Сурат манбаси: inbusiness.kz
Икки муаллиф – Австралия миллий университетига қарашли Тартибга солиш ва глобал бошқарув мактаби илмий ходими Дирк ван дер Клей ҳамда Бишкекдаги ЕХҲТ академияси ва Филаделфия Ташки сиёсат тадқиқотлари институти илмий ходими Нива Яу – Карнеги жамғармаси учун тайёрлаган батафсил тадқиқотида Хитойнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий манфаатлари тобора саноат лойиҳалари томон силжиб бораётгани ҳақида ёзади. Булар қўшилган қийматга эга ва экспорт потенциали бор лойиҳалардир.
Бундай ўзгаришларнинг сабаби нима? Муаллифлар таъкидлашича, бу, асосан, иш ўринлари, экспорт ва давлат даромадларини ошириш, маҳаллий жамоатлар ҳаётини яхшилаш учун Хитойни ўз иқтисодий дастурларига тортишга интилаётган Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларининг саъй-ҳаракатлари натижаси бўлган. Агар Хитой фирмаларининг Марказий Осиёга оид узоқни кўзловчи режалари бўлса, бундай талабларга кўз юма олмайди. Шунинг учун улар бунга жавобан, масалан, маҳаллийлаштиришни (маҳаллий ходимлар сонини) кўпайтирди, маҳаллий жамоатларга ёрдам бера бошлади ва ҳк.
Муаллифлар таъкидлашича, Хитой Марказий Осиёдаги манфаатларининг 3 та асосий йўналиши бор: углеводородларнинг барқарор импорти, минтақадаги иқтисодий ва сиёсий барқарорлик, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий кун тартиби борасида Хитой билан ҳамкорлиги.
Сўнгги 5 йилда Хитойнинг эътибори минтақа мамлакатларига саноатлаштиришда ёрдам бериш томон силжиди. Сўнгги йилларда Хитой Марказий Осиёда инфратузилмани ривожлантириш учун улкан қарзлар ажратишни деярли тўхтатди. Хитой қарзининг Марказий Осиёда асосий олувчилари бўлган Қирғизистон ва Тожикистон билан сўнгги йирик кредит битими 2014 йилда имзоланган эди. Хитой фирмалари энди бунинг ўрнига завод ва фабрикалар қуриш, хомашёни қайта ишлаш қувватларини ривожлантириш ҳамда маҳаллий қишлоқ хўжалик корхоналари ва объектларини модернизация қилишга интилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё минтақасидаги 5 та давлатдан тўрттасига (ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан изоляцияда қолаётган Туркманистондан бошқа барча мамлакатларга) маҳаллий аҳоли ишлайдиган ва маҳаллий ишчиларнинг кўникмалари ошадиган экспорт соҳаларини ривожлантириш йўлида ёрдам беришга қаратилган стратегик олға кетишнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Нега Хитой Марказий Осиёга саноатлаштиришда ёрдам бера бошлади?
Биринчидан, Марказий Осиё давлатлари Хитой ҳукумати ва компанияларини айнан саноатни ривожлантиришга кўндира бошлади. Улар кўп сонли маҳаллий ишчиларни ёллаш ва малакасини ошириш бўйича дастур ва низомлар ишлаб чиқди, минтақадаги ҳукумат амалдорлари эса ривожлантиришнинг кўшма режаларини ишлаб чиқиш учун ҳаракатларини Хитой компаниялари ва ҳукумати билан мувофиқлаштира бошлади. Бугунги кунда улар ўтмишдагидан фарқли ўлароқ, давлат қарзлари ҳажмини ошириш ўрнига инвестициялар жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.
Иккинчидан, Хитой марказий ҳукумати ва унинг 2 та етакчи сиёсий банки – Хитой тараққиёт банки (CDB) ва Хитой эксимбанки – бундай инвестицияларга ўтиш ва қарз ҳисобидан молиялашириладиган улкан инфратузилма лойиҳаларидан воз кечишни рағбатлантирмоқда.
