2019 йилнинг июни бошида АҚШ Демократлар партиясининг Калифорниядаги қурултойида Колорадо штати собиқ губернаторининг «Социализм – мақбул жавоб эмас» деган гапи анжуман қатнашчиларининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлган эди. Ушбу эътирозларга бундан олдин ўтказилган сўровлар Қўшма Штатлардаги коллеж талабаларининг капитализмдан кўра социализмга кўпроқ ижобий муносабатда эканини кўрсатгани асос бўлган эди. ХХ асрнинг муваффақиятсиз социалистик тажрибалари тўғрисида сўралганда, респондентлар демократик социализмни назарда тутаётганини таъкидлаган.
“Дунёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлмиш АҚШда демократик социализм моделини қўллашдан олдин, у дунёнинг бошқа жамиятларида қай тарзда татбиқ қилинганини ўйлаб кўриш лозим. Ушбу масалада умидимиз чиппакка чиқиши ҳам ҳеч гап эмас: дунёда бундай жамиятларни излаб топиш осон эмас”, деб ёзади J.P. Morgan компаниясининг бозор ва инвестиция стратегиялари бўйича гуруҳ раиси, иқтисодчи Майкл Сембалест.
Демократик партия қурултойидан сўнг кўп ўтмай Майкл Сембалест “Коинотда йўқолган: Реал дунёда демократик социализмни излаб” (“Lost in space: The search for democratic socialism in the real world”) тадқиқоти натижаларини эълон қилади.
Демократик социализм моделига талаб нафақат Америкада, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўсиб бораётгани сабабли, олим ва амалиётчи уни синчковлик билан ўрганишга қарор қилади ва айни модель муваффақиятли амалга оширилган мамлакатни топишга интилади.
Майкл Сембалест мақоласида нафақат ривожланган, балки тизимли ва кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошираётган ривожланаётган, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам муҳим хулоса ва сабоқлар мавжуд. Шу боис, UzAnalytics сайти мақоланиниг инглиз тилидан таржимасини қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этмоқда. Таҳририят ундаги бўлим номларини ўзгартирди.
Йўқотилган Атлантида шаҳрини излаб
Баъзилар демократик социализм модели Скандинавия мамлакатларида амалга оширилаётганини эътироф этади. Аммо ушбу мамлакатларнинг юқори лавозимли амалдорлари бу фикрга мутлақо қарши: “АҚШда баъзилар Скандинавия моделига социализмнинг маълум бир тури сифатида қарамоқда. Шу сабабли мен бу масалага аниқлик киритмоқчиман – Дания режали социалистик иқтисодиётдан узоқдир. Дания иқтисодиёти – бозор иқтисодиёти“, деган эди Дания бош вазири Андерс фог Расмуссен.
Гарчи Скандинавия мамлакатларидаги юқори ставкали солиқлар ва ресурсларнинг ўзига хос тақсимланиши бошқа мамлакатлардагидан фарқ қилса-да, улар худди Қўшма Штатлар сингари бизнесни қўллаб-қувватлайди. Бунга у ердаги ишбилармонлик эркинлигининг юқори даражаси, эркин савдо ва давлатнинг иқтисодий рақобатга камроқ таъсир кўрсатиши каби далиллар яққол мисол бўлиши мумкин.
Албатта, Скандинавия моделидан нусха кўчириб, уни АҚШ иқтисодиётида қўллаш мумкин, аммо шуни тушуниш керакки, бу капитализм тизимини чуқурроқ татбиқ қилишга, бизнесни яхшироқ қўллаб-қувватлашга, харажатлар ва ўрта синфни кўпроқ солиққа тортишга, корпоратив солиқларга минимал боғлиқлик ва соғлиқни сақлаш тизимида харажатларни оширишга олиб келади.
