Қишлоқ хўжалиги Марказий Осий мамлакатлари иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Қозоғистон дунёдаги энг йирик буғдой экспортерларидан бири ҳисобланади, шунингдек гўшт экспорт қилиш бўйича ҳам катта салоҳиятга эга. Ўзбекистон 2017 йилдан бери қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини ошириб келмоқда. Қирғизистон ва Тожикистонда мол гўшти ва сут маҳсулотларини етиштириш тармоқлари жадал ривожланмоқда. Аммо минтақа давлатлари санитария ва фитосанитария меъёрлари билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Ушбу меъёрлар кўплаб мамлакатларда амал қилаётган сифат талабларига жавоб бермайди.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақаси бўйича директори Лилия Бурунчук санитария ва фитосанитария меъёрларини такомиллаштириш минтақанинг экспорт салоҳиятини анча кенгайтириши мумкинлиги тўғрисида мулоҳаза юритади. Унинг “Санитария ва фитосанитария меъёрларини модернизация қилиш ҳисобига Марказий Осиё мамлакатларинг озиқ-овқат экспорти потенциалини кучайтириш” номли мақоласи банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинди. Қуйида ушбу мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган соҳалардан биридир. Айни дамда дунёдаги энг йирик буғдой экспортёрларидан бўлган Қозоғистоннинг (республика ҳар йили 9 миллион тоннадан ошиқ ғалла экспорт қилади) мол ва қўй гўштини экспорт қилиш бўйича ҳам катта салоҳияти мавжуд.
Ўзбекистоннинг ҳам қишлоқ хўжалик экинларини ишлаб чиқариш бўйича йирик базаси бор, ушбу мамлакат 2017 йилдан бери қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини тинмай ошириб келмоқда. Қирғизистон билан Қозоғистонда мол гўшти ва сут маҳсулотларини етиштириш тармоқлари жадал ривожланмоқда. Айни соҳалар Марказий Осиё ва минтақадан ташқаридаги бозорларни мўлжалга олмоқда.
Шунга қарамасдан, минтақа мамлакатлари санитария (чорвачиликда) ва фитосанитария (ўсимлик маҳсулотлари етиштиришда) меъёрлари билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Улар айни пайтда кўпгина мамлакатларда амал қилаётган сифат талабларига жавоб бермайди.
Эскириб кетган қонунчилик, лабораториялар имкониятлари заифлиги ва чегара назорати идоралари билан ҳамкорлик етарли эмаслиги – буларнинг барчаси Марказий Осиё мамлакатларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида савдо-сотиқни кенгайтириш имкониятларини жиддий равишда чеклаб қўймоқда.
Айни чоғда кўзланган экспорт бозорларида истеъмолчиларнинг даромади ва талаблари ошиб бораётгани маҳсулот сифати ва хавфсизлигини экспорт муваффақиятининг асосий омилига айлантирмоқда. Бу нафақат ривожланган мамлакатлар бозорлари, қолаверса, Хитой, Вьетнам ва Таиланд сингари Осиё мамлакатлари иқтисодиётига ҳам тегишли. Ушбу мамлакатларда ҳам маҳсулот сифати ва хавфсизлигига бўлган талаб ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан бутун дунё мамлакатлари қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминловчи чораларга инвестиция киритмоқда. Масалан, Уругвайда ҳайвонлар саломатлиги профилактикаси учун киритилган сармоялар ушбу мамлакатнинг Хитой бозоридаги мол гўшти етказиб бериш бўйича улушини уч мартадан кўпроқ ошишига сабаб бўлди: сўнгги 8 йил ичида бу кўрсаткич 5 фоиздан 50 фоизга кўтарилди. Қойил дейишдан ўзга илож йўқ. Бошқа кўпгина мамлакатларда ҳам санитария ва фитосанитария стандартлари талаблари кучайтирилгандан сўнг ижобий натижаларга эришилаётгани кўзга ташланмоқда.
Марказий Осиёда ҳам энг яхши санитария ва фитосанитария меъёрларини қўллаш озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин ҳамда минтақанинг экспорт потенциалини анча-мунча ошириш имконини беради. Ушбу соҳадаги минтақавий ҳамкорлик иш самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтириш орқали мамлакатларга потенциалини рўёбга чиқаришида қўл келиши шубҳасиз.
Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш меъёрларини мувофиқлаштириш
Гўшт ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини ошириш учун Марказий Осиё мамлакатлари чорвачилик ва ўсимликлардан олинадиган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, яъни истеъмолчилар ҳуқуқиини ҳимоя қилиш борасида жаҳон стандартларини жорий қилиши зарур бўлади. Ушбу соҳада минтақадаги бошқа мамлакатлар билан бирга бир ёқадан бош чиқариб, ҳамкорлик қилиш янада яхшироқ натижаларга эришишга эш бўлади – Жаҳон банкининг бошқа минтақалардаги тажрибаси шундан далолат бериб турибди.
Бундай ҳамкорликни мамлакатлар ўртасида давлат меъёрларини ҳамда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлиги талаблари битилган қоидаларни модернизация қилиш режалари ҳақида ахборот алмашишдан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлур эди, бу ушбу соҳадаги ислоҳотларни синхронлашда ёрдам беради. Яна давлат меъёрларининг халқаро қоидалар, масалан, Жаҳон савдо ташкилоти стандартларига мослигини таъминлаш учун мавжуд меъёрлар базасини қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Бироқ маҳсулотларнинг янги стандартларини жорий этиш ҳамда уларнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш муайян вақтни олади ва анча-мунча молиявий харажатларга сабаб бўлади. Масаланинг ижобий жиҳати шуки, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик ушбу харажатларни камайтириш имконини беради.
Ҳайвонлар касалликлари профилактикаси
Маълумки, ҳайвонлар касалликлари бир мамлакатдан бошқасига тез тарқалиб кетиши мумкин, касалликлар учун давлат чегараси тўсиқ бўла олмайди. Бу ўз навбатида озиқ-овқат ва соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятларга олиб келиши ва мамлакатларга мисли кўрилмаган иқтисодий зарар етказиши мумкин.
Мисол учун, айни дамда Хитойда тарқалган чўчқа гриппи эпидемияси ушбу ҳайвон сонини 1/3 қисмга қисқартириши кутилмоқда. Бу касаллик Монголия, Камбоджа, Вьетнам ва Гонконгга тарқалиб кетди, чўчқа гўшти ишлаб чиқаришга катта зарар етказди, энг қашшоқ аҳолини бор-йўғидан айирмоқда.
Ветеринария хизматлари ўз ишини сифатли бажариши ва мустаҳкам минтақавий ҳамкорлик ушбу эпидемия оқибатларини камайтиришда қўл келиши мумкин.
Бунақа эпидемияларнинг халқаро миқёсда тарқалиб кетиши олдини олишнинг энг яхши йўли касалликларни аниқлаш ва уларга қарши кураш йўлида кўриладиган чоралар минтақа миқёсида инвестиция киритишни мувофиқлаштиришдир.
Мамлакатларнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлиги озиқ-овқат маҳсулотлари кўрсаткичлари бўйича лаборатория назоратини такомиллаштириш, шунингдек, дунёдаги энг яхши амалиётларга таянган ҳолда, ҳайвонлар саломатлигини самарали тарзда назорат қилиш имконини беради.
Минтақавий савдо-сотиқ ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик
Гўшт ва ғалла маҳсулотларини етказиб бериш, темирйўл туташув жойлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги чегара постларида мавжуд инфратузилманинг логистика схемаларини мақбуллаштириш Хитой, Россия ва бошқа мамлакатларга экспортни оширишда ёрдам беради. Инфратузилмага биргаликда инвестиция киритиш худди Марказий Осиё мамлакатлари чегаралари орқали хомашё ва маҳсулотлар ташилиши тартибининг синхронланиши сингари вақтни ҳам, пулни ҳам тежайди.
Умуман олганда, Марказий Осиёнинг қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик товарларини етказиб берувчи сифатидаги келажаги минтақа тобора ўсиб бораётган сифат ва хавфсизлик талабларига қандай муносабат билдириши, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик самарали бўлишига боғлиқдир.
Жахон банки бундан кейин ҳам Марказий Осиё мамлакатларини сифат стандартларини ошириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдосини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайверади. Бу пировардида иқтисодий ўсиш ва минтақа аҳолиси ҳаёт даражасини оширишга ёрдам беради.
Сурат манбаси: nevworker.ru