Сурат манбаси: leftvoice.org
Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти
Хитой сўнгги 35 йил ичида бозор иқтисодиётига йўналтирилган ислоҳотлар ҳамда ташқи дунёга очиқлик сиёсати сабаб, мисли кўрилмаган ўсиш ва ривожланишга эришди. Ушбу даврда 10 фоиздан кам бўлмаган ўртача йиллик ўсишни қайд этган Хитой иқтисоди 2012 йил охирига келиб, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми бўйича АҚШдан кейинги иккинчи йирик иқтисодиётга айланди. 1980 йилда ЯИМ аҳоли жон бошига 205 долларни ташкил этган бўлса, 2012 йилга келиб, у 6075 долларга етди. Шунингдек, Хитой очиқлик сиёсати натижасида жаҳондаги энг йирик экспортчи сифатида йирик экспорт ҳажми туфайли 3,3 триллион долларлик валюта захирасини тўплаб, дунёда биринчи ўринни эгаллади.
Бу иқтисодий ўсиш рақамлари ижтимоий ҳаётда юз миллионлаб инсонларни қашшоқлик асоратидан қутқариш мисолида ўз аксини топди. Бугунги Хитой бутун жаҳонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан эмас, юқори технологиялари билан танилиб улгурган. Гапнинг сирасини айтганда, мамлакатдаги тез ва узоқ муддатли иқтисодий ўсиш, глобал савдо улуши кенгайиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг рекорд даражаси сабабли Хитойни нафақат иқтисодий мўъжиза, балки қудратли давлат дея таърифласак адашмаймиз. Аммо, ҳайратланарли ушбу иқтисодий мўъжиза замирида, аслида, нималар ётгани кўпчилик учун ҳали-ҳамон мавҳум. Бундан, албатта, Хитойнинг марказлашган режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиёти сари ташлаган сирли қадами ва у олиб келган бугунги бошқарув тизими нималарга асосланган, деган ўринли савол туғилади.
Иқтисодий ислоҳотлар
1978 йилда бошланган буйруқбозлик иқтисодиётидан аралаш иқтисодиётга ўтиш ислоҳоти замирида Мао Цзедундан қолган қолоқ иқтисодий мерос мужассам. Маонинг 1958 йилдан 1960 йилгача давом этган Буюк Сакраш иқтисодий сиёсати Хитой иқтисодини вайрон қилиб, қишлоқ хўжалигини ўта бюрократиялаштирган бўлса, унинг 1966-1976 йиллардаги Маданий Инқилоби ижтимоий ҳаётни парчалаб ташлади. Қўшни Тайван, Жанубий Корея ва Япония ривожланган давлатлар қаторидан жой олар экан, Хитой ишлаб чиқаришдаги давлат монополияси, қишлоқ хўжалигидаги марказлашув ҳамда коллективлаштириш натижасидаги турғунлик асоратидан азият чекарди. Иқтисодий ривожланишдаги муқобил идеология, Марксизм-Ленинизм-Маоизм шубҳа остида қолиши билан янги лидер – Ден Сяопинг инқилобий ғояни илгари суриб, сиёсий майдонга чиқди; мушукнинг рангидан кўра, унинг сичқон овлаш қобилияти кўпроқ аҳамиятга эга. Деннинг прагматик ғоясига асосланган Хитой иқтисодини структурал тарзда ислоҳ қилиш режаси босқичма-босқич тарзда қишлоқ хўжалиги, ташқи савдо ва саноат соҳаларини қамраб олди.
Қишлоқ хўжалигидаги коллективлаштиришдан воз кечиш ва бозор муносабатларига ўтиш ислоҳоти ҳар бир оилага ер ажратилишини, ишлаб чиқаришдаги эркинликни таъминлади. Икки томонлама нархлаш (давлат ва бозор) сиёсати эса фермерларга мажбурий давлат харидларидан ортган маҳсулотларни бозор нархида сотиш имконини берди. Ҳар бир фермернинг ердан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш эркинлиги ва бозор нархида фойда олиш имконияти фойданинг маълум қисмини технологияларга инвестиция йўналтирган ҳолда самарадорликни оширишга олиб келди. Қишлоқ хўжалигидаги мўл-кўллик енгил саноат учун арзон озиқ-овқат ҳамда хом ашёни кўпайтириб, шаҳарларда ўзгаришлар рўй бериши учун қулай шароит яратди. Қишлоқ хўжалигидаги муваффақият, кейинги ислоҳотлар учун катализатор вазифасини ўтади.
