Афғонистондаги ички сиёсий вазият барқарорликдан анча узоқда, бироқ, бу заминда 32 млн га яқин аҳоли яшайди. Мамлакат аҳолиси кундалик ҳаётида зарур неъматлардан ушбу муҳитда яшаб баҳраманд бўлишга кўникиб қолган деса ҳам бўлади. Афғонистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар номенклатураси у қадар катта эмас, аксарият қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади. Мамлакат иқтисодиёти кўп йиллардан буён давом этиб келаётган ҳарбий низо туфайли импортга деярли бутунлай қарам бўлиб қолган. Афғонистон ҳар йили четдан қарийб $7,5 млрд га тенг маҳсулот харид қилади, мамлакатнинг экспорт ҳажми эса, унинг импортидан 9 баравар кам – йилига атиги $800-$900 миллионни ташкил этади.
Май ойининг охирида Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида махсус чегара савдо зонаси фаолият юрита бошлади. Савдо зонаси бир пайтнинг ўзида 300 тагача юк машиналарини қабул қилиш имконига эга бўлган “Termiz kargo” экспорт марказида ташкил этилди. Бу Ўзбекистоннинг афғон бозорига етказиб берилаётган маҳсулот номенклатурасини ҳамда ҳажмини ошириш учун қўйилган навбатдаги қадамдир.
ОАВ да Афғонистондаги сиёсий низоларга чек қўйишга қаратилган музокаралар, шунингдек, инфратузилма ва ижтимоий лойиҳалар ҳақидаги ахборотлар мунтазаб бериб борилмоқда. Бироқ, ушбу мамлакат иқтисодиёти ва ташқи савдосига оид маълумотлар жуда кам.
Қайси давлатлар Афғонистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланади ва улар афғон бозорига қандай маҳсулотларни етказиб берадилар? Афғонистон ташқи бозорларга нимани экспорт қилади? Ушбу мамлакат ташқи савдосида Марказий Осиё давлатларининг роли қандай?
Буларнинг барчаси ҳақида Афғонистон бош статистика идорасидан олинган маълумотлар асосида тайёрланган UzAnalytics материалида танишишингиз мумкин.
Кўмир ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга асосланган иқтисодиёт
Ушбу мамлакатнинг ички сиёсий ва ижтимоий вазиятини “барқарор шаклга эга бўлган беқарорлик” деб тавсифлаш мумкин. Бироқ шунга қарамай, Афғонистон иқтисодиётида ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Кўмир қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари мамлакат иқтисодиётининг асосий драйверларидир. Осиё тараққиёт банкининг ҳисоботига кўра, иқтисодий ўсиш суръатлари ўтган йилги 2,2 % га нисбатан 2019 йилда 2,5%ни ташкил этади. Банк таҳлилчиларининг фикрича, бунга сабаб – мамлакатдаги об-ҳаво ўзгаришлари туфайли қишлоқ хўжалигидаги ҳолатнинг яхшиланишидир. ОТБнинг прогнозларига кўра, инфляция даражаси 2019 йилда 3%гача, 2020 йилда 4,5%гача ошади. Шундай бўлсада, қишлоқ хўжалигининг ривожланиши сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари олдингидек қолиши кутилмоқда.
Афғонистоннинг ташқи савдоси учта асосий хусусиятга эга. Биринчидан – импорт ва экспорт ҳажми ўртасидаги жуда катта фарқ. 2018 йилда ташқи савдо балансининг салбий сальдоси 6,5 млрд долларни, савдо айланмаси эса 8,3 млрд долларни ташкил этди. Бошқача айтганда, мамлакат ташқи савдосининг 78 фоизини импорт ташкил этади.
