Инновацион ривожланиш вазирлиги, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Astana Business Campus ҳамкорлигида жорий йил 4 июндан бошлаб Марказий Осиё мамлакатларидаги технологик стартап лойиҳалар учун “TECH CENTRAL ASIA” акселерацион (жадаллаштирилган) дастурга старт берилди.
“TECH CENTRAL ASIA” лойиҳаси ўз стартапларини йўлга қўйиш ёки ишлаб чиқиш истагида бўлган ва энди иш бошлаган тадбиркорлар, талабалар, новаторлар ва ихтирочиларга ўз бизнесини ташкил қилиш ва уни Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда янада ривожлантиришга ёрдам беради.
Ушбу кенг миқёсли лойиҳани амалга ошириш доирасида стартаплар техник экспертизадан ўтказилади, уларга менторлар (устозлар) бириктирилади ҳамда классик бизнес мавзулар ва кўникмалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий қилиш илмий-амалий марказида маъруза ва амалий машғулотлар ўтказилади.
“TECH CENTRAL ASIA” дастурининг энг яхши лойиҳалари учун вазирлик грант беради.
Иқтисодиёт тармоқларида инновацияларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, энг яхши лойиҳаларни саралаб олишда қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари, smart city каби йўналишдаги лойиҳаларга устувор аҳамият қаратилади.
Ана шу мақсадда вазирлик ва марказ Назарбоев университети вакиллари, хорижий экспертлар ва Ўзбекистондаги етакчи компаниялар билан ҳамкорликда иштирокчилар учун қатор семинарлар ўтказади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон НАЗАРОВ мазкур лойиҳа ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
‒ Биз 2018-2019 йилларда бир қанча танлов ўтказдик. Улар аслида нима учун керак?
Мамлакатда инновацион экотизимни ривожлантиришда стартап-лойиҳалар асосий қисм ҳисобланади. Бунинг учун эса инфратузилма зарур. Инновацион ривожланиш вазирлиги Илғор технологиялар маркази ҳузурида стартаплар акселераторини ташкил этди. Бу ерда сўнгги олти ой давомида мазкур стартап лойиҳалар жадаллаштирилди. Май ойида биз намойиш кунини ўтказдик. Ўша куни қозоғистонлик ҳамкасбларимиз ҳайъат аъзоси сифатида иштирок этди. Тадбир якунида улар ҳамкорликда ишлашни таклиф этди. Назарбоев университети билан АҚШ элчихонаси “TECH CENTRAL ASIA” дастури бўйича стартап лойиҳалар танловини эълон қилишни тавсия қилди.
Техник лойиҳаларга йўналтирилган стартап лойиҳалар танлови Марказий Осиё бўйича ўтазилади. Унда ўзбекистонлик лойиҳа яратувчилари ва стартапчилар ҳам иштирок этиши мумкин. Бугун биз танловнинг бошланганини эълон қилдик. Стартап лойиҳалар бўйича ғояси бўлган фуқаролар бир ой давомида ариза берса бўлади. Бир ойдан сўнг улардан энг яхшилари саралаб олинади. Улар Назарбоев университети ҳамкорлигида ўтказиладиган акселерацияда қатнашади.
‒ Танлов мезонлари қандай?
‒ Биринчи навбатда, лойиҳада инновацион элемент, яъни унинг бизнес салоҳиятига эга бўлган технологик қисми бўлиши керак. Айни пайтда биз яна икки соҳа – қурилиш бизнеси ва қишлоқ хўжалигига ҳам эътибор қаратяпмиз. Чунки Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги яхши ривожланган бўлса-да, соҳани янада ривожлантириш учун янги ғоялар ва бозорлар зарур. Айни дамда қурилиш инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда. Бироқ бу соҳада муаммолар кўп. Уларнинг энг асосийси янги қурилиш материаллари билан боғлиқ.
