Сурат манбаси: dw.com
Бундан икки ҳафта олдин, Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) раҳбари Кристалина Георгиева, жорий йилда глобал иқтисодий ўсиш суръатлари ўтган йилга нисбатан пастроқ бўлишини айтди. Шунингдек, ХВЖ раҳбари яқин орада глобал иқтисодий ўсиш прогнозларини қайта кўриб чиқилишини ҳам таъкидлаб ўтди. Бунинг асосий сабаби – дунё бўйлаб коронавируснинг тарқалиш кўлами ва у билан зарарланган аҳоли сонининг тобора юқори суръатларда ўсиб бораётганидир. Ушбу анжуманда Георгиева хоним коронавирус пандемияси глобал иқтисодиётни рецессияга олиб келиши эҳтимоли масаласини очиқ қолдирди.
Тахминан март ойининг бошидан бери коронавирус тарқалишида иккита тенденция кузатилмоқда: бир томондан, Хитойда ушбу вирус билан зарарланган аҳоли сонининг ўсиши деярли тўхтади, шу билан бирга, соғайган беморлар сони тез ўсмоқда. Бу мамлакат коронавирусни “жиловлашда” ғалаба қозонди, деса ҳам бўлади. Лекин, бошқа томондан, Хитойдан ташқарида коронавируснинг тарқалиш географияси кун сайин кенгайиб, бошқа мамлакатларда ушбу вирусга чалинганлар сони юқори суръатлар ўсиб бормоқда. Бошқача айтганда, коронавирус Хитойни “тарк этиб” бошқа давлатларни “забт этмоқда”.
Коронавирус нафақат инсонлар организмига, балки глобал иқтисодиётга ва молиявий бозорларга ҳам аллақачон “кириб келди”. Ушбу вирус билан боғлиқ вазиятнинг оғирлашгани сари жаҳон иқтисодиётида рецессия эҳтимоли ҳам кун сайин ошиб бормоқда. Асосий масала – ушбу эҳтимолий рецессиянинг чуқурлиги ва унинг давомийлигидир. Натижада, дунёнинг барча ҳудудлари молиявий бозорларида турли хил актив ва индексларнинг кескин – драматик тарзда пасайиши кузатилмоқда.
Глобал рецессия реал воқеликка айланмоқдами?
16 март куни Оқ уйда нутқ сўзлаган АҚШ президенти Дональд Трумп, коронавирус билан боғлиқ вазият АҚШ иқтисодиётида рецессияга олиб келиши мумкинлигини айтди. Фонд бозорларидаги жорий вазият мамлакат иқтисодиётини рецессияга олиб бормаяптими, деган саволга, президент Трамп “бўлиши мумкин” деб жавоб берди. Бундан бир кун аввал, 15 март куни АҚШ Федерал Резерв Тизими (ФРТ) режадан ташқари йиғилишда қайта молиялаш ставкасини 0-0.25% гача пасайтиришга қарор қилди. АҚШда қайта молиялаш ставкасини бу даражада пасайиши фақат 2008 йилнинг декабрида юз берганди. Ушанда, глобал молиявий инқирознинг авж пайтида, ФРТ ўз тарихида илк бор қайта молиялаш ставкасини 0-0.25% гача туширган эди. Бундан ташқари, ФРТ мамлакат иқтисодиётини коронавирус пандемияси таъсиридан ҳимоя қилиш учун бир қатор қўшимча чораларни ҳам эълон қилди.
ФРТнинг фонд бозорларини рағбатлантиришга қаратилган чораларига қарамай, ФРТ қарори эълон қилинган куннинг эртаси куни, АҚШ фонд бозорида актив ва индекслар нархлари кескин пасайди. 16 март куни мамлакатнинг 500 та энг йирик компаниялари индекси S&P500 – 11 фоизга, Dow Jones индекси эса 13 фоизга пасайди. Охирги бир ой давомида ушбу индексларнинг қиймати қарийб 30% га пасайиб, сўнгги 3 йил ичида энг паст кўрсаткичларга тушиб кетди.
