Агар сиз замонавий агробизнеснинг қанчалик даромадли ва муваффақиятли эканига ва шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни самарали ташкил қилиш қишлоқ жойларда барча ижтимоий муаммоларни ҳал қилишига ишонч ҳосил қилишни истасангиз, Молдованинг Костешти қишлоғига ташриф буюришингиз керак.
Костешти (Костешты ёки Костешть, румин ва молдаван тилларида – Costeşti) қишлоғида 12 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ушбу қишлоқ фермерлари ҳар йили умумий қиймати қарийб 30-40 миллион долларга тенг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, ички ва ташқи бозорларда сотади. Бу аҳоли жон бошига тахминан 3000 долларга тенг йиллик даромад дегани. Қишлоқда етиштириладиган асосий маҳсулот – узум. Костештида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш орқали миллионерга айланган фермерлар сони кам эмас. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу қишлоқда агробизнеснинг ривожланиши айни авжида ва келажакда катта салоҳиятга эга. Бу дегани, қишлоқдаги миллионерлар сони ортиб бораверади.
EastFruit сайти Костештилик фермерларнинг муваффақиятлари ва уларнинг ноёб тажрибасига бағишланган бир қатор мақолаларни эълон қилди. Қуйида ушбу муваффақиятларга эришишда қандай омиллар муҳим рол ўйнагани ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Костешти қишлоғининг тажрибаси Ўзбекистон учун нега муҳим?
Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилотининг 2017 йил ҳолати маълумотларига кўра, узумзорлар майдони бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида 2-ўринда (Молдова Республикасидан кейин), дунё миқёсида эса 17-ўринда туради. Ўзбекистонда жами 45 та узум навлари мавжуд. 2018 йилда республикада 1,56 миллион тонна узум етиштирилди, 2017 йилда эса бу кўрсаткич 1,75 миллион тоннани ташкил қилган.
Костешти қишлоғи аҳолисининг ноёб тажрибаси Ўзбекистонда қабул қилинган “Бир маҳалла – бир маҳсулот” давлат дастурининг реал ҳаётдаги муваффақиятли намунаси деса ҳам муболаға бўлмайди. Мамлакат раҳбарининг жорий йил март ойида имзолаган қарорига биноан, барча ҳудуд раҳбарлари олдига уларнинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳар бир маҳаллани (ҳудудни) аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш вазифаси қўйилган. Жорий йилнинг октябрь ойида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида узумчиликка ихтисослашган мевачилик кластерлари мисолида мазкур тамойилнинг амалиётда қандай қулланилаётгани ҳақида махсус репортаж чоп қилинган эди.
Костешти фермерларининг муваффақиятли тажрибасида уларнинг кооперацияларга бирлашгани ва бошқа шаклдаги ҳамкорлиги муҳим рол ўйнайди. Маълумки, яқинда қабул қилинган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида кооперация муносабатларини ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Шарқий Европанинг узумчилик пойтахти
Костешти қишлоғида узумчилик асосий фаолият ҳисобланади. Токзорлар нафақат майда, ўрта ва йирик фермерлар ерларининг, балки аҳоли томорқаларинг асосий қисмини ташкил қилади. Умуман олганда қишлоқда 1,5 минг гектардан ортиқ узумзорлар мавжуд. Ҳар бир гектар ердан ўртача йиллик даромад 23 минг долларни ташкил қилади. Костешти токзорларида асосан узумнинг Молдова нави етиштирилади. Узумнинг ушбу нави узоқ вақт давомида махсус омборларда сақланиши мумкин ва у маҳаллий иқлим шароитига яхши мосланган.
Ҳосилни совуқ ҳаво таъсирида нобуд бўлиш хавфини камайтириш учун Костештида узум тепалик ва адирларда етиштирилади. Эрта баҳорда совуқ ҳаво оқими тепадан пастга силжийди ва ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келмайди. Айни пайтда Костешти фермерлари адир ва тепаликларда суғориш тизимини яратиш режаси устида ишламоқда, чунки сув маҳаллий фермерлар учун асосий муаммодир.
Маҳсулотнинг асосий қисми экспорт қилинади. Молдовадан экспорт қилинадиган барча узумларнинг учдан бир қисми Костештида етиштирилади. Молдова минтақадаги энг йирик узум экспортчиси бўлганлиги сабабли, Костешти қишлоғини Шарқий Европанинг ҳақиқий “узумчилик пойтахти” деб аташ мумкин.
Қишлоқнинг дашт ва яланглик қисмларида олхўри ва гилос етиштирилади. Молдовада олхўри ҳосилини музлатгичлар ёрдамида ҳаттоки февраль ойигача сақлашни билишади. Одатда, олхўрини янги йил байрамигача сотиб бўлишади, эзилган ва “некондиция” ҳолдаги қисмидан эса мева спиртини ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланилади.
