч” ва “жамият ва ҳокимият учун ўз оқибатларига кўра ишонч даражасининг тушишини прогноз қилиш” сингари категориялар юзасидан ягона талқинни ишлаб чиқишимиз мумкин бўлар эди. Бошқача қилиб айтганда, ишонч бу аҳоли онгида шаклланадиган конструкциядир. Ва аниқ белги-аломатлар, замонавий тилда айтганда “триггерлар” керак. Бунда ишончнинг тушиши аломати ҳукумат алмашиши, яъни легитимликнинг бутунлай йўқотилиши билан якун топишини англатади.
Ҳозир бу функция билан блогерлар шуғулланмоқда. Уларнинг кўпчилиги виждонан ишлашга ҳаракат қиляпти. Бироқ ижтимоий тармоқлар алгоритмининг ўзи уларни “хайп”га берилиб кетишга, яъни “ошириб юборишга” ундамоқда. Шу боисдан, қиёслаш учун маълумотлар керак. “Лайк”лар ва обуначилар сони доим ҳам объектив кўрсаткич бўла олмайди. Чунки уларни “кўпайтириш” бўйича технологиялар аллақачон чиққан.
Ҳукуматга ишончнинг табиати ҳақида гапирар эканмиз, унинг “севги” ва “нафрат” сингари тушунчалар каби эканлигини тушуниб олишимиз лозим. Қандайдир субъектив хоҳишлар ва тажрибаларга асосланган муносабат сифатида ишонч осонгина тескарисига айланиб кетиши мумкин. Бундай “олдиндан айтиб бўлмаслик” ҳокимият институтларига нисбатан ишончни яхши тавсифлаб беради. Унинг даражаси ижтимоий-иқтисодий вазият ёки ҳатто турли сабабларга кўра кенг оммада шаклланган ҳукуматдан кутилган кўп нарсалар бошқарув амалиётида юзага чиқарилмаслиги оқибатида ўзгариб туради.
Қолаверса, биз гувоҳи бўлдикки, ижтимоий тармоқларда хорижий ботлар “Учинчи Ренессанс” ғоясига қарши ахборот урушини эълон қилди. Бунда исталган мамлакатда дуч келиш мумкин бўлган бирор аҳмоқона хатти-ҳаракатга “Мана сизга Учинчи Ренессанс”, дея сарлавҳа қўйиб тарқатишди. Ушбу мисолда биз оддий манипуляциялар ҳокимиятнинг ҳар қандай, ҳатто олижаноб ташаббусларига бўлган ишончнинг ҳам пасайишига олиб келиши мумкинлигини кўришимиз мумкин. Ахир, Учинчи Ренессанс ғояси, аслида, узоқ муддатли чора-тадбирларнинг бутун мажмуасини ўз ичига олган собиқ маданий ва илмий буюкликни тиклашдир. Ўзбекистонда маданий ва илм-фан юксалиши учун шарт-шароит яратилганига ақли расо одам норозилик билдирадими? Лекин, бундай ахборот кампаниялари оммавий қолипларга эргашмасдан, ўз ҳаётига онгли муносабатни шакллантиришга тўсқинлик қилиб, айнан эзгу ғояларни кулги остига олмоқда.
Шу нуқтаи назардан, биз марказий ва маҳаллий ҳокимият органларига ишонч жуда ўзгарувчан ижтимоий ҳодиса эканлигини ҳам таъкидлаймиз. Ҳеч кимга сир эмаски, сиёсий маданиятимизда ҳокимиятда шахсга қаратилганлик кучли. Мамлакатимизда у ёки бу вазирликнинг кучи, масалан, кўпинча унинг вазифаларига эмас, балки уни бошқараётган шахсга, ўша шахснинг раҳбариятга яқинлигига қараб баҳоланади. Ва бу анъана тарихий хусусиятга эга бўлиб, ўзига хос моноцентризмга таянади. Совет давридан бери жамиятимиз ҳокимият вакиллик органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти демократияга тақлид қилишдан нарига ўтмайдиган шароитларда яшашга ўрганиб қолган.
Шу билан бирга, жамиятимизда ҳокимиятнинг легитимлиги учун асослар аҳолининг оммавий онгида жойлардаги бошқарувнинг мавжуд амалиётидан маълум бир норозилик мавжудлигидан келиб чиқиб, тузатишлар киритишни талаб қилишини ҳисобга олиш керак. Бу норозилик мамлакатда қашшоқлик ва коррупциянинг мавжудлиги, ижтимоий қўрқув стереотиплари ва одамларнинг ижтимоий-сиёсий масалаларга аралашишни истамаслиги билан боғлиқ.