Даставвал, норасмий иқтисод қонунлаштирилди ва хусусий кичик ҳамда жамоавий бизнес билан шуғулланувчилар сони миллионларга ошди. Икки томонлама нархлаш сиёсатининг янги турдаги мулк шакллари, яъни қишлоқ ва шаҳар коллектив корхоналари учун ҳам қўлланиши, бундай корхоналар раҳбариятини молиявий рағбатлантирди. Ишлаб чиқариш сиёсатида де-факто мустақилликка эришган бу корхоналар давлат корхоналаридан фарқли ўлароқ, фойдани ўзида сақлаб қолиши мумкин бўлди. Натижада, 1978 ва 1988 йиллар давомида нодавлат фирмаларнинг саноатдаги умумий ишлаб чиқариш бўйича қиймати 22 фоиздан 43 фоизга ошди. Ишлаб чиқаришдаги эркинлик, ўз навбатида, савдо ва инвестиция жалб қилиш борасида ҳам намоён бўла бошлади. Инвестиция жалб қилиш учун соҳилбўйи шаҳарларида эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этилиб, ташқи ишлар вазирлигининг ташқи савдо ва инвестиция борасидаги монополияси тугатилди. Эркинлик ва очиқлик сиёсати туфайли экспорт қиймати 1978-1989 йилларда 9.7 миллиард доллардан 52.5 миллиард долларга ўсди, савдо ҳажми ошди. Халқаро савдо, хусусий сармоялар улуши ўсиб, давлат сектори улуши нисбий равишда қисқарса-да, Коммунист партия иқтисодни бошқаришда қатъийликни сақлаб қолди. Иқтисодий қайта қуриш ва диверсификация бир қатор саноат сиёсати орқали илгари сурилди. Хорижий инвесторлардан маҳаллий фирмалар билан қўшма корхоналар тузиш ва маҳаллий манбалардан фойдаланишни кўпайтириш талаб қилинди. Валюта курси ва халқаро молиявий оқимлар аксарият ҳолларда назорат остида қолди.
Ислоҳотларнинг сиёсий томони
Буйруқбозликка асосланган иқтисоддан бозор муносабатларига ўтишдаги Хитойнинг босқичма-босқич ўтиш модели муваффақияти ўз-ўзидан Собиқ Иттифоқдан ажралган Россияда қўлланган шок терапияси ислоҳотлари келтирган аламли натижани ёдга солади. Нега Горбачёв даврида бошланган ислоҳотлар Россияни иқтисодий қолоқлик ва сиёсий парокандаликка, Ден даврида бошланган ислоҳотлар эса иқтисодий тараққиётга етаклади? Бу жумбоқ соҳа олимларини йиллар давомида ўйлантирди. Юқорида келтирилган мисоллар орқали умумлаштириб, кўпчилик Хитойнинг иқтисодий ўсишига сабаб сифатида турли омилларни санайди: юқори даражадаги прагматизм, босқичма-босқич ва барқарор ислоҳотлар, давомий янгиланиш натижасида вужудга келган янги иқтисодий структуралар ҳамда юқори ҳажмдаги омонатлар ва инвестиция. Аммо, шуни унутмаслик керакки, буйруқбозликка асосланган тизимни ислоҳ қилишдаги фундаментал, бироқ оғриқли масала иқтисодий даҳолик ёки қоидалар эмас, балки уларни қўллашдаги сиёсий мантиқ билан чамбарчас боғлиқ. Бунинг асосий сабаби, тизимдаги янги ислоҳотлар уларни амалга ошириши керак бўлган бюрократиянинг манфаатига тамоман тескари эканлигидадир. Бошқача айтганда, Коммунист партия бюрократлари ислоҳотлардан зарар кўришни ўйлаб, унга тиш-тирноқлари билан қарши чиқишади.
Хитойдаги бу таранг вазиятни яхши англаган Ден иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун икки сиёсий усулни қўллади: иқтисодий очиқлик ва ислоҳотлардан манфаатдор бўлган маҳаллий раҳбарлардан иборат мустаҳкам коалиция ташкил қилиш ҳамда ислоҳотлардан зарар кўрадиган, сиёсий кучга эга бюрократларни кучсизлантириш, уларда очиқликка мойиллик уйғотиш. Аммо, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун партияни кучсизлантириб, сиёсий таваккалчиликка йўл қўйган Горбачёвдан фарқли равишда Ден Коммунист партиянинг мамлакатдаги сиёсий монополиясига чек қўйишга асло уринмаган. Бюрократларга очиқдан-очиқ уруш эълон қилиш ўрнига Ден аксарият ўзгаришлар жараёнида уларни четлаб ўтишни афзал билган. Ўзгаришлар бюрократларнинг манфаатига тўғридан-тўғри зид келадиган ҳолатларда Ден ислоҳотлар жараёнига махсус келишув билан ёндашиб, босқичма-босқич тарзда, бюрократларнинг манфаатларини йўққа чиқармай, уларга янги имкониятлар бериш орқали ечим топди. Натижада, йиллар давомида ислоҳотлар олиб келган моддий ўзгаришлардан манфаатдор бўлган сиёсий гуруҳлар ўзгаришларни ортга қайтмас даражада ҳимоя қиладиган бўлди. Бу эса мамлакатдаги иқтисодий ўйин қоидаларини буткул ўзгартирди: Хитой буйруқбозликдан янги иқтисодий тузумга ўтиб бўлган эди.