Кооперация – муваффақиятнинг асосий омилларидан бири
Молдова Республикасининг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Ион Суланинг (Ion Sula) сўзларига кўра, узум етиштирувчи ва экспортчилари ассоциациясининг ташкил қилиниши Молдовада ва Костешти қишлоғида узумчиликни ривожлантиришда муҳим рол ўйнади. Ушбу уюшма узумчилар ва боғбонларга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш технологияларини такомиллаштиришда фаол ёрдам бериб, уларнинг ҳамкорликда ишлашига катта ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари, ассоциация фермерларга ички ва ташқи мева бозорларида самарали маркетинг олиб боришда ҳам ёрдам беради. Айни пайтда мазкур Ассоциация Молдованинг 105 қишлоқ хўжалиги корхоналарини ва фермерларини бирлаштирган.
Ҳозирги кунда фермерларнинг аксарияти махсус GlobalGAP сертификатига эга. Ушбу сертификатнинг мавжудлиги узумни нафақат МДҲ мамлакатларига, балки Европа Иттифоқи мамлакатларига ҳам экспорт қилишга имкон беради. Бу сертификатга қўшимча равишда, Молдова узумининг энг йирик импортёрларидан бири бўлган Россия ҳар бир ишлаб чиқарувчидан ўз сертификациясини талаб қилмоқда. Шу боис, Молдова боғбонлари сертификатлашнинг умумий харажатларини камайтириш учун бирлашишга ҳаракат қилмоқдалар. Бирлашишнинг яна бир сабаби – маҳсулотни йирик партияларда шакллантириш учун маҳсулот сифатини унификациялашдир. Маҳсулотни йирик ҳажмдаги партияларини шакллантириш экспорт учун жуда муҳим. Бунинг учун Ассоциация махсус тренинглар ўтказмоқда, мазкур қишлоқ ва унинг атрофидаги барча фермерларнинг технологияларини синхронлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Узум етиштиришда илғор технологиялар
Нохуш об-ҳаво ва дўлнинг узумга зарар етказиш хавфини камайтириш учун Костештида токларни махсус плёнкалар билан қоплай бошлашди. Молдовалик узумчиларнинг фикрига кўра, Молдова шароитида токзорлар махсус қопламалар билан ҳимоя қилинмаса, сифатли маҳсулот етиштириш амри-маҳол, чунки ҳосилни йиғиш олдидан ҳар қандай ёмғир маҳсулот сифатига жиддий зарар этказиши ва уларни узоқ муддатли сақлаш учун яроқсиз ҳолга келтириши мумкин. Бундай узумни фақат узум спиртини ишлаб чиқарувчиларга жуда арзон нархда сотиш мумкин. Фермерлар учун бу фойдани буткул йўқотиш дегани. Махсус плёнкалар билан токзорларни ёпиш ҳосил йиғиш мавсумини узайтириш имконини ҳам беради. Бу ишчи кучи етишмаслиги шароитида жуда муҳимдир. Ҳосил йиғиш мавсумида юқори иш ҳақи ва ишчи кучининг етишмаслиги нафақат Костештида, балки бутун Молдова миқёсида жиддий муаммолардан биридир. Токзорларни махсус пленкалар билан ёпиш тахминан гектарига 20 минг доллардан кўпроққа тушади. Мазкур технологиянинг қимматлигига қарамай, бу харажатлар қисқа муддатда ўзини оқлайди.
Бундан ташқари, Костешти фермерлари узум етиштиришда бирин-кетин пергола (pergola) технологиясига ўтмоқдалар. Ушбу технология ҳосилдорликни анча оширади. БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бир неча йиллардан буён ушбу технологияга ўтиш ғоясини илгари сурмоқда. Бу эса ўзининг биринчи ижобий натижаларини бермоқда. Шунингдек, Костештининг кўплаб токзорларида сувдан самарали фойдаланиш, нохуш об-ҳавонинг ҳосилга зарар етказиш хавфини камайтириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилаш мақсадида тупроқ намлиги сезгичлари билан жиҳозланган метеостанциялар ўрнатилган.
Охирги йилларда Молдова фермерлари иссиқхоналарда узум етиштириш технологиясини амалда қўлламоқдалар. Ушбу технология деярли икки баравар кўп ҳосил олиш ва махсус музлатгич омборхоналаридан фойдаланилмаган ҳолда маҳсулотни 4-5 баравар қимматроқ нархда сотиш имконини беради. Бундан ташқари, иссиқхона усулида бозорда юқори талабга эга бўлган эртачи узумни етиштириш мумкин. Ёпиқ усулда етиштирилган узумнинг сифатига совуқ ҳаво, дўл, ёмғир ва шу каби омилларнинг таъсири деярли йўқ, зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ харажатлар кескин камаяди. Бундай маҳсулотнинг юқори сифати туфайли уни истеъмолчиларга етказиб бериш ҳам анча қулай. Маҳсулотнинг бу жиҳатлари супермаркетлар тармоғи ва улгуржи олиб сотувчилар учун унинг қийматини оширади.
