Фото: PANG XINGLEI/XINHUA VIA AP
Хитойлик таниқли эксперт Чжан Нин Хитойнинг кенг қамровли “Макон ва йўл” ташаббусини амалга оширишга пандемиянинг таъсири ҳақида ёзади (张宁:新冠肺炎疫情对中亚 “一带一路”合作影响) [1]. Хитой ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти эксперти мақоласи Хитойнинг эпидемияга ва унинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсирига оид нуқтаи назарини баён қилиниши билан қизиқарлидир. Чжан Нин Марказий Осиё мамлакатларида коронавирус оқибатларига қарши кураш бўйича кўрилаётган чораларни ҳам таҳлил қилиб, Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари муносабатларидаги муаммолар, уларнинг истиқболига назар солади, шунингдек, Россия билан АҚШнинг Марказий Осиёдаги сиёсатига баҳо беради.
Муаллиф фикрича, 2020 йил бошида янги коронавирус пневмонияси – зотилжамининг қўққисдан тарқалиб кетиши “Макон ва йўл” ташаббуси учун муаммолар баробарида имкониятлар ҳам яратди. Эпидемия мамлакатларни чегара ва халқаро портларини ёпишга мажбур қилди, шу билан бирга, уларни барқарорликни мустаҳкамлаш устида бош қотиришга, тараққиёт стратегияларига тузатишлар киритишга, товарларни етказиб бериш занжирини оптималлаштиришга – мақбуллаштиришга ва саноат потенциалини яхшилашга ундади.
Пандемия Хитой билан Марказий Осиё республикалари ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми камайишига, ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича айрим лойиҳаларни амалга ошириш кечикиб кетишига олиб келди. Бироқ шу даврда “Саломатлик Ипак йўли” (健康丝绸之路) ва “Рақамли Ипак йўли” (数字丝绸之路) деб номланган ташаббуслар йўлга қўйилди. “Макон ва йўл” минтақавий ижтимоий маҳсулот сифатида Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари муносабатларига тобора чуқурроқ таъсир кўрсатмоқда. Алал-оқибат эпидемия “Макон ва йўл” ташаббусини заифлаштирмади, аксинча, аҳамиятини оширди.
Марказий Осиёдаги эпидемиологик вазият
Эксперт коронавируснинг кенг тарқалиб кетиши ҳақида сўз юритар экан, коронавирус эпидемияси Марказий Осиё мамлакатларига Хитойдан эмас, асосан, Европа ва Яқин Шарқдан кириб келганига урғу беради. Ушбу мамлакатлардаги эпидемиянинг асосий сабаби у январда Хитойдан тарқалгандан сўнг Марказий Осиё республикалари ҳукуматлари асосий эътиборни вируснинг Хитойдан кириб келишини олдини олишга (Хитой билан чегара ва ҳаво қатновини ёпишга) эътибор қаратган ҳолда, бошқа йўналишларга қолганда, ҳушёр турмади. Оқибатда, деб ёзади муаллиф, вирус Қозоғистонга Германиядан, Ўзбекистонга Франциядан, Қирғизистонга Саудия Арабистонидан олиб кирилди. Тожикистонда илк ушбу касалга чалинганлик ҳолати фақат 30 апрелда қайд этилди. Тожикистон Хитой билан чегарасини 2020 йил 2 мартда ёпгани ҳисобга олинса, вирус ушбу мамлакатга ҳам Хитойдан кириб бормагани маълум бўлади.
