Суратда: АҚШда “илғор ва чуқур ўрганиш” иқтисодий дастури учун танлаб олинган Католик университетининг чилилик талабалари, манба: EL PAIS
Муаллиф: Икромжон Тухтасунов, Нотр Дам университети магистри, “Буюк Келажак” экспертлар кенгаши аъзоси
Ривожланаётган давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам ривожланган давлатлар иқтисодий муваффақиятларидан турли хил хулосалар чиқариши мумкин. Тажрибадан ўтган, амалда ўз исботини топган иқтисодий қарорлар биз учун ўта қимматли дарслар ҳисобланади. Чунки бу дарслар шунчаки тарихдан эслатмалар эмас, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларга одамлар ўз ҳаётлари билан тўлашга мажбур бўлган ҳақларидур. Тарихдан тўғри хулоса чиқариш, ўрганиш, келажак учун ўта фойдали бўлади. 20-асрнинг иккинчи ярми тарихи бизга “Осиё йўлбарслари”нинг иқтисодий моделларини намуна сифатида кўрсатади. Макон ва замон омиллари бу моделларнинг бошқа давлатларда иш бериши эҳтимоллигини савол остига қўяди. Лекин иқтисод фани тавсия этадиган ва тажрибадан ўтқизган ислоҳотларни кўриш учун биз бошқа қитъага “саёҳат” қилишимиз керак. Бу иқтисодий ғоялар учун “лаборатория” вазифасини бажарган Жанубий Америкада жойлашган Чили давлати. Чили мисолида эркин савдога йўл очилса, ҳукумат харажатлари камайса ва хусусийлаштириш кенг амалга оширилса, товарлар нархлари либераллаштирилса ва бозорда рақобат кучайтирилса, умуман олганда, либерал иқтисодий сиёсат юритилса қандай натижага эришиш мумкинлиги тўғрисида хулоса олишга ҳаракат қиламиз.
Барчага сир эмаски, Ислом Каримов даврида иқтисодимиз дунё бозоридан амалда узилиб қолган эди. Валюта борасидаги муаммоларимиз, иқтисоддаги давлатнинг юқори улуши, ташқи дунё билан савдодаги протекционизм ҳамда ички сиёсатдаги тўсиқлар, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимидаги камчиликар иқтисодиётимизнинг мавжуд имкониятларини анча камайтирди. Оддий сўзлар билан айтганда, Ўзбекистон мавжуд ҳолатидан кўра яхшироқ-даромадлироқ иқтисодиётга эришиши мумкин эди. Буларнинг бари нотўғри иқтисодий сиёсатнинг оқибатлари. Шунга қарамасдан, ҳозирги кунда ҳам бу хатолардан тўғри хулоса чиқармагандек, юртимизда протекционизм масаласи якунланмаган баҳсдек кўриняпти. Ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилиб олиб, божлар кўтарилмоқда. Ушбу баҳсларда эркин савдо ва бозор иқтисодиётининг афзалликлари ҳамда устунликлари назарий тушунчалардек қолиб кетяпти, гарчи ривожланган давлатлар тажрибаси рад этиб бўлмас амалий мисолларни тақдим этса-да. Бундай баҳсларда Чили давлатини кейс қилиб ўрганишнинг бир нечта сабаблари бор: Социализм ва протекционизм йўлидан бораётган, иқтисодиётни тўла миллийлаштираётган давлатнинг инқирозга юз тутгани, бозор иқтисодиётининг фундаментал назариясини тўлалигича амалиётда синаб кўриши ва 30-40 йиллик узоқ даврдан сўнг қандай ютуқ ва камчиликларга олиб келганини ўрганиш. Ўзбекистон ҳам Чили амалиётига қараб, иқтисодиётини ривожлантириш йўлида қандай ёндашув танлаши зарурлиги борасида хулосалар чиқариши мумкин.
Чили ҳозирги кунда иқтисодиётининг эркинлиги бўйича Америка қитъасида АҚШ ва Канададан кейин учинчи ўринда туради. Иқтисодий кўрсаткичлар бўйича Лотин Америкасида энг юқори ўринни эгаллайди. Демократия, эркин савдо ва халқаро ҳамкорликни бош мақсад қилган юқори иқтисодий кўрсаткичларга эга давлатларни бирлаштирувчи Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо бўлган биринчи Жанубий Америка давлати (2010-йил). Минтақадаги бизнес қилиш жуда осон бўлган ва коррупция даражаси энг паст бўлган давлат. Шахсий мулк даҳлсизлиги таъминланган ва судлар эркин. Хўш, бу ҳолатга қандай эришилган?