Коллектив бошқарув ва бозор авторитаризми: Хитойнинг бугунги сиёсий-иқтисодий тузуми
Деннинг очиқлик сиёсати, албатта, Хитойнинг иқтисодий ўсишида катта роль ўйнаган бўлиши мумкин, аммо кейинги раҳбарлар даврида ҳам мамлакатдаги иқтисодий ўсиш давомийлигини қандай тушуниш керак? Хитойнинг бугунги кунга қадар давом этаётган иқтисодий тараққиёти замирида кучда қолиш учун ўзини давомий янгилаб турувчи янги сиёсий-иқтисодий тузум ётибди, десак муболаға бўлмайди. Бу тузумнинг мантиғи икки муҳим тамойилга асосланган: сиёсий куч ҳамда қарор қабул қилишда демократик элемент ва коллектив бошқарув аралашмасига асосланган партия авторитаризми, давлат аралашуви ва эркин бозор принциплари аралашмасидан ташкил топган бозор авторитаризми. Бугунгача давом этаётган бу тузумнинг негизида Деннинг бюрократив бошқарувни ҳисобдорлик, рақобат ва кучга тўсиқлар ўрнатиш каби демократик омиллар билан бойитгани ётади. Мазкур ўзгаришларнинг энг аҳамиятлиси, бюрократик бошқарувда якка ҳукмронликдан воз кечилиб, коллектив бошқарувга ўтилиши ва юқори партия элита қатлами учун муддат чекловлари ҳамда мажбурий пенсия ёши жорий этилиши бўлди. Бошқарувдаги бу ўзгаришлар бошқа давлатлардагидек сиёсий кўриниш касб этмаса-да, улар вақт ўтиб, ноёб гибрид сиёсий институтни ҳосил қилди: демократик хусусиятларга эга партия автократияси. Давлат бошқаруви тизимидаги эски қоида, яъни идеология асосидаги тайинловларнинг моддий рағбатлантириш томон ўтиши занглаб ётган коммунистик бюрократияни ўта мослашувчан капиталистик машина ва ривожланиш агентига айлантирди.
Хитойда шаклланган тузумнинг иккинчи тамойили сиёсий кучга бўйсундирилган янги иқтисодий мантиқ бозор авторитаризмига асосланади. Бозор авторитаризмининг асосий хусусиятларидан бири – бу бир томондан капиталистик иқтисодиёт ҳамда бозор эркинликларининг мавжудлиги бўлса, бошқа томондан демократик эркинлик ва ҳуқуқларнинг чегараланишидир. Сиёсий кучда қолиш учун иқтисодий ривожланишни асосий мақсад қилган бу модел стратегик соҳаларда юқори давлат аралашувини, давлат корхоналарини, вақти-вақти билан бозор кучларини тийиб туриш ва баъзида тадрижий ислоҳотлар қилиб, сиёсий аҳамиятга эга бўлмаган соҳаларда бозор эркинликларини чегарамаслик, хусусий мулкчилик ва компанияларни қўллаб- қувватлашни ўз ичига олади. Албатта, бир қарашда бундай капиталист иқтисодда хусусий мулкка нисбатан тажовуз, корхоналарни миллийлаштириш ва давлат мансабидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш каби салбий иллатлар урчиши табиий. Аммо, бюрократиянинг ислоҳ қилиниб, моддий рағбатлантирилиши ҳамда баъзи демократик принципларни ўзида жамлаган коллектив бошқарув Хитойда юмшоқ бозор авторитаризми шаклланишига олиб келган. Баъзи олимлар даъво қилганидек, юқори ўсиш кўрсаткичлари Хитой моделининг мустаҳкам ва барқарор эканлигини англатмайди. Хитой моделининг ишлашига юқоридаги сабаблардан ташқари, ушбу давлат иқтисодининг ўзига хослиги (аҳоли сони, иқтисодий секторларнинг тўйинмаганлиги ва юқори инвестиция)ни ва бу модел натижасида пайдо бўлган, ҳалигача ечимини топмай, портлашга тайёр турган иқтисодий муаммолар (юқори қарз, соҳилбўйи ва ички шаҳарлардаги ривожланиш тафовути, иқтисодий ўсиш пасайиши, атроф-муҳит ифлосланиши)ни-да, унутмаслик керак. Ва нима бўлганда ҳам, иқтисодий тараққиёт ҳамиша бир текис давом этавермаслигини тарих аллақачон исботлаган.