Дунёнинг энг йирик инвестицион банкларидан бири Morgan Stanley иқтисодчилари 16 март куни банк мижозларига йўллаган ҳисоботида глобал иқтисодиётдаги рецессияни жорий йилнинг “асосий сценарий”си деб аташди. Уларнинг фикрига кўра, 2020 йилда глобал иқтисодиётнинг ўсиши атиги 0,9 фоизни ташкил қилади. Бу кўрсаткич 2001 йилдаги рецессия давридан пастроқ, аммо 2009 йилда глобал иқтисодиёт ўсишини 0,5 фоизгача пасайишидан яхшироқдир. “Мамлакатлар ҳокимияти томонидан кўрилаётган чоралар салбий оқибатлардан ҳимояланишга ёрдам беради, аммо глобал иқтисодиётда COVID-19 ва ундан ҳам оғир молиявий шароитларнинг таъсири кучли бўлади. Буларнинг барчаси глобал иқтисодиётни сезиларли даражада шок ҳолатига олиб келади”, дейилади Morgan Stanley ҳисоботида.
Morgan Stanley иқтисодчиларининг таъкидлашича, агар ушбу вируснинг иқтисодиётга таъсири кутилганидан ҳам узоқроқ давом этса, прогнозлар янада ёмонроқ бўлиши мумкин. Агар коронавирус жорий йилнинг учинчи чорагида иқтисодий фаолликка салбий таъсир кўрсатишда давом этса, кутилаётган рецессия янада чуқурроқ бўлиши мумкин.
Банк экспертларининг тахминига кўра, ушбу вазиятда ривожланган давлатлар орасида Евро ҳудуди энг кўп зарар кўради. Уларнинг фикрича, жорий йил давомида Евро ҳудудини иқтисодий пасайиш кутмоқда, унинг миқдори 5 фоизни ташкил қилади.
Евро ҳудудининг 50 та энг йирик компаниялари индекси Euro Stocks 50 охирги бир ой давомида 37 фоизга пасайди ва сўнгги 7 йил ичида энг паст кўрсаткичга тушиб кетди.
19 март куни Европа Марказий банки (ЕМБ) молия бозорлардаги вужудга келган вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Pandemic Emergency Purchase Programme деб номланган дастурни эълон қилди. Ушбу дастур фонд бозори иштирокчиларидан умумий 750 миллиард евро миқдорида давлат ва корпоратив облигацияларини сотиб олишни кўзда тутади. Европа Марказий банки раҳбариятининг фикрига кўра, ушбу чоралар Европа молиявий бозорларидаги вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади. ЕМБ директорлар кенгаши Евро ҳудудида молиявий барқарорликни таъминлаш учун “зарур бўлган ҳамма чораларни амалга оширишга тайёр” эканлигини таъкидлади.