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Чили демократик давлат ҳисобланган. 1970-йилда ҳукумат тепасига популистик-социалист Сальвадор Альенде иқтисодиётни миллийлаштириш ғояси билан келади. У мажоритар овозга эга бўлмасада, бошқа номзодлардан кўпроқ овоз тўплагани учун ғолиб деб топилади ҳамда социалист сиёсатни олиб боришни бошлайди. Ундан аввал бошланган аграр ислоҳотлар яна ўзгаради ва ерлар қайта тақсимланади. Ерлар ҳукумат бошқариладиган жамоавий корпорацияларга – campesinos қўлига ўтади. Энг катта миллий бойлик ҳисобланган мис саноати миллийлаштирилади. Мамлакатдаги саноатнинг 50 фоиздан ортиғи ва умумий ишлаб чиқаришнинг 80 фоизи давлат бошқарувига ўтди. Нархлар давлат ташкилоти томонидан белгилана бошланди ва давлатга қарашли корхоналар нархларни белгилашда ва кредит олишда устунликка эга бўлишди. Ҳукумат бошқарувни тўла қўлига ола бошлади ҳамда бир-бирини назорат қилувчи бошқарув институтлари аста-секин емирила бошлади, асосан қонунчиликдаги жуда кўп камчиликлар ва етишмовчиликлар туфайли. Хусусий мулк даҳлисизлиги атрофида жуда катта ноаниқлик вужудга келди ва бу хусусий инвестицияларни камайтириб юборди.
Бу ғояларнинг асосида қисқа вақтга мўлжалланган макроиқтисодий сиёсат ётади. Давлатнинг тўла бошқаруви асосида инфляция, ишсизлик ва иқтисодий ўсишни қисқа муддатли макроиқтисодий қарорлар асосида назорат қилишни кўзлаган. Аввалги ҳукумат даврида юқори даражадаги инфляцияни йўқ қилиш Альенде ҳукумати бош мақсадига айланди. Номинал ойликлар кўтарилди ҳамда бозордаги нархлар қаттиқ назорат қилинди (реал даромадларни кўтариш мақсадида). Фойда камаяди, лекин бозордаги фойдаланилмаётган имкониятлардан фойдаланишга тўғри келади ва нархлар ўзгармаган ҳолатда ҳам олдинги даражада фойда кўрилади деб ҳисоблашади. Ҳукумат харажатлари иқтисодиётни барқарорлаштириш учун оширилди. Маҳаллий ишлаб чиқаришга ташқи босимни камайтириш учун валюта курси ўзгармас ҳолда белгиланган. Бу барча қарорлар жуда қисқа вақт ичида инфляцияни йўқ қилишга олиб келади деб ўйлашади. Бир йил ичида ЯИМ 3.6% ўсишдан 8%га ошади, инфляция 36.1% дан 22.1%га камаяди. Ишсизлик 5.7% дан 3.8% га камаяди ҳамда аҳолининг ўртача реал даромадлари 1970-йилда 8.5% га ошган бўлса, 1971-йилда 22.3% га кўтарилади (рақамлар). Улар асосан иқтисодиётдаги талабни оширишга қаратилган сиёсат натижасида эришилади (ойликлар оширилиши ҳамда нархлар қаттиқ назорат қилиниши – энг асосий усуллар).
Афсуски, қисқа муддатли макроиқтисодий сиёсат муваффақияти узоққа бормайди. Ҳукумат ўзининг ғайри-инфляцион сиёсатини давом эттиради: нархларни ушлаб туриш ва аҳоли даромадларини кўтариш. Давлат харажатлари (бюджет дефицити) ошишда давом этади, нархларни ушлаб туриш қийинлаша бошлайди (қора бозорлар вужудга келади) ва ҳукумат резерви қисқара бошлайди. Харажатларни қоплаш учун эса ҳукумат кўпроқ пул босиб чиқара бошлайди. 1970-1973-йилларда иқтисодиётдаги пул миқдори 30 марта ошади. Бундай сиёсатнинг натижаси иқтисоддан унча хабари бўлмаган одамга ҳам маълум: инфляция (CPI) 1971-йилда 22.1% дан 1972-йилга келиб 260.5% ошади, 1973-йилда эса 605.1% га етади. Қора бозор авж олади ҳамда ЯИМ 1973-йилда -4.3% га қисқарди. Одамлар кундалик эҳтиёж товарлари учун соатлаб навбатда туришади ва машҳур cacerolazo – бўш қозонлар намойишлари оддий ҳолатга айланиб қолади.