Қолаверса, такрорлайман, ахборот жамияти шаклланиши шароитида аҳоли айни пайтда жамиятда юзага келаётган ҳокимиятнинг медиадаги имиджига боғланиб қолади. Ва агар улар ўзларининг сиёсий ва ижтимоий элитаси томонидан шакллантирилса-ку яхши, чунки бу имидж ташқи кучлар томонидан ўзгартирилса, аҳолининг ишончини сезиларли даражада сусайтириши, демакки, ҳокимиятнинг легитимлиги тушиб кетиши мумкин.
Хулоса қилиб айтмоқчиманки, халқнинг мамлакат раҳбарига бўлган ишончи билан маҳаллий ҳокимият органларига бўлган ишончи ўртасида тафовут бор. Ва бу объектив характерга эга. Марказий ҳукумат вазифаларни белгилайди, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият эса уларни бажаради. Айнан иккинчиси аҳоли билан бевосита алоқада бўлади, яъни уларга таъсир қилишнинг қонуний усулларини, ҳатто жазолар қўллайди.
Дейлик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш. Ҳайдовчилар жарима мактубларини оладилар, бу, албатта, уларнинг тегишли давлат хизматларига ишончини оширмайди. Лекин бунинг замирида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ётибди, яъни қоидани бузма – жаримага тортилмайсан. Ёки ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларни суратга олиб, тегишли давлат хизматларига юбораётганларга нисбатан нафрати. Бу ерда, умуман олганда, “қамоқ психологияси”, яъни одамларнинг “олижаноблар” ва “чақимчилар”га бўлиниши намоён бўлади. Яна такрор айтаман, агар сиз қоида бузмасангиз, сизга жарима солинмайди.
Бу ерда биз яна “ҳамма нарсани кўрувчи” Давлат раҳбарига ишониш муаммосига дуч келамиз. Ноқонуний ёки адолатсиз жазо қўлланилган тақдирда, биз охиригача судлашмаймиз, балки “у қаёққа қараяпти?” деймиз. Яна такрор айтаман – адолатга ишонмаслик таслим бўлишимиз керак дегани эмас. Судлашиш керак. Ўзингиз кўрасиз. Юз йил олдин Европада одамлар 40 соатлик иш куни ҳуқуқи учун курашдилар, гарчи ҳамма қонуний норозиликларнинг бефойдалигига амин эди. Яъни, “томчи-томчи сув тоғни емиради”, шунинг учун келинг, юртимизни фарзандларимиз учун янада ҳуқуқий давлатга айлантирайлик.
Энди ишонч бузилиши билан боғлиқ энг катта муаммога келсак. Унинг асосида ёлғон ва коррупция ётади. Лекин бу ерда ҳам аҳоли кадрлар борасида мутасаддиларга аниқ сигнал бериши керак. Афсуски, “ёғли” деб аталган лавозимларни эгаллай оладиган малакали, ҳалол ва порахўр бўлмаган амалдорларнинг бундай ярмаркаси йўқ. Шу боис, аниқ сигналларсиз ва жамоатчилик назоратисиз жойларда вазиятни ўзгартириб бўлмайди. Мансабдор шахс, агар у пора олмаслик учун аниқ рағбатлантиришга (ижтимоий пакет) эга бўлмаса, кучли жазо тизимини, ишнинг шаффофлигини, шунингдек, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ҳис этмаса олаверади.
Шу боисдан ушбу бўшлиқни бартараф этиш учун жамият барча мавжуд ҳуқуқий воситалар ёрдамида маъмурий ва коррупцияга қарши ислоҳотларни жадаллаштириш муҳимлигини ифодалаши керак. Нафақат сигнал бериш, балки унинг жамоатчилик муҳокамасида ҳам фаол иштирок этиш зарур.
Хулоса ўрнида, Юртбошимиз доимий равишда ҳудудларга бориб, ислоҳотлар жараёнлари билан шахсан яқиндан танишаётгани, ушбу оқилона ёндашувни алоҳида таъкидламоқчиман. Дарҳақиқат, жамоатчилик назорати етарлича ривожланмаганини ҳисобга олсак, бу мутасаддиларнинг самарали ишлаши учун кучли турткидир. Лекин, иккинчи томондан, бу Президентнинг ўзига бўлган ишончни ҳудудлардаги маҳаллий раҳбарлар билан “баҳам кўриши”, гўё “булар давлатнинг одамлари” эканлигини кўрсатаётгани ҳамдир. Шуни тушуниш керакки, Президентга бутун халқнинг қўллаб-қувватлаши, масалан, амалдорлар томонидан халқ манфаатларига содиқлик билан хизмат қилиниши, халқ томонидан эса Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ижроси устидан жамоатчилик ва фуқаролик назоратига зарур.