Шу билан бирга ушбу йўналишда қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш бўйича ғоялар ҳам бор. Кўпчилик стартап-лойиҳаларда янгича ғоялари бор. Биз ушбу ғояларнинг рўёбга чиқишига имконият яратмоқчимиз, уларни лойиҳаларга айлантиришга, бизнес-режани тайёрлашга, шундан сўнг молиялаштириш учун салоҳиятли сармоядорларни топишга кўмаклашамиз. Асосий мақсадимиз – Ўзбекистон лойиҳалари учун нафақат мамлакатда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам ўз бозор топиб беришдир. Бирга ишлаш, ўз ҳамкорларини ва амалга ошириладиган лойиҳалар учун катта бозорларни топиш имконияти ушбу минтақадаги барча мамлакатларга тақдим этилади.
Назарбоев университети таъдиқотлар и иновациялар тизими бош директори Айдар ЖАКУБОВ:
‒ Назарбоев университетида 3 йилдан ортиқ вақтдан буён акселерацион, инкубацион дастурларни ривожлантириш бўйича иш олиб борилмоқда. Дастуримиздан юздан ортиқ лойиҳалар ўтди. Мутахассисларимиз ушбу компанияларга, ёш стартапларга 1 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб қилишга кўмаклашди. 50 та компаниянинг бешта лойиҳаси хорижий бозорларга чиқди, хориж фондлари, Осиё тараққиёти банки, Гонконг венчур фонди инвестицияларини жалб эта олди.
Мазкур тажрибани ҳисобга олган ҳолда, АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “TECH CENTRAL ASIA” дастурини амалга оширишга қарор қилдик. У Қозоғистоннинг тўртта шаҳри ҳамда Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг пойтахтларини қамраб олади. Ушбу лойиҳа Бишкекда муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энди Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда уни Тошкентда ишга туширмоқчимиз. Ўйлайманки, ушбу дастур яхши қўшничилик муносабатларимизни ривожлантиришга, минтақамиз учун янги мавзу бўлган инновациялар соҳасидаги ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Бу ҳамкорлик ҳаммамиз учун фойдали бўлади. Яъни лойиҳаларнинг миқёси кенгаяди. Компаниялар деганда, стартап-лойиҳалар назарда тутилади. Бунда янги технологик бизнес ғоя муаллифи ўз жамоасини тузади, икки ой мобайнида ҳамфикрлари билан ишлайди, тажрибали экспертлар раҳбарлигида айни ғоянинг бизнес андазасини ишлаб чиқади, бозорни ўрганади ва салоҳиятли сармоядорларга тақдимотини ўтказади. “TECH CENTRAL ASIA” дастурининг асосий мазмуни ана шундан иборат.
Лойиҳалар барча йўналишларда қабул қилинади. Бироқ, бизнингча, қишлоқ хўжалиги саноати ва қурилиш энг истиқболли соҳалардир. Чунки ушбу соҳалар бугунги кунда жадал ривожланмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги янги ахборот технологияларини татбиқ этиш учун жуда яхши соҳалардандир. Бу меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада ошириши мумкин.
Танлов доирасида ишлаб чиқилган энг яхши технологик ишланмаларнинг муаллифлари Назарбоев университетида ўтказиладиган Demo Day дастурининг якуний тадбирида қатнашиш учун Остона шаҳрига таклиф этилади. У ерда улар ўз ғояларини амалга ошириш учун маблағ жалб этиш ҳамда Назарбоев университетининг ABC Quick Start жадаллаштрилган дастури учун аризалар бериш имконига эга бўлади. Дастурда қатнашиш учун аризалар techcentral.asia сайтида 3 июлга қадар қабул қилинади. 6-7 июль кунлари лойиҳалар саралаб олинади.
CleanBox — ўзбекистонлик ғолиб
Стартап лойиҳалари анча ривожланган Исроил давлатида ҳар йили турли танловлар ўтказиб турилади. Ўтган 2018 йилнинг октябрь ойида ана шундай танловларнинг бирида Ўзбекистон вакили ҳам илк марта иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олди. Ёш профессор Амир Обидов ўзининг Clean Box стартапи билан кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Обидов қарийб 10 йил давомида Кореяда истиқомат қилган ва Nanjing Tech University, Gumi Electronics and Information Technology Research Institute’да таҳсил олган, тадқиқотлар олиб борган.