Учинчидан, Хитой фирмалари ушбу янги муҳитга мослашмоқда. Сони доимий тарзда ўсиб бораётган Хитой компаниялари чет эл бозорлари таклиф этаётган имкониятлар, мамлакатдаги қаттиқ рақобат, ишлаб чиқариш қувватларининг керагидан ошиқлиги, хитойлик ишчиларнинг меҳнат қиймати ошиб бораётгани ва Хитойдаги экология меъёрлари талабларининг қаттиқлаштирилаётгани сабаб чет мамлакатларга инвестиция киритмоқда.
Ушбу тамойил хитойлик инвесторлар Марказий Осиёда турли соҳаларда бизнесини очишга ўтган 2000-йиллар охиридан бошланган эди. Марказий Осиё минтақада бизнес юритиш шароитлари Хитойга нисбатан мураккаброқ бўлишига қарамай, жадаллиги камроқ бўлган бозорларни таклиф этаётган эди. Яна иш кучи харажатлари камлиги ва инвестиция олаётган мамлакатлар ҳукуматларининг бераётган солиқ имтиёзлари ҳам эътиборни тортаётганди.
Имижни ўзгартириш
Гарчи Хитойга нисбатан салбий кайфият Марказий Осиёнинг ҳамма жойида тарқалган деб бўлмаса-да, ўтказилган сўровлар натижалари кўрсатишича, Хитой ҳақида ижобий фикрда бўлган маҳаллий аҳоли улуши сўнгги йилларда анча-мунча тушиб кетди.
Аммо, сўнгги йилларда Хитой компаниялари бироз тажриба орттириб, ўз фаолиятига нафақат ҳукумат маъқуллашини, қолаверса, қандайдир ижтимоий лицензия шаклини (ёки ижтимоий розиликни) олишга интилиб, салбий ижтимоий фикр оқибатларига мослашишни ўрганди.
Хитой компаниялари Марказий Осиёдаги аксилхитой кайфиятларини енгишга ҳаракат қилмоқда, шу билан бирга, улар маҳаллий ҳокимият идораларининг иқтисодий ҳиссани ошириш ҳақидаги талабларини ҳам қондиришга интилмоқда. Қозоғистондаги энг йирик инвестор бўлган Хитой нефт компанияси (CNPC) қайд этишича, ушбу мамлакатдаги иш кучининг 97 фоизини маҳаллийлаштирган. Хитойнинг 2 та асосий телекоммуникация компания – ZTE ва Huawei – ушбу мақола муаллифлари билан суҳбатда Қозоғистода очилган фирмалардаги иш кучининг 80 фоиздан ошиғи маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат эканини хабар қилди. Хитой билан икки томонлама қўшма лойиҳалар рўйхатида Қозоғистон ҳукумати маҳаллийлаштириш бўйича мақсадларини кўрсатиб ўтади (Қозоғистон ҳукумати таъкидлашича, айрим ҳолларда тўлиқ амалга оширилган, масалан, Чимкент нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш лойиҳаси маҳаллий аҳоли учун 2296 та иш ўрни яратди).
Хитой фирмаларига Қирғизистон ва Қозоғистондаги касаба уюшмалари ва фуқаролик жамияти фаоллари иш кучини маҳаллийлаштиришни талаб қилмоқда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари лойиҳа шартномаларига маҳаллий ходимларни ишга ёллаш бўйича тегишли мажбуриятларни киритиб, чет элдан молиялаштириладиган барча ёки айрим лойиҳалар учун квоталар белгилаб, чет эллик ишчиларга бериладиган рухсатномалар миқдорини чеклаб, маҳаллий иш ўринлари ўсишини рағбатлантиришга интилмоқда.
Айни чоқда Қозоғистон ҳукумати чет эллик ишчилар учун квотани қисқартириб, ва ушбу қоидани бузаётганларга нисбатан текширувлар сонини ошириб, бундай чораларни қаттиқлаштирмоқда. 2019 йилда чет эллик ишчилар учун квота 49000 тагача белгиланган эди, 2020 йилга келиб эса бу кўрсаткич 29000 га туширилди. Тожикистон қонунчилигида белгиланишича, чет эллик ишчилар маълум бир компания умумий ходимлари сонининг 30 фоизидан ошиқ бўлиши мумкин эмас, бу ерда ҳам квоталар тизими амал қилади. 2019 йилги вкота 7500 нафар ишчи қилиб белгиланган эди.