Сўнгги бир неча йил ичида ҳукуматга ишонч даражаси кўрсаткичлари динамикасини қандай баҳолаган бўлардингиз?
Менимча, замонавий Ўзбекистон тарихини қуйидаги шартли таркибий қисмларга бўлиш керак:
- энг қийин шароитларда мустақил давлатнинг шаклланиши (1991 – 1996 йиллар);
- тез иқтисодий ўсиш (1996 – 2006);
- ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг тўхтаб қолиши фонида иқтисодий ўсишни янада ошириш (2006 – 2016);
- янги умидларнинг келиши (2017 – 2021);
- билдирилган умидларни амалда оқлаш (2022 – кейинги йиллар).
Ўйлайманки, Ислом Каримовнинг ролини муҳокама қилиш кўпроқ тарихчиларга тегишли, бироқ бир нарса аниқ, у ўз миссиясини – Ўзбекистоннинг бугунги мустақиллиги, унинг барқарорлиги ва хавфсизлигига пойдевор қўйиш вазифасини тўлиқ бажарган.
2017 йилнинг ўзи ҳам миллат етакчисига бўлган юксак ишонч тўлқинига айланди, чунки, яширмайман, шахсан ўзим Ўзбекистон энди қайси йўлдан – қатъий авторитарми ёки эволюцион демократлашув йўлидан борадими деган хавотирлар бор эди. Ўзбекистоннинг макроиқтисодиётда эришган салмоқли ютуқлари жамиятда уларни оддий одамлар ҳаётида акс эттиришга, ҳокимиятнинг ўз халқини эшитишига табиий эҳтиёж уйғонганди.
Шавкат Мирзиёев эса бу ишончни оқлабгина қолмай, тўлалигича инсонга, унинг манфаатларига қаратилган Ҳаракатлар стратегиясини халққа тақдим этди. Мега вазифаларга қаратилган бесўнақай иқтисодиёт тадбиркорлик ва бизнес эркинлиги эҳтиёжларига мослаштирилди. Халқ билан мулоқот тизимини ташкил этиш йўлида реал жараёнлар бошланди. Аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва қашшоқликка қарши курашиш йўли танланди. “Дафтарлар” шаклидаги манзилли ижтимоий ёрдам тизимлари жорий этилди. Коррупция сингари мамлакатга мерос бўлиб қолган энг салбий ҳодисалар юқори поғоналарда эътироф этилган. Рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Давлат раҳбарининг маърузаларини ёки давлат сайтларини ўқисангиз ҳам кўрасиз.
Аҳоли эса, юқорида таъкидлаганингиздек, эришилган бу ютуқларни турли даражадаги сайловларда юқори баҳолади. Яъни, бугунги кунда аҳоли онгида умидлар доираси тўлиқ шаклланган. Янги Ўзбекистон модели бор, унда ўзига хос ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар мавжуд. Ва шунинг учун мамлакатимизда ҳокимиятга ишонч юқорида айтиб ўтилганидек, кўпроқ шахсга қаратилган ва, таъкидлаб ўтмоқчиманки, ҳозир юқори.
Аммо бу унинг сақлаб қолинишининг кафолати эмас.
Ва бу ерда асосий сабаб – бюрократик аппаратнинг бир қисми бўлиб, у миллат раҳбарини халқдан ва унинг эҳтиёжларидан ажратиб олиш учун “бронзалаш” жараёнини бошлашга интилмоқда. Президентлик сайловларида Шавкат Мирзиёев вазиятни хаспўшлашга интилганлар ҳақида ўта салбий фикр билдиргани эътиборлидир.
Умуман олганда, шуни айтмоқчиманки, ҳокимиятга бўлган ишонч даражаси, кам деганда, ўлчаб бўладиган даражада юқори, лекин бу Президент халқ қўллаб-қувватлаши остида маъмурий ислоҳотларни қанчалик тез ва самарали амалга оширишига боғлиқ. Айтгандай, бу ислоҳот йўли аллақачон ишлаб чиқилган. Лекин унинг муҳокамаси ҳам социологлар, файласуфлар ва сиёсатшунослар иштирокидаги алоҳида суҳбат мавзусидир.
Халқимизнинг маънавияти ёки маданий хусусиятлари давлат ва жамият ўртасида ишончли муносабатлар ўрнатилишига қай даражада ёрдам бера олади?
