Марказий банк томонидан 2019 йилнинг III чораги якуни бўйича ўтказилган сўров натижаларига кўра, мамлакат иқтисодиётида умумий ҳолат аввалги чоракларга нисбатан яхшиланган. Мазкур сўровда иштирок этган 850 та корхона ва ташкилотлардан олинган маълумотлар шундан далолат берадики, мамлакатнинг реал секторида маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмлари ўсиши жадаллашган. Шунингдек, янги иш ўринлари яратиш борасидаги ҳам ижобий тенденциялар кузатилмоқда.
Аммо, юқорида айтилган ижобий тенденциялар билан бир қаторда табиий газ ва электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган корхоналар ҳам кам эмас. Бундан ташқари, сўровда қатнашган корхона ва ташкилотларнинг инвестицион фаоллиги мазкур чоракда сезиларли миқдорда пасайган. Айни кўрсаткич бўйича корхона ва ташкилотларнинг иқтисодий фаоллик даражаси сустлигича қолмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки 2018 йилнинг II чорагидан бошлаб маҳаллий корхона ва ташкилотлар иштирокида сўров ўтказишни йўлга қўйган. Мазкур сўровни ўтказишдан асосий мақсад иқтисодиётнинг реал секторидаги ҳолатни ва ўзгаришларни таҳлил қилиб боришдир.
Сўровнома шакли қатор хорижий марказий банклар, шу жумладан Россия Марказий банки, Қозоғистон Миллий банки ва бошқа МДҲ давлатлари марказий банклари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган.
Қуйида жорий йилнинг III чораги якуни бўйича ўтказилган сўровнома асосида тузилган ҳисоботнинг асосий хулосалари ва муҳим жиҳатларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ишлаб чиқариш, экспорт ва маҳсулотлар таннархининг ошиши
Сўров натижаларига кўра, жорий йилнинг III чорагида республика иқтисодиётининг реал секторида ишлаб чиқариш ҳажмлари ошиши давом этди. Буни респондентларнинг 65 фоизи таъкидлаган, атиги 11 фоизи эса ишлаб чиқариш ҳажмини камайганлиги ҳақида маълумот берган. Сўровда қатнашган корхоналарнинг қолган қисмида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ўзгармаган.
Экспорт ҳажмининг ошганлигини маълум қилган корхона ва ташкилотлар улуши II чоракдаги 56 фоиздан III чоракда 60 фоизгача кўпайган. Шу жумладан, экспорт ҳажмининг ошганлигини қайд қилган респондентлар улуши давлат корхоналари секторида 47 фоизни, хусусий сектор корхоналарида эса 63 фоизни ташкил қилган.
Ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг ўсиши билан бир қаторда, сўровда иштирок этган корхоналарнинг ярмидан кўпроқ қисмида маҳсулот ва хизматлар таннархининг ошиши кузатилган. Маҳсулот таннархининг ошишига сабаб бўлган асосий омил сифатида биринчи ўринда хом-ашё нархларининг ошиши қайд этилган. Иккинчи ўринда – энергия ресурслари нархининг ошиши, иш ҳақи харажатларининг ошиши эса охирги – учинчи ўринда қайд этилган.
Корхоналарнинг энергия манбалари билан таъминланиш ҳолати
Табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган корхоналар улуши 2019 йил II чоракдаги 33 фоиздан жорий йилнинг III чорагида 29 фоизгача, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган корхоналар улуши эса 42 фоиздан 39 фоизгача камайган. Аммо бу ижобий ўзгаришларга қарамай, корхоналарнинг деярли учдан бир қисми газ таъминотидаги, деярли 40 фоизи эса электр энергияси таъминотидаги узилишлар шароитида фаолият юритиб келмоқда. Айниқса, энергия манбалари таъминотида муаммолар мавжудлигини маълум қилган респондентлар улуши хусусий секторда нисбатан юқоридир.
