Сурат манбаси: uzeltech.uz
Муаллифлар:
Рауф Салахўжаев – Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти, “ERGO Analytics” тадқиқот компанияси раҳбари
Анастас Хачатуров – “ERGO Analytics” тадқиқот компанияси ходими
Ривожланаётган мамлакатларда саноатлашув жараёнлари ва саноатнинг технологик ривожланишини рағбатлантириш – иқтисодий ўсишнинг драйверларидан биридир. Ҳарвард университети тадқиқотларидан маълум бўлишича, саноат ва экспорт саватининг иқтисодий мураккаблиги мамлакат ЯИМ ўсиши суръатларига бевосита алоқадор – ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларнинг технологик тузилмаси мураккаброқ бўлган мамлакатлар ўз иқтисодий тараққиёт даражасини тезроқ кўтара оладилар[1].
Ўзбекистон Республикасида 2017 йилдан эътиборан, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланишини рағбатлантириш бўйича қонунчилик ташаббуслари илгари сурилмоқда. Жумладан, 2021 йилда Президентнинг “Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулот рақобатбардошлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди[2]. Ушбу Қарорнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётидаги аҳамияти инобатга олинса, жаҳон электротехника тармоғида шаклланган мавжуд трендлар, шунингдек, ушбу тармоқ ривожи контекстида миллий иқтисодиёт олдидаги потенциал даъватларни таҳлил қилиш зарур. Жаҳон иқтисодиётининг Industry 4.0га ўтиши контекстида электротехника тармоғи энг тез ўсаётган индустриялардан бири саналади. Чунончи, 2025 йилга бориб, жаҳон электротехника саноати ҳажми 39%дан зиёдроққа ўсиб, 1,67 триллион АҚШ долларини ташкил этиши прогноз қилинмоқда. 2019 йилда давлат умумий экспортида электротехника маҳсулотининг улуши энг катта бўлган мамлакатлар сирасига Жануби-Шарқий Осиёдаги Гонконг (56,2%), Филиппин (50,5%), Вьетнам (36.7%) ва бошқалар кирди.
Жаҳон тенденциясига мувофиқ, электротехника тармоғи миллий иқтисодиётнинг энг тез ўсувчи сегментларидан бири ҳисобланади. Масалан, 2017-2021 йилларда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 3,7 баробардан зиёдроқ кенгайди ва 12,6 триллион сўмни ташкил қилди, шунингдек, 2022 йилда ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиши (19 триллион сўмга етиши) прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ушбу тармоқнинг ривожланиши унинг тараққиёти учун фойдали деб бўлмайдиган бошланғич шароитларга қарамай рўй бермоқда. Жумладан, саноат ривожи мамлакатнинг географик жойлашуви (океанга бевосита чиқиш ва камхарж логистика), R&Dга инвестицияларнинг юқори даражаси ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва технологиялар импортига қизиқиш билдирган хорижий инвесторларнинг мавжудлигига чамбарчас боғлиқдир. Ушбу контекстда олиб қаралса, Ўзбекистон океанга бевосита чиқа олмайди, соф ТХИнинг ЯИМга нисбати 4%ни ташкил қилади[3], бу ўртача жаҳон қиймати (1,8%)дан юқори, аммо Вьетнам ёки Исроил каби мамлакатлардагидан бироз камроқ.
Шунга қарамай, электротехника тармоғи жўшқин суръатда ривожланмоқда. Жумладан, Президентнинг “Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулот рақобатбардошлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилда 15 триллион сўмгача, 2022 йилда 10 триллион сўмгача ошиши кутилмоқда. Бу эса 2017-2022 йилларда тармоқ ҳажми 5 баробардан кўпроққа кенгаяди, деганидир. Тармоқнинг экспортга йўналганлик даражаси ҳам ортмоқда, чунончи, электротехника маҳсулоти экспорти ҳажми 2017 йилдаги 189,7 млн АҚШ долларидан 2022 йилда 600 млн.га етади. Экспорт савати тузилмасида тармоққа жами экспортнинг 1,4%и тўғри келади.
