Сурат манбаси: brecorder.com
2020 йилда Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти таркибий ислоҳотларни амалга ошириш натижасида юқори суръатларда барқарор ўсиши кутилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида деярли энг юқори суръатларда – жорий йилда 5,7 фоиз ва 2021-2022 йилларда эса 6 фоизда ўсиши таҳмин қилинмоқда. Ушбу прогнозлар Жаҳон банкининг дунё мамлакатлари иқтисодиётининг ривожланиш истиқболларига бағишланган жорий йил январь ойидаги ҳисоботида келтирилган (“Global Economic Prospects: Slow Growth, Policy Challenges”, January 2020).
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, 2020 йилда глобал иқтисодиётнинг ўсиш даражаси бироз тезлашади ва 2,5 фоизга етади. Хусусан, ривожланган давлатлар гуруҳида ўсиш даражаси 1,4 фоизгача пасайиши ва ривожланаётган мамлакатларда эса 4,1 фоизгача кўтарилиши мумкин. Бироқ, бундай ўсиш даражаси барча ривожланаётган давлатлар учун ҳам ҳақли бўлмайди: уларнинг тахминан учдан бир қисмида, экспорт ва инвестиция кўрсаткичлари кутилгандан кўра паст бўлганлиги сабабли ўсиш суръатларининг пасайиши кутилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари бўйича прогноз
Жаҳон банкининг прогнозларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти таркибий ислоҳотларни амалга ошириш натижасида юқори суръатларда барқарор ўсиб боради. Мазкур банкнинг 2019 йил июнь ойида эълон қилинган прогнозлари билан таққослаганда, минтақа бўйича ўртача кўрсаткич ва шунингдек, минтақа мамлакатлари иқтисодиётининг ўсиши прогнози қайта кўриб чиқилган. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон бўйича бу кўрсаткичлар кўтарилган, Қирғизистон ва Тожикистон бўйича – пасайган.
Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг ўсиши барқарорлашиши кутилмоқда, аммо ушбу минтақа давлатларида сиёсий ноаниқликлар кам эмас. Шунингдек, минтақа мамлакатларининг йирик савдо ҳамкорларида ўсиш суръатлари паст ёки унинг пасайиши кутилмоқда. Хусусан, Хитой иқтисодиётининг ўсиш суръатлари тобора секинлашмоқда, Россияда эса паст даражада сақланиб турибди. Марказий Осиё давлатларининг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлмиш Туркияда эса аксинча, ўсиш суръатларининг тикланиши ва 2021 йилга бориб 4 фоизгача етиши кутилмоқда. Хитой, Россия ва Туркия Марказий Осиё минтақасидан ташқарида жойлашган давлатлар ўртасида Ўзбекистон товарларининг йирик “истеъмолчилари” саналади. Республика экспортининг умумий ҳажмида мазкур 3 та давлатнинг умумий улуши 36 фоиздан 46 фоизгача етади (охирги 3 йиллик статистик маълумотларга кўра).
Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётида ўсиш суръатлари бизнес муҳитини яхшилаш борасида таркибий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, давлат қарзларининг барқарорлигини таъминлаш ва рақобатни кучайтириш мақсадида давлат корхоналарини таркибий қайта қуриш каби омиллар билан боғлиқдир.
Марказий Осий давлатлари иқтисодиётининг ўсишида асосий хавфлар
Мазкур минтақа иқтисодиёти бўйича прогнозлар сезиларли даражада пасайиш хавфи остида қолмоқда, жумладан асосий савдо ҳамкорларда ўсиш суръатларининг секинлашиши, геосиёсий беқарорлик, иқтисодий сиёсатдаги ноаниқликлар, молиявий бозорларнинг тартибсиз ривожланиши ва узоқ муддатли истиқболда самарадорликнинг ўсиш суръатларини пасайиши бунга асосий сабаблардир. Евро ҳудуди иқтисодиётида кутилганидан кўра кескин пасайиш савдо ва молиявий алоқалар билан боғлиқ бўлган мамлакатлар иқтисодиётида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хитой иқтисодиёти ўсишининг секинлашиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига бевосита салбий таъсир кўрсатиши мумкин, жумладан ушбу мамлакатга экспорт ҳажмининг камайиши ёки экспорт қилинадиган товар ва хом-ашё нархларининг пасайиши орқали. Айниқса, Хитойга энергия манбалари экспорт қилувчи мамлакатлар учун бунинг таъсири кўпроқ бўлиши аниқ.
Россияга нисбатан қўшимча санкцияларнинг жорий қилиниши минтақа мамлакатлари иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, айниқса, ушбу давлатдан юбориладиган пул ўтказмаларига кўпроқ боғлиқ бўлган мамлакатларда. Шунингдек, Россия ва Қозоғистонда аҳоли даромадларининг пасайиши ҳам бошқа Марказий Осиё давлатларига юбориладиган пул ўтказмаларининг камайишига олиб келади.