Сурат манбаси: rbc.ru
Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда фуқаро авиацияси тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, улардан мақсад – авиация бозорини либераллаштириш ва рақобатни ривожлантиришдан иборат. Ушбу йўналишдаги асосий давлат ҳужжатларидан бири 2018 йил ноябрь ойида қабул қилинди – давлат раҳбари “Ўзбекистон фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиа компаниясини тўртта бир-биридан мустақил авиакомпанияларга бўлиш орқали фуқаролик авиаташувлари соҳасини демонополизация қилишни назарда тутади: “Uzbekistan Airways” АЖ (авиаташиш хизматлари), “Uzbekistan Airports” АЖ (аэропортларни бошқариш), “Ўзаэронавигация” (навигация хизматларини кўрсатиш), “Uzbekistan Нelicopters” МЧЖ (вертолёт бизнесини ривожлантириш). Орадан деярли бир йил ўтгач, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК қайта ташкил этилиши натижасида “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” бири биридан мустақил компаниялар тузилди.
Миллий авиация саноатини ислоҳ қилиш дастури доирасида жорий йилнинг январь ойида давлат иштирокида янги Humo Air авиакомпанияси ташкил этилгани ҳақида хабар берилди. Ушбу авиакомпания узоқ бўлмаган йўналишларга (жумладан ички рейсларга) парвозларни амалга ошириши ва нисбатан паст нархларни таклиф қилиши кутилмоқда.
Бироқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКдаги ислоҳотлар ва арзон нархларда хизмат кўрсатувчи янги авиакомпаниялар ташкил этиш авиация тармоғи соҳасидаги ислоҳотларнинг таркибий қисмларидан биридир. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ушбу ислоҳотларнинг пировард мақсади авиация бозорини либераллаштириш ва унда рақобатни ривожлантиришдир. Бу авиакомпаниялар бозорида ишлашни истовчилар (жумладан хорижий авиакомпаниялар) учун авиация бозорини очиш ва унда рақобат муҳитини яратишни англатади. Авиация бозорининг ривожланиши ушбу бозорда тақдим этилаётган хизматлар нархи ва сифати бўйича “қиммат”, “ўрта” ва “арзон” сегментларни шаклланишига олиб келади. Республика аҳолисининг тўлов қобилияти, миграция оқимлари ва мамлакатда (ташқи ва ички) туризмни ривожлантириш истиқболларига асосланиб, Ўзбекистон авиация бозорида арзон нархларда хизмат кўрсатадиган (лоукост) авиакомпаниялар сегментининг пайдо бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. Лоукост авиакомпаниялар бозорининг ривожланиши нафақат сайёҳлар оқимининг кўпайишига, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсишига, янги бозорларни эгаллаш ва ишбилармонлик муҳитининг яхшиланишига ҳам ижобий ҳисса қўшади. Бошқача айтганда, бу иқтисодиётнинг бир неча соҳаларини ривожланишига ёрдам беради.
UzAnalytics сайти мухбири авиация соҳасида эксперт билан ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари халқаро савдоси бўйича мутахассислар иштирокида Ўзбекистонда лоукостерлар бозорини ривожлантиришнинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.
Ўзбекистонда фуқаро авиацияси бозорини эркинлаштириш, хусусан, лоукостерлар бозорини ривожланиши иқтисодиётнинг қайси соҳаларига бевосита ва қай тарзда таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?
Денис Антонюк, Украина Давлат авиация хизматининг собиқ раҳбари:
Бундан асосий фойда, шубҳасиз, туризм соҳасидадир, зеро арзон транспорт туризмни ривожлантиришнинг зарур ва муҳим шартидир. Юқори нархда таклиф этилаётган авиачипталар сайёҳлик оқимининг ривожида тўсиқлардан биридир. Бундан ташқари, фуқаро авиацияси бозорида лоукост авиакомпаниялар бозорини ривожланмагани парвозлар географиясини ҳам чеклайди, масалан, биз яқин келажакда очилиши мумкин бўлган 4-5 та йўналишни санашимиз мумкин. Шуни англаш керакки, ҳар бир янги авиарейс маҳаллий сайёҳлик бизнеси мавқеини мустаҳкамлайди. MICE туризм (тадбир, конференция ва учрашувлар) туризмнинг ажралмас қисмидир. Арзон ва ривожланган ҳаво хизмати бўлмас экан, туризмнинг бу тури ривожланмайди.