Истеъмол, ижтимоий таъминот ва даромад солиқлари, ЯИМга нисбатан фоизларда:
- Швеция – 27,0%
- Финландия – 26,3%
- Голландия – 25,1%
- Норвегия – 22,3%
- Дания – 14,9%
- АҚШ – 10,6%
Скандинавия мамлакатларида капитализм ва эркин бозор муносабатлари мустаҳкам ўрнашгани сабабли, демократик социализмнинг реал ҳаётда қўлланишига оид мисолларни бошқа мамлакатлардан излаш тўғрироқ бўлади. Бунинг учун потенциал номзод мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш ва қуйидаги мезонларга тўғри келадиган (АҚШ билан таққослаганда) мамлакатларни қидириш лозим:
• корпорациялар ва жисмоний шахслар учун солиқларнинг юқорироқ ставкалари ва давлат харажатларининг баландлиги;
• компанияларнинг ишчиларни ёллаш ва ишдан бўшатиш имкониятларини чеклаш орқали уларни кўпроқ ҳимоя қилиш ҳамда компанияларнинг меҳнат унумдорлиги ва/ёки чет элдан ишчиларни жалб қилиш асосида иш ҳақини белгилашда камроқ мослашувчанлиги;
• кўчмас мулк бозоридаги тартибга солиш ва чекловлар кўплиги, давлатнинг товар бозорларига кўпроқ аралашуви ва акциядорликка йўналтирилган бизнес моделидан узоқлашиш;
• тарифли ва тарифсиз тўсиқлар орқали маҳаллий саноат ва ишчиларни кўпроқ ҳимоя қилиш, капиталнинг кириб келиши ва чиқишини чеклаш.
Муаллиф демократик социализмнинг юқоридаги мезонларига мос келадиган мамлакатни топа олмади. Аммо Аргентина ушбу мезонларга яқин ва кўпроқ мос келади. Бу мамлакат 1816 йилда мустақилликка эришгандан бери 7 марта дефолтга учради ва 2019 йилда яна сиёсий ва иқтисодий буҳрон ёқасига келиб қолди. Айнан шу мамлакатда муаллифнинг зикр этилган иқтисодий моделни, яъни демократик социализмни излаш бўйича “саёҳати” ниҳоясига етди. “Йўқотилган Атлантида шаҳри сингари муваффақият қозонган демократик социалистик жамият концепциясининг ҳақиқий исботини ҳали топиш керак”, дея хулоса қилади Майкл Сембалест.
Скандинавия мамлакатлари ва АҚШ: иқтисодий моделларни таққослаш
Таҳлил учун Скандинавия мамлакатлари ‒ Швеция, Финляндия, Норвегия, Дания – ва Нидерландия иқтисодиётлари (умумий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда) танлаб олинди. Америка Қўшма Штатлари билан таққослаганда, ўртача Скандинавия мамлакати аҳолиси сони ва ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича жуда кичик, иммиграция учун ёпиқ ва этник жиҳатдан бир хилдир. 1960 ва 2018 йилларда Скандинавия мамлакатларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот АҚШ даражасининг 90 фоизини ташкил этар эди. 1970 йилларда Скандинавия мамлакатлари қабул қилган муайян иқтисодий моделдан қатъи назар, уларнинг нисбий бойлиги деярли ўзгармади. Ушбу мамлакатлар ва АҚШ ўртасидаги асосий тафовут мудофаа харажатларининг камлиги ва атроф муҳитга етказилган зарардан хавотирланиш даражаси пастроқлигидир, бу уларга ижтимоий дастурларга маблағни кўпроқ сарфлаш имконини беради. Бундан ташқари, минтақа мамлакатлари энергетика соҳасида кўпроқ қайта тикланадиган энергия манбаларига ва ядро энергетикасига таянади.
