Сурат манбаси: foodbay.com
Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти (Япония)
Биз янги давр – тўртинчи саноат инқилобига қадам қўйдик. Бунга ёрқин мисол тариқасида давоси йўқ ирсий касалликлар авлоддан-авлодга ўтишининг олдини олиш учун инсон генетикасини ўзгартирувчи технология, деҳқоннинг офтоб тиғида неча кунлаб сепадиган уруғини саноқли дақиқалар ичида ерга қадовчи ва ернинг ҳосилдорлигию мевалар таркиби ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилувчи дронларни тилга олиш мумкин. Қолаверса, компьютерда ясалган буюмни бир зумда босиб чиқарувчи 3D принтерлар, ҳайдовчисиз ҳаракатлана оладиган автомобилларни бошқарувчи сунъий ақл ёки фазогача қурилиши мумкин бўлган лифтда ишлатишга мўлжалланган ўта мустаҳкам графин сингари саноатда янги инқилоб ясаган кашфиётлар инсониятга ажойиб келажакни ваъда қилмоқда.
МакКинзейнинг тадқиқотига кўра, бундан ўн беш йил аввал умуман мавжуд бўлмаган рақамли технологиялар энди бошқа маҳсулотлар савдосидан кўра, ЯИМ ўсишига катта таъсир кўрсатиши аниқ. Бир пайтлар тасаввуримизга сиғдира олмаган бу кашфиётлар билан танишар эканмиз, қани эди, шу ихтироларнинг муаллифи бўла олсак, деган ўйга борамиз.
Хўш, Ўзбекистоннинг бугунги инновацион сиёсати дунёни ўзгартириш арафасида турган янги саноат инқилобига тайёрми? Расмий манбаларда мамлакатнинг келажакдаги иқтисодий йўналиши инновацион ғояларга асосланиши айтилса-да, буткул янгича технологиялардан иборат келажак бугун унга қўйилиши керак бўлган институционал пойдеворга боғлиқ. Яъни, бугунги асосий масала – иқтисодий негизи инқилобий ғоялар, замонавий технологиялар ва янги бизнес моделларига асосланган келажак қуриш учун олиб боришимиз керак бўлган инновацион сиёсатдир.
Саноат инқилоблари
XVIII аср инсоният тарихида улкан илмий кашфиётлар даври бўлди. Янги энергия ресурслари, ички ёниш двигателлари, илк темир йўл локомативининг ҳаракатланиши ва радиоалоқа воситалари ихтиро қилингани бунинг яққол далили бўла олади. Биринчи саноат инқилобига асос солган ушбу илмий-технологик кашфиётлар инсоннинг қўл меҳнати ҳамда оддий ёқилғи ресурсларига таянган қишлоқ хўжалиги иқтисодидан ажралиб, саноатлашган иқтисодга ўтишига замин тайёрлади. ХХ аср бошларига келиб, электр энергияси ишлаб чиқариш усулларининг кенг ёйилиши, симли/симсиз коммуникация воситалари кашф қилиниши, ишлаб чиқариш жараёнида турли қисмларни алоҳида ясаб-йиғиш линиялари ишга тушиши ва натижада, оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани саноатга иккинчи инқилобни олиб келди.
Бу кашфиётлар туфайли инсоният янги тараққиётга қадам қўйди. У ақли ёрдамида ёруғлик ҳамда иссиқликни шам ва ўтиндан эмас, турли энергия манбаларидан олишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, хат-хабарни кабутар ва элчидан эмас, радиоалоқа воситасидан, меҳнатни ҳайвон кучига таяниб эмас, саноат машинасидан, тезликни от-арава ва кемадан эмас, балки автомобиль ва самолётдан олишга эришилди.
Учинчи саноат инқилоби ўтган асрнинг 50-йилларидан бошланган. Ахборотларни қайта ишлашни осонлаштирган рақамли тизимлар, электроника, компьютер ва информацион технологияларнинг кенг тарқалиши ҳамда уларнинг саноатни автоматлаштиришда қўлланиши шулар жумласидандир. Инсонни технологик ўзгаришлар кузатувчиси мақомидан уларнинг бевосита истеъмолчисига айлантирган бу инқилоб кундалик ҳаётимизни рангли телевизор, камера, видеомагнитофон, электрон калькулятор, CD, DVD, қўл телефони каби жуда кўп қулай техника воситалари билан бойитди.
