Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг куни кеча эълон қилган маълумотларига кўра, 2019 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 5,5 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич Молия вазирлигини ўтган йилнинг 20 декабрида эълон қилган прогнозига мос келади. Республика иқтисодиётининг ўсиш даражаси Марказий Осиё ва бошқа ривожланаётган давлатлар ўртасида энг юқори бўлмасада, етарли даражада юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Мамлакат иқтисодиётининг 2019 йилда юқори суръатда ўсиши билан бирга, мазкур йилда Ўзбекистоннинг сўнгги 15 йиллик тарихида энг юқори инфляция даражаси қайд этилди. Бу борада собиқ иттифоқ давлатлари ўртасида ўзига хос “рекорд” ҳам ўрнатилди. БелаПАН (Белорусия) нашрининг ўтган йил сентябрь ойида эълон қилган ҳисоб-китобларига кўра, нарх-наволарнинг ўсиш суръати бўйича Ўзбекистон собиқ иттифоқ мамлакатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллаган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йилда нон, гўшт, тухум ва сут каби асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўртача 25 фоиздан 45 фоизгача ошган. Шунингдек, таълим соҳасидаги хизматлар нархининг ўсиши ҳам 20-22 фоизни, умумий истеъмол нархлари индекси эса 15,2 фоизни ташкил қилди.
Кейинги йилларда кузатилаётган нарх-навонинг юқори суръатларда ўсиши республика иқтисодиётида валюта сиёсатининг либераллаштирилиши, бир қатор ижтимой аҳамиятга эга товар ва хизматлар нархларининг эркинлаштирилиши ҳамда маҳаллий товарлар экспортини енгиллаштириш ва мавжуд чекловларни кескин камайтириш каби омиллар билан боғлиқдир. Шу боис, инфляция даражасини янада (бундан ҳам юқори даражага) кўтарилишини олдини олиш ва уни босқичма-босқич пасайишига эришиш мамлакат иқтисодий сиёсатида эришиш мумкин бўлган муҳим муваффақият саналади (албатта, ЯИМнинг жорий ўсиш суръатлари сақланган ҳолда).
Ўтган йилнинг 31 декабрида Давлат статистика қўмитаси 2019 йилда кузатилган инфляцияга оид ҳисоботни эълон қилди. Бунда келтирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, UzAnalytics сайти асосий истеъмол товар ва хизмат турлари бўйича 2017-2019 йилларда кузатилган тенденцияларни эътиборингизга ҳавола қилади.
Кўриниб турганидек, 2019 йилда умумий истеъмол нархлари индексининг ўсишида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг юқори даражада ошиши “катта рол” ўйнаган. Шунингдек, хизматлар гуруҳида нархлар ўсиш суръатининг юқори даражада сақланиб қолиши ҳам бунга ўз “ҳисса”си қўшган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида эса аксинча, ижобий тенденция кузатилмоқда, яъни ушбу гуруҳга оид товарлар нархларининг ўсиш суръати секинлашмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари
Охирги 2 йилда мазкур гуруҳда нон маҳсулотлари нарх ўсиш суръатлари бўйича ўзига хос “рекордчи” бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, мол гўшти, сут ва сарёғ нархларининг ўсиши ҳам юқори ва деярли барқарор суръатларда. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида ижобий тенденция ўсимлик ёғи нархларида кузатилади, ушбу товар нархининг ўсиш суръати секинлашмоқда.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари
Юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу маҳсулотлар нархларининг ўсиш суръатида ижобий тенденция кузатилмоқда. Айнан кийим-кечак, оёқ кийимлар, дори-дармонлар ва шахсий гигиена воситалари каби аҳолининг кундалик ҳаётида кўпроқ ишлатиладиган товарлар инфляцияси даражасида бу тенденция яққол акс этган. Фақат тамаки маҳсулотлари ва автомобиль учун ёқилғи бундан мустасно.
Хизматлар
Охирги 3 йилда деярли барча асосий турдаги пуллик хизматлар инфляцияси ошиб бормоқда. Ижобий тенденция, яъни нархлар ўсиш суръатининг секинлашиши алоқа хизматларида кузатилади.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
Сурат манбаси: tsargrad.tv, фото: Andrey_Popov/shutterstock.com
Инфографикада фойдаланилган манбалар: