Хитойнинг қўшнилари орасида Марказий Осиё мамлакатлари билан Монголия ҳозирча дунё харитасидаги коронавирус юқмаган ягона марказий “доғ” бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, уни ўраб турган барча мамлакатлар ватандошларига вирус юққанини хабар қилди. Сўнгги маълумотларга кўра коронавирус билан зарарланган беморлар дунёнинг 70 га яқин мамлакатларида аниқланган ва уларнинг умумий сони 90 мингга яқинлашди. Кўплаб эпидемиологлар фикрича, ушбу вирусни тийиб туриш қийин – у ўта юқумли. Коронавирус Эрон, Жанубий Корея ва Италияда кўплаб кишиларга юққани қайд этилди. Ўша мамлакатларда мактаблар, университетлар, кинотеатрлар ёпилмоқда. Японияда бош вазир Синдзо Абэ 2 мартдан бошлаб барча мактабларни ёпишни талаб қилмоқда.
Шунинг учун вируснинг Марказий Осиё минтақасида пайдо бўлишини кутса бўлади, яна минтақа мамлакатлари ҳокимияти эпидемиянинг олдини олиш ва уни юқтирганларни даволашни эплай олади, деб фақат умид қилиш мумкин, холос. Аммо коронавируснинг Марказий Осиёга иқтисодий таъсири узоқ ва оғир бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Вируснинг жисмоний ҳужуми
Нима учун Марказий Осиёда янги турдаги вирусни юқтирганлик ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилмаяпти? Бу соғлиқни сақлаш идоралари фаолиятининг ўзига хослиги ёки касалликни аниқлашнинг ишончсиз статистикаси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо харитага қаралса, Марказий Осиё билан ҳамкорлик алоқалари ҳаммадан кўп бўлган Шинжон билан Марказий Хитой аҳолиси вирусга кам чалинганини кўриш мумкин. Шинжон Уйғур мухтор туманида (ШУМТ) 27 февраль ҳолатига 76 та вирус юқтирганлик ҳолати аниқланди. Эпидемия маркази Вуҳан Марказий Осиёдан жуғрофий жойлашувига кўра ҳам, ишбилармонлик алоқалари нуқтаи назаридан ҳам бир оз узоқ. У ерда автомобилсозлик компаниялари жамланган, шу сабабли асосий иш алоқалари Европа ва Осиё мамлакатлари билан юритилмоқда. Қозоғистон Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институтининг (ЖИСИ) Хитой ва Осиё тадқиқотлари дастури бош эксперти Антон Бугаенко CAANга (Марказий Осиё таҳлилий тармоғи) билдиришича, ҳалигача тўлиқ карантин давом этаётган Ҳубэй вилояти муҳим транспорт кесишмасида жойлашган бўлиб, ишлаб чиқариш марказидир. У ерда автомобиллар ясаладиган қисмларни ишлаб чиқарадиган юздан ошиқ завод, жумладан, Robert Bosch, Valeo ва ZF Friedrichshafen жойлашган.
Марказий Осиёда ҳокимиятнинг авторитар табиати ижобий роль ўйнаётган бўлса ажаб эмас – ҳукуматлар ватандошларини тезлик билан Хитойдан олиб чиқиб кетди, барча келувчиларга карантин жорий қилди, бунинг учун баъзан қаттиқ куч ресурсидан фойдаланди, карантинга тушган кишиларнинг шикоятларига қараб ўтирмади. Қирғизистонда айни пайтда 141 киши шифокорлар назорати остида бўлиб турибди; бу ерда Вуҳандан келган бир кишида вирус бўлиши мумкинлиги гумон қилинди, лекин кейинчалик унинг соғлом экани маълум бўлди. Қозоғистонда Хитойдан қайтиб келган учоқдаги айрим йўловчилар карантинга жойлаштирилди. Тожикистон ҳокимияти Эронга парвозларни тақиқлаб қўйди. Лекин ушбу мамлакат ватандошларининг Эрон билан борди-келдиси қалин эканини, ЭИРдаги инфекция миқёси ва Тожикистондаги тиббий потенциал заифлиги ҳисобга олинса, у ерда вируснинг пайдо бўлиш эҳтимоли қўшниларига қараганда юқорилиги аён бўлади.
