«ПостСоветистон» лойиҳасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида тақдим этилади.
“КОВИДдан сўнг” деб номланган 1-мавсумнинг 3-эпизоди пандемия даврида Марказий Осиё давлатларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда қабул қилинган чора-тадбирлар ва уларнинг самаралилиги муҳокама қилинади.
Қуйида ушбу подкастнинг ўзбек тилига таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Бошловчи Дониёр Мўлдакан:
– Коронавирус инқирози Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ва оддий кишилар чўнтагида шамол ўйната бошлади. Чегаралар, бозорлар, савдо марказлари ёки гўзаллик салонлари ёпилгач, кўплаб кичик тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган кишилар, мигрантлар, хизмат ва савдо соҳаси ходимлари талаб йўқлиги, иш ўринлари қисқариши ва даромаднинг кескин тушиб кетиши муаммоларига дуч келди. Бундай манзарани бутун дунёда кузатиш мумкин. Кўплаб ҳукуматлар иқтисодиётга ёрдам беришга қарор қилиб, бюджетни очиб юборди – баъзи жойларда пул юқоридан пастга қараб, равон оқиб тушишини мўлжаллаб, йирик корхоналарга ёрдам кўрсатилди. Баъзи жойларда пул пастдан юқорига қараб силлиқ кўтарилиб боришига умид боғланиб, оддий истеъмолчиларни қўллаб-қувватлашга қарор қилинди. Қозоғистонлик, қирғизистонлик ва ўзбекистонлик иқтисодчилар Сергей Домнин, Роман Могилевский ва Жавлон Жўраев шу ҳақда фикр юритади.
Прогнозларга кўра, Ўзбекистон жорий йилда ЯИМнинг ижобий ўсишини сақлаб қолади. Бунга қисман иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги ва қайта ишловчи саноатга таянадиган тузилмаси ёрдам берди. Иккала тармоқ ҳам унчалик кўп зарар кўргани йўқ, чунки коронавирус инқирози, аввало, талаб билан боғлиқ инқироздир. Яна қисман экспорт товари бўлмиш олтин нархининг рекорд даражада ўсиши ва Ш. Мирзиёев ҳукумати мустақил равишда жалб қилаётган инвестициялар ва чет эллик инвестицияларнинг олиб кирилаётгани ҳам сабаб бўлди. Бироқ бу мамлакатда ҳам, айниқса, хизматлар соҳаси, энг асосийси, энг қаддини тиклаб ола бошлаган туризм тўхтаб қолди.
Жавлон Жўраев – иқтисодчи, Тошкентдаги Westminster халқаро университети ўқитувчиси:
– Мен 1 фоиз атрофида ўсиш бўлишидай прогнозга ишонаман, чунки давлат йирик корхоналарни қўллаб-қувватлади. Энг ёрқин мисол Uzbekistan Airways авиакомпаниясига ажратилган субсидиялардир. Бутун пандемия давомида Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши тўхтагани йўқ. Кўплаб қурилиш объектларида иш тўхтамаганини ўз кўзимиз билан кўрдик.
Дониёр Мўлдакан:
– Иқтисодиётнинг қайси соҳалари кўпроқ зарар кўрди?
Жавлон Жўраев:
– Ўзбекистонда норасмий иқтисодиёт, “соя иқтисодиёти” бутун иқтисодий фаолиятнинг камида ярмини ташкил қилади, шунинг учун кичик бизнес, ноозиқ-овқат дўконлари (тушунарли сабабларга кўра озиқ-овқат дўконларига тегилмади), ўзини ўзи иш билан банд қилган репетиторлар, фрилансерлар, асосан, зарар кўрди. Булар барчасига яна мигрантлар муаммолари ҳам қўшилди, чунки карантин улар Ўзбекистонга қишлагани келган ва ҳали қайтиб кетишга улгурмаган пайт рўй берди. Ўша мигрантлар меҳнат бозорини тўлдириб, қишлоқ хўжалигида банд бўлган (олий эмас!) ўрта маълумотли кишиларни сиқиб чиқара бошлади.
Дониёр Мўлдакан:
– Умуман олганда, сизнингча, Ўзбекистон ҳукумати вазиятни назорат қила олдими?
Жавлон Жўраев:
Масалага ўта объектив қаралса, ҳукумат ўз вазифасини ёмон уддаламагани кўзга ташланади: 1 миллиард долларга яқин пул ажратди, айрим солиқларни, хусусан, кичик бизнес фаолиятига солинадиган ва даромад солиғини бекор қилди. Тиббиёт ходимларининг, айниқса, бевосита касаллик юқтирган беморларни даволаш билан шуғулланган шифокорларнинг маоши анча-мунча оширилди, Марказий банк пандемия тугагунча кредитлар қайтарилишига мораторий эълон қилди. Умуман олганда, булар барчаси бюджет дефицитини ҳосил қилди. Аммо нима бўлганда ҳам, ҳокимият қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Илтимос қилганларга озиқ-овқат уйига олиб келиб берилди, кам даромадли оилаларга ижтимоий нафақалар ажратилди. Бундай нафақа олиб турганларга унинг миқдори бир оз кўпайтирилди. Айтиш мумкинки, аҳолининг demand-side’ни (талаб тарафида турганларни) қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинди. Ҳукумат иқтисодиётни тез тикламоқчи бўлса, иқтисодий фаолиятга кўмаклашишини янада кучайтириши керак бўлади, бунинг оқибатида бюджет тақчиллиги янада ортади, бироқ бу пулни кейинчалик қайтариш керак бўлади. Агар ҳукумат иқтисодиётни секинроқ тикламоқчи бўлса ва айни чоқда кўзда тутилмаган вазиятларга тайёр турса, иқтисодиёт секин тикланади. Назаримда, ҳукуматимиз иккинчи йўлни танлайди. У кичик бизнес иқтисодий фаолиятини тезроқ тиклаб олиши, бизнесини қайта бошлашини рағбатлантиришга шошаётгани йўқ, чунки бундай корхоналарнинг кўпчилиги ёпилиб кетди ёки бизнес фаолиятини тўхтатди.
Дониёр Мўлдакан:
– Нега ҳукумат иккинчи вариантни танлайди ва Ўзбекистон кучлироқ рағбатлантириш ғоясидан воз кечади, деб ўйлайсиз?
