Мана икки йилдирки, Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга хусусий секторни жалб қилиш бўйича фаол ҳаракат қилиб келмоқда. Ҳокимият ва бизнес ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг замонавий шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш давлат бошқарувида 2017 йилда бошланган ислоҳотларнинг бир қисмидир. Ушбу вақт давомида ҳукумат мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш ва коммунал хўжалик каби соҳаларда давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирларни ишлаб чиқди.
Яқинда давлат билан хусусий шериклик ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат қабул қилинди. 10 май куни мамлакат президенти “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунга имзо чекди[1]. Мазкур қонунни тайёрлаш ва унинг муҳокамаси қарийб 2 йил давом этди.
Ижтимоий муҳим лойиҳаларни бирга амалга оширишда ҳокимият ва бизнес шерикчилигининг асосий мазмуни нимадан иборат? Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун республика ҳукумати томонидан қандай ташаббуслар ва лойиҳалар илгари сурилмоқда?
Давлат-хусусий шериклик нимадан иборат?
Ҳокимият ва хусусий бизнес ҳамкорлигининг энг оддий кўринишдаги схемаси қуйидагича: давлат ижтимоий инфратузилма объектини (масалан, клиника, йўл, боғча, мактаб ва ҳк.) қуриш ёки модернизация қилишни режалаштираётганини эълон қилади ва тендерда иштирок этиш учун сармоядорларни таклиф этади. Танловда ғолиб бўлган хусусий компания лойиҳани молиялаштиради (капитални жалб қилади), иншоотни қуради (ёки модернизация қилади) ва бутун ҳаётий цикл давомида ушбу объектни бошқаради. Давлат ва хусусий компания ўртасида тузилган шартнома муддати якунида ундаги шартларга кўра, объект ёки давлатга топширилади ёки хусусий компания қўлида қолади. Давлат ўз навбатида, хусусий шерикнинг барча харажатлари, кредит фоизлари ва даромадларини ўз ичига олган ойлик унитар тўловларни амалга оширади.
Давлат-хусусий шериклик энг аввало, давлат ва бизнеснинг инфратузилмаларни ташкил этиш ҳамда ижтимоий жиҳатдан муҳим хизматларни кўрсатишда молиявий, технологик ва бошқарув ресурсларининг бирлашувидир. Бундай ҳамкорликда муносабатлар давлат ва хусусий компаниялар кооперацияси сингари барпо этилади. Айни дамда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартномада иштирокчилар ўртасида хавфларнинг бўлиниши аниқ ва равшан қилиб кўрсатилиши шарт ва муҳимдир. Ушбу шаклдаги ўзаро муносабатларга давлат органларининг ваколатлари аниқ баён этилган қонунчилик базаси керак.
Давлат-хусусий шерикликнинг ривожланиши тарихидан
Тарихий маълумотларга кўра, давлат хусусий тадбиркорлар билан деярли барча даврларда ҳамкорлик ёки кооперацияда бўлган. Ўрта асрларга келиб, ҳокимият ва хусусий шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳуқуқий шаклга эга бўлди[2]. Христофор Колумбнинг 1492 йилдан 1504 йилгача бўлган экспедициялари ана шундай шаклдаги ҳамкорликнинг ёрқин мисолидир. Қироллик Христофор Колумбга “Дон” унвонини тақдим этади. У сафарни муваффақиятли якунласа, эгаллаган ерларини бошқариш ва у ерларда қазиб олинган фойдали қазилмалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган. 1491 йилда тузилган шартномага кўра, Колумб ҳаражатларнинг саккиздан бир қисмини ўз бўйнига олган. Тузилган шартноманинг молиявий натижаси қуйидагича тақсимланган: олиб келинган товарлар ва табиий ресурсларнинг 90 фоизи ҳукуматга ўтган, 10 фоизи эса, сарфланган харажатлардан ташқари Христофор Колумб ҳисобига ўтган.
Инсониятнинг янги тарихий даврида ҳокимият ва хусусий тадбиркорларнинг ҳамкорлиги тобора ошиб борди, шунга яраша қўшма инфратузилма лойиҳалари сони ҳам анча кўпайди. Сувайш ва Панама каналлари лойиҳалари улар орасидаги энг йириги ҳисобланади. 1855 йилда “Сувайш каналининг умумий компанияси” хусусий корхонаси Миср вице-қиролидан Қизил ва Ўрта Ер денгизини бирлаштирувчи Сувайш каналини қуриш учун концессияни амалга ошириш ҳуқуқини олади. Компания акцияларининг 44 фоизи Миср ҳукуматига, 53 фоизи Францияга тегади, қолган 3 фоиз акцияларни бошқа мамлакатлар харид қилади. Концессия шартларига кўра, лойиҳадан олинган даромад қуйидагича тақсимланиши кўзда тутилади: акциядорларга фойданинг 75 фоизи, Миср ҳукуматига 15 фоизи, компания асосчиларига эса қолган 10 фоизи тегиши керак эди. Қурилиш ишлари 11 йилдан сўнг якунланади ва канал кемалар қатнови учун 1869 йил ноябрда очилади. Ҳозирги кунда канал эксплуатациясидан олинган маблағлар Миср ғазнасига тушадиган валюта киримларининг салмоқли улушини ташкил этади.