Марказий Осиё ватандошларининг Шарқий Осиё ва Эрондаги фаоллиги камайиши ушбу мамлакатларда касаллик юққан ҳолатлар йўқлигини тушунтирувчи умидбахш омил бўлган бўлиши мумкин. Лекин Марказий Осиё аҳолиси энди кўпроқ Россия билан Европага сафар қилаётгани хавотир уйғотади ва бу сафарлар янги вирусни юқтириш ҳавфини оширади.
Иқтисодий таъсир
Вируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири кўпроқ ташвиш уйғотмоқда – жаҳон молия бозорлари бир ҳафтадан бери изчил пасайиш тамойилига кўчди. Жисмоний чегараларни ёпиш, аҳоли фаоллигини тўхтатиб туриш ҳамда истеъмол билан ишлаб чиқаришни камайтириш биринчи навбатда жаҳон савдоси суръати муқаррар тарзда пасайишини англатади. Ушбу глобаллашув омили бир замонлар дунё аҳолиси учун бир қанча ижобий ҳодисалар, жумладан, турли-туман товарларни ҳамёнбоп нархларда сотиб олишни таъминлаб берган эди. Ҳарвард университети ходими Жеффри Франкел ёзишича, “Вируснинг қўққисдан тарқаб кетиши АҚШ президенти Доналд Трампнинг савдо сиёсати билан бирга тобора ўсиб борган халқаро савдо-сотиқ глобал тинчлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлаб турган давр тугаганини англатиши мумкин”. Сўнгги ўн йилликда Хитой иқтисодиёти олдингидан кўра пастроқ суръат билан ўсгани ва Халқаро валюта жамғармасининг Хитой учун 2020 йилги ўсиш суръатини жорий прогноз сифатида 5,6 фоизга қадар камайтиргани – бу 1990 йилдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади – ҳисобга олинса, дунё иқтисодиёти ўсишига таҳдид анча жиддий экани аён бўлади. Аммо бошқа сценарийга кўра, Хитой ЯИМ ўсиши 3,5 фоизгача тушиб кетиши айтилмоқда.
‒ Бу глобал ўсишни анча-мунча қийинлаштириши мумкин, – дея таъкидлайди Франкел, чунки жаҳон иқтисодиёти ҳар қачонгидан кўра Хитой иқтисодиётига боғланиб қолган. 2003 йилда Хитой ЯИМ ҳажми жаҳон ЯИМининг 4 фоизини ташкил қилган бўлса, жорий алмашув курсига кўра, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 17 фоизга етди. Бундан ташқари, Хитой товарлар етказиб бериш занжирининг глобал маркази бўлгани сабабли ушбу мамлакатда рўй бераётган тўхтаб қолишлар бошқа жойлардаги ишлаб чиқариш жараёнларига путур етказади… Хитойнинг барча асосий савдо шериклари қалтис аҳволда қолади”.
Хитойнинг ўзида ҳокимият иқтисодий ўсишни рағбатлантириш режасини эълон қилди ҳамда вазият назорат остида эканини айтмоқда, аммо йилнинг энг муҳим воқеаси бўлмиш ва ҳар йили мартнинг дастлабки кунларида ўтказиладиган Умумхитой халқ вакиллари мажлиси ва Хитойнинг халқ билан сиёсий маслаҳат кенгаши йиғинлари барибир номаълум муддатга кўчирилди.
Хитой Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун энг йирик савдо шериги ҳисобланади ҳамда Осмоности юртининг Марказий Осиё мамлакатларига экпортига озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, оралиқ фойдаланиш товарларигача киради. Антон Бугаенко таъкидлаётганидай, Қозоғистоннинг озиқ-овқат бозори бир қанча соҳалар бўйича Хитойдан етказиб бериладиган товарларга қаттиқ боғланиб қолган. Хусусан, (ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан савдо-сотиқни ҳисобга олмаганда) импорт қилинаётган помидорларнинг 44 фоизи (15,5 миллион АҚШ доллари), дуккакли маҳсулотларнинг 80 фоизи (160 минг доллар), сабзавотларнинг 50 фоизи (16,5 миллион доллар), ёнғоқларнинг 39 фоизи (11 миллион доллар), цитрус меваларининг 56 фоизи (15,8 миллион доллар), шафтоли ва ўрикнинг 23 фоизи (22 миллион доллар) ва гулларнинг 60 фоизи (200 минг доллар) Хитой ҳиссасига тўғри келади.
