Сурат манбаси: lragir.am
Муаллиф: Наргиза Баҳодирова
Жорий йилнинг 31 март куни Туркистон шаҳри (Қозоғистон)да Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммити ўтказилиши кутилмоқда. Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли салмоғи бўйича Марказий Осиёнинг энг йирик мамлакати –Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2019 йилда аъзо бўлган. Мазкур ҳодиса республика сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб, янги раҳбарият очиқ ташқи сиёсат юрита бошлаганига ишора эди.
Бир давлатнинг муайян тузилма — савдо-иқтисодий бирлашма, ҳарбий ёки сиёсий блокка қўшилишини шунчаки оддий ҳолат сифатида талқин қилиб бўлмайди. Масалага геосиёсий ракурсда, яъни юқори нуқтадан туриб қараш керак. Бугунги Ўзбекистон ташқи сиёсатида нафақат очиқлик, балки кўп томонлама ҳамкорлик тамойили устувор ҳисобланади. Буни, аввало, минтақа ва минтақалараро интеграцион жараёнлардаги иштирокимиз бирмунча фаоллашгани мисолида кўриш мумкин.
Охирги йилларда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ўсиш динамикасини намоён этиб келаётгани ва бу борада ҳали ишга солинмаган талайгина салоҳияти борлигига қарамай, жаҳон сиёсий саҳнида якка ҳолда ривожлана олмаслиги ойдек равшан. Зотан, умуммиллий манфаатлар доирасидаги юксалиш ҳамиша хайрихоҳ ва ҳамкорлар атрофида бирлашишни тақазо этади. Айни вақтда кўмакни яқин қуршовимиздан излаганимиз маъқул.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилишиш замирида аслида мана шу мақсад мужассам. Содда қилиб айтганда, Туркий кенгаш, Ўзбекистон шу чоққача аъзо бўлган бошқа геосиёсий бирлашмалар қаторида, бизга дунё билан интеграциялашиш, ташқи таҳдидлар, жумладан, жаҳондаги кучли “ўйинчи”ларнинг сиёсий ёки ҳарбий экспансиясидан ҳимояланиш нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.
Қолаверса, Туркий кенгаш Ўзбекистон иқтисодиёти учун кенг имкониятлар яратиб берадиган тузилмадир. Бу ҳақда малакали эксперт, “Маъно” тадқиқотлар ташаббуси маркази директори Бахтиёр Эргашев билан суҳбатлашдик.
— Ўзбекистоннинг Туркий кенгашдаги иштироки ушбу ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар динамикасига қандай таъсир кўрсатади?
— Туркий кенгаш тузилганига ўн йилдан ошди. Шу чоққача унинг фаолиятида маданий-гуманитар ҳамкорлик устувор аҳамият касб этиб келган. Лекин охирги пайтда ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари иқтисодий масалалар, жумладан, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, савдо ва инвестициялар ҳажмини оширишга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Туркий кенгашга Ўзбекистон қўшилганидан кейин мазкур тенденция янада кучайди ва бу ижобий ҳол.
2019 йилнинг 14-15 октябрь кунлари Бокуда бўлиб ўтган саммит чоғида Президент Шавкат Мирзиёев ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли иқтисодиёт, хайтек каби янги йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуслари якдил қўллаб-қувватлангани ҳам бежиз эмас. Сабаби улар Туркий кенгаш доирасида шаклланган иқтисодий устуворлик трендига тўлиқ мос келади.
Энди бевосита саволингизга тўхталсам. 2020 йил якунлари бўйича, Қозоғистон Ўзбекистон учун учинчи энг йирик иқтисодий ҳамкорга айланди. 5-, 6-ўринларда Туркия ва Қирғизистон турибди. Учала мамлакат ҳам Туркий кенгашга аъзо. Кўриниб турганидек, улар билан савдо айланмамиз анча юқори. Ишончим комил, кейинги йилларда кўрсаткичлар янада яхшиланади.
Қозоғистон билан бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, қўшни республика ҳудудида ўзбек автомобилларини йиғиш бошланган. Туркий кенгаш доирасидаги ҳамкорлик бундай кооперациянинг кучайишига хизмат қилади.
Яқин вақтгача Туркия мамлакатимиз ташқи иқтисодий ҳамкорларининг ҳатто ўнталигига кирмасди. 2020 йилда эса у бешинчи ўринга кўтарилди. Ўйлайманки, жорий йилда ҳам натижа ёмон бўлмайди. Сабаби Туркия Ўзбекистонга салмоқли инвестиция киритмоқда. Сармоянинг асосий қисми тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, қурилиш ва банк-молия соҳаларига йўналтирилган. Демак, яқин истиқболда Туркия билан иқтисодий муносабатларимиз юксалишига ишонч билдириш мумкин. Қирғизистон ҳақида ҳам худди шу фикрни айта оламан.
— Озарбайжон ҳақида-чи?