Жавлон Жўраев:
– Сўнгги 3 йилда Ўзбекистон ташқи қарзи тез ўсиб кетди ва у 22 миллиард АҚШ долларига етди, мамлакатда бу ўзини қанчалик оқлаши фаол муҳокама қилинмоқда. Натижада давлат жамият босим ўтказаётганини ҳис этмоқда, чунки аҳоли ташқи қарзни иқтисодиёт учун жуда ёмон нарса сифатида қабул қилмоқда. Давлат иқтисодий нуқтаи назардан бу нормал ҳолат эканини, кўплаб давлатларнинг ташқи қарзи ЯИМдан кўп эканини қандайдир йўсинда тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Лекин бу бизнинг жамият учун янгилик бўлгани учун ҳам унинг қаршилигига дуч келмоқда. Жамиятдаги ташқи қарзга ишончсизлик халқ Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, ҳукуматга ишончсизлик билан боғлиқ бўлса ажаб эмас. Коррупция ҳали-ҳамон улкан муаммолигича қолмоқда – биз ушбу муаммони ҳал этиш йўлида ҳозирча олға силжий олмадик. Четдан қарз олинаётганда, ўша пулдан қандай фойдаланилаётгани, у қайси соҳага йўналтирилаётгани ва харажатлар қанчалик ўзини оқлаётгани, бу борада қанчалик узоқни кўзлаб иш тутилаётгани тўлиқ шаффоф эмас. Яъниким, назария бўйича ташқи қарз, асосан, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади, улар узоқ муддатда жамиятга фойда келтиради, ҳатто қарз фоизи билан тўланганда ҳам, ўзини оқлайди. Шу пайтгача бир неча жанжалли ҳолатлар юз берган, яъни халқаро ва молия институтлари ажратган пул, грантлар, кредитлар ўғирланган ва қаерга сарфлангани ноаниқлигича қолиб келаётган эди. Агар ҳукумат ваъда қилинган ислоҳотларни амалга оширса, шаффофликни таъминласа, коррупцияга, озроқ бўлса-да, барҳам берса, ташқи қарзни жамият кўпроқ ижобий ҳодиса сифатида қабул қила бошлайди. Бу кредит ва қарзларнинг фоизи шунчалик пастки, улар инфратузилмага, масалан, таълимга ва узоқ истиқболда фойда берадиган лойиҳаларга йўналтирилса, бемалол ўзини оқлайди. Бу аҳолининг иқтисодий онги ва саводлилиги билан боғлиқ экани сир эмас, унга қарз олаётганимиз ҳар доим ҳам ёмон эмаслигини тушунтириш зарур бўлади.
Дониёр Мўлдакан:
– Дарҳақиқат, одамлар давлат қарзларни кўпайтираётгани ёки пулни тарқатаётганини ҳар доим ҳам тушунмайди. Энди иккинчи масалани батафсил муҳокама қилмоқчимиз – суҳбатмизнинг иккинчи қисм шунга бағишланади. Америка Рузвелт президент бўлиб турган пайтда қилганидек, давлат пулни йўллар қурилишига сарфлаши керакми?
Жавлон Жўраев:
– Ҳа, британиялик иқтисодчи Жон Кейнс назарияси бўйича давлат лойиҳалари ва давлатнинг ўзи энг катта буюртмачи, энг йирик иш кучи ёлловчиси бўлади ва одамларга иш ҳақи тўлайди – бу иқтисодиётнинг барча соҳалари учун рағбат бўлиб хизмат қилади. Бизда қаердадир йўл, қаердадир бошқа объектлар қурилиши кўринишидаги инфратузилма лойиҳалари ҳар доим амалга оширилиб келмоқда. Меҳнат мигрантлари Россияга бориб, Ўзбекистон билан солиштирганда, кўпроқ пул ишлаб топаётгани ҳам экспортнинг бир қисми ҳисобланади – биз ўша ёққа иш кучини экспорт қиляпмиз ва бу ҳол бу ерда иш кучини иш билан таъминлашдан кўра анча фойдалидир. Буни билиш учун Ўзбекистонга мигрантлар қанча пул жўнатаётганига назар ташлашнинг ўзи кифоя. Пандемия давлатга аҳолининг бандлиги ҳам ўта муҳим нарса эканини ва аҳоли аксарият қисмининг бандлиги бошқа давлатга боғлиқ бўлганда, давлат мураккаб иқтисодий вазиятга тушиб қолишини кўриш имконини берди. Ҳукуматдагилар бундан хулоса чиқириб олди, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда меҳнат мигрантлари қайтиб келадиган бўлса, уларни банд қилиш учун “Б” режаси пайдо бўлишига умидим бор.
Дониёр Мўлдакан:
– Раҳмат. Шунга умид қиламиз! Энди Қозоғистонга ўтсак. Унинг иқтисодиёти бутунлай бошқача ‒ Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини бир-бирига қўшиб ҳисоблаганда ҳам, бир неча бор устунлик қилади. Қизиғи шундаки, Қозоғистон ҳукумати 10 йилдан ошиқ вақтдан бери, яъни 2008 йилда юз берган молиявий инқироздан сўнг инқирозга қарши дастурларни ишлаб чиқиб, амалга ошириб келади. Айни чоқда Қозоғистон ҳокимият идоралари ҳамиша асосий эътиборни қурилишга қаратади. “Нурли Жол” (инфратузилма қурилиши) ёки “Нурли жер” (ҳамёнбоп туруржойлар қурилиши) каби дастурлар шундан далолат беради ҳамда улар кўплаб майда иш ўринлари, импорт ва қурилиш материаллари савдоси, хизматлар яратади, машҳур занжир шу тариқа давом этади. Бу чиндан ҳам иш бериб турибди – ҳозирча. Шу сабабли Қозоғистон аҳолиси, ўзи учун ҳамма қарорларни ҳукумат қабул қилишига ишониб қолган бўлиши ҳам мумкин…
Еkonomist.kz онлайн лойиҳаси иқтисодчиси Сергей Домнин Қозоғистон коронавирус инқирозидан қандай чиқа олганини ҳикоя қилади.