Юқорида мен бу масалага қисман тўхталиб ўтдим, шунинг учун мен бу ерда кўпроқ антропологик нуқтаи назардан жавоб бераман. Халқимизнинг ҳокимиятга бўлган муносабатидаги ўзига хосликларни акс эттирувчи бир қанча жиҳатлар мавжуд.
Биринчидан, ижтимоий меҳнатнинг коллективлик хусусиятига асосланган хўжалигимизнинг ўзи ишончли муносабатларни ўрнатишга ёрдам беради. Марказий Осиёнинг ҳар қандай давлатида бўлгани каби, қишлоқ хўжалигида иш билан таъминлаш классик тарзда ҳокимиятга боғлиқ бўлган шахсни шакллантиргани сабабли қишлоқ жойларда ҳокимият органларига ишонч энг юқори. Бундай шароитда ҳокимиятнинг асосий вазифаси деҳқонларга ер, сув бериш ва солиқларни мақбул даражада ушлаб туришдан иборат, чунки уларнинг фаровонлиги даладаги кундалик машаққатли меҳнатига боғлиқ. Қишда эса, бўш вақти, кузда етиштирган маҳсулотини сотишдан тушган пули бўлади.
Айниқса, агротехнологиялар, иссиқхоналар ёрдамида қишда ҳам деҳқонларни иш билан таъминлаш мумкин бўлган ҳозирги пайтда. Ким ҳақиқатан ер билан ишласа, у ўзбек менталитети шароитида ҳамиша ҳокимиятга у ёки бу даражада ишонади ва мамнун бўлади.
Иккинчидан, илдизлари Ислом ақидаларига бориб тақаладиган маънавий хусусиятлар. Мен диншунос эмасман, шунинг учун ўз фикрларимда эҳтиёткор бўламан ва менинг фикрим соҳа мутахассислари томонидан танқид остига олиниши мумкин. Шу билан бирга, Исломни сиёсийлаштириш каби салбий жараённи бир четга суриб тураман, бу бошқа муҳокама мавзуси.
Назаримда, моҳиятан Ислом дини демократик, чунки у турли позиция ва баҳоларнинг бирга яшашига имкон беради. Де-факто, Ислом кенг тарқалган аксарият мамлакатларда динни сиёсатдан ажратиш юз берди. Ислом мафкураси амалдаги ҳукуматга барқарор ишончни шакллантириш учун катта имкониятлар яратади. Шу билан бирга, Ислом динида илоҳий ва дунёвий ҳокимият ўртасида аниқ чегара йўқ, бу эса масжидларда, агар улар расмий рўйхатга олинган бўлса, тегишли маънавий-маърифий ишларни олиб бориш имконини беради. Ҳокимиятнинг диндорларга нисбатан бундай муносабати жамиятда ҳозирги ҳукуматга бўлган ишончни мустаҳкамламай иложи йўқ.
Учинчидан, иккинчи банд билан боғлиқ бўлган ҳокимиятга нисбатан юксак ҳурмат ҳисси. Ўзбекистонда давлат раҳбари нафақат шахснинг қадр-қиммати, балки маълум бир харизма тимсоли ҳамдир. Сиёсат ва давлат хизмати танланган шахсларга тегишли ҳисобланади, шунинг учун у оддий одамлар учун эмас, яширин қобилиятларга эга бўлган қаҳрамонларга бўйсунади, дея ишонилади.
Тўртинчидан, Ўзбекистондаги кексаларга ҳурмат. Бу эса Шарқ сиёсий маданиятига хос бўлган давомийликни, ўтмишга нисбатан нозик муносабатни, тарих, бугунги кун ва келажак ўртасидаги генетик боғлиқликни келтириб чиқаради.
Бешинчидан, ўзбек туркий сиёсий маданияти, агар давлат раҳбарини уруғ оқсоқоллари эътироф этса, унинг етакчилик роли тан олинишига асосланади. Бинобарин, ҳокимият тепасида турган шахс қадрият ва маънавий мезон ташувчиси сифатида кўрсатилади ва шунинг учун ҳам ҳокимият жамият ҳаётининг барча жабҳаларини назорат қилишга қаратилади.
Олтинчидан, давлатнинг фуқароларимиз олдидаги асосий вазифаси тартибни, ҳамма учун мажбурий бўлган қатъий нормаларни жорий этиш орқали келишувни таъминлашдан иборат. Бозор иқтисодиёти шароитида сақлаб қолиниши зарур бўлган давлатнинг етакчилик ролини тан олиш. Масалан, ҳозиргача жамиятимизда давлатнинг иқтисодда кўпроқ қолиши бу – яхши, деган фикр мавжуд, чунки бу мамлакатни “олигархлар томонидан талон-тарож қилинишига” йўл қўймайди, деб ўйлашади улар.
Еттинчидан, фуқаролик жамияти эмас, балки фақат давлат шахсга ҳомийлик қилиб, унга раҳбарлик қилади. Айнан давлат ижтимоий адолатга интилиб, халқ фаровонлиги ҳақида қайғуришга қодир. Афтидан, Ўзбекистон жамиятидаги стереотипик адолат замирида ҳамон совет давридан мерос бўлиб қолган “тенглаштириш” тамойили ётибди. “Биз камбағал бўлсак ҳам, асосийси қўшни бой бўлмаса” дегандек.
Саккизинчидан, инсоннинг жамиятдаги мавқеини унинг келиб чиқиши, пули, шахсий муваффақияти билан эмас, балки хизматдаги ғайрати ва алоқалари билан белгиланади, деган фикр.
Тўққизинчидан, жамиятда умумдавлат қонунлари ва қоидаларидан кўра, маҳаллий қоидалар ва урф-одатларга, шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакилининг фикрига устунлик берилади. Бунинг сабаби, маҳаллий аҳоли “раҳбар кўпроқ билади, чунки у марказий ҳокимиятга яқинроқ”, деб ўйлайди. Яъни, юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон шароитида миллат етакчисига бўлган ишончнинг бир қисми автоматик тарзда унинг жойлардаги давлат аппаратига ҳам тарқалади.
Ўнинчидан, шахс жамиятнинг нормал фаолият кўрсатиши учун жавобгардир, лекин айни пайтда фақат ижро этувчи функцияларни бажаради. Сиёсий иштирокнинг коллектив шаклларига устунлик берилади. Сиёсатнинг асосий субъектлари сифатида гуруҳлар, жамоалар, бирлашмалар, уруғлар, давлат майдонга чиқади, шахс эса ўз манфаатларни жамиятга бўйсундиришга мажбурдир. Юқоридагиларнинг барчасини сарҳисоб қилар эканмиз, Ўзбекистонда ҳокимиятга бўлган ишончни сақлашнинг асосий антропологик омили давлатнинг ижтимоий барқарорликни таъминловчи ижобий куч сифатида эътироф этилиши эканлигини таъкидлаймиз. Шунинг учун ҳокимиятнинг авторитар шаклларига ва харизматик раҳбарларга устунлик берилади.
Олий мансабдор шахслар ва умуман ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда қайси омиллар ёки кўрсаткичлар устувор ҳисобланади?
Яна такрорламаслик учун бошидан шуни айтаманки, Худога шукур, саволингизда кўтарилган мавзуларнинг аҳамиятини энг юқори даражаларда тушуниш бор. Масалан, шу йилдан бошлаб 31 январь куни Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган Инсон қадри индексини Тошкент шаҳрида жорий этиш бўйича режалар рўёбга чиқарилмоқда. “Маҳаллабай” тизими ишига татбиқ қилиш таклиф этилаётган Инсон қадри индекси жаҳонда қўлланилаётган Инсон тараққиёти индексига ўхшаш тарзда ишлаб чиқилгани таҳсинга сазовор. Аммо шуни тушуниб олмоғимиз керакки, у бизнинг ўзига хос хусусиятларимиз асосида жорий этилиши ва тажриба-синов тадқиқотлари жараёнида албатта такомиллаштирилиши зарур.
Мана, ҳозир индексни жорий этиш учун Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларида биттадан маҳалла танлаб олинди.
Рейтинг қуйидаги мезонларни қамраб олади:
соғлиқни сақлаш: умр кўриш давомийлиги, сил билан касалланганлар сони, ОИВ инфекциясининг тарқалиши, ногиронлар учун яратилган имкониятлар;
таълим: мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) ва ўрта таълим, шу жумладан хусусий муассасалар билан қамров, олий таълим муассасалари талабалари, спортчилар, тўгараклар сони;
хавфсизлик: маҳаллаларда содир этилаётган жиноятлар сони, қотилликлар, ўз жонига қасд қилишлар даражаси, “йўлдан адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганлар” сони;
бандлик: ёшга доир пенсия олувчилар, норасмий банд бўлганлар сони, ишсизлик даражаси, ёшлар ишсизлиги, “заиф бандлик”;
даромадлар: аҳоли жон бошига реал даромад, доимий даромади 5 миллион сўмдан кам бўлган аҳоли сони;
ҳаракатчанлик: интернет, мобил алоқа фойдаланувчилари сони, ташқи миграция, ички миграция коэффициенти;
демография: аҳоли сони, аҳоли зичлиги, ўртача ёши, 65 ёшдан ошган аҳоли, 18–30 ёшлилар, ажрашишлар сони;
ижтимоий-иқтисодий барқарорлик: малакали ишчи кучи даражаси (жами ишчи кучига нисбатан), бошпанасизлар, тадбиркорлар, “дафтар”ларга (темир, ёшлар ва аёллар) киритилган шахслар сони, маҳалланинг ободонлаштирилганлиги.