Париждаги машҳур Эйфел минорасининг қурилиши концессияга яна бир ёрқин мисол бўла олади. 1887 йилда Александр Гюстав Эйфель Париж шаҳри муниципалитети билан шартнома тузади. Унга кўра, минора 25 йил фойдаланиш шарти билан ижара ҳуқуқи асосида унга тақдим этилади. Шунингдек, 1,5 млн олтин франк миқдорида субсидия тўлаш ҳам кўзда тутилади. Бу минорани қуриш учун сарфланадиган барча ҳаражатларнинг 25 фоизини ташкил этар эди. Минора эксплуатация вақти давомида экскурсиялар, лифтларга чиқиш учун сотилган чипталар, сувенир сотиш ҳуқуқини бериш, ресторанларнинг ижара тўловларидан тушган пул ҳисобига ўз харажатларини оқлади.
Бугунги кундаги давлат-хусусий шериклиги
Сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатида давлат-хусусий шериклик механизми фаол жорий этилаётгани кузатилмоқда. Жаҳон банки маълумотига кўра, мазкур механизм ёрдамида инфратузилма лойиҳаларига хусусий инвестицияларнинг қарийб 15-20 фоизи жалб қилинмоқда[3].
Европада давлат-хусусий шериклигини жорий этиш бўйича Буюк Британия, Франция ва Германия асосий етакчилар ҳисобланади. Умуман олганда, Европа Иттифоқи бўйича 2010 йилдан 2016 йилга қадар умумий қиймати 111 млрд. евро миқдорида 541 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилди. Бунда таълим (156 та лойиҳа) ва транспорт (111 та лойиҳа) секторлари давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидаги устувор тармоқлардан бўлган[4].
Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикликни ривожланириш бўйича асосий ташаббуслар
Ўзбекистонда сўнгги 25 йил ичида амалга оширилган давлат-хусусий шериклигининг турли шакллари, асосан, иқтисодиётнинг айрим секторларигагина тегишли бўлди. Бундай лойиҳалар кўпроқ нефть-газ ва кон саноатларида амалга оширилди. Бу мазкур секторларга йўналтирилган инвестициялар иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига нисбатан хавфсизроқ деб ҳисобланиши билан боғлиқдир. Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим минерал ресурслар билан боғлиқ секторларга хорижий инвестицияларни жалб қилишда давлат-хусусий шериклигининг энг кўп қўлланган шаклларидан биридир.
Давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда ягона ҳуқуқий механизм мавжуд эмаслиги республикада давлат-хусусий шериклигининг нисбатан паст даражада ривожлангани асосий сабабларидан биридир.
Ўзбекистонда хусусий секторни ижтимоий, транспорт ва коммуникация инфратузилмаси қурилиши ва модернизациясига жалб қилиш учун чора-тадбирлар ва механизмларни фаол жорий этиш 2017 йилда бошланди.
Давлат-хусусий шериклигининг замонавий механизмларини жорий этиш “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси”да давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш йўналишларидан бири деб белгиланган эди[5].
5
ДХШни ривожлантириш учун махсус агентлик
Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги[6] Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик соҳаси бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишда масъул этиб тайинланди. Ушбу агентлик республикада давлат-хусусий шериклик бўйича сиёсатни белгилайди, лойиҳаларни кўриб чиқади, тармоқ вазирликлари билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги тендер ҳужжатлари ва шартномаларни мувофиқлаштиради, тендерларни ишлаб чиқиш, ўтказиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан ёрдам беради. Осиё Тараққиёти банки, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Ислом тараққиёти банки ва Жаҳон банки лойиҳаларда консультант (маслаҳатчи) сифатида иштирок этмоқда.
Қарийб ярим асрга тенг шериклик
“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунда ҳамкорликнинг ушбу турига “давлат органлари ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлиги”, деб тавсиф берилган[7]. Давлат бошқаруви органлари, жумладан жойлардаги ижро органлари давлат номидан шерик, маҳаллий ва хорижий инвесторлар эса хусусий шерик сифатида қатнашади.
Давлат ва хусусий шерикнинг қонун олдида тенглиги, шерикликни амалга ошириш жараёнида қоидалар ва принциплар шаффофлиги, хусусий секторни танлаб олишда мусобақалашув ва холислик, камситиш ва коррупцияга йўл қўйилмаслиги давлат-хусусий шериклигининг асосий принципларидир. Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартнома 3 йилдан 49 йилгача бўлган муддатга тузилиши мумкин.
[1] http://lex.uz/ru/pdfs/4329272
[2] http://institutiones.com/general/2840-tendencii-razvitiya-gosudarstvenno-chastnogo-partnerstva.html
[3] http://www.uz.undp.org/content/uzbekistan/ru/home/presscenter/articles/2018/03/16/the-un-supports-implementation-of-public-private-partnership-in-.html
[4] https://law-journal.ru/files/pdf/201703/201703_49.pdf
[5] http://www.lex.uz/ru/docs/3107042