Сурат манбаси: etu.ru
Муаллиф: Наргиза Умарова
Илмий стартаплар Ўзбекистон учун янги ҳодиса. Юртимизда илмий-инновацион фаолият асосида бизнес моделлар яратиш тажрибаси йўлга қўйилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Масалан, 2019 йилда вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази негизида биринчи илмий акселератор — “C.A.T. Science Accelerator” ташкил қилинганди. Ушбу дастурда ўнлаб олимлар иштирок этиб, илмий изланишлари асосида стартап лойиҳалар яратиш имкониятига эга бўлди.
Танловнинг якуний босқичига ўнта жамоа етиб келган. Шундан учтаси ғолиб деб топилиб, ҳар бирига ўз бизнесини бошлаш учун давлат томонидан грант маблағлари ажратилди. Бундай тизим илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, жайдари тилда айтганда, бозорбоп маҳсулотга айлантиришга ёрдам бермоқда. Бир вақтнинг ўзида мамлакатда маҳаллий инновациялар салмоғи ҳам ортяпти.
Аммо стартап сармоя киритиш билангина гуркираб кетадиган бизнес эмас. Мазкур фаолият турида хавф-хатар даражаси доимо юқори бўлган. Стартап яшаб қолиши, яшаб қолганда ҳам кескин рақобат муҳитида ўз ўрнини йўқотмаслиги учун кўп ва хўп меҳнат қилиш, кутилмаган зарбаларга тайёр туриш, таъбир жоиз бўлса, қоқилганда ўнгланишни ўрганиш даркор. Қолаверса, илмий маҳсулотни пуллаш олимдан тадбиркорлик асосларини билиш ҳамда бозор иқтисодиёти тамойилларига мослашишни талаб қилади. Иш бор жойда эса камчилигу муаммолар учраши табиий.
Биз олти ойлик илмий акселерация дастурида қатнашиб, тадбиркорлик сари муваффақиятли қадам қўйган ёш стартапчилар билан учрашдик. Хўш, улар ўз мақсадига эришиш йўлида қандай довонлардан ошиб ўтди экан?
Она, олима ва бизнесмен
Ўзбекистон Миллий университетининг таянч докторанти Барно Ортиқхўжаева биотехнология йўналишида илмий изланишлар олиб бормоқда. Ўтган йили у “ЛиПач” стартапи билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг 580 миллион сўмлик грантини қўлга киритиб, Ўзбекистонда илк бор суюқ пластырь ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Қанчалик парадоксал бўлмасин, олимани бизнес оламига оналик қайғуси бошлаб келган. Қаҳрамонимизнинг икки нафар ўғли бор. Бола деганлари шўх эмасми, йиқилиб лат ейди, бирон жойини қашқа қилади.
— Одатда жароҳатни ё бинт билан боғлаб қўямиз, ёки антисептик пластырдан фойдаланамиз, — дейди Барно. — Бироқ ҳар иккала воситанинг ўзига яраша камчиликлари бор. Шу боис мен суюқ пластырь яратишга қарор қилдим. Тадқиқотни биология факультетидаги ҳамкасбим билан бирга олиб бордик. Стартапга ном ҳам дарҳол топилди. “ЛиПач” инглиз тилидан таржима қилинганда суюқ пластырь маъносини англатади.
— Маҳсулотимиз спрей шаклида бўлиб, сувга чидамлилиги ва фойдаланишда қулайлиги билан ажралиб туради, — давом этади суҳбатдошимиз. — У тери юзасида юпқа, шаффоф плёнки ҳосил қилади. Таркибидаги кумуш зарралари эса жароҳатнинг тез битишини таъминлайди. Пуркалувчи пластырь дунёнинг ҳали ҳеч бир мамлакатида яратилмаган. Асосий ютуғимиз ҳам шунда. Келгусида “ЛиПач” стартапини жаҳон бозорига олиб чиқишни режалаштиряпмиз.