Узум етиштиришда иссиқхона технологиясини амалда қўллаган биринчи фермерлар бу услуб анъанавий усулларга қараганда гектарига 6-10 баравар кўпроқ даромад олишлари мумкинлигини тушунишди. Шу боис, келгуси йилларда узум бизнесининг мазкур сегментини жадал ривожланиши кутилмоқда. Костешти қишлоғида янги технологияларга сармоя киритиш учун маблағлар етарли, сабаби, анъанавий усулда узум етиштириш бизнеси ҳам даромадлидир.
Костешти Европада энг кўп меваларни сақлаш омборларига эга ҳудуд
Костешти қишлоғида меваларни сақлаш учун 100 дан ортиқ махсус музлатгичли омборхоналар мавжуд. Бундай омобохоналарнинг ҳар бирида 20 минг тоннадан ортиқ маҳсулотни сақлаш мумкин.
Бу ерда узум ва олхўри сақлаш учун музлатгичлар қурилиши 15 йил олдин бошланган. Ўша йилларда кўп хатоларга йўл қўйилди. Энг кенг тарқалган хатолардан бири бу кичик ҳажмдаги музлатгичларнинг қурилиши бўлди. Натижада, уларда меваларни сақлаш қиймати жуда юқори бўлиб чиқди, бу эса лойиҳаларнинг ўзини оқлашига салбий таъсир кўрсатди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг иқтисодчиси Андрей Ярмакнинг таъкидлашича, Молдовада агробизнес ривожининг дастлабки босқичларида бундай музлатгичларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари эмас, балки олиб-сотарлар ва улгуржи савдогарлар қурган. Улар ҳосилни йиғиш мавсумида узумни арзонроқ кўтара нархда сотиб олиб, маълум вақт музлатгичларда сақлаб, қимматроқ нархда сотишди. Бу услуб махсус омборлар (музлатгичлар) сони оз бўлган даврдагина яхши иш берди ва улгуржи савдогарлар даромадини таъминлаб берди. Бироқ, музлатгичлар сони кўпайган сари бундай бизнес тобора камроқ фойда келтира бошлади. Иқтисодчининг фикрига кўра меваларни сақлаш алоҳида бизнес эмас, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотиш бизнесининг ажралмас қисмидир. Шу сабаб, меваларни сақлаш махсус омборхоналари аста-секин фермерлар ва уларнинг кооперативлари ихтиёрига ўта бошлади. Агар фермер узоқ муддат сақлашга мўлжалланган кўп миқдордаги мева ва сабзавотларни етиштирса, у нафақат маҳсулот етиштириш таннархини, балки уни сақлаш билан боғлиқ харажатларни ҳам ҳисобга олиши лозим. Кўп ҳолларда маҳсулотни сақлаш билан боғлиқ харажатлар токзор ёки боғларни барпо этиш харажатларидан ҳам кўпроқдир. Бу фермерларнинг кооперациясини янада долзарб қилади.
Бу борада “Эко-Фрукт” кооперативи яққол мисол бўла олади. Кооператив аъзолари биргаликда (ҳамкорликда) ўз маҳсулотларини сақлайди ва шунингдек, бошқа фермерларга ҳам мева сақлаш хизматларини кўрсатади. Кооператив ўзининг замонавий музлатгичли сақлаш омборига, маҳсулотларни саралаш ва қадоқлаш линияларига эга. Бундан ташқари, кооператив маҳсулотларни ички бозор истеъмолчиларига етказиб бериш ва мустақил равишда экспорт қилиш учун 7 та юк машинасига эга.
Молдова фермерлари федерацияси FARM директорининг ўринбосари Юрий Хурмузаки (Iurie Hurmuzachi) Костешти қишлоғида фермерларнинг самарали кооперация даври бошланаётганлигини таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, бу минтақадаги меваларни етиштириш ва сотишни ривожлантиришда муҳим босқичдир.
“Агар фермер кўпроқ сифатли маҳсулотлар етиштирса, уларни зарур шароитларда сақлаб, харажатларини камайтира олса, шунда у кўпроқ даромад олади. Айнан кооперацияга бирлашиш орқали Молдованинг узумчи фермерлари ўз даромадларини ошириши мумкин, деб ўйлайман. Бу уларга илғор технологияларни амалда қўллаш ва шунингдек, ўқиб-ўрганишга ва энг муҳими маркетингга сармоя киритиш учун маблағ топиш имконини беради. Ўйлаймизки, вақт ўтиши билан, Костешти Шарқий Европа ва Марказий Осиё узумчилари учун ўзига хос бизнес мактабига айланади. Биз доимо ўз тажрибамиз билан бўлишиш ва бошқалардан ўрганишга тайёрмиз”, дейди Юрий Хурмузаки.
2018 йилда жаҳон узум бозорининг умумий ҳажми 167,9 миллиард долларни ташкил қилди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 254,29 миллиард долларга етади, яъни 51 фоизга ўсади.
Сурат манбаси: kistlervineyards.com