Бошиданоқ айтиб қўяйки, социологик сўровлар айнан шу соҳаларни давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг муҳим омиллари сифатида кўрсатмоқда. Бу ерда биз Индекс муаллифларининг фикрига қўшиламиз.
Бироқ мазкур рейтингдан кўриниб турибдики, бу кўрсаткичлар аниқ статистик характерга эга бўлиб, мавжуд муаммолар кўлами ҳақида умумий маълумот беради, уларнинг чуқурлиги, яъни маҳалла аҳолиси онгида акс этиш даражасини очиб бермайди. Аммо бу маълумотларни ҳозирги ҳукуматга бўлган ҳақиқий ишонч даражаси билан боғлаш мумкинми?
Биринчидан, экспертлар ҳамжамиятида давлат статистикасининг ишончлилиги ҳақида ҳали ҳам муайян шубҳалар мавжуд.
Иккинчидан, уни маҳаллалар бўйича йиғиш усуллари, чунки мавжуд статистик маълумотларда маъмурий-ҳудудий бўлиниш, масалан, туманлар бўйича бўлиниш ҳисобга олинган.
Учинчидан, мансабдорларнинг ғайрати таъсирини қандай олиб ташлаш мумкин? Президент ҳар ойда сектор раҳбарларига индекс доирасида балл қўйилишини айтиб ўтди. “Уч ой, олти ой ёки йил охиригача нимага эришилади? Бош вазир Президентга ҳисобот бериб, раҳбар ишлашга ҳаққи борми ёки йўқми, деган саволга жавоб беради”, — деди давлат Раҳбари. Ана, энди ўзингиз ўйланг, бу рейтинг ҳисоблаб чиқилаётганда ҳоким бир четда қараб турадими? Яъни, бизга катта маълумотларни таҳлил қилиш бўйича статистик усуллардан фойдаланган ҳолда бундай “шовқин”ни қисқартириши мумкин бўлган холис мутахассис керак.
Тўртинчидан, мансабдор шахсларнинг аҳоли даромадлари манбаларига, айтайлик, манфаатдор бўлмаслигига, давлатга нисбатан ишончсизликнинг эски стереотиплари шароитида ўша аҳолининг реал даромадларини қандай ҳисоблаш мумкин? Ижтимоий тармоқларда мутасаддилар томонидан тадбиркорларнинг бухгалтерия ҳисобини рақамли шаффоф майдонга ўтказиш билан боғлиқ қандай шовқин-сурон кетаётганига қаранг. Ва тадбиркорларнинг бу қўрқувини тушунса бўлади, чунки уларнинг солиқ органлари холис бўлишига ишончи, юмшоқроқ қилиб айтганда, “плинтусдан ҳам пастда”. Бу ҳам аҳолининг ҳокимиятга бўлган ишончини кўрсатади. Бугунги кунда тадбиркорлар ҳозирги Ҳукумат учун овоз бермоқда, лекин шуни тушуниш керакки, замонавий жамиятда одамлар шу ерда ва ҳозир ислоҳотларни хоҳлашади, шунинг учун “кейинги беш йиллик режани” деб аталадиган даврларни кутмайдилар.
Бешинчидан, чегарага етганини кўрсатадиган “қизил чизиқлар” тушунчаси. Хусусан, газ-метан нархи ўсишини бизнинг ҳайдовчиларимиз ҳам бошдан кечиришди, аммо портлаш Қозоғистонда содир бўлди, лекин бизда эмас. Масалан, газ нархининг бозор тамойилларига ўтишини эълон қилган тегишли вазирлик инфляциянинг жамиятдаги норозилик кайфиятига таъсирини ҳисобга оладими? Ушбу саволларга жавоблар рейтингнинг қаерида? Ёки тегишли мансабдор юқорига “жавоб бераман – ҳеч қандай норозилик бўлмайди, чунки тадқиқотлар ўтказганмиз” деб қўя қоладими? Худди шу “хавфсизлик” тушунчасига келсак – қўшни Афғонистондаги вазият ёки Олма-отадаги тўполонлар унинг аҳамиятини кўрсатди, аммо хавфсизликка сарфланган маблағлар ижтимоий харажатлардан кўра шу қадар муҳимми? Хавфсизлик масаласи аҳолимизнинг диний эътиқоди ва унинг сўнгги пайтларда кучайишига қай даражада боғланган? Чунки сўнгги вақтларда муқаддас Ислом динимизни четдан туриб сиёсийлаштиришга, бизга салафийликнинг экстремистик шаклларини олиб киришга ҳаракатлар бўлмоқда. Ва ҳоказо, ва ҳоказо.