Илмий акселерация дастуридаги иштироки давомида Барно Ортиқхўжаева тадбиркорлик соҳаси билан яқиндан танишди. Тажрибали мутахассислардан сабоқ олди.
— Бухгалтерия, сертификация, метрология соҳаларини ҳам ўрганишга тўғри келди, — дейди ёш тадқиқотчи. — Аввалига суюқ пластырга реал талабни ўргандик. Кўчага чиқиб, оддий одамлар ўртасида анкета сўровномасини ўтказдик. Дорихона эгалари, фармацевтлар билан суҳбатлашдик. “ЛиПач”нинг таннархи рулонли пластырники билан бир хил. Лекин афзаллиги юқорироқ. Чунки у ҳам антисептик таъсир кўрсатади, ҳам ярага малҳам бўлади.
— Ҳаётимда биринчи маротаба мустақил тарзда бизнес-режа туздим. Жараён икки ойга чўзилган бўлса-да, тажрибам анча ортди. Биз, олимлар илмий ишланмаларни лаборатория шароитида синовдан ўтказишга одатланганмиз. Лекин стартапер саноат миқёсида фикрлаши керак. Бу эса кишидан мутлақо ўзгача ёндашув ва дунёқарашни талаб қилади. Стартап лойиҳалар танловида ютиб олинган грант маблағини зарур ускуналар ва хомашё сотиб олишга сарфладим. Яқинда технологик линияни ишга туширдик. Корхонада етти нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда.
— Етади! Лойиҳага қўл уришдан аввал риск ва йўқотишларни чамалаб олдик. Айтганимдек, маҳсулот таннархи қиммат эмас. Ишончим комилки, келгусида импорт ўрнини бемалол боса оламиз. Фақат бирданига эмас, аста-секинлик билан. Дастлабки чоракда 10 минг дона спрей ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Уёғига таклиф талабга қараб ўсиб бораверади. Ҳисоб-китобимизга кўра, “ЛиПач” стартапи бир ярим йилга қолмай ўзини тўлиқ қоплайди.
— Жамоангиз кимлардан ташкил топган?
— Аввал икки киши эдик — мен ва биолог ҳамкасбим. Кейинчалик сафимизга иқтисодчи, ҳисобчи ва технолог қўшилди. Мини цехда яна икки нафар ходим иш билан банд қилинган.
— Билишимча, илгари бизнес билан шуғулланмагансиз.
— Ҳа.
— Стартап лойиҳасини амалга оширишда қандай муаммо ёки тўсиқларга дуч келдингиз?
— Биринчи навбатда, вабанкка боришга тўғри келди. Стартап шундай нарсаки, сен ё катта даромадга эришасан, ёки буткул куйиб кетасан. Натижани олдиндан билиб бўлмайди. Мана шу рискларни имкон қадар минималлаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги амалий чоралар кўрмоқда. Хусусан, “Стартап лойиҳалар танлови” орқали истиқболли бизнес лойиҳаларга бошланғич сармоя ажратиляпти. Бундан ташқари, юртимизда бир қанча венчур фондлари ташкил қилингани ҳам катта ютуқ.
— Стартапер учун вақт ниҳоятда қимматли ресурс ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчиларга қўйилаётган баъзи талаблар эса, аксинча, вақтингизни ўғирлайди. Бундай муаммо билан ўзим ҳам тўқнаш келдим. Аввалига маҳсулотни дори препарати сифатида чиқармоқчи эдик. Лекин ҳужжатларни расмийлаштиришга камида олти ой кетар экан. Устига- устак 10 минг АҚШ доллари харажат қилиш керак. Ўзингиз айтинг, ахир, ишни нолдан бошлаётган стартапчи шунча маблағни қаердан олсин?! Охири, пуркалувчи спрейни антисептик восита сифатида рўйхатдан ўтказишдан бошқа иложимиз қолмади.
Айни вақтда юртимизда стартап бизнеси давлат кўмагига ниҳоятда муҳтож. Соҳада муайян имтиёзлар пакетини ишлаб чиқиш, божхона, солиқ тўлови ва яна бошқа масалаларда енгиллик яратиш зарур, деб ҳисоблайман. Шунда ишимиз бароридан келади.