Clean Box нано-стерилизатор бўлиб, унинг иши нанотузилмалардан тайёрланган фильтрга асосланади. Clean Box ёрдамида кичик предметлар, масалан, болалар ўйинчоқларини стериллаш мумкин. У нафақат шифокорлар ва ёш оналар, гўзаллик салонлари ва умумий овқатланиш жойлари ходимлари учун, балки ўз саломатлиги ҳақида қайғурадиган ва гигиенага қатъий амал қиладиганлар учун ҳам фойдалидир.
LOTUS Engineering наноструктуралари ўзига хос хусусиятга эга бўлган нано-кристаллар ва нано-толалардир. Атроф-муҳитни зарарсизлантириш унинг ана шундай хусусиятларидан бири саналади.
LOTUS Engineering фильтрлари ультрабинафша нурлар таъсирида фаоллашиб, хавфли бактериялар ва микроорганизмларнинг мембрана ҳужайраларини кучсизлантиради. Clean Box барча турдаги вируслар, патоген микроорганизмлар, замбуруғлар ва спораларга ана шу тарзда қарши курашган ҳолда, сут эмизувчилар учун хавфсизлигича қолади. Жанубий Кореянинг Атроф муҳит тадқиқоти институтида ўтказилган тест синовларига кўра, Clean Box микробларни 99,9999 фоиз йўқ қилади.
Ҳозирги кунда Обидовнинг Тошкентда ўз лабораторияси бор. У ерда LOTUS Engineering жамоаси жорий лойиҳалар ва янги ғоялар устида ишламоқда. Яқин орада LOTUS Engineering Чирчиқдаги лабораторияда иш бошлашни, ходимлар сонини кенгайтиришни ва ажойиб лойиҳаларини тижоратлашни режалаштирмоқда.
Акмал Салихов, Интерфаол VR, AR, 360 контентини ташкил этиш бўйича VRonica студияси асосчиси. Стартап уч йил давомида мамлакатнинг Carsleberg Uzbekistan, UzBAT, Murad Buildings, Ucell сингари йирик брендлари билан ҳамкорлик қилган.
‒ Сўнгги йилларда мен стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича«Стартап-ташаббуслар», Startup Mix, Technovation сингари лойиҳаларда кўп қатнашгандим. Бизда ҳам стартаплар билан боғлиқ ана шундай тадбирлар пайдо бўлаётгани қувонарли ҳол, бироқ билишимча, мамлакатимизда стартапларни қўллаб-қуватлаш ва ривожлантириш бўйича тўлақонли дастур ҳанузгача йўқ.
Мен ўзим акселерация дастурида ҳали бевосита иштирок этганимча йўқ, лекин TechCarden.kz ходимларининг айтишига қараганда, уларда бу жараён экспертлар иштирокидаги вебинарлар шаклида ўтказилади. Семинарлар ҳар куни бўлиб ўтади ва эксперт/трекер ҳар ҳафта стартапга кейинги ҳафта учун фидбек[1] ва топшириқлар бериб боради. Стартап 3 ойдан сўнг намойиш этиладиган кунга тайёр бўлади. Унда стартап асосчилари салоҳиятли сармоядорлар учун ўз кичик тақдимотларини кўрсатади.
Компания масъулияти чекланган ширкат (ТОО) ташкил этганидан ва опцион шартномасини тузганидан сўнг молиявий ёрдам олади. Хорижий стартаплар ҳам Қозоғистонда масъулияти чекланган ширкат (ТОО) очиши керак.
Ариза билан мурожаат қилиш осон ва қулай. Масалан, Techgarden’га тақдимотни юборишнинг ўзи кифоя қилади. Бунинг учун сайтда тайёр шаблон бор.