Эксперт ёзишича, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларининг эпидемия салбий таъсирини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларига қарамай, коронавирус ҳали-ҳамон минтақа давлатлари ривожланишига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Биринчидан, иқтисодиёт оғир пасайишни бошидан кечирди, ўсиш эса билинар-билинмас бўлди – бу Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликни қўлган киритгандан бери юз берган энг оғир иқтисодий инқироздир. Айни чоқда башоратлар ҳам қувонарли эмас. 2021 йилда вазият яхшиланган тақдирда ҳам ўсиш суръатлари унчалик юқори бўлмайди, иқтисодиётнинг тикланиши эса барибир кўпроқ вақт талаб қилади. Гарчи Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари бизнес амалиётларини оптималлаштириш учун имтиёзли ёрдам ва бошқа инқирозга қарши кураш чораларини жорий этган бўлса-да, ҳамон камайиб бораётган талаб, ишлаб чиқариш занжирлари узилиши, инвестициялар камайиши, харажатлар юқорилигига қарши туриши, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари фаровонлигини таъминлаши қийин бўляпти. Кичик ва ўрта корхоналар, чакана савдо, авиация, нефть ва газ саноати, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалар энг кўп зарар кўрмоқда. Бозордаги ўзгаришлар бир-икки соҳа ва компания (электрон тижорат, фармацевтика сингари) ошиғини олчи қилган бўлса-да, компания ва молиявий муассасаларнинг аксарияти мушкулотларга дуч келди. Одамларнинг реал даромадлари камайиб кетди.
Иккинчидан, хавфсизлик билан боғлиқ хатарлар ортиб бормоқда. Пандемиия даврида терроризм ва экстремизм таҳдидлари камайиш ўрнига кучайди, кибермаконда тез-тез хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар вужудга кела бошлади. Вазиятдан фойдаланиб қолишга уринаётган турли экстремистик кучлар радикал ғоялар, ёлғон ахборот тарқатиш йўли билан мамлакатларда бошбошдоқлик ва чалкашликларни келтириб чиқармоқда.
Учинчидан, пандемия Марказий Осиёдаги сиёсий вазиятга қаттиқ таъсир кўрсатди. Агар Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистондаги вазият нисбатан барқарор бўлса, Қозоғистон ва Қирғизистонда ўзгаришлар пишиб етилмоқда. Масалан, Қозоғистонда ҳукмрон табақалар ўртасидаги яширин кураш қизигандан қизимоқда. Қозоғистоннинг “икки бошли сиёсати” (双头政治) ушбу мамлакат аъёнлари Тўқаевни ўткинчи арбоб деб ҳисоблашига сабаб бўлди. У биринчи президент Назарбоевнинг ҳақиқий вориси бўлиши ёки бўлмаслиги ҳамон очиқ қолмоқда. Лекин ушбу республикадаги турли сиёсий гуруҳларнинг кураш ва рақобати давом этаётгани аниқ.
Қирғизистонда 2020 йил октябрида бўлиб ўтган парламент сайлови кенг миқёсли тартибсизликларга сабаб бўлди. Норозилик намойишига чиққанлар ҳукуматни ағдариб ташлади. Президент Жээнбеков истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Бу эски ва янги президентлар ўртасида 2018 йилда бошланган курашнинг давомигина бўлиб қолмасдан, Қирғизистон ҳукуматининг эпидемияга қарши кураш вақтида кўрган, аммо самара бермаган чораларига қарши оммавий норозилик ҳам эди.
Тўртинчидан, АҚШ билан Россиянинг минтақага босими кучайди. Марказий Осиё мамлакатлари ҳамон мувозанатланган сиёсат юритиб, Хитой, Россия, АҚШ каби йирик давлатлар ва Европа Иттифоқи билан муносабатларни давом эттирмоқда. Бироқ пандемия даврида ушбу муносабатлар ўзгаришларга юз тутаётир. Масалан, Россиядан дори-дармон ва тиббий жиҳозлар етказиб бериш, шунингдек, у ердаги меҳнат миграциясини тартиб солиш борасида ушбу мамлакатга қарамлик кучайди. Муаллиф таъкидлашича, ушбу масалалар Тожикистон билан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши муҳокамаси фаоллашувига туртки берган.
Марказий Осиё мамлакатлари дастлаб АҚШга нисбатан дўстона кайфиятда бўлиб, “C5+1” форматидаги учрашувларда фаол қатнашаётган эди. Бироқ 2020 йил февралида Қўшма Штатлар “Марказий Осиё бўйича стратегия”нинг янги версиясини ишга туширди. Муаллиф ёзишича, унинг мақсади Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой билан ҳам, Россия билан ҳам муносабатларига рахна солишга қаратилган. Бундай вазиятда минтақа давлатлари сергаклик кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Беларусдаги президент сайлови вақтида АҚШ ва Европа мамлакатлари “рангли инқилоб” технологияларини қўллашга урингани ҳам Марказий Осиё мамлакатларига Ғарбда мавжуд таҳдидни кўриш имконини берди.