Сергей Домнин:
– Қозоғистон ҳукуматининг коронавирус оқибатларини тугатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини хавфсизлик, соғлиқни сақлаш ва аввало, иқтисодиёт соҳасида кўрилган чораларига қараб, бошқа мамлакатлардагидан кўра ёмон эмас, аксарият ҳолларда яхши деб айтиш мумкин: аҳоли даромадлари ва иқтисодий ўсиш қўллаб-қувватланди ва ҳк. Қозоғистон пандемия эълон қилинганидан бошлаб, биринчилардан бўлиб уни жиловлашга оид чоралар кўрди ҳамда биринчилардан бўлиб карантин амалиётига киришди, аҳолини бевосита пул кўчирмалари билан қўллаб-қувватлашга ўтди. Шунинг учун, назаримда, имкон қадар молиявий ва пул бериш каби рағбат турларидан фойдаланилган. Яна иқтисодиётимиздаги мавжуд чекловлар ва монетар (пул муомаласига масъул) ҳокимиятнинг имкониятлари ҳисобга олинса, умуман, жавоб чораларини, минтақадаги мамлакатлар ёки Жаҳон банки таснифи бўйича даромади ўртача бўлган мамлакатлар ўлчови билан олиб қараганда, ёмон бўлмади, деб айтиш мумкин. Назаримда, жавоб чоралари етарли ва вазиятга мос бўлди. Бу каби узоқ истиқболда ўсишнинг алоҳида манбалари йўқлиги бор гап. Албатта, тахминан 2023 йилга қадар Тенгиздаги ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш, биринчи навбатда Қашаған нефть конидан қазиб олишни кўпайтириш – у ерда бир кеча-кундузда 450 миллион баррель нефть қазиб олиш режалаштирилмоқда – ҳисобига мамлакатимиз иқтисодиёти жиддий тарзда ўсади. Бу Қозоғистонни нефть қазиб олишнинг энг юқорига кўрсаткичига олиб чиқади ва 10 йил давом этади, аммо ўсиш манбаси сифатида турғун бўлиб қолади.
Жорий йилдаги ижобий ўсиш динамикаси кўп жиҳатдан бюджет харажатлари ортиши билан боғлиқ. Бюджет харажатларини тинмай ошириб бўлмайди, унга даромад тушиб туриши керак. Ҳозирча бюджетни нефть фонди маблағлари билан таъминлар эканмиз, барча тарафлардан чеклов ҳолатлари мавжуд экан ва иқтисодиётда иш унумдорлигини оширадиган ҳеч иш қилинмаётган экан, барча у ёки бу муаммони ҳал этиш йўлида кўрилаётган чоралар аслида “об-ҳаво”ни белгиламайди. Иш унумдорлигига назар ташлайдиган бўлсак, албатта, у бизнинг мамлакатда доллар билан ҳисоблаганда ҳам, тенге билан ҳисоблаганда ҳам, ўсиб боряпти, лекин бу ўсиш, энг аввало, металлургия, нефтни қайта ишлаш саноати сингари соҳалар билан боғлиқ. Ушбу соҳаларда жиҳозлар янгиларига ва кўпроқ самара берадиганларига алмаштирилмоқда, иш кучига камроқ харажат қилинадиган янги лойиҳалар пайдо бўлмоқда, бинобарин, барча янгиликлар ўша соҳаларда юз бермоқда. Аммо бунинг самараси оз бўлади, чунки бизда юксак маҳсулот берадиган соҳалар чекланган. Юксак маҳсулот берадиган ақлли хизмат кўрсатиш соҳалари, масалан, ахборот технологиялари (АТ) соҳаси яхши ривожланмаган. Бу яна инновацион йўл билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан боғлиқ, бу ҳам “эксперт” каби уятсиз сўз бўлиб (кулади), ҳамма нарсага нисбатан қўлланаверади, жумладан, “инновация” билан “экспертиза” ҳам, лекин шунга қарамай, АТ билан боғлиқ ҳолатнинг тарқалиши жуда чекланган.
Дониёр Мўлдакан:
– Қозоғистон жорий йилда “вертолётдан сочилган пул” деб аталувчи тажрибага қўл урди.
“Вертолётдан сочилган пул” фоиз ставкалари нолга тенг, ҳатто салбий бўлган, иқтисодиёт эса заиф ёки рецессия (пасайиш) ҳолатига кирган вазиятдаги миқдорий юмшатишнинг муқобилидир. Пулни пировард истеъмолчилар ўртасида тарқатиш ҳам жисмоний шахсларга пул маблағларини беминнат бериш, ҳам уларнинг солиқ тўловларини камайтириш ҳисобига амалга оширилиши мумкин. Мақсад истеъмолчилар талабини ошириш ва иқтисодий фаолиятни рағбатлантиришдир.
Инқироз давридаги “вертолётдан сочилган пул”ни инқироз ва меҳнаткашлик мақоми қандай бўлишидан қаттъи назар, аҳолига таклиф этиладиган универсил базавий даромаддан фарқлаш лозим. Ушбу инқироз вақтида “вертолётдан сочиладиган пул” усули муваффақиятли қўллангани универсал базавий даромад яхши чора экани хусусида кўпчиликни ўйлаб кўришга мажбур қилди. Масалан, Бразилияда популизмга мойил президенти Жаир Болсанару узоқ вақт COVID-19 ни рад этиб келганига қарамай, пандемия вақтида жуда машҳур бўлиб кетди. Бунга у одамларга бир неча ой давомида, камроқ бўлса-да, пул бериб тургани сабаб бўлди.
Сергей, сиз нима дейсиз? Бундай формат ҳақида ўйлаб кўриш вақти келмадимикан?
