Муаллиф: Гули Йўлдошева – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази илмий ходими; сиёсий фанлар доктори; халқаро муносабатлар бўйича профессор-ўқитувчи. Гули Японияда (1998 йили), IREX стипендияси доирасида 1998 – 1999 йилларда, Фулбрайт стипендияси доирасида эса 2001 – 2002 йилларда АҚШда малака оширган. 2009 – 2010 йилларда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг сиёсий масалалар бўйича эксперти бўлган.
Эронда бензин нархи кўтарилиши билан боғлиқ ноябрда рўй берган норозилик намойишлари, жорий йил 3 январида Ислом инқилоби соқчилари корпусига қарашли “Қудс” қўшини қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ва янги йил бошида рўй берган бошқа воқеалар ушбу мамлакатга оид мунозаралар чоғида жамоатчилик эҳтиросларини жунбушга келтирмоқда. Берилаётган баҳолар аксарият ҳолларда танқидий кўринишга эга. Эрондаги ички сиёсий вазият оғир экани ҳисобга олинса, танқид кутилмаган натижа эмаслигини тушунса бўлади. Бироқ ўтган йил октябридан декабрига қадар уч ой Эронда бўлганим ҳаммаси бир қарашдагидай аниқ ва оддий эмаслиги ҳақида фикр юритишим имконини беради. Шу сабаб шахсий кузатишларим, қурган суҳбатларим ҳамда турли илмий ва ахборот-таҳлилий мақолаларни ўрганганим учун айрим фикрларимни баён қилишни лозим топдим.
Иқтисодий вазият
Дарҳақиқат, Эрондаги мураккаб иқтисодий вазият, аниқ иқтисодий стратегиянинг йўқлиги, коррупция ва мавжуд иқтисодий муаммолар чала, қисман ҳал этилаётгани маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган энг асосий омиллардан биридир. Айни ҳолат ноябрдаги “бензин” қўзғолонига ҳам сабаб бўлди.
Дарҳақиқат, Эрондаги мураккаб иқтисодий вазият, аниқ иқтисодий стратегиянинг йўқлиги, коррупция ва мавжуд иқтисодий муаммолар чала, қисман ҳал этилаётгани маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган энг асосий омиллардан биридир. Айни ҳолат ноябрдаги “бензин” қўзғолонига ҳам сабаб бўлди.
Хусусан, 21 ноябрда ниҳоясига етган 12 ойда истеъмол баҳолари индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,1 фоиз ошди. Шу тариқа, йиллик инфляция – пулнинг қадрсизланиш суръати 2019 йил 22 ноябрига келиб, 42 фоизга етди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Эрон иқтисодиёти 2019 – 2020 йилларда нефть ва газ соҳасига берилаётган иқтисодий зарбалар сабаб 8,7 фоиз қисқаради. Иқтисодий кўрсаткичларнинг кутилаётган пасайиши мамлакат иқтисодиёти 2019 – 2020 йиллар охирига бориб, икки йил олдинги ўлчамига нисбатан 90 фоизгача камаяди.
Брункс университети расмий маълумотларга таяниб баҳо беришича, Эроннинг 12 миллион аҳолиси мутлақ қашшоқлик чизиғи ортида, 25 – 30 миллион киши эса қашшоқлик чизиғи ортида кун кечирмоқда. Ҳар уч эронликнинг бири – ишсиз. 2021 йилда ишсизлик суръати энг некбин сценарий бўйича 16 фоиз, ноқулай шароитларда эса 26 фоиз бўлади.
Ҳасан Руҳоний маъмурияти жорий буҳрондан ҳокимият юритишнинг иккита воситаси: “санкциялар сиёсатига максимал даражада қаршилик кўрсатиш”, яъни маҳаллий иқтисодиётнинг ўзини ўзи таъминлай олишига таяниш ҳамда Форс кўрфази (БАА, Ўмон, Қатар), Ҳиндистон, Осиё – Тинч океани минтақаси, Россия Федерацияси бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ), Марказий Осиё, Туркия ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликка асосланган минтақавий ҳамкорлик орқали чиқишга интилмоқда.