Тармоқ тузилмасидаги маиший товарлар ишлаб чиқариш сегментида нисбатан жўшқинроқ ривожланиш кузатилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 37 фоизи маиший техника ҳиссасига тўғри келади, қиёслаш учун айтадиган бўлсак: кабель-сим маҳсулоти улуши – 21% ва куч жиҳозлари ҳамда бошқа маҳсулотлар улуши – 42%. Шу билан бирга, электротехника тармоғи экспортидаги энг кескин ўсиш айнан маиший техника соҳасида кузатилади, бу ерда экспорт қилинадиган маҳсулот ҳажми 4,5 баробардан зиёдроққа ортган[4]. Маиший техника ишлаб чиқариш бўйича тармоқ етакчиси – Artel компанияси (Марказий Осиёдаги энг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчи, ходимлари сони 13 000 дан зиёд) саналади, унинг ҳиссасига 2020 йилда тармоқ ишлаб чиқаришининг 41,7 фоизи ва экспортнинг 24,5 фоизи тўғри келди. 2017-2020 йилларда смартфонлар ва LED-телевизорлар каби янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши ҳисобига маҳсулот ҳажми 2,75 баробар ўсди.
Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг алоҳида турлари, масалан, LED-телевизорлар ёки кондиционерлар бўйича мамлакатлараро таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, жорий маҳсулот экспорти мамлакат аҳоли жон бошига ЯИМнинг мавжуд даражаси учун потенциал кутиладиган ҳажмдан сезиларли даражада юқоридир.
LED-телевизорлар экспорти / Аҳоли жон бошига ЯИМ
Кондиционерлар (сплит-тизим) экспорти / Аҳоли жон бошига ЯИМ
Шу билан бирга, тармоқ ўсишининг барқарор суръатларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти олдида турган қатор вазифаларни ҳал қилишни талаб этади.
- Ҳам бюджет, ҳам премиум тоифадаги маҳсулот сегментида Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари ишлаб чиқарувчилари томонидан рақобат кучайиши кузатилади. Чунончи, юқорида келтирилганидек, бу мамлакатлар экспорти таркибида электротехника тармоғи 30 ва ундан юқори фоизга эга.
- ИТТКИга харажатларни оширмай, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш имконсиздир. Масалан, энг рақобатбардош инновацион мамлакатларда ИТТКИга харажатлар ЯИМнинг 1 фоизидан ошади. Шу билан бирга, Жаҳон Банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда R&Dга харажатлар[5] ЯИМнинг 0,1 фозини ташкил қилади.
- Глобаллашув ва интеграция шароитида географик ва номенклатура диверсификацияси ҳисобига тармоқ ўсишининг янги нуқталарини фаол излаш керак бўлади. Жумладан, хизмат кўрсатиш сервис марказларини яратиш, фаол маркетинг, реклама кампанияларини ўтказиш ва истеъмолчилар истакларини ўрганиш ҳисобига ташқи бозордаги позицияни мустаҳкамлаш зарур.
- Тармоқнинг илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим тизими билан янада яқинроқ интеграцияси. Тармоқнинг жўшқин ўсиши унинг учун хос бўлган билим ва кўникмалари бор мутахассислар (муҳандислар, ишлаб чиқувчилар, маркетологлар)га талаб ортишига олиб келади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу профилдаги мутахассислар етишмовчилиги кузатилмоқда.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1]Hidalgo, C. A., & Hausmann, R. (2009). The building blocks of economic complexity. Proceedings of the national academy of sciences, 106(26), 10570-10575.
[2]https://lex.uz/ru/docs/5316733
[3]https://data.worldbank.org/indicator/BX.KLT.DINV.WD.GD.ZS?most_recent_value_desc=true
[4]https://review.uz/post/elektrotexnicheskaya-otrasl-uzbekistana-tendencii-i-perspektiv
[5]https://data.worldbank.org/indicator/GB.XPD.RSDV.GD.ZS?locations=UZ