Скандинавия мамлакатлари АҚШ сингари бизнес юритиш учун жуда қулай бўлган бозор иқтисодиётига эга. Ушбу мамлакатларда бизнес юритиш учун шароитлар ва эркинлик даражаси АҚШдагидан ҳам юқори. Уларда янги корхоналарни ташкил этиш қоидалари соддалаштирилган, лицензия олиш осон ва арзон, эркин савдо масаласида Қўшма Штатлардан ҳам очиқдир, Трамп тариф тўсиқларини ўрнатганидан олдин ҳам вазият шундай эди, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун нисбатан очиқ ва капитал ҳаракати назорати кам. Ушбу мамлакатлар жисмоний ва интеллектуал мулк ҳуқуқини яхши ҳимоя қилади. Бизнес муносабатларини ҳукумат тартибга солишининг рақобатга салбий таъсири АҚШдаги кўрсаткичдан паст.
Бундан ташқари, уларнинг Америка Қўшма Штатларига қараганда корпоратив бошқарувга муносабати “дўстона”: йирик компанияларнинг тегишли бозорларда устунлик қилишига ва банк секторидаги бирлашувларга имкон беради. Яна Қўшма Штатларда (“манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш” деб номланган) корпоратив активлардан ноқонуний фойдаланишни назорат қилиш даражаси Скандинавия мамлакатларидагига қараганда юқори.
Скандинавия мамлакатлари демократик социализм моделига амал қилмаслигининг яна бир белгиси: уларда иқтисодиётни “давлат назорат қилиши” даражаси АҚШдагига яқин. Давлат назорати ва тартибга солиш даражалари таҳлили шуни кўрсатадики, бир томондан, минтақа ҳукуматлари иқтисодиётни АҚШга нисбатан камроқ назорат қилади, аммо бошқа томондан, вақт ўтиши билан давлатнинг ушбу мамлакатлар иқтисодиёти муҳим тармоқларини рақобатга таъсир кўрсатадиган даражада тартибга солиши АҚШ даражасига яқинлаша бошлади. Ушбу таҳлил натижаларига кўра, демократик социализмни давлат назорат қилиши принциплари (яъни ишлаб чиқариш воситаларига коллектив эгалик билан хусусий мулкни алмаштириш) Скандинавия мамлакатларининг эркин бозор моделидан катта фарқ қилади.
Скандинавия мамлакатларида ҳамма тўлайдиган солиқ юки юқорироқ даражада. Ушбу мамлакатларда солиқ юки дунёдаги энг юқори кўрсаткичлар қаторига киради. Аммо Скандинавия модели асосан қуйи ва ўрта синфга мансуб ишчи ва ходимларни солиққа тортиш тизимига таянади. Корпоратив солиқлар Скандинавияда ҳам, АҚШда ҳам ЯИМнинг атиги 2-3 фоизини ташкил этади. Ушбу мамлакатларнинг оз қисми, даромад даражасидан қатъи назар, жисмоний шахсларнинг капитал даромадлари ўсишини солиққа тортишга таянади. Ва ниҳоят, баъзи Скандинавия мамлакатларида кўчмас мулк солиғи ставкалари деярли нолга тенг ва ўртача 11 фоизни ташкил этади. Таққослаш учун, АҚШдаги бундай солиқ ставкалари ўртача 40 фоиздан иборат.
Соғлиқни сақлаш ва таълим учун давлат харажатлари, даромадларни қайта тақсимлаш ва ишчиларни кўпроқ ҳимоя қилиш. Скандинавия мамлакатларида катта ҳажмдаги солиқ тушумлари (жисмоний шахсларни юқори ставкаларда солиққа тортиш ҳисобидан) соғлиқни сақлаш ва таълим учун давлат харажатлари кўпайишини таъминлайди. Ушбу мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиш имкониятлари ва сифат даражаси дунёда энг юқори кўрсаткичга эга. Бироқ ушбу мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимлари АҚШдаги “Тиббиёт хизматлари ҳамма учун” (“Medicare for All”) тизимидан фарқ қилади: уларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги бешта миллий режаси беморлардан (4 та мамлакатда беморнинг фаровонлиги қай даражада эканидан қатъи назар) қўшимча тўловлар олишни назарда тутади. Бу соғлиқни сақлаш тизимидаги харажатларнинг бир қисмини беморларга юклашни режалаштираётган Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) ҳукуматлари тамойилига мосдир.
