Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилотининг маълумотларига кўра, 2017 йилда жаҳонда 82 млн нафар киши сурункали озиқ-овқат етишмовчилиги муаммосига дуч келган. Дунёда тўйиб овқат емайдиган кишилар сони охирги йилларда кетма кет ошиб бормоқда. Осиёнинг қарийб ярим миллиард аҳолиси озиқ-овқат етишмаслигидан азият чекади. Масалан, Бангкокда 6 ойликдан 2 ёшгача бўлган ҳар учинчи бола тўйиб овқатланмайди.
Бутун дунёдаги қашшоқ аҳволда яшайдиган аҳолининг аксарият қисми қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолиси шунингдек, сув таъминоти, санитария, электр ва соғлиқни сақлаш каби ҳаётнинг энг асосий неъматлари етишмовчилиги ёки умуман йўқлигидан ҳам азият чекади.
Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқот институти (IFPRI) томонидан тақдим этилган “Глобал озиқ-овқат сиёсати-2019” ҳисоботида ана шу фактлар баён этилган. Институт 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти – дунёда қашшоқликни камайтириш, очлик ва тўйиб овқатланмасликни тугатиш учун стратегиялар ва ечимлар ишлаб чиқишдир. Институтнинг минтақавий ва мамлакат дастурлари дунёнинг кўплаб давлатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат билан мунтазам равишда таъминлаш стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди.
UzAnalytics мазкур ҳисоботнинг Марказий Осиё давлатларига доир муҳим жиҳатларини ва асосий хулосаларини эътиборингизга ҳавола этади.
Марказий Осиёда етарли даражада бўлмаган овқатланиш муаммоси
IFPRI тадқиқотчиларининг фикрича, миқдори ва сифати (микроэлементлари жиҳатидан) қониқарли даражада бўлмаган овқатланиш Марказий Осиё минтақасида ҳали ҳам муаммолигича қолмоқда. Масалан, Тожикистонда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 17 фоизида ўсишнинг оқсаши кузатилган. Туркманистонда эса бу кўрсатгич 12%ни ташкил этади. Бундан ташқари, Марказий Осиё аҳолиси ўртасида озуқа микроэлементлари етишмовчилиги сабабли анемия даражаси жуда юқори.
Ушбу ҳолатни яхшилаш мақсадида минтақа мамлакатлари БМТ билан ҳамкорликда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида тўлақонли овқатланишни ривожлантириш бўйича минтақавий платформани таъсис этдилар. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари 2030 йилгача бўлган муддатда ўзларининг барқарор ривожланиш стратегиялари доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида қонунлар ҳам қабул қилдилар.
Қишлоқ ҳаётини тиклаш ва ривожлантириш сиёсати
Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг урбанизациялашган мамлакат саналади. Мамлакатда шаҳар аҳолисининг улуши 57%ни ташкил этади. Минтақадаги урбанизация даражаси энг паст мамлакат – Тожикистон (27%). Урбанизация (лотинча urbanus — шаҳарлик) жамият ривожида шаҳарлар, шаҳар маданияти ва шаҳарларга хос бошқа муносабатларнинг ривожланиш жараёни ҳисобланади. Бу жараён қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарларга айланиши, шаҳар атрофи зоналарининг кенгайиши ва қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиб бориши ҳисобига юз беради.
IFPRI ҳисоботида қайд этилганидек, урбанизация Марказий Осиё минтақасида келажакда барқарор давом этади, бироқ аҳолининг каттагина қисми қишлоқ жойларида яшаб қолади. Қишлоқ хўжалиги секторининг минтақа мамлакатлари иқтисодиётидаги улуши сўнгги 20 йилда анча камайган бўлсада, бироқ меҳнатга лаёқатли аҳолининг 15%дан 65%гача бўлган қисми ушбу соҳада меҳнат қилади. Қишлоқ хўжалиги ва ноқишлоқ хўжалиги секторлари ўртасида иш унумдорлиги кўрсатгичларида сақланиб қолаётган катта фарқ қишлоқ аҳолисини шаҳар аҳолиси билан таққослаганда, нисбатан кам даромад топиш ва тўлақонли овқатланиш даражасининг пастлигида ўз ифодасини топади. Минтақадаги кам даромадли аҳолининг нисбатан катта қисми қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Масалан, Қирғизистонда даромад даражаси паст бўлган қарийб 70% одамлар қишлоқ жойларда яшайди. Тожикистонда эса, бу кўрсатгич 80%дан ошади.
Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари инфратузилмани яхшилаш, қишлоқ хўжалиги негизида иқтисодий кластерларни яратиш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ туманларида иқтисодиётни диверсификациялаш орқали уларни ривожлантиришга фаол ҳаракат қилмоқдалар.
Бироқ кластер услубини жорий этиш ва махсус иқтисодиёт зоналарини яратиш ҳисобига алоҳида ҳудудлар ёки иқтисодиётнинг маълум бир секторларини ривожлантириш ҳар хил натижаларни берди. Қозоғистонда 1990 йилларнинг бошларида марказлашган режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишни рағбатлантириш мақсадида мамлакат бўйича 9 та эркин иқтисодиёт зоналари ташкил қилинган эди. Коррупция, шаффофликнинг йўқлиги ва бесамар ҳуқуқий база туфайли эркин иқтисодиёт зоналари ўзини оқламади. 1996 йилда махсус иқтисодиёт зоналари номи билан танилган янги ташаббус жорий этилди. Ҳозирги кунда Қозоғистонда ўнта махсус иқтисодиёт зоналари фаолият юритмоқда. Уларнинг олтитаси ривожланган инфратузилмага эга. Махсус иқтисодиёт зоналарини янги формада жорий этишнинг асосий мақсадлари – рақобатбардош тармоқларни ривожлантиришни жадаллаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва иш ўринларини яратишдир.