Иқтисодий сабаб
Бутун Марказий Осиё минтақаси бўйлаб маҳаллий ишчиларнинг маоши одатда бу ерга олиб келинадиган хитойлик ишчиларникидан камроқдир.
Бундан ташқари, Хитой фирмалари хитойлик ишчиларни ёллаш чоғида визани расмийлаштириш, чет давлатларда ишлаганлик учун компенсация пули тўлаш ҳамда Хитойга бориш ва Хитойдан келишга маблағ ажратиш сингари кўпроқ харажатлар қилишга мажбур бўлмоқда.
Хитой компаниялари маҳаллий ишчиларни кўпроқ ёлламоқчи эканини очиқ айтмоқда, чунки бу анча арзон. Шундай фирмалардан бири Хитойнинг Тожикистондаги энг йирик инвестори – Тожик-хитой тоғ саноати компанияси Суғд вилоятининг шимоли-ғарбида қўрғошин ва рух конларини юритмоқда. Компания вакили матбуот учун берган бир баёнотида фирма маҳаллий иш амалиёти учун ҳатто қонунчиликда кўзда тутилган даражадан ҳам тобора камроқ хитойлик ишчиларни ёллаб, иш кучи харажатларини камайтиришга интилаётганини гапирган эди:
“Тожик-хитой тоғ саноати компаниясининг (Tajik-Sino Mining) асосий рақобат устунликларидан бири иш ҳақи ҳисобланади. Тожикистон ҳукумати талаб қилаётганидай, компания доимо Хитой ва Тожикистон ишчилари нисбатини учга (хитойликлар) етти (тожикистонликлар) ҳолатида ушлаб туради. Бироқ 2016 йилдан бошлаб, компания хитойлик ходимлар миқдорини (ушбу талаблардан ҳам юқори тарзда) аста-секин чеклай бормоқда. Компания 3 – 5 йиллик қаттиқ меҳнат қилингандан сўнг хитойлик ва тожик ишчилари нисбати бирга тўққиз (1:9) кўринишида чекланади. Айни пайтда Тожик-хитой тоғ саноати компаниясида меҳнат қилаётган тожикистонлик ишчиларининг ойлик маош даражаси 300 доллардан ошмайди. Компания бир вақтнинг ўзида меҳнат унумдорлигини ошириш баробарида хитойлик ва тожикистонлик ишчилар нисбатини ва ходимларнинг умумий сонини ўзгартириш ҳисобига харажатларни барқарор равишда назорат қилишга интилмоқда”. (Shanghai Stock Exchange Roadshow, “Xizang Zhufeng 600338” [Tibet Summit 600338].
Кўникмалар муаммоси
Совет даврида Марказий Осиёдаги саноатлаштириш кўп жиҳатдан минтақага юборилган юқори малакали россиялик мутахассислар Марказий Осиёдаги саноат соҳаларини қўллаб қувватлаш учун субсидиялар ажратишига боғлиқ бўлган, акс ҳолда улар рақобатбардош бўлиши даргумон эди. Бироқ ушбу модел Совет Ититфоқи парчаланиб кетгандан сўнг барбод бўлди. Кўп соҳалардан юқори малакали мутахассисларнинг кетиб қолиши ва уларнинг етишмовчилиги 1991 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда минтақа мамлакатлари саноати таназзулига олиб келди.
Хитой савдо вазирлиги Қозоғистонда бизнес юритиш бўйича чиқарган йўриқномада “Қозоғистондаги саноат ишчиларининг профессионал кўникмалари сустлиги, ишчилар меҳнати самарадорлиги пастлиги ва уларни иш жойида ушлаб қолиш машаққатлари билан боғлиқ катта муаммолар бор. Профессионал техник ходимлар ва юқори малакали мутахассислар танқислиги ҳали-ҳамон ечимини кутиб турибди”, деб ёзиб, хитойлик потенциал инвесторлар учун ушбу муаммони таъкидлаб кўрсатади. Хитойнинг экспорт кредитларини суғурта қилиш бўйича корпорацияси (Sinosure) ёзишича, “Тожикистондаги маҳаллий иш кучининг техник имкониятлари нисбатан паст ва бу ҳол уларнинг муҳим лавозимларга қўйиладиган талабга жавоб бера олмайди. Бу ҳол Тожикистондаги Хитой молиялаштираётган компанияларнинг тижорат фаолияти учун кўплаб мушкулликлар туғдирди”.