— Менимча, ҳозир бу мамлакат билан иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтаришнинг айни мавриди. Транзит мамлакат сифатида Озарбайжон биз учун муҳим ҳамкор бўла олади. Мен Жанубий Кавказ (Боку – Тбилиси – Карс) йўналишидаги транспорт коридорини назарда тутяпман. У Озарбайжондан бошланиб, Туркиянинг Ўрта Ер денгизидаги портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини беради. Мазкур темир йўл магистрали орқали Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Жанубий Европа ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларига тез ва қулай етказиб бериши мумкин. Бу эса Озарбайжон билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни тақазо этади.
— Савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиши учун Туркий кенгаш қўшимча институционал механизмларни ишга сола оладими?
— Ҳа. Бироқ айни чоғда бунга зарурат бор, деб ўйламайман. Балки, келгусида эҳтиёжга қараб Туркий кенгаш таркибида янги орган ёки тузилмалар пайдо бўлар. Лекин бу кўп йилларга чўзиладиган анча мураккаб жараён эканини эслатмоқчиман.
Қолаверса, Туркий тилли давлатлар кенгаши ўз моҳиятига кўра интеграцион тузилма эмас. У маслаҳатлашув форматида иш юритади. Шу туфайли кенгашнинг барча қарорлари тавсиявий характерга эга. Яъни қайсидир мамлакат уларни қабул қилиб, бажаради, бошқаси эса инкор этишга ҳақли. Сабаби Туркий кенгаш таркибида миллий институтлардан юқори турадиган тузилмалар йўқ, бўлмайди ҳам. Лекин аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашган ҳолда муайян масалалар юзасидан, айтайлик, божхона постларидан юкларни ўтказиш тартибини енгиллаштириш, темир йўл ёки автомобиль тарифларини мақбуллаштириш бўйича умумий позицияни шакллантириши мумкин. Шунда ҳам эришилган келишувга риоя этиш-этмаслик ихтиёрийдир.
— Ҳозир биз учун янги бозорларни топиш жуда муҳим. Ҳалқаро ва минтақавий тузилмаларга кўп жиҳатдан айнан шу мақсадда аъзо бўляпмиз. Туркий кенгаш Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини оширишга ёрдам бера оладими?
— Бозор масаласида мутлақо ҳақсиз. Ташқи сиёсат аслида иқтисодиётнинг хизматкори ҳисобланади. У мамлакат иқтисодий манфаатларига хизмат қилиши керак. Ўзбекистон иқтисодиёти экспортга йўналтирилган. Маҳсулот эса, турган гапки, харидорга эҳтиёж сезади. Шу нуқтаи назардан Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар иқтисодий салоҳияти тадбиркорларимизга жуда қўл келади.
2018 йилдан Ўзбекистон Қозоғистонга тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кескин ошира бошлади. Қирғизларда чарм-пойабзал саноатимизга қизиқиш катта. Туркия бозорига фаол кириб бориш учун ҳам имкониятимиз етарли. Ҳозирча туркларга асосан ип-калава сотяпмиз. Ваҳоланки, бошқа маҳсулотлар ҳисобига савдо ҳажмини бемалол оширса бўлади.
Яна бир жиҳат. Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан қўшма корхоналар ташкил қилиб, учинчи мамлакатлар, масалан, Афғонистон, Эрон, Покистон, Россия, Хитой ёки Европа бозорларига чиқиш мумкин. Бу бўйича Туркия яхшигина тажрибага эга.
Транспорт коммуникациялари, туризм соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилса бўлади. Дарвоқе, сайёҳлик йўналишида Ўзбекистон туркий тилли мамлакатни ҳеч қийналмай “ўзиники” қилиб олиши мумкин. Айтмоқчиманки, биз нафақат бошқаларнинг бозорини эгаллаш, балки ўз бозоримизни ҳам бошқаларга очишга интилишимиз зарур.
— Инвестициялар борасида имкониятимиз қандай?
— Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш инвестицион фаолиятга ҳам таъсир кўрсатади. Бу соҳалар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ривожланаётган мамлакат сифатида Ўзбекистон ўз иқтисодиётига имкон қадар кўп инвестициялар жалб қилишдан манфаатдор.
Юқорида қайд этганимдек, охирги йилларда Туркия Ўзбекистонга мўмай сармоя киритмоқда. Менимча, бу тенденция борган сари кучаяди. Қозоғистон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ҳам оз эмас.
— Сизнингча, яқин истиқболда Туркий кенгашга аъзо қайси мамлакат Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкоригини кучайтира олади? Мазкур ҳолат мамлакатимиз ташқи сиёсатига таъсирини кўрсатиши мумкинми?
— Мен яна Туркия ва Қозоғистонни алоҳида тилга олган бўлардим. Иккала мамлакат билан ҳам савдо-иқтисодий алоқаларимиз жадал ривожланмоқда. Лекин яқин орада Туркия Қозоғистондан ўзиб кетишига кўзим етмайди. Улар тенглашиши ҳам амримаҳол. Чунки Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан ўзаро ташқи савдо айланмаси ҳажми Туркияникидан бирмунча юқори. Қолаверса, Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо. Ўтган йили Ўзбекистон мазкур тузилмага кузатувчи давлат мақомида қўшилди. Бу эса қўшни республика билан иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар юзага келганини англатади. Ҳарқалай, бу ҳолат ташқи сиёсатимизга таъсир кўрсатади, деб ўйламайман.