Ноёб технология ва арзон озуқа
Ўзбекистонда гўшт нархи ем нархига мутаносиб равишда ҳар йили қимматлашмоқда. Республикада чорва молларининг 90 фоизи уй шароитида ёки кичик фермаларда боқилади. Бироқ ем етиштириш учун ер майдонлари етарли эмас. Кўп ҳолларда асосий озуқа сифатида донли экинлардан фойдаланилмоқда, бу эса катта харажат демакдир.
Ёш муҳандис-технолог Акромхўжа Илҳомов муаммога инновацион ечим топди. Бир гуруҳ олимлар билан ҳамкорликда у витаминга бой ўсимлик унини ишлаб чиққан. Янги турдаги маҳсулот жониворларни семиртиради, сутини кўпайтиради ва иммунитетини оширади.
— Тадқиқотни бировнинг ёрдамисиз ўзимиз бошлаганмиз, — дейди суҳбатдошимиз. — Яширмайман, аввалига қийналдик. Универсал озуқа олиш учун амарант, беда, жўхори, сарго каби жами 88 хилдаги ўсимликнинг озуқабоп хусусиятлари таҳлилини ўтказиш керак эди. Бизда эса шароит йўқ. Буюртма асосида қилдирайлик десак, анча-мунча маблағ кетади. Илмий акселерация дастури доирасида Илғор технологиялар марказидаги замонавий лабораториядан бепул фойдаланиш имконига эга бўлдик. Лаборатор текширувлардан сўнг ўн икки хилдаги ўсимлик саралаб олинди. Энди олдимизда озуқабоп яшил масса таркибидаги фойдали микроэлементларни сақлаб қолиш вазифаси турарди.
Шу ўринда қисқача изоҳ: стартапда асосий урғу витаминга бой ўсимликларни гидропоника усулида (яъни тупроққа қадамаган ҳолда) етиштиришга қаратилган. Бунда вақт ва маблағ тежалиб, юқори самарадорликка эришилади. Тасаввур қилинг, етти кунда бир килограмм уруғ нақ саккиз кило емга айланса-я. Фантастика!
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Акромхўжа Илҳомов бошчилигидаги жамоа хомашёни қуритишнинг оригинал технологиясини ҳам ишлаб чиқди. Уни қўллаш натижасида органик маҳсулот таркибидаги витаминлар деярли нобуд бўлмайди. Қандай қилиб дейсизми? Яна қаҳрамонимизга юзланамиз.
— Яшил масса ўсиб турган ҳолатда махсус техника ёрдамида ўриб олинади, — деб тушунтиради Акромхўжа. — Сўнгра тегишли технологик меъёрлар асосида 30 сония давомида қуритилиб, кукун ёки гранула шаклига келтирилади. Ҳаммаси жуда осон. Харажати ҳам кўп эмас. Витаминли ўсимлик унини тайёрлаш одатий емга қараганда икки-уч баравар арзонга тушади. Масалан, 1 гектар ер майдонида маккадан узоғи билан 10 тонна ҳосил олиб, уни 25-30 миллион сўмга пуллайсиз. Биз таклиф этаётган усулда эса 30 тоннагача (!) тайёр маҳсулот олиш мумкин. Бу 50-60 миллион сўм соф фойда дегани.
Яна бир эътиборли жиҳат: ўсимлик уни нафақат қорамол ва қўйлар, балки от, қуён, парранда ва бошқа уй ҳайвонлари учун ҳам тўйимли озуқа ҳисобланади. Демак, республикамизда мазкур турдаги маҳсулот қанчалик кўп ишлаб чиқарилса, гўштнинг таннархи шунчалик арзонлашади.
Инновацион емни хорижга экспорт қилиш ҳам айни муддао. Ўтган йили бу бўйича Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон ишбилармон доиралар вакиллари билан музокаралар олиб борилганди. Тадқиқот натижаларини Москвадаги “Сколково” инновацион маркази мутахассислари ҳам юқори баҳолаб, лойиҳани Россияда давом эттиришни таклиф қилди.