Иккинчи хусусият шундан иборатки, Афғонистонга қўшни ва географик жиҳатдан яқин давлатлар ушбу мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорлари саналади. Умумий импорт ҳажмининг 75 фоизи олтита қўшни мамлакат (Эрон, Покистон, Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон) ҳамда нисбатан яқин бўлган Қозоғистон ва Ҳиндистон улушига тўғри келади. Мамлакат экспортига келадиган бўлсак, афғон товарларининг 90 фоизи тўртта мамлакат: Покистон, Эрон, Хитой ва Ҳиндистонга юборилади.
Учинчидан, экспортнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кўмир ишлаб чиқаришга “ихтисослашгани”. Умумий экспорт ҳажмининг 77 фоизини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 10,2 фоизини кўмир ташкил қилади.
Албатта, юқорида кўрсатилган барча омилларга ижтимоий ва иқтисодий инфратузилманинг паст ривожлангани ҳамда мамлакат ичида қирқ йилдан буён давом этиб келаётган ҳарбий низолар асосий сабабдир.
ОТБ ҳисоботи муаллифларининг қайд этишларича, Афғонистон ҳукумати иқтисодиётни ривожлантириш учун икки муаммони ҳал этиши зарур. Булар: кадрлар етишмовчилиги ва инфратузилма лойиҳалари учун инвестицияларни рағбатлантиришдир.
Афғон бозори учун кураш
Покистон 2016 йилдан 2018 йилгача афғон бозорида улушининг ярмидан кўпроғини улушини йўқотди. Бу вақтда Афғонистонга амалга оширилган экспорт ҳажми 2,7 млрд доллардан 1,1 млрд долларгача камайди. Покистон-Афғонистон савдо палатаси раиси Зубайр Мотиваланинг маълум қилишича, Покистон экспортининг пасайиши афғон бозорида Ҳиндистон ва Хитой ролининг кенгайиши билан боғлиқ.
Покистоннинг афғон бозоридаги улушининг қисқариши ҳаттоки ун, гўшт ва кийим-кечак экспорти сингари соҳаларга ҳам катта таъсир кўрсатди. Савдо палатаси раисининг қайд этишича, Афғонистонда Ҳиндистон ва Хитойдан келадиган анча арзон маҳсулотлар бунга асосий сабаб. Бундан ташқари, афғонлар илгари даволаниш учун Пешоворга (Покистоннинг Афғонистон билан чегарасига яқин шаҳар) борган бўлсалар, энди улар Ҳиндистонни афзал билишмоқда.
Афғонистонга экспорт ҳажмининг анча қисқариши сабабли Пешовордаги 200 та ун заводининг қарийб ярми ёпилди, дейди палата раиси.
Афғонистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-сотиғи
Қирғизистондан ташқари, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари афғон бозорида ўз ўрнини эгаллашга интилишади. Афғонистон билан савдо-сотиқ қилишда Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақадаги етакчи давлатлардан саналади. Ушбу икки мамлакат афғон бозоридаги импорт қилувчи давлатлар орасида 4-чи ва 5-чи ўринни эгаллашади. Афғонистон умумий импорт ҳажмида Тожикистоннинг улуши 1,3%, Қирғистонники эса “микроскопик” даражада – 0,01 фоизни ташкил этади.
Расмлардан кўриниб турибдики, Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистонга экспорт қилаётган маҳсулот турлари жуда ўхшаш.
Афғон бозорига амалга оширилаётган экспортнинг қарийб 85-95 фоизини нефть ва нефть маҳсулотлари, электр энергия, суюлтирилган газ, металл прокати, ўғитлар, цемент, ун, буғдой ва бир неча номдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташкил этади. Юқори қўшма қийматга эга бўлган товарларнинг улуши эса (масалан: кийим-кечак, тўқимачилик маҳсулотлари, электр техника товалари, машиналар ва ҳ.к) жуда кам.
Марказий Осиё мамлакатлари 2018 йилда Афғонистонга жами: 763 млн долларлик ун ва буғдой, 233 млн долларлик электр энергияси, 226 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари, 141 млн долларлик суюлтирилган газ ва 71 млн долларлик ўғит экспорт қилганлар.