“Макон ва йўл” ташаббуси Марказий Осиёда
“Хитойнинг 2019 йилги бевосита ташқи инвестициялари ҳақидаги статистик маълумотлар бюллетени”га кўра, расмий Пекин 2013 йилдан 2019 йилга қадар “Макон ва йўл” бўйида жойлашган мамлакатларга 117,2 миллард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган. Муаллиф инвестиция бўйича статистика маълумотларини келтирар экан, пандемия муайян маънода Хитойнинг минтақа мамлакатлари учун аҳамиятини тушуниб олиш имконини берганини таъкидлайди. Экспертга кўра, эпидемия даврида Хитой билан алоқаларни узишнинг номақбул оқибатлари Марказий Осиё мамлакатларини томонлар ўртасидаги муносабатлар аҳамиятини теранроқ англашга мажбур қилди, уларнинг Хитойга нисбатан сиёсати ҳаққоний ва оқилона бўла борди.
Шу билан бирга, муаллиф Марказий Осиёда “Макон ва йўл” ташаббусини амалга ошириш ва олға суришда бир қанча қийинчиликлар бўлганини ҳам алоҳида кўрсатиб ўтади.
Биринчидан, савдо-сотиқ ҳажми камайди. Хитой божхонаси статистикасига кўра, Хитой билан Марказий Осиёнинг 4 та мамлакати (Туркманистонни истисно қилганда) ўртасидаги икки томонлама савдо-сотиқ ҳажми 2020 йилнинг биринчи ярмида, бор-йўғи, 13,78 миллиард АҚШ доллари бўлган ва бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 27,3 фоиз камдир. Шундан Марказий Осиё мамлакатларидан қилинган импорт 6,16 миллиард долларни ташкил этган ва бу ўтган йилгидан 9 фоиз кам, Марказий Осиёга экспорт эса 7,616 миллиард доллар бўлган ва бу бир олдингидан 29 фоиз камдир. Умуман олганда, импортнинг қисқариши нисбатан кам бўлди, бунинг асосий сабаби нефть ва табиий газ сингари хом ашё товарлари қувурлар орқали узатилган ва чегаралар ёпилгани уларга дахл қилмаганидир. Экспорт миқдорининг анча-мунча қисқарганига эса, асосан, портларнинг ёпилгани ва Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой товарларига талаби пасайгани сабаб бўлди.
Иккинчидан, ҳамкорликни кенгайтиришнинг мавжуд потенциалидан тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ. Шу билан бирга, Хитой билан ҳамкорлик кенгайишига “Хитой таҳдиди назарияси” (中国威胁论) деб аталган қараш тарқалиши тўсқинлик қилмоқда. Муаллиф таъкидлашича, айрим минтақаларда “Хитой таҳдиди назарияси” кенг тарқалмоқда ва ҳақиқатдан бехабар айрим кишилар Хитой лойиҳаларига қарши чиқмоқда. Айни ҳол айрим Хитой компанияларининг чет элларда инвестиция киритишда эҳтиёткорлик билан йўл тутишга мажбур этмоқда, инвестициялар миқёси ва суръати, айниқса, Қирғизистон ва Қозоғистонда анча-мунча сустлашиб қолди.
Муаллиф фикрича, “Хитой таҳдиди назарияси” оммалашиб кетишига кўп жиҳатдан АҚШнинг аниқ мақсадни кўзлаб юритаётган сиёсати сабаб бўлмоқда. Вашингтон “Макон ва йўл” ташаббуси ҳақида қарз қопқони деган ёлғон гапни атай тарқатмоқда, шунингдек, “Шинжондаги қайта тарбиялаш жамлоқлари” (新疆再教育营) ҳақидаги узунқулоқ гапларни қўллаб-қувватлаяпти. Бундай хатти-ҳаракатлар Хитой билан ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатаётир. Хусусан, 2020 йил февралида Қирғизистондаги Норин саноат ва савдо логистика маркази қурилиши лойиҳасига Хитойнинг савдо компанияси 280 миллион долларлик инвестиция киритиши режалаштирилаётган эди. Бироқ маҳаллий аҳоли қаршилиги сабаб ушбу битим барбод бўлди ва оқибатда компания ёпилди.