— Биринчи навбатда ички эҳтиёжни қондириш зарур, — дейди Акромхўжа Илҳомов. — Ҳозир йўлнинг бошидамиз. Стартап учун Инновацион ривожланиш вазирлиги 972 миллион сўм сармоя ажратди. Бу маблағ лойиҳа билан боғлиқ барча харажатларни қоплашга етмайди. Ўзимиз ҳам қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ. Қўшимча инвестицияларни жалб этишга ҳаракат қиляпмиз.
Грант ҳисобига стартапчилар цех ташкил қилиб, технологик линияни ишга тушириш учун зарур ускуна ва жиҳозлар харид қилди. Корхона йилига минг тоннагача ем ишлаб чиқариш қувватига эга. Лекин бу мавжуд эҳтиёжнинг юздан бири ҳам эмас. Демак, инновацион ем тайёрлайдиган гигант заводларни бутун Ўзбекистон бўйлаб қуриш керак. Уларни хомашё билан таъминлаш эса алоҳида масала.
Ем уни таркибидаги ўсимликлар йилига олти мартагача ҳосил беради. Жорий йилда олимларимиз уларни тажриба тариқасида Қуйи Чирчиқ туманидаги 2 гектар тақир ер майдонида етиштириб кўрди. Самара кутилгандан ҳам аъло.
Энди маҳсулотни саноат миқёсида ишлаб чиқариш зарур. Бунинг учун тонналаб яшил масса талаб қилинади. Мана шу жойда стартапчилар жиддий муаммога дуч келган.
— Тошкент вилояти ҳокимлигидан ер сўрагандим, — дейди қаҳрамонимиз. — Лекин ҳалигача ололмай, овораи сарсонман. Негадир маҳаллий раҳбарлар ишни пайсалга солмоқда. Давлат стартапларни қўллаб-қувватлашга шунчалик эътибор қаратаётган бир пайтда мутасаддилар сенга беписанд бўлса, ёрдам қўлини чўзгиси келмаса, алам қилар экан. Ахир, бизнес-режамиз тўла-тўкис амалга ошса, қишлоқ хўжалиги тармоғи, қўйингки, бутун халқимиз бундан фойда кўради-ку. Эл-юрт равнақи йўлида ҳамма бир ёқадан бош чиқаришини хоҳлардим.
Саратонни енгиш усули
Наманган давлат университети доценти вазифасини бажарувчиси, фалсафа доктори (PhD) Шоҳиста Рустамованинг “TumorOnTarget” стартап лойиҳаси тиббиётимиз учун ҳақиқий топилмадир. Сабаби мазкур инновацион усул инсон организмидаги хавфли ўсимталарни эрта аниқлаш ҳамда самарали даволаш имконини беради.