1973-йилда ҳарбийлар исён кўтариб, ҳукумат тепасига келади ва Августо Пиночет давлат раҳбарига айланади. Айнан шу пайт “Чикаго йигитлари” (The Chicago Boys) катта саҳнага чиқади. 1950-йиллардан бошлаб, Чикаго Университети Чилидаги Католик университети билан ҳамкорликни йўлга қўяди ва Чилилик талабалар Чикаго Университетига ўқиш учун кета бошлашади. Улар Чикаго Университетида машҳур иқтисодчи Милтон Фридман қўл остида таҳсил олишади. Улар кейинчалик Чилига қайтиб, иқтисод факультетини ўқитувчилик ва турли соҳаларда иқтисодчи бўлиб хизмат қила бошлашади. Чили иқтисодиёти ботқоқга ботиб қолган 1973-йилда улар иқтисодиётни қутқариш ва ривожлантириш режасини тузишади ва бу ҳужжат ҳарбийларга етиб боради. Пиночет ҳукмронлигида “Чикаго йигитлари” энг юқори иқтисодий ва молиявий лавозимларни эгаллашади ҳамда иқтисодий сиёсатни юритишади. Пиночет ҳарбий диктатор сифатида эсланади. Мақоланинг асосий мақсади Чикаго йигитлари юритган иқтисодий ғояларни таҳлил қилиш бўлганлиги сабабли мақолада асосий урғуни шу ислоҳотларга қаратамиз.
Бу даврда дунёда иқтисодий қарашлар сиёсат даражасида турлича эди. Чилида марксизм (социализм) чуқур илдиз отган. Ҳукумат ўзгаргандан сўнг эса, иқтисодий қарорлар “Чикаго китоби” асосида амалга оширила бошланди: давлат харажатлари қисқартирилиши, корхоналар хусусийлаштирилиши, протекционизм йўқ қилиниши ва иқтисодиётни эркин савдо ва инвестицияларга тезкор тарзда очиш зарур эди. Ғоянинг асосий мағзида иқтисодиётнинг турли соҳаларида давлат аралашувини қисқартириш орқали ҳамда уни халқаро бозор рақобатига боғлаш орқали иқтисодий самарага эришиш эди. Нархларнинг эркинлаштириш биринчи қадам бўлди ва шундан сўнг божхона тарифлари камайтирилди. Вазият барибир ёмон ҳолатда эди ҳамда мис нархларининг пасайиши иқтисодиётни янада таназзулга юз тутқизаётганди. 1975-1976-йилларда Чикаго йигитлари макроиқтисодий шок қўллашди: ишсизлик, банкротлик ва давлат харажатларидаги ўта катта миқдордаги қисқартиришсиз барқарорликка эришиб бўлмаслиги белгиланди. Бу эса 2-3 йиллик иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқариши турган гап эди. Ишсизлик даражаси кўтарилди (16.9% 1975-йилда), лекин фискал дефицит 1973-йилда ЯИМнинг 25% ни ташкил этган бўлса, 1975-йилда 2.6% ни ташкил этди.
Божхона тарифлари кескин қисқартирилди, жуда кўп давлат корхоналари хусусийлаштирилди, капитал бозори шакллантирилди ва янги молиявий институтларга давлат маблағлари ўтказилди. 1979-йилга келиб номинал тарифлар 10% (дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири) этиб белгиланди. Инвестициялар оқимини ошириш учун деярли барча чекловлар олиб ташланди ва кунига 3 миллион доллар кириб кела бошлади. Лекин мис нархлари дунё бўйлаб пасая бошлади ва Чилидаги мавжуд инфлация ҳалиям юқори даражада эди, гарчи у 1973-йилдаги 508% дан 1980-йилда 31.2% га тушган бўлсада. 1978-йилдан бошлаб, валюта курси ғайри-инфляцияга қарши фойдалинила бошланди. Бу энг баҳсли иқтисодий қарор ҳисобланади. Чунки ўзгармайдиган валюта курси эмас, «сузувчи» валюта курсини давом эттириш иқтисодиётни эркинлаштириш тамойили ҳисобланган. Лекин Чилидаги иқтисодчилар бир АҚШ доллари 38 песо деб белгилашди, песо қиймати кўтарила бошлади ва ташқаридан товарлар оқиб кела бошлади, аммо бу охир-оқибат тўлов балансидаги инқирозга олиб келди. ЯИМ 14% га қисқарди ва кўп банклар ва корхоналар банкротга учради. Лекин инқироз фақат Чилида эмас, деярли бутун дунёда содир бўлаётган эди. Шу сабабдан 1982-йилги инқирозни Лотин Америкаси давлатларидаги умумий тренднинг бир қисми деган қарашлар ҳам мавжуд.