Лекин Хитой ушбу етишмовчиликни бартараф қилмоқчи. Хитой ташқи ишлар вазири 2021 йил майида Марказий Осиёдаги 5 ҳамкасби билан учрашув чоғида Хитой ҳукумати кейинги 3 йил давомида минтақанинг бир мамлакатида “Лу Бан устахоналари” деб номланган (Хитойнинг афсонавий ҳунарманди, муҳандиси ва кашфиётчиси Лу Бан шарафига шундай деб аталган) устахоналар ташкил этишини маълум қилган эди. Ҳозирча ушбу тренинглар миқёси номаълум, лекин бу ғоя Конфуций институтининг профессионал кўриниши бўлиши мумкин. Хитой телекомпанияси (China Central Television (CCTV)) ҳужжатли филмида таъкидланишича, Қозоғистоннинг Павлодар шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш учун етказиб берилган технологияларнинг 95 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилган (ҳужжатли филм Қозоғистонда Хитой ва Қозоғистон техник мутахассислари иштирокидаги интервьюлар билан тасвирга олинган). CCTV телекомпаниясига Павлодардаги Хитой фирмаси бунёд қилган алюминийни қайта ишлаш заводи вице-президенти билдиришича, Хитойга тез-тез боради, чунки “технологиялар доимий тарзда янгиланиб туради ва бой берилган нарсаларни эгаллаб олиш зарур бўлади”. Ҳужжатли фильмга кўра, Қозоғистоннинг Мўйноқ шаҳрида жойлашган гидроэлектростанциядаги технологияларнинг 90 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилган. Ушбу электростанциясиниг бош оператори Хитойнинг Тянван дарёсида қурилган гидроэлектростанцияда малака оширган эди. ХХРнинг халқаро сув ва электр қуввати корпорацияси CCTVга 40 қа яқин Қозоғистон ишчисини ўқиш учун Хитойга юборганини маълум қилди.
Келгусида Марказий Осиёдаги Хитой компанияларида кўпроқ маҳаллий менежерлар бўлишини кутиш мумкин. Sinosure компаниясининг 2015 йил учун тайёрлаган ҳисоботида айтилишича, Тожикистон ҳукумати раҳбарлик лавозимларининг 50 фоизини маҳаллий аҳоли вакиллари эгаллашини билвосита талаб қилмоқда. Айрим компаниялар учун тил билан боғлиқ тўсиқлар ҳам муаммолигича қолмоқда. Лекин хитойчани яхши биладиган ходимлар ҳам Хитой фирмаларида иш топа олаётгани йўқ, чунки уларга тил эмас, техник кўникмалар зарур. Кўплаб компаниялар Марказий Осиёдан хитойликларни ёллаш ўрнига ўз ходимларига тил ўргатишни таклиф этмоқда, чунки улар ишчиларининг кўникмалари ва тажрибасини қадрлайди. Умуман, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари иқтисодиётини саноатлаштириш ва иш кучининг малакасини оширишга жиддий ёндашмоқда. Хитой компаниялари борган сари иқтисодий фаолиятини Хитой ҳукумати билан мувофиқлаштиришни минтақа мамлакатлари тўқнаш келаётган структура тўсиқларини енгиб ўтишга имкон берадиган энг яхши вариант деб билмоқда.
Қандай сабоқ чиқариш мумкин?
Марказий Осиё мамлакатлари Хитой фирмалари билан иқтисодий ҳамкорлик масаласида етарли маконга эга. Хитой ҳукумати учун ушбу тижорат ҳамкорлигининг ўзига хослиги мана бу тилга олинган 3 та омил: Марказий Осиёдаги барқарорлик, минтақа мамлакатлари экспорт қилаётган углеводородлар барқарорлиги ва Пекин билан сиёсий келишув сингари муҳим ҳисобланмайди. Пекин ушбу контекстда минтақа мамлакатларига АҚШнинг молиявий ва технологик монополияларига муқобил нарсалар беришга тайёр. Шунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари Хитой билан иқтисодий ҳамкорлигининг аниқ шакли ва шартларини келишиб олиш учун ушбу кенг стратегик ва сиёсий параметрлар доирасида таъсир кучига эга.