Инвестициялар, янги иш ўринлари ва маошлар
2019 йилнинг III чораги мобайнида сўровда иштирок этган реал сектор корхона ва ташкилотларининг инвестицион фаоллиги (ишлаб чиқаришни янгилаш ва кенгайтириш билан боғлиқ инвестицияларни амалга ошириш) пасайган. Инвестицион харажатларни амалга оширган корхоналарнинг улуши II чоракдаги 31 фоиздан III чоракда 27 фоизгача камайган. Инвестицион фаолликнинг пасайиши асосан давлат корхоналари секторида қайд қилинди. Бунга қарамай, сўров натижалари шундан далолат берадики, давлат корхоналарида инвестицион фаоллик даражаси хусусий секторга нисбатан юқори бўлиб қолмоқда.
Сўров давомида респодентларнинг 37 фоизи янги иш ўринлари яратилганлигини маълум қилган. Бунда, иш ўринлари сонининг ошганлигини қайд этган хусусий сектор корхоналари улуши давлат корхоналарига нисбатан юқори бўлиб, 39 фоизни ташкил этган.
Иқтисодий тармоқлар кесимида қаралганда, иш ўринлари сонининг ошганлигини маълум қилган респондентлар улуши асосан енгил саноатда (37 фоиздан 41 фоизгача), автомобил саноатида (11 фоиздан 40 фоизгача), савдо ва умумий овқатланиш соҳасида (34 фоиздан 46 фоизгача) кўпайган.
III чорак давомида иш ҳақи миқдорини оширган корхона ва ташкилотлар улуши аввалги чоракдаги 52 фоиздан 63 фоизгача кўпайган. Бу ҳолат, ўз навбатида, жорий йилнинг август ойидан минимал иш ҳақи миқдорининг оширилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Иш ҳақи миқдорларининг оширилиш даражасига келсак, маошлар оширилган корхона ва ташкилотларнинг 79 фоизида иш ҳақи миқдори 1-10 фоиз оралиғида, қолган 21 фоизида эса 10 фоиздан юқори миқдорда оширилган.
Жорий чорак якуни бўйича иш ҳақи миқдорлари ўсиш даражасининг секинлашиши кутилмоқда. Сўровда қатнашган корхона ва ташкилотларнинг 51 фоизи IV чорак якуни бўйича иш ҳақи миқдори оширилиши мумкинлигини маълум қилган.
Сўров иштирокчилари таркиби ва географияси
2019 йил III чорагида ўтказилган сўров доирасида жами 850 та маҳаллий корхона ва ташкилотлар иштирок этди. Сўров иштирокчиларининг иқтисодий тармоқлар бўйича таркиби ва сони:
· озиқ-овқат саноати – 23% (194 та)
· енгил саноат – 20% (168 та)
· қурилиш материаллари саноати – 12% (101 та)
· савдо ва умумий овқатланиш – 11% (89 та)
· қурилиш – 8% (68 та)
· транспорт – 7% (61 та)
· кимё саноати – 6% (52 та)
· тиббий хизмат – 4% (35 та)
· туризм – 3% (28 та)
нефть-газ, электроэнергетика, донни қайта ишлаш, тоғ-кон ва автомобиль саноати ҳамда бошқа соҳалар – 6% (54 та).
Республика ҳудудлари иқтисодиётидаги жорий ҳолатни ва ўзгаришларни тўлақонли ва сифатли баҳолаш мақсадида мамлакатнинг ҳар бир ҳудудидан (ҳар бир вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан) камида 54 тадан корхона иштирок этди. Шунингдек, ҳудудлар иқтисодиётининг барча асосий тармоқлари қамраб олинди ва ҳар бир иқтисодий тармоқ бўйича камида 2 тадан корхона (ташкилот) сўровда қатнашиш учун танлаб олинган.
Мазкур сўровда иштирок этган йирик корхона ва ташкилотлар: “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзшаробсаноат” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” АЖ таркибига кирувчи корхоналар, “Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” АЖ, “Навоий тоғ-кон металлургия комбинати” ДУК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК.
Сўров натижалари юзасидан батафсил маълумотлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: Ўзбекистон Марказий банки. 2019 йилнинг III чораги якуни бўйича иқтисодиётнинг реал секторидаги ҳолат ва кутилмалар.
Сурат манбаси: uzdaily.uz