MIT Technology Review нашрида эълон қилинган “Stop covid or save the economy? We can do both” мақоласининг қисқартирилган таржимаси.
АҚШнинг кўплаб штатларида ижтимоий масофаланиш чоралари кўрилгандан сўнгги илк бандлик тўғрисидаги ҳисоботда Меҳнат вазирлиги 3,3 миллион киши ишсизлик нафақаси олиш учун ариза берганини маълум қилди. Орадан бир ҳафта ўтиб, апрелнинг илк ҳафтасида яна 6,6 миллионта ариза келиб тушди. Бу 1982 йилги 695 000 та аризадан иборат рекордни бу рақамлар билан умуман солиштириб бўлмайди.
Бироқ, ушбу рақамлар мавжуд инқирозни тўлиқ қамрай олмайди, чунки уларга ярим иш ўринлари, ўз-ўзини иш билан банд қилганлар ва эркин ишлайдиганлар кирмаган, аммо улар ҳам тирикчилик манбаидан узилиб қолмоқда. Молия соҳаси экспертлари АҚШ ЯИМи ёзга бориб, 30 – 50 фоиз қисқаришини башорат қилмоқда.
Март ойининг охирида президент Доналд Трамп “даволаш муаммонинг ўзидан баттар” бўлишига йўл қўйиб бўлмаслигини, бутун мамлакат ўша пайтда икки ҳафта қолган Пасха байрамига қадар ишга қайтажагини маълум қилган эди. Чикаго университети иқтисодчиси ва президент ҳузуридаги иқтисодиёт маслаҳатчилари кенгашининг собиқ аъзоси Кейси Маллиган вирус тарқалишини камайтириш учун ҳеч иш қилмасликдан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкинлигини айтади.
Ниҳоят, Оқ Уй касалликнинг назоратсиз тарқалиши моделини ишлаб чиқди. Унга кўра, агар бу касалликни назоратсиз тарқалишига қўйиб берилса, натижада 2,2 миллион америкалик қурбон бўлиши мумкинлиги башорат қилинди, бу бошқа эпидемиологларнинг ҳисоб-китобларига ҳам мос тушади. Трамп тезроқ ишга қайтиш даъватидан воз кечиб, ижтимоий масофаланиш йўриқномаларига амал қилишни апрель охирига қадар узайтирди. Лекин асосий далил барибир сақланиб қолаверди: коронавирус эпидемияси даврида иқтисодиётни қутқариш билан одамлар ҳаётини сақлаш ўртасида оғриқли муроса мавжуд.
Бироқ тадқиқотлар далолат беришича, бу нотўғри дихотомиядир[1]. Аслида энг яхши йўл иқтисодий зарарни чеклаш ва имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишдир.
Янги рецессия
− Дунё қанчалик ўзгариб кетишини олдиндан башорат қилиш қийин, − дейди Массачусетс технология институтининг меҳнат масалалари бўйича иқтисодчиси Дэвид Отор. – Бу биз сўнгги юз йилда гувоҳ бўлган ҳеч нарсага ўхшамайди.
Илгариги рецессия ёки депрессия вақтида муаммога иқтисодий ечим иш кучига талабни рағбатлантириш, яъни ишчиларни ишга қайтариш бўлган. Бироқ айни ҳолатда биз иқтисодий фаолиятни атай тўхтатиб, одамларга уйида ўтиришни тайинлаяпмиз. Отор фикрича, “гап фақат рецессиянинг қанчалик чуқурлашувида эмас. Бу – бутунлай бошқа нарса”.
Энг катта хавфлардан бири шуки, иқтисодий пасайишга ҳеч бир қаршилик кўрсата олмайдиган кишилар: ресторан ва меҳмонхоналардаги маош кам тўланадиган хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, эркин ишлайдиган кишилар кўп зарар кўради.
Конгресс март охирида тасдиқлаган 2 триллион долларлик ёрдам пакети ажратиш тўғрисидаги қонунда иш тўхтаб қолишидан зарар кўрадиган ишчилар ва корхоналарга маблағ ажратишни ҳамда коронавирус назоратга олиниши билан иқтисодиётни қайта ишга тушириш назарда тутилади. Йилига 75 минг доллардан кам маош олувчи ҳар бир катта ёшли кишига 1200 доллар берилади ҳамда илк марта эркин ишлайдиган ва ўзини ўзи банд қилган кишилар ҳам ишсизлик нафақаси олади. Юз миллиардлаб долларлик маблағлар корхоналарни сақлаб қолиш учун сарфланади. Лекин бу мамлакатнинг, айниқса, қаттиқ зарар кўрган ҳудудларида етарли бўлмаслиги аниқ.