Сергей Домнин:
– Ушбу формат одамларга яшаб қолиш учун курашиш муаммосини ўйламасдан, фаолиятининг, яъни ривожланишнинг қандайдир бошқа турларига ўтиш ва нима иш қилиш кераклигини: бундан кейин ҳам ишлаш ёки ишламаслик / бу иш билан шуғулланиш ёки ҳаётнинг минимал стандартини сақлаб туриш ва бошқа ҳеч қандай иш қилмасликни мустақил танлашни назарда тутади. Билишимча, бу дунё мамлакатларида қўлланаётган амалиёт эмас. Бир неча тажриба синови ўтказиб кўрилди, менга шу маънода Финландия тажрибаси маъқул бўлди. Айни 2 йиллик лойиҳа танлови кам, бироқ хулосалар ясаш учун етарли маълумотлар тўплаш имконини берган тажриба бўлди. Ўша лойиҳа доирасида, агар хато қилмасам, ишлаётган кишиларга ҳам, ишламаётганларга ҳам пул тўлаб турилган ва шунга асосан хулосалар чиқарилган эди. Бундай вазиятда ишламаётган кишиларнинг иш излаш эҳтимоли кам, чунки бундай кишиларнинг аксарияти иш изламайди. Ишсиз қолган бўлса, демак, иш изламаган бўлади. Шу билан бирга, синовдан ўтаётган барча респондентлар орасида сиқилиш даражаси пасайди ва бу – жуда яхши кўрсаткич. Яна шуни ҳам қайд этиш лозимки, ушбу жамиятлар бизда жуда машҳур бўлган “ҳамма нарсани олиб, тақсимлаб бериш”, бойлар ёки ўзлари бой деб биладиган кишилар ҳисобидан қашшоқларнинг қарзларини кечиб юбориш ғояси билан иш тутади. У ерда демократия, шаффофлик, очиқлиқ, ҳисобдорлик стандартлари, харажатлар ва таълим сифатида даражаси жуда баланд. Яъниким, у ердаги жамият – эҳтимол, буни айтиш тўғридир ёки тўғри эмасдир – ўзининг давлат билан ҳамкорлиги сифатини тушунишнинг юксакроқ поғонасида туради, жамият аъзоларининг камроқ фоизи пул кўчирмаларини, худди бизда бўлгани каби, текин пул деб билади. Бизда эса бу – муҳокама ҳам қилинмайдиган нарса.
Дониёр Мўлдакан
– Жавлон, универсал базавий даромадга муносабатингиз қандай?
Жавлон Жўраев:
– Агар Ғарбий Европа ёки дейлик, АҚШ сингари жамият ва иқтисодиётнинг ривожланган тузилмалари ҳақида сўз кетса, бундай ёндашув қандайдир самара бериши ва даромадларнинг нотекис тақсимланиши, жамиятдаги тенгсизлик каби кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал этиши мумкин, чунки ушбу қашшоқлик жиноятчилик сингари бошқа ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Бундай муаммоларни, қисман бўлса-да, шунақа йўл билан ечса бўлади. Бироқ жамият коррупциядан азият чекаётган бўлса-ю, жамиятнинг давлатни назорат қилиш учун иш берадиган механизмлари, яъни жамоатчилик, фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари (ОАВ) назорати бўлмаса, бундай ёндашув самара бериши даргумон. Кичик бир мисол келтирай. Қайд этиб ўтганимдай, карантин пайтида Ўзбекистонда аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламларига моддий кўмак ажратилди ва ушбу давлат кўмак тизими коррупция ботқоғига нечоғли ботиб кетганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Шунинг учун бу усул иш беради, деб айтса бўлади, аммо мен кўпроқ самара олиш учун бир оз бошқача усулни таклиф қилмоқчиман, яъни ҳаммага пул тарқатмасдан, таълим (ўрта, олий, бепул ва сифатли), сифатли тиббий ёрдам олиш учун барчага тенг имконият яратиш зарур – булар оддий мисоллар. Мабодо одамларга бирор натижага эришиш, нимадир қилиш учун тенг имконият яратилса, мукофотлар қилган хизматига яраша берилса, жамият кўп нарсаларга, кўпроқ самара ва натижага эришиши мумкин. Капиталистик иқтисодиёт тарафдорлари пулни текин тарқатишни жуда ёмон кўради, аммо капитализм пишиб-етилиб, мантиқий якунига етаётган мамлакатларда бундай усул айни тузум сабаб юзага келган айрим муаммоларни ҳал этиши мумкин, бироқ Марказий Осиёда у иш бермайди.
Дониёр Мўлдакан:
– Навбатдаги воизимиз – қирғизистонлик Роман Могилевский. У Марказий Осиё университети қошидаги Давлат бошқаруви ва сиёсати институтига раҳбарлик қилади. Р. Могилевский коронавирус инқирози минтақада қандай чуқурлашгани, миграция ва пул кўчирмалари ва ҳк. билан боғлиқ вазият қандай эканига умумлаштирилган баҳо беради. У Қирғизистон ҳукумати қошидаги таҳилий мунозараларнинг доимий иштирокчиси сифатида коронавирус инқирозини бартараф этишнинг ўзига хос йўлини таклиф этади.
Роман Могилевский:
– Иқтисодиётга берилажак зарба ўта оғир бўлиши анча олдин маълум бўлган эди, шунинг учун ҳукумат қўлида бор маблағлардан келиб чиқиб, қарор қабул қила бошлади. Умуман олганда, Қозоғистоннинг ресурслари қолган барча минтақа мамлакатлариникидан кўп ва шунинг учун бу мамлакат ҳукумати айрим чораларни кўрди. Лекин улар кўрган чоралар солиқ, ижара ва кредит тўловларини тўхтатиб туриш, миллий банкларга ғайриихтиёрий равишда қарзларини қайтариш жадвалини бузаётган қарздорларга ён босишни қатъий тавсия беришдан иборат бўлди – буни ҳам тан олишимиз керак, бу унчалик кўп пул бўлмаслиги мумкин, лекин нимадир қилиш керак эди ва шу иш қилинди. Бундан ташқари, турли мамлакатлар ишлаб чиқариш тарафидан талабни қўллаб-қувватлаш, корхоналарга кўмак кўрсатишга, арзон кредитлар беришга кимда қанча пул борлигига қараб, турли даражада ҳаракат қилишди. Хусусан, Қирғизистонда ҳукумат пул билан боғлиқ улкан дастурни лойиҳалаштирди, инқирозга қарши жамғармани ташкил этди. Кўп ресурсларга эга бўлган Қозоғистонда ҳамма ишлаб чиқариш фаолиятини пасайтирмаслик учун арзон молиявий ресурслар беришга ҳаракат қилди. Ҳисобга олиш керак бўлган муҳим жиҳат шуки, биз иқтисодиётга мўмай сармоя ётқизишни исташимиз мумкин, бироқ иқтисодиёт ўша пулни ўзлаштира олишга қобил экани яна бир бошоғриқлигича қолаверади. Ҳа, бир нарсани унутмаслик лозим, агар биз пулни ебкетарга тарқатсак, уни одамлар истаганча олиши мумкин. Лекин бизнинг Марказий Осиё мамлакатларидагига ўхшаш бой бўлмаган мамлакатларда бундай пул беришга ҳеч ким тайёр эмас. Бундан фақат Қозоғистон истисно бўлиши мумкин, аммо аслида унинг ҳам пули ҳисобли. Булар бари ижобий таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ вазиятни радикал даражада енгиллаштиради, деб ҳеч ким айта олмайди. Турли индекслар/кўрсаткичлар бўйича жиддий пасайишлар бўлганини барчамиз кўриб турибмиз.
