Лилия Бурунчук, Вольфганг Фенглер, Вибке Шлёмер ва Дарья Тальони. Мақола таржимаси
Ўзбекистон икки йилдирки бозор иқтисодиётига йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга оширмоқда. Ҳукумат мамлакат иқтисодиётига учта асосий ўзгартириш киритмоқда: буйруқ ва бошқарувга асосланган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш; давлат сектори устувор бўлган иқтисодиётдан хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилган иқтисодиётга ўтиш; ва ёпиқлик ва яккаликдан ҳамкорликка мойиллик ва очиқликка чиқиш. Ушбу ислоҳотлар тобора ўсиб бораётган ташқи номутаносибликлар ва ишсиз ёшлар сони ҳамда бу муаммоларни хусусий сектор ривожланиши эвазига яратиладиган иш ўринларисиз ҳал қилиб бўлмайдиган бўлган бир даврда амалга оширилмоқда.
Ўзгаришларни бир йўсинга солиш жараёнида ахборот алмашинувини ҳал этиш, ташқи омиллар билан машғул бўлиш, ижтимоий товарлар билан таъминлаш ва хавфсизлик тармоқларини яратиш учун ҳукуматнинг ресурсларни асосий тақсимловчи ролини бозорларни бошқариш ва тартибга солиш вазифаларини бажарувчига айлантириш бироз мушкул.
Ўзбекистон учун рақамли иқтисодиёт, Осиёнинг ривожланиб бораётган ўрта синфи ва “Белбоғ ва Йўл” (Belt and Road) ташаббуси каби янги имкониятлар мавжуд. Булардан фойдаланиш учун Ўзбекистон тараққиётга тўсқинлик қилувчи тўртта камомадни ёпиши керак: бандлик, корхоналар, экспорт ва энергия самарадорлиги. Биз буларни мамлакатнинг қуйидаги хусусий сектори диагностикасида таъкидлаб ўтдик.
Бандлик. Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли аҳоли сони жадал ўсиб бормоқда ва мамлакат ўз ишчи кучидан иқтисодий ўсишни таъминлаш учун фойдаланиши мумкин. 2017 йилда Ўзбекистоннинг меҳнат ёшидаги аҳолиси сони қарийб 23 миллионни ташкил қилган, бу эса умумий аҳоли сонининг 72 фоизидир. Улардан 13 миллионга яқини ишчи кучи сифатида жалб қилинган. 2030 йилга бориб ишчи кучи яна 4 миллионга ошади ва Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳудудида бешинчи энг катта давлатга айланади. Лекин меҳнат ёшидагиларнинг кўпчилиги фаол эмас, ишсиз ёки чет элда меҳнат қилади. Айниқса ёшлар умидсизликда – ҳар 10 нафар 20-24 ёшдаги аҳолидан биттаси ҳатто иш қидиришни хоҳламайди.
Корхоналар. Иш ўринлари асосан қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда бюджет ташкилотлари расмий секторни эгаллаган. Ҳар беш нафар ишчидан тўрттаси қишлоқ хўжалиги ва кичик турдаги хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайди. Ушбу соҳаларнинг мамлакат ЯИМ (Ялпи Ички маҳсулот)даги улуши ҳам ўзи каби кичик. Ҳар уч нафарининг бири бюджет ташкилотларида ишласа, яна биттаси ўз шахсий бизнесига эга. Бу эса тез ривожланадиган ўрта турдаги корхоналарни “йўқотилган боғловчи”га айлантиради. Зеро мамлакатда ўзининг салоҳияти даражасида фаолият юрита олмаётган йирик бюджет ташкилотлари ҳамда 70 фоизи ҳеч қандай қўшимча ишчи ёлламайдиган кичик фирмалар ҳамон ҳукмрон.
Экспортлар. Ўзбекистоннинг экспортдаги рақобатбардошлиги сўнгги 10 йилликда ёмонлашиб бормоқда. Ночор тадбиркорлик муҳити ва жаҳон бозорларидан олисда бўлиш Ўзбекистонни глобал қиймат занжирларига тез қўшилиб кетишига тўсқинлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, қўшни Қозоғистоннинг рақобатбардошлиги жаҳонда 14 фоизга, Шарқий Осиё ва Тинч Океани минтақасида эса ўртача 42 фоизга ошди. Осиёда тобора ўсиб бораётган истеъмолчилар синфининг пайдо бўлишини ҳисобга олганда, Ўзбекистоннинг савдо-сотиқдаги кучсизланиб бораётган рақобатбардошлиги улкан йўқотилган имкониятни англатади. Яхшиланган иқтисодий муҳитда, ўзбек товар маҳсулотлари ва хизматлари Ғарбий Европа ва Шарқий Осиёда каттароқ бозорларга хизмат қилиш имкониятига ва уларга етиб бориш учун яхшироқ шароитларга эга бўлади.
Энергия самарадорлиги. Энергоресурслардан самарали фойдаланиш борасида Ўзбекистоннинг натижалари паст ва у бу соҳада дунёдаги энг қуйи кўрсаткичга эга бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Энергиянинг исроф бўлиши, сувдан фойдаланиш ва ЯИМ бирлигига нисбатан CO2 чиқиндилари кўрсаткичлари дунё бўйича энг юқорилардан биридир. Норентабел кимё ва нефт-кимё саноатлари бу муаммога салмоқли ҳиссаларини қўшадилар. Электр энергиясини субсидия қилиниши атроф-муҳитга етказилаётган зарарни кучайтиради ва мантиққа зид бориб, бошқа саноат корхоналари фаолиятига ҳалақит беради: паст электр энергия нархлари унинг ҳаддан зиёд кўп ишлатилишига олиб келади – айниқса қиш мавсумида – ва электр энергияси танқислигини келтириб чиқаради.