S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги ҳам глобал рецессияни жорий йилнинг асосий сценарийси деб ҳисоблайди. 17 март куни эълон қилинган мазкур агентликнинг ҳисоботида айтилишича: “Коронавирус пандемияси ва молиявий бозорлардаги ўзгарувчанлик таъсирида иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши сабабли, биз жорий йилда глобал рецессияни прогноз қилмоқдамиз. 2020 йилда жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 1-1.5% ни ташкил қилади. Хавфлар ушбу прогнознинг салбий томонга ўзгаришида бўлиб қолмоқда”. Агентликнинг 3 мартдаги ҳисоботига нисбатан сўнгги прогнозини пасайишига сабаб – коронавирусни тарқалиши географиясининг кенгайиши ва ундан зарарланганлар сонининг юқори суръатларда ўсиши, шунингдек, коронавируснинг глобал иқтисодиётга кўрсатаётган таъсири бўлди. Хусусан, Хитой ҳукумати томонидан 16 март куни эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, мамлакатда 2020 йилнинг дастлабки икки ойида саноат ишлаб чиқаришининг пасайиши сўнгги 30 йил давомида кузатилган энг салбий кўрсаткич бўлди. Январь-февраль ойларида саноат ишлаб чиқариши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,5 фоизга пасайган. Таққослаш учун, декабрь ойида – мамлакатда коронавирус ҳали аниқланмаган пайтда, бу кўрсаткич 6,9 фоизга ошган. Ушбу иқтисодий кўрсаткичларнинг пасайиши кутилганидан ҳам ёмон бўлди, жумладан, савдо соҳасида 20,5 фоизга, асосий капиталга инвестициялар эса 24,5 фоизга пасайган. Шунингдек, Хитойдан экспорт қилиш ҳажми январь-февраль ойларида 17,2 фоизга камайган. Хитойда коронавирус билан зарарланишнинг авж палласи енгиб ўтилгани ҳисобга олинганда, экспертлар фикрига кўра ушбу мамлакат иқтисодиёти камида бир неча ойдан кейингина нормал ҳолатга қайтиши мумкин.
Коронавирус дастлаб Хитойда тарқалганига қарамай, Америка ва Европа фонд бозорлари индексларидан фарқли ўлароқ, Хитой фонд бозорининг асосий кўрсаткичи ҳисобланадиган ва 300 та йирик Хитой компанияларини ўз ичига қамраб олган CSI 300 индекси жорий йилнинг январь ойи ўрталаридаги максимал кўрсаткичидан 20 мартга қадар атиги 17 фоизга пасайган.
Аммо Австралия ва Осиё давлатлари биржалари коронавирусдан кўпроқ зарар кўрди. Масалан, Австралиянинг 200 та энг йирик компаниялари индекси S&P/ASX 200 охирги бир ой ичида 34% га пасайиб, охирги 4 йил ичида энг паст кўрсаткичга тушиб кетди. Жанубий Кореянинг 200 та энг йирик компанияларнинг акцияларидан ташкил топган KOSPI 200 индекси эса сўнгги 10 йиллик минимум даражасига тушиб кетди.
Коронавирус ва нефть бозоридаги “нархлар уруши”
Хитойда янги турдаги коронавируснинг аниқланиши ва унинг мамлакат бўйлаб тарқалишининг дастлабки кунлариданоқ, бу омилнинг жаҳон бозорларида нефть нархига таъсири сезила бошланди. Ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган нефть фючерсларининг ўсиш тенденцияси жорий йил январь ойининг биринчи ҳафтасида якунланди. Ўшандан бери Brent маркасидаги нефтнинг нархи 72 доллардан (8 январь ҳолатига) 25 долларга (18 март ҳолатига) пасайди, яъни 63 фоизга. WTI маркали нефтнинг нархи эса 65 доллардан (8 январь ҳолатига) 20 долларгача (18 март ҳолатига) пасайди, яъни деярли 70 фоизга.
Аммо, коронавируснинг тарқалиши туфайли нефтга бўлган талабнинг қисқариши ва глобал иқтисодиётда кутилаётган рецессия нефть нархининг бу даражада кескин пасайишига ягона омил эмас. Жаҳон нефть бозорида икки йирик “ўйинчи” – Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги ОАВларда муҳокама қилинаётган “нархлар уруши” нефть бозорини беқарорлаштирадиган иккинчи асосий омилдир. 6 март куни Вена шаҳрида Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) мамлакатлари ва бу ташкилотга аъзо бўлмаган Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон (ОПЕК+) нефть вазирларининг йиғилиши ўтказилди. Иштирокчилар на битим параметрларини ўзгартириш, на уни узайтириш тўғрисида келиша олмадилар. Россия мавжуд шароитларни сақлаб туришни таклиф қилди, Саудия Арабистони эса нефть қазиб олишни янада камайтиришни таклиф қилди. Томонлар ҳеч нарсада келиша олмадилар. Натижада, 1 апрелдан олдинги альянс аъзоларининг ҳеч бири нефть қазиб олишни чеклаш мажбуриятига эга бўлмайди. ОАВ хабарларига кўра, Саудия Арабистони нефть ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва унинг нархини пасайтириш ниятида. ОПЕКнинг бошқа иштирокчилари нефть қазиб олишни чеклаш шартларига қайтиш бўйича таклифлар билдирмоқдалар. Масалан, Ироқнинг нефть вазири ОПЕКни нефть бозорида мувозанатни тиклаш бўйича шошилинч чораларни муҳокама қилиш учун ОПЕКнинг фавқулодда йиғилишини ўтказишга чақирди. Бироқ, нефть бозори иштирокчилари бундай истиқболга деярли ҳеч қандай ишонч билдирмаяптилар.