Муайян қийинчиликларга қарамай, муаллиф фикрича, “Макон ва йўл” ташаббуси ривожланмоқда.
Биринчидан, ҳамкорлик борасида консенсус – ўзаро ён берган ҳолда келишув теранлашиб бормоқда, “Инсониятнинг тақдири ягона ҳамжамиятлари” (人类命运共同体理念) концепцияси борган сари кўпроқ эътироф этилмоқда.
Иккинчидан, эпидемия фақат Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқот усулларини ўзгартирди, бироқ алоқаларни заифлаштиргани йўқ. Икки томонлама форматда ҳукуматлараро алмашув механизмларидан фаол фойдаланилмоқда. Кўп томонлама мулоқот қилиш учун ШҲТ доирасидаги учрашувлардан ташқари, Хитой билан Марказий Осиё 5 та мамлакати ташқи ишлар вазирларининг “С+С5” форматидаги учрашувлари механизми яратилди. Шу тариқа Марказий Осиё мамлакатлари билан Хитой мутлақо мустақил форматни йўлга қўйди.
Учинчидан, “Хитой – Европа” йўналишида қатнаётган поездлар стратегик каналлар вазифасини ўтамоқда. Хитой миллий темирйўл гуруҳи маълумотига кўра, 2020 йил биринчи ярмида Хитой билан Европа ўртасида 5122 та поезд қатнаган ва бу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 36 фоиз кўп бўлган. Экспресс поездларнинг ярмига яқини (бу 2381 та поезд дегани ва ўтган йилга нисбатан 49 фоиз кўп) Қозоғистондаги 2 та порт: Алашанкоу ва Қўрғас орқали ўтади. 2020 йил биринчи ярмида ушбу 2 та портдаги юк айланмаси 10 миллион тоннага етган ва бу 2019 йилнинг айни даврига нисбатан 30,2 фоиз кўп бўлган. Денгизбўйи мамлакатлари портларини ёпаётган пайтда контейнерли интермодал юк ташишнинг ерусти йўли “Хитой – Марказий Осиё – Европа” маршрути бўйлаб халқаро юк ташишнинг “қутқарув камари”га айланди.
Тўртинчидан, Хитой Марказий Осиё мамлакатлари қарзини камайтириши ёки ундан кечиш ташаббусини илгари сурди. G20 гуруҳининг энг қашшоқ мамлакатлар қарзни қайтаришини тўхтатиб туришга оид ташаббусини амалга ошириш мақсадида Хитой дунёнинг 77 та ривожланаётган мамлакати ва минтақаси, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари қарзларини қайтаришини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилганини билдирди. Статистика маълумотларига кўра, 2019 йил охирида Хитойнинг Марказий Осиёдаги давлат кредити қолдиғи 24 миллиард доллар бўлган, жумладан, Қозоғистон – 11 миллиард доллар, Ўзбекистон – 3,006 миллиард доллар, Қирғизистон – 1,795 миллиард доллар, Тожикистон 1,525 миллиард доллар ва Туркманистон – 6,7 миллиард доллар.
Бешинчидан, “Рақамли Ипак йўли” ташаббусининг тез ривожланиши минтақа мамлакатларига иқтисодиётини ўзгартириш имконини берди. Эпидемияга қадар Марказий Осиё мамлакатлари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегияларини белгилаб олган эди, эпидемия эса уларни амалга оширишни тезлаштирди. Хитойнинг янги интернет технологиялари билан ҳамкорлик жадаллашиб бормоқда.
Олтинчидан, “Саломатликнинг Ипак йўли” ташаббуси амалга оширила бошлади.
Еттинчидан, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий ривожланишидаги роли ва таъсири ошиб бораётир. Марказий Осиё мамлакатлари Хитой энг мақбул шерик эканини жуда яхши тушунади. Минтақа республикалари наздида Россия хавфсизлик (ички хавфсизлик ва режим хавфсизлиги) борасида энг муҳим шерик ва таянчдир. Бироқ Россиянинг иқтисодий ва инвестицион имкониятлари нисбатан заиф ва у Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиш билан боғлиқ эҳтиёжларини қоплаши жуда оғир. Гарчи Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқининг халқаро таъсири катта бўлса-да, улар Марказий Осиёдан жуда узоқда жойлашган. Бундан ташқари, улар ҳар доим Марказий Осиё мамлакатларидаги режимлар хавфсизлигига таҳдид қиладиган мухолифатни дастаклашга ҳаракат қилади. Хитой – ён қўшни, унинг маблағи ҳам, бозорлари ҳам бор, ҳеч қачон бировнинг ички ишларига аралашмайди ва иқтисодий ҳамкорликни тенглик асосида ривожлантириши мумкин.