Агар ҳозир Ўзбекистонда бўлганидек бир қатор йўналишлар бўйича рейслар сони ҳафтасига бир мартадан ошмаса, бизнес-туристлар оқимини кўпайтиришни иложи йўқ. Шу билан бирга, Ўзбекистонда MICE туризмининг имкониятлари жуда катта, деб ҳисоблайман. Боз устига, айтиш керакки, ҳар қандай бизнес Ўзбекистон билан алоқа ўрнатаман деса, транспорт соҳасида жиддий муаммога дуч келади: музокаралар учун дунёнинг исталган нуқтасидан Тошкентга тез фурсатда етиб келишнинг фақат иккита йўли мавжуд – Истанбул ёки Москва орқали. Агар тўғридан-тўғри рейслар сони кўпайса, тадбиркорлар кейинги рейсни кутишмайди. Айтмоқчиманки, фуқаро авиацияси бозорини либераллаштириш мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини яхшилашда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Авиакомпанияларнинг Ўзбекистон авиабозорига кириб келишини эркинлашуви ва унинг арзон сегментини ривожлантириш истиқболида – қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ҳажмларини ошириш ҳамдир. Жумладан, тез бузиладиган маҳсулотларни ташиш бўйича арзон таклифлар пайдо бўлганда, Ўзбекистон Европа ва Осиё бозорларида мева-сабзавотларнинг манфаатли сегментида ўз ўрнини эгаллаши ёки бундаги иштирокини кўпайтириши (кенгайтириши) мумкин. Бугунги кунда кўкатлар, помидор ва гилос кабиларни авиатранспорт ёрдамида экспорт қилиш қимматга тушади ва ўзини оқламайди.
Ўзбекистонда лоукостерлар бозорини ривожлантириш истиқболларини қандай баҳолайсиз?
Денис Антонюк: Дунёнинг арзон нархда авиаташувчиларини асосий мижозлари бу сайёҳлар ва меҳнат муҳожирларидир. Европа мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, туристик оқимлар мавжуд ҳудулар (виза тўсиқлари билан чекланмаган) ва меҳнат муҳожирларининг катта оқими ҳаракатланаётган масканларда арзон нархда хизмат кўрсатувчи ташувчиларнинг иши ривож топади. Тан олиш керакки, бундай муаммо бор – яъни, кўплаб сайёҳлар манбаси сифатида Ўзбекистон учун қизиқарли бўлган давлатлардан Ўзбекистонга парвоз 3 соатдан кўпроқ вақтни ташкил қилади. Лоукост авиакомпаниялар эса парвоз 1 соатдан 3 соатгача бўлган йўналишлардан манфаатдордирлар. Бундан ташқари, аҳолининг нисбатан паст (ёки юқори бўлмаган) тўлов қобилияти муаммоси ҳам мавжуд. Бироқ, менинг фикримча, арзон нархларда транспорт қатновини амалга оширадиган авиакомпаниялар (масалан, Ryanair ёки Wizz Air), ўзбек авиабозорида йилига қўшимча 3-4 миллион йўловчини қамраб олишлари мумкин. Шу билан бирга, йўловчилар учун парвозлар нархи анча пасайиши мумкин. Ўзбекистон географиясини ҳисобга олиб, назаримда, Тошкент аэропортини марказий “хаб” сифатида қолдириб, арзон нархлардаги парвозларни Самарқанд ва Фарғона водийси аэропортларида ривожлантириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Фуқаро авиацияси бозорининг ушбу арзон сегментини ривожлантиришда қандай муаммолар мавжуд?
