Ўзбекистон статистика давлат қўмитаси 2018 йилда мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дастлабки маълумотларни эълон қилди. Бу маҳсулот бўйича 2017 йилга нисбатан 36 фоизга (1,23 млн. тоннага), маблағ ҳисобидан 37,5% га (874,5 млн АҚШ долларига) ўсган. Ҳукумат яқин йилларда ҳам шундай ўсиш тенденциясини сақлаб қолиш ниятида.
ОАВ да Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб эълон қилинган маълумотларга кўра, 2018 йилда сабзавотлар экспорти 84 фоизга (670,1 минг тоннага), мевалар 8,1 фоизга (307,6 минг тоннага), ер ёнғоқ 2,2 бараварга (29,3 минг тоннага) ўсган. Бироқ ўтган йилда Ўзбекистон тарвуз-қовунларни 4,1% кам экспорт қилган. Узум экспортида ҳам худди шундай ҳолат – унинг экспорти 206,8 минг тонна (3,3%)га камайган.
Январь ойида Берлинда бўлиб ўтган Озиқ-овқат ва агрокультура форумида ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев 2021 йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 5 миллиард АҚШ долларигача оширишни режалаштираётганини маълум қилган.
Шундай бўлса ҳам керак. Чунки, маҳсулотлар ҳажмини оширишдан ташқари, яна улар етказиб берилаётган мамлакатлар географияси ҳам кенгаймоқда. Масалан, 2016 йилнинг ўзида экспорт қилувчи мамлакатлар 9 тага кўпайди. Испания ва Италияга илк бора консерваланган кавар, Ливанга ёнғоқ, Вьетнамга – қуритилган узум (майиз) экспорт қилинди. Рўйхатда яна Бельгия, Швейцария, Голландия, Чехия ва Исроил ҳам бор. 2018 йилда Ўзбекистон Хитой бозорига илк бора гилос ва мошни экспорт қилди. Келажакда қовун, узум, анор, ўрик, олхўри, хурмо, анжир, лимон ва ер ёнғоқни экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
МДҲ мамлакатлари, Россия, қўшни Қозоғистон билан савдо-сотиқ ҳам ривожланмоқда.
Шу боис, бугунги кунда кўпчилик ўзбекистонлик истеъмолчиларни ташвишга солаётган савол – булар ички бозорга, энг аввало нарх-навога таъсир кўрсатмайдими, деган савол, жуда ўринлидир. Бошқа сўз билан айтганда, маҳсулотлар ўзимизнинг бозорларда ҳам қоладими, ёки ҳамма ҳам уларни сотиб ололадими?
Сир эмаски, сотувчиларнинг ўзлари нархларнинг ошишини “бозорда шу маҳсулотнинг, масалан, бу йили гилос ёки тарвуз, қовун ва ҳоказо ўзи кам бўлди, ҳаммасини Россияга жўнатишди…” – деб изоҳлашмоқда.
Юлий Юсупов, иқтисодчи:
Агарда экспорт чегараланган бўлса, ички бозорда ҳам бу маҳсулотга таклиф ўсади. Демак, нархлар ҳам паст бўлади. Тўсиқлар олиб ташланса, мамлакат ичида таклиф камаяди, нархлар эса қимматлашади. Гўшт экспортидаги чекловлар олиб ташланганда нима бўлгани ёдингиздами? Агарда бозор механизмлари тўғри ишласа, ички бозордаги нархлар хорижникидан паст бўлади. Хаттоки транспорт, маъмурий ва божхона ҳаражатларини эътиборга олганда ҳам.
Бундан ташқари, экспортнинг ўсиши ички ишлаб чиқаришни жадаллаштириши ҳам мумкин, дейди Юлий Юсупов. Бунинг самарасида маълум пайтдан сўнг ўрта ҳаражатлар ва нархлар пасаяди.
Иқтисодчи Анвар Назиров ҳам озиқ-овқат маҳсулотларининг хорижга экспорт қилишнинг оширилиши ички бозорда нарх-навонинг ошишига таъсир кўрсатади, деган фикрда.
Бироқ унинг фикрича, яқин йилларда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тўлақонли мамлакатга айланолмаслиги мумкин.
– Бунинг учун қишлоқ хўжалигида чуқур ислоҳотлар олиб борилиши керак, у ерда анча муаммолар тўпланиб қолган, – дейди Анвар Назиров. – Улардан бири – ерларнинг шўрланиши. Илгари пахта экилган улкан далалар бугунги кунда мева-сабзавот етиштириш учун ярамай қолди. Бу ерларни тиклаш учун арзон технологиялар мавжуд. Бу дастур АҚШ ва Япониядаги мутахассислар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган, бироқ давлат маълум бир сабабларга кўра, унинг ижросини орқага ташламоқда.