Сурат манбаси: worldskills2019.com
Муаллиф: Наргиза Умарова
Бугун инсоният янги таҳдидлар олдида турибди. Ер шари аҳолиси кўпайишда давом этяпти, табиий ресурслар захираси эса муттасил равишда қисқармоқда. Бундай диспропорция дунё мамлакатларини танг аҳволга солиб қўяётгани бор гап. Аввало, глобал экологик муаммоларнинг кескинлашувини кузатяпмиз. Экспертлар вазиятни ўнглаш учун жаҳон иқтисодиётида “яшил тараққиёт” тамойилларини жорий этиш зарурлигини таъкидламоқда. Мазкур ёндашув БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларида ҳам ўз ифодасини топган.
2019 йилда Ўзбекистон “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси”ни қабул қилди. Яқин ўн йилда мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи, самарали энергия манбаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Бу йўлдаги муҳим қадамлар ҳамда юзага келиши мумкин бўлган тўсиқлар хусусида Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти, “ERGO Analytics” тадқиқот компанияси раҳбари Рауф Салохўжаев билан суҳбатлашдик.
— Ўзбекистон 2030 йилгача “яшил иқтисодиёт”га ўтишни мақсад қилган. Бундай қарорнинг аҳамияти нимада? У иқтисодий юксалишимизга ёрдам берадими?
— “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш Ўзбекистонга кўплаб бонуслар олиб келади. Шу боис мен соҳадаги ислоҳотларни бошлаб берган 2019 йилги Стратегияни ўз вақтида қабул қилинган жуда тўғри қарор, деб ҳисоблайман. Ҳукумат пандемиядан олдинги макроиқтисодий кўрсаткичларни тиклаш ҳамда келгуси йилларда янада юқори ўсиш суръатларига эришишни мақсад қилган. Ўз навбатида, мамлакатда аҳоли сони ва даромадлари кўпаймоқда. Бундай шароитда, турган гапки, энергетика ресурсларига бўлган талаб ҳам ортади. “Яшил иқтисодиёт”нинг муҳим компоненти қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш ва фойдаланиш ҳисобланади. Бу жиҳатдан Ўзбекистоннинг салоҳияти анча юқори. Халқаро молиявий институтларнинг ҳисоб-китобига қараганда, республикада муқобил энергия (айниқса, қуёш энергияси)нинг йиллик захираси 270 миллион тонна шартли ёқилғи эквивалентига тенг. Бу реал эҳтиёжимиздан уч карра кўп. Боз устига, “яшил энергетика” соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини беради. Бу иқтисодиёт учун мислсиз фойдадир.
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон углеводород энергияси – нефть, газ, кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Қолаверса, мамлакатдаги энергия ишлаб чиқарувчи қувватларнинг салкам ярми эскирган. Уларни тиклаш ёки модернизациялаш катта маблағни талаб қилади. Бунинг ўрнига ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали ҳисобланган “яшил энергетика”га ўтиш минг чандон афзал. Ахир, бутун дунё шу йўлни танлаяпти. Эътиборлиси, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларидан биринчи бўлиб мазкур ҳаракатга қўшилди. Моҳиятан олиб қараганда, икки йил аввал қабул қилинган “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси” юртимизнинг “яшил тараққиёт” сари юз бурганини англатади.
Албатта, “яшил иқтисодиёт” фақат энергетика соҳасини ислоҳ қилишдан иборат эмас. Унинг ичига тоза ичимлик суви муаммолари, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, барқарор шаҳарлар, чиқиндиларни оқилона бошқариш, ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, чўлланишни қисқартириш каби кўп қиррали ва кенг тармоқли чора-тадбирлар кириб кетади.
Яна бир муҳим қайд. “Яшил иқтисодиёт”дан давлат ёки бизнес эмас, балки, энг аввало, оддий одамлар фойда кўради. Унинг ижтимоий аҳамияти ҳам шунда.