Ҳукумат “қаршилик кўрсатиш” стратегияси доирасида иқтисодиётнинг энг ҳимоясиз соҳаларига жиддий эътибор қаратмоқда. Бу мамлакатда жиддий ички ислоҳотлар ўтказишни талаб қилаётган президент Ҳ. Руҳоний бошчилигидаги кучларнинг аниқ босими остида рўй бермоқда. Айни чоқда ушбу чораларни мамлакатнинг диний раҳнамолари ҳам қўллаб-қувватламоқда. Улар, бир тарафдан, ички барқарорликни сақлаб қолиш учун бундай ислоҳотлар зарур эканини тушунади, бошқа тарафдан, ислоҳот тарафдори бўлган фарзанд ва набиралари ҳам уларга босим ўтказаётган кўринади. Шу сабабли Эрон ҳукумати неолиберализм ғояларини танқид қилаётганига қарамай, амалда универсал неолиберал чораларни қўллашга, янги технологиялар ва иқтисодиёт фани ютуқларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Шошилинч чоралар кўришни талаб этаётган муаммолар сирасига транспорт соҳасини, банк ишини, давлат бюджети тақсимотини, аҳолининг ҳимоясиз қатламларига молиявий кўмак кўрсатишни, давлат компанияларини унинг тасарруфидан чиқаришни, электр таъминотини яхшилаш, янги иш жойлари яратиш ва саноатни маҳаллийлаштириш киради. Кўрилган чоралар ва ўз ресурсларидан фойдаланиш натижасида мамлакат иқтисодиёти кўп жиҳатдан ўзини ўзи таъминлайдиган ва маълум маънода самарали бошқариладиган бўлди.
Ҳукуматнинг иқтисодий стратегияси йўқлиги ҳукуматнинг ўзига қарашли ва бошқа таҳлилий тузилмаларда очиқ муҳокама қилинмоқда. Шу тариқа мамлакат парламенти – Мажлис экспертлари ҳукумат кўраётган майда чоралар йирик ўзгаришларсиз фақат “бозорнинг тартибга солиш ёндашуви”га асосланган ҳолда хусусий ва вақтинчалик аҳамият касб этаётганини таъкидламоқда. Бундай чоралар узоқ истиқболда самара бериши даргумон. Бошқа юқори лавозимли амалдорлар коррупция ортиб бораётганини, ҳукумат иқтисодиётга аралашаётганини, бошқарув ёмонлигини, мамлакат иқтисодий тизимига путур етказаётган, автомобиль саноатида бошбошдоқликни вужудга келтираётган бир-бирига зид кўрсатмалар ва фармойишлар кўп эканини айтмоқда. Оқибатда Эроннинг “Худрў” ва “САЙПА” автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялари юз миллионлаб доллар зарар кўрмоқда (2019 йилнинг март – сентбярь ойларида ҳар бири 416,6 миллион доллардан ошиқ пул йўқотди).
Бошқа тарафдан, ислом режими сиёсатининг Эрон ахборот ва коммуникация технологиялари ривожланаётгани, 15 та мамлакат, жумладан, Хитойга қилинаётган маҳаллий маҳсулотлар экспорти ортаётгани сингари ютуқлари ҳам мавжуд. Айрим йўл қўйилаётган хатоларга қарамай, божхона сиёсати ҳам такомиллаштирилмоқда. Давлатнинг янги бюджетида аҳолининг ҳимоясиз қатламларига ёрдам кўрсатиш ҳам биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланган.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат энергетика соҳасида, барча мураккабликларга қарамай, қувурлардан тортиб, босим станциялари, нефть маҳсулотларини сақлаш резервуарларию инфратузилма лойиҳаларигача бўлган барча газ лойиҳаларини битказиш салоҳиятига эга. 2019 йил мартидан ноябрига қадар ўтган 8 ой мобайнида мамлакатда 18 та босим станцияси қурилди, 400 километрлик газ қувурлари ётқизилди, молия йили охирига қадар 177 км.дан ортиқ қувур ётқизилиши кўзда тутилмоқда (молия йили мартдан бошланади). Шуниси аҳамиятлики, пировард маҳсулот 100 фоиз мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган. Жанубий Парс газ конига 72 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя ётқизилди, ушбу кўрсаткич 87 миллиард АҚШ доллари қадар кўтарилиши тахмин қилинмоқда.