Айни чоқда Марказий Осиё мамлакатлари учун Хитойни асосий инфратузилмани қуришга ундаш энди устувор вазифа бўлмай қолди. Бунинг ўрнига бу ҳукуматлар Хитой фирмалари минтақага қайта саноатлаштириш, билим ва кўникмалар олиш, инсон капиталини шакллантириш имкониятларини беришини истайди. АҚШ ва Европа сиёсатчилари кўпинча ушбу реалликни эсдан чиқаради. Улар кўпчилиги ҳозирги пайтда инфратулизмани молиялаштиришнинг муқобил схемаларини олға сурмоқда, бунга АҚШ президенти Жо Байденнинг Build Back Better World (Яхшироқ дунё барпо этиш) лойиҳасини мисол қилиб келтириш мумкин, у Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббуси билан рақобат қилишга йўналтирилгандир. Улар Хитой сиёсати ва амалиёти жисмоний инфратузилма қуришдан инсон капиталини ривожлантиришга ўтганини ходимларнинг малакасини ошираётганини, бошқача айтганда, Марказий Осиё давлатлари эҳтиёжларини имкон қадар қондираётганини англаб етаётгани йўқ. Марказий Осиё мамлакатлари ва ҳамжамиятларининг Хитой компанияларига йўллаётган сигналларига жавобан, ушбу мамлакатнинг минтақада фаолият юритаётган бизнес корхоналари иш ўринлари яратиш, экспорт учун товар ишлаб чиқарадиган соҳаларни ривожлантириш ва Марказий Осиё мамлакатлари бюджетларини уларга солиқ тушумларини кўпайтириш ҳисобига мустаҳкамлашга тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Вашингтон, Брюссел ва Токио ва ҳк.нинг ҳамкорлик ёки рақобат стратегияси бу Хитой минтақадаги фаолиятининг асосий қисми эканини тан олиши керак.
Шу маънода Марказий Осиё мамлакатлари Хитой ҳукумати ёки корпоратив секторнинг гўл жабрдийдаси эмас. Улар Пекин билан иқтисодий ҳамкорликнинг хавфи ва имкониятларидан яхши хабардор ҳамда иқтисодий ўсиш, иш кучини ошириш ва яхшилаш, инновациялар ва ривожланишга эришиш борасидаги эҳтиёжларини қондиришда мана шу имкониятлардан фойдаланишга интилмоқда. Бутун минтақадаги ҳукуматлар амалдорлари аста-секинлик билан амалга ошадиган ўзгаришларни эмас, туб ўзгаришларга эришишга чанқоқ, чунки улар оддий ўзгаришлар заиф ривожланган мамлакатлар билан орадаги тафовутларни бартараф этмаслигини яхши билади. Улар ҳатто Хитой фирмалари ҳам Марказий Осиёнинг ўзида кўпроқ қўшилган қийматни қолдиришини талаб қилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий тараққиёт мақсадларини шартномаларга қўшишга ва хитойлик инвесторлардан кутилмаларини мустаҳкамлашга эришишга ҳаракат қилиши кераклигини яхши билади. Бироқ пировардида Хитой фирмалари молиявий ва техник ёрдам кўрсатиши, расмий Пекин эса Марказий Осиё мамлакатларидан қўшилган қиймат билан товар экспорт қилиш мақсадида бозорини очиши мумкин, бироқ ушбу мамлакатлар ҳукуматлари анчадан бери иқтисодиётлари тўқнаш келаётган ички муаммоларни ҳал этиш учун дадилроқ ва теранроқ структурал ислоҳотлар ўтказиши керак бўлади. Ушбу реаллик билан ҳар қандай йирик чет эллик – хитойлик ёки бошқа бўлишидан қатъи назар – ҳисоблашишга мажбур.