Ушбу тўрт мамлакатни Афғонистонга нисбатан “тўлақонли” экспортчилар деб атаса бўлади. Бошқача айтганда, мазкур мамлакатлар афғон бозорига фақат экпортни амалга оширадилар, Афғонистондан импорт ҳажми эса, ниҳоятда кам. Ушбу мамлакатдан Марказий Осиё давлатларига импорт қилинадиган маҳсулотлар орасида афғон майизи энг кўп ҳажмда сотиб олинади. 2018 йилда ушбу минтақа мамлакатлари жами 6,3 млн доллар миқдорида Афғонистондан майиз харид қилганлар.
Чегара савдоси зонаси Ўзбекистонга нима беради?
ФБК компаниясининг стратегик таҳлил институти директори Игорь Николаевнинг фикрича, бу каби инфратузилманинг ташкил этилиши ўзаро савдо-сотиқни ривожлантиришга қўшимча стимул беради: “Афғонистондаги кўп йиллик сиёсий можаролар келажакда ўз ечимини топиши керак деб ўйлайман. Шундай экан, Ўзбекистон энг яқин қўшни мамлакат сифатида манфаатли иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагида. Ушбу махсус зонанинг ташкил этилиши ташқи савдо операцияларини бошқариш ва молиявий ҳаражатларни камайтиришда тадбиркорлар фаолиятини анча соддалаштиради ва енгиллаштиради. Агарда режаларнинг барчаси амалга оширилса, буни жуда тўғри ва истиқболли қадам деб ҳисоблайман. Афғонистон учун биринчи навбатда, озиқ-овқат ва истеъмол моллари харидоргир бўлади, саноат маҳсулотларига эса талаб камроқ бўлади, бироқ уларнинг келажаги бор. Экспорт ҳажмининг қай даражада ўсишини ҳозирча айтиш қийиш, бироқ, чегарада ташкил этилган савдо зонаси ташқи савдо айланмасини фаоллаштириши аниқ. Бу каби инфратузилма объектлари ана шу мақсадда ташкил этилади.
Ўзаро муносабатларда иқтисодиёт устувор йўналишга айланса, бу ижобий сиёсий натижаларга олиб келади”, – дейди эксперт Sputnik радиосига берган интервьюсида.
Ўзбекистон маҳсулотларинг афғон бозоридаги улушини кенгайтириш ва экспорт ҳажмини янада ошириш муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда Афғонистонда йирик инфратузилма лойиҳалари (ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда) амалга оширилмоқда, ҳудудда тинчлик ўрнатиш буйича музокаралар фаол олиб борилмоқда. Бу шароитда Ўзбекистон маҳсулотларининг бугунги кунда афғон бозорида эгаллаган позициялари келажакда бошқа мамлакатлар билан анча муваффақиятли рақобатлашишга имкон беради.
«Ўзбекистон-Афғонистон» чегара савдо зонасида божхона терминали, меҳмонхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун “ягона дарча” фаолияти йўлга қўйилган. Termez Cargo экспорт маркази бир пайтнинг ўзида 300 га яқин юк машиналарини қабул қилиш имконига, ҳамда темир йўллар ва контейнерларни сақлаш учун омборларга эга. Шунингдек, Афғонистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини учинчи мамлакатларга қайта ишлаш ва экспорт қилиш мақсадида марказда маҳсулотларни навларга ажратиш ва қадоқлаш бўйича янги линиялар ишга туширилиши ҳам режалаштирилмоқда.
Май ойининг охирида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес-форумида Афғонистондаги 60 дан зиёд компаниялар иштирок этди. Форум якуни бўйича умумий миқдори 82,2 млн АҚШ долларига тенг экспорт шартномалари ва келишувлар имзоланди. Ўзбекистон мазкур шартномалар асосида жанубий қўшни давлатга нефть-кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларини етказиб беради.