Денис Антонюк: Гап шундаки, таркибий чуқур ислоҳотларсиз “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси очиқ рақобатга бардош бера олмаслиги мумкин. Буни соҳа мутахасислари яхши тушунишади. Шу билан бирга, ишончим комилки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси минтақада етакчиликни қўлга киритиш учун барча имкониятларга эга. Шунингдек, аминманки, бир томондан бозорни жиддий либераллашувини бошлаш, иккинчи томондан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни кучли, замонавий ва рақобатбардош авиаташувчига айлантириш имконини берадиган мақсадли ечимлар мавжуд. Менимча, айни пайтда Ўзбекистон авиация бозорини очишнинг зарур бўлган асосий шарти ва буни амалга ошириш учун иккита муҳим мақсадни аниқлаб олиш лозим. Биринчидан, ҳаво транспорти бозорини очиш керак, яъни, бошқа авиакомпанияларга тенг имкониятлар бериш ва янги маҳаллий авиакомпанияларни ташкил қилишда муҳит яратиш лозим. Иккинчидан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни ислоҳ қилишни давом этиш ва бунинг учун зарур бозор шароитларини таъминлаш зарур. Унинг бизнес жараёнларини такомиллаштириш ва фуқаролик авиациясини ривожлантириш давлат стратегиясини ишлаб чиқишда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг манфаатларини ҳисобга олиш лозим. Фақат шу икки жихат билан ҳаммасини тўғри йўлга солиш мумкин. Шу боис, юқоридаги шартларни бажармасдан ёки ҳисобга олмаган ҳолда Ўзбекистон авиация бозорини тезкорлик билан тўлиқ либераллаштириш “Ўзбекистон ҳаво йўллари” фаолиятида жиддий муаммолар туғдириши мумкин. Бунга йўл қўймаслик керак, аксинча, юқорида таъкидлаганимдек, бу авиакомпанияни минтақада етакчи авиакомпанияга айлантириш имкониятлари тўлиқ мавжуд, деб ҳисоблайман.
Мева ва кўкатлар экспортида авиатранспорт – халқаро савдонинг истиқболими?
Жорий йилнинг январь ойида East Fruit веб-сайтида эълон қилинган “Мева, резавор мева ва кўкатлар учун авиатранспорт – халқаро савдонинг истиқболими ёки боши берк кўчасими?” (“Авиатранспорт для ягод, зелени и фруктов – перспектива или тупик международной торговли?”) номли мақолада БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) инвестиция маркази иқтисодчиси Андрей Ярмак қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда авиатранспортдан фойдаланиш истиқболлари ва бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган:
2008 йилдаги глобал молиявий инқироз қизиқарли натижага олиб келди, яъни бу авиаташувлар тармоғининг ривожланишига ёрдам берди. Ушбу инқироздан олдин бошланган бу жараён сезиларли даражада тезлашди. Кўпгина давлатларда рентабеллиги паст бўлган авиакомпанияларга қўшимча субсидиялар ажратилмаганлиги хусусий авиакомпанияларнинг, жумладан арзон нархларда хизмат кўрсатувчи авиакомпанияларнинг жадал ривожланишига олиб келди. Ўз навбатида, бу парвозлар географиясини кенгайтирди ва кўплаб аэропортлар фаолиятини жонлантирди. Буларнинг барчаси авиатранспортда юк ташиш харажатларини сезиларли даражада камайтирди.
Авиатранспорт ёрдамида юк ташиш нархининг пасайиши сўнгги 10 йил ичида мевачилик саноатининг жадал ривожланишига сабаб бўлди. Агар 2008 йилда резавор мевалар қишда фақат Европанинг энг қиммат дўконлари пештахтасидан жой олган бўлса, транспорт авиациясининг ривожланиши натижасида Европа Иттифоқи давлатлари супермаркетларида резавор мевалар нархи қишда ҳам, ёзда ҳам унчалик катта бўлмаган фарқ билан сотила бошланди, ҳаттоки арзон супермаркетларда ҳам.
Бундан ташқари, Европа давлатларида кўкатлар аксарият истеъмолчилар учун олма сингари одатий кундалик маҳсулотга айланди. Шунга ўхшаш ҳолат кўплаб экзотик мевалар билан ҳам кузатилди. Европа Иттифоқи, АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатларида кўкатлар Кения ва Эфиопиядан ҳар куни авиатранспорт орқали келтириб, сотила бошланди.
Авиатранспорт орқали қандай маҳсулотларни етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан манфаатли? Авваламбор, маҳсулотнинг улгуржи нархига эътибор беришни маслаҳат бераман. Агар товарларнинг улгуржи нархи қайсидир бозорда 1 кг учун 5-6 доллардан юқори бўлса (демак, чакана нарх $10 дан паст эмас) – назарий жиҳатдан уни экспорт қилишда ё манзилига етказиб беришда авиатранспортдан фойдаланиш мумкин. Маҳсулотнинг нархи қанча юқори бўлса, уни авиатранспорт ёрдамида етказиб бериш имконияти шунчалик юқори бўлади. Бунга органик маҳсулотлар, шунингдек, резавор мевалар етказиб бериш ҳажмининг ўсиши яққол мисол бўла олади.