Саноатдаги технологик кашфиётлар ва ўзгаришларни, албатта, ўша давр компаниялари ҳамда уларнинг бизнес моделларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Илк саноат инқилоби давридаги компаниялар ҳажм жиҳатидан жуда йирик капитал талаб қиладиган, монополлашуви осон ва шунингдек, бошқарувда юқори марказлашув хусусиятига эга бўлган. Шу сабабли, деярли барча ривожланган давлатларнинг иқтисоди маълум бир саноат, масалан, пўлат ишлаб чиқариш, темир йўл ва автомобиль, молия соҳасидаги бир неча йирик компаниялар атрофида жамланиб қолган эди. Йиллар давомида бошқа соҳаларда шаклланган янги компаниялар ўз бизнесини худди шу йирик компанияларнинг марказлашган, иерархик ва “юқоридан – пастга” моделига асосланиб қурди. Саноатлашган давлатларнинг нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва ҳатто таълим тизими ҳам йирик компаниялар фаолиятига мос қолипда шаклланди. Юқорида келтирилган тарихий мисолдан икки хулосага бориш мумкин: улкан иқтисодий инқилоблар янги энергия ресурслари ва янги алоқа технологиялари бирлашганда юз беради. Улар ўзи билан янги бизнес моделларини олиб келади.
Хўш, бугунги кундаги тўртинчи саноат инқилоби юқоридагилардан нимаси билан фарқли? Тўртинчи саноат инқилобининг асоси ўтган аср ўрталаридан бери содир бўлган рақамли инқилобга қурилган. Бу инқилоб физик, рақамли ва биологик олам орасидаги боғлиқликни жуда ҳам қисқартирган технологияларнинг бирлашиши билан тавсифланади. Шунинг учун ҳам тўртинчи саноат инқилобига жамиятни техника ва инсониятни янада яқинлаштириб, янги имкониятлар эшигини очган кибер-физик олам туташувининг ибтидоси дея таъриф берсак, муболаға бўлмайди.
Тўртинчи саноат инқилобининг яна бир хусусияти ишлаб чиқаришга асосланган йирик компаниялар ўз ўрнини “Google”,” Аmazon” ва “Facebook” сингари технологик компанияларга бўшатиб бераётгани ҳамда “Uber” ва “Аirbnb”га ўхшаш платформаларнинг янги бизнес моделлари пайдо бўлаётганида дейиш мумкин. Гапнинг лўндасини айтганда, уч сабаб – кашфиётлар тезлиги, ўзгаришлар кўлами ва уларнинг мавжуд тизимдаги улкан таъсири янги инқилобий ўзгаришлар даврига қадам қўйганимизга далил бўла олади.
Иқтисодий ривожланиш ва инновация
Юқорида айтилган кашфиётларнинг аксарияти фақат ривожланган давлатларда вужудга келаётгани қийин саволни ўртага ташлайди: қандай қилиб Ўзбекистонга ўхшаш ривожланаётган давлатлар бу инқилобий тараққиётнинг шунчаки истеъмолчи эмас, балки фаол иштирокчиси бўлиши мумкин? Саволнинг жавоби оддий: инновацион технологик кашфиётлар фақатгина тадқиқотчи, ихтирочи ва дизайнерларнинг илмий ишлари эмас, балки бу кашфиётлар вужудга келишини таъминловчи иқтисодий сиёсат ва унинг замиридаги институционал муҳитга боғлиқ.
Ривожланаётган давлатлар технологик силжиш борасида ривожланган давлатларга қандай етиб олиши мумкин, деган савол илм-фанда катта муҳокамаларга сабаб бўлган. Анъанавий ривожланиш назарияларига кўра, ривожланаётган иқтисодиётлар учун инновацион технологиялар борасида тараққиётга эришишнинг ягона йўли ривожланган давлатлар йўлидан тадрижий боришдир. Яъни, ушбу “етиб олиш” назариясига кўра, мамлакат йиллар давомида модернизация, шаҳарлашув ва саноатлашувнинг маълум даражасига эришгач, улар ҳам янги ривожланиш босқичига ўтишга имкон берувчи технологияларга ва ишлаб чиқаришга инвестиция кирита олишлари мумкин.
Аммо, яқин йилларда юқоридаги фикрга қарама-қарши муқобил қараш, “сакраш” назарияси ривожланаётган мамлакатларда тобора оммалашиб бормоқда. Бу назарияга кўра, ривожланаётган мамлакатлар тараққиётнинг анъанавий босқичидан сакраб, тўғридан-тўғри энг сўнгги технологияларга ўтиши (босқичларни сакраб ўтиш) ёки янги имкониятларга эга бўлган технологиялар яратишда ривожланишнинг муқобил йўлини ишлаб чиқиши мумкин (йўл яратиш). Сакрашга энг яхши мисол қўл телефонлари бўла олади: мобиль алоқа воситаси нафақат миллионлаб одамларни бирлаштирди, балки у ривожланаётган давлатларнинг шаҳар инфратузилмасига сармоя киритиш муаммосидан ҳам сакраб ўтишига имкон берди. Бошқа томондан, қўл телефонларининг оммалашуви ривожланаётган давлатларга ривожланган давлатларда шаклланган кредит карта тизимини сакраб ўтиб, тўловларда янги усул, мобил тўлов ва рақамли банк каби молиявий хизматлар пайдо бўлишига замин яратди. Бунга ўхшаш мисолларни ривожланаётган Африка ўлкаси давлатларининг таълим, молия ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш борасида “сакраш”ни амалга ошириш учун қўллаётган турли технологик инновацияларида ҳам кузатиш мумкин. Африкада яқин йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун маълумотларни таҳлил қиладиган дрон-технологиялар ва янги стартап принципларини қўллаётган “агро тадбиркорлар” ҳамда виртуал университет оммалашиб бормоқда.