Жаҳон тажрибасидан маълум бўлишича, иқтисодиётнинг турли тармоқларида “яшил технологиялар”ни жорий этиш аҳолининг яшаш сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Бунинг натижасида шаҳарлардаги ҳаёт қулайлашади, болалар ўлими қисқаради, ўртача умр кўриш давомийлиги узаяди ва ҳоказо. Лотин Америкаси ва Африканинг айрим минтақаларида эса ҳатто ташқи миграция оқимлари қисқариб, инсон капиталининг ривожланиши кузатилган.
Унутмаслик керакки, Ўзбекистон БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадлари ҳамда Иқлим бўйича Париж битимига ҳам қўшилган. Ҳар иккала ҳужжат миллий ҳукуматлар зиммасига “яшил тараққиёт” талабларини бажариш мажбуриятини юклайди. Демак, эртами кечми “яшил иқтисодиёт”га барибир ўтишимиз керак. Бошқа чорамиз ҳам йўқ.
— “Яшил ўсиш” жараёнида Ўзбекистон қандай муаммо ва тўсиқларга дуч келиши мумкин?
— Турли интенсивликдаги ички ва ташқи муаммолар юзага келиши муқаррар. Уларга тайёр туриш ва ўз вақтида бартараф этиш учун ҳам стратегия қабул қилинди.
“Яшил иқтисодиёт”га ўтишдан аввал миллий қонунчиликни аудитдан ўтказиб, жаҳон талабларига мослаштириш ҳамда ягона тизимга келтириш зарур. Баъзи давлатлар ишни амалиётдан бошлаб, кейин қонунчилик базаси билан шуғуллангани боис, қўшимча муаммоларга дуч келган. Бундай хатолик ўтиш жараёнини секинлаштиради.
“Яшил тараққиёт”нинг драйвери бўла оладиган энергетика, илм-фан ва инновациялар, туризм каби соҳаларга доир қонунларимизда номувофиқликлар, бир-бирини инкор этувчи жиҳатлар талайгина. Ҳужжатларнинг ўзи ҳам жуда кўп. Айтайлик, электр энергиясини истеъмолчига етказиб бериш, нарх-навони белгилаш ва тўловни амалга ошириш механизмлари амалдаги анъанавий тизимга мослаб яратилган. Муқобил энергия манбалари билан ишлаш имконини берадиган ҳуқуқий нормалар эса мавжуд эмас. Масалан, қуёш ёки бошқа турдаги қайта тикланадиган энергияни ким ва қанча миқдорда ишлаб чиқаради, у аҳолига қай тартибда, қандай тариф бўйича етказиб берилади? Бу каби саволларга ойдинлик киритиб, қонун ҳужжутларида акс эттириш ва шу аснода янги бозор субъектлари ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириб бориш зарур.
Иккинчи муҳим масала “яшил иқтисодиёт”га ўтишда давлат қайси молиявий инструментлардан фойдаланмоқчи эканини аниқлаб олишдан иборат. Чунки дастлабки босқичда иқтисодиёт тармоқларига мўмай инвестиция киритишга тўғри келади. Бундай юкни давлат бюджети кўтаролмайди, эҳтимол, халқаро донор ташкилотларга мурожаат қилинар. У ҳолда ташқи кўмак қандай шартларда тақдим этилади? Муҳими, маҳаллий бенефициарлар – аҳоли, тадбиркорлик ва хўжалик субъектлари уни қай шаклда олиши мумкин? Бизнесда “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида ишлаш учун рағбат ва мотивация уйғотилмаса, давлатнинг барча саъй-ҳаракатлари зое кетади.
Одатда корхона ва ташкилотлар, аҳолининг турли қатламларига муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнида углерод сарфини камайтириш, “яшил технологиялар”ни қўллаш ва тегишли асбоб-ускуналар харид қилиш учун имтиёзли ёки фоизсиз кредитлар, субсидия ҳамда грантлар, солиқ имтиёзлари тақдим этилади. Ўз набатида, бунга банк-молия тизими ҳам хайрихоҳлик кўрсатиши, банклар БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғлиқ бизнес-лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратиши жуда муҳим.