Эроннинг Форс кўрфазидаги кемалар қатнови барқарорлигини таъминлай олишига оид шубҳаларни унга етарли даражада дўст бўлмаган араб мамлакати вакили – Бирлашган Араб Амирликлари энергетика вазири Суҳайл ал-Мазруий йўқотишга интилмоқда. У ҳатто Ироқда сўнгги пайтларда рўй берган воқеалардан кейин ҳам муҳим ҳаётий аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғози орқали нефть ташиш билан боғлиқ ҳеч қандай хатарни кўрмаётганини айтмоқда. ОПЕК бош котиби Муҳаммад Баркиндо фикрича, Ироқдаги нефть қазиб олиш ва қайта ишлаш иншоотлари бутун ва шикастланмаган, ишлаб чиқариш давом этмоқда. Жаноб С. Ал-Мазруи ҳам АҚШдаги сланец нефти ишлаб чиқариш барқарорлашишини ёки ҳатто 2021 йилда камайишини айтмоқда. Шу сабабли жорий йилда нефтга бўлган глобал талаб меъёрда бўлиши, 2020 йил, умуман олганда, нефть бозори учун “жуда яхши бўлиши” кутилмоқда.
Сиёсий вазият
Эрондаги ички сиёсат мураккаблигича қолмоқда, Украина йўловчи учоғи уриб туширилгандан сўнг давом этаётган норозилик намойишлари ҳам шундан далолат бериб турибди. Йиғилиб қолган ички муаммолар ва хатолар учун жуда қиммат товон тўлашга тўғри келмоқда – мамлакатда ҳукуматнинг нуқтаи назарига қарамай, ўзининг ҳақлиги учун курашаётган кучлар бор. Мамлакатда тинч намойишлар ва сиёсий мухолифатга расман рухсат берилган бўлса-да, радикалроқ позицияда турувчи мухолифат, асосан, чет элда фаолият юритяпти. Теҳрон расман тан олган мухолифат кучлари ҳаммага маълум “консерваторлар” ва “ислоҳотчилар”дир.
Ички сиёсий кураш, асосан, иқтисодий ва этно-миллий талаблар, ҳокимият хатти-ҳаракатларидаги турли-туман талабчанликни камайтириш ва енгиллатиш атрофида бўлади. Шу маънода Ҳасан Руҳоний маъмуриятининг ислоҳотларга мойил сиёсати аҳолининг муайян қўллаб-қувватлашига сабаб бўлмоқда. Яқин-яқинларгача Эроннинг халқаро ҳамжамиятда миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган ташқи сиёсат стратегияси ва мамлакатнинг тинч атом дастурини ишлаб чиқиш ҳуқуқи, минтақадаги ҳамкорликни фаоллаштираётгани кўпчиликка маъқул бўлаётган эди. Сўнгги кунларда рўй берган воқеалар амалдаги президентнинг обрўсини тушириб юборган кўринади. Халқ ҳокимиятнинг узоқ йиллардан бери бериб келаётган ваъдасидан чарчаганга ўхшайди, шу сабабли рўй бераётган воқеаларда ташқи душманларнинг қўли борлиги ҳақидаги гапларга ишонмаяпти. Чунки ҳукумат йўл қўйган хатолар ҳаммага беш қўлдай равшан. Ички ислоҳотлар борасида кўп чала ишлар бор, бу, биринчи навбатда, ижтимоий-сиёсий ва этно-миллий ўзгаришларга тегишли.
Шу билан бирга, учта ўта муҳим омил ҳукуматнинг асосий таянчи бўлиб қолмоқда.