Ҳаёт қиймати
Корхоналарнинг ёпилиши одам танлаши мумкин бўлган нарса, бироқ назоратсиз пандемия иқтисодий фаолият учун ўта салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бунга фақат иш кучи камайиб бораётганигина сабаб бўлмайди. Кенг тарқалган хавфлар бизнес учун зарарли: истеъмолчилар ресторанларга оқиб бормай, учоқларда сафар қилиш учун чипталар сотиб олмай ёки ўзини касалликка гирифтор қилиш хавфи бор фаолият турларига пул сарфламай қўяди. Чикагодаги Бут номли мактабнинг етакчи иқтисодчилари ўтказган сўровга кўра, фикри сўралганларнинг 88 фоизи касаллик тарқалиши олдини олиш учун “ҳар томонлама сиёсий жавоб чоралари” “иқтисодий фаолиятнинг кескин қисқариши”га сабр-тоқат билан қарашни ўз ичига олиши керак, деб ҳисоблайди. Деярли 80 фоиз фикри сўралганлар “қаттиқ тартибдаги изоляциядан жуда эрта воз кечиш” яна кўпроқ иқтисодий зарар келтириши мумкинлигини айтган.
Айни чоқда вирус юқиши сабаб бўладиган ўлим ҳолатларини камайтиришга қаратилган ҳар қандай чора-тадбир улкан иқтисодий фойда келтиради. Чикаго университети иқтисодчиси Майкл Гринстоун Лондондаги қироллик коллежи тайёрлаган касаллик тарқалиши моделига асосланиб далолат беришича, 1 мартдан 1 октябрга қадар мўътадил ижтимоий масофаланиш 1,7 миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолади. Унинг қабул қилинган кенг қамровли иқтисодий чора, яъни “статистик ҳаёт қиймати”га асосланиб билдиришича, шунча кишининг ўлимига йўл қўймаслик иқтисодиётга 8 триллион доллар ёки АҚШ ЯИМнинг 1/3 қисмига яқин фойда келтиради.
Шу ўринда муаллиф 1918 йилда рўй берган грипп пандемиясини тадқиқ қилган Массачусетс технология институти қошидаги Слоан мактаби иқтисодчиси Эмил Вернер сўзларини келтиради: “Биз вазиятга аралашиш ёки нормал иқтисодиётга қайтишдан бирини танламаслигимиз керак. Танловимиз иқтисодий аҳвол ҳозир ёмон бўладиган, аммо келгусида яхши бўлиб кетадиган аралашув ёки ҳеч нарса қилмасликдан иборатдир, у ҳолда пандемия назоратдан чиқиб, иқтисодиётга катта зарар келтириши мумкин”.
Тадқиқотчи фикрича, ўша пандемия АҚШдаги миллий ишлаб чиқариш 18 фоиз тушиб кетишига сабаб бўлган, аммо орадан бир йил ўтиб, грипп тақалиши сабаб чекловлар жорий этган шаҳарларда иқтисодий кўрсаткичлар анча яхшиланган.
Бугунги иқтисодиёт асосан хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтирилган бўлиб, 100 йил олдингидан фарқ қилади. Лекин бугунги шаҳарлардаги вазият ўйлаб кўришни тақозо қилади. Вернерга кўра, “вазиятга аралашиш иқтисодиёт учун ёмон бўлганига ҳеч қандай исбот йўқ. Пандемия ўта вайронкордир. Пировардида вазиятни юмшатишга қаратилган ҳар қандай сиёсат иқтисодиётга фойда келтиради”.
Иқтисодиётни тиклаш
Шу кунларда Нью-Йорк университети иқтисодчиси ва Нобель мукофоти лауреати Пол Ромернинг фикрлари асабий янграмоқда: “Биз ё иқтисодиётдан ёки одамлардан айрилишдай оғир вазиятга тушиб қолдик”, дейди у.
Олимга кўра, нисбатан осон стратегия “ҳам вирусни чеклаш, ҳам иқтисодиёт тикланишига йўл очиш”дир.
Ечим, дейди Ромер, ким инфекция юқтирганини аниқлаш учун касаллик аломатлари бўлмаган ҳар бир кишини қайта-қайта тиббий текширувдан ўтказишдир. (Касаллик белгилари бор кишилар COVID-19 юқтирган деб ҳисобланиши ва шунга яраша даволаниши керак). Кимда текширув вақтида вирус аниқланган бўлса, “ўзини яккалаши”, кимда аниқланмаган бўлса, ишга чиқиши, саёҳат қилиши ва бошқалар билан мулоқот қилиши мумкин, бироқ улар ҳар икки ҳафта ёки шунга яқин муддатда қайта текширувдан ўтказилиши лозим. Агар сизда касаллик аниқланмаган бўлса, қўлингизда самолётга чиқиш ёки ресторанга бемалол киришга рухсат берадиган карта бўлиши керак.
