Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Ўзбекистон Молия вазирлиги мамлакатнинг давлат қарзи бўйича маълумотларни эълон қилди. Ушбу маълумотлар келгуси йил учун бюджет лойиҳасида келтирилган. Вазирликнинг прогнозига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи ва ички кредиторлар олдидаги давлат қарзи 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра 21,3 миллиард долларга етади, шу жумладан, ташқи қарз – 15,3 миллиард долларни ташкил қилади. Давлат қарзининг мамлакат иқтисодиётига тушадиган “юкини” англашда қўлланиладиган муҳим кўрсаткичлардан бири – унинг мамлакат иқтисодиёти ҳажмига нисбати, яъни ЯИМга нисбатидир. 2020 йилнинг бошида Ўзбекистон давлат қарзининг умумий ҳажми мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ҳажмига нисбатан 36 фоизни, ташқи қарз эса 25,4 фоизни ташкил қилади. Бу умумий давлат қарзи ЯИМнинг деярли учдан бир қисмига, ташқи қарз эса тўртдан бир қисмига тўғри келади дегани. Марказий Осиё минтақасининг бошқа мамлакатлари билан таққослаганда бу кўпми ёки оз? Қўшни мамлакатларнинг давлат қарзи қанча?
Юқорида келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, Қирғизистон ва Тожикистонда давлат қарзи миқдори минтақадаги бошқа мамлакатларга қараганда анча кам. Аммо уларнинг иқтисодиёти ҳажмини ҳисобга олганда, бу қарз миқдори ушбу мамлакатлар иқтисодиёти учун сезиларли даражада катта “юк” ҳисобланади. Қирғизистон ва Тожикистонда давлат қарзининг умумий ҳажми уларнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг деярли ярмига тенг. Мазкур икки мамлакат давлат қарзининг ЯИМга нисбати бўйича минтақада етакчи ҳисобланади. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон энг катта миқдордаги давлат қарзига эга, аммо айни пайтда унинг ЯИМга нисбати минтақада энг кичик қийматни ташкил қилади.
Давлат қарзи – давлатнинг ташқи ва ички кредиторлар олдидаги қарзлари, шу жумладан, мазкур қарзлар бўйича ҳисобланган фоизлар миқдори ҳамдир. Оддий қилиб айтганда, давлат қарзи – бу давлатнинг хорижий кредиторлар (хорижий давлатлар ва сармоядорлар, халқаро молиявий институтлар) ҳамда ўз фуқаролари ва юридик шахслар – резидентлар олдидаги мажбуриятларидир. Умуман олганда, давлат қарзи иккига бўлинади – ташқи ва ички қарзлар. Шу билан бирга, “Давлат ташқи қарзи” ва “мамлакатнинг умумий ташқи қарзи” тушунчаларини чалкаштирмаслик лозим. Биринчиси давлатнинг ташқи кредиторлар олдидаги мажбуриятларини, иккинчи тушунча эса мамлакатнинг норезидентлар олдидаги умумий мажбуриятларини, шу жумладан давлат ва хусусий секторларнинг қарзини ўз ичига олади.
Сурат манбаси: promdevelop.ru