Ўтган якшанба куни Korzinka.uz супермаркетлари тармоғи асосчиси Зафар Хошимовнинг Facebookдаги ўз саҳифасида эълон қилган пости ижтимоий тармоқлар ва ОАВда жуда тез тарқалди. Бизнесмен ўзи яшайдиган маҳаллада уйма-уй юрган банк ходимларидан бири билан бўлган суҳбатни сўзлаб берган. Кечқурун тадбиркор дарвозаси олдидаги гулзорини суғораётганида бир йигит келиб, ўзини банк ходими деб таништиради. У ҳамкасблари билан маҳаллаларда юриб, ўз бизнесини очиш истагида бўлганлар фуқароларга имтиёзли кредитларни таклиф этаётганини маълум қилади. Ёш ходим рўпарасида таниқли тадбиркор турганини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди ва бизнесменга хусусий ишини очиш учун йилига 8 фоизли ставкада 200 млн сўмгача бўлган имтиёзли кредитни таклиф этади.
“Мен хушмуомалалик билан рад жавобини бердим, бироқ, суҳбатдошим осонликча таслим бўлишни истамас эди. У банкларида амалдаги тадбиркорлар учун ҳатто 24 фоизлик кредит учун ҳам пул йўқлигини, бу ерда эса улар уйма-уй юриб, одамларга арзон кредитларни ўзлари таклиф қилаётганини тушунтирди… Мен ундан ўз банкидан чиқмай туриб, бу пулларни фаолият юритаётган тадбиркорларга уч баравар қимматига берганлари яхши эмасми, деб қизиқиб сўрадим. Ходим бу бутунлай бошқа маблағлар эканини, уларни биринчи марта ўз бизнесини бошлаётганларга бериш кераклигини айтди. Давлат томонидан берилаётган имтиёзли кредитларнинг шарти шундай”, – деб ёзади Хошимов Facebookда.
Тахминан бир йилча олдин Ўзбекистонда “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури қабул қилинди. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад аҳолини тадбиркорликка, аниқроғи, кичик бизнесга жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишдир. Давлат дастури иш ўринларини кўпайтириш ва хусусий бизнесини очишга тайёр бўлган оилаларда барқарор даромад манбаини яратишга хизмат қилиши кўзда тутилган.
2018 йилда Ўзбекистонда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,3 фоизни ташкил этганини ҳисобга олганда, ҳукуматнинг ушбу ташаббуси муҳим ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга. Мазкур давлат дастурининг ижроси қай даражада амалга оширилмоқда? Унинг ҳозирги жорий этиш босқичидаги натижалар қандай?
Ҳар бир оилани тадбиркорликка жалб қилувчи кенг кўламли дастур
“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури концепцияси 2018 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига уюштирган ташрифи давомида эълон қилинган эди. Дастур давлат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, банд бўлмаган аҳолини тадбиркорлик, ҳунармандчилик, фермерлик ва касаначиликка жалб қилиш орқали даромад манбаларини яратишга йўналтирилган.
“Андижонда аҳоли зич жойлашган. Бир-иккита завод бир фоиз аҳолиниям иш билан таъминлай олмайди. Бу ерда одамларни фақат тадбиркорлик, ҳунармандлик орқали боқиш мумкин. Хонадонларга маблағ киритсак, зарур ускуналар бериб, ақл билан ишлашни ўргатсак, одамлар ўзини ўзи боқади. Уйига буюм олади, боласига китоб олиб беради, солиққа, электрга пул тўлайди, бюджетга маблағ тушади. Бир йилдан кейин сарфлаган пулимиз икки баробар бўлиб қайтади. Иқтисодий механизм мана шундай бўлиши керак”, – деганди президент.
2018 йил 10 июндан айнан шу вилоятдан бошлаб ҳар бир оилани тадбиркорликка жалб этиш бошланди.
Жорий йилнинг март ойидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурининг кўлами анча кенгайди. Президент “Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Ҳукумат давлат дастурининг ижросини аҳолининг барча қатламларига тарқатиб кичик бизнесга замонавий ва инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берган ҳолда, дастурни молиялаштиришни қарийб 3 бараварга оширди.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, чорвачилик, боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш аҳоли ўртасида энг кенг тарқалган фаолиятлардир. Дастур ижроси асосан қишлоқ аҳолисини бандлик билан таъминлаш эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бу натижаларнинг ажабланарли томони йўқ.
Асосий рағбатлантирувчи омил – имтиёзли кредитлар
Имтиёзли кредитларнинг тақдим этилиши “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури бўйича кичик тадбиркорликни ривожлантиришнинг энг кучли рағбатларидан биридир. Банкларнинг уларга тақдим этаётган ставкаси турли тадбикорлик субъектларига берилаётган тижорат кредитларидан 3 баравар арзондир.