Бугаенко қайд этишича, Хитойда 2020 йил январидаги истеъмол инфляцияси ҳар қандай кутилмадан ошиб кетди ва йиллик ҳисоб бўйича 5,4 фоиз бўлди. Ваҳоланки, 2019 йил декабрида бу кўрсаткич 4,5 фоиз бўлган эди. Хитой бозорида товарларнинг қимматлашуви озиқ-овқат инфляциясини, айниқса, товарлар танқис бўладиган қишқи ва кўкламги даврда ошириб юбориши мумкин. Буни Марказий Осиё аҳолиси учун яхши хабар деб бўлмайди, чунки девальвация – пул курси пасайишининг сўнгги раундидан бери аҳолининг талаби заиф бўлиб қолмоқда ва даромадлари унча кўп ўсмади.
Хитойнинг минтақадан энергия ресурслари ва бошқа хом ашёни импорт қилиши билан боғлиқ вазият янада хавотирлидир. Мабодо Хитой ички бозоридаги талаб пасайиши билан боғлиқ тарзда ўша импорт пасаядиган бўлса, бу минтақага валюта оқиб келиши камайишига ва доллар нархи ошиб кетишига сабаб бўлади. Албатта, Хитой ва бошқа ривожланган мамлакатларда энергия ресурсларига бўлган талаб тушиб кетса (бунга фаоллик, юк ташиш, одамларнинг бир жойдан иккинчи жойга парвоз қилиши ва ҳк. бевосита таъсир кўрсатади), бу нефть нархи узоқ вақт пасайишига олиб келади. Шусиз ҳам нефть нархи жорий ҳафтада йиллик энг паст нуқтага етди, “Брент” навли нефтнинг бир баррели 51 долларга тушиб қолди. Бу молия бозорида бошқа нохуш ҳолатларни ҳам келтириб чиқарди. Қозоғистон билан Ўзбекистондан Хитойга табиий газ етказиб бериш 20 фоиз қисқарди. Ушбу қисқа муддатли тамойилни ўнгласа бўлади, аммо бундай қисқариш узоқ давом этадиган бўлса, фалокат муқаррар. Нефть нархларининг пасайиши Марказий Осиё мамлакатлари учун икки томонлама муаммо туғдиради, яъниким Қозоғистон ва Туркманистон сингари энергия ресурсларини экспорт қилувчи мамлакатларга бевосита, бошқа мамлакатлар – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга билвосита таъсир кўрсатади. Сабаби нефть нархлари пасайишидан зарар кўрадиган Россиядаги салбий таъсир ушбу мамлакатларга ҳам ўтади.
“Макон ва йўл” ташаббусини амалга ошириш сустлашиб қолади
Евроосиё марказида жойлашган Марказий Осиё мамлакатлари Хитой билан Европа ўртасида товарларни етказиб бериш бўйича логистика занжирининг муҳим бўғини эди. Коронавирус “Макон ва йўл” сингари инқилобий ташаббусни (Belt and Road, BRI) амалга оширишга таҳдид соладими?
Бундай хавотирларга асос бор: бугун Хитойнинг ўзида аксарият йирик саноат корхоналари тўлиқ қувват билан ишлаётгани йўқ, сайёҳлар оқими тўхтаб қолди, иқтисодиёт суръати сустлашмоқда. Бундай шароитда Хитойнинг “Макон ва йўл”дай глобал лойиҳаси фаол амалга оширилишини тасаввур қилиш қийин. Бироқ адолат юзасидан шуни ҳам қайд этиш зарурки, уни амалга ошириш бир қанча вақт олдин коронавирус билан боғлиқ тарзда эмас, аксинча, Хитойнинг ҳаддан ошиқ шиддатли саъй-ҳаракатлари боис айрим қийинчиликларга дуч келган эди.