Саратон касаллиги диагностикасига доир илмий ишини Шоҳиста Ўзбекистон Миллий университети магистратурасида ўқиб юрганида бошлаганди. Замонавий илм-фаннинг энг истиқболли йўналишларидан бири – молекуляр генетика соҳасига доир тадқиқот кейинчалик стартапга айланиб кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз ўшанда. Ҳарқалай, илмий акселерация дастуридаги ғолиблик ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг 907 миллион сўмлик гранти ишланма муаллифига осон берилгани йўқ. Хўш, “TumorOnTarget” стартапи Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун қандай аҳамиятга эга? Бу ҳақда ёш олима шундай дейди:
— Саратонни даволаш бугунги кунда глобал муаммога айланган. Мамлакатимизда мазкур хасталик аломатини билдирувчи онкомаркерни аниқлаш фақат Республика онкология марказида иммуногистокимё усули ёрдамида амалга оширилади. Буроқ бу ҳолатда тест натижасини бир ҳафта кутиш керак. Ташхис харажатлари эса 100 АҚШ долларини ташкил қилади. Сабаби тегишли ускуна ва реагентлар жуда қиммат. Мен қўллашни таклиф қилган усулда эса саратон ўсимтаси учун хос HER2 онкомаркери миқдори полимераз занжир рекцияси (ПЗР) асосида аниқланади. Тест натижалари бир кунда тайёр бўлади. Харажати бор-йўғи 60 минг сўм. Коронавирус пандемияси даврида ПЗР-диагностика ускуналари республикамизнинг барча ҳудудларидаги лабораторияларга етарли миқдорда етказиб берилганди. Демак, керакли текширувлардан ўтиш учун онкобемор пойтахтга келиши шарт эмас. Шу орқали қанчадан-қанча юртдошларимизнинг вақти ва маблағи тежалишини тасаввур қилинг-а. Саратон ташхиси нега айнан HER2 маркерининг статусига қараб қўйилиши ҳақида ҳам икки оғиз тўхталсам. Гап шундаки, малекуляр-генетик таҳлил жараёнида касалликни айнан шу индикатор ошкор қилади. Масалан, беморлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган кўкрак бези саратонида 30 фоизгача ҳолатда HER2 маркерининг кучайиши кузатилади. Ошқозон саратонида ушбу кўрсаткич 9-15 фоиз атрофида. Онкомаркер миқдори ортиб кетган беморларни нишон (target) терапия ёрдамида даволаш айни муддао. Бунда дори препарати тўғридан-тўғри ўсимта тўқимасига юборилади. Мазкур усул кимётерапияга қараганда безиён ҳисобланиб, бемор умрини узайтиришга хизмат қилади. Тадқиқотдан маълум бўлишича, таргеттерапия ўсимтанинг ривожланишини буткул тўхтатиши ҳам мумкин.
Акселерация дастури Шоҳиста Рустамовага ишланмасини амалиётга жорий этиш йўлида дастлабки қадамларни ташлашга ёрдам берди. У малакали менторлардан бизнес ва маркетинг асосларини ўрганди, янги усулнинг самарадорлигини оширувчи механизмлар билан танишди. Муҳими, ишланмани тижоратлаштириш жараёнида қандай тўсиқларга дуч келиши мумкинлигини олдиндан билиб олди.
— Қўлимизда тайёр ишланма бор, бироқ у тиббиёт ходимлари томонидан қандай қабул қилинади, қанчалик оммалашади ҳали номаълум, — дейди ёш олима. — “TumorOnTarget” стартапини бошлаётганимда устозлар мени бу хатардан огоҳлантирганди. 54 нафар онколог шифокор ўртасида сўровнома ўтказганимда, аксарияти чиндан ҳам янги усулга бироз ишончсизлик билан қарашини айтди. Чунки улар ПЗР-диагностика ва нишон терапиясини амалиётида қўллаб кўрмаган. Демак, стартап лойиҳаси даромадга чиқиши учун кучли пиар ҳам керак. Ҳозир шунинг устида ишлаяпмиз.
Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Наманган вилоятига қилган ташрифи чоғида инновациялар бўйича Чуст тажрибасини яратиш бўйича кўрсатма берганди. Шундан сўнг ёш стартапер Шоҳиста Рустамовага вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи асосида ижара тўловисиз бўш турган клиника биносидан тўртта хона ажратилди. Эндиликда ёш тадқиқотчи ўз жамоаси билан шу ерда онкомаркерлар асосида ПЗР-диагностикасини олиб бориши мумкин. Давлат тақдим этган грантнинг асосий қисми, яъни 700 миллион сўмини суҳбатдошимиз зарур жиҳозлар ҳамда реактивлар харид қилишга йўналтиришини айтди. Қолгани ходимларга иш ҳақи сифатида тўлаб берилади.
— Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига саратон ўсимтасини ПЗР-тест усулида аниқлаш амалиёти жорий қилинса, стартапимиз ўзини тўлиқ оқлаган ҳисобланади, — дейди Шоҳиста. — Бунга тез орада эриша оламиз, деган умиддаман.