Қизиғи шундаки, Қозоғистонни истисно қилганда, мамлакатларимиз ҳукуматлари оила хўжаликлари талаби қўллаб-қувватлаш йўлидан бормади. Қозоғистон ҳақида алоҳида гапириб бермоқчиман. Бир таклиф билан мен Осиё тараққиёт банки билан БМТ Тараққиёт дастури раҳбарлигида бир гуруҳ ишида қатнашган эдим. Биз бирмунча олдин у ерда ҳисобот тайёрлаган ва ижтимоий кўмак дастурини кенгайтиришни таклиф қилган эдик. Ушбу эсанкираш ҳолатида ким энг кўп эҳтиёжманд эканини кўрсатиб бердик. Одатда ҳамма энг кўп қашшоқ кишилар қишлоқ жойларда яшайди ва ҳк. деб ўйлайди, аммо ушбу инқироз пайтида энг кам зарар кўрган қатлам қишлоқ аҳолиси бўлди. Ҳамма зарбага дуч келди, аммо улар камроқ зарба еди, шаҳарда норасмий ишлаётганлар бу зарбадан эсанкираб қолди. Бозорларда, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларида ишлаётганлар энг кўп зарар кўрди. Уларга нафақа ажратиш таклиф қилинди. Ҳозирги кунда Қирғизистонда нафақа ажратишнинг яхши дастури мавжуд, бироқ у жуда чекланган, яъни нафақа олишнинг қаттиқ қоидалари мавжуд. Биринчидан, биз вақт қисталанглиги учун одамларга ёрдам беришни ёки нафақа бериш мезонларини юмшатишни ва уларни бир оз четга суриб туришни, шу тариқа, асосан, аҳолининг ўта этиёжманд қисмини қамраб олиш учун нафақа олувчилар доирасини кенгайтиришни таклиф қилдик. Иккинчидан, хабарингиз бўлса керак, минтақадаги мамлакатларимизнинг бирортасида ҳам ишсизлик нафақаси берилмайди ёки умуман мавжуд эмас, ёхуд улар миқдори жуда кам, гапиришга ҳам арзимайди. Шу сабабли маъмуриятчилик қоидаларига қўл силтаб, айни пайтда қаттиққўллик қилишнинг ва ҳар бир тийинни тежашнинг мавриди эмаслиги, аксинча одамларга пул тарқатиш кераклиги таклиф этилди.
Дониёр Мўлдакан:
– Сансоларликка вақт йўқ.
Роман Могилевский:
– Ҳа, бу таклиф айнан инқирознинг энг оғир ва қатъий белгиланган, карантин тўлиқ амал қилиб турган даври учун эди. Бунинг учун кўп пул керак бўлмаса ҳам, ҳукумат бундай қилмади. Қисқаси, бу Қозоғистондан бошқа бирор мамлакат кун тартибида турганга ўхшамайди. Қозоғистон миллионлаб қишиларни қамраб олувчи кўмак дастурини амалга ошириб, одамларга 42500 тенгедан тарқатди. Ушбу миқдордаги пул 2 марта тарқатилди, ҳозир учинчисини тарқатиш муҳокама қилинаётган бўлса ажаб эмас, лекин билишимча, ҳозирча бу ҳақда қарор қабул қилингани йўқ. Бу яхши қадам ва ижобий намуна бўлди. Қозоғистонлик таҳлилчилар, “ҳар доим қандайдир яхшироқ иш қилиш мумкин”, деб айтаётганига қарамай, бундай чора кўрилганининг ўзи жуда хайрли иш бўлди. Қозоғистонликларнинг пули бор ва бу иш улариннг қўлидан келади, нима бўлганда ҳам, яхши ишга қўл урилди, бу унчалик кўп бўлмаса ҳам, сезиларли пул бўлиб, оғир вазиятларда жуда асқатади. Ушбу намунали чорадан ташқари бошқа мақтагулик ишларни кўрмадик. Қирғизистон билан Тожикистонда, асосан, озиқ-овқатни тарқатишдай кўмак бериш билан чекланилди. Албатта, у ҳам фойдали, бироқ уни кенгроқ кўмак билан солиштириб бўлмайди. Биласизки, озиқ-овқат ёрдами дегани кимдир буғдой, ун ва ўсимлик ёғи сотиб олиб тарқатишини англатади, аммо у бозорга катта таъсир кўрсатгани йўқ. Бу импорт қилинган озиқ-овқат товарларини эҳтиёжманд ватандошларга тарқатишдан иборат бўлди. Ёрдамнинг бундай шаклида ишлаб чиқариш жараёни каттароқ рағбат олгани йўқ, мабодо пул тарқатилганда, одамлар ўзи истаган нарсаларни сотиб олган бўлар ва уларни чет эллик ишлаб чиқарувчилардан эмас, ўз ватанидаги ишлаб чиқарувчилардан харид қилган бўлар, чунки уларнинг қиммат импорт товарларини сотиб олишга қурби етмайди. Хуллас, пул тарқатиш яхши иш бўлган бўлар эди, лекин ўтган ишга – салавот.
Дониёр Мўлдакан:
– Роман, сиз ебкетарга пул тарқатишни арзон кредитлар беришдан кўра афзал деб билишингиздан хабарим бор. Бунинг сабабини батафсилроқ тушунтириб берсангиз.