Ушбу камчиликларни бартараф қилишда Ўзбекистон хусусий сектор учун янги имкониятлар яратмоқда. Янада барқарор ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини ярата оладиган ташқи савдога алоқадор бўлган секторларда бундай имкониятлар энг юқори. Жаҳон банки ва Халқаро Молия Корпорацияси жамоаси иқтисодиётнинг Ўзбекистоннинг гуллаб яшнаши учун муҳим бўлган тўртта жиҳатига назар ташлади.
- Ҳар томондан қуруқлик билан ўралган мамлакат сифатида Ўзбекистон учун ҳаво йўли орқали алоқа муҳим ҳисобланади. Сайёҳлар йўл ёки темирйўл орқали келишмайди ва Ўзбекистоннинг аксарият моллари, айниқса, юқори қийматли ва тез бузиладиган маҳсулотлари ишончли ва рақобатбардош ҳаво транспорти ва логистика бўлишини тақозо қилади. Ўзбекистон яқинда ўзининг виза режимини либераллаштирди. Энди у Ўзбекистон Ҳаво Йўлларини иккови ҳам давлат компаниялари бўлган Emirates ва Сингапур Airlines компанияларидан андоза олиб, ривожланаётган лекин, муросасиз бозорда рақобатбардош қилиши лозим. Туб ислоҳот бу – функцияларни бўлишдан иборат бўлиб, яъни компания, аэропорт бошқаруви ва авиадиспетчерлик хизмати бир-биридан ажратилиши ва мустақил тартибга солувчи структура таъсис этилиши керак. Бироқ, мамлакат, аввало, жиддий қарз муаммосини ҳал қилиши лозим.
- Ўзбекистоннинг энди шаклланаётган рақамли иқтисодиёти универсал ва ҳамёнбоп инфратузилма барпо этиш учун улкан ислоҳотлар ва сармояларни талаб қилади. Дунё бўйлаб ҳукуматлар телекомларни давлат корхоналаридан шиддат билан ривожланаётган рақамли ривожланиш секторларига айлантиришмоқда. Бироқ Ўзбекистон ортда қолмоқда. У мустаҳкам малакалар базасини яратиши ва муваффақиятли фаолият юритаётган “янги иқтисодиёт” ўзбек компанияларининг тажрибасидан фойдаланиши мумкин. Ҳаво йўли орқали алоқа каби функцияларни бўлиш ва давлатнинг таъсир доирасини қисқартириш ҳам муҳим ҳисобланади.
- Кимё саноати улкан потенциалга эга ва модерназацияга тайёр. Ўзбекистон табиий газ ва менерал ўғитлар ва ишлаб чиқариш учун зарур бўлган метанолдан олинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда муҳим бўлган калийли ва фосфатли рудаларга эга бўлиши билан ўзига хос ҳисобланади. Бу ҳолат Ўзбекистонни минтақадаги кучли иштирокчилардан бирига айлантирди. Бироқ кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш шу билан бирга углерод чиқиндиларини ҳам юзага келтиради, ва Ўзбекистонни энергия самарадорлиги нуқтаи назаридан дунёдаги энг ортда қолган мамлакатга айлантиради. Модернизация ва самарадорликни ошириш бўйича талайгина тез эришилган ютуқлар мавжуд. Секторда давлат корхоналари билан биргаликда қўшма корхоналар таркибида фаолият кўрсатаётган чет эл компаниялари ҳам мавжуд, ва айримлари хусусийлаштиришга қизиқиш билдирмоқда. Кимё саноатини модернизация қилиш Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширади ва уни янада энергоресурслардан тежамкорлик билан фойдаланадиган мамлакатга айлантиради.
- Мева – сабзавотчилик сектори ҳам муҳим. Чунки йиллик экспорт ҳажми 1 миллиард долларни ташкил қилади. Бироқ, Ўзбекистон ўзининг нисбий устунлигидан фойдаланмаяпти. Экспортнинг 80 фоизини қўшни Қозоғистон ва Россияга кетаётган янги маҳсулотлар ташкил қилади. Лекин салоҳияти ва бозорларгача бўлган масофа нуқтаи назаридан Ўзбекистон Осиёнинг “Калифорния”си бўлиши мумкин; у Европа ва Шарқий Осиёга экспорт қилиши мумкин бўлган юқори қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Баъзи ҳолларда унинг рақобатчилари кам: Шарқий Осиёга гилосларни Калифорния ва Вашингтон етказиб беради. Туркия ва Эрон ёнғоқ ва қуритилган меваларни Европага етказиб беради. Яқинлиги ва сифатга бўлган талаблар қуйи бўлгани учун Ўзбекистон Россия ва Қозоғистонга экспорт қилади, ваҳоланки, Европа ва Шарқий Осиёда нархлар анча юқори.
Бу кенг кўламли ислоҳотлар улкан ютуқларга олиб келиши билан бир вақтнинг ўзида кўпгина муаммоларни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Бундан ташқари бу ислоҳотларни бошлаш ва улар суратини ушлаб туриш мушкул. Бироқ қатъиятли бўлишнинг мукофоти сифатида Ўзбекистон янада рақобатбардош, очиқ ва бадавлат жамият бўлиш каби мақсадларига эришади.