Инновацион иқтисоднинг институционал экотизими
Шуни айтиш жоизки, сакраш сиёсати ривожланаётган давлатлар учун янги технологияларни кашф этишдан кўра, мавжудларини қабул қилиш ва уларни турли соҳаларга йўналтиришда кўпроқ асқотади. Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистон сингари ривожланаётган давлатлар технологик сакрашда ихтирочи бўлиб, глобал технология платформаларида фаол иштирок этиши учун нима қилиш керак? Бундай улкан вазифа, албатта, мустаҳкам илмий асос, кучли сиёсий ирода ва вақт талаб қилади. Ва табиийки, бугун мамлакатимиз зиммасидаги асосий вазифа технологик ривожланиш учун муҳим бўлган уч томоннинг – давлат- саноат-академия ҳамкорлигини мустаҳкамловчи институционал муҳит яратишдан иборатдир.
Ривожланган мамлакатларнинг саноат сиёсати негизини ташкил қилувчи мазкур учбурчак-ҳамкорлик йиллар давомида инновацион технологиялар ихтироси учун муҳим ҳисобланган. Масалан, бу учбурчакнинг асосий қисми бўлмиш университетлар ва улардаги тадқиқот марказлари нафақат турли саноатдаги бизнесларни қўллаб- қувватловчи ихтиро манбалари, балки турли инновацион ғояларга асосланган стартаплар учун инкубатор вазифасини ҳам ўтайди. АҚШ, Европа ва Осиёдаги ривожланган давлатларнинг деярли барчасида стартаплар университет ҳудудида шаклланиши бежиз эмас. Бунинг учун университетларда, албатта, эркин илмий муҳит мавжуд бўлиши, профессор ва талабаларнинг илмий ғоялари, меҳнатлари қоғозда қолиб кетмай, амалиётда қўлланиши учун мустаҳкам патент тизими шаклланиши шарт. Университет профессорларининг турли давлат ва хусусий ташкилотлардан ютиб олган грантларини сарфлаган ҳолда олиб борган илмий ишлари натижасини патентлаб, саноатда қўллаш учун турли корхоналарга сотишлари ривожланган давлатлар университетларидаги одатий амалиёт ҳисобланади. Стартап ғоялар қандай қилиб университет ҳудудида вужудга келишини қуйидаги чизмада ҳам кўриш мумкин.
Ривожланиш учбурчагининг яна бир муҳим томони – бу давлат. Давлатнинг муҳим роли, энг аввало, унинг муҳим илмий тадқиқотларга йўналтирган инвестицияси мисолида кўринади. Кўпчилик давлатнинг роли фақат назорат билан чекланиши керак дея даъво қилса-да, давлат инвестициялари инновацион ривожланишнинг асоси эканини кўплаб илмий тадқиқотлар исбот этган. Ривожланаётган давлатлардаги хусусий секторнинг заифлиги ва янги соҳаларга сармоя киритиш борасидаги эҳтиёткорлиги илмий-технологик йўналишларда давлат инвестицияси муҳимлигини яна бир бор ёдга солади. Бу фикрга қарши чиққанларга интернет, нанотехнология, биотехнология ва янги энергия каби йўналишлар вужудга келишига, асосан, АҚШнинг давлат инвестициялари сабаб бўлганини айтган бўлар эдик. Шунингдек, тўртинчи саноат инқилобига ўтишда давлатнинг муҳимлиги унинг назоратчи сифатидаги ролида ҳам акс этади. Бу инқилобга қадам қўяётган давлат назоратчилари доимий равишда янги ва тез ўзгарувчан муҳитга мослашишлари, янгиликлар йўлини тўсишдан кўра, улар устида синов тажриба ўтказадиган муҳит яратишлари ва ўзлари тартибга солаётган технологиялар моҳиятини чуқур тушунишлари шарт. Бунинг учун эса давлат назорат идоралари бизнес ва фуқаролик жамияти билан яқиндан ҳамкорлик қилиши зарур.