Роман Могилевский:
– Гап бу ерда корхоналарга қайси томондан туриб ёрдам беришга боғлиқ. Биз уларга кредитлар билан ёрдам беришимиз ёки аҳолига пул тарқатиш йўли билан товарларга бўлган талабни ошириш орқали кўмаклашишимиз мумкин. Қашшоқ аҳоли ўша пулни шошилинч эҳтиёжлари кўплиги сабаб четга олиб қўйиши қийин, уларнинг қўлига янги пул тушса, албатта харажатларига ишлатади. Шунинг учун, назаримда, ушбу тахминга, қайтариб айтаман, ишончли тахминга кўра, минглаб корхоналарга, тадбиркорларга ёрдам бериш маъқул деб топилди ва улар шу пулни олди. Мен бундай арзон кредитлар беришни унчалик ёқламайман. Фикрим бўйича, Қирғизистоннинг ишлаб чиқариш соҳасида бунинг муаммолик жойи йўқ. Молиявий капиталнинг йўқлиги, унинг етишмаслиги ва бошқа сон мингта муаммо бор, бинобарин, бу асосий бошоғриқ эмас. Модомики, яхши бизнес ғоянг бўлса ва уни амалга оширадиган одамларинг, малакали иш кучинг бўлса, албатта пул топасан, яна молиявий капитал йўқлиги асосий чеклов бўла олмайди. Кичик корхоналарда ўтказилган сўров натижаларига қаралса, улар ҳам ушбу вазиятга муносабат билдираётганини кўриш мумкин. Бу, жумладан, Қозоғистонга ҳам тегишли, яъни муаммо кўпроқ арзон ва паст фоизли пул тарқатишда эмас, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун бозорларга чиқиш мақсадида қулай шароитга эга бўлишда. Бунинг учун фақат одамлар эмас, малакали ишчи қўллари керак бўлади. Мен бу ўринда қўл билан ишлашни эмас, замонавий иқтисодиётда каллани ишлатишни: ўқимишлиликни, бозорни билишни, ишни қандай бажариш ҳақида билимга эга бўлишни назарда тутяпман – булар бари ўта муҳим ва уларни фақат кредит олиш билан ҳал қилиб бўлмайди.
Дониёр Мўлдакан:
– Миграция ва пул кўчирмалари билан боғлиқ вазият ҳам жуда чалкаш, бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
Роман Могилевский:
– Ҳамкасблар шу кунларда миграция масаласи бўйича сўровлар, суҳбатлар ўтказмоқда. Улар айтишича, газеталарда, хабарларда ўқиш мумкин бўлганидан фарқли ўлароқ, мигрантларнинг аксариятни қайтишни истамаяпти. Улар, асосан, рационал мавқени танлаб, ўз ҳаётига масъулият билан ёндашмоқда. Ўша мигрантлар оиласидаги вазият боришни тақозо қилса, уйига қайтиш мумкинлигини тушунади, чунки бошқа иложи ҳам йўқ. Агар зарурат бўлмаса, Россияда бугун меҳнат бозорида пасайиш кузатилаётган бўлса, эртага у жонланишини билиб, кутиб туради, шунинг унда иштирок этишга қаттиқ умид боғламоқда. Энди рақамларга эътибор қаратсак. Қизиғи шундаки, яқинда миллий банк пул кўчирмалари тизими бўйича ҳисоботни эълон қилди ва у пул кўчирмаларининг тахминий кўрсаткичини ифодалайди: кўчирмалар апрель ва май ойларида кескин тушиб кетган эди, бироқ август ойи учун мавжуд доимий маълумотлар билан таққосласак, пасайиш ўтган йилга нисбатан, бор-йўғи, 2, балки, 2,5 фоиз бўлганини кўрамиз.
Бу пасайиш жуда кам, меҳнат мигрантлари июль ва август ойлари кўрсаткичларини олдинги даражасига етказишга ҳаракат қиляпти, улар ўтган йили кўчирган пул миқдоридан кўпроқ пул жўнатаётгани кўзга ташланмоқда, чунки улар оилалари ўша пул кўчирмаларига қаттиқ боғланиб қолганини яхши билади. Баҳорда уларнинг пули қолмаган ва ўша давр барча учун қийин бўлган эди, бошқа иложи ҳам бўлмаган. Сўнгра Россиядаги меҳнат бозори очилди, Қозоғистонда эса қисман очилди ва улар яна ишга киришди. Илгари маошнинг 20 фоизи уйга жўнатилган бўлса, у ердаги вазият танглиги англангач, тахминан, 50 фоиз ишлаб топилаётган пул, ҳатто маош тушиб кетганига қарамай, жўнатила бошлади. Бу ҳақиқатга яқин ёки аниқлаштириш керак бўлган изоҳдир, лекин нима бўлганда ҳам, бизга расмий статистика тақдим этаётган рақамлар ана шундай изоҳ беришга ундайди. Хуллас, бу иқтисодий назарияга кўра ҳам жуда қизиқарли, чунки 10 йил олдин ёзилган дарсликларни очиб қарасангиз, уларда пул кўчирмалари ҳақида бир оз беписанд сўз юритилганини кўрасиз: “бу жуда қарам бўлган ишончсиз даромад манбаси бўлиб, бир оз тебранишлар кузатилади”. Асл ҳаёт эса, тўғрироғи, бизнинг Марказий Осиёдаги ҳаётимиз экспорт кўрсаткичлари гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга сакраб кетаётганини, мигрантларнинг пул кўчирмалари етарли даражада барқарор эканини, янги имконият пайдо бўлиши билан тез тикланаётганини кўрсатмоқда. Бу минтақамизнинг ўзига хос хусусияти бўлиши мумкин, чунки у меҳнат миграциясига ва мигрантларнинг пул кўчирмаларига энг қарам минтақалардан биридир.
Дониёр Мўлдакан:
– Сиз Рузвелт руҳидаги инфратузилмага сармоя ётқизиш масаласига қандай қарайсиз? Қирғизистон ҳукуматига пулни қаерга ётқизишни тавсия қиласиз?
