Давлат Статистика қўмитаси жорий йилнинг июнь ойида кузатилган инфляцияга доир маълумотларни эълон қилди. Ушбу ҳисоботга кўра, май ойига нисбатан дефляция, яъни истеъмол нархлари индексининг пасайиши қайд этилган. Аммо бу умумий инфляциянинг кескин пасайиши дегани эмас. Бу кўрсатгичлар, нархларнинг мавсумга қараб ўзгарувчанлиги бўлиб, ёз мавсумида мева-сабзавотлар нархларининг пасайиши билан боғлиқ. Ўтган йилнинг июнь ойида ҳам худди шунақа ҳолат кузатилган эди.
Ҳозирги кундаги нарх-наволарни ўтган йилнинг шу даври билан таққослаш инфляцияни ўлчашнинг муҳим ва қулай усулидир. Масалан, шу услубда нархлар ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан қанчага ошганини билиш мумкиндир. Биринчидан, бу кўрсатгич мева ва сабзавотлар, қурилиш материаллари ва бошқа шу каби товарлар нархларининг мавсумларга қараб ўзгариши каби омилларни мустасно қилади. (ойдан ойга ёки қишдан ёзга ўзгариши каби). Иккинчидан, шу услубда инсон ҳаётида зарур бўлган товарлар ва хизматлар учун ҳозирги кунда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қанча кўпроқ тўлашга тўғри келаётганини аниқ таққослаш мумкин.
Юқоридаги диаграммалардан кўриниб турганидек, жорий йилнинг июнь ойида истеъмол нархларининг умумий индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,6 фоизга ўсган. 2018 йил июнида бу кўрсатгич 17,7 фоизга тенг бўлган (2016 йил июнига нисбатан ўсиш суръати). Бу умумий инфляция даражасининг деярли 4 фоизга пасайганини англатади. Ушбу кўрсатгичнинг сўнгги бир ярим йил ичидаги динамикасига назар ташлайдиган бўлсак, шу даврда умумий инфляция даражасининг барқарор равишда, яъни 20 фоиздан 13,6 фоизгача пасайганини кузатишимиз мумкин. Мана буни яхши янгилик деса бўлади. Бироқ, бу динамикага қарамай, инфляциянинг ҳозирги кўрсатгичлари ҳамон юқорилигича қолмоқда. Бу айниқса, асосий турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларининг ҳамда хизматларнинг нархларида анча сезиларли даражада кузатилмоқда.