Кенг аҳоли қатламини бу тарзда тадбиркорликка жалб этиш ғояси, илгари бизнес билан шуғулланмаган одамларга хусусий ишини ташкил қилиш учун кредит бериш деганидир. Табиийки, ушбу маблағларнинг банкка қайтарилмаслиги хавфи юқори бўлади.
Ўзбекистон Марказий Банки раиси Мамаризо Нурмуратовнинг маълум қилишича, аввалдан кредитларнинг қайтарилмаслик даражаси деярли 15%ни ташкил этиши кутилган эди. “Ўз вақтида кредит тўловларини амалга ошириш, мазкур кредитларни тўлаш хусусида тўхталганда, бизнинг шубҳамиз бор эди. Биз улар (қарздорлар) тўлолмасалар керак, деб ўйлагандик… Йўқ, айтиш керакки, кредитлар бўйича маблағларни қайтариш кредит портфелидан фойдаланиш умумий рамкасида турибди, ҳаммаси бўлиб, 2-3% (ҳолатлар)да берилган кредитларни қайтариш билан боғлиқ муаммолар бор”, – деб қайд этди МБ раиси.
Мамаризо Нурмуратовнинг сўзларига кўра, дастур иштирокчиларига нисбатан маълум бир санкциялар қўлланилмайди: “Биз тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш нуқтаи назаридан мониторинг олиб борамиз. Ушбу кредитлардан фойдаланишда муайян хатоликлар бор. Ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилади, маълум бир санкциялар қўлланилмайди, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Масалан, сигир сотиб олишган, у касал бўлиб қолган – уни сотишни маслаҳат беришган ёки шунга ўхшаш бирон нарса бўлган. Биз жиддий эътибор қаратадиган ҳолатлар бор”, – деди Марказий Банк раҳбари.
Ижтимоий тармоқдаги сўровнома натижалари ва суистеъмолликлар
Кредит олишни бундай осон ва қулай шароитлари кўпчиликда қизиқиш ўйғотиши табиий ва банкдан шу тарзда қарз олганларнинг ҳаммаси ҳам уни тўғри йулда сарфламаслиги мумкин. Масалан, автомашина, мебель харид қилиш ёки мавжуд истеъмол кредитлари тўловини ёпишда. Бундан ташқари, имтиёзли кредитларни беришда масъул бўлган банк ходимларида мижозлар билан тил бириктириш васвасаси ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури бўйича ажратилган кредитлардан нотўғри ва мақсадсиз фойдаланиш юзасидан аниқланган иккита ҳолат ҳақида хабар берди. Биринчи ҳолатда, ишчи гуруҳи ва “Халқ банки” Китоб филиалининг ходимлари фуқароларнинг талабини ва банкка тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғрилигини тўлиқ ўрганмасдан 11 нафар фуқарога иссиқхоналар қуриш учун 147 млн сўм кредит ажратган.
Иккинчи ҳолат ҳам иссиқхоналар қурилиши билан боғлиқ. “Халқ банки” Денов филиали ходимлари томонидан 12 нафар фуқарога 319 млн сўм кредит фойдаланиш мақсадларини ўрганилмаган ҳолда ажратилган. Қолаверса, расмий ҳужжатларга кредитлардан мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги мониторинг протоколларини расмийлаштириш бўйича ёлғон маълумотлар киритилгани аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан банк ходимлари ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бироқ, аноним сўров натижалари шуни кўрсатдики, аҳоли томонидан имтиёзли кредитлаш дастурини суистеъмол қилиш ҳолатлари анча кўп. 6 майда блогерлардан бирининг телеграм каналида “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурининг имтиёзли кредитларидан қанча киши фойдаланганини аниқлаш мақсадида сўров ўтказилди. Унда жами 4172 нафар киши овоз берган. «Сиз «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида арзон кредит олдингизми?» деган саволга сўралганларнинг 4 фоизи «Олдим, лекин бошқа мақсадга ишлатдим» деб жавоб берган. Бу дегани, 166 нафар сўров иштирокчилари олинган кредитларни бутунлай бошқа мақсадда сарфлаган. Мазкур сўровда 5% респондентлар «Ҳа олдим, тадбиркор бўлдим” деган жавобни танлаган. Бошқача айтганда, сўровнинг ҳар йигирманчи иштирокчиси ўз бизнесини ташкил қилган ва доимий ёки қўшимча даромад манбаини йўлга қўйган. Давлат кўмаги ёки шу тариқа ёрдам билан ҳам ҳар қандай одам тадбиркор бўла олмаслигини ҳисобга олганда, мазкур босқичда бу статистикани яхши натижа деб ҳисобласа бўлади. Демак, банкирлар беҳудага уйма-уй юришмаяпти…