Тиббий текширувдан ўтиш ихтиёрий бўлиши лозим. Ромер баъзи кишилар бунга қаршилик қилиши, ҳатто касаллик юқтиргани аниқланган бўлса ҳам “ўзини яккалаш”ни истамаслигини тан олади, бироқ “аксарият кишилар тўғри ишни қилишни истайди”, дейди у ва бу вирус тарқалишини чеклаш учун етарли бўлиши мумкин.
Ромер Силикон водийсидаги Cepheid компанияси ёки дори-дармон ишлаб чиқарувчи йирик Roche компаниясининг янги ва тез ташхис қўядиган текширув воситалари мавжудлигини қайд этади. Roche компаниясининг энг яхши машиналари бир кунда 4200 кишини текширувдан ўтказиши мумкин. Мабодо 5000 та шундай машина ишлаб чиқарилса, кунига 2 миллион кишини текширувдан ўтказса бўлади.
‒ Бу – қўлимиздан келадиган иш, – дейди у.
Агар вирус юқтирган кишилар аниқланиб, изоляция қилинса, бошқаларга ишга чиқишига рухсат бериш мумкин.
Апрель ойи бошида Чикагонинг Бут номидаги мактаби ўтказган сўров натижасига кўра, иқтисодчиларнинг 93 фоизи “иқтисодиётнинг қайта юргизиб юбориш” учун “оммавий тиббий текширувдан ўтказишни кўпайтириш”га рози.
АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори-дармон бошқармаси собиқ директори Скотт Готтилиб ҳам барча кишиларни тиббий текширувдан ўтказишни фаоллаштиришни ва инфекция юқтирганларни “яккалаш” зарурлигини таъкидламоқда.
Таклифлар тафсилоти бир-биридан фарқ қилади, лекин барчасида ишга қайтиш хавфли бўлмаслиги учун ким ҳимоясиз ва ким ундай эмаслигини аниқлаш ниятида турли-туман ва кенг қамровли текширувлар ўтказиш зарурлиги қайд этилади.
Бироқ ҳадемай оммавий ва тез-тез тиббий текширувлар ўтказилишига оид исботлар жуда кам. Янги текширув воситалари пайдо бўлгани билан уларни аҳволи ўта оғир беморлар ва тиббий фронтнинг олдинги қаторида бўлган кишилар сотиб ола билмайди. Ҳалигача текширув тўпламлари ва уларни ўтказиш учун зарур бўлган жиҳозлар етишмаяпти.
Бундай инерция Ромернинг ҳафсаласини пир қиляпти. У Конгресс ажратган 2 триллион долларлик маблағни иқтисодиёт учун “паллиатив даволаш” деб атади. Унинг фикрича, 100 миллиард доллар тиббий текширувлар учун сарфланса эди, аҳвол “анча яхшиланган бўлур эди”.
Бир кун келиб иқтисодиётни очишимизга тўғри келади. Эҳтимол, пандемия чекина бошлаши аломатлари пайдо бўлгунга қадар сабр қилармиз ёки иқтисодий азоблар раҳбарлар учун ҳам, оғир зарар кўрган минтақаларда яшайдиган аҳоли учун чидаб бўлмас аҳволга олиб келар. Кенг қамровли тиббий текширувлар ўтказмайдиган бўлсак, ўша кун келганда, биз одамларни вирус юқтириш хавфи бор-йўқлигини ва уни бошқаларга юқтириши мумкинлигини билмай, қайтариб ишга жўнатамиз. “Биз бу ҳақда нотўғри ўйлаяпмиз”, дейди Ромер. Гап шундаки, бир кун келиб, иқтисодиёт қайта ишга туширилганда оммавий текширувларни ўтказмай туриб, вирус тарқалиши назорат остида деб ўйлаш хомхаёл бўлганини кўрамиз.
Бу – аста-секинлик билан кечадиган жараён, инфекция юқмаган ёки иммунитети бақувват кишиларга биринчи бўлиб иш жойларига қайтишга рухсат берилиши мумкин. Бироқ тиббий текширувларсиз биз ушбу ўтиш даврини қандай бошқаришни билмаймиз. Бундай ҳолатда Трампга хос тарзда иқтисодиётни қутқариш ёки ўлим ҳолатлари кескин ортиб кетишидан бирини танлашга мажбур бўлиб қоламиз.
Сурат манбаси: technologyreview.com
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Дихотоми́я (юнонча διχοτομία: δῐχῆ, «иккига» + τομή, «бўлиниш») — иккиланиш, ўзаро эмас, ичида боғлиқлиги бўлган икки қисмга изчил бўлиниш.