Биринчидан, бу мамлакат аҳолиси асосий қисми ўзига хослиги моҳиятини ташкил этувчи исломнинг шиа тармоғи, форс маданияти, маҳаллий урф-одатлар ва тартибларнинг меъёр, анъана ва қадриятлар жамланмасидир, уларга риоя қилмаслик диний ҳокимиятни дунёвийсига ўзгартириши мумкин. Бу эса ушбу анъанавий маданиятни ўсиб келаётган авлоднинг тобора кучайиб бораётган ғарблашув билан алмашишига ва мамлакатнинг ўзига хослигини йўқолишига сабаб бўлиши тахмин қилинмоқда. Гарчи Эрон ёшларининг маълум даражада ғарблашуви фақат ҳаёт тарзи, кийим-кечак ва дам олиш борасида кўпроқ эркинликларга эришишга қаратилган бўлса-да, форс маданияти ва динга қарши чиқишни кўзламайди. Нисбатан консерватив бўлган катта авлод билан ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида зиддият борлиги аниқ, лекин бу келишиб бўлмайдиган зиддият кўринишига эга эмас.
Иккинчидан, йирик маош ва ҳукуматдан турли имтиёз олувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар (ИИСК ва бошқалар) ҳамда илмий доиралар (зарур кадрларни тайёрлаб берувчилар ва концептуал мафкура базасини ишлаб чиқувчилар).
Учинчидан, чет эллардаги, айрим тафовутларга қарамай, шиалар Эронини қўллаб-қувватловчи турли жамғармалар ва ҳаракатлар тармоғи. Шу билан бирга, ушбу ҳаракатлар ичида мавжуд қарама-қаршиликлар сабабли улар ўз фаолиятини шиалар Эрони билан мувофиқлаштираётгани, модернизация даражаси, ҳудудий ва сиёсий жиҳатдан афзал кўрадиган жиҳатлари ҳақидаги гапларнинг аксарият қисми уйдирмадан бошқа нарса эмас. Бу томонларни базисга кўра жипслаштиришга хизмат қила олмайди.
Ироқ бош вазири вазифасини бажарувчи Одил Абдул Маҳдий АҚШнинг Ироқ ҳудудидаги хатти-ҳаракатларини қоралади, Эрон бўйлаб Америкага қарши ўтказилган кенг қамровли намойишлар Вашингтоннинг Эрон жамиятига ислом режимига қарши курашдаги “ёрдами” ватанпарварлик кайфиятидаги жамиятни миллий ва диний мафкура қадриятлари асосида ҳукумат атрофида бирлаштирганини тасдиқлайди.
Минтақадаги барқарорлик
Минтақа ҳақида гап кетганда, шуни қайд этиш жоизки, рўй бераётган воқеаларга вазмин муносабат (Саудия Арабистони ва бошқалар), айрим ҳолларда Теҳроннинг тўғридан-тўғри қўллаб-қувватланиши (Ироқ, БАА) Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсири, ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий кучи ҳамда минтақадаги маданий ва диний алоқалари сақланиб қолаётганидан далолат беради. Ҳеч ким, ҳатто саудияликлар ҳам, чегараси ҳамда нефть ва газ конлари яқинида вазият кескинлашувидан манфаатдлор эмаслиги аниқ. Айниқса, минтақадаги оғир вазият сабаб ислом уммасининг умумийлик омили ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, АҚШнинг 2005 йилда ўтказилиши тахмин қилинган ҳарбий амалиятлари арафасида Саудия Арабистони Ислом конференцияси ташкилотига аъзо мамлакатларга ислом дунёсида бўлиниш ва зиддиятларнинг олдини олиш мақсадида мурожаат билан чиққан эди. Албатта, айни дамда шиалар билан суннийлар ўртасидаги танглик бартараф қилингани ҳақида гапиришнинг мавриди эмас, лекин суннийлар билан шиалар ўртасидаги зиддиятлар янада кескинлашувини кутиш ҳам бефойда.
