Муаллиф: Питер Сэмлер
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил майида АҚШга сафаридан сўнг иккала маъмуриятнинг, айниқса, иқтисодиёт соҳасидаги муносабатлари фаоллашди. Иккала маъмурият ҳам хусусий бизнес ташаббусига қаттиқ ишонади. Мирзиёевнинг “тарихий” деб аталган сафари муваффақиятли бўлди: узоқ йиллар давом этган изоляциядан сўнг Америка компанияларининг Ўзбекистонга 5 миллиард долларлик инвестиция киритиш ваъдаси олинди.
Иккала президент учрашувидан сўнг орадан ўтган бир ярим йил мобайнида Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларга эътиборини кучайтирди ва ишониш мумкин бўлган шерик сифатидаги обрўсини мустаҳкамлади, бироқ айрим сиёсий ўзгаришлар бўйича ваъдаларини бажаришдан тайсаллаб турибди. Иккала мамлакат ўртасидаги иқтисодий масалаларни, айниқса, АҚШ савдо вазирлиги ҳал этишга қаттиқ киришган. АҚШ савдо вазири Уилбур Росс ўтган йил октябрида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди, унинг сафари ортидан икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари бир-бирининг меҳмони бўлди, шунингдек, АҚШнинг 13 та компанияси вакиллари Ўзбекистонга келиб кетди. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев жорий йил апрелида Вашингтонга сафар қилди. Бундан ташқари, Давлат департаменти Ўзбекистонга илгари давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича бюросидаги ёрдамчиси ўринбосари бўлиб ишлаган Дэниел Розенбаумни янги элчи қилиб жўнатди. Савдо вазири Росснинг фикрича, у АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги “муносабатларнинг ашаддий ҳимоячиси”дир.
Жорий йил октябрида бўлиб ўтган Америка-Ўзбекистон савдо палатаси форумида Росс АҚШ Ўзбекистон билан иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашни режалаштираётганини маълум қилди. Вазир қайд этишича, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан муносабатларини яхшилаётгани ва ҳамкорликни ривожлантираётгани “уни жозибадор бозорга айлантирмоқда, чунки мамлакатга сармоя ётқизаётган компаниялар фаолиятини бутун минтақага ёйиши мумкин”. Вазир келтирган статистик маълумотларга кўра, икки мамлакат ўртасидаги товарлар айланмаси 2017 йилдаги 136 миллион АҚШ долларидан 2018 йилда 300 миллион долларга етиб қолди. 2019 йилнинг дастлкабки 8 ойида эса 455 доллар миллион бўлди, бу ўтган йилгига нисбатан икки баробар кўп.

АҚШ яна Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-сотиқ ва инвестиция бўйича ҳадли битим имзолади, унга Афғонистонни ҳам тўлақонли аъзоси сифатида қўшиб олиш режалаштирилмоқда. Бироқ иш муносабатларимни янада ривожлантириш учун АҚШ ҳукумати Ўзбекистон Халқаро савдо ташкилотига (ХСТ) аъзо бўлиши, интеллектуал мулк ҳуқуқи, солиққа тортиш, қонун устуворлиги, давлат харидларини тартибга солиш бўйича яна ислоҳотлар ўтказиши кераклигини айтмоқда.
Ўзбекистон АҚШнинг Миссисипи штати билан алоҳида алоқалар ўрнатмоқда, штат губернатори Фил Брайант 2019 йил майида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Миссисипи билан Ўзбекистон “Миллий гвардиянинг ҳамкорлиги” давлат дастури (State Partnership Program – SPP) доирасида ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу дастурга кўра, АҚШ Миллий гвардияси шахсий таркиби ҳамкор мамлакатлар миллий қуролли кучларини мустаҳкамлашда ёрдам беради. Бундай ҳамкорлик Қозоғистон билан Аризона штати (1993 йил), Қирғизистон билан Монтана штати (1996 йил), Тожикистон билан Вирижиния штати (2003 йил), Ўзбекистон билан Миссисипи штати (2012 йил) ўртасида ҳамда Африка, Осиё ва Лотин Америкасидаги кўплаб бошқа мамлакатлар билан ҳам йўл қўйилган.
Ўзбекистонни қўллаб-қувватловчи сенаторлар гуруҳи раҳбари, АҚШ конгрессмени ва Миссисипи штати миллий гвардияси бригада генерали Трент Келлининг фикрича, АҚШ билан Ўзбекистоннинг хусусий инвестициялари Марказий Осиё ва ҳатто Афғонистондаги барқарорликни таъминлаб бериши мумкин. Келли “Voice of America” радиосига берган интервьюсида, “Ўзбекистон биз толиблар ва Афғонистон ҳукумати билан олиб бораётган ҳар қандай тинчлик жараёнининг марказида туради”, деб ҳисоблашини билдирди. 2019 йил Вашингтон шаҳридаги Роналд Рейган марказида миллий мустақиллик байрамини нишонлаш маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Келлига президент фармони билан тақдирланган “Дўстлик” орденини топширган эди.
OPIC Қозоғистонда 1994 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. 2018 йилда корпорация Kazakh Invest директорлар кенгаши раиси Сапарбек Туёқбоев билан АҚШнинг Қозоғистондаги инвестицияларини қўллаб-қувватлаш ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолади. Битим ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий, ўсиш, ривожланиш ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш йўли билан Қозоғистонга ёрдам беришга қаратилган.
Чет эл хусусий инвестициялари корпорацияси (OPIC) АҚШнинг мустақил давлат агентлиги бўлиб, Америка корхоналарига ривожланаётган бозорларга сармоя ётқизишида кўмаклашади. 1971 йилда ташкил этилган ушбу ташкилот корхоналарни бевосита чет эл инвестицияларига оид хатарларни бошқариш воситалари билан таъминлайди, бозор муносабатлари шаклланаётган мамлакатларда иқтисодий ривожланишга кўмаклашади ҳамда АҚШнинг ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлигига оид устувор вазифаларини қўллаб-қувватлайди. OPIC Америка компанияларининг янги бозорларга яхшилаб жойлашиб олишига ёрдам беради, янги даромад олишни рағбатлантиради, янги иш ўринлари ташкил этиш, мамлакатда ҳам чет элларда ҳам имкониятларни кенгайтиришга кўмаклашади.
Қозоғистонда ҳам АҚШ билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш учун шундай платформа мавжуд, бу Қозоғистон Республикаси билан Қўшма Штатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича юксак даражадаги комиссиядир. Комиссиянинг Қозоғистон тарафидан ҳамраиси – савдо-сотиқ ва интеграция вазири Бахит Султанов, Америка тарафидан ҳамраис эса – АҚШ савдо вазири Уилбур Росс.
Америка Қўшма Штатлари Қозоғистоннинг асосий стратегик шерикларидан биридир. Иккала мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2018 йилда ундан йилдагига нисбатан 36 фоиз ўсиб, 2,2 миллард АҚШ доллари бўлди.
Муаллиф ҳақида:
Питер К. Семлер – Capitol Intelligence гуруҳининг бош ижрочи муҳаррири ва асосчиси. Илгари Вашингтон шаҳридаги (Колумбия округи) Financial Times газетасига қарашли Mergermarket (Dealreporter / Debtwire) бюроси раҳбари, АҚШ Вакиллар палатаси ва Сенатининг сиёсат ва иқтисодиётга оид фаолиятини ёритишга бош-қош бўлган.