Нефть нархининг кескин пасайиши Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишига олиб келди. 6 март куни алмашинув курси 1 доллар учун 67.60 рублни ташкил қилган бўлса, 20 мартга келиб 81,66 рублга кўтарилди. Доллар/рубль курсининг мутлақ максимал даражаси 2016 йил 21 январда, 85,75 рубль қийматида қайд этилган.
Марказий Осиё давлатларининг миллий валютасига келсак, жаҳон молия бозорларидаги жорий ҳолат Қозоғистон тангасига энг катта таъсир кўрсатди. 6 мартга қадар, доллар/танга курси барқарор бўлиб келган бўлса, сўнгги икки ҳафта давомида танганинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши 19 фоизни ташкил қилди, яъни 1 долларнинг қиймати 384 дан 457 тангагача ошди.
Марказий Осиё минтақасининг бошқа давлатлари валюталари жиддий ўзгаришларга дуч келмади.
Оптимистик прогнозлар
Oxford Economics таҳлилий компанияси экспертларининг фикрига кўра, коронавируснинг тарқалиш жараёни қаттиқ назорат остига олинганидан сўнг глобал иқтисодий тикланиш жуда тез бўлиши мумкин. Улар қисқа муддатли эпидемияларнинг глобал иқтисодий ўсишга таъсирини таҳлил қилиш натижасида бу хулосага келишган. Мисол сифатида 2003 йилда SARS атипик пневмонияси ва 2009 йилда чўчқа гриппи пандемиясини тарқалиш жараёни ўрганилган. Таҳлилчилар бундай омилларнинг қисқа муддатли салбий таъсиридан сўнг глобал иқтисодий тикланишнинг тез ва кенг босқичи бошланади деган хулосага келишди.
“Жамиятда қўрқувлар касалликлар тарқалиши билан бирга кучайиб боради, аммо эпидемия тарқалиши қаттиқ назорат остига олинганидан сўнг, қўрқувлар ҳам тезда тарқалади”, дейди Oxford Economics мутахассислари.
Экспертларнинг прогнозига кўра, коронавируснинг тарқалиши йилнинг иккинчи ярмида тўхтайди. Шундан сўнг, глобал ЯИМнинг ўсиш суръатлари 5 фоизга етиши мумкин.
Мутахассислар коронавируснинг салбий оқибатлари давом этиши билан боғлиқ баъзи хавфларни таъкидлашади. Уларнинг фикрига кўра, Хитой иқтисодиётининг узоқ вақт давомида тикланиши глобал ЯИМнинг ўсишини секинлаштириши мумкин. Бундан ташқари, АҚШда бошланган иқтисодий рецессия ҳам ташвишга солмоқда.
“Аммо тарих шундан далолат берадики, бунга ўхшаш жиддий зарбалардан кейин ҳам иқтисодиёт тез тикланиш қобилиятига эга. Айни пайтда биз йилнинг “қўрқувли” биринчи ярмидан кейин шу йилнинг иккинчи ярмида жиддий иқтисодий тикланишни кутмоқдамиз”, деб умид қилишади Oxford Economics мутахассислари.