Айни ҳолатда Эрон “Ғарб ҳам эмас, Шарқ ҳам эмас” қабилидаги баёнотларга қарама-қарши ўлароқ, дунёнинг исталган бурчагида, жумладан, Африка жанубида ҳам шериклар топишга интилмоқда. Теҳроннинг ташқи сиёсат устворликлари ҳақида унинг қайси мамлакатларга савдо бўйича атташеларини жўнатаётганига қараб хулоса қилиш мумкин. Шу чоқда Эроннинг атташелари бешта мамлакат: Туркия, Арманистон, Афғонистон, Покистон ва Ироқда (икки нафар) фаолият кўрсатмоқда. Аста-секин улар сонини 10 кишига етказиши режалаштирилмоқда. Илк босқичдаги устувор мамлакатлар қаторига Россия, Ҳиндистон, Хитой, Озарбайжон, Ироқ Курдистони ва Ўмон киради. Иккинчи босқичда савдо атташеларини Қозоғистон ва Туркманистонга юбориш мўлжалланмоқда. Ўзбекистон билан муносабатлардаги мавҳумликлар Теҳронга ушбу мамлакатни бу рўйхатга қўшиш имконини бермаётган кўринади. Албатта, ушбу режалар айни пайтдаги Америка билан Ироқ ўртасидаги можаро сабаб узоқроққа чўзилиб кетиши мумкин, чунки у билвосита Эроннинг давлат бюджети ва минатақадаги ҳамкорлик даражасига боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, устуворликлар белгилаб олинган. Қолгани вақт, ўзаро манфаатлар ва ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга боғлиқ.
Шу билан бирга Эрондаги мураккаб ва оқибати номаълум иқтисодий ва сиёсий вазиятни, Европа компаниялари ва банклари учун мавжуд хатарни ҳисобга олган тақдирда ҳам ушбу мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан музокаралари тинмаяпти. Хусусан, Германиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэл Франция президенти Эммануэл Макроннинг Европа Иттифоқининг миллий захира банклари ва Европа Марказий банкининг кўпмиллиард евролик кредитларини бериш тўғрисидаги ташаббусини яна муҳокама қилишни таклиф этмоқда. Ушбу чора Эрон атрофидаги таранг вазиятни юмшатиш тадбирларининг бир қисми бўлади, еврони ҳимоя қилиш ва Эрон ишончини қозонишга ёрдам беради. Таниқли бир экспертнинг фикрича, Европа ҳукуматлари АҚШнинг амалдаги президенти билан ЕИнинг сиёсий зиддияти ортидан сиёсий таваккалчиликка бориши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Назаримда, бундай фикрлаш Европанинг сўнгги бир неча ўн йиллик мобайнида Эронга нисбатан юритиб келган сиёсати мантиғининг давомидир. Улар ушбу сиёсатдан ўз иқтисодий манфаатларига хилоф равишда воз кечмаслиги табиий.
Ҳозирча Эрон Ислом Республикасининг иқтисодий, шунингдек, сиёсий вазиятни назорат қилиш ва воқеаларнинг номақбул ривожланишига йўл бермаслик учун етарли ресурс ва имкониятлари бор. Айни чоқда кўп нарса минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш суръатлари ҳамда қўшни мамлакатларнинг ушбу масалада Эронни қўллаб-қувватлашга нечоғли тайёр эканига боғлиқ. Бу бутун Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё (ЯШМЖО) минтақасининг нисбий барқарорлигини таъминлаши мумкин.
Ташқаридан ҳар қандай аралашув Эронда жадаллашаётган ижобий жараёнларни сусайтиради ҳамда ислом дунёсидаги салбий тамойилларни чуқурлаштиради. Санкциялар сиёсати давом эттирилиши Эрон, қолаверса, ЯШМЖОдаги ижтимоий-иқтисодий, бинобарин, сиёсий беқарорлик сақланиб қолишига сабаб бўлади. Бу эса Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларнинг минтақавий сиёсатини амалга оширишда қийинчиликлар туғдиради. Эрондаги мўътадил исломнинг очиқлиги ва мустаҳкамланиши Марказий Осиё минтақаси учун транспорт ва савдо-сотиқни рағбатлантиришда фойдалидир. Бу минтақани Форс кўрфази орқали жаҳон бозорлари билан боғлайдиган ва узоқ кутилган Чобаҳор сингари транспорт лойиҳаларини амалга ошириш имкониятидир, қолаверса, барча алоқадор мамлакатлар учун энг қисқа ва ўзаро манфаатли йўл ҳамдир.
Сурат манбаси: Hamed Malekpour/Agence France-Presse — Getty Images