Роман Могилевский:
– Биринчидан, пул керак бўлган улкан соҳа бор, иккинчидан, бу кўплаб иш ўринлари яратган ва Қирғизистоннинг узоқ муддатли тараққиётига улкан ҳисса қўшган бўлар эди. Мен айнан яшил иқтисодиёт ва экология билан боғлиқ турли-туман кун тартибидаги масалаларни назарда тутяпман, “ис газларнинг ҳавога чиқаришни камайтириш”ни айтаётганим йўқ – бу алоҳида мавзу. Бишкек ёки Алмати аҳолиси шаҳарларимиздаги ҳаво сифати қанчалик ёмон эканини яхши билади. Қирғизистон ҳақида гапирадиган бўлсак, ривожланишимизнинг умиди ва марвариди Иссиқкўлни назарда тутамиз, лекин шу билан бирга, хусусий иншоотлар билан боғлиқ вазият ҳам нобоплигини, айни ҳолат назарий жиҳатдан тан олинса-да, амалда ҳеч иш қилинмаётганини ҳам кўриб турибмиз. Анча эрта COVID-19 тарқалаётгани, туризм соҳаси бундан жиддий зарар кўраётгани ва шу сабабли пансионатларнинг аксарияти ёпилиши маълум бўлган эди. Ҳозир, яъни пансионатлар ёпиқ турган пайтда, бу пулни қурилиш саноатига эмас (у ҳам кам зиён кўрмади), айни пайтда талаб бўлмаган ва яқин вақт ичида талаб бўлиши ҳам кутилмаётган баланд биноларни қуришга эмас, экология инфратузилмасига йўналтирса бўлмасмиди? Шу йўл билан иккита эмас, кўзга кўриниб турган кўплаб “қуёнларни уриш”, узоқ истиқболда туризм учун энг яхши инфратузилма яратиш, бугунги куннинг ўзидаёқ ҳаёт сифатини яхшилаш, ўша ҳудудлардаги қурувчилар ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш ва ҳк. мумкин бўлур эди. Қирғизистондаги Иссиқкўл, Қозоғистонда эса бошқа шунга ўхшаш бирор ҳудуд учун кўплаб яхши ишлар қилиш мумкин эди.
Дониёр Мўлдакан:
– Балхашни айтяпсизми?
Роман Могилевский:
– Ҳар бир мамлактада шунга ўхшаш жойлар бор. Мени ҳайратга солаётгани шуки, бу жуда яхши ғоя, тўғриси, бундан кимдир зарар кўриши мумкинлигига ишонмайман. Атроф-муҳит муҳофазаси мавзусига жиддий қаралмаяпти, лекин жуда зарур нарса ва у бизга келажак ҳақида ғамхўрлик қилган ҳолда даромадни ошириш имконини беради. Шу кунларда кўп тилга олинаётган органик, яъни кимёвий моддалардан фойдаланмаган ҳолда деҳқончилик қилиш борасида кўзга кўринарли бир иш қилинаётгани йўқ. Органик деҳқончилик бўлиши учун яқин атрофда ҳавога зарарли маҳсулотлар чиқараётган корхоналар бўлмаслиги керак. Одам ҳар нарса қилиши, устомонлик йўли билан ишлаб чиқарилган биологик ўғитлардан фойдаланиши мумкин, бироқ иссиқлик электростанциямиздан чиқаётган заҳарли моддалар далангга ёғилса, қанчалик ҳаракат қилганингнинг фойдаси бир тийин бўлади.
Дониёр Мўлдакан:
– Сиз инқироз даврида ебкетарга пул тарқатиш яхши эканини айтдингиз. Доимий универсал базавий даромад ҳақида нима дейсиз? Бу ҳақда фикрингиз қандай?
Роман Могилевский:
– Мен бу мавзуда кўп бош қотирганман. Осон ҳисоблаш учун жуда оддий мисол келтирмоқчиман. Дейлик, Қозоғистон ҳукумати барчага 100 АҚШ долларидан тарқатишга қарор қилади, солиқлар қўшилгани ёки айрилгани билан ҳисоблаганда, 100 доллар атрофидаги пул бўлади. Бу унчалик кўп пул эмас, лекин пул миқдори сифатида ҳамёнга тушгани сезилади. Келинг, шу ҳаммага 100 доллардан тарқатайлик, бунинг маъноси шуки, Қозоғистон аҳолисини шартли равишда 18 миллион киши деб олсак, 100 доллар бир йилда 1000 доллардан ошиқ пул дегани, шунда 18 миллион кишига йилига қарийб 20 миллиард доллар тарқатиш керак бўлади. Бу нафақа сифатида унчалик кўп эмас, аммо 20 миллиард доллар Қозоғистон ЯИМнинг сезиларли қисмини ташкил қилади. Бу Қозоғистоннинг давлат бюджетидан кўп, тўғриси, бундай харажатни мамлакат кўтара олмайди. Лекин шунча пулни қўққисдан қаердан олиш мумкин? (Кулади.) Қарз кўтариш керакми? Ёки солиқларни оширса бўладими? Буларнинг ҳеч бири иш бермайди. Агар ҳар йили 20 миллиарддан харж қилинса, миллий фонд бир неча йилда еб адо қилиш мумкин, яъни 3 – 5 йилда шу мақсадларга сарфланади. Қисқача айтганда, модомики, бу Қозоғистон учун қимматлик қилар экан, минтақанинг бошқа мамлакатлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Қозоғистонда ЯИМ аҳоли бошига – 10000 доллар, Қирғизистонда 1000 доллардан сал ошади, Ўзбекистонда – 1700 доллар, Тожикистонда эса 1000 доллардан камроқ. Тафовут 8 – 10 баробарни ташкил қилмоқда. Бу кўп нарсани англатади. Шунинг учун кўп одамлар, “Қозоғистонда кўп иш қилинди”, шунинг учун бу уларнинг қўлидан келади, Россияда ундан ҳам кўпроқ нарса қилиш имкони бор, деб айтади. Европаликлар нима ишлар қилишга қодир эканини гапирмай қўя қолай. Бу бизнинг қўлимиздан келадиган иш эмас – бунга тўғри кўз билан қараш керак. Шунинг учун “вертолётдан сочилган пул” усули бизга тааллуқли нарса эмас деб ўйлайман. Кўриб турганингиздек, ҳатто ҳукумат ҳам ижтимоий ҳимояни кенгайтириш дастурига тайёр эмас экан. “Вертолётдан сочилган пул”га оид талқинимиз энг осон амалга ошириладиган дастур бўлса-да, уни ҳамма ҳам эплай олмайди. Ҳатто ҳукумат ҳам унчалик қаттиқ бўлмаган назорат, кам қоғозбозлик ва ҳк. йўли билан амалга ошириладиган тадбирга ҳам тайёр эмас экан, чунки пулни аяшди, бу ишнинг самара беришига ишонишмади, чунки буни техник жиҳатдан амалга ошириш қийин. Мушкул дейишдан кўра, буни техник жиҳатдан амалга ошириш учун саъй-ҳаракат кераклигини таъкидлаш жоиз, шунинг учун барча мамлакатларимиз, жумладан, Қозоғистон ҳам, ўзларининг ижтимоий ҳимоя дастурларини диққат билан кўздан кечириши, уларни қайишувчан, янада қайишувчан қилиши керак бўлади. Шунда ҳозиргидай инқирозли вазиятда ушбу дарча орқали айнан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ва пулини ёстиқ остида қўйиш имкони йўқ кишиларни, ўша пулни иқтисодиётга қайтарадиган, қайтарганда ҳам инқирозга қарши кураш нуқтаи назаридан аниқ ва тўлиқ қайтарадиган кишиларни жиддий тарзда қўллаб-қувватлаш мумкин бўлади.