Қозоғистон 2004 йилдан бошлаб саноатни диверсификациялаш дастурлари доирасида кластерларни ривожлантиришга киришди. IFPRI тадқиқотчиларининг қайд этишларича, гарчи мазкур дастурлар махсус иқтисодиёт зоналари ва саноат зоналарини ривожлантиришда кластерларни татбиқ қилишни ўз ичига қамраб олсада, ҳозирги махсус иқтисодиёт зоналари ва кластерларни ривожлантириш ўртасида улкан тафовут мавжуд. Қозоғистон махсус иқтисодиёт зоналари ва саноат зоналарига инвестицияларни жалб қилиш учун саноат инфратузилмаси сифатида қарасада, уларнинг кластерларни ривожлантиришдаги салоҳияти амалга оширилмади.
Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалигида кластер услубини қўллаш илк қадам бўлди. Қишлоқ хўжалигига кластерларни жорий этиш 2018 йилда қабул қилинди. Кластерларни жорий қилиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳар хил турлари учун қайта ишлаш ва логистика марказларини ривожлантиришга йўналтирилган. Прездентнинг махсус фармонлари билан мамлакат бўйлаб пахта, ипакчилик, мева-сабзавот маҳсулотлари, гўшт ва балиқ ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш учун кластерлар ташкил этилди.
Кластерлар энг кенг қўлланиладиган иқтисодий секторлар – пахта ва тўқимачилик тармоқларидир. Ўзбекистон мамлакат ичида ишлаб чиқариладиган барча пахта толасини қайта ишлашни ва тайёр тўқимачилик маҳсулот улушини ҳозирги 40%дан 2020 йилга бориб 60% гача оширишни режалаштирмоқда.
Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва қўшимча қийматли рақобатбардош занжирларни ривожлантириш минтақа мамлакатларининг ривожланиш стратегияларида устувор йўналишлардан ҳисобланади. Қозоғистон фермерларга KazAgroFinance акциядорлик компанияси орқали турли молиявий ёрдамларни тақдим этиш ҳисобига дон экинларидан тортиб, мойли ўсимликлар сингари турли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни диверсификациялаш сиёсатини давом эттирмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон қишлоқ хўжалигини диверсификациялашга кўмаклашиш мақсадида ҳам маъмурий, ҳам молиявий воситаларидан фойдаланиб келмоқда.
Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки сингари йирик молиявий институтлар Марказий Осиё мамлакатларининг қишлоқ хўжалигини ва рақобатбардош агросаноат занжирларини ривожлантириш бўйича ташаббусларини молиялаштирмоқдалар.
Ислоҳотларга таянган ҳолда
Ушбу ҳисобот муаллифлари Марказий Осиё мамлакатлари учун 2019 йил ва келгуси йилларда мумкин бўлган глобал ва минтақавий хавфларни қайд этадилар. Глобал даражадаги хавфлар – жаҳон бозорларида хомашё товарлари нархларининг кескин пасайиши ҳамда асосий ҳамкор мамлакатларда иқтисодий сиёсат ёки вазиятнинг ўзгаришидир.
Минтақавий даражадаги хавфларга ислоҳотлардан чарчаш ёки ғаразли манфаатлар каби хавфлар кўрсатилади. Бу ноаниқликлар нафақат иқтисодий ўсиш, балки шунингдек минтақада озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда минтақа аҳолисининг тўлақонли ва баланслашган овқатланиши учун ҳам хавфларни пайдо қилади.
Марказий Осиёда айниқса, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сонининг юқори даражада ўсиши кузатилмоқда. Бироқ уларнинг анча қисми ишсиз ёки меҳнат мигрантлари саналади. Ушбу факторларни ҳисобга олган ҳолда, минтақа мамлакатлари ислоҳотларни жадаллаштириш ва институционал тузилмаларни такомиллаштириш орқали иқтисодиётда хусусий секторнинг ролини кучайтиришлари, минтақавий интеграция учун имкониятларни излаш ва кенгайтиришлари лозим. Бу айниқса, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга. Бу соҳада ердан фойдаланишни либераллаштириш ва ресурсларни жамоавий бошқариш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ислоҳотларни давом эттириш зарур. Бундан ташқари, мазкур ислоҳотлар иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига ва қурғоқчилик каби экстремал табиий ҳодисаларга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатишини ҳисобга олиши лозим.
Минтақа мамлакатлари иқтисодиётларида хотин-қизларнинг иштироки анча паст эканини ҳисобга олганда, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари хотин-қизларнинг ишга жойлашишда уларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаб беришлари лозим.
Прогнозларга кўра, Хитойнинг “Бир камар-бир йўл” глобал лойиҳасининг амалга оширилиши Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи савдоси учун юк етказиб бериш вақти ва савдо ҳаражатларини анча қисқартиради. Масалан, “Хитой – Марказий Осиё – Ғарбий Осиё” иқтисодий камари бўйича юк ташиш вақти 25%дан кўпроқга қисқариши, савдо ҳаражатлари 21%дан кўпроқга пасайиши мумкин. Операцион ҳаражатларнинг кутилаётган камайиши халқаро ва минтақавий савдо ҳажмини оширишга, иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ва минтақада қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Ушбу ташаббуслар минтақада сезиларли даражадаги ижтимоий-иқтисодий тараққиётга умид бағишлайди. Агарда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари минтақавий интеграция, ўзаро савдо ва хусусий секторни ривожлантириш учун шароитлар ярата олсалар, минтақада иқтисодий ривожланиш билан бирга, маҳаллий аҳолининг янада рақобатбардош ва соғлом бўлиш, тўлақонли (баланслашган) овқатланиш имконияти ҳам ошади.