Инқироздан тўғри хулоса чиқариб, валюта курси қадрсизлантирилди. 1983-1985-йиллар оралиғида тарифлар вақтинчалик кўтарилди ва саноатда давлат аралашувни амалга оширди. Кейинчалик мис нархлари дунё бўйлаб икки баробар кўтарила бошлади. 1984-йилда ЯИМ ўсишни бошлади, ишсизлик даражаси пасая бошлади ҳамда 1991-йилда 5.3% га тушди. 1985-йилдан бошлаб иқтисодиётни эркинлаштириш ислоҳотлари давом эттирилди. Тарифлар дастлаб 20%га, кейинчалик эса 15% этиб белгиланди. Мис нархларининг кўтарилиши иқтисодиётдаги ўсишга ёрдам берган бўлсада, лекин узоқ йиллик барқарор истисодий ўсиш мис нархлари сабабли эмас, айнан бу соҳани либераллаштирилиши, самарасиз давлат корхоналарини ўрнига четдан инвестиция киритадиган хусусий корхоналарга йўл берилиши туфайли бўлган. Бундан ташқари, Чили экпортида миснинг улуши 80% дан 50% га тушгани ҳам бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг рақобатдошлиги кўтарилгани ва уларнинг экспортдаги улуши ошганидан далолат беради. 1988-йилда референдум ўтказилди ва Пиночет бунда ютқазди. 1989-йилда сайловлар ўтказилди ва 1990-йилда янги ҳукумат давлат тепасига келди. Янги ҳукумат ҳам эркин савдо ва очиқ иқтисодиёт сиёсатини давом эттирди, турли давлатлар билан эркин савдо битимларини тузди ҳамда тарифлар яна камайтирилди.
Чикаго моделининг амалдаги ютуқлари – юқори иқтисодий ривожланиш, инфляциянинг пасайиши, ноанъанавий маҳсулотлар экспортининг ошиши, катта миқдордаги валюта резервлари, давлат харажатларининг камайиши ҳамда барқарор молиявий баланс ҳисобланади. Бу модел танқидчилари эса ишсизликнинг юқори эканлиги ҳамда мамлакатдаги бойликни нотенг тақсимланишини, кам таъминланганлар қисми (1987-йилда 38.2%) асосий иқтисодий камчиликлар сифатида кўришади, лекин ҳозирда бу кўрсаткич 10% атрофида. Ҳозир Чилида бир нечта ҳафтадан бери юқори даражадаги ижтимоий-иқтисодий нотенгликка қарши намойишлар давом етмоқда. Нотенглик даражаси GINI индексига кўра 2017-йилда 46.6 (0-100 гача бўлган шкалада 0-мутлақ тенглик ва 100 мутлақ нотенглик). Бу кўрсаткич барқарор иқтисодий ўсишга эришаётган давлат учун юқори ҳисобланади. Нотенглик иқтисодий кўринишга эга бўлишига қарамасдан, у кўпроқ сиёсий, ижтимоий ва мафкуравий масала ҳисобланади. Чилидаги мавжуд нотенглик неолиберал иқтисодиёт оқибатими ёки йўқ, бу баҳсли масала. Сабаби юқорида келтириб ўтилган қашшоқлик даражасининг 3-4 баробар камайишида неолиберал иқтисодий сиёсат олиб келган барқарор иқтисодий ривожланишнинг улуши юқори. Шу сабабдан ушбу мақола доирасида Чилидаги нотенглик бўйича сўнгги қайъий фикр билдириш мушкул. Лекин бир нарса аниқ: иқстисодий ислоҳотлар, айниқса, фундаментал ўзгаришлар гарчи умумий олганда жамият фойдасига ишласада, баъзи бир одамларни эътиборсиз қолдиради ёки зарарига ишлайди. Ҳозирги кундаги Чилидаги намойишларнинг ҳам мақсади ҳам айнан шу унутиб қолдирилганларнинг қадри тинланишидир.
1991-йилдан бери Чилида 5 президент ҳукумат тепасига келди. Президентлар орасида социалист партия вакиллари ҳам бўлган. Ушбу президентлар идеологик вa ижтимоий сиёсат жиҳатдан бир-бирларидан фарқ қилишларига қарамасдан, Чикаго йигитлари амалга оширган фундаментал иқтисодий ислоҳотлар – эркин савдо ҳамда очиқ иқтисодиёт тамойиллари ҳали ҳам амалда. Демократик институтлар самарали фаолият кўрсатмоқда, судлар эркин ва хусусий мулк ҳимояланган. Сўнгги йилларда Чили давлати Лотин Aмерикасидаги энг тез ўсаётган иқтисодлардан бири ҳисобланади. Бир неча ўн йиллар олдин нисбатан анча бойроқ бўлган Аргентиналиклар ҳозирда Чилининг нафақат сўнгги йиллардаги футболдаги муваффақиятларига, балки юқори иқтисодий кўрсаткичларига ҳам ҳавас кўзи билан қарашлари бежиз эмас.