Одатда, янги узилган мева-сабзавот маҳсулотларини авиатранспорт орқали экспорт қиладиган мамлакатларда бу иш яхши ташкил қилинган логистика орқали амалга оширилади, жумладан божхона “яшил йўлак”лари, сифатли йўллар, аэропортлардаги ҳажмли совуткичлар, маҳсулотни бортга етказиб беришнинг қулай логистикаси ва бошқалар. Албатта, фермерлар қандай транспорт турларидан фойдаланиш ва қандай қилиб маҳсулотни уринтирмай етказиб бериш сирларини яхши билишлари лозим.
Голландия, АҚШ, Чили, Перу, Мексика, Туркия, Кения, Эфиопия, Испания ва бошқа давлатлар томонидан тез бузилувчи маҳсулотларни ҳаво транспорти орқали етказиб бериш амалиёти яхши йўлга қўйилган. Собиқ Иттифоқ мамлакатлари орасида Ўзбекистон бундай логистика соҳасини ривожлантириш мақсадлари сари қадам қўймоқда. Тожикистонда ҳам ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш инфратузилмасига сармоялар киритиш ҳаракатлари бор. Бироқ, ушбу мамлакатларнинг асосий муаммоси йўловчилар оқимининг тор жуғрофиясидир. Дастлабки босқичда, тез бузиладиган маҳсулотлар экспортини ушбу юкларни йўловчи самолётларининг юк бўлинмаларига жойлаштириш орқали амалга оширилади. Бунда, агар парвоз билвосита бўлса, мазкур маҳсулотлар етиб боргунича уларнинг бузулиш эҳтимоли анча юқори. Шунга кўра, агар резавор мевалар экспорти ҳақида гапирадиган бўлсак, унда биз фақат тўғридан-тўғри рейсларга эътибор қаратишимиз керак.
Тез бузиладиган маҳсулотларни ташишда ҳаво транспортидан фойдаланиш истиқболларига келсак, ҳозирча ушбу саноат яхши ривожланмоқда, сабаби янги узилган мева ва резаворларнинг истеъмолчилари фақатгина АҚШ ва Европа билан чекланмаган. Бу борада Жанубий-Шарқий Осиё ва Яқин Шарқдаги истеъмолчилар ҳам ҳаво транспортини афзал кўрмоқдалар, чунки маҳсулотлар янги узилгандек етказилади. Улар қадоқ ёки нарх ёрлиғида одатда ғурур билан “airfreighted” деб қайд этиб қўядилар. Бу маҳсулотнинг ўзига хос рекламаси ҳамдир. Шунингдек, АҚШ ва Европага ҳам бундай жўнатмалар кўпаймоқда. Аммо, АҚШ ва Европа бозорларида битта муҳим жиҳатни инобатга олиш лозим бўлади – уларнинг аксарият истеъмолчилари сотиб олинаётган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш ва етказиб бериш технологияларига катта эътибор билан қарашади. Ижтимоий ва экологик истеъмол масъулияти кучли трендга айланмоқда. Унга кўра, бундай истеъмолчилар назарида авиатранспорт орқали етказиб бериладиган товарлар камроқ аҳамиятга эга ва айрим истеъмолчилар уларни сотиб олишдан умуман бош тортмоқда. Гарчи ушбу сегмент истеъмол бозорида ҳали ҳал қилувчи омил даражасига етмаган бўлсада, у доимий равишда ўсиб бормоқда. Шу сабаб ишлаб чиқарувчилар, боғдорчилик савдоси вакиллари ва чакана савдо тармоқлари ушбу сегментга эътибор қаратишмоқда. Хусусан, айрим супермаркетлар тармоғи истеъмолчилар сотиб олиш ёки сотиб олмасликни ўзлари ҳал қилишлари учун маҳсулот ҳаво орқали етказиб берилган бўлса, бу ҳақидаги маълумот киритилган ёрлиқларни мажбурий равишда маҳсулотга тиркаб қўйиш амалиётини қўлламоқдалар. Мухтасар айтганда, Осиёда реклама деб қаралган ҳаракат, АҚШ ва Европада анти-реклама бўлиши мумкин.