Айнан шунинг учун ҳам Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг барча маҳаллаларини қамраб оладиган келгуси амалиётни илмий асослаб беришни талаб қилди. Президент мазкур индекс воситасида нафақат иш услуби ва талабчанлик, балки туман ҳокимлиги ва давлат органларининг фаолияти ҳам тубдан ўзгариши кераклигини қатъий таъкидлади. Биринчи босқичида бу етарли, чунки статистика мавжуд муаммоларнинг энг яхши кўрсаткичидир, аммо бу узоқ истиқболда ва чекланган ресурслардан самарали фойдаланиш, яъни давлат аҳолининг ҳокимият томонидан қабул қилинган қарорларга содиқлигини сақлаб қолиш учун биринчи ўринда нимага пул сарфлаши кераклигини билиб туриш зарурати шароитида етарли эмас.
Яна бир муҳим жиҳат – Шавкат Мирзиёев нега, масалан, давлат бюджети умумий бўлса-да, сурхондарёликларнинг Тошкентга даволаниш учун келиши кераклигини айтди. Яъни, ўша Термиз аҳолиси ўзиникидан кўра Тошкентдаги клиникаларга кўпроқ ишонади. Бу саволга статистика аниқ жавоб берадими? Албатта йўқ. Ўзингиз холис жавоб беринг, Термиздаги поликлиникаларга давлат томонидан катта маблағ ажратилса, одамлар Тошкентда даволанишни тўхтатадими? Мана, Юртбошимизнинг мантиқий тезисларига жавоб: “Биз ишлаётгандек бўламиз, лекин давлатнинг эътибори, пули, кўрсатмалари аниқ қаратилган манзил йўқ. Бизда ҳамма нарса умумий. Бу одамларда норозилик келтириб чиқаради.” Одамларнинг норозилиги эса ҳокимиятга ишончни йўқотиш учун қулай заминдир.
Шу жиҳатдан Шавкат Мирзиёевнинг асосий – Индекс лойиҳасини мутахассислар билан муҳокама қилиш, уни пухта ишлаш, сектор раҳбарларининг иш услубини тубдан ўзгартириш учун уларни Индекс билан ишлашга ўргатиш талаби жуда аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан, ҳукуматнинг Социология институтини ташкил этиш борасидаги ҳаракатларини тушунса бўлади. Афсуски, давлат маблағлари ҳисобидан илгари ўтказилган тадқиқотлар олинган натижалар ва таҳлил даражаси, нотўғри статистик маълумотларга таяниш, танлаб олишда қатъийлик йўқлиги, маълумотларни интервью берувчилар томонидан эмас, балки ҳокимият ходимларининг ўзлари тўплаши, тадқиқотчиларнинг “безатилмаган” эмпирик маълумотларни беришдан қўрқиши ва бошқалар билан ўз обрўсини йўқотиб бўлган.
Шу боис янги Социология институтига “ички цензура”га эга бўлмаган, давлат грантларини ажратаётган амалдор амалдаги сиёсатни тасдиқловчи ижобий маълумотларни кутаётганидан қўрқмайдиган ёш тадқиқотчилар керак. 2019 йилнинг февраль ойида социологларга жамиятнинг ҳақиқий ҳолати тўғрисида ўз маърузалари билан энг юқори минбарларга чиқиш топширилган эди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5667-сон Фармонида “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида мунтазам муҳокама қилиш ва улар бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш амалиётга жорий этилсин” дея аниқ кўрсатиб ўтилган. Шахсан мен ўтган йиллар давомида бундай ишларнинг оммавий муҳокамасини кўрмадим.
Қозоғистон тажрибаси шуни кўрсатдики, давлат сиёсатига хайрихоҳликни тасдиқловчи фан сифатида социологияга бундай муносабат кам деганда “ўз оёғига ўқ отиш”дек гапдир. Шу боис Давлатимиз раҳбарининг Социология институтини ташкил этиш ташаббуси кўзбўямачиликка, фақат статистик ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларга эътибор қаратилмаслиги, раҳбарият назарида ҳам, сотиб олинган халқаро рейтингларда ҳам яхши кўринишга интилишга айланиб қолмаслиги керак.