Истиқболлар
Гарчи коронавирус қайсидир маънода “Макон ва йўл” ташаббусини ривожлантиришга тўсқинлик қилган бўлса-да, сифат жиҳатдан ўсиш учун мислсиз имкониятлар ҳам очаётир. Шундай қилиб, муаллиф қайдича, пандемия Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликнинг энг биринчи вазифаси маршрут бўйида жойлашган мамлакатлар барқарорлигини ошириш ва улар омон қолишини таъминлаш эканини кўрсатиб берди.
Муаллиф пандемия оқибатлари, Хитой билан АҚШ ўртасидаги рақобат кескинлашуви, минтақадаги вазият танглигининг ортиб бориши ва ижтимоий норозилик кучайиши сингари ички ва ташқи омиллар таъсирида Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги ривожланиши жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бундай шароитда айнан “Макон ва йўл” ташаббуси Марказий Осиё мамлакатлариниг хатарларга нисбатан барқарорлигини мустаҳкамлаш ва ташқи қарамлигини камайишига ёрдам бериши мумкин.
Муаллиф фикрича, бунинг учун “Макон ва йўл” ташаббуси лойиҳаларини амалга оширишга бўлган ёндашувларни бироз ўзгартириш даркор, чунки улкан лойиҳаларнинг йирик иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари бўлиши муқаррар. Улар кучли сиёсий дастаклашга ва юксак даражадаги хавфсизликка эга бўлади. Йирик компаниялар етарли сармояси, техник имкониятлари бўлгани учун турли хатарларга чидамлидир. Шунинг учун йирик лойиҳалар “Макон ва йўл” ташаббусининг дастлабки босқичида кучли даражадаги етакчи ва имкониятларни намойиш этувчи ролини ўйнайди. Бироқ маблағ миқдори кўплиги ва бозорда катта улушга эга бўлгани сабабли йирик лойиҳалар ҳокимиятнинг маҳаллий даражадаги сиёсий ва иқтисодий тузилмасига, фойдани тақсимлаш жараёнига муайян даражада таъсир кўрсатади. Натижада бундай компаниялар тез-тез ҳам мамлакатдаги ички мухолифат, ҳам лойиҳа рақобатчилари ҳужумларига дучор бўлади ва ҳатто сиёсий курашни авж олдиради. Шунга кўра, айни босқичда кўпроқ маҳаллийлашган ва ранг-баранглашган бозорларни ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун кичик ва ўрта корхоналар ташкил этишга кўпроқ эътибор қаратиш керак бўлади.
Шу билан бирга, “Макон ва йўл” ташаббуси лойиҳалари бундан кейин ҳам сифат жиҳатидан ривожланиб боришига ёрдам бериш учун уларни амалга ошириш механизмларини доимий тарзда такомиллаштириб бориш зарур бўлади. Амалиёт кўрсатишича, “Макон ва йўл” ташаббуси доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш фақат ҳукумат кўмаги ва тегишли давлат идоралари билан бирга режа ишлаб чиқишга таяниб қолмаслиги керак. Сунъий дастаклаш кўпинча тескари самара беради. Таклиф этилаётган лойиҳалар бунинг ўрнига биринчи навбатда бозор талабларига жавоб бериши лозим. Бунинг учун, дейди муаллиф, маршрут бўйида жойлашган мамлакатларнинг марказий вазирликлари ва комиссиялари билан келишувга қўшимча равишда маҳаллий ҳокимият идоралари, соҳа уюшмалари, жамоат ташкилотлари, турли сиёсий партиялар ва таҳлил марказлари билан фикр алмашиш ва улар иштирокида муҳокамалар ўтказиш керак бўлади.