Яқин орада Европа мамлакатларида органик деҳқончилик қоидаларига кўра маҳсулотларни ҳаво орқали етказиб бериш тақиқланиши ва маҳсулот етказиб бериладиган масофа чекланиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
UzAnalytics мухбири билан суҳбатда Андрей Ярмак қуйидагиларни қўшимча қилди:
Коронавирус дунё бўйлаб мавжуд самолётларнинг 80 фоизидан кўпроғига “қўниб туришга” мажбур қилди ва айни пайтда, бундай шароитда арзон хизмат кўрсатувчи авиакомпаниялар бозорини ривожлантиришни катта савол остида қолдирди. Ушбу инқироз бартараф этилмагунча, арзон нархлардаги авиакомпаниялар бозорининг ривожланиш истиқболлари ҳақида бирон нарса айтиш қийин. Ҳозирча ушбу вазиятда қанча авиакомпаниялар омон қолиши ҳам аниқ эмас.
Агар биз коронавирус билан боғлиқ вазият яқин орада яхшиланади, иқтисодий инқироз узоқ давом этмайди деб ҳисобласак ва лоукостер авиакомпанияларнинг кўплаб рейслари Ўзбекистонда ташкил қилинса, бу фақат нисбатан юқори нархдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмининг ўсишига ёрдам беради. Масалан, чакана савдода нархи 1 кг учун 4-5 доллардан арзон бўлмаган маҳсулотлар учун. Умуман олганда, бу тез бузиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантиришга ёрдам беради, лекин бу ерда транспорт авиациясини ривожлантириш ва бу билан боғлиқ логистика амалиётларини жорий қилиш масалаларини ўйлаб кўриш лозим.
Рустам Қаюмов, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотини (ФАО) дастурли мутахассиси:
Маълумки, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ҳаво транспорти орқали етказиб бериш таннархи бир қатор омилларга боғлиқ. Арзон нархларда хизмат кўрсатувчи авиакомпаниялар томонидан логистика харажатлари ва етказиб бериш муддатлари хизматлар ва ускуналарнинг тегишли сифат стандартлари мавжудлиги нуқтаи назаридан асосланиши керак. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида лоукостерлардан фойдаланиш истиқболи Ўзбекистондаги ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш ва тақсимлаш инфратузилмасининг яхшиланиши билан боғлиқдир. Бунинг учун керакли ҳужжатларни расмийлаштириш, юкларни суғурталаш, жойларда юкларни тушириш/ортиш, йўлда юклар ҳолатини кузатиш ва бошқа шу каби тизим яратилиши керак. Бундан ташқари, лоукостерлар тез бузиладиган маҳсулотларни ташиш учун махсус белгиланган ҳарорат режимига эга замонавий контейнерлар каби профессионал ускуналар ва техникалар билан таъминланган бўлиши лозим.
Бундан ташқари, лоукостерлар тез бузиладиган маҳсулотларни ташиш учун махсус белгиланган ҳарорат режимига эга замонавий контейнерлар каби профессионал ускуналар ва техникалар билан таъминланган бўлиши лозим.
Фикримча, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш учун лоукостерлар бозорини ривожлантириш қуйидагиларни назарда тутади:
- тегишли қонунларга ўзгартиришлар киритиш, хусусан, Ҳаво кодексига янги тартиб-қоидаларни киритиш, жумладан “фойдаланиш харажатлари нисбатан кам бўлган авиакомпания” тушунчасига аниқлик киритиш;
- аэропортларда арзон нархда хизмат кўрсатувчи авиакомпания фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш;
- комиссион агентлар ва бронлаш тизимларига тўловларни камайтириш мақсадида арзон нархлардаги авиакомпаниялар хизматларини рақамлаштириш;
- аэропортларда лоукостерларни маълум муддатга ҚҚС тўловидан озод қилиш;
- ҳукумат лоукостер бозори пуллик хизматлар сонининг кўпайиши орқали эмас, балки нархлар пасайиши ва тақдим этилаётган хизматларни автоматлаштириш орқали ривожланиши мумкинлигини англаб етиши лозим.