Яқинда Қирғизистонда Хитойга қарши норозилик намойишларидан сўнг “Макон ва йўл” ташаббуси доирасидаги улкан лойиҳа барбод бўлди. Хусусан, Қирғизистон билан Хитой чегарасидаги “Ат-Баши” эркин савдо зонасини ташкил этиш лойиҳаси ёпилди. У Норин вилоятида чегара оша савдо-сотиқ қилиш ҳамда мамлакатлар ўртасида товарлар эркин ҳаракат қиладиган ҳаётий жиҳатдан муҳим йўлак бўлиши керак эди. Бироқ Хитойга қарши кўп минг кишилик митинглардан сўнг томонлар келишувларни бекор этишга мажбур бўлди, Қирғизистон ҳукумати эса инвесторга 45 миллион сомлик маблағни қайтариши керак. Ушбу ҳолат Марказий Осиё мамлакатларида Хитой билан боғлиқ қўрқув юқорилигича қолаётганидан далолат беради.
Хитойнинг “Макон ва йўл” ташаббуси бўйича минтақадаги энг муҳим шериги Қозоғистон муқобил ривожланиш йўлларини ахтариб топиши керак бўлади. Қозоғистон иқтисодиётини рағбатлантиришга қаратилган кўплаб ҳукумат дастурлари мамлакатнинг транзит салоҳиятини ишга солиш умиди билан боғлиқ. Қозоғистоннинг Хитой билан чегарадош Алмати ва Шарқий Қозоғистон вилоятлари аҳолиси тобора савдо-сотиқ, логистика соҳаларида ва Хитой сармояси иштирокидаги ишлаб чиқаришда машғул бўлиб бормоқда. Хитойдан “Макон ва йўл” ташаббуси доирасида 51 та корхонани кўчириш бўйича кенг қамровли инвестиция дастури амалга оширилмоқда. Унда Хитойдан ускуналар, ҳатто ходимларни олиб кириш кўзда тутилган. Қозоғистон ҳокимият идоралари хабар қилишича, Атирау вилоятида полипропилен ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётир, унга Хитойнинг 400 нафар ватандоши жалб этилган, шулардан 161 Хитой ватандоши сўнгги ҳафтада мамлакатга кира олмади. Бундан ташқари, умуман олганда, нефть ва газ компанияларида Чин юртининг 800 нафар ватандоши ишлайди, шуларнинг ҳам 350 нафари коронавирус сабаб Қозоғистонга кира олмаяпти. Хитойнинг банк соҳасидаги муаммоларни ва “ёмон қарзлар” ҳажмини ҳисобга олиб, ушбу мамлакатдан айни инвестиция лойиҳаларига сармоя оқиб келиши пасайиши мумкин, чунки буҳрон чўзилиб кетадиган бўлса, банк соҳасидаги муаммолар фақат кўпайиши мумкин. Бунинг маъноси шуки, “Макон ва йўл” ташаббуси фаоллиги пасайиши аниқ: амалга ошириш босқичида бўлган лойиҳалар тўхтатиб турилади. Режалаштирилган лойиҳалар, жумладан, меморандумларни имзолаш босқичида бўлган лойиҳалар бекор қилинса ажаб эмас.
Шусиз ҳам бутун дунёдаги миллатчилик ва протекционизм – ички бозорни ҳимоя қилиш кўпаяётганидан зарар кўраётган глобаллашувни коронавирус тўхтатиб қўядими, йўқми, бундан қатъи назар, Марказий Осиё мамлакатлари глобаллашувга муқобил ривожланиш йўллари ҳақида бош қотириши, яъни минтақанинг ўзига кўпроқ эътибор қаратиши, Хитойга бир томонлама қарамликни ва энергетика бозорлари ҳолатига қарамликни аста-секин камайтириб, ташқи иқтисодий алоқаларни ранг-баранглаштириши лозим бўлади. Бошқа тарафдан олиб қараганда, океандан узилиб қолган минтақа учун муқобил йўллар унчалик кўп эмас. Хитойдаги вирус билан боғлиқ вазият беқарорлиги йил давомида сақланиб қоладиган бўлса, минтақавий ва Евроосиё савдо-сотиғи имкониятларини қайта кўриб чиқиш зарур бўлади. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари савдо-сотиғини ва инвестициялар жалб этишни, бир оз бўлса-да, Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатлари томон қайта йўналтириш тақозо этилади.