Скандинавия мамлакатлари университетларида ўқиш нархи АҚШ университетларидагига қараганда анча паст. Ушбу мамлакатлар яна ишчи ва ходимларларни яхшироқ ҳимоя қилади. Уларда касаба уюшмалари, Америка Қўшма Штатларидагига қараганда, анча фаол ва жамоа шартномалари ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида кенг қўлланади. Ушбу минтақада ишчи ва ходимлар яхшироқ ҳимояланса-да, уларга ЯИМнинг, Қўшма Штатлардагига қараганда, “камроқ қисми тегади”.
Скандинавия мамлакатларида даромадлар тенгсизлиги АҚШдан фарқ қилмайди, бироқ солиқ ва трансферлар қўллангандан кейин даромадлар тенгсизлиги даражаси анча камаяди. Натижада, улардаги GINI коэффициенти дунёдаги энг паст кўрсаткичга эга ва камбағаллик даражаси АҚШга нисбатан анча кам.
Маълумот учун: GINI коэффициенти – ўрганилаётган ҳар қандай хусусиятлар бўйича маълум бир мамлакатда ёки минтақада жамиятнинг табақаланиш даражасининг статистик кўрсаткичидир. Иқтисодий тенгсизликни ўлчаш учун ишлатилади. GINI коеффиценти 0 дан 1 гача ўзгаради. Унинг қийматини нолдан узоқлашиб бирга яқинлашиши иқтисоддаги асосий даромадларнинг алоҳида гуруҳлар қўлида эканлиги англатади. GINI индекси – бу коэффициентнинг фоизли ифодасидир.
1913 йилдан 2018 йилгача бўлган даврдаги Аргентина таназзули
1900-йиллар бошидан бери Аргентина иқтисодиёти, бошқа мамлакатлар билан солиштирганда, кескин пасайганини икки йўл билан кўрсатиш мумкин. Биринчиси – аҳоли жон бошига 2018 йилдаги реал ЯИМ нисбатини 1913 йилдаги айни кўрсаткич билан таққослаш. Аргентинада ушбу коэффициент зўрға ўсди ва маълумотлар мавжуд бўлган барча мамлакатлар билан солиштирганда, энг паст даражада бўлди.
Иккинчи йўл Аргентина юз йил илгари дунёнинг энг бой мамлакатлари қаторига кирганини ва бугунги кунга келиб, иқтисодиёти кескин пасайганини кўрсатади. Диаграммада Х ўқи (горизонтал) аҳоли жон бошига ЯИМнинг персентилини 1913 йилдаги, Y ўқи (вертикал) эса худди шу кўрсаткичнинг 2018 йилдаги ҳолатини намойиш қилади. Диагонал чизиқ остидаги оғиш ушбу кўрсаткич айни даврда (1913 йилдан 2018 йилгача) қанчалик ёмонлашганини кўрсатади. Оғиш қанчалик катта бўлса (диагонал чизиқ остида), демакки, кўрсаткич шунча ёмонлашган. Айни ҳолатнинг тескарисини олиб қарайдиган бўлсак, диагонал чизиқ устидаги оғиш бу кўрсаткич 1913 йилдан 2018 йилгача яхшиланганини кўрамиз. Диагоналга нисбатан масофа қанчалик катта бўлса (чизиқ устида), ушбу даврда иқтисодиётдаги вазият шунчалик яхши томонга ўзгарган. Графикда Аргентина диагонал чизиқдан пастда ва энг катта оғиш ҳолатида экани акс этган: 1913 йилдаги 83 фоиздан 2018 йилдаги 40 фоизгача. Бинобарин, кўриб чиқилаётган даврда Аргентинада ушбу кўрсаткич бошқа мамлакатларга нисбатан энг кўп пасайган.
_________________________________________________________________________________________________________________________________________
Сурат манбаси: https://regnum.ru/news/polit/2658942.html
Майкл Сембалест мақоласининг тўлиқ матни: https://privatebank.jpmorgan.com/content/dam/jpm-wm-aem/documents/lost-in-space.pdf