Умид қиламанки, Социология институтининг ташкил этилишига фан мутасаддилари томонидан яна моддий-техника таъминоти бўйича ҳисобот бериш жараёни сифатида қаралмайди, ваҳоланки бу ҳам муҳим. Социология институти пойтахт марказидаги янги бино, янги компьютерлар, мониторлар, лабораториялар, жиҳозлар ва мавжуд бинони янгидан реконструкция қилишгина эмас. Бу методология, қанчалик кескин янграмасин, бу илмий люстрация ва кадрларни танлаш демакдир. Институт ходимлари аччиқ бўлса-да, фойдали маълумотларни, аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончи даражаси тўғрисида илмий жиҳатдан тасдиқланган маълумотларни тақдим этувчи, Ҳукумат учун “шаффофлик қоғози” эканлигини тушуниб етиши керак. Ана ундан кейин бу маълумот журналистларга берилиши мумкин, шунда улар ҳукуматга тақдим этилган индекслар тўғрими ёки йўқми деган савол билан журналистик текширувлар ўтказадилар.
Ўйлайманки, биз, социолог сифатида яна бир бор Президент ишончини пучга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Шу билан бирга, социологларга амалдорлар ҳам, псевдосоциологлар ҳам тўсқинлик қилмагани маъқул.
Фуқароларнинг ҳокимиятга ишончини ошириш учун давлат қандай механизмлардан фойдаланиши керак?
Ажабланарлиси шундаки, бу саволга жавоб жуда оддий.
Биринчидан, қабул қилинган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг амалга оширилишини таъминлаш. Бу ҳар тарафлама мувозанатлашган ҳужжат бўлиб, уни амалга ошириш ҳақиқатан ҳам аҳоли турмуш даражасини оширади.
Марксистлар қанчалик қораланмасин, лекин, аслида, улар жамоат онги шахснинг иқтисодий фаровонлиги учун ўзига хос устқурма, деганларида ҳақ эдилар.
Ёки машҳур Маслоу пирамидасини келтириш мумкин, унга кўра барча мафкуравий тузилмалар, жумладан ҳокимиятга ишонч даражаси ҳам аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари қондирилганлигини назарда тутувчи мустаҳкам пойдеворга таянади. Яъни, қашшоқлик мағлуб этилмаса, ҳокимиятга ишонч ҳақида қандай гапириш мумкин?
Иккинчидан, коррупцияга қарши муросасиз кураш. Қўпол қилиб айтганда, қилиниши керак бўлган ишлар:
- қатъий қонуний жазони ва унинг муқаррарлигини таъминлаш;
- давлат маблағларини сарфлашнинг шаффоф тизимини таъминлаш;
- коррупция ҳолатларини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва шу асосда унга замин яратаётган омилларга қарши курашиш моделини яратиш;
- давлат хизматчиларини юқори турмуш даражаси билан таъминлаш. Шунда улар нимани йўқотиши мумкинлигини тушуниб етади.
- зарур маънавий-ахлоқий қадриятларга эга юқори малакали кадрларни тарбиялаш учун олий ўқув юртларига барча шароитларни яратиш.
Лекин бу ерда энг муҳими – жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқатсизликни шакллантиришдир. Яъни, фуқаролик назоратисиз ҳечам иложи йўқ. Умуман олганда эса, кучли фуқаролик жамиятисиз ўзи бирор натижага эриши бўлмайди. Бунинг оқибатларини биламиз ҳаммамиз.
Давлат эса доимий равишда фуқароларга давлат бюджети харажатлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, барча даражадаги давлат хизматчиларининг солиқ декларациясин кўра олиш имконияти механизмларини яратиши ва такомиллаштириши зарур.
Яъни, рецепти оддий – коррупция ва уни юзага келтирувчи омилларга қарши курашиш орқали Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида ҳокимиятга бўлган ишонч даражасини ҳам оширади.
Учинчидан, ислоҳотларни, биринчи навбатда, инсонпарварлик йўналишидаги ҳаракатларни таҳлил қилувчи мустақил тадқиқот марказларининг кучли тизимига эга бўлиш. Раҳбарият жамият ўзлари ҳақида қандай фикрда эканлигини, ўз ислоҳотларига қандай мезонларни киритиши кераклигини, улардан кўзланган мақсадларни қандай тушунтиришни, ислоҳотлар бўйича фикр-мулоҳазаларни қандай олишни ва гибрид урушлар контекстида ҳокимият имиджини ташқи ахборот ҳужумларидан қандай ҳимоялашни билиши керак.
UzAnalytics сайти таҳририяти эксперт Азамат Сеитовга мазкур суҳбат учун миннатдорлик билдиради.
Муаллифлар: Навруз Мелибаев, Наргиза Умарова
Овоз режиссёри: Тимур Исмаилов