Дониёр Мўлдакан:
– Нормал ҳолатга қанчалик тез қайта оламиз? Тикланишни қачон кутсак бўлади?
Роман Могилевский:
– Албатта, бутун дунёдаги вазият яхшиланса, айрим тикланиш ҳолатлари рўй беради, рўй бермоқда ҳам. Шу ўринда бир қизиқ ҳолат ҳақида гапириб бермоқчиман. Мен бошқа ишлар қатори бир оз вақт Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббуси Қирғизистон ва Марказий Осиё учун нимани англатишини ўрганган эдим. У жуда яхши жаранглайди, аслида қуруқ гапдан бошқа нарса эмас: очиғи, нима учун кераклиги ҳам аниқ бўлмаган қандайдир йўллар қуриляпти, бошқа кўплаб лойиҳалар амалга ошириляпти. Мен қайси ўринда Хитойга қарам бўлиб қолганимизни тушундим, ҳозир бу фикр миямга урди, йўллар қурилиши тўхтаб қолгани, ҳатто қийинчиликларга дуч келаётган олтин қазиб олувчи корхона ҳам иқтисодий кўрсаткичларда бўртиб кўрингани, унчалик кўп таъсир кўрсатгани йўқ. Энг кўп таъсир кўрсатган нарса Торугарт довони ёпилгани бўлди.
Дониёр Мўлдакан:
– Тушунтириб берасизми?
Роман Могилевский:
– Маълум бўлишича, импорт қилинган товарларнинг бир қисми Иркиштом довони орқали эмас Торугарт орқали олиб келинаётган эди, улар ўша ёқда солиққа тортилган, хусусан, қўшилган қиймат солиғи миқдори жуда баланд, яна импорт солиқлари солинган. Шунинг учун ҳукуматимиз, солиқ йиғимлари суст, деб шикоят қилаётганини эшитсангиз, аслида вазият ундай эмаслигини билиб олинг. Бу фойда солиғи эмас, даромад солиғи, асосан, импорт қилинаётган товарларга солинадиган солиқ, импорт солиқлари орасида Хитойдан импорт қилинаётган товарларга солинаётган солиқ ҳам бор. Фақат ушбу статистика маълумотларида импорт қилинаётган товарларнинг айнан қайси бўлаги солиққа тортилаётгани эълон қилинмайди. Мен бундан олдин ҳам импорт солиғи муҳим эканини билар эдим, бироқ айнан Хитой билан савдо-сотиқ солиққа тортилаётганини ва бу кўп тушум келтираётганини билмас эканман, чунки бунинг учун кўпроқ маълумот ва уни ола билиш лозим. Энди биляпмизки, шунчалик кўп солиқ солиниб келган Хитой билан савдо-сотиқ тўхтаб қолгач, унинг тушуми камайиб кетган. Бу нимани англатади? Яна қайтараман, биз жорий йилда бюджет тирқишларини кредитлар билан ёпдик, аммо келаси йили нима қиламиз? Савдо-сотиқ тиклангандан сўнг хитойликлар чегарани очадими? Улар бу ишни осонлик билан бажара қолмайди, чунки жуда эҳтиёткор, жо-бажо иш тутади, қолаверса, пандемия улар учун биздан кўра кўпроқ нарсани англатади. Бутун дунёда ўта қаттиқ карантин жорий қилинганини, самарали карантин қўлланганини яхши биламиз, бироқ чегара ёпилиши билан боғлиқ тўловнинг бир қисми сиз билан бизнинг зиммамизга тушяпти.
Дониёр Мўлдакан:
– Иқтисодиётни инқироз даврида қандай қўллаб-қувватлаш керак: қуйиданми ёки юқориданми? Бу саволга аниқ қилиб жавоб бериш мушкул. Гарчи ҳар бир ватандошга – ёки фақат кам даромадлиларга – доимий тарзда пул тўлаб туришни аксарият давлат бюджетлари кўтара олмаса-да, ушбу тўловни фақат харажат деб қараш ҳам мумкин эмас. Белгиланган имтиёзлар ҳам мавжуд: одамлар кўпроқ истеъмол қилмоқда, ишлаб чиқариш ва хизматларга талабни таъминлаб турибди (ҳатто кўчмас мулк сотиб олмоқда – АҚШда пандемия даврида бўлгани каби), уларда эртанги кунга нисбатан бир оз ишонч уйғонмоқда, кекса ота-оналари ёки фарзандларига кўпроқ вақт ажратмоқда, “номи улуғ, супраси қуруқ” иш ўринларидан воз кечмоқда. Эҳтимол, бундай тўловлар тенгсизликни камайтирар, бироқ айни ёндашувнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги муҳокамаси ҳамон давом этмоқда, бугунги суҳбатимиз ҳам бунинг яхши тасдиғи бўлди.
Ҳозирча COVID-19 пандемияси давом этаётган экан, иқтисодий фаолият чекланганича қолаверади, болалар онлайн режимида ўқийди, шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимлари бурчини бажараверади. Умид қиламизки, подкастимизиннг ушбу мавсуми вазиятга, қисман бўлса-да, ойдинлик киритади ҳамда рақамли йўсинда таълим олиш, тиббий суғурта ёки “вертолётдан сочилган пул” сингари ижобий қарорлар мавжуд эканини кўрсатиб беради.
Подкастимизга обуна бўлинг, биз саҳифамизда яна суҳбатларнинг ёзма варианти билан бирга фойдали ҳаволаларни ҳам жойлаштиряпмиз.
Эътиборингиз учун ташаккур ва кейинги мавсумда учрашгунча хайр!