Аниқ суммадаги маблағ. Стартап қарийб 20 000 АҚШ долларига яқин маблағ олади. Бунда ҳеч қандай чеклов йўқ. Стартаплар учун молия масаласида ҳам ҳамма нарса тушунарли.
Ўзбекистонда эса, афсуски, булар ҳозирча қисқа муддатли тадбирлар кўринишида давом этмоқда, молиявий ёрдам кўрсатиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бироқ яхши бир хабар ҳам бор: Tech Garden’да МДҲдаги барча стартаплар учун эшиклар очиқ.
Ресурслар, коворкинг, боғланиш учун алоқалар ва ҳк.дан тўла фойдаланиш имкониятининг тақдим этилиши ҳам жуда муҳим жараён.
Стартапларнинг бир жойда бўлишини таъминлаш. Олма-Отада IT-квартал жойлашгани бежиз эмас. Бир жойда фаолияти жиҳатдан бир-бирига ўхшаш стартаплар қанча кўп жойлашган бўлса, тадбирлар (семинарлар, маҳорат дарслари) ўтказиш, технологик лабораториялар ташкил этиш ҳам шунча осон бўлади.
Бунинг учун жуда кўп маблағ сарфлаш, бинолар қуриш ва бир неча йил вақт керак бўлади. Ҳозир ҳам кичикроқ офис бинолари имтиёзли тарифлар бўйича стартапларга ижарага берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Масалан, Mirzo Ulugbek Innovation Center бутун бинони ижарага олиб, (биламизки, катта ҳажмли нарсанинг, албатта, чегирмаси бўлади) уни IT-компанияларга қулай нархларга бериш мумкин. Бепул бериш керак эмас − бозор нархидан арзон нархда ва ҳеч бўлмаганда 5 м2 худудни олиш имконияти билан бирга берилса бўлди.
Икки кишилик стартап учун 20−30 м2лик жой шарт эмас. Бизда эса 10 м2дан кичикроқ офисни топиш жуда қийин. Ишонинг, мен бундай жойни жуда кўп қидирганман. Сиз коворкинг каби жойлар ҳам бор-ку, дейишингиз мумкин. Афсуски, коворкинг у ерда кунига олти соатдан кўпроқ ишласангиз ва доимий иш жойларига эга бўлишни хоҳласангиз, офисдан кўра қимматга тушади.
Стартап-тадбирларни маблағ ёки имтиёз билан қўллаб-қувватлаш. Бизда ҳақиқатан ҳам ажойиб тадбирлар ўтказилади, бироқ стартаплар учун фақатгина ўз лойиҳасини таништириш имконияти эмас, маблағ ҳам керак. Ўйлайманки, аксарият муваффақиятли лойиҳалар айнан шу боис ҳам тадбирларда иштирок этмайди. Дастлабки сотувларни амалга оширишни бошлаган стартаплар асосчиларининг тадбирларда қатнашишга вақти йўқ – улар пул топиши, буюртмалар олиши керак.
Давлатнинг вақтинчалик кўмаги билан стартап-акселераторларни ташкил этиш ва кенг жамоатчиликни улардан хабардор қилиш. Бизнесни бошланиш жараёнида қўллаб-қувватлаш ва стартап-акселераторларнинг экотизимини шакллантириш керак.
Ўйлайманки, мамлакатимиз стартап-акселераторларга ёрдам бериши, уларни тузиш учун имтиёзли кредитлар, биноларни ижарага олиш учун имтиёзли тарифлар тақдим этиши керак. Энг муҳими – саралаш шартларининг шаффоф бўлиши. 20-40 млн. сўмлик ($2350-$4700) инвестициялар – бошловчилар учун етарли. Маблағ у қадар катта бўлиши ҳам керак эмас. Бу бир томондан, стартаплар сонини камайтиради, бошқа томондан эса, турли хил ҳийлалар учун у қадар ҳам жозибали бўлмайди.
[1] Фидбек (инглизча feedback) – бирор нарса ҳақида фикр билдириш.