Юқорида келтирилган молиявий кўмак инструментлари, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектларига татбиқ этилса мақсадга мувофиқдир. Сабаби улар бозор конъюктурасидаги ҳар қандай ўзгаришга ниҳоятда сезгир бўлиб, янги рақобат муҳитига мослаша олмаслиги мумкин. Йирик корхоналарда эса “ҳимоя ёстиқчаси” мавжуд. Шу боис баъзи компаниялар “яшил иқтисодиёт”га ўтишда қийналмайди. Жуда бўлмаса, маҳсулот ёки хизматлар турини диверсификациялаш ҳисобига эҳтимолли рискларни минималлаштириши мумкин.
“Яшил иқтисодиёт”га ўтишда асосий роль ўйнайдиган иқтисодиёт тармоқларини белгилаб олиш ҳам долзарб масала. Фикримча, дастлабки босқичда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларига инвестиция киритганимиз айни муддао. Бундан ташқари, машинасозлик, автомобилсозлик саноатидан ҳам катта самара кутса бўлади. Бир сўз билан айтганда, давлат қайси соҳани, қачон ва қандай қилиб “яшил иқтисодиёт”га ўтказишни ҳозирдан ҳал қилиб олиши зарур.
Яқин истиқболда “яшил тараққиёт”нинг интеллектуал кучи ҳисобланган малакали кадрлар етишмовчилиги муаммосига ҳам тўқнаш келамиз. Ўзбекистон олдида шундай мутахассисларни тайёрлаш вазифаси кўндаланг турибди. Бу ишга ҳозирдан киришмасак, келгусида хорижий давлатларга қарам бўлган ҳолда яна катта харажатга тушаверамиз.
“Яшил иқтисодиёт”га тезроқ ва нисбатан оғриқсиз ўтиш учун илм-фан ва инновацияларни жадал ривожлантириш зарур. Чунки бу турдаги иқтисодиёт авваламбор илм-фан ютуқлари ҳамда самарали инновацион ечимларга таянади. Биргина мисол, охирги ўн йилда дунё миқёсида қуёш энергиясидан фойдаланиш харажатлари 80 фоизга қисқарди. Мазкур тенденция давом этмоқда. Нега? Чунки олимлар, муҳандис ва технологлар мавжуд ускуналарни такомиллаштириш, янгиларини яратиш, таннархини тушириш бўйича тинмай изланяпти. Бундай тадқиқотларни Ўзбекистон ҳам олиб бормоғи даркор. Токи инновацион маҳсулотларни ҳадеб хориждан экспорт қилмай, ўзимизда ишлаб чиқарайлик.
— “Яшил тараққиёт” тамойилларини қўшниларимиз ҳам қўллаб-қувватлаши нечоғлиқ муҳим?
— Бу борада минтақавий бирдамликка эришилгани яхши, албатта. Шунда жараён тезлашади. Экологик мувозанатни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби масалалар Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун долзарб. Табиатда сиёсий чегаралар бўлмайди. Айтайлик, “яшил энергетика” тизими ёки атроф муҳитга зиён етказмайдиган ишлаб чиқариш қувватларини яратишдан нафақат Ўзбекистон, қўшнилар ҳам ютади. Шу нуқтаи назардан умумманфаатли стратегик режаларга таяниб, биргаликда ҳаракат қилганимиз маъқул. Бироқ “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ўтмаслик ҳар қайси республиканинг мустақил иши. Ўзбекистон ўз қарорини қабул қилиб бўлди. Энди соҳа ривожи учун ҳуқуқий ҳамда институционал пойдевор ҳозирлаб, локал лойиҳаларни амалга оширишга киришмоқ лозим. Бунга ўн, балки йигирма-ўттиз йил талаб қилинар. “Яшил иқтисодиёт”ни муваффақиятли жорий эта олган Скандинавия мамлакатлари тажрибасини ўргансак арзийди.
— Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон “P4G” йўналишидаги шерикликка қўшилишга тайёр эканини билдирди. Бу оддий фуқаролар учун нимани англатади?
— “Яшил ўсиш” ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик” (P4G) яқин йиллар ичида илгари сурилган йирик халқаро ташаббус ҳисобланади. Уни “яшил ривожланиш” йўлини танлаган мамлакат ва шаҳарларнинг ўзига хос клуби, дейиш ҳам мумкин. Ҳозир лойиҳанинг ўндан ортиқ аъзоси бор. Мазкур платформа доирасида иштирокчилар “яшил иқтисодиёт”га ўтишга ёрдам берадиган инновацион ечимлар яратиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилади.
“P4G” институционаллашган тузилма бўлиб, бир қатор нуфузли халқаро бирлашмалар, молиявий институтлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Унинг ёрдамида Ўзбекистон “Яшил иқтисодиёт” стратегияси”ни амалга ошириш учун зарур инвестицияларни жалб қилиши мумкин. Юқорида мен “яшил иқтисодиёт” аввало оддий халқнинг манфаатлари ва истиқболига хизмат қилишини таъкидладим. “P4G” йўналишидаги шерикликка қўшилишимиз пировард натижада ўзбекистонликлар турмуш тарзининг яхшиланиши, ҳаёт сифатининг ортиши, шаҳарларнинг яшаш учун қулайлашуви, минтақамизда экологик мувозанатнинг тикланиши ва бошқа кўплаб ижобий ўзгаришларга олиб келади.
— “Яшил ривожланиш” Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини ошира оладими?
— Биласизми, бугун бу ҳаракат бутун дунёда трендга айланган. Йирик компаниялар, трансмиллий корпорациялар ўз фаолиятида “яшил ривожланиш” тамойилларини татбиқ этяпти. Улар корпоратив имижини сақлаб қолиш учун атайин Барқарор ривожланиш мақсадларига содиқлигини намоён этмоқда. Ўз навбатида, “яшил ўсиш” йўлини танлаган мамлакатлар ҳам халқаро ташкилотлар ҳамда бизнес доираларнинг эътиборини тортмоқда. Ташқи кредитор ва инвесторлар ушбу давлатларга сармоя киритишни маъқул кўряпти. Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтаётгани дунё ҳамжамияти учун муҳим сигналдир. “Яшил тараққиёт” борасидаги мақсадлармиз рўёбига қаратилган муҳим сармоявий лойиҳаларни йирик донор ташкилотлар, хусусан, Ғарб компаниялари молиялаштириш истагини билдирса, ажаб эмас.
— “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш ички бозор конъюнктурасига қанчалик таъсир кўрсатади? Унда янги ўйин қоидалари ва ўйинчилар пайдо бўлиши мумкинми?
— Бозор конъюктураси кескин ўзгаради, деб ўйламайман. Лекин янги маҳсулот ва хизмат турлари, янги бозорларнинг пайдо бўлиши аниқ. Бу иқтисодиётда “яшил” тармоқлар юзага келиши билан боғлиқ. Бундай ўзгаришлар анъанавий бозор конъюктурасига мослашган тадбиркорлар учун оғриқсиз кечмайди, албатта. Айрим соҳаларда ишлаб чиқариш қувватлари қисқариши мумкин. Сабаби корхоналарнинг барчаси ҳам “яшил ўсиш” тамойилларини қабул қилишга тайёр эмас. Юқорида айтганимдек, ўтиш даврида давлат тадбиркорлик субъектлари, айниқса, кичик бизнесга ёрдам қўлини чўзиши, янги ўйин қоидаларига мослашишга ёрдам берадиган қўшимча молиявий инструментларни ишга солиши муҳим.